Кўнглим ғаш эди. Гарчи тонгданоқ ҳаво мусаффо, айниқса, шаҳар ҳавоси негадир бугун жуда тоза бўлса-да, бу ғашлик менга илашиб олган эди. Барчаси кечаги аламзадалик таъсиримикин? Бундай руҳий тазйиқлар қуршовида қандай яшаш мумкин? Балки…
Инсон орзу билан тирик.
Бир ташкилотда 4-5 киши ишлаб, бир-бирининг кўзини ўйишга тайёр бўлса улар. Ғалати. …да шундай ҳавосизлик бўлишини бошқалар етти ухлаб, тушида ҳам кўрмаса керак.
Баъзан ўйлаб қоламан. Бошқа соҳа вакили бўлганимда, оиламдагилар сал яхшироқ яшармиди? Ўзим ҳам бунчалик қийналмасмидим? Лекин ҳеч бир соҳани инсон танламайди. У инсонни танлайди. Тақдири илоҳий деб шуни айтсалар керак-да. Тўғрироғи, тақдир Аллоҳнинг измидаги нарса, бандасининг эмас. Лекин бу азобларга чидаб яшаш, бундай манфаатлар тўқнашувини қабул қилиш… менинг қалбим уларни қабул қилолмайди.
Қизиқ, қалби ўлган ижодкор бўладими?
Улар бир-бирининг гўштини бунча ейишмаса-а… ҳаммаси ўз манфаатини ўйлайди. Сенинг ёнингда сени ялаб, 5 дақиқа ўтар-ўтмас, душманинг олдида уни ялашга тушади.
Сенга уни, унга сени ёмонлаб, кўнгли ўсадими? Қайдам. Гап унинг кўнгли ўсишида эмас, ҳаммаси унинг манфаатларига нима хизмат қилишидадир. У ўз манфаатлари йўлида ишлайди. Бировни мақтамоқчи бўлса, ўз манфаатидан келиб… Бу — четдан қараганда, кулгили, ичдан қараганда, ўкириб йиғлашга арзигули ҳолат.
Гоҳо ўйлаб қоламан: шунча йил яшаб, нималарга эришдим? Энг яқин дўстим борми ўзи? Мен ҳозир ўламан десам, ҳамма ишини ташлаб, менинг ёнимга келадиган инсон борми? Бу саволга жавоб топиш қийин. Ижодкор бўлиб, нимагадир эришдимми? Ўзимни исбот қила олдимми?
Билиб туриб, тан олмайдиганлар шунчалар кўпки, улар ўз балчиғига сени тортади. Ич-ичидан тан олади сенинг тозалигингни. Лекин ҳеч қачон буни бошқалар олдида тан олгиси келмайди.
Озгина ютуққа эришсанг, дабдурустдан устозларинг кўпайиб қолади-да. Аммо, сен ботқоқда бўлган пайтинг ким сени шу ботқоқдан тортиб олгиси келади-а? Борми шундай инсон?
Қизиқ, инсонлар ҳақида ўйлайдиган, улардан мадад кутадиган бўлиб қолдимми? Шу эмасми ҳақиқий айбим? Ахир, энг катта айбим шу эмасми? Ғалати, ҳа. Жудаям ғалати.
Эркин ижодкор деган атама бор. Эркин ижодкор. Аслида шундай ижодкор бормикин? Рўзи Чори, Рауф Парфи… саноқли. Шуларнинг юраклари яра бўлиб кетган бўлса керак. Яралари маддалаб кетган бўлса, ажабмас. Ғалати дунё бу. Ҳаммаси фойдаланиш учун, фойда кўриш учун яқинлашади.
Қалбим тилка-пора бўлгани ижодкор сифатидаги бахтим, инсон сифатидаги камчилигимдир.
Порахўрлар даврасида бўлиш, сенда одамзодга нисбатан нафрат уйғотадими, қайдам…
Очиғи, расмий давраларга ҳушим йўқ.
Табиат қўйнида ёлғиз ижод қилсанг. Кўнглинг тусаган пайт сени тушунадиган инсонлар билан дилдан суҳбатлашсанг. Улар сени мақтамаса-ю тушунса, ҳис қилса. Бўлди. Бир ижодкор учун шу етади. Мажлисбозлик, қоғозбозлик, сохта ҳайқириғу қарсаклар кимга керак? Фақат маддоҳларгина, мунофиқларгина бунга зор, ўч.
Доимо ҳаммаслак, дўст излаганман. Қўрқаманки, умрбод шундай бўлиб қолмасин. Мудом “табибимнинг ўзи ҳам бемор” бўлиб келган. Бу дунёдан воз кечиб, ҳақиқат дунёсига ихлос қилишим керак. Аллоҳдан бошқага сир айтмаслик керак. Ўзидан бўлак кишидан умид қилмаслик лозим. Лекин сохта башаралар, сохта сўзларни, ваъдаларни қандай ҳазм қилай? Нажот Қуръондадир. Нажот Аллоҳдандир.
Шеър — шоирнинг ибодати.
Балиқ — сув билан тирик, ижодкор ижод билан. У ёзмай қўйганида ёки ёзолмай қолганида-чи..?
Адабий муҳитсиз катта адабиёт яратилмайди. Маиший чўпчаклар ёки бозор адабиёти эса маънавиятни ўлдириш учунгина хизмат қилади.
Нима учун савияси паст машқларнинг мухлиси кўп? Чунки уларнинг мутолааси жараёнида китобхон фикрлаши шарт эмас. Енгил-елпи детективлар, воқеий, рамзлаштирилмаган машқларнинг жамиятга зиёни атом бомбасининг зараридан асло кам эмас. Афсуски, замонавий адабиётимизда ўзидан бошқани тан олмайдиган шоири замонларимиз қўзиқоринлардан ҳам кўп. Аслида шоирдан кўра, шахснинг маънавиятимизга қўшадиган улуши улканроқ бўлса керак. Бунга Асқар Маҳкам, Аъзам Ўктам, Садриддин Салим Бухорий сингари инсонларнинг ҳаёти мисол бўла олади. Уларнинг шеъри билан шахсияти уйғун. Бу шоирларни буюклигининг сири айтганига аввало ўзи амал қилганидадир.
Шоир — дард фарзанди. Асл шоирнинг шеърлари гўё йиғлаб ёзилгандек кайфият уйғотади кишида. Аммо кўнгли тоза бўлмаган инсоннинг ибодати қабул бўлармикан? Хўш, шеъри ўзига ўхшамаган шоирнинг шахсияти қандай қабул қилинади?
Демак, чиқарган хулосамиз шу, ҳақиқий шеър — шоирнинг Аллоҳга ибодати бўлмоғи лозим. Боя айтганимиздай, бу ибодат тоза, кирланмаган юракдан чиқсагина юракларга етиб боради.

Обид ҚЎЛДОШ

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting