Қурбонлик қўшиқлари

1

Қодир ироданг ила мени мукаммал яратдинг!

Бу ҳароб кемани бўшатарсан ва мусаффо ҳаётга тўлдирарсан қайта ва қайта.

Миттигина қамиш найни адирлар ва воҳалар бўйлаб олиб ўтаркан, абадий янги тароналарни этарсан ижро.

Ҳаётбахш қўлларинг заиф юрагимни шоду хуррамлик билан тўлдирар ва  янгидан-янги калималарни яратар.

Беадад лутф-у марҳаматларинг томар менинг кичик кафтимга.

Асрлар ўтар, тўкиб юборарсан бари-барини, лекин бу қайта тўлдиргали жой ҳозирлашингдир.

2

Қачонки, буюрсанг куйлашни менга, ғурурланиб кетар юрагим ғоят. Боқарман юзингга, қуйилади кўзларимга ёш.

Ҳаётимдаги жамики қайғу ва ташвиш ширин бир уйғунлик касб этар ва руҳим денгиз устида қанотларини ёзар шодон қуш мисол!

Биламанки, қўшиғим бахш этар сенга ҳузур-ҳаловат.

Биламанки, фақат куйласам, пайдо бўлишим мумкин қаршингда.

Қўлим етмас пойингни наволаримнинг узун қанотлари ила силашга ҳақлиман холос.

Куйлаш завқи этганда сархуш, батамом унутиб ўзимни, дўстим дея чорларман сени,

Парвардигорим!

3

Эй Мураббий! Билмасман сен қандай куйламоқдасан. Ҳайрат ичра тингларман доим жимгина.

Қўшиғинг оламни этур нурафшон.

Қўшиғинг нафаси югурар осмондан осмонга. Бу куйнинг муқаддас тўлқини парчалаб йўлдаги тош тўсиқларни, интилар олға!

Юрагим қўшиғинг бирла жўровоз бўлмоқни истаб, тиришар самарсиз, етмас овози.

Сўзлагим келарди, лекин таронанг ичинда соқов қолардим, йиғлардим ҳайрона!

Оҳ, оҳанг оғушида асир этдинг юраккинамни, аё Мураббий!

4

Ҳаётимнинг ҳаёти, танимни пок сақламоқ ҳаракатидаман, ҳар бир аъзойимда ҳис этиб сени.

Ҳақиқат эканинг ваъжидан ҳамиша уринаман бошимдан қувмоққа ёлғон ўйларни. Бу эса яхшилик нурини ёқар идроким ичра.

Қалбимдан қуваман барча ёмонни, гул асрагим келар улар ўрнида, юрагим қаърида борлигинг сабаб. Уринаман амалларим ила буни ифодалашга. Чунки вужудимга қувват бергансан ўзинг.

 5

 Бир лаҳзага ёнингда қолай. Кейинроқ ниҳояларман дастимдаги юмушларимни. Чеҳрангдан узоқда дилим на ором, на танаффус билар. Ишим ададсиз азобга айланар машаққат қирғоғида.

Бугун ёз келди деразам олдига пичирлов билан, хўрсиниқ билан. Aсаларилар боғдаги гуллар ила этишди шакаргуфторлик.

Ниҳоят, тин олмоқ фурсати етди, тошиб келган алдовлар ва тубсиз сукунат ичра сен билан юзма-юз садоқат-ла куйламоқ гали.

6

Узиб ол бу митти гулни, ола қол, кечиктирма.

Қўрқаманки, у эгилиб, сингиб кетар тупроқ бағрига.

Топмаслиги мумкин у қалбингдан жой, аммо сен қўлларинг қонаса-да маҳкам тут уни, узиб ол!

Мен бехабар қолиб куним битишидан, қурбонлик фурсати ўтиб кетишидан қўрқаман!

Йўқ эса-да камалакдай ранглари, заиф эса-да унинг ифори, фойдалан бу гулдан маросимларда. Уза қол то имкон борида!

 7

Ўз зеб-зийнатини ечди таронам. Либос-у тақинчоқ ила гердаймагай у. Орамиздаги шивирловларни ортиқча пардознинг шақир-шуқури босиб кетарди.

Қаршингда номусдан ўлар шоирона димоғдорлигим.

О, устоз шоир! Йиқилдим оёқларинг остига.

Фақат ижозат бер, рост этай умримни қамиш най ҳамда мусиқа билан!

8

Шоҳона сарпода ўйнаётган боланинг олмос-у маржон тизмалари ўрлашар оёқ остида. Кейин сўнар ўйиндаги бутун иштиёқ.

Қўрқув ичра асабийлашиб, кўйлагини булғашдан чўчиб, олиб қочар ўзини дунёдан ва ҳаракат қилмоқдан тортиниб яшар ҳамиша.

Онажон, бу сизга фойдали эмас. Уни замин меҳридан асрамоқ бўлиб, мустақил ҳаётдан олиб қолсангиз агар, бу зарар!

 9

Эй нодон! Ўз елкангга ўзингни кўтармоққа уринмоқдасан.

Эй ночор! Садақа сўрмоқдасан ўзинг ўзингдан.

Унинг ҳар оғирни кўтара олувчи бақувват дастига юкингизни ташланг, бўлмагайсиз заррача пушаймон!

Истакларингизга Унинг нафаси тегиши ҳамоно, шамдан ёруғлик чиқаргай шу заҳотиёқ!

Нопок қўллардан олма ҳадялар, қабул этгил фақат муқаддас ишқ ила қилсалар таклиф.

 10

Мана пойингдадир ҳаммаси,

бунда ночорлар, ожизлар ва йўқсиллар.

Сенга сажда қилмоқ учун эгилганимда таъзимим пойинг остидан тополмас ночорлар, ожизлар, йўқсилларни ҳеч.

Зинҳор кибр аҳли яқинлашолмас камтаринлар, ночорлар, ожизлар ва йўқсилларнинг даврасига.

Манзилингни қалбим сира тополмас токи тентираркан ночорлар, ожизлар ва йўқсиллар орасинда.

11

Ҳайқирманг, бўзламанг, талпинманг тасбеҳга!

Қопқаси берк қоронғу ибодатгоҳ кунжида кимга юкунмоқдасиз?

Очинг кўзингизни! Кўрарсиз – маъбудингиз ёнингиздамас!

Деҳқон ер ҳайдаганда омочлари тошни майдалаган, кирчил уст-бошига дув-дув тер томган жойлардадир у!

Ташлаб эгнингиздан муқаддас ридони, боринг маъбуд ҳозир бўлган томонга!

Озодликми?

Қайдан топмоқ мумкин озодликни?

Бажонидил олди Роббимиз яратмоқ тизгинини! У биз билан мангу чамбарчас!

 Узлатдан чиқинг, қолдиринг гуллар-у тутатқиларни!

Йиртилиб, булғаниб, жулдурлашиб қолса кийимларингиз, хўш шунга нима?!

Юзлашинг у билан кўнгилда меҳнат-у пешонада тер!

 12

Сафарим узоқ, йўлларим узун. Олам чўллари бўйлаб саҳарги нур аробасида, сайёралару юлдузларга изларим босиб келдим.  Энг олис, энг чалкаш, шунингдек, ўзингга элтувчи энг яқин бу йўл мураккаб оҳангни соддалаштирур.

Сайёҳ ҳар бегона эшикни чертишга мажбур, шундагина ўз ботиний даҳмасини топгайдир ул!

Жуда кўп тентиган кўзларимни юмиб шивирладим: «Сен шу ердасан!»

Минглаб кўз ёш дарёси ёзғирди, йиғлади: «Қаерларда-ё-о?!»

Олам далил келтирди тўлқинлар билан:

«Мана мен!»

 13

Куйланмаган қўшиқларни куйлашга келдим.

Сарфладим кунларимни созим ва овозимни созламоққа.

Четлаб ўтди мени куйлар силсиласи, ўрнини топмади сўзларим, муттасил ташналикдан юрагим ёрилди!

Новдаларда гул очилмади, фақат шамол эсди бетоқат!

Рухсорини кўрмадим, товушига қулоқ тутмадим, кулбам олдидаги йўлдан сассиз ўтаётганини эшитдим, холос.

Унга жой ҳозирлаш кунлари ўтди. Aммо чироқ панд берди менга. Кулбамга таклиф эта олмадим уни. Висол умидида яшарман, эвоҳ!  Лекин фурсат етмади ҳамон.

 14

Ҳирсим асов, йиғим аянчли. Бироқ мени қатъийлик билан сақлай олдинг сен! Aйни шу мурувватинг мени ўз ҳаётимдан сиқиб чиқарди гоҳи-гоҳида.

Кундан-кун сен менга йўллаган эҳсонлар; шу осмон, ёруғлик, бу вужуд, бу идрок муттасил ҳаддан ошиб борган ҳирсимдан асради мени.

Aҳён-аҳёнда сусткашликка йўл қўярман ва уйғониб изларман ўз мақсадимни.

Уни мендан золимлик ила яширганинг бор!

Кундан-кун мени рад этиб, тағинам оларсан ўз ҳимоянгга.

Мени заиф ва мужмал ҳирсим чангалидан этарсан халос!

 15

Куйланмаган қўшиқларни куйлашга келдим.

Менинг ўз кунжагим бор бу кошонада. Дунёйинг билан ишим йўқ сира! Самарсиз умримдан фақат оҳанг ажратар самар.

Хуфтонларда буюргил Эгам, пешвоз турай куйламоқ учун!

Саҳарда олтин арфам билан мағрур турганимни олқишлаб алқа!

 16

Дунё анжуманига таклиф этилганим боис умрим – табаррук. Кўрди кўзларим, эшитди қулоқларим.

Бу тантанада чалдим ўз созимни, қўлимдан келганини бажардим баҳоли қудрат.

Aйни дам ўйларман, фурсати етиб, қарай оларманми юзингга, қутлай оларманми сени жимгина?!

17

Ўзимни бахшида этмоқлик учун муҳаббат кутмоқдаман. Қанчалар кечикдим, аммо кечикмоғим айби мендамас!

Улар ўз қонуни, ўз тилсимлари билан бостириб келдилар, тутқич бермадим. Чунки, буюк ишқимни Унинг қўлларига олиб бормоққа масъулман.

Койидилар мени, атадилар бепарво, лоқайд. Бироқ халойиқ айбномаси асоссиз!

Олди-сотди куни поёнга етди,

ҳамма ўз ташвиши томонга кетди.

Мени қаҳрланиб чақиргани келганлар қолди. Мен эса кутмоқдаман Унинг ўз қўлларига ишқимни эсон-омон элтмоқ кунини.

 18

Қулади булутлар устига булутлар. Тағин тийралик. Оҳ, муҳаббат, нечун ташқарида, эшик ортида ёлғиз кутмоққа изн бердинг?

Юмуш билан банд дамларим, чошгоҳга бориб ютиб юборгай мени оломон. Танҳо қоларман умидим билан.

Чеҳрангни кўрсатмасанг, ташлаб қўйсанг мени бутунлай, ёмғирли соатларда сокин қоларман.

Кўз тикарман осмоннинг энг тийра бурчига. Қалбим йиғлар маъюс шамолларга ҳамоҳанг.

19

Aгар жим эсанг, чидарман юрагимга тўлдириб тоқат. Сақларман сукут. Қоронғу самонинг юлдузли бедорлигини ўзимга жо этиб, бош эгарман жим.

Тонг отар, йўқолар зулмат ва овозингга қуйилгай кўкни ёриб ўтгучи олтин дарёлар!

Ва куйларимга қанот бўлгай сўзларинг. Барча ўрмонларимда унгай чечак ичинда чечак!

 20

Нилуфар гуллаган куни, таассуфки, чалғиди хаёлим, билмадим буни.

Бўш эди саватим, гулларим топмади парвариш.

Фақат ҳозир ачинмасман, жануб шамолларидан ширин гул исини туйдим-ку, ахир!

Соғинч бирла ўртади қалбимни бу мубҳам шира!

Ёзнинг нафаси хулосани интизор кутмоқда гўё!

Шунчалар яқин бўлса-да, кўнглим тубида унган муаттар гулни сезмабман, аттанг!

 21

Туширмоғим зарур кемамни сувга. 

Сокин соатлар соҳилда ўтди, афсус!

Кўч-кўронини йиғди баҳор ҳам. Олиб кетди хушбўй гулларини у.

Энди мен беҳуда тушкунлик юкини кўтарганча кутарман уларни.

Мавж урди тўлқинлар, қирғоқлар сарғайди, барглар тутдай тўкилди соҳилда. Ортиқ бўшлиққа тикилмоқдан не фойда?

Олис қўшиқларнинг ноталари билан бўм-бўш ҳавода сузаётганингни пайқадингми ҳеч?

 22

Ёмғирли июлнинг қуюқ сояларида гувоҳлардан батамом ҳоли оқшомда хуфиёна одимлайсан. 

Шарқнинг қатъий ва вазмин даъватларига қарамай кўзлар юмуқ. Шамол эсарди.

Уйғотгучи осмон устига ташланганди қалин бир чиммат. 

Ўрмонлар куйлади ўланларини. Барча даргоҳларнинг дарвозалари берк. 

Сен, бу биёбонда танҳо кезувчи, аё ёлғиз Дўст, мана кулбам дарчаси очиқ! Туш эмасдир бу!

 23

Aзиз Дўст, бу бўронли оқшом севгим сафарда. Осмон ингранади ноумид.

Кечгача ухламасман. Ҳар лаҳзада эшикни очиб, тикиларман зулумотга жим, азиз Дўст!

Ҳеч нима кўринмас қаршимда. Ҳайронман, қайдадир сенинг манзилинг?

Қоп-қора сиёҳ дарёсининг қақроқ қирғоғи бўйлаб бу қуюқ ўрмоннинг нариги бетидан ҳузуримга келишингга қайси тубсиз фикрнинг разил зулмати ҳалал бермоқда, азиз Дўст?!

 24

Aгар ерга чуқур уйқу пардасини ёйсанг, кун ботар, қушлар жим қолар, шамол ястаниб олар, бошимга тортилар қалин бир чиммат. Нилуфарнинг инжа гулбарглари ҳам ёпилгай шунда.

Сафар сўнгида хуржуни бўшаган сайёҳнинг эгни юпун, ҳоли забун бўлса, шармисорлик ва қашшоқликни унинг эгнидан юлқиб, меҳрибон оқшоминг остига олгин-у, уни ёрлақа!

Нилуфар гулидек камол топсин у!

 25

Тунда ўз эътимодим тўлиқ тикланмай туриб, уйқу элитишига ижозат берма!

Ибодатга ҳозирлик кўрмасимдан олдин байроғим ҳилпирашига рухсат этма!

Ҳорғинликнинг маҳзун кўзларига тун ёпинчиғини ташлаб қўйгучи ўзингсан!

 26

У келиб ёнимда ўлтирди, аммо мен уйғонмадим.

Қандай лаънати ғафлат босди-я, эҳ бечора мен!

У тунда келди. Қўлларида арфа бор эди. Янграб кетганда тарона орзум ушалди.

Aфсуски, тунларимни қайдадир йўқотиб қўйдим.

Энди ўшал мусиқа оғушида ором олаётган одамни қўмсарман!

27

Нур! Қайда қолди нур?!

Олов ҳосил қилинг истакларимдан!

Шам-ку бор, лекин ёнмагай зинҳор, қисматинг шу, шўрлик юрагим!

Ўлим яхши, ўлганинг яхши!

Эшигингни тақиллатмоқда бахтсизлик. Хабари шундайким, Эгам уйғоқ ва тун қоронғусида ишқ учун курашмоққа чорлагай сени!

Булутли ҳавода тинмайди ёмғир. Бу недир, ақлим етмас, тушуна олмасман маъносини ҳеч.

Лаҳзалик чақин кўзим ва дилимни яна-да чуқурроқ зулматга тортар. Туннинг навоси мени чорлаётган манзилга элтар.

Нур! Қайда қолди нур!

Бўшлиқ қучоғидан чақирарди момақалдироқ ва шамол.

Қора тошдай қора тун.

Ўз умринг билан ишқ шамини аланга олдир!

28

Қатъийлик ⎯ бу катта тўғон. Уни бузиб ўтмоққа уринсам, юрагим ачишар.

Эрк ⎯ бу мен истаган нарсанинг барчаси! Лекин унга умид боғламоққа тортингум.

Ишонаманки, бебаҳо бойлик сендадир ва сен менинг энг яқин ҳабибим.

Бироқ менда ҳужрамдаги барча ялтир-юлтурни, ортиқча жимжимани супуриб ташламоққа ирода топилмас.

Мени ўраб турган кафан ғубор ва ўлимнинг оғушидир. Ундан нафратланиб, қучаман қаттиқ!

Қарзим беҳисоб, фожиам улкан, ғурурим пинҳона ва кучли.

Тазарру сўраб келсам, мавжлангай маним илтижоларим!

 29

Менинг номим билан ўралган қафас инграётир.

Теграмга ғишт қалаш билан машғулман.

Кундан-кун кўкка ўрлаётир менинг зиндоним. Тобора унинг соясидаги ҳақиқий мавжудод кўзимдан бўлмоқда ниҳон.

Бу улуғ девор билан фахрланаман. Муттасил суварман унга қум ва лой. То девор бағрида тирқиш қолмасин, токи мен унутай шу ном остидаги ожиз аслимни.

 30

Ёлғиз қайтдим кулбамга. Aммо қуюқ зулмат ичра мени таъқиб этаётган ким?

Мен шунчаки четроққа ўтдим.

Бу эса ундан қўрқиб қочганим эмас. Унинг салобатли овози ерни чангитиб юборди.

Бироқ ҳар сўзи менинг сўзимдир.

У менинг мўъжаз нусхам, ё Эгам, уят билмас у. Лекин мен даргоҳинг эшигига яқин бормоққа тортинарман.

31

— Маҳбус, айт-чи, ким сени айлади занжирбанд?

— Соҳиб, — деди маҳбус, — Барчадан давлатманд ва қудратли бўлмоқ илинжида хўжайинимнинг хазинасини ўмариб, яшириб қўйдим. Уйқу элитиб, хожам учун тўшалган ўринга узандим. Уйғонганимда ўз хазинамнинг қулига айланибман.

— Маҳбус, қани айт-чи, бу метин кишанларни ким қуйди?

—  Ўзим, — деди маҳбус, — менинг ўзим уларни шу қадар метин-мустаҳкам қилиб қуйдим.

Ўйладимки, енгилмас қудратим билан бутун дунёни қулдай тиз чўктирарман, ёлғиз ўзим қушдай озод бўларман. Шу мақсадда кечаю кундуз кишанларни қуйдим, темирни олдин оловда обдан қиздирдим, ўта қаттиқ зарбалар билан болғаладим. Ниҳоят ишни тугатиб, кишан ҳалқалари чамбарчас боғлангач, маълум бўлдики, кишанлаб қўйибман ўзимни ўзим.

 32

БАРЧА маъно-мантиқ мени бу дунёда севганларни ёқлашга уринар. Aммо сен меъёрдан ортиқ севарсан уларни ҳамда мени этарсан озод.  Уларни унутмаслигим учун мени ҳоли қўймаслар ҳеч қачон. Лекин кунлар ўтар басма-бас, сенга бу билинмас.

Aгар чорламасам сени ибодатимда,

агар сақламасам қалбим тубида

менга меҳринг ишқимдан умидини узар.

33

ҲАР ТОНГ кулбамга келиб айтарди улар:  «Биз энг кичик ҳужрани олармиз фақат!»

Яна дердилар: «Худойингга сиғинишинг учун кўмак берармиз ва тавозе ила унинг марҳаматини қабул этармиз!»

Кейин улар бурчакка чўкишди ювош.

Aммо зулмат қўйнида ҳам илғайди кўзим, кира бошладилар ибодатхонамга шиддат билан, шижоат билан. Ҳамда жирканч чангалларини меҳробга чўздилар.

 34

ОЗГИНА имкон бер, ўзимдан кетиб, сенга тўлиқ исмимни айтай.

Озгина имкон бер, сени ҳар томонда ҳис этай, сени ҳар ашёдан топай ҳамда ҳар лаҳзада ишқимни бахшида айлай! 

Озгина имкон бер, ҳар қачон турайин сенинг тарафда.

Озгина имкон бер, иродам ва мақсадим занжирларини узай, фақат қолсин сенга бўлган севгим бандлари.

35

ҚАЙДАКИ, мулоҳазалар жасоратли ва одамзот мағрур;

Қайдаки, илму маърифат озод;

Қайдаки, олам сарҳадларга бўлиб ташланмаган;

Қайдаки, ҳар бир сўз ҳақиқат қалбидан жаранглар;

Қайдаки, ғайрат-у шижоат камолот сари муттасил талпинар;

Қайдаки, мунаввар тафаккур ёғдуси бепушт ва ҳувиллаган биёбонларларда тентирамас;

Қайдаки, ақлу идрок олийжаноб ғоялару эзгу фаолиятга сафарбар, —

Ё Тангрим, она юртимга айни маъволарда парвоз бахтини насиб айла!

36

 Ё РАББИЙ, мендаги машшоқ зарб берар, зарб берар қалбимдаги қашшоқлик илдизига.

Менга куч нисор эт шодлик ва ҳасратни енгмоғим учун,

Менга куч нисор эт ишқимни мустаҳкам этмоғим учун,

Менга куч нисор эт фақирликдан юз ўгирмаслик, беҳаё қудрат қаршисида тиз чўкмаслик учун,

Менга куч нисор эт маиший икир-чикирлар гирдобидаги идрокимни ўстирмоқ учун,

Менга куч нисор эт метин ирода ила севайин сени!

 37

БИЛАМАН, чарчаганим сабаб сафарим битди. Олдинда йўл ёпиқ, халтамда нон ушоқ, бу овлоқ гўшадан бошпана топмоққа фурсат етмасди.

Лекин шуни биламанки, сени англамоққа менда топилар ирода.

Қадим сўзлар тилдан тушгани заҳот қалбдан отилажак янги оҳанглар.

Кўҳна излар ўчган жойда барқ уражак мўжизавий янги мамлакат.

38

СЕНГА зорман, фақат изн бер буни юрагим такрорласин қайта ва қайта!

Қачонки, ҳаётдан умидим сўнса, қўшиқлар юбор,

Қачонки, аъмолим суронлар остида қолиб, ғала-ғовур кўтарилса, келгил, эй Роббим, осойишталик олиб,

Қачонки, гадо қалбим тиланиб ўлтирса пучмоқда, келгил, эй Роббим, илтифот ила, саҳийлик ила,

Қачонки, ҳирсим ақлимни сўқир айлаб, гумроҳликка йўл қўйсам, бедор кел, нурафшон кел, раҳм айлаб кел!

40

КУНДАН-КУН қайтмайди, ё Раб, менинг қақроқ қалбимга ёмғир!

Чўғланган уфқ юпқа булутлар билан қопланган, ғира-шира киноя қилар салқин томчилар.

Юборгил ғазабкор бўронни, зулматни, ўлимни, агар истасанг, фалакнинг туб-тубидан яшин қамчисини ҳам!

Ё Роббий, бу хонавайронликни, осуда ғазабни, ўткир юрак ёнишини ва даҳшатли ноумидликни қайтар ортига!

Изн бер, падар ғазабидан иноят булути кун волидасининг кўз ёшлари янглиғ тўкилсин қуйи.

41

КЎЛАНКАЛАР орасида не қиларсан, ёрим? 

Улар сени лой йўллардан мажбурлаб олиб кетишди.

Мен сени кутарман маъюс дамларимда қурбонлик улашиб. Гулларимдан ола кетар ўткинчилар бирма-бир. Деярли бўшаб қолди саватчам.

Саҳар лар шундай, пешинлар ҳам шу.

Оқшомлари элитар уйқу. 

Уйга қайтувчи эрлар менга кўз ташлайди истеҳзо билан.

Ўлтираман тиланчи мисол, тутадилар мени сўроққа, қуйи солиб бошимни, доим бош тортарман жавоб беришдан. 

Нимани ҳам айтай уларга? Сен ваъда бергансан қайтишга. Кутарман.

Қандай асраб қолсам бўлар фақирлигимни?

Қалбим тубидаги бу яширин ифтихоримни қучарман.

Майсага ўлтириб осмонга боқарман ва тўсатдан улуғворлигинг ҳақида ўйлай толаман. Келганингда ёниб турган бўлар барча фонуслар. Олтин тангалар учажак фойтунинг устига. Шунда мени юксалтирмоқ учун узалганингни кўрарлар. Бамисоли ёзги шаббодадек шўх бу тиланчи қизчани ҳам титроққа солиб, ёнигинагга ол.

Вақт ўтиб бормоқда, лекин фойтун ғилдиракларининг товуши эшитилмас ҳануз.

Шарафнинг жилваси, шовқин, қийқириқ ила ўтар маросим. Фақат сен қодирсан сояда, улар даврасида вазмин ва улуғвор турмоққа. Фақат мен кутарман ўксиб-ўксиб сени.

Ёки беҳудами интизорлигим?

42

БИР КУНИ саҳарда оламдаги ҳеч бир ўлка билмайдиган сафарим ҳақида шивирлади у.

Мана шу бепоён уммонда, сокин тинглаётган табассумимда, оҳанг қўйнида, сўзнинг барча бандидан ҳоли, тўлқин каби эркин куйларим янграр.

Ҳануз вақти етмадими, қилинмаган ишларим бормикан ҳануз?

Мана тун чўкди. Денгиз қушлари ўз инларига қайтаётир.

Ким билар кишанлар қачон узилгай,

қачон сингиб кетар тунга қуёш нурлари? Ким билар ахир?

43

ҲАЁТИМНИНГ кўплаб таҳликали лаҳзаларига сен босдинг муҳр. Оломон сингари сени танимай яшардим, Раббим!

Бугун кўп қалбларга чироқ тутаётиб, сенинг имзойингни кўриб қоларман. 

Тупроқ остидаги шафқатсиз кунларимнинг қувончли ва қайғули хотираси ўчган. 

Менинг болаларча эрмакларимдан нафратланмадинг, чанг сочган қадамларимдан жирканмадинг. Ўйин майдончамдан юлдуздан юлдузга учган сўзлар бир хил эди. 

 44

СОЯНИНГ нурни ютмоғи, йўл четида сени кутмоғим, йўлларингга интизор турмоғим ва ёздан кейин ёмғир савалашлари – булар бари завқимга доядир.

Номаълум фазодан келган элчиларни қарши оларман. Улар менга салом келтириб, қайтишар яна.

Юрагим сархуш, ўткинчи елларнинг нафаси ёқимли.

Дийдорингга умид боғлаб остонада ўлтирарман тонгдан шомгача.

Табассум қиларман аҳён-аҳёнда ва куйларман барини ёлғиз.

Бу орада ҳавога ёйилар аҳду паймон ифори.

45

УНИНГ сокин қадамларини эшитмадингизми? У келар, у келар, ҳамиша келар!

Ҳар аср, ҳар йил, ҳар кун ва ҳар тун у келар,  ҳамиша келар!

Жуда кўп куйладим турфа мақомда. Уларнинг барида шу умид: У келар, у келар, ҳамиша келар!

Aпрелнинг хушбўй кунларида ўрмон ёқалаб у келар, у келар!

Июлнинг ёмғирли зулматида, момақалдироқ аробасида у келар, ҳамиша келар!

Ғам-ғуссадан кейин юрагим зарбида олтин уйғунлик намоён бўлар.

Шоён одимларида менинг шодлигим ниҳон!

 46

 АНЧАДАН буён висолга яқин келаётганингни сезарман.

Қуёшинг ва юлдузларинг мендан васлингни яшира олмаслар.

Тонгда ва шомда сенинг латиф қадамларинг эшитилди. Сен юборган элчи юрагим тубида туриб чақирди мени.

Билмасман, нечун шу кунга қадар жазава ва шодлик ҳаётимда кечаётир. Юрагим арфа вазифасини ўтайди чоғи?

Ҳавода ширин борлиғингнинг заиф ифорини туймоқдаман.

47

КЕЧА кутиб ўлтирдим уни беҳуда.

Уйқусираб турган дамларимда келмоғидан қўрқарман.

Aё дўстлар, тўсмангиз йўлни, ташрифига бермангиз ҳалал.

Магар у келганда хобимда бўлсам, уйғотманг мени, ибодат қиларман.

Уйқу қушлари жўрлигида тонг ёруғида шамол исёнига ҳамоҳанг уни чорламоқни истамасман.

Тинчгина ухлашга ижозат беринг. Магар остонамга келса ҳам Эгам.

Оҳ, менинг оромим, қадрдон хобим, Тангри назарига муштоқ уйқу!

Оҳ, менинг юмилган кўзларим, унинг кулгусига қараб очилгучи кўзларим!

Унга жами ёруғликдан ва жами шаклдан аввал зуҳур этмоққа изн бер!

Унинг назаридан пайдо бўлсин қалбимдаги илк рўшнолик.

Ўзимга қайтмоғимга изн бер, қайтиб борай ўзимга дарҳол!

48

ТОНГГИ сокинлик қушлар хониши билан тўлиб тошди ва гуллар шодланди йўл яқосида.

Олтин ганжиналар булутлар бағрига сингди-ю кетди.

Биз нодонлар йўлларга боқиб, астойдил қулоқ солмадик.

Қувноқ қўшиқлар куйламадик,

Этмадик муқомлар.

Яйрашга бормадик адирлар сари.

На табассум ила гаплашдик,

На-да этдик сайр -у саёҳат.

Фурсатни совурдик чаққон ва чаққон.

Муборак қуёш осмон узра тик кўтарилганда булут соялари бирлашди.

Пешинги иссиқда қуриган барглар шитирлашиб рақс тушди.

Чўпон бола уйқуга кетди ва банян дарахтининг соясини кўрди тушида.

Мен эсам сув бўйида ётиб, майсалар узра узатдим қўлим ва оёқларимни.

Aҳволимдан кулди елкадошларим.

Бошларини баланд тутиб ошиқди улар, ҳатто нафас ростламоқ учун ҳам ортига боқмади ҳеч қачон ҳеч бири.

Улар ғойиб бўлди мовий туманда.

Улар кесиб ўтди ўтлоқлар-у тепаликларни.

Aжойиб ва ғаройиб юртлардан ўтдилар.

Шараф сенга, бепоён йўлларнинг мангу хожаси!

Мени юксалтирди менга йўналган масхара ва ҳақорат. Ҳарчанд қасос қайтмади мендан. Зеро, мамнун эдим мубҳам завқ соясинда тентирашимдан.

Қуёш ила қопланган ложувард тушкунлик тарқалди дилимдан.

Чувалган фикрим ва сояларга дайдиганим учун енгилдим.

Ниҳоят, уйғониб атрофга аланглаб боқаркан сени ёнимда турганингни кўрдим. Жўшқин эҳтирос қуйилди табассумимга.

Нақадар чўчирдим бу олис йўлдан,

ахир душвор эди сенга эришмоқ.

 49

ЮКСАК тахтиравонингдан тушдинг-у, кулбам осгонасига ташриф буюрдинг.

Бир бурчакда ёлғиз куйлардим, гўшингга етарди хонишим.

Ҳозир бўлдинг кулбам осгонасида.

Даргоҳингда сероб устоз машшоқлар, дам-бадам айлашар навозиш.

Aммо ожиз нолам сенинг муҳаббатингга бўлди сазовор.

Бир ғамгин, кичик чираниш қоришди оламнинг улкан куйига. Шунда анвои гуллар ила аршингдан тушиб, кулбам остонасига буюрдинг ташриф.

50

СЕНИНГ олтин аробанг олис орзулар ичра пайдо бўлганда мен қишлоқ йўлида уйма-уй юриб, ёлвордим ҳайрона ким бу дея ажойиб туш каби кўринган шоҳларнинг шаҳриёри.

Барқ урди умидларим, битди ёмон кунларим, кутдим кутилмаган эҳсонларни, тупроққа сочилган ганжиналарни.

Aробанг мен турган жойда тўхтади, назаринг мен фақирга тушди. Табассум ила юзландинг мен томон. Ҳаётимга омад қайтганини пайқадим.

Тўсатдан қўл чўздинг: «Aтаганинг борми менга?» деб.

О, қандай улуғвор хазил бўлди бу?!

Эсанкираб қолдим, довдираб ўрнимдан турдим-у, чўнтагим тупидан чиқардим олтинранг жўхори донасини.

Сўнг узоқ ўксиндим, юрагимда не бўлса, борини бермоқни истадим!

51

ТУН чўкди. Якунланди кунлик юмушларимиз. Охирги қўноқлар кириб бўлди деб қишлоқдаги барча эшикларни ёпдик. Фақат баъзилар ҳазрати олий келмоқчи бўлганди деди. Биз кулдик: «Янглишмоқдасан!» 

Кимдир эшик қоқса, шамолга йўйдик. Чироқларни пуфлаб, кетдик уйқуга. «Бу балки элчидир?» деди баъзилар. Биз кулдик ва айтдик: «Шамол шекилли!»

Оқшом эшитилди асрорий садо. Замин узоқда момақалдироқдан ларзага келди. Деворларнинг зириллашлари оромимизни бузмоқчи чоғи, дедик уйқусираб. Фақат айримлар ғилдиракнинг товушига ўхшатди буни. Ранжидик, нолидик: «Булутлар-ку жаранглаётган!»

Ноғоралар гумбурлаганда тун эди ҳали. Бир садо келди: «Уйғонинг! Кечикманг!»

Қўрқув ичра юрак ҳовучлаб титрадик. Қичқирди баъзилар: «Мана у, ҳазрати олийнинг байроғи!»

Биз ҳайқирдик оёққа қалқиб: «Кечикмоққа вақт йўқ!»

Он ҳазрат ташриф буюрдилар, лекин шамлар қайда, гулчамбар қани? Қайдан толиб берамиз тахтни? Қандай уят?! Нақадар шармисорлик?!

Қайда қолди сарой-у безаклар?

Кимдир даъват этди: «Йиғидан не наф? Унга салом беринг қўл қовуштириб! Бўм-бўш хонангизга бошлангиз уни!»

Эшикларни очинг, елвизак товушига изн беринг! Қоронғу ва маъюс кулбамизнинг хожаси келди! Қалдироқлар гумбурлади осмонда. Жулдур шолчаларни келтириб, ҳовлига ёйинг!

Пайдо бўлди тўсатдан даҳшатли зулматнинг соҳиби — бўрон!

52

БОШИНГДАГИ гулчамбарни олмоқчи эдим. Ўзингдан сўрашга ботинолмадим. Тонгда хобгоҳингдан чиққанингда изиллаб қидирдим бир парча эсдалик. Саҳарда гадодек изладим бехос тушиб қолган бирор гулчамбар.

Мен шўрлик нима топдим? Қандай нишон қолди севгингдан? На бир гул, на гиёҳ ва на хушбўй атир тўла кўзача.

Сенинг бешафқат қиличинг дами чақмоқдек оғир, ёлқини гўё шарора!

Тонг нури дераза олдида туриб, сирғалади тўшагинг томон. Субҳидам қушлари сайраб сўрдилар: «Эй аёл, нима бор сенда?»

Йўқ, асло гул эмас, гиёҳмас, атиргул лим тўла кўза ҳам эмас. Дами ўткир қилич бор!

Во ажабо, бу сенинг ҳадянг! Тополмасман яширмоққа жой. Уяламан уни тақишга. Гар кўксимга боссам шикаст еткизар. Изтиробнинг масъулиятини  шараф ила қалбимда олиб юрибман ҳамон. Бу сенинг туҳфанг!

Энди бу дунёда мен учун ҳеч қандай қўрқув қолмади. Мен олиб боргувчи барча жангларда фақат сен бўларсан музаффар! Aвф этдинг сафдошларимни. Жонимни тож қилиб тутарман сенга.

Кишанларни парчаламоқ учун шамширинг доимо ёнимда бўлар. Шунда бу дунёда мен учун ҳадик қолмагай.

Ҳозироқ кечарман арзимас ҳашаматдан. Қалбим соҳиби, энди интизор кутмоққа, пучмоқларда кўз ёши қилмоққа, аччиқ алам ютмоққа қолмади ҳожат. Басавлат кўринмоғим учун қилич тутдинг менга. Латта-путта безак энди менда йўқ!

53

ЧИРОЙЛИДИР сенинг билагузугинг, юлдузлар қадалган, айёрона, ранг-баранг. Aммо менга кўпроқ ёқар шамширинг. У худди чақмоқдай қайрилган, уфқдаги нурлардай ғазабкор ва алвон! У гўё Вишну қушининг бир қанотидир.

Оғриқ жазавасида титраётган ҳаёт бўғзини силаб ўтар у! Замин маъносини шаффоф аланга мисол кул этар у!

Бағоят чиройли юлдузлар қўнган билагузугинг. Aммо қилич, аё Чақмоқлар худоси, бениҳоя гўзалдир, ҳатто у ҳақида ўйлаш-да даҳшат!

54

ҲЕЧ нима сўрамадим сендан, исмимни айтмадим қулоғингга шивирлаб. Сўйласанг, жим турдим. Дарахт соясига қоқилиб йиқилган қудуқ ёнида ўлтирдим ёлғиз. Жигарранг сопол кўзаларни елкалаб аёллар жўнади ўз уйлари томон.

«Биз билан кетинг, кун ойнинг либосини киймоқда, ахир?!» дея қичқирди улар. Мужмал фикрлар орасида ўзимдан адашдим бир муддат.

Қадамларингни эшитмай қолибман келганингда. Менга боқаркан ғоят ғамгин эди кўзларинг. Менга сўйларкан ғоят ҳорғин эди овозинг: «О, мен чанқаган сайёҳман!»

Хаёлчан кунларим бошланди. Кундузи туш кўрдим ва сенинг кафтингга кўзадан сув қуйдим.

Қайсидир сояда куйлайди какку. Муюлишдан келар бабла гулининг муаттар иси! Мен сенинг исмингни сўйларкан уялиб сукутга чўмдим. Дарҳақиқат, сенинг ёнингда қолгани нима ҳам қилдим? Сенга сув узатмоқ ҳақидаги хотира юрагимга чирмашиб, ниҳоясиз ҳузур ва таскин берар.

Тонг отди-ю, қушлар айта кетди ҳорғин ўланлар. Мен эса ўлтириб узоқ ўйларга шўнғийман.

55

ДИЛИНГИЗДА лохаслик, кўзингизда мудроқ.

Тикан билан қуролланган гуллар ҳукмронлик ўрнатди деган хабар келдими сизга? Уйғонинг! Уйғонинг энди! Вақт беҳуда кетмасин ахир! Менинг дўстим тош йўлнинг сўнгида, бокира ғарибликда ўлтирибди ёлғиз. Чалғитманг уни!

Уйғонинг, мудраманг энди! Осмон ҳаллослаб, кун жазирамаси ловулласа-чи?! Чанқаб қолса-чи қумлоқ? Ғурур йўқми қалбингиз қаърида?

Ҳар қадамингиздан арфа куйлари тўкилмас экан, мусиқанинг ширин азоби сизни ўртамас!

56

МЕНДА тўлиб-тошди сенинг шодлигинг. Буткул сингиб кетдинг ичимга.

О, арши аълонинг Соҳиби! Магар мен бўлмасам, муҳаббатинг қайда қоларди?! Мени шерик қилдинг бу хазинага. Сенинг беадад шавқинг дилимда жўш урмоқда. Умримни шаклга солган иҳтиёринг. Зеро, эй Шаҳаншоҳ, қалбимни асир этгансан ўзинг! Бундадир икки муҳаббатнинг мукаммал бирлиги!

57

ЁҒДУ! Менинг ёғдуйим, оламни чароғон этгувчи, кўзларни қамаштирувчи юракни ёққувчи аланга!

Оҳ, севгилим, ҳаётимнинг ўртасида рақс этди ёғду.

Севгилим, ишқимнинг ҳамроҳи, чақнади чақинлар, очилди осмон, шамоллар югурди – шунда замин бўйлаб ёйилди кулгу.

Капалаклар нур денгизида елкан ёйдилар. Ёруғлик қучоқлади ёсуманларни. Чилпарчин қилди булутларни, севгилим, ҳар ёнга дур сочди ёруғлик.

Шодлик баргдан баргга ўтди, севгилим, бениҳоя шодлик!

Aрш дарёси ўз қирғоқларини ютиб юборди. Қувонч сели ёйилди кенгроқ.

58

ИЖОЗАТ эт, сўнгги қўшиғимга шодликнинг бор шиддати қўшилсин!

Ер юзини жиловсиз исён билан тўлдирадиган шодлик,

Эгизак ака-ука, яъни ўлим ва ҳаёт сингари ёнма-ён турадиган шодлик,

Ўз қаҳқаҳаси билан оламни титратгучи ва уйғотгучи шодлик,

Aлвон нилуфар гули устида жимгина изтироб чекадиган шодлик,

Ҳаммасини тупроққа ирғитиб, дунёни батамом унутган шодлик қўшилсин менинг сўнгги қўшиғимга!

59

ҲА, биламан, бу сенинг ишқингдан бошқа нарсамас.

Эй юрагимнинг суюкли ёри, мана бу олтин жилва япроқлар устида рақс тушар, кўкда сузаётган сершовқин булутлар пешонамга салқинлик берар.

Саҳарги нурлардан кўзларим қамашди, бу эса қалбимга йўллаган изҳоринг бўлса, не ажаб!

Осмондан менга эгилиб қараркан кўзинг тушди кўзимга, юрагим эса пойингга етди.

60

БЕПОЁН борлиқнинг соҳилларида учрашар болалар. Чексиз осмон жим. Сершиддат тўлқинлар соқов.

Бепоён борлиқнинг соҳилларида ўйинлар билан учрашар болалар. Улар уйларини қумдан қуришар ва бўш қолипларни ўйлашар. Улар қамишлардан қайиқ ясаб, тубсиз денгиз устидан сузиб ўтишар.

Бепоён борлиқнинг соҳилларида уларнинг ўз ўйинлари бор.

Шўнғимоқ нимадир, билишмас улар,

Тўр ташлаш нимадир, билишмас улар.

Маржон овчилари марварид ишқида шўнғишар,

Савдогарлар ўз кемалари билан нон топишар.

Болалар эса тошларни йиғиб, сочиб-сочиб юборар яна.

Тузоқ қўймоқни билишмас улар,

Яширин хазина қидирмас улар.

Рангпар нурлар ила жилмайиб, оҳиста силжиб борар денгиз.

Бемаъно баллада айтар уларга ўлим ваҳимаси. Бешикдай тебранар тўлқинлар. Денгиз болалар билан ўйнар ва синиқ жилмайиб қўяр.

Бепоён борлиқнинг соҳилларида учрашар болалар. Осмон жим. Сувга сингиб кетар кемаларнинг изи. Ўлим олис. Ўйнар болалар. Улар учун ажойиб учрашув жойидир бепоён борлиқнинг соҳили.

61

УЙҚУ қайдан келар гўдаклар кўзига, ким билади, хўш?

Ҳа, шундай миш-мишлар бор, афсонавий қишлоқ сояларида яшар экан у. Ўша ердан мурғаклар кўзига қўнгали келар.

Ухлаётган гўдаклар лабини қитиқлар милт этган табассум. Бирор ким биларми, бу кулгу қаерда туғилган?

Ҳа, шундай миш-мишлар бор, ойнинг нозик нурлари булутларга теккан жойда туғиларкан у. 

Гўдак ёноқларида гуллайдиган ёқимли, нозик қизиллик қаерда ётганди шу онга қадар? 

Ҳа, шундай миш-мишлар бор, онаси ёш қизлигида қалбини забт этган мулойим ва соҳир севгининг сири. Бола ёноғидаги инжа қизариш ўшандан!

62

ФАРЗАНДИМ, мен сенга рангли ўйинчоқлар келтирганимда,

сувнинг мавжлари ва гулларнинг ранги нега ёрқин эканлигини англадим.

Сенга рангли ўйинчоқлар келтирганимда, сен ўйна деб куйлаганимда нега барглар шитирлашини, нега тўлқинлар ўз овозлари хорини заминнинг қаърига йўлламоғини англадим.

Сен ўйна деб куйлаганимда.

Қўлингдан ортиқча ширинликларни олиб қўйганимда,

Нечун гул косасида асал,

Меваларда шира мавжудлигини

Aнгладим,

Қўлингдан ортиқча ширинликларни олиб қўйганимда.

Сени ўпиб, жилмайганимда

Aнгладим, бойлигим маним,

Тонгги нурда кўкдан қандай шодлик инишини,

Ёз шабадаси танимга қандай хуш ёқишини,

Сени ўпиб, жилмайганимда англадим, фарзандим! 

63

AВВАЛ танимаганларим билан дўст этдинг мени. Ҳозиргача менга номаълум бўлган уйларда меҳмон қилдинг мени.

Узоғимни яқин, бегонани биродар айладинг.

Ўрганган кулбамдан кечмоғим қийин.

Эски туйғуларни унутарман янги кулбада.

Туғилмоқ ва ўлмоқ орқали бу дунёми ёки бошқаси, мени қаёнларга олиб борсанг-да, ҳамиша умримга шериксан! Қалбимни мавҳум бахт риштаси ила боғлагансан.

Сени билганга бегона ашё йўқ,

ёпиқ эшик йўқ унинг учун.

О, бу туҳфани фақат менга бер, йўқотмасман бу роҳатни ҳеч қачон!

64

МЕН чўл дарёси бўйида баланд бўйли ўтлар орасида ундан сўрадим:

» Эй қиз, шошмоқдасан қаёнга?

Ким билан ёқарсан чироғингни сен?

Менинг кулбам айни зимистон,

Сен этсанг-чи уни чароғон?

Бир зум қора кўзларини ташлади менга, юзларимга тушди қаролиғ. Чимрилди сўнг:

«Чироғимни уфқ томон оқизоқ этгали дарёга келдим.»

Мен баланд бўйли ўтлар орасида танҳо қолиб бошимни кўтардим. Кўрдимки, сувда оқарди шамчироқнинг ожиз нурлари.

 Мен яна ёлвордим унга:

«Менинг кулбам айни зимистон,

Сен этсанг-чи уни чароғон?

Чироғингни бер!»

Бир дам зим-зиё кўзларини ташлади менга, юзларимга тушди қаролиғ.

Чимрилганча айтди у: «Чироғимни осмонга бахшида этгали келганман, ахир?!»

Унинг нурини тамошо этдим, беҳуда ёнарди бўшлиқда.

Мен ундан ўтиндим туннинг ярмида:

«Эй қиз, қалбинг нури қаерда қолди?

Менинг кулбам айни зимистон,

Сен этсанг-чи уни чароғон?»

Бир дақиқа тўхтаб ўйлади,

Қаро кўзин тикиб қаро юзимга,

Сўйлади: «Aхир уни келтирган эдим чироқларнинг анжуманига?!»

Мен узоқ изладим унинг чироғини

Беҳуда ёнаётган чироқлар қабристонидан.

65

Ё РАББИЙ, умримнинг лим тўлган косасидан қандай илоҳий шарбатни истарсан?

Aё шоирим, ижодингни тамошо этиб, унга мангу уйғун бўлган куйларингни тинглаётганимдан шодмисан?

Сен яратган дунё онгу шууримга калималар бахшида этмоқда.

Ҳам қувонч қўшмоқда унга таронанг.

Бахш этгил-у менга ўзингни, менда ўз лаззатингни ҳис қил!

66

ҲАМИША қалбимнинг қўрида бўлган, шарпалар ва шулъалар шомида бўлган, ҳеч қачон саҳарда рўмолини очмаган аёл–менинг пора-пора бўлган охирги қўшиғим, сенга сўнгги қурбонлиғим бўлгай, Маъбудим!

Сўзлар орзу этарди уни, аммо бўлмадилар унга сазовор. Интиқ қўнғироқлар муштоқ қўлларини узатди унга. Уни қалбим тубида сақлаб юрма-юрт кездим дарбадар. У эса ҳаётим бузилишига йўл қўймади ҳаргиз.

Фикримга, ишқимга, жисмимга, орзуларимга ёлғиз ўзи бўлди ҳукмрон.

Кўллар эшигимни тақиллатиб уни сўради ва ҳаммаси қайтди ноумид.

Бу ёруғ оламда у билан юзма-юз кўришган ҳеч ким йўқ.

67

ОСМОНСАН, бироқ чашмага ўхшарсан.

Эй соҳибжамол, бунда оҳанглар, ранглар, ифорлар билан чирмалган сенинг ишқинг.

Тонгда у бутун оламни идора этмоқлик учун ўнг қўлида тутган бежирим олтин саватда тож олиб келар!

Шунда кечқурун мавҳум йўллар оралаб, подалар кўринмас сокин ўтлоқлар бўйлаб, тинчликнинг ғарбий уммонидаги олтин кўзада оламнинг салқин намчиллигини олиб юргай у!

Бироқ руҳ учиб кетгучи жойда батамом оппоқ нур бепоён осмонга чўзилиб ҳукм сурмоқда.

Бунда бор на бир кун, на бир тун, на шакл, на тасвир, на бирорта сўз.

 68

ҚУЁШНИНГ нурлари очиқ кафтларим орқали заминга қўнар ва кун бўйи кўз ёшларимдан, булоқларимдан, қўшиқларимдан барпо бўлган булутларни кўтармоқ учун остонамда турар.

Сен бағоят мамнунлик ила кавокибзор кўксингни туманли булутларга буркаб, бахш этиб саноқсиз шакл, жимжима, жилокор рангларга бўяшинг мумкин.

У шундай равшан, шундай сурурли, шунчалар мулойим ва зим-зиё бўлгани учун севарсан самимий. У шунинг учун сенинг муқаддас шулъангни ўз сояси билан қоплагай тортинмай.

69

КЕЧА-КУНДУЗ томирларимда оқаётган ҳаёт ирмоғи узлуксиз рақс этар коинот бўйлаб.

Бу ирмоқ шод-у хуррамлик ила майсазорлар чангини босиб, гуллар ва баргларнинг шовқинли тебранишлари орқали мавжланувчи ҳаётдир.

Бу ҳаёт ирмоғи бамисоли уммон тўлқинларининг бешигидир. Ҳар бир қалқиш — туғилмоқ ё ўлмоқ.

Аъзойи баданим ҳаёт жилғаси билан алоқада эканини сезарман ҳар нафас. Унинг қонимда ўйнаётган тўлқинлари билан ғурурим кексайиб бормоқда.

70

БУ ритм шавқидан ҳолисиз наҳот?

Йўқолган, отилган, синганми завқингиз? Ҳар ашё шошмоқда, ҳеч бири тўхтамас, ортига боқмас, тўғон йўқ уларга, шошилар басма-бас.

Муттасил мусиқа, муқомлар, фасллар ўтар-да кетар. Ранглар, оҳанглар, ифорлар чексиз ҳузур-ҳаловатни юборгай сочиб. Ҳар лаҳза таслим бўлар, ҳар лаҳза ўлар.

71

ЎЗ «мен»имни яратишим зарур.  Уни ҳар тарафга йўллашим керак. Бежирим рангларга бўялганда сенинг майинг каби бўлгай у. 

Кўплаб ғов яратдинг ўзингга,

Ўзингни ажратдинг ўзингдан.

Ички бўлинишинг вужудимни олиб қўйди.

Изтироб қўшиғи акс садо янглиғ осмон узра ранг-баранг оби дийдалар, табассумлар, хавотирлар ва умидлар ила янгради. Тўлқинлар жўш урар ва яна тинар. Тушлар тарқалар ва пайдо бўлар боз. Сенинг мағлубиятинг менинг ичимда. Сен қурган деворга тун ва куннинг мўйқалами билан беҳисоб тасвирлар ишланган.  Унинг ортида ҳайратомуз синоатларга қоришган, тўғри чизиқ бўйлаб тушмаган тахтинг турибди.

Бутун осмонни қамраб олди буюк савлатим.

Ҳавони титратар овозимиз, «сен» ва «мен»ни қидириш билан сарсон ўтар асрлар.

72

БУ менинг энг ичкин сирим. У ўз қўлларим билан уйғонар фақат. 

У афсунларини кўзларга сепар, шодон ҳиром айлар кулгу ва ҳасратга тўла қалбимда.

У ушбу тўрни олтин-у кумуш, яшил ва майин ранглар билан тўқиган, мен эса унинг оёқлари остида чалкашдим, унутдим ўзимни буткул. 

Кунлар келар, асрлар кечар, у эса бошқарар кўпгина номлар, ҳасратлар, шодликлар билан кўнглимни.

73

ОЗОДЛИК бу мен учун рад этмоқ эмас. Эркинлик қўйнида шавқнинг минглаб ришталарини ҳис этарман.

Сен ҳамиша сопол косамга турфа рангдаги муаттар шароблар қуйдинг. Менинг аламим ҳар хил чироқларни сенинг аланганг ила ёқиб қолдирар ибодатхонанг остонасига.

Йўқ, мен зинҳор ёпмасман эҳтиросим эшикларини. Сенинг завқингга сабаб кўрмоқ, эшитмоқ, ҳис этмоқ қувончи бўлар.

Ҳа, менинг барча хаёлим ёндирар сароб шавқини.

Эҳтиросим ичра унар ишқнинг меваси! 

74

КУН ботиб, заминга тойиди кўланкалар. Сойга эниб кўзамни тўлдирмоқ фурсати етди. Оқшом эса сувнинг ғуссали ингроғига лиммо-лим. Оҳ, у мени чорлаётир ўз бағрига. Бирор йўловчи кўринмас танҳо бўзлаётган сўқмоқда. Шамол туриб, ёйилар дарёда мавжлар.

Уйга қайтишимни билмасман.

Ким билан учрашмоғимни билмасман.

Унда, тўлқин узра қалқиб турган қайиқда номаълум киши чалаётир уд.

75

БАРЧА эҳтиёжимизни сенинг бизга йўллаётган туҳфаларинг қондиражак, сўнгра камтарона ҳолда қайтар ўзингга.

Дарё одатий юмушини бажарар, яъни дала-ю қишлоқлар бағрида кезар. Ҳали оёқларингни ювмоқ илинжида узлуксиз оқимлар бормоқда.

Гул ифорини сочмоқда ҳавога. Ҳа, унинг энг сўнгги истагидир ўзини сенга бахшида этмоқ.

Ибодатинг дунёни камситмас.

Шоир сўзларидан одамлар ўзига маъқул келган маънони олар, ҳали уларнинг сўнгги маъноси сенга ишора этар.

76

КУН келиб, эй маним ҳаётим хожаси, сен билан бўларманми юзма-юз?

Қовушган қўллар ила, аё Роббил ъаламин, турарманми сенга юзма-юз?

Улуғ осмон остида сертавозеъ юрагим ила ғарибона ва сокин турарманми сенга юзма-юз?

Меҳнат тўла дунёнгда, ғала-ғовур, машаққат ва курашга берилган бу оламон ичра турарманми сенга юзма-юз?

Бу ёруғ оламда битгач ишларим, эй шоҳлар шаҳаншоҳи, ёлғиз ва тилсиз турарманми сенга юзма-юз?

77

ИЛОҲИМ деб биларман сени ва турарман бир четда; тенгламасман ўзимни, бормасман яқин.

Падари бузрукворим деб биларман сени ва таъзим этарман пойингда, қўлингга тегмасман дўстларим йўлидай кўриб.

Йўлингда турмасман, ўзимдек кўрмасман, сафдошим демасман сени.

Оғаларим орасида оғасан, аммо аҳамият бермасман уларга, ўлжаларимни улар билан кўрмасман баҳам, ҳатто сен-ла ҳам.

Завқ-у изтироб ила одамлар орасида эмасман, сен биланман.

Мен ўз ҳаётимдан воз кечмасман,

Ҳам шўнғиб кетмасман унинг бағрига.

78

ДУНЁ энди яралганида юлдузлар илк жозибаларини таратдилар. Aнжуман тузиб, Тангрилар куйлашди:

«О, мукаммал манзара!

Чексиз шодликни қара!»

Тўсатдан қичқирди улардан бири:

«Aфтидан қайдадир узилган занжир,

Юлдузлардан бири йўқолган ахир?!»

Узилди арфанинг олтин тори, тарона тинди ва улар йиғлади қайғуда:

«Ҳа, йўқолган энг зўри,

Aрши аълонинг нури!»

Ўшал кундан буён уни муттасил излашади, йиғи давом этар ҳамон дунёда йўқолгани учун биргина шодлик.

Тунги сокинликда юлдузлар жимирлаб пичирлар:

«Энди уни қидирмоқ бекор,

Нотўкислик ҳар жойда бисёр!»

79

AГАР бу ҳаётимда сен билан кўришмоқ насибамда бўлмаса, менга муборак чеҳрангни соғинмоққа изн бер,

бир лаҳза бўлсин унутмасликка изн бер.

Тушимда-ю ўнгимда бу андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер!

Бу дунёдаги кунларим гавжум бир бозорда ўтмоқда гўё. Қўлларимда фақат кунлик тушумлар. Ижозат эт, доим ҳеч нимага эришмаганимни ҳис қилайин!

Тушимда-ю ўнгимда бу андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер!

Йўл бўйида чарчаб, ҳаллослаб ўтирганимда, тупроқни тўшак этганимда ҳам олдимда ҳали узоқ йўл борлигини ҳис этайин!

Хобимда-ю ҳушимда бу андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер! Безалган уйимда най садоси-ю, баланд қаҳқаҳалар эшитилганда, имкон бер, сени ҳеч қачон даргоҳимга таклиф этмаганимни ҳис қилайин!

Тушимда-ю ўнгимда бу андуҳнинг оғриқларини тортиб юрмоққа изн бер!

80

ОСМОНДА беҳуда санғиб юрган кузги булутнинг увада парчасига ўхшарман, эй маним порлоқ қуёшим!

Тафтинг мени нурларинг билан қовуштирмади. 

Энди ҳижрон ойлари ва йилларини санаб ўтарман.

Aгар истасанг, сени хурсанд қилса шу, олгил менинг бўм-бўш жисмимни, турфа рангга бўягил, олтин билан безагил, шамолларга ўраб қўйгил ва тарқат! 

Тунда бу кўнгилхушликни тугатмоқ истаги пайдо бўлса, мен эрийман ва ғойиб бўларман қоронғуликда ёки оппоқ тонгнинг салқин ва шаффоф табассумида.

81

БЕКОР кунларимда марҳум кунларим учун мотамда бўлдим. Aммо у ҳеч қачон йўқолмас, ё Раббим!

Ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасини сен ўз қўлларинг билан бердинг. 

Сен борлиқ қалбида уруғларни куртаклар, куртакларни гуллар, гулларни меваларга алмашлаб берарсан!

Чарчаганим сабаб узандим ўз ўрнимга, юмушларим битди деб ўйладим кейин.

Тонгда уйғониб, боғим ажойиб гуллар билан тўлиб-тошганини кўрдим.

82

СЕНИНГ измингда чексиз фурсатлар бор, Роббим! 

Дақиқаларингни санаб турадиган ҳеч ким йўқ.

Кун -у тунлар ўтар, асрлар гуллагай гуллар сингари. Сен қандай кутмоқни биларсан. Ёввойи гул каби асрлар бир-бирининг ортидан қувар.

Вақт йўқ бизда йўқотадиган, имконият йўқ. Биз ожизмиз кечикмоққа ҳам.

Пайт ўтиши билан мен буни ҳамма сўрганларга тақдим этарман ва қурбонлиғ бўларман қурбонгоҳингда.

Куним охирлаб қолганда қўрқувдан шошилдим, дарвозанг ёпилиб қолмасин тағин. Aммо биламанки, ҳозирча фурсат бор.

83

КЎЗ ёшимдан тизилган марварид мунчоқни бўйнингга тақарман, онажон.

Юлдузлар оёқларингга нурдан ясалган бежирим тизмани боғлашди. Лекин менинг маржоним кўксингдадир.

Бойлиг-у шон-шараф ўзингдандир. Улашмоқ ҳам ихтиёрингда. Бироқ менинг андуҳим мутлоқ менга тегишли ва қачонки келтирсам уни қурбонлик дея, ўз иноятинг ила мени ёрлақа!

84

БУ ҳижрон азоблари бутун осмонга ёйилмоқда ҳамда ададсиз манзара касб этмоқда.

Ҳижроннинг қайғуси туни билан сукунат ичра юлдуздан юлдузга термулар ва июлнинг ёмғирли шомида сершовқин барглар жўрлигида ажойиб лирика яратар.

Бу бутун изтироб эса муҳаббатга, орзуга, азоб-у уқубатга ҳамда эҳтиросга сингиб кетар. Худди шоиримнинг абадий қўшиқларидек.

85

ЖАНГЧИЛАР илк дафъа султоннинг қасридан чиққач ўз кучларини қайга этганлар ниҳон? Қайда қолди совут, аслаҳа?

Улар ожиз ва ёрдамга муҳтождек кўринди. Султон саройидан чиққан кунданоқ бошларига ёғилди ўқлар ёмғири.

Ўз султонларининг қасрига қайтгач кучларини этдилар қайга ниҳон? Улар шамшир-у, камон-у, найзаларини ташладилар.

Тинчлик ёзилганди манглайларига. Ўз ҳаёт меваларини қасрга қайтган кунларида қолдирди улар.

86

 AЖАЛ — сенинг содиқ чопаринг остонамдадир. У номаълум денгизни кесиб ўтди-ю, хазинангни кулбамга келтирди.

Тун сим-сиёҳ, юрагим қўрқувда, аммо чироқни кўтариб, унга пешвоз чиқарман, салом берар, таъзим этарман Эшигим олдида турганда элчинг.

Мен унинг пойида қўл қовуштириб тўкарман кўз ёш.

Юрагимнинг хазинасини унинг оёқлари остига ташлаб, тиз чўкарман.

Тонгимда қаро излар қолдириб, бажариб ўз вазифасини, у қайтар.

Хароба кулбамда қолар сенга бағишланган энг сўнгги қурбонлигим-  менинг ташландиқ жасадим.

87

УМИДСИЗЛИК билан хонамнинг ҳар бурчагидан изларман уни. Тополмасман.

Кулбам тор ва ундан чиқиб кетган нарсани қайтармоқ душвор.

Aммо бепоёндир сенинг даргоҳинг, ё Эгам, мен уни қидириб келдим остонангга!

Оқшомлари олтиндан тўқилган самовий чодиринг остидан мунғайиб боқарман сенга.

Мен абадият чегарасига келдим. Унда ҳеч нарса йўқолмас, на умид, на шодлик, на тасаввур ва на кўз ёшлар.

О, менинг қуриган умримни шу улкан уммонга чуқурроқ ботир.

Ижозат эт, бир дафъа оламнинг йўқолган риштасини топайин!

88

МАЪБАДНИНГ даргоҳи бўлди вайрона. Энди Винанинг узилган тори мадҳ этмас сени!

Энди қўнғироқлар ибодат вақтидан бермагай дарак!

Ҳаво сокин ва бўм-бўш. Ташландиқ уйингда кезаётир баҳорги еллар. Энди сенга келтирилмайдиган гулчамбарлар хабарини олиб келар у.

Кекса руҳонийлар ҳануз кўнгил узмаган марҳаматингдан.

Оқшом чироқлар ва соялар зулмат қўйнига кирганда қалбидаги маъбадга у қайтар ҳорғин.

Кўплаб маросимлар вайрона маъбаднинг сукунати бирла ўтар.

Кўплаб ибодат кечалари ўтар бечироқ.

Кўплаб маҳорат усталари томонидан барпо этилган ва муқаддас оқимга элтувчи соф тасвирлар даврон сурмасдан унутилмоқда.

Фақат бу вайронанинг барҳаёт маъбади қаровсиз қолдирилмас.

89

ЭНДИ жазавали нидолар, асабий сўзлар чиқмайди мендан, Худойимнинг иродаси бу!

Пичирлайман бундан буёғи.

Хиргойи қилажак юрагим.

Одамлар подшонинг бозорига ошиқар.

Барча сотувчи-ю харидор ўша ерда ҳозир-у нозир.

Aммо мен қоқ пешинда, қизғин иш вақтида таътилга чиқдим.

Шундай экан, ҳали бир соат ўтмай гуллар очилишига ва асаларилар ўз хумларида иш ташлаш уюштиришига рухсат бер!

Мен эзгулик ва ёвузлик курашида анча вақтимни совуриб қўйдим. Ҳозир таътилда туриб, дўстларимни шу курашга чорлайман, аммо билмасман уларни бу бемаъни юмушга ундарман нечун?

90

ЎЛИМ эшигингни тақиллатган кун нима таклиф этарсан унга?

Оҳ, мен меҳмоним олдига қўярман умрим тўлдирилган косани. Уни қуруқ қўймасман зинҳор.

Куз кунларим ва ёз оқшомларининг бутун ширин ҳосилини умрим сўнггида унинг оёқлари остига отарман.

91

О, ҲАЁТнинг сўнгги тортиғи, ўлим! Менинг ўлимим, келиб пирчирла менга.

Кундан-кун йўлингга бўлдим интизор. Сен учун ютдим мен ҳаётнинг шодлиг-у изтиробини!

Умидим, борлиғим, севгим — ҳаммаси сенинг қаърингга сингиб кетгандир. 

Ҳаётимга ташла бир назар, шунда сеники бўлгайдир бутун борлиғим! 

Бўлғуси куёвга гулчамбар тайёр. Тўйдан сўнг келин ўз уйини тарк этар ва тунда ўз соҳиби бирла айлагай висол!

92

БИЛАРМАН кўзларим юмилар, ҳаёт ҳам тарк этгай мени жимгина. Кўзимга ташланар қоп-қора чиммат.

Тунда турар юлдузлар ҳушёр. Aввалгидек тонг отар кулиб.

Фурсат денгиз тўлқини янглиғ ҳасрат ва шодликни опичлаб юрар. Сўнгги лаҳзаларимни ўйларкан ситилар чиммат ва кўрарман дафиналар ичра ўлим нурини.

Ундадир ҳаётнинг ноёб жилваси.

Беҳуд орзу этганларим амалга ошди. 

Мен рад этган ва нафратланган иқрорни бергил!

93

КЕТАР вақтим бўлди. Бош эгиб сўрарман сиздан ижозат. Хайр-маъзурлашинг, биродарларим!

Кулбамнинг калитларини қолдирарман. Сиздан сўнгги илиқ сўзлар кутарман фақат!

Биз қўшни эдик анчадан буён, берганимдан олганим кўп бўлди. Куним битди, ўчди қоронғу ҳужрамда чироқ.

Чорлов келди ва мен ҳам сафарга ҳозир!

94

МЕНГА омад тиланг, дўстларим, видо онида.

Бир қаранг, шафақ ёнмоқда йўлларимни этгали равшан!

Ўзим билан нима олиб кетаётганимни сўраманг. Бўм-бўш қўллар ва интизор қалб ила бошладим сафар. Тўй сарполарини киярман. Бизгамас сайёҳнинг ҳашамдор либоси!

Хатар кўп йўлимда, ҳадик йўқ дилимда.

Сафарим битганда, ўқилиб бўлганда тақдир ёзуғим, кавокиб чарақлар, оҳанглар жаранглар Илоҳийнинг дарвозасидан!

95

БУ ҳаёт остонасидан ҳатлаган пайтим ёдимда йўқ. Ичимдаги бу улуғ сирни ғунча каби очмоғимга не бўлди сабаб?

Тонгги нурларга бир лаҳза боқиб, бу ёруғ оламга бегона эмаслигимни англадим. Мен исмини ҳам, юзини ҳам билмайдиган бу номаълум дунё

онам сиймосида мени қучганини ҳис этдим.

Ўлимдан кейин ҳам шундай бўлажак.

Чунки мен ҳаётни севгандек ўлимни севарман.

Боланинг онаси уни ўнг сийнадан олганда чинқириб йиғлайди у. Лекин бир лаҳза ўтиб, чап сийнадан олар тасалли!

96

ДУНЁДАН ўтаркан барча кўрганларим туш каби кечганини айтарман — бу менинг видолашув олдидаги сўзларим бўлгай!

Мен бу нурафшон уммонда гуллаб-яшнаётган нилуфарнинг асалдек тамидан татиб кўрдим ва муборак бўлсин дедим ўзимга — бу менинг видолашув олдидаги сўзларим бўлгай!

Сарҳадсиз шакллар ўйингоҳида ўйнадим ва бу ерда шаклсизликни кўрдим.

Номаълум туйғу таъсирида титраб кетди вужудим. Aгар қиёмат келиши лозим бўлса, буюргил, келсин у — бу менинг видолашув олдидаги сўзларим бўлгай!

97

СЕН билан ўйнаркан сўрамадим кимлигингни ҳеч. На шодликни ва на қўрқувни биларди шиддат ичра ўтган ҳаётим.

Эрталаб уйғотдинг мени ўз ўртоғинг каби. Қувончдан қувончга судрадинг кейин.

Ўша кунларда менга куйлаган қўшиқларинг маъноси аҳамиятсиз эди мен учун.

Оҳанглар ортидан улоқди овозим, юрагим муқом этди севинчдан.

Энди тантана тамом. Нима қолди ўзимга энди?

Дунё кўзларини пойингга тикиб, ўлтирибди юлдузлари ила ҳомуш ва сокин.

98

МЕН сени мағлубиятимнинг совринлари ва гулчамбарлар ила тақдирларман.

Aён нарсани яширмоққа қодир эмасман ахир?!

Кибрим деворга урилиб, чил-чил синишини, ҳаётим чидаб бўлмас оғриқ билан тўқнашмоғини, тушлар кўз ёш сингари эришини биларман.

Менга аёнки, нилуфарнинг барглари ёпилмас ва асалнинг макони тўсилмас.

Мовий осмондан бир кўз тикилиб, чорлар мени. Ҳеч вақойим қолмагай. Лойингда жон бермоқни кутарман.

99

БОШҚАРУВ чамбарагидан воз кечганимда уни қўлга олиш кераклигини билардим. Якунлашга шошиладиган не юмуш бор ахир? Бари беҳуда!

Қўлларингни ол ва тинчлан, чидагил, юрагим, мағлубиятга! Ўз жойингда тинч ўлтиришга ҳали имкон бор.

Ҳар сафар шамол шамларимни ўчиргач, қайта-қайта ёқмоққа уринарман ва унутарман бари-барини!

Aммо бу гал ақлимни йиғиб, тўшагимни зулматга ёярман. Шунда жим кутарман, истасанг, Роббим, келиб ўлтир менинг ёнимга!

100

МЕН қолиплар уммони тубига шўнғийман қолипга сиғмас марварид илинжида.

Энди шамол эсишига қараб сузувчи қайиғимда кезмасман бандаргоҳма-бандаргоҳ!

Тўлқин бўйлаб сузишни афзал биладиган кунларим ўтди.

Энди мен ўлмайдиганлар ичида ўлишни истарман.

Сукутдаги торларнинг мусиқаси туғиладиган бебаҳо тубсизликнинг улуғвор даргоҳидан умрим арфасини оларман.

Мангу созлаб қўярман уни. Сўнгги қўшиғимни ижро этиб, сўнг пойим узра уни ётқизиб қўярман.

101

УМРИМ давомида қўшиқларим сени қидирди. Мени олиб юрди эшикма-эшик. Шунда англадим оламни.

Улар менга ҳамма нарсани ўргатишган,

Улар менга сирли сўқмоқларни кўрсатишган.

Қалбим осмонидаги кўпгина юлдузларни танитди улар.

Кун бўйи завқ ва азоб маконинг сирларидан этдилар воқиф.

Ваниҳоят, хуфтонга бориб, саёҳатим қайси дарвоза олдига тўхтаркан?

102

МЕН сени танишимни айтиб одамлар орасида мақтандим. Улар сенинг чеҳрангни кўрдилар менинг барча амалларимда. Келиб мендан сўрадилар: «У ким?»

Қандай жавоб беришни билмасдим.

Aйтардим: «Ростан ҳам айтолмайман!»

Улар мени койиб, нафратланиб кетардилар. Сен эса ўлтирарсан жимгина жилмайиб.

Сен тўғрингдаги афсоналарни қўшиқларимга киритдим.  Сир отилиб чиқарди дилимдан.

Улар келиб буюришарди: «Тезда барча маъноларни изоҳла!»

Қандай жавоб беришни билмасдим.

Aйтардим: «Оҳ, ким билади бунда не маъно?»

Қаҳ-қаҳ отиб кулишарди ва нафрат сочишарди.

Сен эса ўлтирарсан жимгина жилмайиб.

103

ЁЛҒИЗ илтижойим бор сенга, Роббим!

Изн бергил, менинг барча ҳисларим оламга ёйилиб, пойингга етсин!

Июлнинг ёмғирли булути сингари пойингга беихтиёр тўкилиб тушсин менинг ҳамма илтижоларим!

Барча қўшиқларим бир ўзанга тўпланиб, сени бир бор қутламоқ учун сукунат денгизига қуйилсин!

Тоғлар оша кеча-кундуз учиб ўтгучи, ўз ватанларини соғингучи турналар каби менинг ҳаётим сени бир бор мадҳ этмоқ учун ўзга маконларга абадий учмоғи мумкин!

Инглиз тилидан Шаҳриёр ШАВКАТ таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting