Ҳажвиялар

0
715

ХОТИНИМ КЕТИБ ҚОЛДИ

Мухтор ШЕРИМОВ

Тонг саҳарда ириллаб, э йўғ-е, кечирасиз, хуриллаб ухлаб ётгандим. Уйғониб қарасам, хотиним кетиб қолибди. Дўконга деб ўйлаяпсизми, йўқ, отасиникига. Битта вараққа ажи-бужи қилиб, қуйидагиларни ёзибди: “Сумалак! Энди мени унутинг. Сабрнинг ҳам чеки бор. Қизингизни ҳам унутарсиз! Пока! Салом билан Молингиз”. “Пока”си нимаси? Қайтиб келишига ишора — бу. “Молингиз” дебди. Иккаламиз бўлар-бўлмасга уришиб қолганимизда, мен уни “Мол”, у эса мени “Сумалак” деб бир-биримизни калака қилардик.

Қалбим оғриди, биров, зирқираган баданимни қашиб кетгандай бўлди. Ортидан хушомад қилиб бормадим. Бир ой ўтди, икки ой, уй ой… Тили чулдираб чиқиб келаёган қизимни, тўғрисини айтадиган бўлсам, хотиним билан уришган кунларни ҳам соғина бошладим. Хўрсиниш билан кун, ўзимни-ўзим қучоқлаш билан тун ўтди. Қўл телефонига қўнғироқ қилсам ҳар гал: “Унинг телефони ёниб кетган ёки у бошқага турмушга чиққан” деган овозли хабар келади. СМС ёздим: “Жоним, молим, кечир мени. Қизимиз учун кечиргин. Нега уришганимиз ҳам ёдимдан кўтарилибди, уйга кел… Ҳар куни тухум қовуриб еявериб, безор бўлдим. Кутаман, жоним!”. Кўп вақт ўтмасдан хотинимдан жавоб келди: “Сумалагим! Хотинсиз юриш қандай бўларкан? Ажаб бўпти. Нима бало, ота уйимнинг манзилини унутдингизми?”

Э, воҳ, менинг келишимни кутиб ўтирган экан-ку! Турмуш қурганимизга уч йил бўлди, шу уч йил ичида уч юз марта отасиникига кетиб қолиб, уч юз марта олиб келганман. Унутиб бўладими? Бозордан хотинимга гулдаста сотиб олиб, “Газель”да қайинюртимга йўл олдим. Олдимдан кичик бўталоғим, дадасига садоқатли қизим югуриб чиқди. Соғиниб қолибман, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Қарасам, қайнонам қаршимда турибди. Қизи қайтиб келганига, қайтариб қувиб юборса бўларди-ку, шундаям уялмасдан қучоқлаб олдим. Бир қарасам, қаршимда ҳиқиллаб қайнотам турибди. Қайнотамни ҳам қучоқлаб йиғладим. Қаршимда қора сигир турган экан. Уни ҳам қучоқлаб… Қучоқлаб турсам, қорасон бўлиб ўлгур, гулдастамни еб қўйибди. Не кўз билан қарайки, бир қарасам, хотинимни қучоқлаб турибман.

Уйга кириб чой ичдик. “Нега уришиб қолдиларинг ўзи?” – деб қайнонам сўраб қолди. Хотинимнинг айтишича, мен мазах қилиб, тилимни чиқарибман, бор сабаб шу. Уйга уч киши бўлиб қайтдик. Кечки овқат маҳали шунчаки, тилимни чиқардим. Хотиним индамади. Аммо, эрталаб турсам, хотиним кетиб қолибди!

ҲОКИМ БЎЛДИМ! УРА!!!

Асет АССАНДИ

Ура! Қариндошларимнинг кўп йиллик армонлари ушалиб, мен туман ҳокими бўлиб тайинландим! Бугун азонда бу хабарни эшитиб, қувончим танамга сиғмай ўтирибман. Аммо, қизиғи ҳали дастлабки иш куним бошланмасидан, қандайдир чарчаб кетган одамга ўхшайман. Нега дейсизларми? Тонг саҳардан қутловчиларнинг аксарияти Instagram, WhatsApp, Facebook орқали кетма-кет табрик йўллагани ўз йўлига, телефон қўнғироқларида ҳам тиним йўқ.

 – Ҳой, сен болани олдиндан билардим мен, бежиз эмаскан. Маладес! – деб кўрганда кўпам менсимасдан қўл учида базўр кўришадиган узоқда яшайдиган бир акам қўнғироқ қилди.

 – Э, куёв бола, бизга яхши бир иш топиб қўй – деди, яқинда ишдан бўшаб қолган қайноғам.

 – Укагинам, бормисан? Поччанг иккаламиз табриклагани бормоқчимиз – деб анчадан буён хабарлашмай қўйган бир опам қўнғироқ қилди.

 – Манови менинг совғам. Йў-йўқ. Олинг! – деб, бир тадбиркор иним келиб, қўлимга 500 минг тенге қистириб кетди.

– Айланайин! Ўғлимни ўзингизга ҳайдовчи қилиб бўлса ҳам ишга жойлаштиринг. Акангиз ҳаёт бўлганида, кўчада қолмаган бўларди, — деди бир қайсаргина янгам.

Шу орада кутилмаганда қаердандир дўстларим пайдо бўлишди.

– Э, бошни қотирма, лавозимни ювасан. Манови бизнинг совғамиз, оз бўлса ҳам кўпдай кўр! – деб 10 минг доллар ташлаб кетишди.

Бундай қарасам ишга боришнинг ҳам ҳожати йўқга ўхшайди – заҳмат чекмасам ҳам насибамнинг ўзи оқиб келяпти. Орадан бироз вақт ўтиб қишлоқдаги акам келди.

– Янганг иккаламиз эшитиб, қувончимиз танамизга сиғмай мошинага қўйни солибмиз-у, беш-олти қоп ун бор эди – унутиб қолдирибмиз – деди.

Бир қарасам, ҳали мен хизмат вазифамни бажаришга улгурмаган  туманнинг таниқли мутахассислари узун-қисқа бўлиб кириб келишди.

– Акажон! Туманимизга келганингиздан бошимиз кўкка етди. Сиздек раҳбарни орзу қилганимизга кўп йиллар бўлди. Худо ниятимизга етказди. Бу дунёда Сиздан ўтадиган ҳеч ким йўқлигини олдиндан билардик.

– Ҳой, қуда бола! Бу мен – Сирдарёнинг бўйидаги қуда холангизман. Танимадингизми? Ана, ҳоким бўлмасдан туриб дарров одамни танимай қоласизлар. “Мега”нинг олдида турибман, тезроқ етиб келинг, гап бор эди.

Қанақа гапи борлигини билсам ҳам, боришга тўғри келди.

Худди шу пайтда қишлоқдан онам қўнғироқ қилдилар:

– Болажоним-ей, жиянчаларинг қийналиб кетди, бирон чорасини қил, эртага борамиз!..

Тонг отмасдан бошланган бу “қутловлар” кеч бўлганда безор қила бошлади. Бошим чархпалакдек айланиб, кимга нима деётганимни ҳам англаб етмайдиган даражада эдим.

– Э, худойим-ей, бу ҳокимликни менга нима учун бердинг? Ҳоким бўлмай қўяқолай!..

– Маъқул, айтганинг бўлақолсин. Истамасанг бўлмай қўяқол! – деган сеҳрли бир овозни эшитгандим, уйғоним кетибман…

Қозоқ тилидан Нодирбек ЙЎЛДОШЕВ ўгирди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting