эссе

Биз кундалик ҳаётдаги термин ёки сўзларга одатий маъносидан ташқари қўшимча маъно юклаймиз. Бу қўшимча маъно символ деб юритилади. Мана шу қўшимча маъно биз учун ёпиқ. Нега у ҳамма учун тушунарли бўлган символга айланди? Қандай қилиб символлар ўзининг аниқ ва бевосита маъносидан кўра кўпроқ маъно ташийди? Символлар онгсизлик, онгости аспектида ўрганилади. Чунки бир марта белгиландими, яна қайтиб белгилаш, тушунтириш шарт эмас. Масалан, чамбарак символи бизни қуёшнинг илоҳийлиги ҳақидаги концепцияга етаклаб боради. Ниманингдир моҳиятини англашга инсон интеллекти чекланган бўлса, биз уни илоҳий деб атаймиз. Биз эътиқод асосида нимагадир илоҳий деб сифат берамиз, лекин фактик жиҳатдан бу илоҳийликнинг шоҳидига айланолмаймиз. Инсон ақли билан тўла тушуниб бўлмайдиган нарсалар ҳақидаги тушунчани моддийлаштириш учун символик терминлардан фойдаланади. Барча динлар рамзий образлар ва символ тилидан фойдаланишининг асосий сабаби ҳам шунда. Символлардан худди динлардаги каби яна бир фойдаланиш муҳити бор. Бу тушлар бўлиб, унда символлар онгсизлик ҳолатида ва ўз-ўзидан пайдо бўлади.

Инсон бирор нарсани тўла ҳолда қабул қила олишга, тушуна олишга қодир эмас. У дунёни англанган ҳолда тўла қабул қилишда чеклангандир. (Фақат эшитиш, кўриш орқали дунёни тўлиқ қабул қилиб бўлмайди). Шу билан бирга инсон онгсиз (англанмаган) равишда ҳам борлиқни қабул қилади. Воқеликни, айтайлик, бирор товушни сезги аъзоларимиз илғасагина, англанган нарса сифатида онг соҳасига ўтказади. Мана шу англанган нарса онгда психик ҳодисага айланади. Бундан ташқари шундай нарсалар борки, бизнинг онгимиз илғаб ололмайди. Бундай ҳодисалар ҳам биз учун ўз ўрнига эга. Чунки улар англанмаган тарзда онгостига қабул қилинади. Онгостимиз илғаган бундай нарсалар ҳақида биз интиутив тарзда ёки чуқур тафаккур ҳолатида бўлганимиздагина билишимиз мумкин. Бироқ биз уларнинг эмоционал ёки ҳаётий аҳамиятини аввал бошда менсимаймиз. Тўғрироғи, эътибор бермаймиз. Бундай ҳодисалар тушларда ҳам содир бўлади. Онгсизлик ҳолатини тушга кирадиган ҳодисаларда яққол кўриш мумкин. Тушимизга одатда ақл билан тушиниб бўладиган ҳодисалар эмас, рамзий образ кўринишида ифодаланган воқеалар киради.

Айнан тушларни ўрганиш психологияда онгли психик ҳолатларнинг ҳам онгсизлик билан боғлиқ тарафларини, онгсизликни ўрганишга олиб келади. Онг ва онгости бир одамда иккита шахс яшашини ифода этади. Инсон боласининг фожеаси шундаки, у ўз шахсиятининг мана шундай бўлиниб кетганидан мангу азоб чекишга маҳкум. Бу бўлиниш бирор касалликка хос патология эмас, аксинча, бутун инсониятга хос меъёрий ҳолатдир. (Зеро Юнг “ Менга руҳан соғлом одамни кўрсатинг, даволаб бераман”, деб бекорга хитоб этмайди – тарж.) Буни инсон наслининг барчасига тегишли бўлган умумий симптом деб қабул қилиш ўринли.

Инсоният онги жуда секин ривожланади. Ҳозирги цивилизацияга эришиш учун беҳисоб асрлар ортда қолди. Бироқ ҳали эволюция ўз ниҳоясига етмади. Сабаби инсоният онгининг катта ҳудудлари биз учун ҳали қоронғулигича қолмоқда. Биз ақлимиз моҳиятини англашга ожиз бўлган, онгимиз билан айнан идрок этолмайдиган ҳодисаларимизни руҳий ёки психологик ҳолат деб атаймиз. Кимки, онгсизлик ҳолатининг мавжудлигига ишонмаса, у руҳият ҳақида тўлалигича билимга эгаман деб ўйлайди ва ўзини алдайди. Руҳиятни тўла била оламиз деб даъво этиш коинот, борлиқ ҳақида тўла биламиз деб даъво этиш билан тенгдир. Бизнинг руҳиятимиз табиатнинг бир қисми ва унинг сир-саноати ҳам чексиз-чегарасиздир. Шу сабаб руҳиятимиз табиати ҳақида тўла таъриф беришдан чекланганмиз. Фақатгина унинг мавжудлигига ишонишимиз ва унинг қай тарзда ўзини намоён қилишини таърифлашимиз мумкин. Инсон руҳиятида сирли бир ҳудуд борлигини инкор этувчилар онгни, онгли ҳаракатларни эксприментал (тажриба) ҳолатда синаб кўриш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрга таянади. Айнан шу нарса уларнинг онгостини инкор этишига сабаб болади. Тўғри, чиндан ҳам онг жуда мўрт, шунингдек, атрофдаги хавф-хатарга, воқеликка тез жавоб қайтаради. Айтиш мумкинки, онг бироз жиззаки ҳамдир. Ва у ғоят тез жароҳатланишга мойил.

Антропологлар эътирофича, турмушнинг, цивилизациянинг энг қуйи даражаларида яшаб келаётган қабилалар орасида ақлий фаолиятнинг тарқоқлилиги, онг бузилиши (диссосатсия) ҳолати жуда кўп учрайди. Қабиланинг бундай кишилари ўзларини ‘қалби йўқолганларъ ёки йўқотилган қалблар деб аташади. Ибтидоий турмуш даражасига эга қабилаларининг аксари инсонда Руҳ (ёки Қалб) битта эмас деб билади. Улар ўзларида ўз Руҳлари ва Ўрмон руҳи мавжудлигига ишонади. Бу тушунча ёввойи ҳайвонларга, ўрмон табиатига хос феъл-атвор, руҳият инсондаги психологик ҳолатларда ҳам бўй кўрсатишини ифода этади. Француз этнологи Леви-Брюл бу ҳолатни мистик иштирок деб атаганди. Лекин танқидчилар босимидан кейин бу иборадан воз кечди. Аммо мен уни тўла қўллаб-қувватлайман. Айни бир вақтнинг ўзида бир инсон бирор мавжудот (ёввойи ҳайвон ёки дарахт каби) ёки бошқа бир инсон билан айнан бир хил психик ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай айнанлик ибтидоий қабилалар орасида турли шаклларда қабул қилинади. Ўрмон руҳи ҳайвонотга тегишли деб билинса, ҳайвонларнинг ўзи инсониятга, қондош, қариндош ҳисобланади. Ибтидоий тасаввурга кўра, агар инсон тимсоҳ билан қондош бўлса, дарйода тимсоҳдан қўрқмай чўмилаверади. Агар дарахт билан қариндошлик бўлса, дарахт инсонга нисбатан ваколатга эга бўлади. Ибтидоий шароитларда яшаб келаётган қабилалар орасида инсонда бир неча Қалб бўлишига ишонувчилари ишонч бир кишида бир- биридан фарқ қилувчи бир неча инсон яшаши билан боғлиқ қадимги тасаввурлар натижасидир. Бундан чиқадики, инсон руҳиятини яхлит деб билиш хато. Руҳият назоратсиз бошқариб бўлмайдиган ҳиссиётлар, эмоциялар натижасида парчаланиб кетишга, турли бўлакларга бўлинишга мойил. Цивилизация ривожида антропологлар таърифлаган юқоридаги каби ҳолатлар ўрнини инкор этиб бўлмайди. Бизнинг ўзимиз ҳам диссотсиятсия ҳолатига тушишимиз, ўзимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Турли кайфиятлар таъсирида ақлимизни йўқотиб қўямиз, ҳатто ўзимиз ҳақидаги энг муҳим фактларни ҳам эслолмай қоламиз. Ўз-ўзини назорат қилиш ҳар қанча нодир сифат бўлмасин, биз унга ҳар доим ҳам қодир эмасмиз. Деярли қўлимиздан келмайди бу . Ўзимни тўлиқ назоратда ушламайман, деб ўйлайдиган одам ҳам у ҳақда уни яхши биладиган яқини айтган гапдан ҳайратга тушган бўларди. Инсон онги ҳатто ривожланишнинг энг юқори даражасида ҳам борлиқни яхлит қабул қилиш босқичига эришолмайди. У бунга қодир эмас. У фрагментар тарзда қабул қилади. Лекин онгнинг бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсани эмас, бирор қисмни, бирор нарсани алоҳида ажратиб қабул қилиши, айтиш керакки, энг муҳим хусусиятдир. Бу бирор нарса устида диққатни жамлай олишга, бошқа нарсаларни эътибордан соқит қилишга олиб келади. Аммо бирор нарсани онгли ҳолатда ажратиб қабул қилиш ва руҳиятга бўлган босим натижасида қабул қилиш ўртасида жуда катта фарқ мавжуд. Босим ҳолатида қабул қилиш ўз-ўзидан, ҳеч қандай розиликсиз ва инсон ихтиёрисиз кечади. Онгли қабул қилиш цивилизация ютуғи бўлса, иккинчиси, яъни босим ҳолатида қабул қилиш ибтидоий тарзда ўзини йўқотиш (йўқотган қалблар тарзида ) ёки неврозга хос патология натижасидир. Шундай экан, биз қанчалик ҳиссиётларимизни назорат қилишни хоҳламайлик, бунга эришиш имконсиз. Иккинчи томондан, бундай назорат инсоний муносабатларимизни турфа хилликдан, самимият ва ҳиссий бўёқлардан маҳрум қиларди. Айни шу ўринда мен тушларни- инсоннинг ўзгарувчан, умидсиз, шаклсиз фантазияларини таҳлилга тортишга бурчлиман. Тушларни кузатар эканман улар инсон онгидаги рамзларнинг универсал манбаси деган хулосага келдим. Тушларни Фрейд ҳам таҳлил қилган бўлиб, у тушни алоҳида ҳодиса сифатида эмас, онгли тарзда қабул қилинган муаммолар ва фикрлар билан боғлиқликда ўрганади. Аслида бундай фараз ҳам асоссиз эмас. Невротик ҳолатлар ҳам маълум онгли жараёнлар, муаммолар билан боғлиқ.

Жуда оғир вазиятларга тушиб қолган беморларнинг аксари спазмдан, баъзиси эса овқатни ҳазм қилолмасликдан қийналади. Руҳий стресс туфайли кимдир астма хуружига дучор бўлади, унга гўё ҳаво етишмаётгандай туюлаверади. Беморларнинг баъзи бирлари оёқ фалажлигидан азоб чекишини, энди юролмайман деб ўйлашларини айтишган. Танамиз билан боғлиқ бу каби муаммолар аслида бизнинг онг остимизни безовта қилган, ларзага солган, таъсир кўрсатган ҳолатларнинг жисмоний ифодасидир. Бундай ифодалар тушларимизда ҳам акс этади.

Фрейд ва Бреер каби олимларнинг тушунтиришига кўра, жазава, феълнинг бузилиши ва жисмдаги бир қатор оғриқлар ўз рамзий маъносига эга. Тушлар ҳам худди шундай рамзий маънога эга бўлиб, онгости ҳислари тушларда ҳамда Фрейд ва Бреер таъкидлаб ўтган ҳолатларда ўзини намоён қилади.

Лекин қайд этиш керакки тушларга хос рамзлар невроз билан боғлиқ жисмоний оғриқлардан кўра ранг-барангроқ. Тушлар кўпинча образли фантазиялардан таркиб топган бўлади. Ўз беморларининг тушларини таҳлил қилиш давомида Фрейд эркин ассоциациялар техникасини ишлаб чиқди ва турли хилма- хилликларга эга тушларни бир неча асосий типларга ажратиб ўрганди. Мазкур техника ёрдамида Фрейд тушлар онгости муаммоларини тадқиқ этишнинг асосий воситаси эканлигини исботлади.

Фрейднинг усули шундай эди: туш кўрувчи ўзининг тушлари ва ҳолатлари ҳақида гапириб беради ва гапириш асносида ўзининг онгсизлик ҳолатига хос муаммоларни ҳам ошкор қилиб қўяди. Айни шу жараёнда нимани ўзи билмаган, онгсиз ҳолда яширишига уринаётгани, уни қийнайдиган, босим берадиган қандайдир кўнгилсизлик ҳақидаги фикрлардан қочишга уринаётгани турли ишоралар орқали аён бўлиб қолади. Бу ишораларни талқин қилишда Фрейд яратган назарияга деярли эътироз билдириш мумкинмас. Фрейд эркин ассоциациялар жараёнининг бошланғич нуқтаси сифатида тушларга янги ва асосий маъно юклади. Бироқ вақт ўтиб тушларда намоён бўладиган онгсизликка хос фантазияларни ўрганиш чоғида Фрейд назарияси адекват эмаслигини, ҳатто янглишлигини пайқаб қолдим. Бундай шубҳага боришга бир ҳамкасбимнинг Россияга саёҳат давомида бошидан кечирганлари сабаб бўлди. Поезддаги узоқ саёҳат давомида зериккан дўстим, чалғиш мақсадида на рус тилини, на крилл алифбосини билмаслигига қарамай, темирйўл бўйлаб ёзилган ёзувларга ўзича маъно бермоқчи бўлади.

Ғаройиб ва нотаниш крилл ҳарфлари устида бош қотириб, уларнинг маъноси, белгиси хусусида фантазияга берилиб кетади. Бир ўй хаёлига бошқасини бошлаб келаверади. Бундай узоқ, хотиржам ва бамайлихотир хаёлга берилиш, онгнинг босимлардан холи бўлиб бўшашиб бораётган пайтида эркин боғланишлар жараёни содир бўлади, эски хотиралар қалқиб онг юзасига чиқишни бошлайди. Аллақачон унутиб юборилган ёки ҳамкасбим онгли тарзда эслашни хоҳламайдиган ёқимсиз эсдаликлар ҳам онг остидан қалқиб чиқади.Тасаввур қилиш мумкинки, бу жараёнда ҳамкасбим руҳиятида психологлар комплекслар деб атайдиган ҳолат ўзини намоён этяпти.

Комплекслар исталмаган ёки жамият нормал қабул қилмайдиган эмоционал ҳолатлар, ҳис-туйғуларнинг бостирилиши натижасида пайдо бўлади. Комплекслар неврознинг ривожланишига олиб келиши мумкин, энг камида эса кишининг психик жиҳатдан ҳар нарсага таъсирчан, ҳар нарсага жуда тез асабий муносабат билдирадиган ва тажовузкор бўлиб қолишига сабаб бўлади.

(Комплекс тушунчаси аналитик психологиянинг асосий терминларидан биридир. Юнга кўра комплекслар психик травмалар, зиддиятлар натижасида ривожланади. Одам ўзида комлекс бор ёки йўқлигини сезмаслигидан қатъий назар комплекслар феъл-атворга жиддий таъсир ўтказади. Бироқ инсон руҳиятида комлексларнинг мавжуд бўлиши тўла табиий саналиб, психологияда у инсон руҳиятининг асосий хоссаларидан бири сифатида ўрганилади.)

Дўстимнинг ҳикоясидан келиб чиқадики, эркин ассоциациялар ҳолати фақат тушлардагина содир бўлмайди ва бемордаги комплексларни аниқлаш учун фақат туш таҳлили билан чекланиб қолиш керак эмас. Сабаби инсон ўзини назоратда ушламайдиган, натижада онгостидаги турли ҳолатлар юзага қалқиб чиқадиган эркин боғланишлар жараёни фақат тушларда эмас, бизни ўраган борлиқдаги бирор таъсир натижасида ҳушёр пайтимизда ҳам содир бўлади. Эҳтимол, бу жараён крилл ҳарфларидан бошланар, эҳтимол, биллур шар олдидаги медитатсия, ибодат чамбараги, рассом картинаси ёки омади бир суҳбатдан бошланар. Ниманинг таъсирида бошланишининг аҳамияти йўқ. Шундай бўлса-да, мен англаган бу ҳақиқат тушларнинг аҳамиятини камайтиролмайди. Комплексларни ўрганиш тарафидан ёндашсак, ҳис-туйғулар жунбушга келган, руҳий парокандалик, фикрий тўзғинлик даврида кўрилган тушлар инсондан қайсидир комплексни намоён қилиши, ўша комплексга урғу бериши туфайли аҳамиятлидир.

Агар менинг энг юқорида айтганларимни ҳақ деб фараз қилсак, тушлар ўзига хос, алоҳида маъно ифодалаш хоссасига эга деган фикрга ҳам эга бўламиз. Тушлар ўзининг ниманидир алоҳида танлаб олишга, урғу беришга йўналган структураси ёрдамида англаш қийин, яширин фикрга ишора қилади.

Шу важдан мен асосий эътиборни тушнинг шакли ва моҳиятига қаратиш керак деб ҳисоблайман. Тушнинг ўз маъносидан, моҳиятидан узоқ бўлган ассосиятив назариядан эса узоқлашишга мажбурман. Тўғри, инсондаги эркин ассотиатсиялар боғланаётган кечинмалар бўйлаб бизни ўша инсондаги комплексларга олиб боради. Бироқ эркин боғланишлар жараёни фақат тушларга хос ва уни бошқа усуллар билан ҳам ҳосил қилиш мумкин. Диққатни тушдаги эркин боғланишларга эмас, тушнинг шакли ва мазмунига қаратиш онгсизликка хос хусусиятларни очишга ёрдам беради. Айни мана шу фикрлар эса психология соҳасида менинг туб бурилишларимдан биридир.

Тушларга нисбатан муносабатимнинг ўзгариши бу соҳадаги методнинг ҳам ўзгаришига олиб келди.Ва бу метод орқали тушлар борасида мен Фрейднинг эркин боғланишлар назарияси билан келишолмаслигимни эътироф этмоқчиман. Тушлардаги аҳамияти унча катта бўлмаган ишора ва ассоциацияларни эътиборсиз қолдириб, тушнинг ўзига кўпроқ яқинлашиш тарафдориман. Ассоциациялар бемордаги комплекслар қаршисидан олиб чиқиши шубҳасиз. Бироқ менинг мақсадим невротик бузилишлар туфайли пайдо бўладиган комплексларни ўрганишдан кўра муҳимроқ. Психолог бемордаги комплексларни аниқлаш учун айтганимдек фақат тушга таяниб қолмасдан кўплаб ўзга усуллардан фойдаланиши мумкин: Масалан, сўзлар билан боғлиқ сеанс ўтказиб кўради. (Танланган сўзлар тўплами беморга нималарни эслатиши ёки қандай алоқаси борлигини сўраб, кейин жавобларни таҳлил қилади) Бундай онгли тарзда ҳикоя қилиш ўзининг ибтидоси, ривожи ва якунига эга. Бироқ тушларда аҳвол бироз ўзгача кечади. Тушлардаги замон ва макон координатаси мутлақо бошқа. Буни тушуниш ва тушунтириш учун худди номаълум предметни қўлга олиб унга турли томондан қараб кўрган каби тушларни ҳам барча томондан ўрганиб кўриш керак.

Алоҳида олинган бир одамнинг бутун руҳий ҳаётини билиш ва тушуниш учун аввало унинг тушлари ва тушидаги рамзий образлар маъносини англаб олиш ўта муҳимдир.

Ҳаммамиз жинсий алоқанинг рамзи бўлиб хизмат қиладиган жуда кўп образлар борлигидан хабардормиз. Бу образлар билан боғлиқ бирор ассоциация, масалан, ўша образни кўриб ёки эшитиб қолиш жинсий алоқа ҳақидаги фикрга ёки комплексларга олиб боради. Лекин тасаввур қилинг, сизга нотаниш бўлган бирор крилл ҳарфини сиз сексуал образ сифатида қабул қилдингиз ёки ўша ҳарф сизга секс билан боғлиқ бирор хатти- ҳаракатини эслатди дейлик. Бу ҳолатда ҳам сиздаги жинсий алоқага оид комплекслар ўзини намоён қилиши мумкин.

Демак, бирор нотаниш ҳарф воситасида фантазияга берилиш орқали ҳам комплекслар ҳақида маълумотга эга бўлиш, уларни аниқлаш мумкин. Бироқ туш сексуал аллегорий (мажоз)дан кўра ўзида бошқачароқ хабар ташийди.

Айтайлик, кишининг тушига қулфга калит киритаётгани, бармоғи билан калитни қаттиқ итаргани ва эшикни таранга ўхшайдиган предмет билан бузгани кирди.

Тушда амалга оширилган бу ҳаракатлар сексуал мажоз сифатида баҳоланиши мумкин. Бироқ эътибор беринг: бу ердаги образларни онгостининг ўзи танлаяпти –калит, бармоқ ва таран. Нега онгости калитни бармоқ ёки тарандан кўра устун қўйяпти? Асосий моҳият ҳам шу савол остида яширин. Тушларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, сексуал мазмунга эга деб қаралган тушлар аслида буткул бошқа руҳий ҳолатга ишора қилаётгани, бошқа бир психологик интерператасия –талқинга муҳтожлигини кўрсатади.

Тушни шарҳлаш, тўғри талқин (интерпретасия)ни топишда унинг чегараларидан чиқиб кетмаслик, йодда аниқ қолган қисми устида тўхталиш ишни осонлаштиради. Тушнинг йодда сақланган аниқ шакли асосий жиҳатларга эътибор қаратиб, нокерагидан қочишга имкон беради. Мен ҳамиша тушда кўрилган аниқ картина атрофида айланишни хуш кўраман, беморларимнинг ҳам бу марказ атрофидан қочаётганини пайқасам, дарров тўхтатаман:

“Тўхтанг, тўхтанг, келинг тушингизга қайтамиз. Хўш, бу туш бизга нима демоқчи?”

Айтайлик, олдимга келган бемор ичиб олган, шаллақи, жанжалкаш бир хотинни туш кўрганини гапириб берди. Тушидаги унга бу хотин беморига рафиқаси бўлиб туюлган. Ҳаётда эса унинг рафиқаси буткул бошқача, бундай салбий феъл-атвордан холи аёл. Ташқи тарафдан қарасак, бу туш ҳеч қандай мазмун-моҳиятга эга эмас. Беморим ҳам тушини буткул бемаъни деб билади.

Мен врач сифатида беморимда юқорида тилга олинган ассоциация жараёнини ўтказишга ҳаракат қилсам, табиийки у мазкур туш ҳақидаги ҳар қандай ёқимсиз ишорадан қочган бўлур эди. Қочиш натижасида мен беморимнинг руҳиятида айни пайтда етакчилик қилаётган асосий комплексни аниқлай олмай қолардим. Туш мазмунида аён бўлаётган комплекснинг беморнинг рафиқаси билан боғлиқлиги йўқ экан, онгости бизга ёлғон баёнот бераётган эканда? Алдамчи тасаввур уйғатаётган эканда? Асосийси, алдамчи шакл ёрдамида онгости нима демоқчи бўляпти? Тушнинг ҳақиқий моҳиятига етиб бориш учун алдамчи шаклга алданмаслик муҳим. Табиий, туш бемор ҳаётида муҳим ўрин тутадиган қандайдир дегенератив (бузилган) аёл образини кўрсатмоқда. Бироқ бу образ унинг рафиқасига алоқасиз, тушда узатилаётган маълумот (яъни рафиқасидай туюлиши) эса хато. Мен эса туш моҳиятини бошқа жойдан қидиришга мажбурман.

Ҳали ўрта асрлардаёқ ҳар бир одамда аёллик ва эркаклик гармонлари мавжудлиги ҳақидаги факт фанга маълум эди. Яъники, ҳар бир эркакнинг ичида бир аёл яшайди, ҳар аёлда эса бир эркак! Эркакдаги аёлга хос бўлган тарафни –аёллик қисмини мен “Анима” деб атайман.

Эркакдаги аёллик аспекти (томони) ўзини бошқалардан, ҳатто эркакнинг ўзидан ҳам қатъий бекитишга уринади. Анима дунё билан алоқада ниҳоятда ўзини паст тутади, ошкор қилмаслик пайида бўлади. Бошқача сўз билан айтганда, ташқаридан қараганда рисоладигидек кўринадиган эркакнинг ичида бошқалардан ўзини бекитадиган бир йиғлоқи аёл яшайди. Эркак ичидаги аёлнинг йиғлоқи ҳолатини ўзгалардан, кўпинча ўзидан ҳам яширишга интилади. Бу ҳолатнинг конкрет ифодасини беморимнинг туши мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Туш аён қиляптики, беморимда “аёллик” томони яхши ҳолатда эмас. Туши унга сен ўзинга издан чиққан, хароб бўлаётган аёлни кўтариб юрибсан, деб хабар бермоқда. Туш моҳиятини онгости руҳий бузилишдан ташвишга тушяпти деб қабул қилмаслик керак. Шубҳасиз, онгости беморга ‘Сен ўзингни яхши тутъ, деб ўгит бермоқчи эмас.

Шунчаки унинг ўзини жентелмен қилиб кўрсатаман деб фақат бир томонга тош босиб, “қийшайиб” қолган онгини туш орқали мувозанатга, тартибга солмоқчи. Ташқи оламга ўзини намоён қилолмаган “йиғлоқи аёл” туш орқали намоён қилиб бўлса-да, беморимдаги онг ва онгости томонини тенглаштириб, мувозанатга келтирмоқда.

Рус тилидан Тилланисо Эшбоева таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting