МАКТУБ ВА ДИЙДОР

0
808

ҳикоя

Умрингизда        бир   парча      қоғозга   қараб      йиғлаганмисиз? 
Дардларингизни   ўксиб — ўксиниб,  кўксингизда    йиллар    давомида    йиғилиб,  тошдек   қотиб  кетган    гиналарингизни,  жонсиз   қоғозга   қараб    ҳеч   айтганмисиз?
Ёмғирдек    ёққан     кўз     ёшларимни    юзимдан        сидирар  эканман,   онамнинг    йигирма  йил    деганда   менга   ёзган   илк   мактуби  йиллар   давомида   кўксимни   босиб   турган   музли   қояни   эритиб,  кўзларимдан    ёшга   айланиб, юрагимнинг    туб-тубидан    сизиб   чиқаётган   эди.
«Салом,  менинг  қизалоғим,  София.  Мен  сени   мурғаклигингда, меҳрга  зор   қилиб   ташлаб   кетган    онангман.  Аслида   мен   бу  сўзга  асло   муносиб  ҳам    эмасман.   Менинг   сенсиз   ўтган   йилларим   ҳар  они  азоб  уқубатларда  ўтди.  Сенинг    тиллоранг   қўнғир   сочларинг,    денгиздек  мовий  кўзларинг   кундузи   виждонимни,  тунлари   тушларимда  таъқиб  қилди.   Қизалоғим   София,  тошбағир   онангни  кечира  олсанг   кечир.  Мен  сени  жуда  ҳам  яхши   кўраман.  Сени  болалар  уйига   ташлаб   кетар   эканман,    ортимдан      чинқириб     йиғлаб   қолган  овозинг,   қулоқларим   остида   ҳамон  жаранглайди.  Менинг   Софиям!  Сенга  умрим  давомида   ҳеч     қачон     ҳис    қилмаган    аёллик     бахтини  тилайман!
Кечира  олсанг,   мени  кечир!»
Мактубга   такрор — такрор  кўз  югуртирар  эканман,  шу  вақтда   менинг  ғариб  болалигим   ҳам   кўз  ўнгимдан   ўта   бошлади.
…Бешинчи    синфда    дугонамнинг    қилган   айби  учун  қишнинг   қаҳратон  кунида   оёқ  кийимсиз,    оч  ва юпун   ташқарида,   ярим   кечагача    қолиб   кетганим.     Ва    ўша    тун,  бутун   танам   гоҳ   қалтираб,   гоҳ      қизиб,    суякларим       оғриқдан      зирқираб,   бутун  танам   олов   бўлиб    ёнаётганда  сизни    биринчи   бор   алаҳсираб   чақирган  эканман…  
Ҳар  бир   болалар   уйидаги   боланинг  ота- онасига бир   саволи  бўлади:    «Нега   мени   ташлаб   кетгансиз?»  
 Йўқ,  йўқ,   мен   бу  саволни   сизга  бермоқчи   эмасман.  Асло. Лекин  сизни  кўришим   керак.  Хаёлимга    яшиндай  келган  фикрдан   ўзимни  ўнглаб,     қўлга     олдим,    кўз      ёшларимни    артдим.    Дарҳол   мактуб   йўлланган     манзил    томон      елдек    учдим.   Машинам   рулини    асабий  бурар  эканман,  қўлларим   қалтираётганини   ҳис  қилдим.   
Яна      болалик     онларим     кўз     ўнгимдан      кино      тасмасидек     ўта  бошлади… Мен     айни    олти     ёшимни     тўлдириб,     сиз     туғилган     кунимга    олиб     берган,  сочлари  тиллоранг  қўнғир,  кўзлари  осмондек   мовий  қўғирчоғим     билан      болалар       уйига     келган     эдим.     Сиз      мени   ташлаб      кетгач,    мен     бирдан     улғайдим.   Қўғирчоғимга     онадек   ғамхўрлик      қилардим.    Аммо      кунларнинг     бирида  ётоғимда     уни  кўзлари     ўйилган,    сочлари     кесилган,     юзларига  чизилган,    оёқ  қўллари  сочилган  бир  аҳволда     топдим.   Бундай      ваҳшийликдан  сўнг мен  бошқа қўғирчоқ     ўйнамадим.  Қўғирчоғимни кўриб  ичимдан      йиғладим,    лекин     ҳеч    кимга     уни  кўрсатмадим.  У-ку  майли, жонсиз      қўғирчоқ.  Лекин     сиз     мендан    айрилганда  қандай   чидагансиз, она?!
Шу  кундан   бошлаб,   кўз   ёшларим    ичимга    тўкилаверди… тўкилаверди…
Ота-оналарнинг   бағритошлиги   бу    ердаги  беғубор  болаларнинг  ҳам     юрагини  тошга     айлантирган     эди.  Хатто  йўргакдаги  гўдак  ҳам   “Болалар   уйига”  келган  куниданоқ,  уни  болалик тарк   этади. Бу      ернинг номи  фақатгина “ Болалар  уйи”,  холос…  Ичкарида  эса   ҳаёт  учун    курашаётган,   бола қиёфасидаги,   улғайган  одамчалар  яшашади.  
Фарзандини   ташлаб   кетиш   учун  қандай    оқлов   борки   сиз   менинг    кўзларимга  тикилиб,  ўзингизга   шафқат   сўрасангиз. Узун   йўлак   бўйлаб,   ортингиздан  зор   йиғлаб  чопганим,  сиз   эса    гўё    мени    эшитмагандек,  югуриб,  эшикдан  худди   сизни    ёв қуваётгандек   отилган   эдингиз.  
Ҳа, мен   сизга   нисбатан  алам,  нафрат   ва   ўзим   тан   олмайдиган   соғинч   билан   улғайдим.  Ахир   мен   сизнинг   пинжингизга    кириб,  хушбўй  хидларингизга  қониб,  оромда   ухлар  кунларимни   болаларча   қумсар   эдим.  Сизнинг    бағрингизни,  дунёларга    қиёслаб   бўлмас   меҳрингиз   тафтини     соғиниб,   ўкиниб   яшадим,  она!   Онаси  борларга   ҳавас   билан  улғайдим.   Фақат   шивирлабгина   уларга   қўшилиб,  «ойи,  ойижоооон»   дедим… Мени  мана  шу   “ойижон”   сўзини   айтишга  зор қилган   онажоним,   мен  ёнингизга   боряпман…
Мен ўз   хаёлларим   билан   мактубда    кўрсатилган  манзил   томон   яқинлашар   эканман,   ичимда   қафасдаги   қушдек,  нимадир   потирлаб,  юрагим   энтикди.  Машинамни   кўча   четидаги  дарахт   соясига    тўхтатиб,  мошинадан   тушар   эканман,  бир  муддат   тўхтаб   қолдим. 
Балки   сизни  турмуш   ўртоғингиз,  этак   тўла   болаларингиз   бордир.  Мен  ёнингизга   нима  деб  кираман?! Мен  кирсам,  улар   мени  қандай  қабул   қилишади.    Саволомуз   тикилган    нигоҳлар  таъқибини   хаёлимга    келтирдим.     Балки   улар  мен   ҳақимда   билишмасачи?!  Меҳрибон    ойисини,  бундай   жаҳолатга  ботиб,  фарзандидан  тонганини   билган   бошқа   фарзанд,  у  ҳақида   нима   деб  ўйлайди.   Бир  муддат  мактубда   кўрсатилган  манзилнинг  кичиккина   тахта  эшиги   ёнида,   иккиланиб   тик   турдим.  

Қўлимни   эшик   ушлагичига   олиб  бордиму,  тезда    қайтиб олдим.  Ичкарига   киришга  журъатим   етмади.  Йўқ, йигирма  йиллик   айрилиқдан   сўнгги   учрашувга    мен  ҳали  тайёр  эмас  эдим. Энди   ортимга   қайрилиб  кетишга   чоғланганимда,  тахта   эшик  истар   истамас,  ғийқилаб    очилди.      Беихтиёр  ортимга   бурилдим.  У  ердан  ёшлари   мендан  каттароқ   истарали    жувон  қараб  турарди.   Бир   муддат   манзилдан   адашдим,  шекилли  деб   ўйладим.  Лекин   у  менга  узоқ  йилги   қадрдонимдек     қараб  жилмайиб  деди:  

-Хуш   келибсан,  София!  Мен  агар   мактуб   қўлингга  етиб  борса,  уни   ўқигач  албатта, келишингга   ишонар  эдим.  Манзилингни  Болалар  уйидан  олдим,  сенга    давлат   уй-жой  берибди,  ўқишни   тугатибсан,   ёш   бўлишингга   қарамай, ҳаётда    ўз  ўрингни  топибсан.  Кўзларинг, сочларинг  ҳали  ҳам  ўша-ўша.  Биз   ёшлигимизда  бирга  ўйнар  эдик.  Лекин   бирга   катта  бўлиш   насиб  қилмаган  экан.  Онангдан  хабар  олгани  чиққан   эдим.  Ичкарига   кир,   у  сени  жуда   соғинган.  

У мени   жавобимни   ҳам  кутмасдан  чорлаб  йўл  бошлади.  Мен бир   сўз  демасдан,  унинг   ортидан   эргашдим.  Оёқларим   ўзимга  бўйсунмасдан,  томоғимга   нимадир   тиқилди. Юрагим   қинидан   чиққудек   бўлиб   ура  бошлади.
-Сара   хола!   Сара    хола!   София   келди!    

Жувон  бор   овозда   бақириб  ичкарига   кирди.  Ва  мени  ҳам  ичкарига  таклиф   қилди. Бир   муддат   олдин,  эшик    қаршисида     мен   ўйлаган   манзара,  хаёлларимдан   тумандек   тарқаб   кетди.   Онамни,  униққан   ногиронлар   аравачасида   кўрдиму,  оёқларим  жонсизланиб,  ерга   ўтирдим.   Унинг   менинг   хаёлимда   муҳрланиб  қолган,  чиройли  силлиқ   юзидан  асар   ҳам   қолмаган,  ориқ    ва   ажин   босган   юзи,  нурсизланган   кўзлари, оқ,  кулранг  сифат     сочларига сув   тегмаганига   анча     бўлгани   яққол  сезилиб  турарди. У   мени   кўрдию,    кўзларига   ёш   қалқиб,  лаблари  қалтиради.
—  София!    Қизалоғим   София!  Менинг Софиям!  — У  қалтироқ   қўллари   билан    рўмолчасини   юзини   босиб,  ўксиб- ўксиб  елкалари  силкиниб   йиғлай  бошлади.
 — Сара   хола,   ўзингизни  қўлга  олинг,  ахир  яна  қон  босимингиз   ошиб  кетиши  мумкин,  -жувон  меҳрибонлик  билан   онамнинг   елкасидан   бориб  қучди.  Кўз   ёшларини  рўмолча  билан  артди. 
Мен  эса нима  қилишни   билмай  деворга   суюнганча   йиғлар   эдим…   Онамга   бўлган  нафрат,  алам  барча  барчаси  бир  зумда   қаёққадир  ғойиб   бўлган  эди.   Худди   занжирбанд   одамдек   ўрнимдан   тура олмас,  оёқларим    ўзимга   бўйсинмасди.  У   аравачасини   ғилдирагини    қалтироқ   қўллари   билан     чаққон    айлантирганча   ёнимга  келди.  

— Софа,  Менинг   жажжи  Софам…
Ҳа,  ҳа,  у  мени  айнан   шундай  деб  эркалар   эди.  Ичимдан  «Болалар   уйида»  қолиб  кетган   олти  ёшар  София  уйғониб   ўзимни  онамнинг   оёғига  отдим.  Уни   жонсиз  оёқларидан   қучиб  болаларча йиғладим…
— Ойижон,  ойижоним  мени,   чиройлигим   менинг,  ойижоним   мени.
Сизни  жудаям   соғиндим  ойижоооон,   сизсиз   жуда   ҳам  қийналдим  ойижоним,  сиз   олиб   берган   қўғирчоғимни   асрай олмадим  ойи. Бағрингизни,  қучоғингизни,  эркалашларингизни   соғиндим,  ойижонииим   ўзимни,  ягонам  менинг. 

Унинг  оёқларини   қучиб   қанча   йиғлаганимни  билмайман.   

— Нега   мени   бир  бора   кўришга   келмадигиз?! Нега   мени  туғилган   кунларимда,  байрамларда  эсламадингиз?!
Унсиз   йиғлаётган    онамга   бошқа дашном    бергим     келмади. Бошимни  силаётган   онамни    қалтироқ   қўлларини   қанчалар  ором  олаётганим,  вужудимдаги  барча   ҳасратлар   кўз   ёшларим  билан   чиқаётганини  ҳис  қилдим, холос…
Биз   узоқ   вақт  сукут  сақладик,   кўзларимиз,  дилларимиз   суҳбатлашди.   Мен    уни   айбламадим,  у  ўзини   оқламади.  Унсиз   бир-биримизга   тикилдик… Мен   эртага  яна   келишимни   айтиб,  хайрлашдим. Ойим      бошини  ҳам   қилганча,    умидвор   кўзлари   жовдираганча    ортимдан     маъсум   тикилиб  қолди…
Мени   яна   ўша   ёш    жувон   кузатиб   қўйди.   Унга   эртага   келиб,  онамни   олиб  кетишимни  ва  уни   даволатишимни   айтдим.  Ва  сўрадим
— Онам  қачондан   бери  ногиронлар  аравачасида?
— Йигирма   йилдан   бери…  

Йиллар давомида онамга бўлган гиналарим юрагимдан эриган муздек оқиб тушди… Ўрнини иссиқ меҳр эгаллай бошлади.   

Тозагул Жуманова
      

           

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting