Ирода Умарова. Шеърлар.

0
1079

Яхши кўраман сизни,

Фарида,

Табассуми ғунча,

Нигоҳи кумуш.

Кундузлар чаҳ-чаҳлаб юриб,

Кечалар

Хатларига кўзёш нуқта бўлган қуш.

Кафтларим лавҳида кафт очар китоб,

Ҳовучида боғлар, йўллар ва денгиз.

Мавжларни варақлаб югурар шўхтоб,

Рўмоли сочини эплолмаган қиз –

Сиз…

Кўзларим қадамлар сатрма-сатр,

Дилимда қадамлар ҳислар қўшини.

Сиз бўлиб, мен бўлиб, маҳзун бўлиб

Бир

Чолиқуши ўқир “Чолиқуши”ни.

Ҳижрон – руҳимизнинг чуқур нафаси,

Ҳаёт ўтар экан зиқна ва тезоб.

Севги бу – ўзингни синамоқ асли,

Севги бу – шунчаки оғирроқ азоб!

Хоинни кечириб қўйишдан қўрқиб,

Хиёнатдан кетдик ҳарчанд бадарға.

Бир буюм мисоли, бир юк қатори

Муҳаббат жўнади Гулбашакарда…

Бунчалар аламли, ёдга келганда

Нураса унутиб шунча юрганинг.

Бунчалар аччиқли, битта одамда

Ёмон кўрганинг ва яхши кўрганинг.

Бунчалар санчиқли, нафратланган у

Исмини тушингда айтиб қўйишинг.

Ёлғизликдан таскин излаб кетсанг-у

Теранроқ англасанг уни суйишинг…

Ҳолвайтардай қуюқ тортиб борар тун,

Мен сизни ўқийман дарча рахида.

Фидолик етишмас эркак ҳақида…

Фидолиги зиёд Аёл ҳақида…

Сўнгги саҳифада йўқ сариқ гуллар,

Қуш кўксида қафас кетади синиб.

Комронлисиз, гарчи таслим ва ночор,

Бахтлисиз…

Китобни ёпдим хўрсиниб.

…Яхши кўраман сизни, Фарида.

              ***

Кўзлари йўлимда ўтди ва охир

Шу йўлдан кўзларин юмиб ўтди у…

Қўл чўзсам етарди,

Оёқ чўзмадим,

Сабаб бўлмагунча ҳажрбахш қайғу.

«Болалиги бордир онаси борнинг», –

Билдим ҳаёт пандга тўлалигини.

Ўша кун кузатдим онам ортидан

Ўттиз ёшдан ошган болалигимни.

Кўзларин йўлимда қолдирганимнинг

Қолдирмадим бирон маъракаларин!

Бақога ҳеч несиз кетиш… ёлғондир,

Қани уйнинг файз-у баракалари?

Бормасам қўймайди энди бу кўнгил,

Борсам ёзларда ҳам кутар ўша қиш.

Бу уй энди онам ёдига манзил,

Бу – онам кўйлагин кийволган болиш…

Бу кўрпа – онамнинг пахта чопони…

Онам рўмолидан чиммат дарчада…

Нимчаси куйдирмай тутар қумғонни…

Тиккан дастурхони маҳтал танчада…

Офтоба бетобдай, ўчоқ хиратаъб,

Силаб-сувашларин эслаётгандир –

Елкасин чокига қоқигул қадаб

Бурчакда мунғайиб ўтирган тандир.

Лойсувоқ деворлар, азиз деворлар

Кифтига суйкалиб, олган исларин.

Ҳув тошларга тошдай чўкиб,

Соғинган

Олисларга тушган тошлар – қизларин.

Энди у соғинчлар бизга омонат,

Бўлишсак ҳам вазни вазнимдан кўпроқ.

Бир бурда онам-а, полвон онам-а,

Қадрига етдикми етганда тупроқ?

Қадрига етдимми тириклигида,

Кўнглининг тошига ўзимни босдим.

Мактублар, қутловлар ёзмай юриб, сўнг

Қабрининг тошига ёднома ёздим…

Хизмат бажосига бўлай деб бажо,

Осилган дорларим экан баландда.

Ўлимни ҳамма ҳам кутади, аммо

У келаркан доим кутилмаганда.

Селнинг чангалига тушган хасдайман,

Онларим дуосиз, ғаш-хавотирда.

Ёруғ тушларимга солиб асрайман

Онамли кунларим йиғиб хотирда.

Энди кўп бораман армон кўйида,

Ҳалиям кутгувчи бир баҳонам бор:

Термулиб ўтгани – йўлнинг бўйида

Тупроқни ёпиниб ётган онам бор…

              ***

Оҳиста-оҳиста ўтиб борар тонг,

Қушларга қоқиниб кетиб йўлакай.

Қабристон,

Ёпиниб намчил шамолни,

Қабрни паналаб ухлар болакай.

Ухлайди,

Беором, бероҳ, беорзу,

Муштчалари – кунлик емакка тугун.

Кулгичида қалқиб қўяди кўзёш,

Ўнгидан тушига сизаверар хун.

Отасини қатл этишар такрор,

Онаси чинқирар ҳар кун тушида.

Қўғирчоқдай гўдак укаси ўлган

Катталарнинг ўйин бу урушида.

Мина парчалари – ўйинчоқлари,

Кўнглин еб бўлмаган ҳали жудолик.

Балки… бир қуролдай ўстирмоқдадир

Ватаннинг ичида ватангадолик?!

Ҳозирча

Куч йиғиб ухлар болакай,

Хуркитманг, жой таклиф этиб ҳам тинчроқ.

Қабристонда тунаш қўрқинчдир, аммо

Қабристондан чиқиш унга қўрқинчроқ.

               ***

Кўзларим шивирлар: яхши кўраман…

Афсус, оғирроқми сенинг кўзларинг?

Эшитар эдим-ку сўзламасанг ҳам,

Руҳимда ўгириб талаффузларинг.

Ичим сўзга тўлди – айтолмаганим,

У сўзлардан тузиб изҳорномасин,

Тун кундузга ёзди, ёзди бетиним,

Кўзимга ботириб олиб хомасин.

Кўнглимни беркитдим бўлганча имкон,

Изингга, исмингга очдим ҳам аза.

Қайтиб келавердинг тортиб ёдкарвон,

Нурга писандмасдай ёпиқ дераза…

Ҳолбуки, йўлларинг тушди йўлимга,

Ғамимда ҳам қилдинг салом-у алик.

Сенинг бу етганинг менинг кўнглимга –

Осмоннинг тубига етганингчалик!

Истадим, умрбод бўлмоқни холи,

Ҳатто кўзгуда ҳам бўлсанг кўримда.

Бахтинг, изтиробинг, ишқинг, хаёлинг…

Хуллас, яшаб келдим сени умримда.

Кунларни барг каби юлдим бешафқат,

Сароб шафқатингдан бўлиб умидвор.

«Севади… севади… севади фақат!…»

Кўнглимга қарайман – яланг хазон бор.

Севмагин энди ҳам, йиғлагим келар,

Ҳамма томонимдан тақиқлар терсам.

Гарчи бегуноҳсан, бехабар,

Йиллар

Мени кечирмайди сени кечирсам.

Дунё не? Ишқи ҳам эмас жовидон,

Гоҳо садоқатдан бўлмаскан маъни.

Кўзларим ҳайқирар: руҳан алвидо!

…Мен сенинг кўнглингман, танияпсанми?!..

          ***

Мен балки сув эдим – тўлишган дарё,

Балки тупроқ эдим – товонлар ўйган.

Балки кўзёш томиб қувратган гиёҳ…

Хуллас, лойим қориб ийладинг, Эгам.

Ва яратдинг одам зуваласида,

Онгли дунёларни очдинг кўзимга.

Исмин Кўнгил қўйиб, хулосасида

Дардимни қолдирдинг яна ўзимга.

Кўнглим бўлишгали қўйиб танловга,

На ҳабиб, на одил топмадим лекин.

Шунча умрим ўтди битта англовга:

Ўзингдан яқинроқ яқин йўқлигин!

Ёмғир-майсаларга суқландим гоҳ вақт,

Қадрим тупроқларга тушган ҳар бора.

Ғаддорлар, ҳоксорлар, барига раҳмат,

Сени суйдирдилар менга тобора.

О, Нурим, Раҳмоним,

Яхши кўраман!

Руҳим чокларида ёруғ қатим бор.

Яқин! Яқинроқ! Кел! Илк меҳр кўрган

Кўча боласидай муҳаббатим бор…

О, Ҳақим, Таввобим!

Ўтаб кунларни,

Қачондир борари «олти девор»ман.

Ўшанда ҳам эгним буркаб гулларга,

Яна тупроқ бўлиб сени севарман.

        ***

У қотил,

Бўйнида анча ўлим бор,

Хун-хун кўзёшларга ботган қўли бор.

Ошкор қилиб юрар қиларини у,

Тўларин билмасми зарарини у?

Асаб толаларин узар эрмакка,

Ярани кўчириб тузлар эрмакка.

Андиша қиласиз қаҳр қилмакка,

Боқар милтирати-и-иб гавҳарини у.

Жилмайиб қарайди – кетмайсиз ҳуркиб,

Дардингизни тинглаб йиғлаши мумкин.

Айёридан ортиқ гўлидан қўрқинг,

Билмайди, тиймайди санчарини у.

У қотил,

Қўймайди тушса пайига,

Масофалар писанд эмас раъйига.

Олиб борар ўзи охир жойига,

Оғзида сақлайди ханжарини у.

        ***

Сен келасан…
Ана, кўриндинг…
Кўча тўла улов-пиёда
Қайларгадир йитди, суринди,
Фақат икков қолдик дунёда.
Фақат сенга тўлгайдир нигоҳ,
Қадамингга тўкиб мужгонлар.
Узун йўлак сароб, иштибоҳ,
Ёнингдаман аллақачонлар.
Ёнингдаман
Ва келмоқдамиз
Гулдалага, кўкка, уммонга.
Қувончларга енгилиб, ҳолсиз
Туриб қолган ўзим томонга.
Нимагадир забоним карахт,
Туйғуларим сўз талашганда.
Юрагимда айланади бахт,
Қўлларимиз дийдорлашганда.
Туманлар из олади ердай!
Бошимизда соябон қуёш!
Узук қўлда бўртар томирдай,
Воҳ, кўзида бир томчи кўзёш!
Сувойнага барг отар оғоч,
Сўзларимда аксланар қалқим!
Шамол сарвни бир сермаб чизган
Етти рангнинг эшиги – қалбим!
Қарсиллайди момиқ булутлар,
«Ёмғир. Рухсат!» – тортади қалам!
Дилларимиз хотирга битар
Бир лаҳзада келганин кўклам!
Бир лаҳзада бўлганин кўклам!
Сўнг кетасан…
Сен кетасан…
Жим термуламан кузатганча,
Қор
Бўз чимилдиқ тортган йўлакка
Сингиб борар бир Одамбаҳор…

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting