ДУНЁНИ ҚУТҚАРМАГАН ГЎЗАЛЛИК

0
874

сюрреалистик эссе

1868 йилда “Телба” романи нашрдан чиқиб, дунё юзини кўргач, орадан икки йил ўтиб-ўтмай “Князь Мишкиннинг издошлари” клуби ташкил қилинди. Бу клубни қаерда ва ким томондан ташкил қилинганини биров билмас, жойлашган манзили тўлалигича махфий тутилар, турли хил гап-сўзлар атрофда кезиб юрса-да, унинг асосчиси ва манзили ҳақида ҳеч қандай тайинли ахборот манбаи йўқ эди. Барча бу клубнинг фақат мавжудлигини-да билар, аммо маълумотлар камлиги ҳисобига у ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасди. Кимдир уни масонлар жамияти ташкил қилган деса, кимдир яҳудийлар томонидан молиялаштирилишини зўр бериб таъкидларди. Жойлашган манзили борасида ҳам тахмин-у фаразлар урчишдан тинмасди. Кимдир уни Петербург қоқ марказида жойлашганига урғу берса, кимдир Парижнинг хароба кварталларидан бирида жойлашгани борасидаги ўз тахминларини ўртага ташларди. Шундай тахминлар орасида Марказий Осиёнинг даштларидан тортиб Сибир ўрмонларигача, Океан ортидаги Америка прерияларидан тортиб Швецариядаги Альп тоғлари ёнбағриларигача бўлган ерлардаги сирли жойлар тилга олинарди. 

Энг асосийси, бундай клуб мавжуд эди. Қизиғи шунда эдики, мазкур клубга нафақат икки оёқли инсонлар, балки тўрт оёқли ҳайвонлар, катта-ю кичик ҳашаротлар ва турли аурадаги ўсимликлар ҳам аъзо бўлишарди. Клуб ичида инсоният бурчагидан ташқари ҳайвонот, ҳашарот ва наботот бурчаклари ташкил қилинган бўлиб, бу ажратилган бурчаклардаги барча аъзолар тенг ҳуқуққа эга эдилар. 

Клубни ташкил қилинишидан асосий мақсад — Достоевский қаҳрамони бўлган князь Мишкиннинг гўзаллик борасидаги қарашларини дунё миқёсида амалий натижасига эришишдан иборат бўлиб, ўша князнинг “гўзаллик дунёни қутқаради” деган гаплари клуб таъсис ҳужжатининг юз қисмига катта ва зарҳал ҳарфлар билан турли тилларда қайд этиб қўйилганди. Шуниси ҳайратланарли эдики, таъсис ҳужжати инсоният тарихида яратилган барча тилларда, шунингдек ҳайвонот ва наботот олами тушунадиган тилларда ҳам ёзилган бўлиб, барча нусхалари тўпланса, ҳажми инсон бўйи баравар даражага етарди. 

Клубга қабул қилинадиган ҳар қандай аъзо Достоевскийнинг “Телба” романини ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиган бўлиши, роман персонажлари ҳақида ўз позициясини ошкор этиши, бош қаҳрамон князь Мишкиннинг эстетик қарашларидан хабардорлик кўламини намоён қилиши, унинг юки оғир фикрларини ёддан айтиб, асослаб бериши талаб қилинарди. Унга қабул қилинишга кўрсатилган номзод қолган аъзолар қаршисида қўлтиғига “Телба” романини қистирганча, қаддини ғоз тутиб, кунчиқар томонга қараганча клуб анъаналарига содиқ бўлишга баланд овозда қасам ичар, роман тарғиботи учун ўз ҳиссасини қўшишга бошқаларни ишонтирар ва энг муҳими залолат ёқасига келиб қолган дунёни биргина қалб гўзаллиги қутқаришига чин дилдан ишонишини ва шунга эришиш учун тиним билмай курашишини бошқа аъзоларга билдирарди. Бу билдирги шоирона пафосли гаплар ёрдамида эмас, амалий режалар билан асосланган бўлиши кўзда тутилган бўлиб, клуб томонидан номзоднинг фақат аниқ ва пухта режалари қабул қилинарди, холос. Шўрлик номзод пафосли гапиришни бошласа, клубни қарағайдан тайёрланган баҳайбат эшиги катта очиларди-да, аъзолар томонидан “тўрт томонинг қибла, аҳмоқ шоир” дегандек ҳуштак чалинар ва унга эшик томон кўрсатилиб, клубни тарк этишига ишора бериларди. 

Аъзолари кўпайгани ҳисобига клуб фаолияти 1870-1880 йиллар мобайнида нафақат Европада, балки дунё миқёсида гуллаб яшнади. Шу йиллар оралиғида “Телба” романи довруғи оламга кенг таралиб, таърифга тил ожиз бўлган обрў-эътибор қозонди. Князь Мишкиннинг эстетик қарашларига бўлган қизиқиш ақл бовар қилмас даражада қулоч ёзиб, машриқдан мағрибгача ҳар бир бурчакка қадар етиб, катта ё кичик хонадон бўладими, унга момақалдироқ овози янглиғ туғён урганча, яшин тезлигидаги шиддат билан кириб борди. 

Бунинг оқибатида залолат ёқасига келиб қолиб, ўзгача моддий тараққиёт остонасида турган дунёни гўзаллик қутқариши мумкинлигига клуб аъзолари ишона бошлашди. Князь Мишкиннинг издошлари бу фалсафанинг тарғиботини кучайтиришди, клубга янгидан янги сон-саноқсиз аъзоларни қабул қилишди, фаолиятларида юқори глобаллашиш кузатилди. 

Ўша йиллар “Телба” романи кўпчиликнинг қўлидан тушмаган давр эди. Клуб бундай вазиятдан ақлга таяниб, максимал ва муваффақиятли фойдаланишнинг иложини топди. “Гўзаллик дунёни қутқаради” деб ёзилган буклетлар, қўлланмалар турли дунёқараш, дин, тил ва дидга эга бўлган дунё афкор оммаси орасида клуб томонидан тарқатилди, обрўли газета ва адади кўп нусхада бўлган журналлар саҳифаларини клуб аъзолари томонидан қораланган ушбу эстетик қараш ҳақидаги мақола ва эсселар босиб кетди. Аҳоли кайфияти ва дунёқарашида тутқаноқ касалига чалинган Мишкиннинг фалсафаси алоҳида ва мустаҳкам, шунингдек залворли ўрин тутиб, клубнинг ишлари хамирдан қил суғургандек кета бошлади.

Бироқ, шунда ҳам унинг фаолиятидан асосий мақсад бўлган омил- амалий натижалар сира кўзга ташланмасди. Инсоният “Телба” романини қўлидан қўймаса-да, асар бош ғояси бўлган қалб гўзаллигининг дунёни залолатдан қутқариши кутилган самарани келтирмас, сезиларли ўзгаришлар ҳадеганда рўй бермасди. Шунга қарамай, клуб асло тушкунликка тушмас, аксинча, ўз аъзолари билан мардона сабр қилар, гўё ҳаммаси жойидагидек тарғиботни кучайтирар, олдингидан ҳам кўпроқ куч сарфлаб, курашувчанлик негизида ўз фаолиятини давом эттирарди. 

Инсоният бўлса клубнинг устидан кулгандек залолатга тобора шўнғиб борарди. Ўн тўққизинчи аср якунланаётган бир пайтда у динамит ва электр стул каби қўрқинчли ихтироларга қўл урди. Уларни Альфред Нобель ва Томас Эдисонлар кашф қилишди. Бутун дунё жамоатчилиги бу даҳшатли ихтироларни кўриб эсдан озай деди. Динамитнинг вайронагарчилик хусусияти ва электр стулни унга боғланган одамни бир лаҳзада cуяк-суягигача куйдириб, жонини олиши оммани ваҳимага солди. Шу жумладан, клуб аъзолари ҳам бундай ҳиссиётни бошларидан кечиришди. Улар бундан ташқари бир жумбоққа ҳеч ечим топа олишмади: юқоридаги кашфиёт эгалари Достоевскийнинг “Телба” асарини ўқишган, “гўзаллик дунёни қутқаради” концепциясидан теран бохабар эдилар. Шу нарса клубни ташвишга ва чексиз қайғу уммонига ғарқ қилди. 

Лекин, клуб ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда бўшашмади. Динамит ихтирочиси ўлими яқинлашиб, жон таслим қилаётган бир пайтда бор маблағларини инсониятни моддий ва маънавий камол топиб, тараққий этиши учун васият қилиб қолдириши, бу васият бир четида адабиёт кишиларини ҳам рағбатлантириш банди келтирилгани клуб аъзоларини кайфиятини кўтариб, сўнаётган умидларини бир қадар жонлантирди. Йигирманчи аср бошларида инсоният ҳаётига кинонинг кириб келиши ва театр санъатини жадаллик билан ривожланиши ҳам уларга анча қўл келди. Энди “Телба” романини ўқишга эринганлар, кино ёки спекталь вариантини томоша қилишлари мумкин бўлиб қолди. Бу ўша қуриб кетгур концепциянинг тарғиботи учун анча қўл келар, чунки инсоният йигирманчи асрга ҳатлагач, кўпроқ юраги ва кўзи билан яшашни йўлга қўйганди. 

Шундай қилиб, клуб бир қанча кино ва театр лойиҳаларини молиялаштирди. Дунёнинг ҳар бир бурчагида “Телба” романи асосида кинофильмлар ва спектакллар ишлаб тайёрланди. Князь Мишкин китобдан кино ва театрга батамом кўчди. Телевизор ва телевидение кашф қилингач, Мишкин экрандан тушмай қолди. Уни деярли ҳар куни эфирга узатиш кундалик ҳолга айланди. Шундай бўлса-да, кутилган натижа бахтга қарши тағин кўнгилдагидек бўлмади. 

Бошқа томондан олиб қараганда, йигирманчи аср инсоният тубанлиги ва жирканчлиги бобида ўн тўққизинчи асрдан ҳам ўтиб тушди. Бу тушунарсиз асрда дунёни янаям боши берк кўчага михлайдиган ихтиролар урчиди. Ер юзини йўқ қилишга қодир ядро бомбасини Нильс Бор ва Резерфорд деган олимлар яратишди. Кўп ўтмай рус ўрмонларининг қаеридадир Курчатов деган олим оқибати қиёмат пайтидаги даҳшатни ёдга соладиган водород бомбасини яратди. Одамларни ёппасига тириклайин ёқиб юбориладиган крематориялар, совуқ ўрмонлар бағрида уларни муз қотиб ўлишга маҳкум этадиган қамоқҳоналар, инсониятни оммавий ўлимга етакловчи сунъий вируслар тайёрланадиган лабораторияларга асос солинди. Калашников деган олим бир километрдан одамзотни тил тортмай нариги дунёга равона қиладиган қуролни, Макаров дегани ундан қолишмайдиган тарздаги тўппончани фахр билан аср фан-техника тараққиёти ютуғи сифатида тақдим қилишди. Ака-ука Райтлар яратган самолётларнинг эндиликда бутун бошли шаҳарларни йўқ қилишга қодир бўлган қирғин келтирувчи турлари ишлаб чиқарилди. Танклар, тўплар, бошқа ўнлаб қирғин қуроллари яратилиб, уларнинг оммалашиши ва олди-сотдиси авж олди. Урушлар кенг томир ёйди. 

Энг қизиғи, йигирманчи асрга келиб ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳам турли қитъалардан клуб номига факс орқали ташвишли хабарлар юбора бошлашди. Африка ҳудудида филлар қирғини кучайди, уларнинг харидоргир суяклари сабаб бу жониворларни оммавий йўқ бўлиб кетиш хавфи юзага келди. Филлар билан биргаликда териси сабаб тимсоҳларнинг ҳам шўри қуриди. Рус ўлкасининг шимолида буғулар- шохлари, мўйнали ҳайвонлар- майин юнглари учун отиб, ўлдирила бошланди. Тинч океанининг Жанубий Америка қирғоқларидаги қисмида китларни танасидаги ёғлари учун овлаш одат тусига кирди. Ҳиндистонда бенгал йўлбарси ажойиб териси учун ер юзидан аёвсиз равишда йўқ қилиниш балосига мубтало бўлди. Ҳамма ерда табиат учун зарур бўлган ўрмонлар ёқилиб, турли –туман дарахтларни кесиб ташлаш кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланди. Фусункор ўсимликлар топталиб, яксон қилиниб, улар ўсиб ётган майдонлар олов ёрдамида тозаланиб, ўрнида кўп қаватли уйлар барпо этилди. 

Энг қизиғи, буларнинг барига қўл ураётган инсоният вакилларининг кўп қисми “Телба” романини ё ўқишган, ё кинофильми ва спектаклини томоша қилишганди. Улар князь Мишкин ҳақида оз-моз билишар, унинг машҳур гапи кино кўриш жараёнида қулоқларига чалинган ёки китоб саҳифаларида кўзларига рўпара бўлганди. 

Вақт шиддат билан ўтиб, дунё остонасига ниҳоят йигирма биринчи аср ҳам бош уриб келди. Унга клуб аъзолари ҳорғин ва абгор бир аҳволда қадам қўйишди. Клубнинг фаолияти тобора якунланиб борар, буни аъзолар бирдек тушунишар, кўнгиллари қаттиқ сезар, лекин чиқмаган жондан умид деб ишлашда ва курашишда давом этишарди. Аммо йигирма биринчи аср авлоди ҳеч бир аср авлоди қилмаган ишни қилди- китоб ўқишни эсдан чиқарди. У “Телба” тугул бошқа китобларни ҳам деярли ўқимас, ўқиган қисми жуда озчиликни ташкил қиларди. Шу озчилик қисм ҳам ундаги “гўзаллик дунёни қутқаради” концепциясига амал қилиш тугул савияси пастлиги боис уни тасаввур қила олмас, гўзаллик ҳақидаги князь Мишкиннинг мулоҳазаларидан озуқланса-да, хазм қилишда муаммоларга дуч келар, шу туфайли дунёни залолатдан қутқаришга эмас, аксинча уни янаям шу балога гирифтор қилишга олдинги аср авлодидан кўра ҳам кўпроқ хизмат қиларди. Хизмат қилганда ҳам онгли ва атайин қиларди буни. Йигирма биринчи асрда олдинги асрдаги маънавий таназзул деган балога мутолаадан оммавий воз кечиш балоси қўшилди. Шуниси клуб учун энг кутилмаган зарба бўлди. 

Боз устига ўлганни устига тепган қилиб “Телба” ни ўқиган кам сонли йигирма биринчи аср авлоди кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишларни қиларди. Эркаклари эркак билан, аёллари аёл билан никоҳдан ўтиб, бир уйда эр-хотин бўлиб яшашар, бу жирканч жуфтликлар хонадонларидаги китоб жавонида бечора “Телба” романи чиройли муқова ва Достоевскийнинг оқ-қора сурати билан бирга гўё чанг босганча ҳомуза тортиб турарди. 

Оналар оммавий равишда аборт қилишга берилиб кетган, карьераси йўлида қорниларидаги- юраги уришни бошлаган чақалоқларини киприк қоқмай олдириб ташлашар, кейин қанчалик ғайритабиий туюлмасин, тикланиш жараёнида тиззаси йиртиқ жинси шимларига тўкилиб кетишидан қўрқиб, қаҳвадан эҳтиёткорона ҳўплаганча “Телба” романини финжонга таглик ўрнида ишлатишарди. 

Оталар эллик ёшга киришса ҳам, оқарган сочларини қора рангдаги бўёққа бўяшдан, тренажёр залларида мушакларини шиширишдан, чиркин меҳмонхоналардаги люкс хоналарда ҳиндларнинг Камасутрасида кўрсатилган жинсий алоқанинг етмиш икки хил усулини қизи тенги бўлган “тажриба қуёнчалар”ида қўллашга эринишмас, эртасига эса ҳеч нима бўлмагандек, минбарлар ёки залларда бўйинбоғларини бир тўғрилаб қўйиб ёки масжидларда саждага бош қўйиб, князь Мишкиннинг гапини қайтарганча, қалб гўзаллиги дунёни қутқаради деб ўзаро минғирлаб қўйишарди. 

Фарзандлар арзон шон-шуҳрат кетидан қувганча, урбанизация хасталигига чалиниб, пойтахтлар сари интилишар, туғилган қишлоқларида кекса ота-оналарини қолдириб кетишар, сўнг уларнинг ҳолидан ойлаб фақат телефон орқали хабар олишар, бориб кўришга ишлари тўсқинлик қилаётганини рўкач қилишиб, бемаъни умрларини пойтахтлар тувагини тозалашга сарфлаганча орада “Телба” романини номигагина ўқиб, бир-бирларининг наздида зиёли деган рутбага лойиқ иш қилиб қўйишарди.

Ниҳоят, кутилган кун келди. Йигирма биринчи асрнинг иккинчи ўн йиллигида клуб ўз фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Унинг барча тилларда ишлаб чиқилган таъсис ҳужжати йиртилиб, майда-майда бўлакларга бўлиб ташланди. Биносига аламзада аъзолар томонидан ўт қўйилиб, ер юзидан йўқ қилинди. Улар асрлар давомида базўр нафас олиб келган умидларини маънавий таназзулга юз тутган, олдинги асрлардан ҳам баттар бўлган янги асрда қийналиб жон беришини хотиржам кузатиб тура олишмади ва эҳтиросларига эрк беришиб шундай шафқатсизларча йўл тутишди. Шундан сўнг, бир зумда тарқаб, тўрт томонга бош олиб кетишди. Инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам, ҳатто ўсимликлар ҳам. 

“Телба” романи эса бугунга кунгача кутубхоналарда ҳануз яшашда давом этяпти. Князь Мишкиннинг ажойиб мулоҳазалари қўҳна дунё олаётган ҳар бир нафас ичида бўлмаса-да, ҳар ҳолда ер юзида ўз умрини ўтаяпти. Камчилик одамлар гўзаллик дунёни қутқариши ҳақидаги мазкур китобни гоҳ варақлаб, гоҳ ҳижжалаб ўқишяпти, унинг кино ёки театр вариантини наздиларида бошқа тузукроқ кино йўқлиги учун томоша қилишяпти. Аммо дунё негадир ҳалиям залолат ботқоғидан чиқиб кета олгани, гўзаллик уни қутқаргани йўқ. Қачон чиқиб кетиши ҳам даргумон аслида. Чунки, ботқоққа тобора чуқурроқ шўнғияпти. Тобора чуқурроқ…

2020 йил, август. Марғилон

Шерзод Ортиқов   

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting