ҲАҚИҚАТ ХУСУСИДА

“Ҳақиқат нимадир?” – Пилат истеҳзо аралаш сўради-ю, жавобига маҳтал бўлмади. Мавҳумликлару бошни айлантирувчи ҳодисотлардан завқ туювчилар ҳам топилади, албатта, борди-ю улар “ҳақиқат фикрлардаги каби хатти-ҳаракатлардаги эркинликка ўз ҳукмини ўтказади”, деган ўзгармас эътиқодга амал қилгудек бўлсалар, ўзларини қуллик кишани тақиб олгандек ҳис қиладилар. Гарчи бундай қарашга эга файласуфлар оқими йўқ бўлиб кетган, антик давр файласуфлари тариқатига эргашмаган бўлсалар-да, айни одатни сақлаб келаётган, аммо ўзлари аниқ тўхтамга келолмаган кишилар мавжуд. Ёлғон нафақат ҳақиқатни билиш учун машаққатларни енгиб ўтиш, тинимсиз меҳнат қилишга ундайди, ҳақиқат юзага чиққанидан кейин ҳам у одамларнинг фикрларини чеклаб қўяди, табиий равишда, ёлғонга қаттиқ боғланиб қолишга олиб келади. Сўнгги юнон фалсафий мактабларидан бири “Ёлғонда қандай сеҳр борки, гарчи бу одамларга шоирлар берадиган завқни бермаса ҳам, савдогарлар каби фойда келтирмаса ҳам, айни ёлғонлиги учун унга қизиқадилар. Ёлғон одамларни нимаси билан ўзига маҳлиё қилади?” деган  жумбоққа ечим топиш илинжида боши берк кўчага кириб қолганлар.  

Аммо ҳақиқат яланғоч ва шаффоф ёруғликдир, унда акс этган дунёнинг ниқоблари, томошаю тантаналари шам ёруғидаги манзарадек нафис ва жозибали эмас, деб айтолмайман. Ҳақиқатни кундуз куни энг гўзал кўринувчи марваридга қиёс этиш мумкиндир, аммо у ҳеч қачон ёруғликда турли рангда жилоланувчи олмос ёки карбункулдек бўлолмайди. Ёлғоннинг аралашуви доимо завқни ошириши ҳайратланарли. Мабодо одамлар онги беҳуда ўйлар, ушалмас умидлар, қадрсизлик, хаёлнинг сўнгсиз ўйинлари ва шунга ўхшаш арзимас тасаввурлардан холи бўлганида, идрок ўтмаслашиб, одамлар тушкунликка берилар, ўз-ўзларига ҳам жирканч ва ёқимсиз туюла бошлардилар.  Фалсафа оталаридан бири шеъриятни “vinum daemonum”[1] деб атаган, у қанчалик тасаввурга тўйинмасин, барибир ёлғоннинг соясидир. Аммо зарар онг орқали кўз очиб юмгунча ўтадиган ёлғондан эмас, аввалбошда эслаб ўтганимиз – илдиз отиб, “кучга тўлган” ёлғондан келиб чиқади.

Бироқ буларнинг барчаси одамларнинг бузуқ ҳукмлари ва ҳис-туйғуларида қандай акс эттирилганлигидан қатъи назар, ҳақиқатгина баҳс юритиш, у (ҳақиқат)ни излаш, унга муҳаббат ва ҳурмат, унинг мавжудлигига ишонч, ундан завқланиш каби билимларни ўргатади, бу ҳодиса, яъни ҳақиқатни излаш – инсон табиатидаги энг юксак фазилатдир. Худо саъй-ҳаракати билан биринчи куни ёруғликни яратди, сўнгги кунда эса ақл нурини инъом этди.  Дунё яралгандан бошлаб Яратганнинг шанба кунги меҳнати эвазига ҳафтанинг бу куни Унинг руҳий зиёси таралувчи кун дея ҳисобланади. Худо аввал материя ёки хаос юзига ёруғлик, кейин инсон юзига зиё берди. Ўша ондан бошлаб У танлаб олган ва суюкли бандаларини илҳомлантиради, юзларига нур сочади. Ўқиб кўринг, чиндан ҳам бирини бошқасидан камситувчи қавмларга қарата шоирнинг хитоби жуда гўзал тасвирланган:

Нақадар ёқимли

Соҳил бўйида

Денгиз мавжлари-ла жангга киришган

Кемаларни олисдан кузатиб турмоқ.

Нақадар ёқимли

Қалъа устида

Ҳаёт-мамот жангига кирган

Қумурсқадек одамларни олқишлаб турмоқ.

Аммо дунё завқлари ичра

Энг беназири

Қабиҳликнинг қора қадами етмас –

Шаффоф ҳақиқатнинг устида турмоқ.

Қуйи водийдаги ўша қоп-қора

Бўронлар, туманлар, ёвузликларни

Кузатмоқ

Юксакдан барига назар ташламоқ[2].

Шоир ҳақ, аммо томошабин бундай манзараларни шодлик ё мағрурлик туйиб эмас, балки ачинган кўйи кузатиши лозим. Инсон онгининг раҳм-шафқатли бўлиш, ишонч ва ҳақиқат устунларига таянишга интилиши Ер юзида жаннатга етишишдек мақомга тенг.

Агар диний ва фалсафий ҳақиқат назариясидан дунёда мавжуд ҳақиқатга ўтадиган бўлсак, бу қоидага амал қилмайдиганлар ҳам тан оладиларки, ҳалоллик ва тўғрилик – инсон табиатидаги энг улуғ шараф,  ёлғон олтин ёки кумуш тангага қўшилувчи аралашмага ўхшайди; бу, эҳтимол, металлни қайта ишлашда қўл келар, аммо унинг софлигига путур етказади. Бу икки – айланиб ўтувчи ва эгри йўллар оёқлари билан эмас, қорнида юрувчи илоннинг ғирром ҳаракатларига қиёс. Инсон ёлғончи ва хиёнаткор бўлса, уни шармандаликдан асраб қолувчи бирор қалқон йўқ. Монтень ёлғон сўзнинг оқибатда бу қадар шармандали тус олишини ўрганиб, қуйидаги хулосага келган: “Ёлғончини синчковлик билан кузатсангиз, унинг алдови – Худо олдида жасур, одамлар олдида қўрқоқлигини айтишидир”[3]. Ёлғон Худога маълум бўлиб, одамдан қочади. Шубҳасиз, ёлғон ва хиёнат жиноятини  инсониятни Худонинг ҳукмига даъват этувчи сўнгги чақириқдек ифодалаш тўғридир, зеро Исо ҳам Ер юзидан  ишонч топмай кетган.

ОТА-ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР ХУСУСИДА

Ота-оналарнинг қувончлари уларнинг азоблари ва қўрқувлари каби яширин; улар шодлигини кўрсатиб беролмайдилар, изтиробу ҳадикларини эса ошкор этишни истамайдилар. Болалар меҳнатни янада ёқимли қиладилар, бахтсизликни эса аксинча аччиқроқ; улар ҳаётдаги қийинчиликларни янада кўпайтиради, аммо ўлимнинг маъносини юмшатади. Насл қолдириш барча ҳайвонларга тегишли; хотира, қадриятлар ва эзгу амалларнинг сақланиб қолиши фақат инсонга хосдир. Ҳеч кимга сир эмас, фарзанди йўқ ёки фарзанд кўролмайдиганлар олийжаноб ишларнинг бошида турадилар, ҳеч бўлмаса авлодларга маънавий насл қолдиришга интиладилар. Гапнинг қисқаси шуки, наслга ғамхўрлик бунга қодир бўлмаганларда кучлироқ бўлади. Насабини улуғловчилар фарзандларига нафақат наслининг, балки ҳунари ва касбининг давомчилари сифатида илтифот кўрсатадилар.

Ота-оналарнинг фарзандларига бўлган муносабати, агар улар бир нечта бўлса, кўп ҳолларда бир хил бўлмайди; баъзида ота-оналар, айниқса она, ноқобил фарзандига кўпроқ  меҳр беради. Сулаймон айтганидек, “Ақлли ўғил отасини суюнтиради, нодон ўғил онасини куюнтиради”[4]. Кўп болали оилаларда тўнғич фарзандлар эшитилади, кенжатойлар таёқ ейди. Гўё унутилган ўртадаги болалардан кўп ҳолларда буюк инсонлар чиқади. Ота-оналарнинг болаларни тарбиялашдаги қайсарлик (қаттиққўллик)лари зарарли хатодир; бу болаларни инсофсиз бўлишларига олиб келади, уларни ҳийла-найрангларга ундайди, ёмон одамлар билан алоқа ўрнатишга эҳтиёж сезади, кўлларига қудрат ва бойлик тушганида, тажовузкорлиги ортади. Ота-оналар кўпроқ ҳамёнини эмас, фарзанди тарбияси ортидан келувчи ўзининг обрўсини ўйласалар, энг яхши натижага эришадилар.

Одамлар (ота-оналар, ўқитувчилар ва хизматчилар) ўртасида болалар улғайгач, кўп жанжалларга сабаб бўлувчи ва оилалар тинчини бузувчи аҳмоқона одат бор – болалик давридан ака-ука, опа-сингиллар ўртасида рақобат ўрнатиш ва уни қўллаб-қувватлаш. Италияликларнинг болалари, жиянлари ёки бошқа яқин қариндошлари орасида тафовут сезилмайди, уларга кимнинг боласи эканлигининг қизиғи йўқ, муҳими уларнинг ҳаммаси бир уруғдан. Тўғрисини айтганда, ҳаётда шундай ҳолатлар бўладики, ўз туққан ота-онасидан кўра амаки-холасига икки томчи сувдек ўхшовчи болаларга дуч келамиз. Буни қон тортиши дейдилар.

Ота-оналарга фарзандлари ўзлари ўйлаши керак бўлган машғулот ва касбларни танлашларига рухсат беринг, чунки улар мослашувчанроқ. Аммо улар болаларининг қизиқишларига ортиқча аралашмасликлари лозим, чунки ота-оналар ўзларининг қизиқишларидан келиб чиқадилар. Тўғри, агар фарзандида ғайриоддий мойиллик ёки қобилиятни пайқасалар, уларнинг ўсишига тўғаноқ бўлмаганлари дуруст. “Optimum elige, suave et facile illud faciet consuetudo”[5] га амал қилган фойдалироқ. Кенжа фарзандлар кўп ҳолларда меросдан маҳрум акаларига қараганда анча омадлироқлар.

Севара АЛИЖОНОВА таржимаси


[1] “Vinum daemonum” – жинлар шароби. Бэкон Августин ва Иеронимнинг шеърият тўғрисидаги фикрларини бирлаштирган кўринади. Августин шеъриятни “нуқсонлар шароби”, Иероним эса “жинлар емиши” деб атаган.

[2] Лукреций. “Нарсалар табиати тўғрисида”. 2-китоб, 1-10 бетлар.

[3] Монтень. “Ёлғонни фош қилиш хусусида”, 354-бет.

[4] Эски Аҳд, Сулаймон ҳақидаги масаллар китоби, 10-боб, 1-бет.

[5] “Энг яхшисини тангланг, одат уни ёқимли ва енгил қилади”. Пифагор ҳикмати, 365-бет.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting