Ғарибам – Эмили, Ғолибам – Эмили!

0
706

(Америкалик машҳур шоира Эмили Дикинсон хотирасига бағишлайман)

“Баъзилар шундай дейди, сўз туғилиши биланоқ унинг умри ҳам тугайди, аммо мен айтаманки, йўқ, сўз дунёга келган лаҳзадан бошлаб у яшай бошлайди”.

                                                                              Эмили Дикинсон

Эмили!

Сиз ҳақингизда мен узоқ вақт ўйлаб юрдим.

Доим нимадир ёзгим келди, аммо руҳингиз қаршисида заиф бу руҳим ҳамиша ожизлик қилди.

Эмили!

Сиз барибир ёзишга ундадингиз, сизникидек хилватнишин, пана кулбамда, тун жамолига бағрини ланг очган деразам олдида ва ундан оқиб кираётган муздек тунги насимлар оғушида Сизнинг чеҳрангиз кўз олдимда қайта ва қайта намоён бўлаверди.

Эмили!

Биласизми, сиз беқиёс умр дафтарини битиб кетгансиз! Сизнинг қисматингиз ҳеч кимникига ўхшамас, такрорланмас, таъсирли бўлиб таъсирли эмас, аянчли бўлиб аянчли ҳам эмас, валек бахтли бўлиб… бахтли ҳам эмас…ажиб, ўзгача… Биласизми, бу қиёсга лойиқ ном топа олмайман мен, англатмоқчиманки, унинг беҳад улуғлиги ёхуд тахирлиги учун эмас, бу шунчаки “Эмили Дикинсон Тақдири” эканлигини тасвиру тавсиф эта олишга дилдан интилганим, кўпдан интиққаним учун, адоғсиз изтироб ва поёнсиз хаёллар исканжасида яшаганим учун-да бир қарорда барқарор туролмайман.
Эмили!

Оппоқ кўйлагингиз ҳалиям эгнингизга ярашиб турибди, сиз уни ҳамиша, ҳаётингизнинг Раббим ато этган барча кунларида қаддингиздан бегона этмай яшагансиз. Ўзига тўқ, номдор давлат вакилининг ардоқли фарзанди бўлсангиз-да, нимагадир зебу зийнатларга ҳечам учмагансиз! Сизни кўрган, билган замондошларингиз “Эмили оқ рангни беҳад яхши кўрарди, атиргуллар ял-ял очилган боғ оралаб доимо оқ ҳарир либосда ёлғиз кезиб юрарди”, дейишган экан. Ростданам, сиз оқ рангга бошқача меҳр қўйгансиз. Ўзингизча бу ғалат, чигал дунёни ҳамиша оппоқ, бегард тасаввур қилишни, унга зарра доғ туширмасликни орзу қилгансиз. Эҳ, Эмили! Фариштага айланган нозик хилқат соҳибисиз!

 Токи юрагимиз жўш урмагунча

Сира билмаймиз ҳеч баландлигимиз.

Йиғлайверамиз ёш қуримагунча

Жар соламиз фақат бебахтлигимиз –

Асли-ку яшаш ҳам Қаҳрамонликдир,

Яшаяпмиз, демак, ҳақмиз, ҳалолмиз.

Бизга бутун Еру Осмон шерикдир,

Дунё қаср бўлса, бизлар Қиролмиз!

Эмили, ҳикоя қилишларича, анча озғин ҳам бўлган экансиз. Бир гал Монсонга борган чоғингизда холангиз сиз – ёш ва ҳуркак қизалоққа шундай таъриф берган экан: “Мукаммал даражадаги баодоб ҳамда хушчақчақ  – у асло ўз болалигини тарк этмайди, ҳамиша ёш гўдакдай бўлиб қолаверади, бироқ хийла нимжон кўринади”. Плезент Кўчасида жойлашган икки қаватли бошланғич мактабга қатнай бошлаганингизда эса таълим олиш йилларида “диний илмга берилган хаёлпараст қиз” деган ном олгансиз. Отангиз болаларини гўзал тарбия олишини қаттиқ хоҳлар, ҳатто узоқ сафарда бўлган дамларида ҳам фарзандларининг таълим олиш жараёни билан жиддий шуғулланиб турарди. Етти ёшли пайтларингизда пуштипаноҳингизнинг уйга ёзган хатини ҳамиша эслаб яшадингиз, падари муҳтарамингиз: “Мактабни ташлаб қўйманглар, фақат ва фақат илм олиш билан машғул бўлинг, шундай қилсангиз то мен уйга келгунимча бир дунё янги илмларни эгаллаб қўйган бўласиз”, деб ёзганди. Эмили, сиз меҳрибон отангизни ҳаммавақт жонкуяр, фидойи ота қиёфасида хотирладингиз, унинг хат ёзишадиган дўстларига ёзган мактубларида чинданам суянганингизни ғоятда меҳридарё, онангизни эса вазмин ва рангпар ҳолда тасвирлаб бергандингиз, яна шундай деб ҳам ёзиб қўйгандингиз: “Болалигимда менга нимадир бўлса, ҳаммавақт уйга, Аустиннинг олдига чопиб борардим, акам худди қаттиқўл онадай эди, бироқ мен уни дунёдаги барча яқинимдан-да ортиқ кўрардим”.

Эслайсизми, шу эсдаликларнинг барини, Эмили? Мен бу номаларингизни бор вужудим икки кўзга айланиб ҳижжалаганман ва хотирамга қаттиқ муҳрлаб олганман.

Эмили, бизнинг боғларга чўзғин сукунат чўккан. Борлиқни чексиз хазинлик, эзгинлик чулғаган. Мен кўчаларни кўп кезавермайман, сиздек хилват гўшамда, одамлардан, нигоҳлардан панада кун кечиришни афзал кўраман.

Эмили, сиз болалик йилларингиздаёқ ўлим билан тўқнаш келгансиз, ажалнинг бераҳм панжалари чангалига олган энг севимли яқинларингизни бирма-бир йўқотавергач, ундан – ўлимдан бир умрга юрак олдириб қўйгансиз. Холаваччангиз ва яқин сирдошингиз Софи Холланд сил касаллиги туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмганида сиз бутунлай ўзингизни йўқотиб қўйгандингиз. Ҳатто орадан икки йиллик фурсат ўтса ҳам, ўша машъум воқеани эсга олиб, бундай деб ёзгандингиз: “Бу ҳол менга шунчалар таъсир этдики, натижада ўзим ҳам гўёки ўлиб қоладигандек бўлиб туюлавердим, мен Софини наинки сўнгги йўлга кузата олиш, балки унинг жонсиз юзига бир қараб қўйиш учун ҳам ўзимда қилдек куч тополмасдим”.

Эмили, сиз ўлимдан қўрқдингиз, унинг енгиб бўлмас ҳукмларидан безиллаб қолдингиз ва яна кўпроқ, кўпроқ ўз туйғуларингиздан даҳшатга тушдингиз, ҳар гал ажал остонадан хатлаши биланоқ, мунис ҳаётингизга раҳна солишни, яқинларингиз ила таҳдид қилишни бошлаши ҳамон ўз туйғуларингизни асраб-авайладингиз, яъни, уларни бўғишни, азоб чекишини, ситамларга абгор бўлишини истамадингиз, қўрқув ва таҳликалардан бир сония-да қутула олмадингиз!

Чунки, айрилиқ ҳажрини торта бошлаган дамларингизда ҳали ғўр бола — мактаб ўқувчиси эдингиз, шунданми нозик ва нораста қалбингиз ўлим каби кучли ғанимга бас кела олмас, унинг юкини кўтара олишга қуввати етмай озорланар эди. Тақдирнинг ана шундай азобли чоғларида Яратганнинг сизга аталган энг олий тортиғи – (Не бахтким!) Ижод билан ошно тутиндингиз!

Ўшанда сизнинг эндигина ўн саккиз ёшлик умр баҳорингиз барқ уриб очилган эди.  Дикинсонлар оиласи Бенжамин Франклин Нюьтон исмли ёш ҳуқуқшунос билан танишади. Кейинчалик Нюьтон вафотидан сўнгги ёзган хатларингизда тубандаги сўзлар бор эди: “Ворсетсордаги ўқишига кетишдан аввал Ньютон менинг дадам билан икки йил бирга ишлади ва кўп вақтини бизнинг хонадонимизда ўтказди”. Сиз билан Нюьтон ўртасидаги муносабатларни асло ишқий алоқаларга ўхшатиб бўлмасди, сиз бу ёш ҳуқуқшуносни худди ўзингизнинг ўқитувчингиз ёхуд ҳамфикр бир дўстингиз каби қабул қилардингиз.  Айни ўша даврда Нюьтон сизни Уильям Вордсворт ижоди билан яқиндан таништиради ва сизга бениҳоя таъсир этган Ралф Уалдо Эмерсоннинг илк шеърлар тўпламини ҳадя этади. Яна яқин бир дугонангиз сизга тақдим этган Шарлотта Бронтенинг “Жейн Эйр” романидан ҳам қаттиқ ҳаяжонга тушгандингиз, бу асарнинг руҳиятингизга бўлган таъсирини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмасди, сиз асардан шу даражада завқланиб кетасизки, ҳатто ўзингизнинг ягона итингизни ҳам романдаги Жон Чивернинг ити шарафига “Карло” деб атайсиз. Атоқли инглиз ёзувчиси Уильям Шекспир ижоди ҳам шоир қалбингизда чексиз таассурот қолдиради.

 Ана ўша дамларни хотирлаб сиз Нюьтон тўғрисида алоҳида тўхталиб, ўзгача эҳтиром ила битгандингиз: “Исми — дадамнинг ҳуқуқшунос талабаси бўлган бу ажойиб инсон менинг қалбимга гўё мўъжизавий бир кўкламни олиб киргандай бўлди, ғоятда сирли, фусункор олам билан ошно этди”. 1862 йилдаги: “Ҳали роса ғўр қизча бўлган пайтларимда менинг ҳам Умрбоқийлик сабоғини ўқитган битта жон дўстим бўлгучи эди – бироқ унинг ўзи беадоғ хатарли бўлган сафарга кетиб қолди ва у энди ҳеч қачон қайтиб келмайди”, — дея ёзганларингиздан ҳам шубҳасиз, Нюьтонга бўлган чуқур иззат-икромингиз яққол аён бўлиб турибди.

Эмили, яхшиям ўшанда тақдири олий сизни Ньютондек аҳли солиҳ инсон биан рўбарў қилган. Йўқса, тийнатингизда авжу аланга олиб ётган ижод оловининг тафтини ким кашф этар ва қачон зоҳирга чиқара оларди? 

Аммо бешафқат қисмат ёш бошингизга турли синовларини бениҳоя кўп солди. 1850 йил ўртасида турли хил сурункали касалликлар билан оғришни бошлаган волидангиз охири бунча хасталикларнинг барини кўтара олмасдан узоқ вақт тўшакка михланиб ётиб қолади, у то умрининг сўнггигача — 1882 йилда вафот этгунигача ўрнидан туриб кетиши жуда маҳол бўлади. 1858 йилда дугоналарингиздан бирига ёзган дардли мактубингиз ҳамон сақланиб қолган: “…уй ва онамни ташлаб кетолмайман. Деярли умуман ташқарига чиқа олмаяпман, қочиб кетиб ҳам бўлмайди, ахир онам оғир бетоб. Ундан қилчалик ҳам умид қилишга ҳечам кўзим етмаяпти”.

Норкросс хоним борган сари сўлиб бораркан, нозик зиммангиздаги рўзғор юмушлари-да тобора оғирлашиб борарди, шунинг учун сиз Хоумстедга, уй ичига буткул қамалиб қоласиз. Орадан қирқ йиллар фурсат ўтгач, синглингиз Лавиния онангизнинг оғир хасталиги туфайли қизлардан бири уй ичида, волидангизнинг ёнида доимо ўтиришга мажбур бўлганларини шахсан баён қилиб ўтади, айнан ўша вазифани эса сиз  ўз гарданингизга олганингизни ва “ҳаётни фақат китобларингизу ташқаридаги табиат манзараларидан топиб, яшашда давом этганингизни” тасвир этади.

Ташқи борлиқдан тобора узоқлашиб борган давр — 1858 йилнинг ёз фаслидан бошлаб ўзингизнинг барҳаёт меросингизни яратишга астойдил киришасиз. Илгари ёзган шеърларингиздан бошлаб барча ёзганларингизни қайта ва қайта кўздан кечирасиз, сўнгра уларни қўлёзма ҳолдаги китоб шаклига келтирасиз.

1858 йилдан то 1865 йилга қадар саккиз юзга яқин шеърларингизни тартибга солиб чиқасиз. Бироқ ўлимингизга қадар ҳеч ким бу китоблардан огоҳ бўлмайди.

1850 йиллар охирларида сиз “Кўклам далалари” номли Республикачилар ойномасининг бош муҳаррири Самуэл Боулес ҳамда унинг рафиқаси билан танишиб қоласиз. Эр-хотин Боулеслар хонадонингизга тез-тез ташриф буюриб туришарди. Бу давр оралиғида сиз Самуэлга ўттиздан ортиқ мактуб ва элликка яқин шеърларингизни жўнатасиз. Бу дўстлик пок руҳингизни макон тутган кучли истеъдодни юзага олиб чиқади, Боулес ўз ойномасида икки-учта шеърингизни эълон қилади.

1860 йилнинг биринчи ярмида, ижтимоий ҳаётдан тамомила узилиб қолган тарки дунё дамларингизда сиз энг маҳсулдор ижод паллангизни бошлайсиз. Кўплаб адабиётшунос олимлар ҳамда илмий ходимлар бу даврдаги ижодий фаолиятингизни шоир руҳиятингиздаги хилватнишинлик ҳамда ташқи ҳаётдан чекинганлик туфайли яратилган дея асослайдилар. 

Эмили, сиз шу даражадаги камтарин инсон эдингизки, сиз ҳатто  “агар шон-шуҳрат тулпори мен томон учиб келса, мен ўзимни ундан қочиб ҳам қутқариб қололмайман, деб қўрқаман. Башарти, у мени қувиб етса ҳам, сўзсиз унга чап берган бўлардим, зеро мендек ғариб учун ҳамиша ялангоёқлар ридоси муносибдир” деб ёзгандингиз.  Зотан, руҳи олийингизнинг ягона инонган дўстлари —  қўнғир тепаликлару улкан қонли шафақ ҳамда содиқ итингиз Карло бўлиб қолганди, холос.

1874 йил барча кўрганларингиздан ҳам оғирроқ жудоликларни олиб келади. 16 июнь куни падари улуғингиз Эдуард Дикинсон миясига қон қуйилиши натижасида ҳаётдан кўз юмади. Сиз ҳаётдан шу қадар безиллаб, юрак ҳовучлаб қолгандингизки, ҳатто отангизнинг кичкинагина дафн маросими вақтида ҳам ўз хонангиздан ташқарига, одамлар орасига чиқа олмайсиз, қия очиқ эшигингиз ортидан маросимни маъюс кузатиб ўтирасиз. Орадан бир йил ўтиб, 1875 йил 15 июнь куни онангизнинг ҳам узоқ йиллар давом этган хасталикларига миясига қон қуйилиши хотима ясаб, у ҳам  оламдан ўтади. Ота-она жудолигидан қаттиқ ўртанган қалбингиз аччиқ дудга тўла,  аламли мисраларни қоғозга тўкади:

Кучли азобдан сўнг тинчиб қоламиз,

Асаблар  қабрда ётгандай жонсиз –

Совуқ қалб сўроқлар: “Қаерда руҳим,

Кеча қайда эдим, аввал бормидим?”

Оёқлар типирлар, айланар шу он –

Ер узра, Кўк қадар ва ҳув Арш томон.

Ажабки, кулса ҳам юзимиз маҳзун –

Ва тошдай увушган бўғзимизда ун –

Шудир Инсоннинг энг Енгилган они –

Демак, керакмас ҳеч умрнинг шони,

Музлаган Қалблармиз, ҳиссиз куламиз,

Аввал совқотиб, сўнг музлаб ўламиз.

1880 йил хонадонингизда яна-да оғирроқ даврни бошлаб беради. Сюзан, яъни севикли дугонангиз ҳамда акангизнинг рафиқаси тўсатдан вафот этади. Келаси йили эса Аустин ва Сюзаннинг кенжа фарзандлари –  энг суюкли жиянингиз – Жиллберт ҳам қаттиқ сил иситмаси туфайли жон беради.

Кетма-кет келган ўлимлар ғариб кунларингизни буткул зимистонга айлантириб қўяди. 1884 йил куз пайтларида беҳад қаттиқ ўкингандингиз: “Ўлим мени буткул ўзимга чўктириб юборди, энди битта жудоликдан кўнглимни бўшатиб олгунимча яна иккинчи бир ажал қошимда ҳозир бўлаяпти”. Ўша йили ёз пайтида сиз қаршингизга тобора “чексиз зулмат бостириб келаётганини” кўриб қоласиз ва ошхонада нон пишириш билан машғул бўлган чоғингизда ҳушингиздан кетасиз. 1885 йил 30-ноябрга келиб танангиздаги дармонсизлик ҳамда бошқа касаллик симптомлари қаттиқ авж олиб, Аустинни катта ташвишга қўяди ва у Бостонга қилмоқчи бўлган сафарини бекор қилади.

Бир неча  ойлар давомида тўшакда михланиб ётасиз, бироқ шу ҳолингизда ҳам ўзингизнинг сўнгги мактубларингизни ўз эгаларига юборишга муваффақ бўласиз. Охирги хатларингиз тоғаваччаларингиз Луиза билан Франсис Норкросс номларига йўлланган бўлиб, мактуб оддийгина сўзлардан иборат эди:

“Кичик тоғаваччаларим, тезроқ етиб келинглар. Эмили”.          

Айниқса охирги кунларда шиддатли авж олган касалликдан сўнг 1886 йил, 15-май куни Америка шеъриятининг энг ёрқин юлдузи бўлиб адабиёт тарихида мангу қолган номингиз —  Эмили Элизабетта Дикинсон, сиз — буюк руҳ соҳибаси, эллик беш ёшингизда ҳаётдан кўз юмасиз… 

Акангиз Аустин ўша кунни хотирлаб, ўз кундалигига шундай сўзларни қайд этиб қўяди: “Даҳшатли кун эди…у қўрқинчли ажал комида мағлуб бўлиб, ниҳоят нафас олишдан тўхтаб қолди”.

Ўзингиз хуш кўрган ванила ҳидлари уфуриб турган оппоқ тобут ичига ётқизилиб, дафн этиласиз. Содда ва қисқагина маросим Хоумстеддаги кутубхонада ўтказилади, сиз билан икки маротабагина юз кўришган Хиггинсон исмли муҳаррир буюк қалбингиз севган шеър — Эмили Бронтенинг “Ҳеч қўрқоқ қалб Меники эмас” номли шеърини ўқиб беради. Яна сўнгги илтимосингизга биноан тобутингиз қабристонгача транспортда олиб борилмай, зангор далалар оша қўлма-қўл кўтариб олиб борилади.

Эмили!

Мана, сиз қандай умрни кечириб ўтгансиз, у мен тасвир эта олмаганим – ўша номаълум сўз ила ўлчанар, аталар, аммо шу кунга қадар мен ўша сўзни излаб сарсонман, қидириб абгорман, Эмили! Англатмоқчи бўлганим, беҳад буюк дея кўкларга кўтариш ҳам эмас, ўта содда дея оддийлаштириш ҳам эмас, аммо ахир ҳеч кимникига ўхшамас, бемисл, беозор, беҳудуд йўқотишу ситамларга йўғрилган эса-да сокин ва итоатгўй умрингиз дафтарини ёйиб кўрмоқлик эди.

Эмили! Сиздан яшашни ўрганмоқ лозимдир. Сиздан – бир умр битта кўйлакда, хилватда ҳаётини ўткарган буюк шоир қалб ҳузурида мен жудаям ночор, юзаки одамга ўхшаб кўринаман ўзимга.

Эмили, мен бу кеч жавондаги барча кийимларимни юлиб отдим. Ўзим учун худди сизникидек оппоқ кўйлак тикдим, токим кийиб юрай битта либосни, токим зебу зийнатга, ҳашамга учмаган Эмили Дикинсон деган соҳиби тақдирни ўқиган эканман, таниган эканман, содиқ қолай унинг покиза ақидаларига, армонларига…

Эмили, мен-да сиз каби одамларга қўшила олмадим. Ғурбатдаги мискин, бечора каби ўзимни яккалаб яшадим мудом.

Эмили, сиз ўзингизни ҳечам улуғламадингиз, шону шарафларга буркамадингиз! Ғариблик рутбасини энг улуғ мақом дея қабул этдингиз, имкониятлари катта ижтимоий ҳаётингизни фақирлик, хақирлик ила алмаштирдингиз. Ортиқча мадҳларга ўч бўлмадингиз, шунча қоралаган бетакрор шеърларингиздан атига етти донасинигина газетада эълон қилдингиз.

Эмили! Сиз ғариб кунларни кечириб ўтдингиз, ўзингиз шундай умрни истадингиз, истадингизу бироқ Сиз асло ғариб эмасдингиз, танангиз одмиликни танлаган бўлса-да, қалбу руҳингиз юксак эди, сиз Ғолиб руҳ эдингиз, Эмили!

Мен бу оқшом мижжа қоқмадим, туни билан Амхерстга, “Ҳаммавақт яшил” дея номланган қадрдон уйингиз томон кечалари сархуш кезадиган қушлардек учиб боргим келди. Ҳозир Хоумстеддаги ўша бошпанангиз сизнинг шарафли музейингизга айлантирилган.

Эмили, биламан, сиз ҳозир ҳам ўша уйда истиқомат қилиб келмоқдасиз. Ҳалиям севимли оқ либосингиз эгнингизда, сочларингизни паришон тўзғитганча, деразангиз ортидаги мудҳиш шарпадек совуқ боқувчи қабристонга ҳавасманд тикилиб ўтирибсиз. Ахир қабристонга термулиш, қолаверса, дафн марсимларини кузатиш болалик чоғларингиздаёқ кўзингизга таниш, кўнглингизга ошно тутинган юпанчлар эмасмиди ё?

Эмили, ўтинаман, кетмай туринг, мен бу кеч сизнинг ҳузурингизга — Амхерстга қараб йўл олдим. Эмили, мен боргач, иккимиз сиз севган атиргуллар лов-лов очилган боғда узоқ кезамиз, дилдан суҳбатлар қурамиз.

Токим ботиний ичкинлигим хуморини руҳий дийдор ва хаёлий ҳамсуҳбатликкина боса олгай, саргардон хаёлларим исканжасидан бир дамга оғриққан дилимни озод этар…

Эмили,  бу кеч бахтиёрлигимнинг чеку чегараси йўқ, ўзимда эмасдирман. Зотан, Сиз қаршимда, нозик жуссангиз рўпарамда хаёлчан турибди, дарвоқе, биз учун макону матлабнинг-да ўз ўрни йўқдек, биз учун дунёда ҳеч бир мамлакатнинг ҳам ўз номи йўқдек, бу оламда ҳеч қандай чегаралар ҳеч маҳал бўлган эмас, дунё жудаям-жудаям бепоён кўринади, биз шундай  беҳудуд учамиз, биз бир умр беармон учамиз.

…Мана, узоқдан Хоумстед ва “Яшил Уй” кўриняпти. Унда Америка адабиётининг ғолиб руҳ соҳиби — Эмили Дикинсон ҳамон ҳаёт кечирмоқда…

Қандилат Юсупова  

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting