Темир қобиқ

0
756

луқма

Нодирабегим сайтининг кузатувчилари нега тор доирада? Нега юз минглаб кўнгилочар ва тайинсиз каналлар каби минглаб аудиторияга эга эмас? Сиз ҳам буни ҳис қиляпсизми? Ёки биз кўтараётган мавзулар, ёритаётган ғоялар эскирдими? Турли ракурслардан қараганда, дунёвий миқёсга кўтарилаётган бир пайтда, маҳаллий мухлисларимиз бизларни ташлаб қўйиши тўғри ишми? Биз қилаётган ишлар аввало яхшилик белгиси эмасмиди?

Шу каби саволлар пайдо бўлганда, жавобни узоқ жойлардан қидириш керак эмас. Мен ҳам бу саволлар устида бош қотирдим. Эртаю кеч. Ўзимни  катта проектнинг кичик бир бўлаги ҳис қилганим учунми, ёки? Билмадим…

Одамларга тобора мураккаб туюлаётган нарсалар ўз ечимини қидириб топишдек зерикарли юкламани тортиқ этади. Бизнинг вазифамиз эса ўқувчиларга ана шундай ёндашувлардаги нозик тенгламани тузиб беришдир. Китобхон ёки муштарийларни ҳеч қачон шошириб бўлмайди. Уларга берилаётган маънавий озуқа тўлиқ сингиши лозим. Чунончи бир нечта таржимон, носир ва публицист дўстларимиз эртани-эрта, кечни-кеч демай чин маънода сўз олдида аёвсиз ҳисоб топширишади. Натижани эса четлаб ўтиб кетишдек оғриқли масалалар пароканда қилади.

Бу оғриқ, бу фожеа биргина бизнинг юртимиздагина эмас. Ташвиш тортманг. Гаджетлар ҳукмронлик қилаётган бу заминда Адабиёт аллақачонлар эскилик сарқитига айланиб улгурган. Одамларнинг ҳотираси эса тобора телефон хотирасидан ҳам кичиклашиб бораяпти. Инсон  «бир кун» қабилидаги шиор остида яшайдиган бўлиб қолгани ҳам айни ҳақиқат. Алфоз-алфоз носталгия қистайдиганлар учун, ўн йилларда бир кўриниш берган катта Роман мактаби заминнинг қайсидир бурчидан бўй берсагина, одамлар Адабиётни эслаб қўяди. Лекин уни ҳам юз йил аввал яшаб ўтган қайсидир гегемонга қиёслаб кўп кўрамиз.

Ирония деб шуни айтишса керак.

Албатта, сайтимиз ҳали дидсизлик деган тушунчани йўққа чиқариб, умумбашарий ғояларни илгари суришда юксак натижаларга эришганича йўқ. Лекин ушбу ютуққа қандай эришишни билгандай ўз йўлида давом этмоқда. Ижодий жамоа ва уларнинг орасидаги ҳолислик барча ҳаракатларга тўғри ифода беришдаги катта урғудир. Асосийси абсурд ғоялардан воз кечишни, одамларнинг иғвосидан қўрқишни йиғиштириш десам муболаға бўлмайди. Бизнинг ташкилотчилик ва тарғиботчилик авж олган муҳитимизда Эрих Мария Ремаркнинг «Одамлар бор ерда табиат ҳам муҳитга айланади» деган гапларини илгари суриб бюрократия деган мансабпарастлик тушунчаларини очиқламоқчи бўлдим. Аксинча бўлса дунё тажрибасига қулоқ тутадиган бўлсак, қайси бир ривожланган давлатда аъзолик билети ва кўкрак нишонидек пуч ёлғонни учратиш мумкин ҳозир? Тўғри топдингиз, бу ёлғонларни ҳақиқат дейишга уяладиган бўлиб қолган бугунги кунда. Бироқ барака топсин, ўзбек халқи кечиришда давом этавераркан.

Истеҳзо деган тушунчани кўплар нималигини ҳам билмайди, ишонасизми бунга? Ахир бола бошдан қўлига китоб эмас, меҳнат қуроли ушлаб одат қилган. Катта бўлиб эса, эси бори қарсакбозликдан ҳазар қилган, ё мадҳ этишни уддалай билмаган. Ҳаётнинг баланд-пасти гўдакни ҳам мулоҳазали қилиб қўяркан. Бу деганим асло ота-она ёки ўқитувчини айблашдан эмас. Худога ҳамд бўлсинким, чивириқ аро китоб таниб улғайган авлод ҳам бор, албатта. Улар вақти келиб оқу-қорани ажрата биладиганлар, ўз исёнлари томон дадил қадам ташлайдиганлардир. Истеҳзо эса шу эдики — Халқ ёлғонни еб улғайди. Адабиёт дунё миқёсида авваламбор ёзиб келинаётган романлардан иборат. Ҳа, ҳа, нотўғри эшитмадингиз. Бизнинг романчилик мактабимизда эса Абдулла Қодирий деган ном бор, холос. Қолган исмларни дунё миқёсида деб айтишга уяламан тўғриси. Ялтоқланган шеърият авж олган муҳитдан бундан ортиғини кутиш ҳам бекорчилик аслида. Саккиз қатор шеърни ўқиб ҳайратланиб юрганлардан, шеърни насрдан устун қўяётганлардан, ҳикоя жўнатсанг узунакан дейдиганлардан нимани ҳам кутиш мумкин дейсиз? Масалан, ҳеч кимнинг ёрдамисиз, ёзганларини таржима қилдириб ғарб журналларида чиқаётган одамнинг ортидан, бир бурчакларда пост ёзиб калака қилишними? Ёки сайтига аҳмоқона шеърларини чиқармай қўйгани учун маҳаллийчиликда айблашними? Гуруҳбозлик қилиб «мен зўрман» қабилидаги гўдакларга хос инграшларними? Хуллас, бугунги адабий жараённи циркдаги велосипед миниб кетаётган айиққа ўхшатиш мумкин экан, мундоқ ўйлаб қаралса.

Нодирабегим.уз сайти деганда — фақат бир одамни тушунманглар. Ушбу сайтнинг ўз ижодий жамоаси шаклланиб боришда давом этаяпти ҳали ҳам. Жамоа билан бирга босиб ўтган йўлдаги кичик ролимни тугатиш ниятида эмасман ҳали-бери. Чунки бу жамоа ўзининг ҳақиқати билан менинг содиқлигимга эришди. Чунки бу ерда ҳеч ким сенга мажбурият юкламайди. Ёзганинг ўртача бўлса, зўр демайди ва аксинча. Ҳеч ким кириб келсанг елкангдан итармайди.  Асосийси ана шу эмасми?

Шунинг билан яна бир гап, биз тарғиботчи эмасмиз. Тил ўрган, ўзинг тириш деб қулоқни юкини оғирлаштирмаймиз ҳам. Бор бўлса айтамиз, йўқ бўлса қайтамиз. Боримизга дунёнинг бугунги кунда яшаб ижод қилаётган ижодкорлари ҳақидаги эълонларимиз, таржималаримиз ҳали бошланиши эди, деб чекинаман.

Темир қобиқ, йўқ-йўқ маҳаллий ботқоқликни эса биз каби муштарийларимиз ҳам босиб, (бизни ҳолатимизда тўғрироғи) босиб нима қиласиз оёқ кийимингизни лой қилиб? Босмай ўтишингизни тилаган бўлардим.

Балки адашаётгандирман деган иккиланишлар менга бегона. Ўз фикримда тўлиқ, тўғри ва холис тураман. Ахир қачонгача пуч хаёлларга ишониб яшаш мумкин? Исён кўтариши керак эмасми, руҳ деган абстракт? Ёки бундан сўнг ҳам Қодирий бобом романчилигимизнинг энг чўққиси бўлиб қолаверадими, орадан аср ўтиб ҳам? Якунни чиройли ясаш учун боксчиларимиз эришган ютуқларни эслатмоқчиман. Боксда ҳақиқат бор ҳар қалай.

Освальд

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting