Поезд

1
920

бадиа

-Поездга билет олдим. Эртага йўлга чиқаман.
-Яхши. Ундай бўлса кўпроқ овқат ғамланг. Поездда овқат жуда қиммат ва бемаза бўлади. Кейин енгилроқ кийининг. Поездда қулай бўлиши учун.

Ухлаганда дераза томонидан совуқ келади, бошингиз ёки оёғингиз совқотмасин десангиз яхшилаб ўранишингиз керак. Ҳа, проводникдан адёл олиш мумкин. Аммо жуда эскида, ёпингинг келмайди. Чойшаблари ҳар тугул янгироқ. Ўзингиз учун ажойиб шароит яратиб олсангиз бўлади. Масалан, кофе ва китоб олинг. Китоб ўқиш учун қулай имконият. Аммо, ҳамроҳингиз эзма ёки гапдон бўлса урди худо. Мабодо шундай бўлса асло сиёсат ҳақида гапирманг. Яхшиси, наушник олинг. Мусиқа эшитиб кетасиз.

Поездда чойнак пиёла бўлади. Аммо, синдириб қўйсангиз уч баробар пулини тўлашингиз керак. Ўзингизга алоҳида ичишга бирор нима олинг. Яна поезднинг ювиниш хоналари унча озода бўлмайди. Суви муздек, бет қўлингни ювгинг келмайди. Эҳтиёт бўлингда, ҳозир кун совуқ, шамоллаб қолишингиз мумкин.

Сотувчи хотинларнинг нарсаларига эътибор қаратманг. Ўн баробар қимматга сотишади. Ерга тушсангиз, арзон баҳога олишингиз мумкин. Биламан, қўярда қўймай сотиб олишингизга ҳаракат қилишади. Аммо, сиз деразадан маназарага қараб ўтираверинг. Манзара. Қандай чиройли. Айниқса тунда. Узоқдан аллақайси шаҳарнинг у ер бу еридаги чироқлари кўриниб туради. Ўйлайсиз. У ерда одамлар ҳозир уйида телевизор кўришаётгандир ёки бирор юмуш билан банд. Сал ўтгандан кейин қоронғуликка сингиб кетади поезд. Яна қаердадир чироқ кўринармикин дея кўз узмайсиз деразадан. Дераза терлаб кетади. Ташқаридаги ҳолатни кузатишнинг имкони қолмайди. Терлаган деразага нимадир чизгингиз келади. Мен одатда кулиб турган стикерча чизиб қўярдим.

Мусиқа, қаҳва, поезд ва терлаган дераза. Бирдан проводник паспортларни кўриб чиқиш учун келади. Чиптангизни беришингизни сўрайди. Ҳайрон бўлманг. Биринчи поездга чиққанимда чиптамни бермайман деб роса жанжал қилгандим. Ҳозиргача уларга йўловчиларнинг чипталари нима учун кераклигини тушунмайман. Агар проводникка иш бўйича кетяпман, чиптам жуда зарур десангиз эрталаб қайтиб беришади. Аммо олиб яна қайтиб бериш ўртасидаги маънони англамасдан тутоқманг. Ўзлари ҳам билишмаса керак.

Поезд тезлигини оширса қўрқманг. Бирорта газета олиб олсангиз бўлади. Кроссворди боридан олинг. Газеталарда ўқишга арзирлик нимадир борилигини билмайман. Кроссворд ишлаб кетиш мумкин. Қўрқувингизни енгади.

Ухлаш вақти келганда тўсатдан радиодан қўшиқ янграб қолса жаҳл қилманг. Кимдир норозилик билдириб қолса ўчиришади.

Орада жуда кўп уйғонишингиз мумкин. Бекатларда поезд тўхтаганда сал ғала-ғовур бўлиб олади. Ким айтибди қоронғулик сукунат дея ахир. Тун ҳам жонли.

Манзилга келганда ухлаб қоламан дея ҳижил бўлманг. Поезд сизни яна олиб кетмайди. Проводниклар жуда ҳушёр. Улар сизни тонг саҳардан уйғотишади. Чойшабларни чиройли қилиб тахлаб, қайтариб берасиз. Йўл бўйи уларнинг ўзларини тутишига беъэтибор бўлинг. Бақиришади, ҳоҳолашади. Чиройли қизларга гап отишади. Аммо, бир кун. Бир кун сабр қилсангиз поезддан ерга тушасиз. Тушаётганингизда шошилманг. Барибир поезд сизни яна олиб кетмайди.

Сизни кутиб оладиган одамингиз борми?
-Йўқ.
-Менда ҳам бўлмаган. Аслида поезддан тушишим билан кимдир очиқ чеҳра билан, хурсандчиликда кутиб олишини жуда истайман. Майли, сизни пастда киракашлар кутиб олади. Айтган манзилингизга олиб бориб қўйишади. Аммо, улар ҳам жуда қиммат нарх айтишади. Одатда мен юким енгил бўлса автобусга чиқиб оламан.

Ҳа айтгандай, поезддан тушаётганингизда сизга ҳамроҳ бўлганлар, хайр маъзурни ҳам унутиб қўйишади. Гўё, улар билан ҳеч қачон кўришмагансиз, бирга чой ичмадингиз, овқатланмадингиз, бир купеда ухламадингиз. Шундай бўлса хафа бўлиб юрманг.

Умуман поезднинг тартиб-қоидалари бор. Булар ёзилмаган. Деярли 20 йилдан бери манзилимга поездда бориб келаман. Поездда юришни жуда яхши кўраман. Мусиқа, китоб, қаҳва ва терлайдиган дераза учун.

Умида Нурметова

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting