Bosh sahifa Nasr СОҒИНЧ

СОҒИНЧ

0
540

(ҳикоя)

Нью-Жерси ўйлаганимдан ҳам катта шаҳар экан. Абрам амаким рулда, отам ва мен  орқа ўриндиқда кетарканмиз, машиналар қатновидаги узун тирбандлик билан бутун шаҳар бўйлаб бир текисда жойлашган осмонўпар биноларнинг ҳайбати бизда ўзгача таассурот қолдирди. 

Абрам амаким ўзида йўқ хурсанд эди. У йўл бўйи отамга шаҳарнинг эътиборли масканларини таништириб, орада бу ердаги турли миллатга мансуб одамларнинг яшаш тарзи ҳақида гапириб борарди.

Бир маҳал кўча бўйлаб чўзилган машиналарнинг тирбандлиги ҳам, осмонўпар бинолар ҳам ортда қолди ва  энди бир томони дарахтларга тўла, бир томони қизғиш ғиштдан қурилган икки қа­ватли уйлардан иборат бўлган магистрал йўлда кетардик.

Абрам амаким шаҳар ташқарисида турарди. Унинг уйига етиб келганимизда  сентябрь қуёши аллақачон уфққа ботиш тараддудини кўрган, атрофга қоронғи туша бошлаганди. Уй олдида Марина янгамни кўрдим. У кечки салқинда уй олдига экилган гулларга сув қуярди.  Машинани уй олдига тўхтаганини кўриб, у ёш боладек хурсанд бўлиб кетди.

−Уларни олиб келдим, Марина! — деди Абрам амаким машинадан тушиб жилмайганича бизни кўрсатаркан. — Мана, ён қўшниларимиз — жон қўшниларимиз.

−Абрам, қанчалик хурсанд эканлигимни билсангиз эди, — деди Марина янгам бизни кўргач эрига миннатдорчилик билан тикиларкан.

Абрам амаким ҳам, Марина янгам ҳам ҳамон ўзбек тилида бинойидек гапиришарди. Америкадаги йигирма йиллик турмушлари бунга заррача салбий таъсир кўрсатмаганди.

−Анвар муаллим,- деди Марина янгам отам билан қадрдонлардек қучоқлашиб кўришгач. — Сочларингиз оқариб кетибди-ку.

−Сизники ҳам, Марина синглим, — деди отам ва қўшиб қўйди. — Ҳа, энди кексайдик-да.

Абрам амаким бир мен томонга, бир хотини томонга қувлик билан қараб қўйди.

−Марина, — деди мен томонга ишора қилиб, — бу зумрашани ҳам танидингми? Эсингдами, доим дарвозамизга оқ бўрда нималарнидир чизиб қочарди. Ўшанда бу катта бўлса рассом бўлади, дердим. Мана, айтганимдай рассом бўлибди.

Марина янгам унинг гапларига кулиб қўйиб, мени бағрига босди.

−Бир чиройли йигит бў­либди зумрашамиз, — давом этди Абрам амаким. 

−Одамни хижолат қилманг, Абрам, — деди Марина янгам мени бағридан бўшатгач.

Абрам амаким шундан сўнг отам билан мени елкамиздан тутиб ичкарига таклиф қилди.

−Болаларимиз улғайишди, — деди у йўлакда бирма-бир костюмларимизни олиб девордаги илгичга иларкан. — Кечагина улар кўча чангитиб юришарди. Бугун эса…

Шунда у нимадир эсига тушиб, кўзига ёш олди ва атрофга аланглаб хотинига саволомуз қаради.

−Айтганча, қизинг Света қани?

−Тўйга кўйлак танлагани кетганди, — деди Марина янгам меҳмонхонадаги стол устини тартибга келтираркан. — Хавотир олманг. Қаллиғи билан бирга.

−Муаллим, мана қизалоғингизни ҳам турмушга бер­япмиз, — деди Абрам амаким отамга юзланиб. — У ҳам кап-катта бўлиб қолган. Эсингиздами, у мени дада деса, сизни «бой дада» дерди. Раҳматли Инобатхонни ҳам яхши кўрарди.

−Албатта. Буни қандай унутиб бўлади? — деди отам йўлакда бир муддат тўхтаб.

Меҳмонхона шинам эди. Ўртада олти кишилик думалоқ стол бўлиб, шифтдаги унга мос ўлчамдаги қандил хонанинг ичини рисоладагидек ёритар, деворлардаги оилавий суратлар ва ўймакорлик билан нақшинкорликнинг нозик намунаси бўлган жавон хонага кўрк бағишлаб турарди.

−Овқатингни тезроқ олиб кел, Марина, — деди Абрам амаким барчамиз стол атрофига ўтиргач, ошхонага кириб кетган хотинининг ортидан бақириб. — Тўғри аэропортдан келишди қўшниларимиз. Туз ҳам тотишгани йўқ.

Дастурхон усти бир зумда ноз-неъматга тўлди. Марина янгам Марғилонда ҳам қўли ширин пазандалиги билан ном чиқарганди. Ҳали ҳам шундай эди. У ўзи тайёрлаган ширинликни дастурхонга тортаётганида, эшик очилиб, остонада инглиз тилида «ойи» деган овоз эшитилди. Кейин йўлак бўйлаб қадам товушлари. Бироз ўтгач, остонада ўрта бўй, озғинроқ, бурни бир мунча узун, сочлари ёйилган қиз пайдо бўлди.

−Анвар муаллим, ана қизалоғингиз ҳам келди! — деди Абрам амаким овқатдан бошини кўтариб.

Света анча ўзгарганди. Болалик хотираларимнинг бир қисми бўлган, мен билган ўша Света билан ҳозиргиси ўртасида умумийлик йўқдек эди. Лекин кўзлари ўшандай, хотиржам ва вазминлик билан боқарди.

−Тўйингга келишди, қи­зим, — деди Абрам амаким унга инглиз тилида ва биз томонга қараб изоҳ берди. — Ўзбекчани ҳам тушунади, гапиради, аммо нуқул шунақа инглиз тилида гапиради.

Света дарров бўлмаса-да, ҳар ҳолда дам ўтмай бизни таниди ва лабларида табассум билан югуриб отамни олдига борди. Отам ўрнидан туриб, «Бахтли бўл, қизим», деб уни пешанасидан ўпиб қўйди. Кейин у мен томонга қаради ва бирдан юзида зохир бўлган табассум янада тиниқлашди.

−Энди эслади, — деди Марина янгам. 

−У дарвозамизга бўрда расм чизарди! — деди Света мендан кўзини узмай.

−Худди шундай! — деди Абрам амаким қойил қолганини билдирмоқчидек столнинг четини шапатилаб. — Кейин қочиб кетарди. Сениям эсингда экан-а?

Бирпасда Светанинг чеҳраси очилиб, бояги жиддий қиздан асар ҳам қолмади. Биз бешовлон кечки овқатланиш пайтида кўҳна Мар­ғилон ва у ерда йиллар оралаб ўтмиш бағрига сингиб кетган кунлар, бир умрга сақланиб қолган хотиралар ҳақида суҳбатлашдик. Йўл-йўлакай мавзу Америкага кўчди ва Абрам амаким Марғилонда ўзбек маҳаллаларида яшаб, мустақилликнинг дастлабки йилларида бу ерга кўчиб келган яҳудийлар ҳозирда бутун Америка бўйлаб тарқаб кетишганини айтиб, уларнинг кўпчилиги айни пайтда Нью-Йорк билан Бостонда яшаётганликларини қистириб ўтди.

−Улар билан қўнғироқлашиб турамиз, — деди у ширинликдан ёнидаги ликопчага солаётиб. 

Суҳбат давомида кўп ҳолларда у билан отам сўзлади. Марина янгам орада гапга қўшилиб, баъзан бош ирғаб тасдиқлаб турди, Света иккимиз уларни жим эшитдик. Света болалиги ўтган шаҳар ҳақидаги хотираларни жим эшитаркан, уларнинг таъсирида жунбушга келибми, юзи қизариб кетди, отамдан кўзини узмай ўтирди. 

Нью-Жерсининг чеккасида жойлашган бу уй ўтмиш хотираларига кўмилиб кетганди. Ҳатто, оқшом чўкиб, тун яримлагани ҳам билинмади. Абрам амаки бизни ётоқхонага — иккинчи қаватга кузатиб қўйди. Отам чарчаганлиги боис дарров ухлаб қолди. Менинг негадир кўзимга уйқу келмади. Бироз ўтиб, дераза олдига келдим ва уни ланг очдим.  Сентябрь оқшомининг  муздек ҳавоси юзимга урилди. Ташқарида дарахтлар шитирлаб майин шабада эсарди. Шу пайт пастдан қулоғимга ўзбекча қўшиқ эшитилди. Деразадан бошимни чиқариб, қулоқ  тутдим. Тавба… худди ўзимни Марғилондаги чойхоналардан бирида ўтиргандек ҳис қилдим. Қўшиқ эса тинмасди.

«Фиғонким гардиши даврон айирди шаҳсуворимдан,

ғамим кўп, эй кўнгил сан бехабарсан, оҳ-у зоримдан…»

Қўшиқ пастдан, боя биз овқатланган меҳмонхонадан тараларди. Негадир кийиниб, пастга тушгим келди. Бошида иккиландим, бироқ лаҳза ўтмасдан кийиндим-да, зинадан пастга тушдим. Меҳмонхона олдига етганимда бу қўшиқ янаям аниқ қулоғимга чалинди. Меҳмонхонанинг эшиги очиқ, лекин чироқлари ўчиқ эди. У ердаги  дераза олдида креслога суянганича кимдир токчадаги магнитофонга қўлини текказиб қимир этмай ўтирарди. Қадам товушимни эшитиб, у чўчиб кетди ва мен томонга ўгирилди. Бу Света эди.

−Сенмидинг? — Негадир у ўрганиб қолган инглиз тилида эмас, ўзбек тилида деди.

Унинг талаффузида америкаликларга хос бўлган жиҳатлар сезиларли бўлиб, унинг тимсолида қаршимда туриб худди ўзбек тилини янги ўрганган америкалик гапираётганга ўхшарди.

−Ухлолмадим, — дедим унинг ёнидаги стулга ўтириб. — Қулоғимга шу қўшиқ чалиниб пастга тушдим.

−Нега бу қўшиқни эшитаётганимни билмоқчисан? Шундайми?

−Унчаликмас…

Света магнитофонни шартта ўчирди.

−Бу қўшиқни ҳар куни эшитаман. Аниқроғи, кассетани дадамнинг буюмлари орасидан топиб олганимдан бери.

У ўрнидан шошилмай туриб чироқни ёқди. Унинг кўзлари қизариб кетган, афтидан, йиғлаганди.

−Марғилондан кетганимизда олти яшар қиз эдим. Ҳозир йигирма олтига кирдим, — деди жойига қайтиб ўтиргач маҳзунлик билан. — Мана, энди индинга турмушга чиқяпман.

Қоронғида сезмаган эканман. Магнитофоннинг ёнида ликопчада қизғиш рангдаги узум турарди. Света ундан бир чимдим узиб еди.

−Барибир «Ризамат ота» узумлари ширинроқ эди. Ҳозир ҳам Марғилонда борми узумнинг шунақа нави?

У тасдиқ ишорамни кўриб хўрсиниб қўйди.

−Кўчамизни бошида Ўктам амаки айрон сотарди. Ҳозир ҳам сотяптими?

−Унинг қазо қилганига анча бўлган. Энди ўғли сотяпти.

−Новвойхона-чи, турибдими? Иссиқ нон ёпиларди. Нони бирам ширин эдики…

−Ўрнига дорихона  қурилган.

−Бекинмачоқ пайти биз ортига беркинадиган катта чинор-чи?

−Уни беш йил олдин кесиб ташлашган.

−Наима холанинг ити-чи? Ҳа-я, у ўлиб кетгандир. Итлар узоқ яшашмайди.

Света яна нималарнидир эслашга урингандек дераза узра узоқларга тикилиб қолди. Бироз ўтиб, яна савол-жавобимиз давом этди.

−Бой дадам Марғилон дўппи киймай қўйибди. Ҳеч ким киймаяптими ҳозир?

−Ҳа, энди, кўпчилик дўп­пи киймаяпти.

−Инобат холамнинг чиройли атлас кўйлаклари бўларди.

−Энди атлас кўйлак ҳам киймаяпти кўпчилик.

−Уйларингда бедана бўларди. Доим сайрарди.

−Ҳозир йўқ. Боқмай қўйганимизга анча бўлган.

−Инобат холам ширин чучваралар тайёрларди.

−Энди дўкондан тайёрини оляпмиз.

Света бошқа гапирмади. Аксинча, илкис ўрнидан туриб хона бўйлаб секин юра бошлади.

−Биласанми, бу ерга келган илк кунимиздан буён Марғилон кўз олдимдан кетмайди. Уни унута олмайман. Мана бу катта шаҳар, одамлар ҳанузгача менга бегона, бу ерда яхши яшасам-да, ётсирайман. Айтишинг мумкин, олти яшарлигида кетган қиз ўзи туғилган шаҳарнинг нимасини ёдида сақлаб қолган бўлиши мумкин деб? Лекин, ҳаммаси эсимда. У ердаги ҳар битта дарахт, ҳар битта жой хотирамда муҳрланиб қолган. Кўчамизнинг бошидаги новвойхонада ёпиладиган иссиқ нон билан Ўктам амакининг айронидан тортиб доналари катта-катта ўша қип-қизил узумнинг таъмигача. Ҳамма-ҳаммаси. Баъзида бу ерда юрагим сиқилиб кетади. Шунда деразани очиб, узоқ-узоқларга тикиламан. Худди узоққа қарасам Марғилон кўринадигандек. Баъзида эса ичимдаги англаб бўлмас ҳисни бояги қўшиқ билан босаман. Охирги пайтларда ўзимда кўникма ҳосил қилгандим. Лекин бугун сизларни кўр­дим-у, яна ҳаммаси эсимга тушди…

Кўз олдимда қўғирчоғини кўтариб Марғилоннинг чанг ва тор кўчаларида лунжи тўла қип-қизил узум билан чопиб юрган олти яшар қизалоқ гавдаланди.

Унинг кўзларида ёш мавжлангандек бўлди. Боя йиғидан қизариб кетган кўзлари сўлғинлашиб дераза томонга тикилиб қолди. Уни очиб тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Қўлларини кўтариб, узун бармоқларини тинмай эсаётган шабадага тутиб турди. Охири магнитофон тугмасини қайтадан босди. Қўшиқ тўхтаб қолган жойидан давом этди.

Адашган кимсадек Фур­қат, қаён боргум билолмасман,

Қачон бўлғайким топғайман хабар ёр ўз диёримдан…

Света уни бошларини эгиб, қўлларини токчага тираганча эшитди. Қўшиқ якунига етгач  йиғлаганича хонадан чиқиб кетди. Менга хайрли тун ҳам тиламади. Хонада ўзим ёлғиз қолгач, бош­қа бир қўшиқ жаранглашни бошлаган магнитофонни ўчирдим. Орага жимжитлик чўкди. Шу алфозда пича жо­йимдан жилмай ўтирдим. Кейин қизиқишда магнитофон ёнида турган ликопчадаги узумдан бир чимдим узиб едим. Узум бемаза эди…

2019 йил, Август.

Шерзод Ортиқов

Izohlar yo'q

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting