Тилланисо
Ёзувчи
Ёзувчи ҳеч қачон ухламас, унинг ташландиқ, зах хонасида чироқ доим ёниб турар, қаттиқ чарчоқ ва уйқусизликдан иситмаси кўтарилиб ётган, ўрнида кўзи илинса ҳам, кўп ўтмай, уйқусида илон чаққандай сапчиб турар, ухлаб қолган кезларидан кейин бошини чангаллаб танасини кўтаролмай ётар, бундай уйқудан ўлим афзаллигини надомат билан ўз ичида ўзига ҳайқирар, шу боис ҳаёт неъмати деб аталадиган барча нарсадан қаттиқ жирканарди. У одамларнинг уйқуга мубталолигига тоқат қилолмасди. Уйқудан эса ухлаш учун ўзингни яхши ҳис қилишдек ижирғантирадиган сабаб туфайли нафратланарди.
Ўзингни яхши ҳис қилмас экансан, босимдан қақшаган мия ухлашга изн бермайди, ўзингни ўн дақиқага яхши ҳис қилиш ҳам ҳаммасини унутишдай гап, мизғиш эса бу унутишни узайтирар, ногоҳонда ёзувчи пинакка кетиб, қайта уйғонса қиёматдан кейинги қайта туғилишни бошидан ўтказаётган қурбон каби жазавага тушар, шу паллаларда ўз онгига нисбатан шубҳа пайдо бўлар, онгини ўргатилган ҳайвон деб ҳис қилар, ҳар қандай чорак соатлик уйқудан кейин бу ҳайвонни ҳаммасини қайта бошлашга – ҳаётдан ўлимга яна такрор ўргатишга тўғри келарди.
У азобни тана ва қалб даражасида ҳис қилишга интилар, аммо шунча тажрибалар, ҳаёт нишони бўлмиш туйғулар нақадар қийноқ билан танасидан суғириб олинишига қарамасдан ҳали ўзи истаган даражага эришолмаганди. Онгини ҳаётдан ўлимга томон ҳаракатлантирар экан – унутишдан, уйқудан уйғонгандан кейинги паллаларга тўғри келарди бу – мияси кутилмаган тарзда унга аниқ фикрларни тақдим этар, ҳозиргина ўлимга маҳкум одам бирдан ўрнидан сапчиб турар, қалбига тушган ўт танасини ёндирар, шунда у мен ўз асарларимни ўлимнинг қўлидан вахшийларча тортиб – тимдалаб оламан, деган ўйларга бериларди.
Тишлаб-тимдалаб олишида чиндан жон бор, ўз-ўзини қийнашнинг биринчи босқичида бутун танасини вахший ҳайвон ғажиган каби тимдаланиб кетгунига қадар қўл, оёқлар болдири ва қорнининг энг гўштдор қисмларини узиб чайнагудек даражага келтирмагунича қийнаверар, оғриқ зўрайгани сари ғоялари ичида пишар, аммо бунда кўнглининг ҳали бир бурчагини ҳам тарк этмайдиган қониқмаслик ҳисси бор эди.
У тўғри илғади – у ҳали баррадек қийноқни ҳис қилиш, азобни муттассил бошдан кечириб яшашда етилмаган, ғояларининг ҳам алағда ва чаланжонлиги бу ҳолатни яққол исботларди. Хайриятки, шаталоқ отиш билан уйғонган ҳаёт нишоналари кўпга бормас, қоғоз олдига ўтираркан, ҳеч нима ёза олмас, мангу умидсизлик оғриғи қийноқларга қўшилар, қийноқ зўрайиши учун яна битта сабаб туғиларди.
Ёзувчи ўзининг шарпалиги ҳақида аниқ-таниқ шубҳага борар, бошқалар атрофдагилардан қадр тиланиб елиб-югураётган бир пайтда у ер юзида умид йўқлиги ҳақида қатъий қарорга келди. У умид йўқлигини ҳис этган дастлабки ва камдан-кам яратиқлардан, бундан фахрланиб қўймоқчи бўлганда дарров ўзини йиғиштириб олар, нимадир муҳим нарсани тушиндим деб ўйлаш янги фараҳ турткиси бўлишидан қўрқиб кетар, бу ундаги азоб даражасини бироз бўлса ҳам пасайтиришига хизмат қилгудек бўлса, ўзини ҳеч қачон кечиролмас, йўқ, бундан оғир азоб бор, фараҳ олиб қўйган азоб ўрнини яна қайтадан тўлдиришга, етиб келган даражасидан худди сизиф тошидек пастга юмалаб, яна азобнинг аввалги даражасига эришишдек бемаъни машғулотга маҳкум бўлиши керак эди. У эса тинимсиз янги ва юқори даражаларни тусар, шу боис уйқусиз, тамаддисиз, умуман вақт оладиган ҳар нарсадан воз кечиб ўзига умрбод қийноқни бошдан кечиришдек қисматни танлади.
Авваллари бўлгани каби қийноқ ва очлик энди санъат бўлмай қолган, томошага ҳеч ким йўқ, яхшиям унинг бу азобларидан бошқалар воқиф бўлмайди ва улар учун мутлақо қизиқарли эмас, агар кимдир учун қизиқ машғулотни амалга ошираётганини, бунинг учун одамлар тилига тушиши мумкинлигини сезиб қолса, ичида яна ўзидан қонишга ўхшаган туйғу уйғониб, азоб алангаси пасайиши ё қийноқ тана даражасида қолиб, ичида яна ҳаёт нишоналари бўлган туйғулар уйғониб қолган бўларди. Ёзувчи учун бундан дахшатлиси йўқ.
Ёзувчи ғайришурий тарзда қалбини оғир тош каби босиб ётган ҳақиқатни ҳис қилар, аммо моҳиятини англамас, ҳақиқатнинг юкидан унинг инсоний иродаси чилпарчин ва майиб бўлиб ётар – бу жиҳатдан у ўзи билан нафас олаётган барча одамлар билан тенг, айни ҳақиқат нима эканини, унинг маъносини тирик экансан англашнинг иложи ёъқ; ҳақиқат ўз мавжудлигини қалб, руҳ ва тананинг доимий хорлигини исташ орқали билдириб турар, яратиқлар қанча хўрланган, қанча хўрлик ва қийноқ чекиш орққали исён қилган сари яна шунча хорликни уларнинг борлиғи талаб қилиб борар, бир савқи табиий билан хорликдан қутилиш ва эрк исташ хоҳиши қатъий тақиқланганини ҳис қилишар, оғриқ ва қийноқ ҳаётнинг ягона мазмунига айланганди.
Ёзувчининг чинакам ёзувчилиги ўз қисматини метафораларга боғлаш ва қиёслашгандагина кўринар, узоқ йиллардан бери у ўзини ўзи еб тугатадиган пуштиранг махлуқча – катоплепас деб билар, фақат бунда битта нозик жиҳат бор – ўзини ичидан еб битириш, руҳий ёки қалб оғриқлари бошқа масала, чинакам ўз-ўзингни еб битиришни танадаги оғриқ ва қийноқ билан амалга ошириш мутлақо бошқа жараён эди. Ўзи топган метафора тақдири моҳиятига айланди. Энди ёзиш уни қизиқтирмас, ё зарра бўлсин ҳаловат тақдим этмас, ёзишга яроқсизлигини яхши билар – ёзувчи бу оламда ўзининг яроқсизлигини тушиниб етган кам сонли инсонлардан эди.
Умидсизликнинг ҳар қандай кўриниши ўзини еб битиришнинг янги усул ва кўникмаларини тақдим этар, ўша пуштиранг махлуқчани ҳам умид тарк этгани сайин ўз танасини мавҳ этишини бир неча манбаларни солиштириб, синчковлик билан ўрганиб чиққанди. Катоплепасни санъаткорнинг ҳаётини изоҳловчи метафора сифатида ёзувчи эмас, унгача бўлган буюк ижодкор ё санъат ихлосмандлари айтиб кетган, аммо ёзувчи бошқа йўлдан борди, у санъат асари яратишдан кўра, ўз ҳаётини қийноқ санъатининг нодир намунасига айлантиришни афзал билди.
Ёзувчининг наинки атрофда кўраётган борлиққа, одамларга, дўстликка ишончи қолмаган, ҳаётга муҳаббат уйғотувчи барча туйғу унга номаълум куч томонидан бутун тана аъзолари илкис юлиб олинаётган каби суғуриб олинар, у бундан роҳатланар, туйғулари ва жисмидан ҳаёт нишоналари қанчалик йўқола борса, шунчалик оғриққа ташналик ҳис қилар, қалби қийноғини танада ундан юз чандон ортиқроқ ҳис қилишни истар, аммо қалбдаги кичкина оғриқнинг танадаги аксини кўрсатиб бериш учун аёвсиз оғриқларни кечиришига тўғри келар, шу сабаб танасини қанча азоблашига қарамай, оғриқдан қониқмас, ичкаридаги оғриқлар зўрайгандан зўраяр, тана эса бу оғриқларни тўлиқ намоён қилиш учун ўзини буткул еб битириши лозим эди.
Оғриқ санъатини заргарона чўққиларга кўтаришда унга мунтазам ўқчиш ёрдам берарди. Айнан доимий ўқчиш туфайли у бу санъатни тана, руҳ ва қалб даражасида уйғунлаштириши лозимлигини тушуниб етди. Ўқчиш шундан далолат беради – энди унинг танасида оғриқдан ўзгасини қабул қилмайди ва тан олмайди, атрофдаги дунё унга буткул бегона ва боз халал берувчи сабабга айланиб қолди.
Ўша пуштиранг махлуқча, умидсизлик ва хорликнинг энг юқори босқичига етган сайин ўз қўлларини ейишни бошлайди – кейин аста-аста бошқа аъзоларига ўтади. Ёзувчи қисматини метафоралаштиришга аҳд қилар экан, у ҳам худди шу йўлдан борди. Бунинг учун ўткир темир асбоб-ускуналарни ҳозирлаб, маросимга тайёргарлик кўрган каби ўзини чоғлади.
Чап қўли бармоқларини бирма-бир ёъгон пичоқда кесиб олишга ҳозирланди. Оғриққа ўйларинг ва вужудинг билан тайёр экансан, у асл маъносини ёъқотади. Онгинг оғриқни кутмаган пайти пичоқ қўлингни тилиб кетишидан ларзага тушиш мумкин, аммо сен унга ташна ва тайёр бўлсанг, оғриқ сескантиролмайди, у фақат бардошингни синаб бериши мумкин холос. Устига устакк оғриқдан ҳам ёмонроқ туйғу бор – маҳкумлик. Маҳкумлигини тушунган ва доимий ҳис қиладиган одамга оғриқ ва азоб фақат таскин беради. Маҳкумлик олдида ҳар қандай қийноқ ва изтироб ҳам арзимас бўлиб қолади. Афсуски, ёзувчи яшаётган дунёда камдан кам буни туйишга ва дош беришга қодир эди. Бармоқларини қийинчиликсиз, мароқ билан кесди, ундан оққан қонни сўра туриб, фақат оғриққина ҳеч қандай шубҳага имкон бермайдиган ҳақиқат эканини англади. Ҳаёт эса бизни доим асл ҳақиқатдан чалғитиш учун ё кўзимизни боғлайди ё адаштиради, деб ўйлади ўша онларда.
Оғриқдан бутун вужуди қақшаб ўқчиш бошланди, айни шу лаҳзаларда узилган бармоқларини майдалаб чайнаб кўрар экан, бир замонлар Нуҳ кемасидан учган чивиннинг дунёдаги энг ширин гўшт одам гўшти эканлиги ҳақида хабари чинлигига амин бўларди. Шу тарзда оёқлари ҳам бармоқларидан жудо қилинди. Аммо булар етарли эмас – ёзувчи ҳаётида нимагаки қўл урмасин, бирор марта ўзидан қониқиш туймаган.
Ҳозир у мана шу тажрибалари ва кечинмалари учун қувонар, бу кечмиш азоб чекишдек буюк санъатнинг яралиши учун йўл очган, ҳамон ўзи кўзлаган натижага эришмаганига қарамай, қониқмасликнинг ҳар қандай тури қийноқларни авжига чиқариш учун янги кўринишлар , ҳар янги тарз – беҳаловатларча азоб исташ учун восита бўларди.
Энди у қўлини арралашга шошилди. Қўл ва оёқларини арралаш хамирдан қил суғургандек кечди. Мана шу осонлик унинг кўнглини ғашларди. Осон бўлгани сари ўзи истаган азоб даражасидан узоқлашарди. Очликдан тинкаси қуриб кетган паллалар – энг оғир жазо, сезимсизликка дучор бўлишдек аянчни бошдан кечиришнинг аёвсиз онлари кутарди уни. Айни шу сезимсизлик ва беҳушлик азоб паллаларини енгиллаштирарди. Суякларини арралаётганда чиққан товуш, оғриқдан кўкариб кетган бадани, ичида жон деб аташга арзигулик мавҳум ҳиссиёт ҳали- ҳамон ғимирлаб турган бўлса, ўша жонни қанчалик зўриқтиролгани – ўзига керак паллаларида эслаб овуниш мумкин бўлган ягона юпанч эди. Қалбингни бахш этган мавжудлик ўзингни қай даражада охирги кучинг қолмагунига қадар зўриқтира олиш, нималарга қодир ва сафарбарлигингни англаш яширин истак бўлиб, ёзувчига қийноқ дамларида илҳом бахш этиб турарди.
Узилган этнинг айниган ҳиди билан тўла хонада лаззат сархушлиги бор, ором шиддати кучайиб борар, оромга тўлиқ ғарқ бўлиш дамлари тобора яқин келарди.
Болдиридаги этни кесиб олиб чайнаб, туфлаб ташларкан, у буларнинг барчаси ниҳоятда тез тугаб бораётганидан ўкина бошлади. Яна нимадир ўйлаб топиш керак. этни омбурда қисиб узиб олиш ё пичоқда бирма-бир тилимлаб кесиш, чайнаш, қўл ва оёқ суякларининг арралаб ташлангани – ҳали етарли руҳий қониқиш бағишламаганди. Яна қийноқ керак, яна азобга зор, шундай бир азоб бўлсинки, ҳали ҳеч ким тотиб кўрмаган бўлсин. У икки кўзига кичик ханжар санчиб, кўзини санчиқ ва азобдан роҳат билан соққасидан чиқариб олишни кўзлади. Йўқ, шунчаки чиқариб олишнинг ўзи етарли эмас, аямасдан кўзларига бир неча ханжар урди. Ҳар урилганда руҳий экстаз ҳолатига тушар, бу оромдан жудо бўлишни истамас, тинимсиз қийноқ тусарди. Ҳар зарбдан қалқиб ва сакраб кетар, яноқларининг этини аввал омбур билан обдон бураб, кейин тилимлаб кесиб, юзининг эти кесилган ўринларига туз сепар экан, маст бўлишга чоғланиш олдидан тортилган газакдек наша қилганди бу унга.
Ҳаммасидан аълоси қўл ва оёқ суякларини арралаётганда чиқаётган куйдек таралувчи товуш бўлган – оғриқдан кўра ғириллаб чиқаётган овоз тинкаси қуриган вужудига қайта ҳаёт бергандек, узоқ пайт чўллаган одам сувга етгани каби зарраларига қадар ташналик қудуғига ботирганди уни.
Оғриқдан туғилган ўқчиш билан ичи қўпорилиб тушаётгандек туйилар – айни шу лаҳзаларда ўзи чекаётган азобни бошқалар томоша қилишини хоҳлаганди.
Кўз-кўзлаб чекилаётган қийноқлар учун одамлар уни лаънатлар, чунки одамлар ўзларига бегона бўлган кўнгилни айнитар даражадаги оғриқдан қаттиқ чўчир, қўрқар ва нафратланар, аммо томоша иштиёқидан воз кечолмас, у эса ланъатлангани важидан изтиробга яна муккасидан кетган бўларди.
Арралашдан чиқаётган куйга масту мустағриқ бўлган кўйи ихраб ҳам қўймас, аммо ундан кейин тананинг қолган қисмига қонни тўхтатиш учун қиздирилган темир бўлагини босар, шу онларда ўкириб юборар, тўлғоққа тушар, хона куюндининг қўланса ҳиди билан тўлар, гоҳида у қийноққа дош беролмай ҳушсиз бўлиб йиқиларди. Аммо тез ўзини ўнглар, беҳушлик онлари – вақтини бекорга совуришнинг ҳар лаҳзаси учун ўзини кечиролмас, олдинда эса ҳали навқирон, бировнинг тушига кирмаган асл қийноқ ўз забтига олиш ва тўла забт этиш учун кутаётган эди.
Азоб лаҳзаларининг бирида бош терисини шилиб олишдек шафқатсиз хаёл фикридан ўтган, зеро у суяк арралаётган ё ўз этини қиймалаётганда оғриққа дош беролмай бошини чангаллар, бу эса азоб олдида ҳеч қандай ожизлик ҳис этмаслик учун курашаётган маҳкумнинг нафсониятини булғарди. Азобдан тўлғониб, на ўкириб на бош чангаллаб на фиғон қилиб қочишдан орланар, азоб ягона ҳақиқат экан, у билан қўшилиб кетиш, унга фидо бўлиш, доим унга мардонавор ва тиккама-тикка юзланиш ёзувчининг ягона мақсади бўлди.
Азобга бундай муносабат руҳий қониқишни жазба ҳолига олиб чиқар, айни ҳол эса шиддатли қийноқ ва оғриқ қумсашга туртки бериб борарди. Бош терисини нафрат ва ғазабнинг энг олий қиррасида суякдан ажратар, умрини барбод қилган фикр ва хотираларни тор-мор қилиб қасос олаётганидан, ўйилган кўзлари билан жараённи кўрмасада аёвсиз азобдан ҳузурга чўмганди.
Аввалига дунёда мавжудлигини қабул қилолмаслик натижаси бўлиб туйилган, айни шу важдан ёзувчини ақлдан оздирар даражада севинтирган ўқчиш ҳам энди оддий кўнгил ағдарилиши эмас, ички аъзоларининг лахта-лахта қонга айланиб тўкилиб тушиши эди. Ҳар қусишда ёзув столи, тўшак, гиламлар қонга беланар, хонани узилган эт ва бижғиб қолган қоннинг сассиқ иси тутиб кетгандан аста-секин ўлаксахўрлар хабар топиб, дераза ойналарига келиб урилар, ўлаксахўрлар муқаррар ва қулай онни пойлаётганди. Шунча азоб ва уқубатга, очлик, уйқусизлик ва оғриқнинг тинкани қуритар ситамларига қарамай ёзувчи жуда ўзини тетик тута олди. Тетик бўлиш жуда муҳим, ҳар томонлама тетик бўлмасанг, ўзинг истаган даражада аёвсиз азоб тортолмайсан ва ҳамма нарсани унитиб, азоб билан қовушиш дамидаги руҳий лаззатга сингиб кета олмайсан.
Ёзувчи вужуди, туйғулари ва руҳи билан бирга оғриқдан лаззатланишнинг янги поғоналарига кўтарилгани, бу лаззатланишда санъатга хос тийиқсиз эҳтирос, қондирилмас иштиёқ, жўшқинлик ва жило бўлганига қарамай, ёзувчининг ўзи буни ёлғиз санъатгина эмас, ҳеч ким ҳеч қачон муҳокама қилолмайдиган, инкор этолмайдиган ҳақиқат деб билар, айни шу сабабдан бу ҳақиқат ҳар қандай қурбонликка арзирди. Кимдир ўзидан кўпроқ қурбонлик қилаётганини билганда бунга тоқат қилолмас, қисматидаги энг шафқатсиз фожеа деб қабул қилган бўларди. Оғриқ ва азоблар, ҳар қанча ўзини бардам тутишга уринмасин, кучини кўрсатар, тинкаси қуриб, ҳушдан кетиш ҳолларида тобора орта бошлади.
Ниҳоят, якун етиб келганини пайқади. Ўлим беҳушликда содир бўлмаслиги шарт, азоб ва қийноқ лаззатининг энг олий паллалари билан қовушиши учун у энг сўнгги мадори ва қувватини юрагига жамлаган, бироздан кейин эса бу юракни суғуриб стол устига қўяр экан, унинг ҳали-ҳамон тинчимай дукурлаб сакраб туришини ўйлаб юзига бетоқат қаҳқаҳа ёйилди, эти жимирлаб, вужуди энтикиб кетди.
Дарҳақиқат, кўкрак қафасини зарб билан ёриб, қовурғаларини синдириб, катта ва кичик томирларини қирқиб, юрагини суғираётганда, юракнинг бўзчининг мокиси каби уёқдан буёққа тебранаётганда, на тиниқиш, на толиқиш билмай, ўйноқлаб, типирчилаб турганини ҳис этарди. Ўз юрагининг бундай ҳаракати ва назокатини қўллари орқали кучлироқ туйиш (зеро, ўйилган кўзлари билан кўролмас, фақат туйишга қодир) ва буларнинг баридан илкис маҳрум қилиш учун юракни чангаллаб суғириб олишга аҳд қилди.
Иссиқ, қайноқ ва қалтираб турган юракни кўкрак қафасидан суғуриб олдию, ҳозир қошига етиб келадиган ўлим фароғатини эслаб ўйилган, сўйилган, қачонлардир одамгами ё бирор махлуққами тегишли бўлганини билиш мумкин бўлмаган юзига табассум ёйилди.
Ҳатто ўлими ҳам беҳуда кетмайди. Сасиган жасадининг ҳиди танбаллаб ташланган эшик ва деразалардан ошиб ташқи оламга ёйилади – ўлаксахўрлар, қурт-қумурсқалар майитни тўла еб битказиш учун тошиб киришади.
Ёзувчи сўнгги бор шундай умидларга берилганди. Аммо қўлида суғирилган юраги турар, ўзи эса ҳамон тириклигини ҳис қилиб қўрқиб кетди. Сўнгги умид оқланмади. У энди ўзи истаган каби умидсизликнинг энг юксак чўққисига чиққан айни лаҳзада тушиниб етган ҳақиқатидан даҳшатга тушган, агар кўзлари бўлганида эди, ҳақиқатнинг мудҳишлигидан косасидан тошиб чиқар, юзи эса шунча чеккан ўғриқларидан гезариб бўзаргандан кўра баттарроқ майишиб, ҳеч қандай жисмоний қийноқларсиз ҳам одам танимайдиган аҳволга келарди.
Йигит
Йигит учун ҳаммаси ўттизга кирган кундан бошланди. Ўша куни ўзини мудҳиш уйқудан уйғонгандек аламзада ва қонсираган ҳис қила бошлади. У ҳаммасининг тугаганини яхши ҳис қилар – аслини олганда ҳаётида тугади деб айтишга лойиқ бирор нарса содир бўлмаган, мутассил турғунлик, рўй берган ҳар бир ўзгариш ҳам, янгиланиш ҳам ўша турғунликка берилган заифгина зарба – пичоқ уришдай туйилар, аммо уни емиролмас, ҳеч қандай янгиланиш турғунликни силжитолмаслиги, қайтанга унинг маҳобати ва ҳажмини улғайтириши, бу улғайишни емирадиган ё тўхтатадиган ҳаётда бирон куч мавжуд эмаслиги ҳақидаги қатъий ишонч сабабчи эди. Агар инсон ҳаётида файласуфлар айтгани каби иккита нарсагина мутлақо шахсий деб қаралса ва улар ўлим ва ниманидир тушиниш эканини инобатга олсак, тушиниш ва англаш энди йигит учун чикора, у бундан улкан нарсани – майхўрлар шаробга доимий хумор бўлгани каби ўзини босолмайдиган тарзда тийиқсиз истай бошлади.
Унинг кўзида ўзига ва атрофга нисбатан таҳқир қотиб қолган, дунёдан қадр-қиммат истаётганларнинг барчасига нисбатан ҳақаротомуз киноя қилар, шунга қарамасдан ўзининг ичида бош кўтарадиган қадр ё ўрин исташдек болаларча истакнинг баҳридан бутунлай ўтиш учун у ваҳшатга қоришиқ якун тиларди.
Шу пайтгача ўзини қалбан қариб қолган, ҳеч қандай орзумандликнинг ўзи йўқ айниган одам сифатида тасаввур қилиб келди. Мудҳиш турғунликни ёриб ўтиш учун бир қизни севиб кўрмоқчи ҳам бўлди.
Кейинчалик маълум бўлдики, у билан севишиб юрган қиз фақат йигитнинг ожизлиги, ожиз кўрингани учун азбаройи қалбининг тозалиги ва одамларни муҳаббат билан қутқариш мумкин деган алмисоқдан қолган инонч орқасидан яхши кўраётгандек тутган ўзини. Бироқ йигитнинг бағрида ҳам кимнидир кутган. Йигит билан қўшилар экан, у буни оғриққа бўлган кучли эҳтиёж туфайли амалга оширган ва қўшилув лаҳзаси висол эмас, қовушувнинг оғриқли усулларини синаб кўриш воситаси бўлган холос. Албатта, буларни билганида йигитнинг дунёси остин-устун бўлиб кетиши керак эди, аммо у таъсирланмади, фақат одамларнинг кимнидир ё ниманидир кутиш ҳақидаги тасаввурлари таажжублантириб қўйганди.
Шу тариқа ҳар бир одам кутиб йилларни ўтказиб юборар, ўттиз ёшгача у кишилар ўзидан қочади ва шу сабаб ҳаётдан мўжиза кутиб яшайди деб ўйлаган бўлса, энди жирканч ҳақиқатдан қочиш учун ўзини ўтга-чўққа уришларини кўзгуда ўз шаклини ойдин кўргани каби аниқ-тиниқ англаб турарди. Ожизлик ҳиссидан туғилган изтироб бора-бора уни исён чўққисига олиб чиқаётганди. Бу шундай изтироб эдики, фақат мана шу изтиробни чекаётган паллангдагина ожизликнинг ҳар қандай босқичларини мавҳ этиб ўтишинг; изтироб ва қийноқ чекишда мукаммаллашиб борганинг сари ўзингни ҳеч қачон ожиз ҳис қилмай қўйишинг мумкин. Табиий, у шу қадар буюк қийноқ бўлиши даркор – тананг, руҳинг, қалбинг ҳар лаҳзада қалқиб, азобга тушаверсин, айнан тана, онг ва қалб даражасидаги қийноққа бирор куч таъсир этиш ё ҳукм ўтказишга қодир эмас ва бирор куч унинг рўпарасига чиқолмасди ҳам.
Муҳташам турғунликни забт этиш учун унинг бир йўли қолган, аммо бундан олдин қилиши керак юмушлари бисёр эди. Шунчаки қўл учида қилинадиган юмушлар бўлмагани сабаб бунга узоқ вақт кўриладиган ҳозирлик лозим эди.
Йигит шу пайтга довур нимаики қилмасин қадр-қиммат учунгина қилганди. Қадр-қиммат учун нафас олди, ўқиди, ишлади, севди, ўйлади, фарзандли бўлди. Лекин буларнинг бирортаси муҳташам турғунликни забт этолмади. Охирги бор ўзини севяпман деб ўйлаганида ҳам турғунликдан пайдо бўлган бўшлиққа батамом чўкиб кетмаслик учун шундай қилди. Одатда кимсалар яшаш мазмунини йўқотгач, қадр-қимматни ҳис қилиб яшаш учун турли шакллар ўйлаб топади. Севги ҳам шундай бир шакл эди, оила ҳам. Аммо турғунлик билан бўшлиқ орасида катта фарқ бор. Бўшлиқ ютиб юбораётган ўринда инсон учун турғунликнинг ўзи қудрат ва мазмунга айланиши билан изоҳланарди бу фарқ. Бу оламдан қадр-қимматини топа олмаслигига тўла-тўкис иймон келтирганди охирги севгилиси деб атаётган аёл йигитнинг ожизлигини пеш қилиб, уни тўла-тўкис топтаётган паллаларда.
Қизиғи шундаки, қайсидир ҳаракатлари – эҳтироси, шўхлиги, иродаси ё ҳаётсеварлиги билан йигит олдида ўзини етук билувчи ёки шу фазилатлари туфайли қадр-қимматини юқори баҳолаб келаётган аёл ҳам ортиқ йигитни топташдан баҳра олмай қўйганди. Энди улар кимнинг кўпроқ ожизлиги ва бундан туғиладиган азоб-уқибатни нақадар мукаммал тортиш мумкин – шу борада беллашардилар. Азоб қадр-қимматни баҳолаш ва туйишнинг ягона чораси бўлди.
Азоб ва изтиробга ўзини тўлиқ бағишлаш истаги муттасил ўқчишдан кейин бошланарди. Жувон ва йигитда ҳам бу ҳол такрорланди. Энди улар савқи табиий билан нафақат ўзларини, ўзгаларни ҳам йўқ қилишни хоҳлашар, бу ишни айнан ўзгаларни қийнаш ё барбод қилиш учун эмас, азоб онларида туғиладиган тийиқсиз лаззат туфайли амалга оширишарди. Шунда азобнинг ҳам, ундан туғиладиган лаззатнинг ҳам қиймати ва ҳажми ошиб бораверарди. Мунтазам ўқчиш эса бир дақиқа бўлсин азобдан чалғишга йўл қолдирмас, баайни уйғотувчи соатдек ҳар лаҳзани бекорга бой бермасликни эслатиб турар, шаҳар ичи ағдарилиб ўқчишга дучор бўлган, ҳар ерда қон ё зардоб қусаётганларнинг манзараси билан тўла эди. Азоб лаззатига берилган одамларни энг кўп қийнайдиган нарса – кутиш, азобнинг энг юксак чўққиси бўлган онларни кутиш, бунга тоқат қилиб бўлмас, зеро азобга ташна ва маҳкум кимсалар турғунликдаги маҳвум кутиш паллаларидан бағирлари қон бўлганча, ўзини азобга маҳкум қилган ва азоб чекиш борасида ниманидир кутишга бардошлари етмас, энди тўлиғича шиддатли азоб лозим эди уларга. Ёнидаги ўткинчини, уйидаги яқинини ё ўз танасими –фарқсиз – талаб, тимдалаб, ғажиб кетаверишар, азобга ташналик ваҳший ҳайвон каби уларни қутуртириб юборган, ўзга бирор нарса билан на ҳаловат, на ўрин топа олишмасди.
Оғриқ завқига муккасидан кетган кунларнинг бирида йигит кутилмаганда эндигина тили чиқиб отасига ғаройиб саволлар бера бошлаган қизчасини ўлдириб қўйди. Қизча аввалига буларнинг барини отаси билан янги ўйин деб ўйлаган эди. Отасининг пешонасига пешонасини қўйиб кўзларига қаттиқ термулар экан – ким кўп қаршисидаги нигоҳ қарашларига дош бер олишини синарди – агар отасининг киприклари юмилиб кетгудек бўлса, қизча қувончдан ҳайқириб юборар, ютдим деб ўйлар, айни шу вақтда ота унинг бўғзидан ғиппа бўғган, боласи эса янги ўйин бошланди деган ҳаёлга бориб, кулиб тураверарди. Йигит баттарроқ бўғар, болага нафас етмай, чақноқ кўзчаларидан ёш оқиб оғзидан кўпик кела бошлаган, юзлари, бадани кўкариб борарди.
Агар бу дунёда туғилмасликнинг иложи бўлганда, ҳеч ким ўз хоҳиши билан туғилган бўлмасди, аммо туғилиш, яралиш шу қадар табиий ва осонки, кимнингдир хаёлида пайдо бўлиб, кейин ёруғ дунёга лаҳзаларда тушиб қолиш мумкин ва қолган барча истаб-истамай туғилганлар каби ҳаётингни давом эттиришга маҳкумсан деб ўйлаганди. У фарзандининг ўз хаёли махсули эканини фаҳмлар, яна шуни тушунгандики, фарзандлар ота-она қисматининг такрорловчиси, улар ота-она ҳаётини янгиламас, ё турғунликни силжитмас, улар ўз тақдирлари билан турғунликнинг ҳайбати ва мустаҳкамлигини оширишга ҳисса қўшар, аммо худди ота-оналари каби улар ҳам бу оламда ниманидир ўзгартиришга қодир эмас эдилар.
Йигит ўзининг туғилмаслик ҳақидаги фикрларидан кучга тўлар, агар Шопенгауер ҳаёт бўлганда унга ҳамфикр эканлигидан ўзини бахтиёр сезган бўлар эди.
Боланинг танаси кўкариб, бўзариб келар экан, йигитнинг ичида оғриққа бўлган ташналик шу пайтгача кузатилганидан кўпроқ хуруж қилиб, зардоб аралаш қон қусиб юборди. Ташналик йигитнинг қўлларига қувват берар, боланинг нозик бўйни йўғон чангаллар орасида қисирлаб, эзилиб ва эриб кетаётган мисоли қаттиқ бўғарди. Боланинг жони узилиб, шилқ этиб юзтубан тушганда ҳам йигит нима қилаётганини англамас, бўзариб қолган мурғак вужуд унда ваҳшат ва лаззат, ҳузур уйғотган, шу роҳатдан қониб баҳра олишни истаётганди.
Ниҳоят совиб қолган танани беҳуда азоблаш йигитга завқ бермай қўйди. Фарзандининг жонсиз жасади устида ўтирар экан бундан заррача афсус ёки ўкинч туймас, бу ёғига нима қилишни ўйлар – ичини кемириб келаётган ташналик балосини қондириш учун жасаднинг сочларини силтаб-силтаб бор кучи билан юлар–оғриқ, азоб ва ўлимни ўз танасида ҳис қилмагунча тинчланмаслигини тушиниб етганди. Боланинг барра қўзичоқнинг юнгидек қалин қора сочлари ҳадеганда тери ва этдан ажралмас, нозик вужуди силтаниб турар, йигит муттасил оғриқ чанқоғини босолмас, на боланинг ўлими, на майитни азоблаш унга таскин беролмаганди.
Йигит кутарди – ҳадемай уни олиб кетишади – қонун посбонлари етиб келади, азоб ва қийноқнинг асосийси ҳибсда давом этади. Охирги вақтларда посбонларнинг келиб маҳкумни олиб кетишига ҳам ҳожат ёъқ, турли қийноқ усуллари орқали ўлишни истайдиган одамлар тўлиб-тошган, улар арзимаган жиноят учун ўлим ҳукмини сўраб, қамоқхоналарга ўзлари борар, ҳар кимнинг ҳам журъати ўз-ўзини азоблаб, барбод қилиш даражасига етмас, шу сабаб қамоқхоналарда инсонни узоқ вақт давомида қийнаб ўлдиришнинг янгидан янги технологиялари ўйлаб топилар эди. Маҳкумлар айбдорлик доимо мавжуд деган қоидага амал қилишар экан, жазо ҳам муқаррар бўлишини яхши тушинишарди. Қийноқлар ичида ўлимни кутишнинг ҳам ўз гашти бор. Албатта ҳамма ўз танасида қийноқни ҳис қилишни хоҳлайди деб айтиб бўлмас, ўзгаларни қийнаб роҳатланадиганлар, шунга мубтало бўлганлар ҳам жуда кўп – улар қамоқхонадан яхши иш ўринлари учун навбат пойлар, жазо колонияларига ёлланадиган ҳар бир ходим – худди одамлар оғриқ лаззатига гирифтор бўлмасидан аввалги йилларда гул дўконларига кирувчи ҳар бир ишчи гул безашнинг янги усулини топиши керак бўлгани каби шу вақтгача кўрилмаган, эшитилмаган қийнаб ўлдиришнинг вахшийларча усулларини топиш талаб этиларди.
Йигит маҳкумларга боқиб бу ерда ҳаётда турли шакл қидириб ўзини маҳкумга айлантирганларни кўрганди – кимдир сиёсий жиноятчи, кимдир бошқаларни талаган, зўрлаган ёки ўлдирган. Шу зайл улар ўзининг шакли ва ўрнини қидиришганди. Аммо ҳар қандай шакл ахтариш бенаф эканлигини ё тушиниб ё тушинмай жиноятга қўл урар, қамоққа тушар, арзимаган гуноҳлар учун ҳам тайинланган ўлим ҳукмини кутиб ётишарди. Жиноят ва оғриқ чекиш одамларнинг бирдан бир чораси ва овунчоғИ бўлди.
Йигит ўлимнинг қандай бўлишини ўйлаб энтикар, охирги пайтларда фақат мукаммал қийноқлар остида амалга ошириладиган ўлимни орзулар, ўқчиш эса уни бир зумга тинч қўймас, кутиш паллалари зерикарли, ўз-ўзига оғриқ ва азоб етказиш завқ бермай қўйганди. Уни ўлим олдидан машаққатли жараёнга тайёрлаш учун посбонлар тиним билмас, ҳар куни қамчилар, кичрайиб кетаётган танасини икки соқчи бир бирига отаётган каби юмалатиб тепкилаб савалар, оғзидан қон ва кўпик келар, аммо йигит оғриқларга тоқат қилолмас, қониқмасди ҳам. Шу пайтгача уни қийнаган, азоблаган савол ва ўйларнинг ҳаммаси фақат оғриқ чекиш истагига айланган, бошқа ҳар қандай истакни қийноқ лаззати тўла йўққа чиқарган, шу сабаб оғриқ даражаси юқорилаб боргани билан у ўз танаси ва руҳида азоб чанқоғини босолмас, бундан изтиробга тушар ва асабийлашар, посбонлар эса оғриқ ташналиги ва руҳидаги тарангликни орттириш, бунинг орқасидан ўлимнинг ниҳоятда мароқли бўлишини ўйлаб, қатл жараёнини узоқ ва чидаб бўлмайдиган даражада қийноқ етказиш ёъллари билан бойитиб боришарди. Фақат оғриқ чекишга бўлган иштиёқ йигитни маҳдуд қилиб қўйган, бу қамоқхонанинг тўрт девори орасида эмас, мана шу ҳиссиёт ва иштиёқ ичида қамалганга ўхшар, ўқчиш эса бунинг доимий далолатномаси, тепкиланган, қамчиланган, маматалоқ бўлган яралари азоби сусайгудек бўлса, қамоқхонани бузиб юборар тарзда дод солар, посбонларни чорлар, уни аямасдан қийнаш, суякларини синдиришар,шунда у вахший ҳайвон каби ўкиришни бошларди.
Яшамоқ мудҳиш жиноятни содир қилиб, умрбод унга бериладиган жазони таҳлика билан пойлашга ўхшайди. Аммо бу шунчаки кутиш эмас, онгнинг, қалб ва тананинг биргаликда сафарбарлиги – на онг, на қалб, на тана тин олар ва тиним бермас – бора-бора жазони ҳам кутишни ҳам унитиб, онг, қалб ва танангда кечаётган таъқибдан қутилиш учун ақлдан озасан ёки оғриқ даво бўлади. На қочиб кетиш, на қутилишнинг имкони йўқ экан, оғриқ ва қийноқ чекишдан лаззат топишда мантиқ бор эди. Йигитнинг сўнгги йиллари мана шундай сафарбарликда ўтди. У бундан чарчамади, аксинча тетиклик билан жазо онига интиқ бўлди. Ёзувчи бошидан кечирганидек йигит ҳам оғриқ тортиш орқали чинакам фароғатни ҳис қилиш учун танадаги ҳар қандай азобга қарамай руҳий тетиклик зарурлиги, диққатни чарчоқ билан чалғитиш мумкин эмаслигини яхши сезар ва ниҳоятда бардам эди. Қатл маросимининг нақадар пухта ва нозиклик билан амалга оширилиши ҳақида посбонлар сўзлар экан, ички аъзолари қай йўсин суғириб олиниши, терисининг шилиниши, калла суяги ёрилиб, миясининг отилиб чиқиши хусусида тасаввурларга бериларди. Суяклар майда-майда бўлгунигача синдирилади, томирлар ва пайлар бир-бир қирқилади, гўштини эса тилимлаб олиб атрофини ўраган ўлим кашфиётчилари мазахона чайнашади. Йигит оғриқ ва азобнинг нақадар чўққисига етмасин, руҳ ва тани бу лаззатдан қанчалик қалқмасин, ҳали ўзини кутаётган ваҳший ҳақиқатдан бехабар эди. Қатл ҳаммасининг хотимаси деб ўйлар ва қатл азоби орқали ором топишига ишонаётганди. Қизини ўлдиргач, ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолган хотинининг қотилига айланганда аёл юзидаги ўлим сокинлигидан шукуҳга тўлган, қалбининг энг ичкари пучмоқларини қониқиш қоплаган, бу манзарага соатлаб тикилиб ўтиришга тайёрлигини ҳис қилганди у.
У ўзини ҳам шундай қисмат кутишидан орзуманд, аммо ўттиз йиллик ҳаёти давоми ўйлаган барча янглиш ўйларидек хато тасаввур бўлиб чиқарди бу ҳам. Ушбу хато тасаввур орқасидаги ҳақиқат эса унинг барча шубҳа-гумонларини тасдиқлар эди.
Афсунгар
Афсунгар юқорида айтилган мавжудотларни туш кўриб ётарди. Бу одамлар ўз яралишида қандайдир ноқислик борлигини сезар эдилар. Энди ҳис эта бошлаганлари дарёлар бўйига чиқиб ва ё тоғлар устига чиқиб “биз яшаган дунё – тушми ё рўё” деб пинҳон кўз ёш тўкишар; мавҳум ўйларга берилишар, кейин ўйларининг мавҳумлигидан безиб, турмуш ташвишларига ўзини урар, бўлса-бўлмаса бахт қидирар, бахт йўқлигини билиб ҳам ўзини алдар, қайта-қайта бир тош бошига тушишидан изтироб чекишарди.
Ўзининг шарпа эканидан шубҳаланган, гоҳида айнан ҳис этганларнинг хатти-ҳаракати бошқача кечарди. Мўжиза кутиб яшайдиганлари-да топиларди. Улар бутун умр ўзини кутишнинг зерикарли ёлғизлигига маҳкум этарди. Ҳаётида ҳеч нарса содир бўлмаслигини била туриб, бир зум бўлсин ўзини кутишдан тийишолмасди. Кутишдан маҳрум бўлиш ўлим билан доимий юзма-юз келишдай гап, ўлимгача содир бўлмайдиган ҳеч нарсани кута туриб, алалоқибат ёлғиз ўлим қаршисидан чиқишини билганига қарамай айни ҳозирнинг ўзида ўлим билан рўпаро келишга қўрқишарди. Улар бунга тайёр эмас, дош беролмасдилар ҳам.
Афсунгар тушида буларнинг барини жим кузатар, айниқса, тана, руҳ ва қалб даражасида ўзининг тушдаги шарпа эканидан шубҳа қилаётган мавжудотлардан завқланар, уларнинг бундан нақадар хорланиб, исён ва изтиробга берилишидан ҳамдардлик ва қониш туяр, қониқиш мавжудотларнинг ҳиссиёт ва англаш даражасини янада кучайтириб, улар ўзлари кўниккан бахтсизликни маҳв этишни истар, мавҳ этиш истаги исёнга туртки бериб, ҳар қандай исён эса изтироб билан хотима топар эди. Исён қилган сари изтироб улғаяр, бора-бора яратиқлар юқори даражадаги азобнинг ўзидан бошқа ҳеч нарсани талаб қилмай, истамай қўйишди. Улар учун ягона мавжудликка эврилганди изтироб ва азоблар.
Албатта, яратиқлар руҳидаги қонсираш ўз манбасига эга, қонсирашнинг манбаси – Афсунгарнинг ўз яратиқларининг ҳеч қандай ирода ва эркка соҳиб бўлмаган мавжудот эканини доимий ҳис этишини хоҳлаши, мазкур ҳис олдида уларнинг хорлиги, чорасизлиги ва ҳеч қандай ёъл билан бу оламдан чиқиб кетиш мумкин эмаслигида эди.
Йигит, ёзувчи, умуман, барча афсунгар яратган дунёда шарпа холос –шарпалар эса ҳеч қачон ўлмаслик қисматига маҳкум эдилар. Бироқ шунга қарамай бу оламда ҳам одамлар ўларди ва туғилишарди.
Ўлиб яна қайта туғиладиганлари бошқа онг билан қайтадан ҳаёт бошлар, улар ўзининг шарпа экани хусусида гумонга бориб ё англаб қолгунича бу ҳол такрорланаверар, то тўла-тўкис англамагунларича афсунгар кўраётган туш табиатига мувофиқ йўқ бўлиб, яна қайтадан яралаверар эдилар, шарпалигини англаб қолганларнинг, ўлмас, ёъқолмас ва йитмас, уларнинг бу хўрликка ягона исёни – фақат оғриқ эди.
Афсунгар тушда яралган дунёдагилар учун маъшум, ўзи учун сурурли бўлган хоҳишини алангалатган сари одамлар оғриқдан шунча лаззатланар, оғриқнинг янги-янги юқори даражаларини кўнгиллари тусар, бора-бора ҳеч қандай оғриқ кор қилмай қўйгач, ерда қон тўкиш одатий ҳол бўлиб, энди ҳар ерда тўкилган бемисл қонларни, жасадларни, ўлаксахўрлар чўқиётган ўликларни кўриш мумкин эди. Санъат ҳам қонга ботирилди. Ёзилган асарлардан, ишланган филмлардан қон уфурар, қон ҳиди келарди.
Шу ҳолга келдики, одамларнинг тана, руҳ ва қалб даражасидаги оғриққа муттассил ташналиги ва бунга тоқат қилолмаслигидан афсунгар тушидаги дунё портлаб кетадигандек туйиларди. Гоҳида афсунгарнинг ўзи ҳам шуни истар, бундай ўйиндан минг йиллар давомида зериккан, ўзи ҳам, тушидаги яратиқлар ҳам ўйнашга маҳкум бу ўйин уни оғАммо бунинг иложи йўқ. Афсунгарнинг юзи бирдан ўзгарди. Ахир хотима унинг имконида эмас. У ўзи истаган тақдирда ҳам буларнинг барчасига чек қўёлмайди. Дахшатли ҳақиқатдан қалқиб тушди: афсунгарнинг ўзи ҳам кимнингдир туши маҳсули эди. Тушидаги шарпалар кутаётган қиёмат афсуски афсунгарнинг тушига ҳеч қачон кирмайди. Шафқатсиз ҳақиқатни англаб қолган Афсунгарнинг руҳида чидаб бўлмас қонсираш жазбаси баттар аланга олди.
2020, ноябрь