Жорж Оруэлл. ФИЛ

0
1326

эссе

Қуйи Бирманинг Моламянь шаҳарчасида умримда илк бор сон-саноқсиз одамларнинг нафратига дучор бўлдим. Мен ушбу шаҳарчада ҳудудий полиция нозири бўлиб ишлардим. Бу ерларда ғайриоврўпавий қарашлар фақатгина норозиликлардан иборат эди. Исён кўтарай деса, ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди-ю, аммо бирор оврўпалик хонимча бозорга ёлғиз оралагудек бўлса, албатта, кимдир унинг кўйлагига оғзидаги бетел[1] сувини тупурарди.

Полиция нозири бўлганим учунми, қулай вазият бўлди деганда каминага қопқон қўйишарди. Бир гал футбол майдонида абжир бир бирмалик мени йиқитган маҳали ҳакам (у ҳам бирмалик эди-да!) қасддан бошқа ёққа эътибор қаратганди. Ўшанда омма мени масхаралаб шовқин солган. Бундай аҳвол шу билан қайталанмагандаям майли эди… Охири, ҳар-ҳар ерда тўқнаш келадиган ёш-ялангларнинг юзларида пайдо бўладиган илжайишлар-у, узоқлашишим биланоқ қулоққа чалинадиган бемаъни ҳиринглашлардан асабим қўзийдиган бўлиб қолди. Ҳаммасидан ҳам ёш буддавийлар ўтиб тушганди. Шаҳарчада мингдан зиёд бундай динпарастлар бўлиб, муюлишларда туриб олиб европаликларни мазах қилишдан бошқаси уларнинг қўлидан келмасди.

Мухтасар айтганда, буларнинг бари асаббузар воқеалар эди. Негаки мен империализмнинг нотўғри сиёсат эканини, қанчалик тез вазифамдан бўшасам, булардан қутулишим ҳам шунчалик осон кечишини англаб улгургандим. Ич-ичимдан – албатта, бу сир – мен Бирма халқини ёқлаб, босқинчилар, яъни инглизларни қоралаган бўлардим. Хизмат вазифамга келсак, Империянинг барча кирдикорлари шундоққина тумшуғим остида намоён бўлиб турар ва мен вазифамни адо этишдан, рости, нафратланардим. Турманинг қўланса қафасларида қунишиб, бир-бирининг пинжига суқилиб ўтирадиган, одамнинг раҳмини келтирадиган бандилар; азалий маҳбусларнинг қўрқувдан оқарган афт-ангорлари; одамларнинг бамбук билан саваланаверганидан тимдаланиб кетган яғринлари –буларнинг бари мени чидаб бўлмас даражада айбдорлик ҳиссини туюшимга мажбурларди. Лекин муайян фикрга келолмасдим. Мен ғўр ва чаласавод эдим, қолаверса, ҳар бир инглиз каби сукунат оғушида ўз муаммоларим устида бош қотиришгагина ярардим, холос. Британ империясининг умри ниҳоялаб бораётганидан сира хабардор эмасдим, ҳатто унинг ўрнини эгалламоқчи бўлган янги империяларнинг кучайиб бораётганини-да билмасдим ҳисоб. Менинг билганим фақат шу эдики, мен ўзим хизмат қилувчи империяга ва атрофдагиларга бўлган нафратим аросатида қолгандим. Бир томондан, кимдир қаршилик қилганда ҳам инглиз рожасини енгилмас золим деб билсам, бошқа томондан, будда руҳонийлари устида қурол ўқталиб туришнинг ҳам гашти бор, деб билардим. Буларнинг бари тузум қадаган уруғлар ҳосили эди. (Агар вазифасидан бўшаган бирорта инглиз ё ҳинд хизматчисини учратсангиз, бу ҳақда сўрашингиз мумкин.)

Одатий кунларнинг бирида бир нохушлик содир бўлди. Бу, аслида, тузум ҳақида аввалгидан кўпроқ нарсани англаб етишимга туртки бўлди. Каллаи саҳарлаб шахарчанинг бошқа бир қисмидаги полиция нозири менга қўнғироқ қилиб қандайдир фил бозорни вайрон қилаётганини айтди, менинг бориб бирор чора кўришимни илтимос қилиб сўради. Нима қилиш кераклигини билмасам-да, у ерга бориб ҳодисага гувоҳ бўлмоқчи эдим. Шу сабаб понига ўтириб йўлга тушдим. Филни гумдон қилишда иш бермаса ҳам, ихчам ва эски «Винчестер 44» милтиғимни олдим. Бир неча бирмалик йўлда учраб, менга жонивор не кулфатлар келтиргани ҳақида маълумот беришди. Айтишларича, у ёввойи фил эмас, аксинча, масиқиб қолган хонаки фил экан. У барча ўргатилган филлар каби ҳирси қўзийдиган пайти келгани учун занжирлаб қўйилган, бироқ кеча тунда занжирларини узиб, қочиб кетганмиш. Филбоқар, яъни бу жониворни уддалай оладиган ягона одам филнинг ортидан қувмоқчи бўлиб йўлдан адашган, айни дамда ўн икки соатлик масофага олислаб кетган эмиш. Фил эса эрта тонгда шаҳарда пайдо бўлган. Бирмаликлар бу ҳайвон қаршисида ожиз эди. Жонивор аллақачон бировнинг бамбук чайласини бузган, сигирини ўлдирган, мева расталарига ҳужум қилиб, бир қанча маҳсулотни паққос туширган, шунингдек, ҳукуматнинг чиқинди ташувчи фургонини учратиб ҳайдовчи энди сакраб қочаман деганда фургонни ағдариб, ҳайдовчига хавф солган эди.

Нозир ёрдамчиси ва бир қанча ҳинд миршаблар фил кўриниш берган даҳада мени кутишаётганди. Бу қашшоқ даҳанинг сурати ҳаминқадар эди: бир-бирига туташ, томига пальма япроқлари тўшалган исқирт бамбук чайлалар; сирпанчиқ тепаликлар оша эсадиган жинни шамоллар…

Яхши эслайман, ўша тонг ёмғир бошланишидан олдин ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Биз ҳайвон қаерга кетганини аниқлагани одамларни сўроқлаб кўрдик, бироқ одатдагидек тайин бир маълумот олишнинг иложи бўлмади. Чунки, Шарқда бу — одатий ҳол, четдан қараганда ҳаммаси равшандек туюладию, қанча яқиндан қарасанг, тафсилотлар шунча дудмаллашиб бораверади. Баъзи одамлар жонивор у ёққа кетди деса, баъзиси бу ёққа кетди дер, баъзилари ҳатто ҳеч қандай фил-пилни кўрмагани ҳақида ёлғон тўқирди. Пуч ёнғоқдан иборат сафсата тинглаб турганимизда яқин орадан қичқирган товуш қулоққа чалинди. “Нарироқ кет, бола, ўлгинг келганми?!” деган баланд, ваҳимали овоз эшитилар, бир кампир қўлида машъал билан кулба бурчагига келиб, бир тўда луччак болаларни ҳайдамоқчи бўлиб жағ урарди. Яна бир неча аёл жавраганча кампирга ҳимо берди, демакки, бу ерда болалар кўриши ножоиз недир содир бўлганди. Мен кулбани айлана туриб майиби чиққан одамга дуч келдим. У ярим яланғоч қора танли дравидалик қулвачча эди ва, афтидан, анча дақиқалардан бери жон беролмай қийналарди. Айтишларича, фил тўсатдан у томон келиб қолган, хартуми билан тутиб, зилдай оёқлари билан босиб, шўрликни ер билан яксон қилиб эзғилаган эди. Ёмғирли об-ҳаво туфайли ер юмшоқ эди, шундан у ботиғи бир қаричдан кўпроқ, бўйи қарийб икки метрча из ҳосил қилганди. У юзтубан ётар, қўллари бежон, боши эса бир ёнга кескин қайрилганди. Унинг афти лойга беланган, кўзлари катта очиқ, тишлари эса чидаб бўлмас азобни яққол ифодалагандек тиржайиб турарди. (Дарвоқе, ўлган-нетганларни кўравериб дийдаси тош қотган деб ўйламанг, бу менга жуда таъсир қилди.) Баҳайбат махлуқнинг оёқлари, худди биров қуённи пўстдан туширгандагидек, унинг ҳам орқа терисини осонгина тилиб юборган эди. Чалажон жасадни кўришим заҳоти югурдакни яқин атрофдаги дўстимникидан филни отишга ярагулик қурол келтиргани жўнатдим. Понини эса қўрқиб жини қўзимасин, филни кўрганда мени итқитиб юбормасин учун аллақачон ортга қайтариб юборгандим.

Югурдак бир неча дақиқа ичида милтиқ ва бешта ўқдон олиб қайтди, айни дамда баъзи бирмаликлар келиб, жонивор бор-йўғи бир неча юз ярд олисда, қуйидаги шоли далаларида эканини айтишди. Табиийки, мен йўлга тушганим заҳоти даҳанинг бутун аҳолиси кулбаларини тарк этиб, ортимдан эргашишди. Улар қўлимдаги қуролни кўришгани сабабли филни отмоқчилигим ҳақида ҳайратланиб чуғурлашарди. Худди инглиз оммасига қизиқ бўлгани каби, бу улар учун ҳам қизиқ эди, фарқ шундаки, бирмаликлар гўштдан умидвор эди. Бу менга бироз ноқулайлик туғдирди. Менинг жониворни отаман деган кўнглим йўқ эди, — мен нари борса ўзимни ҳимоя қиларман деб югурдагимни қуролга жўнатгандим – бироқ, ортингдан оломоннинг изма-из келши асабингни тарангламоғи бор гап. Мен эси пастга ўхшаб, елкамга қуролни осилтириб, ортимдан сония сайин қаймоқдай кўпчиб бораётган одамлар галасини эргаштириб, тепаликдан пастга томон юриб борардим. Юқорида, кулбалардан ўтиб борсангиз, темир йўл ва ундан нарида ҳали шудгорланмаган, лекин илк ёмғирлардан ивиган ва қалин ўт қоплаган минг ярдлаб шолизорлар бор эди. Фил йўлдан саксон ярдча масофада турар, чап ёни бизга қараган эди. У одамларнинг шарпасиз яқинлашганини фаҳмламади. Жонивор даста-даста ўтларни юлар, тозалаш учун тиззасига урар ва оғзига солиб ямларди. Мен йўлда қотиб қолгандим. Филни кўрган оним камоли ишонч билан англадимки, уни отмаслигим керак эи. Нафас олаётган жониворни ҳаётдан мосиво этишни – бу жиддий масала! – бирор улкан механизмнинг муҳим қисмини вайрон қилиш билан таққослаш мумкин. Имкон қадар вазиятни ўзгача якунлаш ҳақида бош қотирардим. Қолаверса, бу масофадан жонивор кўкатни оҳиста кавшаркан, сигирдан ҳам ювош кўринарди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам хаёлимга келгани шу бўлдики, унинг масиқиши сусайётганди. Шу ҳолатида филбон келгунга қадар безиён сандирақлаб юрган бўларди, холос. Янаям, мен унга ўқ узиш ҳавасида ёнаётганмасдим. Қайта қутраб қолмасмикин, шуни билиш учун тағин бироз уни кузатиб, сўнг уйга қайтишга қарор бергандим.

Ортимдан эргашган халойиққа бир қур назар ташладим. Тўда жуда қуюқ эди: камида икки минг киши, етмаганига яна одам сони ўсиб борарди. Улар йўлнинг анча қисмини тўсиб қўйганди. Энгил-боши эътиборни тортмай қўймайдиган башараларга нигоҳим тушди – уларда кўнгилхушликдан мириқиш зоҳир эди: барча жонивор отилажагига ишонарди. Улар мени худди ўйин кўрсатгич масхарабозни кузатгандай кузатаётгандилар. Мени ёқтирмасалар-да, қўлимда аломат қуролим бор экан, ҳеч қурса шу лаҳзаларда эътибор қилмоққа арзирдим. Тўсатдан шуни фаҳмладимки, нима бўлмасин филни қулатишимга тўғри келар эди. Халойиқ мендан шуни кутар ва мен буни адо этишга мажбур эдим; икки минг кишининг тоқатсизларча мени олға ундаётган истакларини ҳис эта олардим. Ўшанда, қурол кўтариб мазкур жойда турарканман, энг аввало, Шарқда оқ танлининг ҳурмати сариқ чақа эканини тушундим. Ҳа, қурол осиб олган оқтанли, яъни камина яроғсиз оломон қаршисида гўё пьесадаги бош қаҳрамонга ўхшаб кўринсам-да, аслида, шуларнинг истамига монанд йўл тутиши керак бўлган қўғирчоқ эдим, холос. Яна шуни билдимки, агар оқ танли киши зулмга қўл урса, бу ўз обрўсини ўзи барбод қилгани бўлади, у беқадр ўйинчоққа, қуруқ савлатигагина айланиб қолади. «Маҳаллийлар» олдида мулзам бўлиб қолмаслик унинг вазифалари сирасига киргани ҳар қандай нохушликда «маҳаллийлар» ундан нима кутса, ўшани бажо келтирмоғини тақозо этарди. Хуллас, у кутилган қиёфага кира олиши зарур эди…

Ўзим истамаган ишга қўл урушим зарурлигини англадим.  Қуролга киши жўнатганимдаёқ бунинг учун ўзимни ёзғиргандим. Лекин, соҳиб, яъни амалдор, ўзини соҳибдай тутиши шарт, у нима чора кўришию қай тўхтамга келишини аниқлаш учун қатъиятли бўлиши талаб этилади. Елкамда қурол, ортимдан икки мингча оломонни эргаштириб шунча йўлни босиб ўтсаму, ҳеч нарсага қурбим етмаса, — йўқ, бунинг сира иложи йўқ – кулгига нишон бўлардим. Менинг ҳам, бошқа оқбаданларнинг ҳам ҳаракати бир пул бўларди унда.

Бироқ, нима бўлганда ҳам, мен жониворга зарар етказиш қасдида бўлмаганман. Унинг номига мос вазминлик билан даста алафни тиззасига ураётганини кузатдим. Унга ўқ узиш гуноҳи азимдек туюлди менга. Шу ёшимда мен қонни кўриб ўзини йўқотадиган довдир эмасдим-у, кун келиб филга қарата ўқ бўшатиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Бундан ташқари, улкан махлуқнинг эгасини ҳам ҳисобга олиш керак эди. Тириклигида у камида юз фунтга тортса, ўлгандан сўнг атиги беш фунт — мугуз тишларининг баҳосигагина арзирди.  Лекин мен туйқус чора кўришга мажбур эдим. Етиб келганимизда шу ерда бўлган, ёши улуғроқ бир-иккитасидан жонивор ўзини қандай тутаётгани ҳақида сўрадим. Жавоблар бир хил эди: агар уни ёлғиз қолдирсам, менга эътибори тушмаслиги мумкин; агар яқин борсам кунимни кўрсатиши тайин. Нима қилишим энди равшан эди. Айтайлик, йигирма беш ярдча унинг яқинига бориб, оқибатини синаб кўрмоқчи эдим. Борди-ю у менга ҳамла қилса, отиб ўлдиришни, эътибор бермаса, ўз ҳолига қўйишни режа қилгандим. Қолаверса, биринчи режам юз бермаслиги жон дилимдан хоҳлардим. Камина бир нўноқ мерган, замин эса қадам қўйса ботар даражада лой эди. Агар фил ҳамла қилса-ю, мен анқайиб қолар бўлсам, улкан машина остидаги бақадай хатарда қолишим муқаррар эди. Бироқ ўшанда ҳам ўзим ҳақимдамас, ортимдагилар ҳақида ўйлаётгандим. Ортингда шунча кўз қараб турган вақтдаги билан якка ўзинг бўлгандаги ҳадиксирашнинг ўртасида озмунча фарқ бор дейсизми?

Оқсуякман деганлар маҳаллий халқ қошида довдираб қолмасликка мажбур, шу боисдан ҳам мен эсанкираб қолмадим. Хаёлдан кечгани фақат шу бўлдики, мабодо бирор нарса кутилгандек юз бермаса, икки минг бирмалик кўз ўнгида фил мени тақиб қилгани, тутиб олгани, ҳамла қилгани ҳамда тепаликдаги ҳинд каби хириллаб ётган чала ўликка айланганим саҳнаси акс этиши мумкин эди. Эҳтимол, улар бундан мириқиб кулармиди? Сира бундай бўлмаслиги керак! Фақат бир чора қолганди: ўқларни милтиқ чамбарагига жойладимда, аниқ нишон олиш учун ерга чўзилдим.

Оломон жўшиб борар, ахийри театр пардаси кўтарилганига шоҳид бўлгандек минглаб томоқларнинг енгил ва мамнун ҳўрсингани эшитилди.  Улар кутган саҳна ниҳоят бошланишга яқин эди. Қўлимдаги — ажойиб немис қуроли. Филни нишонга олган киши унинг у қулоғидан бу қулоғигача бўлган оралиқдаги миясини кўзлаб отиши кераклигини ўшанда билмасдим. Шунинг учун, жонивор рўпарамда турар экан, қулоқ тешигига эмас, пешонасига ўт очдим.

Тепкини босганим заҳоти ўқ овозини ҳам, силтанишни ҳам эмас, оломоннинг ғувиллаганини пайқадим. Ўқ нишонга етгунча неларни ўйламайсан киши? У на чайқалди, на қулади, лекин танасидаги ҳар бир бурмаси ўзгарди. У қўққис зарб қабул қилган, кичрайиб қолган, жудаям қариган каби кўринар; гўё машъум ўқ уни йиқитиш ўрнига фалажлаб қўйгандек эди. Ниҳоят, жуда узоқ туюлган вақт давомида — аслида нари борса беш дақиқа эди дейишим мумкин, — у тиззаларига мадорсиз чўкди. Оғзидан сўлаги оқди. Эси оғиб бошлагандай кўринди. Уни минг ёшларга кирган деб ўйлаш мумкин эди. Яна бир бор худди ўша нуқтага ўқ уздим. Иккинчи отишда ҳам у йиқилмади, тиришиб оёғига суяниб олди; оёғи букик, боши эгик ҳолда савлатини базўр кўтариб турди. Учинчи бор ҳам ўқ уздим. Буниси энди уни адо қилди. Филнинг бутун бадани қалтирагани, оёқларидаги сўнгги мадори соврилганини – ўша ўқ асоратини сезиш қийин эмасди. Чўкаётганда у лаҳзага қад ростлагандай бўлди. Орқа оёқлари ерга ботганда хартуми осмонга узанган дарахтга ўхшарди. У биринчи ҳам сўнгги марта айқирди. Кейин йиқилди. Ер билан тўқнашганда салкам мен чўзилган жойга довур титради.

Мен ўрнимдан турдим. Бирмаликлар аллақачон лой кечиб ёнимда ўтиб кетаётгандилар. Жонивор қайта бош кўтармаслиги кундек равшан, бироқ ҳалиям жон таслим қилмаганди. У бир маромда, ҳансираб нафас олар, танасининг тепа қисми кўтарилиб-тушар эди. Унинг оғзи кенг очиқ эди – оч пушти томоғининг тубига довур кўра олардим. Унинг умри тугармикин деб қанча кутдим, лекин унинг нафас олиши сусаймасди. Ахийри, қолган иккита ўқимни ҳам юраги жойлашган ерга уздим. Жониворнинг қони қизил баҳмалдай ерни қоплади, ўшандаям у тирик эди. Унинг танаси ўққа нишон бўлганда ҳатто силкинмади ҳам, илгаригидай нафас олаверди. У жуда имиллаб, шу билан бирга жуда азобланиб, мендан сал нарида, ҳатто ўқлар ҳам умрига нуқта қўёлмаётган ерда жон таслим қилаётганди. Билдимки, унинг азобларига барҳам бериш керак эди. Шу қадар улкан мавжудотнинг қимрлашга-да, ўлишга-да мажолсиз ётганини кўриш ҳам, бунга хотима ясолмаслигинг ҳам аянчли ҳолдир. Мен тағин ихчам қуролимни келтиришга буюрдим, жониворнинг юраги ҳамда бўйин остиларини кўзлаб отдим. Булардан ҳам фойда чиқмагандай эди. Соат милларининг одимидек унинг ҳансираши ҳам барқарор давом этарди.

Бўлмади! Барибир бунга чидаб туролмай ортга қайтдим. Кейин эшитдимки, жониворнинг жони узилар вақти яна ярим соатча чўзилган экан. Бирмаликлар ҳатто мен кетмасимдан баҳайбат қассобпичоқларию саватларини кўтариб келардилар. Кейин билсам, тушга қадар жонивордан фақат суякларгина қолибди, холос.

Кейинроқ филнинг отилиши ҳақида кети узилмайдиган мубоҳаса авж олди. Филбоқар ҳам дарғазаб эдию, бор-йўғи бир ҳинд бўлганидан қўлидан ҳеч нарса келмасди. Бошқа томондан, яъни қонунан қаралса, эгаси эплолмаган тақдирда қутурган итларга нисбатан чора кўрилгани каби, филни ўлдиришда мен ҳақ эдим. Оврўпоиклар эса бунга икки хил фикр билдирдилар. Ёши улуғлар мен ҳақ эканимни таъкидласа, ёшлар наздида қандайдир бир қулваччанинг умрига зомин бўлгани учун бир филни қурбон қилиш аҳмоқлик эди, сабаби улар учун фил ҳар қандай қаролдан кўра қадрлироқ эди. Мен эса ўша кимсанинг вафотидан миннатдор эдим, боиси бу мени қонунан ҳақ деб кўрсатар ва филни ўлдирганим учун важ бўлар эди. Баъзи-баъзида ўйлаб қоламан, бошқалар мен филни аслида ландовур бўлиб кўринмаслик учун қурбон қилганимни англадимкан ё йўқми?

Инглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимаси


[1] Бетел суви – бирмаликлар эрмакка чайнаб юрадиган, пальма ёнғоғи, пальма япроғи ва лимондан тайёрланадиган сақичсимон маҳсулотни чайнаш жараёнида юзага келувчи суюқлик.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting