Статистика

0
706

Муҳаммад Ҳасан Алван

ҳикоя

Статистик маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида ўртача умр кўриш етмиш беш ёшлар атрофида. Бу дегани, дадам истаган вақтда вафот этиши мумкин; ва беш йил ўтиб, яъни университетни тугатганимдан кейин ойим, икки аммам ва бобом — ҳаммаси вафот этиб, ярим оилали етимга айланишим эҳтимолдан холи эмас.
Оиламизнинг ҳар бир аъзосининг умр кўриши узайган тақдирдаям, эътиборимни тортган нарса борки, 2015-йилига келиб оиламизда кунда менга салом берувчи чеҳралар ғойиб бўлган бўлади. Олти ёки етти миллион деб чамаланаётган дадамдан қолар меросни бешта акам билан бўлишсак, охирида менинг улушим — бир миллион. Дадамнинг тежамкорлик сиёсати сабабли, вафотидан олдин пулларини сарф қилиши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимол кучли эмас; давлат иқтисодиёти пасайиб, риёл аввалгидай тушиб кетди демаганимиз каби, чунки булар яқин ўтмишда содир бўлмаган. Бундан ташқари, Буюк Британия веб-саҳифаларидаги иқтсодиётга тегишли башоратлар ва ёғ маҳсулотлари нархининг турғунлиги анча таскинли. Ўқишни тугатган тақдиримдаям, иш топиш ҳақида қайғуришим шарт эмас. Муҳандисликда ўқишга сабаб кўрмаётганим ҳам шундан. Шунинг учунам, ўзим кўпроқ ёқтирадиган соҳамда ўқимоқчиман: рассомчилик.
Кимнингдир фаразларини қоғозга тушириш ёмон ғоя бўлиши мумкин, айниқса, сатрлар узоқ келажагим учун қураётган режаларим ва қилаётган тахминларимга нисбатан истиқболим ҳақида хатоларни ўзида жамлаган матереалистик қарашларга эга катта акамнинг тортишувлари, қаҳрлари-ю айблашлари билан тўладиган бўлса. Шунга қарамай ғалати бўлган нарса шу-ки, акам кейинчалик мўмайгина маош олиш ҳуқуқини берувчи муҳандисликни ўқишга ундаганида бирор марта «матереалистик» сўзини эшитмаганман; ёки акаларимнинг дадам билан қўшма лойиҳаларида қилган жимликларимда…
Мендан олдин бешта акамни муваффақият билан қизиқтириб, компаниясига жалб қила олган дадам ишонадики, мен уларга қўшиламан, яъни тартибни бузмайман.
Тахмиман, беш йил ичида вафот этиш эҳтимоли бор бўлган дадам ажойиб инсон! Уддалай олмайман-у, лекин ўқимишлилигини, кўп ҳолларда тўғри чиқадиган сезгирлигини-ю катта патриархал оиламиз бошқарувидаги одиллигини қадрлашга тиришаман. Менда шундай сезим бор: вафотидан кейин қайғуга ботишим мумкин, аммо мотамим севимлиларидан айрилгач, азаси патологик депрессияга айланувчи ва ўзларини бевалик ва йўқотиш билан чеклаб қўювчиларники каби бўлмайди. Ота-онасини йўқотиш хаёллари доимо болаларнинг умидларини пучга чиқаради ва аминманки, тортишувларимизда мени матереализм, қополлик ва ҳиссий такаббурликда айблаб, қадимий ниқобларидан бири билан яширинишга, қийин бўлишига қарамасдан, уринувчи акам бу ҳисни биз билан баҳам кўради.
Ўйлашимча, катта акам қарийб ўттиз йил ўтгач вафот этади.
Инкор қилмайман: ҳаётимдаги энг ёмон қарорим рассомчилик билан шуғулланиш ҳақидагиси бўлган. Бу қарорга келишимга ўрта мактабдалик пайтим ўзимни оташин муҳаббати елкаларидан ошиб турган, хаёлида унинг юзини беҳад аниқлик билан бўз матога чизаётган рассом ҳолимда тасаввур қилдирган лаҳзалик эҳтирос сабаб бўлган. Бутун келажагимга таъсир қилувчи тўхтамга фантастик тасаввурларим уч ёки тўрт соат сарф қилишган. Жўшқин иштиёқ-ла рассомчилик билан шуғулланганлар ва қанчадир вақтдан кейин ғайратини йўқотганлар ҳақида статистик маълумотлар изламаганман. Бу хато менга икки йилга тушган, агар мен ҳозир ихтисослигимни ўзгартирган тақдиримдаям, беҳуда сарфланган икки йилдан ташқари бешта акамнинг маъноли нигоҳлар билан турли хил кайфият ва овозда айтилган «Мен шундай демаганмидим?» каби йигирма ёки ўттиз жумласини эшитиш қийинчилиги ҳам чекимга тушиши мумкин. Бу қанчалар азобли!
Соҳасининг ярим йўлида юрагини олдириб, тўхташга қарор қилган ёки ўқишни тугатганидан кейин ҳаммаси хато бўлганлигини англаганлар ҳақида маълумот тўплашим керак. Ушбу маълумот мени қарорим ҳақида яхшигина хабардор қилишига ишонаман. Битирув учун икки йил дегани, бу — дадам вафот этмасидан олдин рассомчиликда маълум даражам бўлади дегани, агар иш тополмасам, дадамнинг компаниясида ишлаш ва менга оғриқ берувчи «Биз шундай демаганмидик?»ларни эшитишимга тўғри келади. Бундан ташқари, ҳаётининг уч йили қолган дадам бирор касаликка чалиниши ёки қандайдир касаллик симптомларидан азоб чекиши мумкинга ўхшаб кўринмаяпти. Бу рассомчилик даражаси-ла компанияда акаларим билан ёнма-ён ишлашни англатади. Бу мумкин эмас!
Янги режа топилиши керак, аммо бу сафар аниқлик билан.
Агар санъат коллежини ҳозирдан ҳисоблаганда икки йилдан кейин тугатсам, бутун йилни иш излаш баҳонасида сарфлай оламан. Балки мен ёқтирмаганлигим сабабли воз кечган ишларим бўлганлигини тасдиқлайдиган вақтлар ҳам бўлар. Машинамни сотишга тўғри келар. Машина пули ва ўзимнинг оз-моз йиғиб қўйганларим юқорироқ олийгоҳда ўқишнинг кетидан қувиш баҳонасида бир ёки икки йилни Америка ёки Европага саёҳатга сарфлашга етади. Албатта: «Университетимиз юборди бу ерга»,- деб айтаман. Ишсиз ва университетимиздан четроқда юришга ҳаракат қиламан, чунки менда ўқишга тўлашга пул бўлмайди. Кейин қишлоққа қайтаман. Ишонаманки, дипломимни кўришга қизиқаётган акаларимни қалбакисига ишонтириш мендай санъаткорга оғирлик қилмайди. Кейин бир йилни четда ўқишдан чарчаганлик ва яқинроқдан иш топиш баҳонасида сарфлайман. Унгача олти йил ўтса, дадам вафот этиб бўлган бўлиши мумкин бўлади, негаки, унгача ўртача умрини уч йилга узатириши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимолим кучли.
Дадамдан қолар мерос миллион йигирма йил ишламасдан яхши яшашга етади. Ишонаманки, йигирма йил миллионни қандай сарфлаш ҳақида статистик маълумотлар тўплашимга имкон беради. Яна унутмаслигим керак бўлган аҳамиятли нарса шуки, йигирманчи йилнинг охирида катта акам етмиш уч ёшда бўлади ва унда яшаш учун икки йили ёки ундан кам вақт қолади. Негаки, у кашанда.
Агар унинг аёли ва икки қизи билан баҳам кўриладиган мероснинг менга тегишли қисмини ҳисобласам, тахминан бир неча миллиондан кам бўлмайди ва аёли қарилик босқичига ўтгач тўрт йилга етгулик икки минг риёлдан кам бўлмаган пулни чўнтагимга ураман. Қолган акаларимдан мерос тегмайди албатта, чунки уларнинг ўғиллари бор. Шунингдек, бу кун йигирма саккиз йил ўтиб бўладиган бўлса, демографик, ғоявий ва тарихий статистикага таяниб иш кўрсак, акам вафот этгунича исломий мерос тизими ўзгармайди.
Йигирма саккиз йилдан кейин акамдан қолар мерос тугаганида мен эллик икки ёшли ночор, етим, катта акасиз яшаётган бўламан ва чекмаганлигим, ҳеч қандай оғир касалга чалинмаганлигим сабабли, мен учун қўрқинчли бўлган йигирма уч йилни яшашимга тўғри келади. Мункиллаган қарилик, камбағаллик, бахтсизлик ва фойдасиз статистикаларнинг йигирма уч йили!
Эътибор берарлик бошқа сценарий тополмаяпман; менинг ҳисоб-китобларим ижобий бўлса ва мен бироз қурумсоқроқ бўлсам, мунтазам кутилган, азоб-уқубатларимни енгиллаштириб беролмайдиган чорак асрни яшайман.
Ишонаманки, озгина жасорат кўрсатишим ва иккала танловдан бирини танлашим керак: чекишни бошлайман ёки муҳандисликни.

Инглиз тилидан Салимжон қизи таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting