ҳикоя

Тонгги саккизларда дупурлаган қадам товушлари ва тоб ташлаган эшикнинг қаттиқ сурилиб, очилгани эшитилди. Аллақачон уйғониб, тўшагида мудраб ётган Диёр бирдан жонланиб, остонага чопиб чиқди. Остонада қўш отар милтиғини елкасига илиб олган Ашраф оға турарди. Ташқарида совуқ, қор тизза баробар ёғиб қўйган бўлса-да, ҳаво очиқ. Кигиз этик, қалин пахтали камзул ва телпакда узоқ йўл босиб, терлаб-пишиб кетган Ашраф оға ичкарига ҳам кирмай, шошқин оҳангда деди:

– Собирни уйғот, кетдик!

– Отдингизми?!

– Ҳа, кийик! Тезроқ бўлинглар. Аъзани ташлаб келганман.

Яхши, бу сафар думига тегмабди! Ашраф оғанинг шундай ҳазили бўларди. Овдан қуруқ қайтса, «Думига тегди,» – дерди. Йигирма дақиқаларга қолмай учовлон нишаблик бўйлаб, қуёш нурида жилваланган қорни кечганча, ўлжа ташлаб келинган дўнглик томон тирмаша бошладилар. Олдинда Ашраф оға, кетидан Диёр ва энг охирида, бир неча қадам орқароқда, оғанинг ўғли – Собир, эргашганди.

– Собир, имиллама. Чарчадингми? – деди Ашраф оға, ортига қайрилиб. Кейин тўхтаб, бир чеким нос отди-да атрофга кўз ташлади. Ҳамма ёқ осуда, фақат ора-сирада шир яланғоч олма оғочига қўниб олган қарғанинг қағиллагани жимликни бузарди. Парқу булутлар сузиб юрган, мовий кенгликда бир бургут бамайлихотир парвоз қиляпти. Оппоқ қорга бурканган дўнгликлар уйқида. Кимнингдир уч-тўрт бош сигири у ер бу ерда яккам-дуккам кўриниб турган ўт-ўланларни эринчоқлик билан чимдийди. Улардан олисроқда, тоғ ёнбағрида, узанган қарағайзор қорайиб кўринади.

Пиш-пиш нафас олганча, ниҳоят, Собир ҳам етиб келди. Юзи совуқдан қизариб, кўзини, сал қолса, ёпиб қўйган қалпоғини ҳам тўғрилаб олишга мажоли қолмаганди. Унинг биққа семизлиги шунақа пайтларда кўп панд берарди. Ашраф оға ва Диёр иккиси мийиқларида кулганча унга разм солишди.

– Роса терлабсан-ку. Озроқ дам ол, – деди оға раҳмдиллик билан.

Бир оз нафас ростлагач, яна йўлга тушишди ва ўша кўйи, тепаликка етиб чиққунча тўхтамадилар.

Кийик унча катта эмас экан. Ёнгинасида қўриқлаб ётган Аъза, бўйиндаги ўқ теккан жойни ялаб кўрганини айтмаса, умуман тегинмабди. Ашраф оға бу хусусиятни шундай очофат итга қандай сингдириб юборгани номаълум эди-ю, лекин, чиндан ҳам, у қозоқ овчиларини лол қолдирарди. Ўша овчиларнинг айтишича, алабайни овга ўргатиб бўлмас экан. Лекин Аъза бундан мустасно бўлиб, оғанинг овдаги ишончли ҳамроҳига айланганди. Отилган тустовуқни чакалакзорлар ичидан топиб чиқиш, тўнғиз ё кийик каби каттароқ ўлжа бўлса, олиб кетилгунича пойлоқчилик қилиб ётиш, айнан, унинг зиммасида эди. Бундан ташқари, ўзи ҳам баъзан бўрсиқ ёки тўнғиз боласи каби майда кемирувчиларни овлаб турарди. Чиндан ҳам, алабайнинг ҳатти-ҳаракатлари ғаройиб эди: йўлида дуч келган қўй ёки бузоқни шафқатсизларча ғажиб ташларди-ю, овланган ўлжага тегинмай, худди, ўз боласидай, ёнида соатлаб ётаверарди.

Ашраф оға итнинг бошдан силаб, эркалаб қўйди.

– Диёр, пичоқни ол. Майдала-чи, қани.

Кейин диёр орқасига илиб олган халтадан пичоқни олиб, кийикни сўйишга киришди. Бир зумда калласини узиб, ичак-чавоқларини ағдариб ташлади. Аммо шу пайт барчаларини ҳайратга солган, аянчли воқеа юз берди: ичак-чавоқлар орасида, бачадон пардаси ичида бир нима ғимирларди. Кийик бўғоз экан! Ана, оёқлари билан тинмай тепиняпти! Буни кўрган Собирнинг юраги увушиб кетди. Эсига бир сафар қаердандир дайдиб келиб қолган кийик боласи тушди. Ёз пайтлари эди. Собир дадасидан сўкиш эшитиб, уй тепасидаги шудгорда бир илдизни болта билан майдалаётганди. Шу пайт ёнгинасида турган, тойчоққа ўхшаш жониворни пайқаб қолди. У қоп-қора кўзларини Собирга ҳайрат билан тикиб турарди. Собир аввалига уни тойчоқ деб ўйлади. Сўнгра унинг ён бошидаги оқ доғларни пайқаб қолди-ю дабдурустдан бақириб юборди:

– Бемби!

Жонивор сапчиб, орқасига қоқилди-да бир зумда ўзини ўнглаб, уй биқинидаги сим тўсиқ томон ўқдай отилди. Тўсиқ орасидан елдай ўтди ва олмазор ичига ғойиб бўлди. Бу нимжон оёқларда қандай чапдастлик, шиддат бор экан! Нарироқда куймаланиб юрган Жавлон билан Нажиб унинг ортидан оч кўппаклар каби лапанглаб қувган бўлишди-ю, ета олмай, ҳаллослаб қайтиб келишди.

Улар бундай гўзалликка ўлдирмай эга чиқа олмасдилар. Албатта, уларга кераги бу ғаройиб жонзотнинг гўзаллиги ҳам эмас эди. Мана, ҳозир чавоқланган кийик тепасида турганча ҳали туғилишга улгурмаган жонзотга ачинаётиб ҳам мазали ўлжага эга чиққанларидан, кайфиятлари чоғ эди. Фақат, Собир бошқалардан кўра кўпроқ қайғурди. Диёр бўлиқ этни бўлакларга ажратаётган пайтда бир четга улоқтириб қўйилган она кийик бошига ғамгин тикилиб қолганди. Ундаги тим қора кўзлардан, ҳатто, танасидан айро ҳолда ҳам, ёш оқаётгандай туюларди.

– Собир, буни сен кўтар, – Ашраф оға уни сергак торттирди. Қараса, Диёр гўштни майдалаб, қопларга эпчиллик билан жойлаб ҳам бўлибди. Учовлон биттадан орқалаб, нишабликдан ортга қайтишди. Ёруғ дунёни кўришдан мосуво бўлган кийик боласининг ёнида, фақат, Аъза қолди. Аммо унинг нияти энди пойлоқчилик қилиш эмас эди.

Кийик қовурдоқ жуда мазали чиқибди. Ўтган дилхираликни, ҳатто, Собир ҳам буткул унутиб, мириқиб овқатланди. Ашраф оға оғзидаги луқмани ютаркан, жияни ва ўғлига мамнун сўз қотди:

– Пиёздан кўпроқ қўшиб енглар. Осон ҳазм бўлади.

Рафиқ Ўзтурк

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting