МЕН ҲИКМАТ ИЗЛАЯПМАН

0
656

эссе

Ёзнинг чилласи бўлишига қарамай,  оламда кузнинг баҳаво нафаси ҳукмрон.  Бирдан шаррос қуйган ёмғир уй четидаги боғда китоб  ўқиб хаёлга толган Йўлдошали опоқимни сергаклантирди. Дарров ўзини панага олаётган бобом “Заб ҳаво бўлди-да”, деб тўйиб-тўйиб нафас оларкан, бу йил бошқача келганини таъкидлади. Айтишича, доим беҳузур қиладиган аллергия бу йил ортиқча безовта қилмаганмиш. Тоза ҳаводан баҳра олгач “Пандемия сабаб Озон қатламидаги туйнуклар ҳам тикланаётгандир”, дея уйга кириб кетди. Мен эса пандемиянинг Озон қатламига нима алоқаси бор деб ўйлаб, у билан боғлиқ маълумотларга янада қизиқиб қолдим.

Яқинда Озон қатлами ҳақида дарс ўтгандик.

Озон қатламининг асосий қисми стратосфера бўлиб, ер юзидан 15-50 км. баландликда жойлашган. Бу қатламнинг инсоният организми, ҳайвонлар, ўсимликлар оламини қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан асрайди. Афсуски, инсоният етказган зарарлар оқибатида  ушбу қатлам емирила бошлаган. Дастлаб ундаги туйнуклар 1985 йилда Антрактида устида, кейинчалик Австралия устида кузатилган. 1998 йилда Шимолий қутб тепасида озон қатламидаги туйнук ҳажми рекорд даражага – 26 млн. кв. км. га етган. Бу эса Австралия қитъасидан уч баробар катта майдонни ташкил қилади.

Ультрабинафша нурлари инсонда иммун тизимининг сусайиши, кўз зарарланиши каби ҳолатлар билан бир қаторда ҳосилдорлик пасайишига, океандаги жонзот ва ўсимликларнинг эрта ҳалок бўлишига олиб келади.

Буни ўзимча тасаввур қилдим, тождор вирусдан ҳимояланиш учун таққан ниқобимизнинг ярми йўқ ёки тешик бўлса бизни вирусдан ҳимоя қиладими? Йўқ, албатта. Озон қатламини ҳам шундай деб биламан.

Пандемия иқтисод,  туризм ва давлатлар бюджетига зарар етказгани, тиббиётимиз ҳам катта синовдан ўтгани барчамизга маълум. Лекин табиат учун анчагина фойда келтирди. Биргина машиналар қатнови камлиги,  ҳаводаги зарарли газларни камайтирган. Бу эса инсон саломатлигида катта аҳамиятга эга. Айтишларича, карантин пайтида Шанхай аҳолиси илк бор мусаффо осмонни кўришибди. Хитойнинг шимолий қисмидаги ҳаво қатламида инсон ўпкасига чуқур кириб, соғлиққа жиддий зарар етказувчи 2,5 микронгача бўлган қаттиқ зарралар ҳам 35 фоизга камайибди. Ғарбий Европа ва АҚШда эса азот диоксиди чиқиндилари ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 40-60 фоизга пасайибди. Бу охирги 30 йил давомидаги рекорд натижа экан.

Бундай мисоллардан кўплаб келтириш мумкин. Буни  табиатнинг тозарганидан, осмон мусаффолигидан яхши англаб турибмиз. Телевизорда айтишича, Венециядаги дарё қирғоқларига ноёб ҳайвонлар ҳам  қайтаётган экан…

Аммо буларнинг бари пандемия туфайли жорий қилинган карантин натижаси экани одамни бироз ўйлантиради. Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Ориповнинг сатрлари эсимга келади:

Бундай ҳолга на йиғлаб, на кулиш керак,

Наҳот бир иш битиш учун ўлиш керак?!

Кейин кетма-кет саволлар ёғилаверади: озон қатламига зарар етказмаслигимиз учун, наҳотки, пандемия бўлиши шарт?

Наҳотки табиатни ифлослантирмаслик учун касаллик қўрқуви билан уйларига “қамаш” керак?

Наҳотки она Сайёрамизни фарзандлари бўла туриб асрашимиз учун бошимизга қандайдир бало келишини кутаётган бўлсак?

Наҳотки атроф-муҳит озодалигига одамзоднинг аралашуви халал бераётган бўлса?

Наҳотки…

Рухшона НИШОНОВА,

Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг 9-синф ўқувчиси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting