Резауддин Сталин. Шеърлар

0
699

Шоир ҳақида

Резауддин Сталин- таниқли бенгал шоири ва телебошловчиси. 1962 йил 22-ноябрда Бангладешнинг Жесор шаҳрида туғилган. Дакка Университетининг сиёсий фанлар бўйича магистри. 35 йил давомида “Назрул Ислом “ жамғармасига раҳбарлик қилган. Ҳиндистоннинг “Натто Чохро”(1985), Бангладешнинг “Шобхо Шачи”( 2011), Ақшнинг “Бадам”( 2012), Англиянинг “Журналистлар учун” мукофотлари (2018) соҳиби.

Ибтидо (THE BEGINNING)

Вақтим бўлинган ҳўкизнинг туёғи каби

Лаҳзалар ёрилган фермернинг

Тўқ ранг оёқларидек.

Таваллудим бўлмай вақтга дахлдор,

Воқеалар лаҳзага кишанланмаган

Ва жаҳонда рўй бермаган пайти ҳеч нарса

Кўндаланг турар статист ёқтирган савол:
Чўчиганим учун ўлим даҳшатидан

Харис бўлсам вақт моҳиятига наҳот?..

Ҳеч нарсамас минг йил қадимшуносга,

Бир аср аҳамиятсиз файласуф учун,

Фалакшуносга юз милён йил

оний бир фурсат.

Вақтим таъсирида ҳис қилдим аммо

Ташналик азобига монанд туйғуни.

Илғадим лаҳзаларни рўй бермасидан

Кўра олдим саёҳатни бошланмай туриб.

Ҳали туғилмаган ҳомила учун вақт

Бу оламда мавжуд эмаскан алҳол.

Олдинги ҳодиса етаклаб келган

Туғилиш фарёдисиз ҳомила э-воҳ,

Туташмаскан кейинги ҳодисаларга…

Вақтим бўлинган ҳўкиз туёғи каби

Лаҳзалар ёрилган фермернинг

Тўқ ранг оёқларидек.

Шу фарёд етказди ибтидом хабарин

Таваллудимга қадар шукуҳли дамдан

Мосуво бўлган дунёи дунга.

ГОДОНИ КУТИБ (WAITING FOR GODOT)

Эстрагон, кўз ёш тўкишни бас қил,

Годо келади эртага бешак,

Ахир, тингладинг-ку чўпон болани!

Яхшиси чайнагин-да берган сабзимни

Ва ўйла дунё очқаган бир пайтда омад

Севимли таомнингни сенга тутганин.

Хўш, Эстрагон

Биз кутаётган Годо асли ким,

Кўрганмисан уни бир бор ҳеч қурса,

Ташрифи берарми қорин боқмоққа умид?

Йўқ эрса, нега кутамиз уни ҳар куни? …

О, бу кутиш даҳшатлидир ҳатто қонхўр

Хўжайин Пеццонинг ҳайвонсифат хулқидан;

Оғриқлидир иш толиқтирган Лаккининг

Оғзидан сизиб тушаётган майда тупук ё

Оёғингдаги пойабзални ечиш ташвишидан…

Юр, ундан кўра борамиз-да басма-бас

Ўзимизни осамиз ўша қурғур дарахтга!

Лекин, қара кечагина яланғоч, ҳорғин

Дарахтда пайдо бўлмиш янги куртаклар.

Буни қандай мумкин инкор қилмоқлик?!

Эстрагон, кўз ёш тўкишни бас қил

Ахир, тингладинг-ку чўпон болани,

Годо келади эртага бешак!

Гапга кир, бу узоқ кутиш жараёни

Қонхўр Пеццога улашди кўрлик.

Малай Лакки бўлса бўлди кар-соқов,

Пойабзал ўлчовинг ўзгарди ҳайхот!

Яланғоч дарахт-чи барг тўкди бир-бир.

Ҳой, Эстрагон, кўз ёш тўкишни бас қил!

Кўз ёш кутиш азобига қўшади умр.

Бунинг ўрнига кел бир-биримизни

Қучайлик айрилиқ олдидан маҳкам.

Изоҳ: Эстрагон, Пеццо, Лакки- Сэмюэл Беккетнинг “Годони кутиб” драмаси қаҳрамонлари.

ТИТОНУСНИНГ МОТАМИ

(THE LAMENTS OF TITHONUS)

Бувим тегинмади таомга бу кеч,

Хушларди шундай одатни ўзи:

Онам билан чиқса ўртада жанжал

Полга тўкарди таомни буткул,

Тановул қилиб бир-икки луқма…

Бежизга айтишмас инсон сочида,

Оқ кўпайгач бўлар гўдак мисоли.

Бўлиб қолар қайсар, муроса билмас,

Атрофга боқади ишончсизлик-ла.

Илинман унга шу дам ҳамдардлик,

Бу табиий чунки ёшман, навқирон.

Тарбиясиз бувим-чи йиғлар қотириб

Тун ярмидан оқиб ўтгунга қадар.

Унинг фарёди мажбур қилган чоғ

Зўрлаб кўзларимни юмиб уйқуга.

Ичимда Титонус уйғониб шўрлик

Кўз ёш тўкаман мен ҳам пиқиллаб.

Унинг йиғи аралаш афсусларини

Эшитар уйдаги ҳар бир иссиқ жон.

Баъзи қўшнилар ҳузурига-да

Мунгли овоз етар таралиб, шаксиз.

Фақат менинг надоматларим

Эшитилмас…эшитмас ҳеч ким.

Қандай қилиб эшитсин биров

Ўзим улардан бўлсам бехабар.

Изоҳ: Титонус- мифологиядаги қаҳрамон

Инглиз тилидан Шерзод Ортиқов таржималари

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting