ҳикоя

Бугун ҳар кунгидан ҳам оғир уйғондим. Чоршанба. Иш столим устида бир тўплам хатлар келганлиги кўз олдимда гавдалана бошлади. Почтачи хола ҳар келганида “Ишхонангизга кирсам, халтамнинг ярмини бўшатиб кетаманда”,- деб хазиллашиб қўяди. Ҳа, журналимиз болалар нашри бўлганлиги учун, ўқувчилардан жуда кўп шеърлар, расмлар келади. Уларни рағбатлантириш мақсадида ҳар бирига янгича ёндошиш, эътибор қаратиш керак.

Кеча иш вақтимдан рухсат сўраб кетганлигим учун бугун вақтлироқ етиб келдим. Ҳали иш бошламасимдан елкамни босиб бораётган оғир юкдан холос бўлиш мақсадида қоравул амаки билан бироз суҳбатлашиб турдим. Оиласи, болалари ҳақида сўрадим… Ўша қоғозларга тўла хонага кирдим-у, олдиндан тахмин қилинган ҳолат мен кутгандан ҳам кўп эканини кўрдим. Бошқа ходимлар келгунича ҳамма ишни тугатиб қўядигандай, шаҳд билан иш бошлар эканман, иш режам бўйича менга юклатилган саҳифалар жадвалини бир-бир кўриб чиқа бошладим. “Шеърият” саҳифаси… Мен учун энг машаққатли иш. Болаларнинг туйғуларини таҳрир қилишданда оғир иш борми дунёда. Самимий шеърлар. 5-6 тасини амаллаб у ёқ, бу ёғини тўғирлаб, саҳифамга жойлаштира бошладим. Юзим ёруғ бўлганидай, муҳарриримнинг компютерига жўнатдим. Ўзимча, “Мана, кўриб қўйинг, кеча эрта кетган бўлсам ҳам саҳифаларим тайёр”, — дегандай. Аммо муҳарририм келиб, мен билан бошқача сўраша бошлади. Ишимдан хурсанд ҳам эмас, лекин кўзларида менга нисбатан ачиниш ҳисси бор эди.

-Раупова, хатларни ўқидингизми?

-Ҳа, битта саҳифани тайёрлаб жўнатдим. Кўриб берасизда, — дедим сўзларимга ўзгача урғу бериб. Муҳарририм эса, компютерини кўздан кечирар экан, яна ҳайратланиб менга юзланди:

-Биринчи “Шеърият” саҳифасини бекор тайёрлабсиз. Бу сонга қўйиладиган махсус шеърларимиз бор эди.

Махсус шеър… хаёлимда календарни остин-устун қилиб юбордим. Мустақиллик байрами бўлмаса, ёки Наврўз… Махсус шеър қаердан келади. Ёки бирор устоз шоирлардан янги ижод маҳсули келдимикан? Муҳарриримнинг шкафидан узатган қоғозлари хаёлларимни қочириб юборди.

-Директоримизнинг жияни экан. Сизга беришимни айтганди,- дея ўша ачиниш ҳисси билан столимга қўйди. Ҳа, қанча-қанча истеъдодли ўқивчиларимиз бор. Истеъдодли бўлса, директорнинг жияними, фарзандими фарқи йўқ-ку. Яхши шеър ҳамиша ўқилишга мухтож. Шеърларни қўлимга олганча ўқий бошладим:

БАҲОР

Қўшлар учиб келдилар,

Яшил бўлди кўчалар.

Сумалак қайнаб кетди,

Тош солди болалар.

Мен баҳорни кутгандим,

Қишда тойиб, ўйнардим.

Гуллар очилаверса,

Кетмайди энди баҳор.

Ичимдан қаттиқ хўрсиниш қандай чиқиб кетганини билмайман. Саккинзинчи синф ўқувчиси-я? Шеърият нималигини тушунадими ўзи? Бу шеър эмас-ку… Фикр ҳам эмас. Нима менинг қайта ёзиб берадиган фабрикам борми? Ҳеч кимга ҳеч нарса демай, шартта ўрнимдан тўрдим-у, директорнинг олдига кирдим.

-Ассалому алейкум! Безовта қилмадимми? — тоғни талқон қиладиган шаштим, раҳбар хонасига кирганимдан сўнг тумандай тарқаб кетди. Яна титраб гапира бошладим. Қўлимдаги бир тутам қоғозни кўриб, иш масаласида келганимни сездими, ўтиришга ишора қилди.

-Марҳабонинг шеърларини ўқидим. Яхши. Аммо, унинг бошқа бирор нимага қобилияти борми? Мисол учун мусиқа чалишга, спортнинг бирор турига…

-Раупова, жияним нима билан шуғулланиши билмайман-у, адабиёт ўқитувчиси роса мақтабди. Тоғангиз бир икки марта журналига чиқарсин, кейин китобингизни тайёрлаймиз дебди. Шунга бу ҳафтага ёрдам қилиб юборасиз энди,- кўзларимга шундай хотиржам қарадики, раҳбарлик маъсулияти, мутолаа жавобгарлиги бутунлай йўқолиб кетди. Фақат бир нарсани тушуниб етардимки, хозир директорга адабиёт ўқитувчиларининг ҳаммаси ҳам шоир эмаслигини тушунтириб бўлмасди. Охирги илинжим, ичимдаги барча сўзлардан фойдаланиб шеърини қайта ёзиб беришим керак. Лекин қайси виждон билан. Ойлик олаётганим учунми? Ўзимча уюштирган намойишим самарасиз эканини тушуниб раҳбар хонасидан чиқиб кетдим. Ҳаммасини билиб тургандай муҳарририм “Илтимос, директорнинг ҳамма яхшиликларини кўз олдингизга келтиринг. Бу шу яхшиликларнинг ажри деб тушунинг. Жуда сайқаллашингиз шарт эмас. У, бу томонини тортинг”-, дея кўзларимга ўша ҳис билан яна қаради. Ҳа, кези келса фарзандим бетоб бўлганида бир ҳафталаб ишга чиқолмасдим. Демак, қарзимни қайтаришим керак. Ўша фикрсиз жумлаларни қайта-қайта ўқидим. Озгина бўлса ҳам шеърга ўхшатишга ҳаракат қилдим:

                      БАҲОР

Учиб келдилар қушлар,

Кўчалар яшил рангда .

Сумалак қайнар қаранг,

Катта дош қозонларда.

Мен баҳорни кутгандим,

Гуллар узатса наҳор.

Қишда тойиб, ўйнардим.

Кетмагин энди баҳор.

Ичимда нимадир қаттиқ азоб чекаётган бўлса ҳам, бўйнимдаги қарздан қутулгандай енгил тортдим. Баракалла дегандай муҳарририм самимий кулиб қараб қўйди. Аммо ишқилиб китоб чиқариб юбормасинда дея ўз-ўзимга таскин бера бошладим.

Бир-бирини қувиб ўтаётган кунларнинг кети узилмайди. Баҳор мавсуми тугаб, феврал ойида эълон қилинган “Сен баҳорни соғинмадингми?” танловининг ғолибларини аниқлаш вақти келди. Биласизми? Баҳорни ҳаммадан ҳам кўра болалар бошқача тасаввур қилишади. Варрак учириш… далалар! Ҳаммаси уларнинг шеърларига, ҳикояларига, кичкина қатраларига кўчади. Ғолибларни аниқлаш яна каминага юклатилди. Хатлар ичидан кўкламга арзигулик ижод намуналарни йиғиб, кун бўйи ўқиб чиқдим. Бир-бирини такрорловчи мисралар, ўхшатишлар кўп эди. Бизга хат юборган ҳар бир боланинг нигоҳи кўз олдимдан ўтади. Агар у ғолиб бўлса, мактабида, қишлоғида қанча шов-шув бўлишини биласизми? Балки кейинги ижодига катта туртки бўлар. Шу каби хаёллар билан ҳар бир хатни синчковлик билан ўқидим. Номзодларим бир талай. Агар таҳририятимизнинг молиявий томони яхши  бўлса шу ғолибларни  3 та эмас, 10 та қилиб берардим. Ҳаммаси тақдирланишга лойиқ.  Ғолиблар рўйхатини жадваллаштириб, уларнинг ижод намуналари билан бирга директорнинг олдига олиб кирдим. Кўриб чиққач, котиба қиздан жавобини етказишини айтди.

Ҳар кунгидай қоғозларга кўмилиб, саҳифамни тўлдириш билан оввора бўламан. Баъзида болалигимда бўлган бирор воқеани ҳикояга тушираман. Баъзан эса, мутолаага киришаман. Бугунги кун замон шеъриятидан, қиссаларидан хабардор бўлгим келади. Аммо, мактаб ўқувчиларининг битта йўлга тушиб олгунча, шеър ёзиб кўриши жахлимни чиқаради. Балки, бирортаси туғма истеъдоддир. Лекин кўпчилиги ҳаваскорликдан нарига ўтмайди. Нима бўлса ҳам ишим шу. Келган шеърларни эса, энидан, бўйидан қисқартириб, баъзиларини узайтириб ўтириш бизнинг вазифамиз. Қачонлардир катта шоира бўлиб кетса, фалончи журналда илк шеърларим чоп этилган деб эслашса бўлгани. Эшикни тақиллатган котиба қизнинг овозидан чўчиб кетдим.:

-Ғолиблар билан боғланиб кейинги ҳафтанинг душанба кунига чақиртирар экансиз. Йиғилиш залида тақдирлаш ўтказамиз. Унгача уларга дипломлар, совғалар тайёрлашни бошлайверинг,- дея рўйхат ва ижодий ишларни столим устига қўйди. Ҳар доим бирор ҳужжат олиб кирсам, охиригача ўқимасдан жимжимадор имзо қўядиган раҳбарим бу сафар ручкасини бир ишлатиб, биринчи ўринли қизнинг ўрнига Марҳабо Мирсолиева деб ёзиб қўйибди. Катта хато иш қилгандай довдираб қолдим. Ким эди бу қиз… Наҳотки, яхши ижодий ишни ўтказиб юборган бўлсам. Кўзим қаёқда эди? Хонамдаги барча хатларни титиб кўрдим. Бу исмли қиз йўқ. Журналимизнинг ўтган сонларини бир-бир варақлай бошладим. Не кўз билан кўрайки, ўша эркатой жияннинг “Баҳор” шеъри биринчи ўринга муносиб топилибди. Ўзимни, хаёлларимни идрок этолмай қолдим. Ўшанда шеър устида яхшигина ишламасам бўлар экан. Шундагина ўринга қўйилмасмиди. Аммо мен тавсия қилган номзодларнинг ижод намуналари анчагина тирик шеърлар эди-ку… Энди на таҳририятга, на раҳбаримга ишончим қолган эди. Мен ойлик олаётган ходим сифатида ишлашни бошладим.

— Тақдирлаш маросимида ғолиб бўлганлар, уларни ғолиблик сари етаклаган шеърларини меҳмонларимизга ўқиб беради. Бундай ташкилий ишларни сизга юклайман, Раупова,- деди раҳбарим тадбирдан бир кун олдинги йиғилишда. Мени эса, ўша эркатой жиянни кўриш илинжи ушлаб турарди. Аммо шу кеча тонг отмади. Ўйлаб қарасам хатларни очиб кўрадиган мен, “Шеърият” саҳифасини тайёрлайдиган ҳам мен, ғолибларни аниқлаган ҳам… Эртага Марҳабо Мирсолиева “Баҳор” шеърини ўқиса, қолган икки ўриндагилар учун эриш туюлмайдими? Ўзимни оқлаш учун ўша шеърни кейинги вариантини ёза бошладим:

                               БАҲОР

Учиб келинг қушларим,

Биз томон яшил рангда.

Сумалак қайнатамиз,

Гўзал фасл кўкламда,

Гуллар узатиб ҳар тонг,

Уйғотар бизни наҳор.

Кетмагин энди сира,

Синглим бўл, эрка Баҳор!

Тонг отди. Байрам бошланди. Марҳабо Мирсолиева эса, шеърни шунчалар чиройли, ифодали ўқирдики, устоз шоирларнинг баракалла қизим дея жилмайиб қараб туриши унга ўзгача ғурур бағишларди. Менинг эса,  поезддан тушиб қоладиган  вақтим келди. Ҳамиша хатларга тўла столим устига энг мухим мактубни қолдириб, ишхонамга қайтиб бормадим. Ҳеч бир муҳаррир таҳрир қилолмайдиган аризани ёзган эдим.

Кумуш Ўсарова

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting