Владимир МАЯКОВСКИЙ. Шеърлар.

0
764

(1893-1930)

Таниқли рус шоири ва драматурги. Футуризм жараёни намоёндаси. Айни ижодни бошлаётган вақтлари инқилоб йилларига тўғри келади. У пайт Коммунист партия ғоялари тарафдори бўлса ҳам, кейинги йилларда Совет давлатининг нуқсонлари акс этган асарлари учун ҳам давлат, ҳам адабиёт томонидан танқидга учрайди. Шоир 1930 йилнинг 14 апрел санасида ўз юрагига ўқ узиш орқали ўлим топади.

Ўлимолди мактубида қуйидагича ёзган:

«Ҳамия!
Ўлимим борасида ҳеч кимни айбдор қилманглар, шунчаки ўлди-кетди дейишингизни исташ бу далли кўнглимнинг сўнгги сўровидир. Марҳум ўлимни чин дилдан севмаган…
Онажоним, ака-укаларим, қариндошларим, қўлларидан келса мени кечиришсин!
Бу ўзимни оқлашмас, ўлим ҳам сўнгги чора эмас ахир (ҳеч кимга буни раво кўрмайман), бироқ бошқа чиқиш йўлини кўрмаяпман.
Лилия, сен мени сев, юракдан сев! Сенга ишонаман…
Лилия Брик, ҳаста онам, соддадил ака-укаларим ва Вероника Витолдовна Полонская — менинг яхши кўрганларим, қадрли оиламдир. Уларни гўзал ҳаёт ила таъмин қилсангиз, жуда миннатдор бўлардим!
…»

Қуйидаги икки шеърни Маяковский тирик пайтлари ёзган бўлса ҳам ҳеч қаерда чоп қилдирмаган. Бу шеърлар 1934 йилда нашр қилинган «Маяковский» номли сайланмага киритилган.

ЛИЛИЧКА*
(жавоб мактуби)

Сигара тутуни ютиб ҳавони,
Жаҳаннамга дўнди хона, ахир, боқ.
Эслагин,
илк марта қўлларингни мен,
Тутгандим, созини тутгандек машшоқ.

Эркам, ўтирардинг,
Ташна қалбинг тош,
Мени келажакка қуварди ҳужра.
Қалтираб тўкилар эди кафтларим,
Эсимда,
қип-қизил кўйлагинг узра…

Руҳим саҳроларга ҳайдалган гўё,
Юрагим тўкилар эди паришон.
Азизам,
бу менинг истагим эмас —
Аммо, ҳижрон дами келгандай бу он.

Ишқим — бир оғир юк,
ҳар недан сақлар,
Сенга боғли қолгай қайда бўлсанг ҳам.
Барча дардларингни ўчираман деб,
Сўнгги бор изн бер, оҳлар ураман…

Қачондир долғага айланса қисмат,
Аёзда музларга дўнар бўлса гар.
Менда, денгиз йўқдир севгингдан бошқа,
У ҳам яшагайдир кўзёши қадар…

Дам олмоқ истаса ҳатто бебош фил,
Шоҳ каби тобланар қум узра мудроқ.
Менда, қуёш йўқдир севгингдан бошқа,
Қайда, ким билансан? — билмайман бироқ.

Ўзга бир шоирга жафолар бериб,
Бойлику давлатга ўч бўлсанг жуда.
Билки, қилмагайман асло хиёнат,
Ҳур исминг келтирган саодатимга…

Ўзимни осмайман, ичмайман заҳар,
Тириклай кўммайман.
Фақат олгум тан.
Азизим,
қоп-қора кўзингдан бошқа
ҳанжар мавжуд эмас кўксимга ботган.

Ғунчалаган дилни ёқмоқми лозим,
Керакми, ўзимга тилаб олмоқ бахт.
Бир кун китобларим вароқларини,
Бирма-бир юлади шафқатсиз бу вақт…

Нима асрай олар,
сени ғолиб нафс,
Осий сўзларимни қовжирамоқдан?
Изн бер, тарк этган қадамларингни
Сўнг зариф сўз билан васф қилайин ман…

ЯКУН**

Соат салкам икки,
уйғоқсан ҳали,
Кумуш дарё оқар калбингга кўкдан.
Ортиқ ўтинчим йўқ,
уйғонгин дея,
Мактублар жўнатдим юракдан, руҳдан…

Кимдир йўллар битди, дейди эҳтимол,
Ким айтар: — Чўккандир ишқнинг қайиғи.
Энди жим санаймиз,
бизда нима бор —
Мудом чекканимиз ғам, ғусса, қайғу…

Самодан термулар минг нигоҳ — юлдуз,
Қара, сукут кезар ён-атрофда шаън.
Шундай дақиқада гаплашар одам,
Ўтган асрлар ва коинот билан…

(1927-1928)

*Шеър Лилия Брик (1891-1978) — шоирнинг севган аёлига аталган.

**Умрининг сўнгги кунларида ёзган бу шеърнинг иккинчи бандини ўлимолди мактубида ҳам қайд этган.

АЛВИДО

Таксига сарфланди энг сўнгги франк,
«- Қанча йўл қолди, сер, Марселга қадар?».
Париж борар мени олдга етаклаб,
Барча гўзаллиги орқада қолар…

Тинмай томчилайди кўзларимдан ёш,
Қалбимни парчалар ўткир бир ҳаво.
Истардим, Парижда яшаб-ўлмоқни,
Агар бўлмасайди бизнинг Москва…

(1925 йил. Бу шеър шоирнинг 1924 йилда Париж сафаридаги олган таассуротларидан яратилган саккиз шеърдан иборат «Париж» (1924-1925) мажмуасидан)

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting