ҳикоя

Поезд баланд овозда пишқириб бекатда тўхтади. Унинг навбатдаги борар манзили денгиз бўйидаги кичкина бир шаҳарча эди.

Айни ёз ойларида бу шаҳарча одамлар билан гавжум бўлиб, бу поездда улар гўё денгиз сари оқиб келишарди. Поездни бетоқатлик билан кутаётган йўловчиларнинг ичида шу атрофдаги кичик бир дўконнинг эгаси, ёшгина йигит ҳам бўлиб у поезддан тушаётганларни диққат билан кузатиб турарди. Бир пайт излаганини топди, шекилли, юзларига  табассум ёйилди. У қувончи ичига сиғмай, чўзиб ҳуштак чалиб хизматчи болани ёнига чақирди.

— Ҳуув анави, қизил кўйлак, қора шляпали аёлни кўряпсанми? Почта қутиси тарафга кетяпти. Унга мана буни олиб бориб берасан, тушундинг- а? – деди дўкондор йигит олдиндан тайёрлаб қўйилган чиройли гулдастани ўзгача бир меҳр билан унга тутқазаркан. Бола «хўп бўлади» деганча, шошилиб кетди. Йигит эса унинг ортидан сўз қотди. «Эҳтиёт бўл, хат қистирилган яна тушириб қўйма». 

— Хоним, мени кечирасиз, бу гуллар сизга, – деди болакай гулдастани иложи борича баландроқ кўтариб. Хоним эса  «менга гапиряпсизми?» дегандек савол назари билан қаради болага.  Хизматчи бола аёлларга гул тақдим этишса, жуда қувонадилар деб ўйларди. Йўқ, бу қизил кўйлак кийиб, қора шляпасини кўзларигача бостириб олган аёл хурсанд бўлмади. Дастлаб, умрида биринчи марта тирик инсонни кўраётгандай ҳайрон боқди. Гулларга эса оғир ғам билан қаради. Унинг кўзларида ортиқ даражадаги бахтсизлик ва атрофидагиларга нисбатан ўлик лоқайдлик яққол кўриниб турарди. Бола бундай асаббузарликдан ё йиғидан қонталаш бўлган, қорачиғини хира парда қоплаган кўзларни ўзи яшайдиган камбағаллар маҳалласида кўп кўрган. Аммо, бу аёл кўринишидан сира маҳалладошларига ўхшамасди. Кийиниши, нозик бармоқлари-ю, қўлларида назокат билан кичкинагина бежирим сумка тутиб туришиданоқ унинг олийнасаблардан эканлигини сезиш мумкин эди. Аёлнинг бир қўлида ғижим конверт, конвертни тутган қўли эса титрарди, худди ингичка лаблари сингари. Афтидан хатни почта қутисига ташламоқчи-ю, нимагадир шошилмаётганди.

— Ола қолсангиз-чи?- шошилди болакай. Аёл беихтиёр гулдастага қўл чўзди.

— Сизга гулларни ким берди?

Аёлнинг овози ғоятда ёқимли ва чиройли эди. Боланинг қулоғига ёқимли туюлгани эса уни сизлагани бўлди.

— Хати бор ичида, ўқисангиз ўзингиз тушуниб оларсиз,- деди ундан узоқлашаркан. Боланинг вақти зиқ эди. Ҳали кўп иш қилиши,  эртага кун кечиришлари учун етарли пулни топиб уйига олиб бориши керак эди.

Аёл гулдаста ичидаги кичкинагина конвертни очди. Хатни ўқиб ранги оқариб кетди. Кўзолди қоронғилашиб бораётганига қарамасдан почта қутисидан  сал наридаги бекат ўриндиғига етиб келди ва оғир чўкди. Хатни очиб яна ўқиди: «Азизам, келганингдан жуда ҳам хурсандман. Доимгидек ҳаммадан гўзалсан. Энди кетишга шошилма. Сени ҳар доим кўришадиган жойимизда кутаман. Сени соғинган, сени жонидан ортиқ кўрувчи инсонинг».

Аёл ўтирган жойида анча пайт қотиб қолди. Уни соҳил бўйи сари ошиқаётган поезднинг йўлга тушиш ҳақидаги сигнали ўзига келтирди. Ва у атрофга олазарак боқиб бояги болани ахтарди. Тополмади.  Уни тушида кўрдими ё ўнгида? Поезд секин-аста йўлга туша бошлади. У жуда қийин танлов қаршисида турар, бир қўлида ўз қўли билан оиласидагиларга ёзган видолашув хати, иккинчисида қаердан келиб қолгани номаълум бўлган хат. Қаршисида эса ўзини остига ташламоқчи бўлган поезд. Худди шу поездда улар тўй саёҳатига боришмоқчи эди, худди шу поезд севган инсонини олисларга олиб кетди ва тобутда қайтариб олиб келиб ташлади. Худди шу поезд, худди шу бекат ҳаммаси кечагидек эсида, гуллар билан уни кузатгани, кейин зор қақшаб тобутни қучоқлаб йиғлаганлари…

Аёл ғойибдан пайдо бўлиб қолган севимли гулларига тикилди. Хатдаги «Кетишга шошилма… сени ҳар доим кўришадиган жойимизда кутаман» сўзлари миясида чарх уриб айланаётган бир пайтда, поезднинг темир ғилдираклари ҳам тез-тез айлана бошлаганди. Энди вақт ўтиб бўлганди. Поезд узоқлашиб кетиб, бекатда одам сийраклашиб қолганида аёл секин йўлга тушди. Қўлидаги ғижим конвертни почта қутисига эмас, ундан сал наридаги  ахлат челакка ташлади. Гулларни бағрига босганча ибодатхонага йўл олди.

Моҳира Эшпўлатова

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting