БАХНИ ТИНГЛАШ СОҒИНЧИ

0
820

ЭССЕ

Нега Бахни тинглашга илҳақ бўлиб яшаяпман? Яқингача бу саволга сира жавоб тополмасдим. Ўйланиб, бошимни қотириб, изланиб, охирида қўл силтардим ва дидимга роса ўтирса керак-да, деб минғирлаб қўярдим. Ваҳоланки, дидимга ундан кўра кўпроқ мос тушадиган, у билан чамбарчас боғлиқлик ҳосил қилган бошқа бастакорлар талайгина эди.

Аммо, яқингача ҳам шу нарса аниқ эдики, бу бастакорларнинг мусиқасига онда-сонда талпиниб, ўзимда вақти-вақти билан уйғонган маънавий эҳтиёжни ҳар сафар маромида қондириш учун интилган бўлсам-да, ҳатто Шопеннинг мусиқасисиз бу сариқ чақалик аҳамияти қолмаган ҳаётимни бир сонияга тасаввур қила олмасам-да, негадир ўша бастакорларни тинглашга руҳимдаги ҳеч йўқолиб битмайдиган биқиқ безовталик ва тийиқсиз бесаранжомлик билан илҳақ бўлмаганман. Шу боисдан Бахга муҳтожилигимни тушунмай, шу кунгача юрагим ва идроким баб-баравар музлаган, шекилли. Энди менимча бунинг жавобини топдим. Шу ерда озгина лирик чекиниш қиламан.

Мен диний оилада тарбия топганман. Отам Қуръонни бир неча марта ҳатм қилган, Бухорий ҳадисларининг ихлосманди ва диний китоблар мутолаасига кўп эътибор берадиган инсон бўлиб, шу боис тарбиям асосини диний тарбия ташкил қиларди. Қуръонни ўқишни бошлаганимда тўққиз яшар бола бўлиб, беш вақт намозга кирганимда ўн бир яшар, Бухорий ҳадисларини бошидан охиригача ўқиб чиққанимда ўн икки яшар, диний китоблар ва айниқса “Карбало фожеаси”ни ўқиганимда ўн тўрт яшар ўсмир эдим. Бу вақтда ҳали адабиётга қизиқишим яшин тезлигида, чанқоқлик билан ортмаган, бир нечта диний китоблар асосида дунёқарашим ўзаги бир текисда шаклланиб борарди. Худо, савоб ва гуноҳ, қабр азоби, боқий дунёдаги жаннат ва дўзах кабилар ҳақида ўқир, улар ҳали буткул уйғониб улгурмаган, уйқусираб ётган тафаккурим ва ғўр қалбимни эгаллашар, бунинг натижасида бошқа дунёвий илмлардан бехабар, чинакам мусулмон боласи бўлиб улғаярдим. Тасаввуримдаги Худонинг қиёфасини айнан шу диний амаллар, китоблар ва улардаги мулоҳазалар менга бир яхлитликда кўрсатар, бу нур ва эзгуликка лиммо- лим тўлган улуғ Ҳолиқнинг кўзга кўринмас тажаллисини қаттиқ севиб, унга изму-ихтиёримни кун сайин ишониб топширардим. 

Лекин йиллар чархпалагида улғайиб, катта ҳаётни теран кўриб, оқ-у қорани танигач, юрагимга кириб борган бу эътиқодга бўлган ишончим бир қадар сусайди. Эндиликда ахлатхонадан фарқ қилмайдиган ҳаёт, ундаги тўлиб-тошган одамлар, шулар билан боғлиқ турли-туман манзаралар юрагимдан Худони юлиб олишга интилар, мен зўр бериб ва ҳолдан тойганча уни ҳимоя қилиб, базўр нафас олардим. Шунга қарамай, ҳаётдаги манзараларни ичига чуқурроқ кириб кузатарканман, Худо қаршиликларимга қарамай, ўзидан ўзи юрагимдан чиқиб кетаётганини ҳар битта ҳужайрамгача ҳис қилар ва бу турган гапки мени обдон азобларди. Чунки буни ҳечам тасаввур қила олмас, қалбимдаги мавжудлигига дарз кетаётган бўлса-да, ҳали у ердаги ўз ўрнини йўқотмаган ва уни ўз меҳри билан мудом илитадиган, суянчиғим ва даркашимга айланган Худонинг кетишини азбаройи истамасдим. Ундан маҳрум бўлишлик тасаввуримни қандайдир даҳшатга солиб, остин-устун қилар, шу билан ҳаёт бир ерда тўхтаб қоладигандек туюлар ва буни бир сўз билан айтганда улкан фожеадек қабул қилардим. 

Шу йўсинда бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлган ва зарурат жиҳатидан у қилиши лозим бўлган диний амаллар билан ўгитлардан кўнглим безиб, совуб борарди. Бунинг ҳаммаси ҳаётдаги манзараларни кузатишим, одамлар билан муносабатга киришишим, ҳаёт саҳнасида ўзимга тақсимланган роль билан бевосита иштирок этишим натижасида содир бўлар ва бу менга гоҳида алам ҳам қилиб, ўзимни қўярга жой тополмай қолардим. Худо эса мендан тобора узоқлашарди.

Катта ҳаёт бошқача эди. Унинг аччиқ ва заҳар заққумга тўла бағрида эътиқодли бўлиб қолиш бахтга қарши душвор, аксинча у эътиқодли кимсани бир зумда кинояга ўч, сарказмни хушловчи, нафрат билан яшовчи инсонга айлантириб қўярди. Унда яшаш давомида эътиқод билан худди сут каби жонга кирган барча нарсага муҳаббат ва эзгулик билан қараш тарзи ўз аҳамиятини йўқотиб, бир пулга қиммат тушунчалар қаторидан ўрин эгалларди.

Шу нарса ҳайратланарли эдики, Жума намози ўқиладиган масжидда мен билан ёнма-ён ўтириб, жойнамоз устида намоз ўқиган, қўлини фотиҳага очиб Худодан гуноҳларига кафорат сўраган, саждага бош қўйиб йиғлаган, руҳонийнинг ваъзларидан таъсирланган, ибодат сўнггида “Ёсин” ёки “Мулк” сурасини кўзларини юмиб, ўзгача оҳангда тиловат қилган одамларни эртасига масжид ташқарисида-ҳаёт оқимида бутунлай бошқача вазият ва қиёфаларда учратардим. Масалан, бири судхўрликни ўзига касб қилиб, ўзи каби бошқа бир мусулмонга юқори фоиз эвазига қарз бераётган, иккинчиси ота уйини талашиб укасини кўчага ҳайдаётган, учинчиси қизи тенги ожизани арзон ижара хонадонга лаҳзалик ишрат учун етаклаётган, тўртинчиси қўшхотинлиги билан оғзини кўпиртириб фахрланаётган, бешинчиси савдо дўконига тўпланган харидорлар қаршисида ёлғонни сув қилиб ичаётган, олтинчиси иш жойида хуфёна пора олаётган бўлиб чиқарди ва ҳоказо. Масжидда ваъз-насиҳат қиладиган руҳоний эса Бенжамин Франклиннинг рангли суратини қўлига тутқазадиган бойларнинг издиҳомларигагина борар, у ерда ихлос билан қуръон тиловатни канда қилмас, қавмидан баланд овозда ялиниб-ёлвориб уларга ғамхўрлик қилишни сўраган камбағал ва фақирларнинг бундай издиҳомларига сира қадам ранжида қилмас, ҳатто уларнинг жанозасига келиб қўймасди. 

Ўшанда бу манзараларни кўриб қуръон ва ислом буюрган амалларни бажариб, у кенг миқёсда буюрган инсонийлик унсурларини бажармаслик унча катта фожеа эмаслигини тушундим. Ёш ва қизиққон эдим. Бу каби мунофиқликлар дарров мени асабийлаштирар, ўз эътиқодини масжид ташқарисида пуллаётган ёки кераксиз буюмдек улоқтириб юбораётган одамларнинг афт-башаралари улар билан меники бир хил бўлган Худодан кўнглимни янада совутарди. Қолаверса, дин ичидаги бўлинишлар ҳам уни зада қиларди. Исломни бир нечта мазҳабларга бўлинганлиги, уларнинг орасида аҳиллик йўқлиги, дунёни қонга бўяётганларни ҳам уни ниқоб қилиб олишгани, Усмонийлар ёки арабларнинг тарихдаги қонхўрликлари қалбимдаги мазкур дин ўрнатган эътиқодга бўлган сўнгги ишончни ҳам батамом ўлдириб, чавақлаб, майда бўлакларга бўлмаса-да, манқурт ва чалажон аҳволга соларди.

Бора-бора эътиқод учун лозим бўлган ўша амалларни ҳам қўл учида, чала-чулпа бажарадиган бўлдим. Тасаввуримдаги Худо иккига бўлинганди гўё. Бири қалбимдаги- мен ёлғиз ибодат қилган чоғлари руҳимни поклайдиган, эътиқодимнинг негизи бўлган, эзгуликка мени эргаштирадиган, мен жонимдан ортиқ кўрадиган, барчадан устун қўядиган Худо, иккинчиси- масжидлардаги ибодатлар ёки ҳаёт бағридаги одамлар билан боғлиқ манзаралар асносида қад ростлаган Худо. Мен шу бўлинишдан ич-этимни ердим. Тасаввуримдаги Олий хилқатнинг яхлитлиги бузилгани ва эътиқодимга путур еткани юрагимни қаттиқ сиқарди. 

Бошқа томондан эса диний китоблар ўрнига, адабиёт ва фалсафага қизиқишим орта бошлади. Айниқса, фалсафани мутаассил бош кўтармай ўқиш диний қарашларимга сезиларли тарзда зарар етказди ва ишончсиз ҳувиллаб қолган эътиқодимни бутунлай фалаж қилиш даражасигача олиб келди. Бухорий ва Ғаззолий кабиларнинг қўлимдан тушмайдиган китоблари ўрнини буёғига секин-аста Спиноза, Жон Локк, Бэкон, Фихте, Фейербах кабиларнинг атеистик қарашлар жамланмаси бўлган китоблари эгаллаб, уларни сурбетларча ҳаяжонланиб ва ўзимда йўқ хурсанд бўлиб мутолаа қилишга чоғланардим. Бунинг боиси, уларнинг муаллифлари янги қиёфамга мос нарсаларни ёзишган, шу важдан ўзим юз ўгираётган эътиқодимдан қолаётган жароҳатни улар орқали даволаш истаги юрагимда олов бўлиб ёнар, бундан қанчалик ғайритабиий бўлмасин, ёлғондакам таскин топардим.

 Шу йиллар давомида атеист бўлмадим-у, лекин шунга қараб шахдам одимладим. Бунинг сабаби оддий эди. Мен атрофимда қалашиб ётган Ислом ичидаги одамлардан- унинг амалларини мунофиқларча бажариб, у буюрган инсонийликка тупураётганлардан аламзада эдим. Мен анча-мунча яшаб, ҳаётий тажрибам ортгач, яна кўп нарсаларни тушунмас, саволлар уюми остида эзилиб нафасим чиқмас, уларга жавоб топишда ҳар гал ожиз қолардим. Бу қуриб кетгур саволлар қуйидагилар эди: Биринчидан, нимага қавмимдаги йигитлар уйланган пайтлари қаллиғини “қиз бола” чиқмаганини асабийлашиб гапиришарди-ю, ўзлари тўйдан олдин аллақачонлар жисмлари покдомонлигини йўқотиб улгуришганини, “йигитлик”ларини сақлашга уринишмаганини тан олишмасди? Иккинчидан, улар исломда тўрттагача хотин олишга рухсат берилганини зўр бериб гапириб, буни савобли иш эканлигини пеш қилиб, оғзиларини катта очишарди-ю, аммо нега ўша аёлларга уйланмай туриб ҳам савоб учун ёрдам қўлини чўзиш мумкинлигига хом ва атала ақлилари етмасди? Учинчидан, улар худо ёрлақаб уйларида издиҳом қилишса, фақат қорни тўқларни чақиришарди-ю, нега фақир-бечораларни остона ҳатлашларига ҳам йўл қўйишмасди? Тўртинчидан, нега уйларидаги аёлларини рўмол ўратиб уйдан кўчага остона ҳатлаб чиқаришмасди-ю, ўзлари иш жойларидаги очиқ юрган бировнинг синглиси ёки хотинининг кўкрагидан тортиб орқасигача кўз олайтиришарди? Бешинчидан, нега улар спиртли ичимлик ичиш гуноҳ деб баралла жар солишарди-ю, аммо спиртли ичимликдан ҳазар қилмайдиган корчалоннинг издиҳомида дастурхон тўрида ўтиришарди?

Мана шундай манзара-ю ҳолатларни ўзида акс эттирган саволлар оқими жонимга тегиб кетар, ҳар доим нафратимни қўзитар, жавоб топишга уринишга ҳазар қилганимдан кўнглим қайт қилар ва буларнинг барчаси бир бўлиб кўз олдимда Исломнинг обрўсини дақиқа сайин туширарди. Натижада ўзим севган амалларни бажаришга ҳам хафсаласизлигим ортарди. 

Лирик чекиниш шундан иборат эди. Ажойиб ва ғаройиб, шундай эмасми? Ярим мусулмон, ярим атеистнинг ўтмиши. Бу барчани қизиқтириши ёки зериктириши табиий. Аммо бу томоша ҳартугул узоқ давом этмади. Бу тушунарсиз ҳаёт қучоғида чорак аср яшаб қўйганимдан сўнг, ҳаётимга немис бастакори Бахнинг мусиқаси кириб келди. Мен олдинлари кўпинча Шопенни берилиб тинглар, баъзи ҳолларда Шуберт яратган қўшиқларга вақт ажратардим. Бошқа бастакорларни беш қўлимдек яхши билсам-да, юқорида таъкидлаганимдек уларни паузасиз ва бардавом тинглашга деярли иштиёқим бўлмасди. Негаки, юқоридаги икки бастакор мусиқага бўлган маънавий эҳтиёжимни тўлалигича қондиришарди. 

Бахни илк бор тинглаганимни яхши эслайман. Ўшанда унинг асарлари жамланган лицензион дискни таниш қизим (бўлажак рафиқам) қистови билан мусиқий асарлар дўконидан сотиб олгандим. Ундаги бастакорнинг фугаларидан ҳам кўра токкаталари кўнглимга роса мос тушган, уларга бир пасда мафтун бўлганим ҳайратланарли ҳақиқат эди. Уларни илк тинглашим жараёнида худди Черковлардаги органда чалинадиган жуда таниш мусиқа садоси юрагимга қўрғошиндек қуйилган ва шу тарзда беихтиёр Бахга абадий қарам бўлиб қолгандим.

 Шу-шу уни соғиниб яшайдиган, тез-тез тинглайдиган бўлдим. Энг қизиғи уни тинглаш жараёнида файласуфлар қолдирган юрагимдаги шубҳалар ариб, қайгадир йўқолар, дин кишилари ва мунофиқларга тўла ҳаёт манзараларидан қолган катта-кичик кемтикликлар тўлар, тасаввуримда иккига бўлинган Худо кутилмаганда ўзининг яхлит ҳолига қайтар ва мен эътиқоддан, Ҳолиқнинг қайта бир бутунга айланган, кўзни қамаштирадиган тажаллисидан яна тўйиб-тўйиб лаззатланардим. Руҳонийлар ваъзлари ва диний китоблар орқали нариги дунё, руҳ ва жон, жаннат ва дўзах, фаришталар ва шайтонлар, қабр азоби каби тушунчалар бўйича идрокимда шаклланмай, чала қолган билимлар бисотини Бахнинг мусиқаси тадрижий равишда тўлдирар, уларга бўлган ишончимни эътиқодим сарҳадларида тиклар, бунинг самараси ўлароқ, оммавий тарзда тарғиб қилинадиган диндан тополмаган росмана таскинимни унинг мусиқасидан топар ва унинг кўмагида ўз тасаввуримдаги динга осойишта бир тетиклик билан суяниб, хотиржам нафас олардим.

Уни тинглардим. Мусиқа гўё оғир бошланарди. Дебочаси шундай эди. Назаримда унинг ноталари партитурага ўйиб ёзилганга ўхшарди. Юрак унинг дебочасида безовта урарди. Шундан сўнг, барчаси ўзгарарди. Мусиқа ёқимли таралишни бошларди. Шопеннинг мусиқаси фақат жаннатни, ундаги булбуллар овозини ёдимга солса, бу мусиқа бутун ҳаётимни ва унинг асосига қурилган фоний дунёнинг барча манзараларини кўз олдимга олиб келар, савоб ва гуноҳ амаллар таснифини идрокимда тартиблар, боқиё дунё борасидаги хаёлотимни сайқаллаштирар, қабр азобининг ҳақлигини жонкуяр устоздек юрагимга уқтирар, жаннат ва дўзах ҳақидаги тасаввуримни бойитар, Худонинг мавжудлигига иймон келтиришга чорларди. 

 Ислом динини тушунишимга ва эътиқодимни мустаҳкамланишига насроний бастакорнинг черковларда чалинадиган мусиқаси ёрдамга келгани баъзида ўзимни ҳам ҳайрон қолдирарди. Ҳатто, шундай кунлар бўлардики, Тошкентга иш билан ёки конференцияларда қатнашиш учун борганимда, у ердаги католиклар черковига кириб, Бахнинг мусиқасини жонли тинглашни ўз олдимга мақсад қилиб қўярдим. Бироқ, ҳар сафар бу ниятимдан қайтар, Боткин қабристони ёқалаб бориладиган йўл орқали таксида қатъий қарор қилиб кетсам-да, маҳобатли черковга кирмас, унинг қаршисида ўтириб-ўтириб, ортга қайтар ва таксига бекордан бекорга пул тўлардим. Такси ойналари ортидан черковнинг ноодатий меъморчиликда қурилган ташқи кўринишига тикиларканман, “ҳозир машинадан тушиб, ичкарига кириб, у ерда Бахни тингласам нима бўлади”, деб ўйлардим. Очиғи, бу жуда осон кўринарди. Нари борса ўттиз қадамлик масофа мени Черковдан ажратиб турарди. Шу масофани босиб ўтиб, унинг эшигини очсам, ичкарига қадам қўйсам, мақсадимга эҳтимол етардим ва у ердаги ўриндиқлардан бирига ўтириб, орган садосини, унинг клавишлари ёрдамида Бахни истаганимча тинглашим мумкин бўларди. Аммо ижтимоий фикр оёғимга тушов бўларди. Кулгули, шундай эмасми? Уни ташкил қиладиган оммадан иккиланардим. Ғалати, жуда ғалати. Дарз кетган эътиқодимни қўпол қилиб айтганда ямаган, исломни қайтадан севишга ўргатган, тўлиқ атеист бўлиб қолишимдан асраган мусиқани жонли эшитиш учун мен иккиланар, каминани ярим атеистга айлантириб қўйишган файласуфлар билан ҳаёт саҳнасидаги турфа роллари билан йиллар давомида атрофимда роса жонбозлик кўрсатиб, сон-саноқсиз репертуарларда саф тортишган одамларнинг гап-сўзларидан чўчирдим…

Фикр қилсам, ҳозир ҳам шундай экан. Ҳанузгача Бахнинг лицензион дискда тинглайман. Диск жонивор эскириб кетган, бироқ ҳалиям бинойидек хизмат кўрсатади. Эътиқодим бу мусиқа ёрдамида мустаҳкам ҳолга келиб улгурган. Шунга қарамай Бахни жонли тинглашни жудаям истардим ва шуни ҳар куни ўйлаб, суяк-суягимгача соғиниб яшайман. Ўйлашимча, бирор кун албатта Тошкентдаги католиклар черковига кираман-да, у ерда узоқ қолиб, Бахни тинглайман. Ташқарига чиққанимдан сўнг ўтган-кетганлар нима деб ўйлашса ўйлашаверсин (ижтимоий фикр аслида биз ўзимиз ўйлаб чиқарган чегара). Балки, насронийлик динини қабул қилибди бу ўзбек боласи дейишар. Балки, юзимга тупуришар динидан кечибди деб. Одамларнинг оғзига элак тутиб бўлармиди. Уларга Бах мени худосизлик деб аталган жарнинг ёқасидан гўзал исломга қайтарганини, эндиликда уни жонли тинглаш соғинч билан яшаётганимни, Черковга ҳам фақат шу мақсадда кирганимни айтишнинг сира фойдаси бўлмайди. Зеро, улар ҳалиям ўзгаришмаган, эртага ҳам ўзгаришмайди. Уларнинг наздида черковга фақат насроний киради. Мусулмон эса масжидга шошади, роса шошади. Уларнинг ўзлари ҳам худди шундай қилишади. Азон айтилиши билан масжидга шошишади. Аммо унинг ташқарисида-чи? Ташқарисида- Пушкиннинг машҳур эртагидаги ўша эски ва тешик тоғора томон югуришади.

2020 йил, август. Фарғона

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting