ДОРГА ОСИЛГАН МАҲБУС

2
908

Жорж ОРУЭЛЛ (1903-1950)

ҳикоя

Бирмада ёмғир челаклаб қуяётган тонг эди. Қамоқхонанинг баланд деворлари узра ғира-шира ёруғлик аста-секин ёйилиб келаётганди. Ўлимга ҳукм қилинганларнинг чоғроқ ҳайвонлар қафаси сингари жуфт-жуфт панжаралар билан тўсилган қатор-қатор ҳужраларидан ташқарида кутиб турардик. Ҳар битта ҳужра бўйига ўн фут ва энига ўн футлик ўлчамда қурилган бўлиб, ичида ёғоч каравот ва сув идишидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Баъзи бирларида эса индамас қорамағиз кишилар адёлга ўралиб олиб, чўккалаб ўтирарди. Улар ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслар бўлиб, бир-икки ҳафта ичида осилишлари керак эди.

Битта маҳбус ҳужрасидан олиб чиқилди. У сочи тагидан олиб ташланган, кўзлари мазмунсиз боқувчи, чўпдай ориқ ҳинд эди. Нозик гавдасига ярашмаган қалин мўйлови кинолардаги масхарабозникига ўхшаб кетарди. Олти нафар бўйдор ҳинд соқчиси уни қўриқлаб, дорга олиб боришга шайларди. Иккитаси унга милтиқ ва найзаларини тираб турди, бошқалари қўлига кишан солиб, кишан устидан занжирлаб, камарларига осиб қўйишди ва қўлларини орқасига маҳкам қилиб боғлашди. Қамоқхона соқчилари қўлларини маҳбусдан олмай, худди сирғалиб чиқиб қайтадан сувга шўнғиши мумкин бўлган тирик балиқни ушлагандек ҳар томондан уни ўраб ушлаб туришарди. Маҳбус эса нима бўлаётганини аранг англаётгандек, ҳеч қандай қаршилик кўрсатмай, арқонланган қўлларини шалвиратиб турар эди.

Соат сакккизга бонг урди ва олис бараклар томондан чалинган горннинг нам ҳаводан ингичкалашиб кетган товуши янгради. Биздан нарироқда туриб таёғи билан шағал тошларни асабий туртаётган қамоқхонанинг катта офицери товушни эшитиб бошини кўтарди. У оқ оралаган ингичка мўйловли ва дағал овозли ҳарбий врач эди. «Худо ҳаққи, Френцис, тезлаш.  Шу пайтгача нариги дунёга кетган бўлиши керак эдику! Ҳалиям тайёрмасмисан?» деб ўшқирди у жаҳл билан. Олтин кўзойнак такиб, оқ форма кийган семиз қамоқхона кўриқчилари бошлиғи ҳинд миллатига мансуб Френцис қоп-қора қўлини силкитди : «Хўп бўлади, сэр. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Жаллод кутяпти. Ҳозир бошлаймиз» деб жавради. «Қани, жўнанглар унда! Ишни тугатмагунингизча  маҳбуслар нонушта қилмай оч ўтиради!» Дорга қараб йўлга тушдик. Иккита қўриқчи милтиқларини чангаллаб, маҳкумнинг икки тарафига ўтиб олишди; яна иккитаси худди суяётгандек унинг қўллари ва елкасидан маҳкам ушлаб, ёнида кетишди. Қолганлар, қуйи даражали судьялар билан бирга уларнинг изларидан юрдик. Энди ўн ярдча юрган ҳам эдикки, кутилмаганда саф ҳеч қанақа огоҳлантиришсиз тўхтаб қолди. Аянчли ҳол юз берганди: майдонда қаердан пайдо бўлганини биргина Худо биладиган ит олдимизга югуриб чиқиб, қаттиқ ҳура бошлади. У шунча одамнинг тўпланганидан хурсанд бўлиб қутурарди. У баҳайбат ярим эрдельтерьер, ярим пария ёлдор ит эди. Атрофимизда бироз югургилагач, ҳаммани ғафлатда қолдириб, маҳкумга ташланди ва юзини ялаш учун сапчий бошлади. Орқамизга тисарилиб, унга тегишгаям қўрқиб довдираб қолдик. «Бу ланъати махлуқни ким бу ерга киритди? Бирортангиз тутсангизчи уни!» дея ғазабланиб бақирди катта офицер. Воқеадан четроқда қолган бир соқчи итга орқадан яқинлашди, бироқ ит сакраб, ирғишлаб унинг қуршовидан чиқиб кетди. Ёшгина евроосиёлик зиндонбон ҳовучини шағал тошга тўлдириб, уни тошбўрон килиб қувишга уринди-ю, ит барибир чап бериб, яна яқинлашаверди. Унинг оёқ остида ириллаши қамоқхона девордарида ҳам акс-садо берарди. Икки қўриқчи қуршовидаги маҳкум, булар худди дорга осишнинг навбатдаги расмиятчилигидек, бефарқ қараб тураверди. Яна бир неча дақиқадан кейин ҳамон ғингшиб типирчилаётган итнинг бўйнидан дастрўмолимни ўтказиб, нари тортдик.

Доргача таҳминан қирқ ярд қолганди. Олдимда кетаётган маҳкумнинг деярли яланғоч баданига кўзим тушди. У чандиб боғланган қўллари ва ҳиндларга хос юриши билан беўхшов, лекин қатъий қадам ташлаб борарди.  Ҳар қадамда мушаклари ва бошидаги бир тутам сочи бир маромда кўтарилиб тушиб турар, оёқлари эса нам шағалга ўз изларини қўйиб кетарди.  Соқчилар  ҳар икки елкасидан ушлаб бораётганига қарамасдан, бир мартагина олдидан чиққан кўлмакдан ўтиб олиш учун ёнламасига юрди.

Ғалати туюлиши мумкиндир, лекин ўша машъум дақиқагача соғлом ва эс-хушли одамни йўқ қилиш нималигини тушунмасдим. Унинг кўлмакни айланиб ўтганини кўргач, бировнинг айни авж палласидаги ҳаётини қирқишнинг қанчалик даҳшатли ва хато эканлигига гувоҳ бўлдим. У ўлмаганди, худди бизга ўхшаб  тирик эди, бутун тана аъзолари ишлаётганди: ичаклари овқатни ҳазм қилар, териси пўст ташлар, тирноқлари ўсар ва янги тўқималар ҳосил бўларди. Яшаш учун секунднинг ўндан биригина қолиб сиртмоқ остида турганида ва пастга қулаётганида ҳам тирноқлари ҳамон ўсишда давом этарди. Кўзлари сариқ дорни ва кулранг деворларни кўрди, мияси воқеани эслаб қолди, кўлмакни айланиб ўтишни ҳам идрок қилди. У ҳам биз билан бирга юрар, кўрар, эшитар, ҳис қилар ва айнан битта оламни бўлишарди; икки дақиқадан кейин эса ногаҳоний ўлим сабабли орамиздан кимдир йўқ бўлади – бир ақлли камайса, дунё енгиллашади.

Дорлар қамоқхонанинг асосий ҳудудидан четроқдаги кичик майдонда жойлашган бўлиб, баланд тиканак ўтлар билан қопланганди. Дор жойлашган тепаликнинг уч томони ғиштдан кўтарилиб, тахта билан бостирилган, тахта устидаги иккита устун эса дор арқони осилган  кўндаланг тўсинни тираб турарди. Оқ қамоқхона формасидаги сочларига оқ тушган жаллод маҳкумни қатл машинаси ёнида кутарди. У келишимиз билан ўзига ярашмаган тарзда букилиб саломлашди. Френциснинг буйруғига биноан маҳкумни ушлаб келаётган икки соқчи уни дорга бошлаб боришди ва итариб зинадан чиқишига «кўмаклашишди». Жаллод ҳам лип этиб юқорига чиқиб, дор сиртмоғини маҳбус бўйнига тўғрилаб қўйди.

Биз беш ярдча нарида, соқчилар эса дор атрофида айлана ҳосил қилиб туриб олишди. Бўйнига сиртмоқ илингач, маҳбус ўз Худосини тилга олиб бақира бошлади. Бу ўлимдан қўрқиб, раҳм-шафқат сўраб килинган илтижо эмас, балки занг чалинганидек қатъий, тўхтовсиз ва бир маромдаги «Рам! Рам! Рам!Рам!» деган ҳайқириқ эди. Бояги ит бу товушга ғингшиб жавоб қайтарди. Дор ёнида турган жаллод ун қопидек кичик бир коп олиб, маҳбуснинг бошига кийгизди. Лекин мато остидан бўғилган «Рам! Рам! Рам!Рам! Рам!» деган садо қайта ва қайта эшитилаверди. Жаллод пастга тушиб, дастакни ушлаганча буйруқни кута бошлади. Қатъий ва бўғиқ овоз ҳеч ҳам сустлашмади. Катта офицер бошини хиёл эгиб, таёғи билан ерни уриб турарди; балки у маҳбуснинг эллик, эҳтимол, юз маротаба ҳайқириб олишига қўйиб бериш мақсадида санаб тургандир. Барчанинг ранги ўзгариб кетганди. Ҳиндлар худди ачиган қаҳвадек бўзариб кетган, баъзиларининг ҳатто милтиқ учлари қалтираб турарди. Дордаги боши ёпиқ одамдан кўз узмай, Худосига қилган илтижоларини эшитиб турардик, ҳар бир қилинган илтижо тирикликнинг яна бир лаҳзасидан дарак бериб турарди; ҳамманинг хаёлидан қуйидаги фикр ўтган бўлса керак: «Тезроқ ўлдира қолинглар, токи бу аянчли овоз тина қолсин!»

 Ниҳоят, катта офицер бир қарорга келди шекилли, бирдан бошини кўтариб, «Қани, бўлинглар!» деб бақирди. Нимадир жаранглаб кетди ва майдонга ўлик сукунат чўмди. Маҳбус кўринмас, дор арқони эса чувалиб қолганди. Итни қўйиб юборишим билан дорга қараб елдек учиб кетди; бироқ, етиб боргач, бирдан тўхтаб, вовуллади ва майдон бурчагидаги тиканак ўтлар орасига чекинди. Жасадни текшириб кўриш учун дорга яқинлашдик –  унинг тошдек ҳаракатсиз танаси охиста тебранарди.

Катта офицер ҳам етиб келиб, таёғи билан яланғоч танани туртиб кўрди — тана сал чайқалди. «Ўлибди» , деди у ва дор остидан чиқиб чуқур нафас олди. Ғазабнок қиёфа унинг юзини бирдан тарк этганди. Қўл соатига кўз ташлаб «Саккиздан саккиз дақиқа ўтибди. Эрталабга шу етади», деди. Соқчилар милтиқ қўндоқларини тушириб, ортларига қайтишди. Ўзининг қилмишини англаб, ҳушёр тортган ит уларнинг изидан пилдираб йўлга тушди. Биз ҳам дор майдонидан ва осилишга ҳукм этилиб ўлимини кутаётганлар ҳужраларидан ўтиб, қамоқхонанинг катта марказий майдонига чиқдик. Қолган маҳбуслар қамчи ушлаган соқчилар буйруғига биноан нонушта қилишаётганди. Улар узун қаторлар ҳосил қилиб, чўккалаганича идиш тутиб туришар, соқчилар эса пақирдан гуруч олиб, чўмич билан қуйишарди, бу бояги дорга осиш саҳнасидан сўнг анчайин қувноқ манзарадек туюлди. Иш бажарилгандан сўнг ўзимизда қандайдир ажиб енгиллик ҳис қилардик, кимдир куйлар, кимдир хахолаб куларди. Ҳаммамиз бирваракайига ҳушчақчақ суҳбатга киришиб кетдик. Ёнимда келаётган евроосиёлик йигит биз келган йўлга боши билан ишора қилиб, илжайганча гапира кетди: «Биласизми, сэр, дўстимиз (дорга осилган одамга ишора қиляпти) шикоят аризаси рад этилганини эшитиб, қўрққанидан ҳужрасидаги полга ёзилиб юборди. Илтифот қилиб сигаретимдан олинг, сэр.  Бу янги кумуш қутим ёқмадими сизга? Олибсотардан икки рупия саккиз тийинга олдим. Ноёб европача услубда ясалган.» Бир неча киши кулиб юборди – уларнинг нимага кулганини аниқ айтиш мушкул эди.

Френцис бўлса катта офицернинг ёнида тинмай вайсаб кетаётганди: «Сэр, кўрдингизми, ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Кўз очиб юмгунча. Лекин, иш доим ҳам бунақа осон кўчмаган. Баъзан маҳбуснинг ўлганига ишонч ҳосил қилиш учун шифокор дор остига келтирилиб, оёғидан тортиб кўрарди. Ғирт аҳмоқлик.» «Қимирлатиб кўришми? Бу яхши эмас» , жавоб қайтарди катта офицер. «Нимасини айтасиз, сэр, энг ёмони буларнинг ўжарлиги тутиб қолса бўлади. Ҳалиям ёдимда: биттасини олиб кетиш учун келсак, у нодон қафасининг панжаралари орасига тиқилиб олибди. Ишонишингиз қийиндир, лекин уни тортиб чиқариш учун ҳар оёғига учтадан  нақ олтита соқчи керак бўлди. Ланъати маҳбус билан келишишга ҳам ҳаракат қилиб кўрдик, «Ошна, бизга қанча азоб-у ортиқча муаммо туғдирётганингга қара» дедик, барибир қулоқ солмади. Шунақанги кўп ташвиш келтиргандики…»

Қамоқхонанинг улкан қўшалоқ дарвозасидан кўчага чиқдик. «Оёғидан тортиб кўриш!» деб бирмалик судья бирдан хандон отиб кулиб юборди. Кулгига биз ҳам қўшилдик. Ўша пайтда Френциснинг латифаси жуда кулгили туюлганди. Ҳаммамиз: маҳаллийлар ва европаликлар бирга дўстона ўтириб ичдик, осилган маҳбус эса юзлаб ярд олисда қолиб кетганди.

1931-йил

Инглиз тилидан Самандарова Сожида таржимаси

2 Izohlar

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting