КНЯЗЬ АНДРЕЙ БОЛКОНСКИЙ

0
849

эссе

Болалигимда онамнинг шеърлар дафтари бўларди. Муқовасига оқ атиргулнинг расми ёпиштирилган. Ундаги шеърларни тушунмасам-да, кўпинча дафтарни қўлимда ушлаб ўтирардим. Саккиз яшар болага унда нималар ёзилганининг деярли аҳамияти бўлмас, мен фақат варақлардим, қизиқишим шеърларни ҳижжалаб ўқиш ва ҳар бир шеърга илова қилинган суратларни  томоша қилиш билан чекланарди, холос.

Ўша ерда ҳарбийча кийинган, виқорли ва улуғвор қиёфадаги, хушсурат ва ўктам йигитнинг кенг ва қандиллар ёритиб турган залда гўзаллиг-у жозибада тенгсиз бир қиз билан вальсга тушаётгани акс этган суратга тез-тез кўзим тушарди. Йигит эгнига қора фрак кийган, қиз бўлса мен ёқтирган кенг ва корсетли оппоқ бал кўйлагида бўлиб, суратдан ихтиёримга зид равишда кўз узгим келмас, унинг остига катта ҳарфлар билан “Андрей Болконский ва Наташа Ростова” деб ёзиб қўйилганди.

Болконский шарифига илк марта ўша ерда дуч келгандим. Кейинчалик унинг номи кўп марта қулоғимга чалиниб, бу одат тусига кирди. Ўндан ортиқ қон-қариндошлар ҳар сафар тўпланганимизда онамнинг яқинлари тенгдошим бўлган — холамнинг ўғлини семиз ва дўмбоқ бола бўлгани учун Безуховга,  бўйи узун ва хипчабел бўлганим учун мени Болконскийга ўхшатишарди.

Ўша кезлари мен бунга айтарли эътибор қаратмасдим. Улар берган ялтироқ қоғоздаги шоколад ёки сутли печеньени оғзимга солиб, дунёни сув босса тўпиғимга чиқмас, бобом ва тоғам берган ҳайитликни чўнтагимга солгач, мени мабодо иблисчага ўхшатишганда ҳам ишончим комилки, жилмайиб тураверардим. Уларга эса бу ёқар ва ёшу-қари бири олиб, бири қўйиб, биз болаларни кўришлари билан ҳар гал “ана Безухов келди”, “ана Болконский келди” дейишни канда қилишмасди. Янги йил байрамида ҳам, ҳайит ёки Наврўзда ҳам.

Катта бўлганим сари Болконский шарифи қулоғимга янаям кўп чалинадиган бўлди. Кўпинча оқшом пайти ота-онам билан телевизорда футбол кўриб ўтирганимда уларнинг ақлли суҳбатлари бош мавзуси шу инсон бўларди. Суҳбат адабиёт билан бошланиб, адабиёт билан тугар, айниқса куз оқшомлари бундай ноодатий адабиёт ва футболга мухлислик қоришмаси ярим тунгача чўзиларди.

-Болконскийга Наташа Ростова муносиб эмасди,- дерди отам ўқиётган газетасидан бошини кўтариб, онамнинг қўлидаги тўқилаётган жун пайпоққа норози бир алфозда қараб.

-У Наташани кечирган,- дерди онам ишидан чалғимай.

-Мен кечирмасдим.

-Аёл қалбини тушуниш лозим.

Ўшанда мен Болконский ким экан деб роса бошимни қотиргандим. Отам ҳам, онам ҳам давлат ишида ишлашар, уларнинг иш жойларида бундай шарифли ҳеч ким ишламас, қўшнилар ичида ҳам битта рус кампири билан қизини ҳисобга олмаса ҳамма ғирт ўзбек эди. Отамнинг дўст-танишлари сафида ҳам бундай шарифли амакини танимасдим. Онамнинг дугоналари орасида эса бирорта Наташа исмли хола йўқ эди.

 Улардан бу ҳақида сўраганимда, икковлари ҳам кулишган ва бир хилда “Болконский-рус ёзувчиси Лев Толстойнинг қаҳрамони” дейишган ва улғайиб унинг китобини ўқиганимда барчасини тушуниб олишимни гап орасида қистириб ўтишганди. Мени уларнинг бу маълумотидан кейин негадир мушкулим осон бўлмаган, аксинча, “энди  Толстой дегани ким бўлди?” деган яна бир дилемма қаршисида ожиз қолгандим.

Ўсмирлик остонасидан ҳатлаб ўтгач, китоб ўқишга қизиқишим ортиб, Лев Толстой рус ёзувчиси бўлганини, ота-онам алдашмаганини тушундим. Бу вақтга келиб уйимиздаги деярли барча ўзбек тилидаги китобларни ўқиб тугатган, бахтга қарши Толстойнинг китоблари рус тилида бўлгани учун тишим ўтмаганди. Ўзим қатнашни бошлаган шаҳар кутубхонасига борганимда, кутубхоначи аёлдан биринчи бўлиб Болконский ҳақидаги ўша китобни сўраганим кечагидек ёдимда. У дабдурустдан Толстойни ўқимоқчилигимга ҳайрон бўлган, аммо қатъиятимни кўриб  ичкаридаги хонадан чангларини қоқиб-қоқиб иккита китоб олиб чиққанди. У олдимга  катта, нақд ёстиқдек келадиган китобларни қўйганида, тан оламан, бир оз қўрқиб кетгандим.

-Бунча катта бўлмаса улар,- дегандим кўзларимни катта-катта очиб.

-Шунақа болам,- деганди у кўзойнаги ортидан менга анграйиб боққанча.- Сен нима деб ўйлагандинг.

Шу-шу ўн олти ёшимда илк марта Болконский билан ғойибона танишдим. Китобни икки ой ўқиганимни ҳам айтиб ўтишим лозим. Уни ўқиш асносида романдан қанчалик кўнглим тўлмасин, қанчалик унинг тиниқ тасвирлари ва тарихий ҳақиқатларига  қойил қолмай,  қанчалик ёзувчи маҳоратига тан бермай, Болконский қисматидан ранжидим. Улуғ кинорежиссёр Сергей Бондарчук бошчилигида ишланган бу асарнинг кино вариантида князь қисмати ва изтироблари ажойиб актёр Вячеслав Тихонов ижросида янада мукаммал очиб берилганди. Китоб мутолаасидан сўнг, ўша кинони ҳам қайта-қайта кўрдим. Лекин китобни ҳам, кинони ҳам бадиий таҳлили учун билимим, балки ҳаётий тажрибам етмади.  

Вақти келиб, князь Андрейни Лев Толстой билан сон-саноқсиз қизғин баҳсларимнинг бир қисмига айланиши ўша пайтлар етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Аммо кунлар кетидан кунлар ўтиб, адабиёт ва унинг миссияси бўлган эзгулик тараннуми вужудимни тобора кучлироқ банд этиб, қонимга сингиб бораркан, ўзим ўқиган китоблар таъсирида ечими йўқ саволлар кетма-кет қаршимда кўндаланг туриб қоларди. Болконский қисмати ана шу ечимсиз саволлардан бири эди.

Ҳар доим Лев Толстойни ўқишим натижасида у билан баҳсларга кўп берилганман. Деярли ҳар бир асари мазмуни ва бадиий ғояси бўйича унга саволларим бисёр эди. Қаниийди у тирик бўлса-ю, шу лаънати саволларни унга берсам, ундан бир оғиз жавоб ололсам, дердим кечаю-кундуз. Аксига олиб, у ўлиб кетган, асарлари ечимни эмас, ҳар сафар оғриқли ва долзарб, юракни сиқадиган муаммоларни ўртага ташлар, столим устидаги портрети эса гунг-соқовдек тилга кирмасди.

Андрей Болконский у билан баҳсларимнинг дебочасига айланмаган бўлса-да, шу образ борасида у билан энг кўп баҳслашганимни айтсам мутлақо ёлғон бўлмайди.  Князь адиб берган тасвирда юксак тарбияли, маданияти ҳавас қилгудек даражада, зукко ва билимли, нозик дид соҳиби бўлади. Ташқи кўриниши ҳам рисоладагидек. Лекин нега шундай мукаммаликка яқин инсоннинг қаллиғи, бўлажак хотини- Наташа Ростова Анатоль Курагиндек маккор, беҳаё, олчоқ, енгилтак, аёлларга суяги йўқ, жоҳил бир кимсанинг таъсирига тушиб қолади? Майли, оний фурсат бўлса-да. Майли, бу шунчаки симпатия бўлса-да. Нега шундай? Шуни хаёл қилиб, бу нореал, нотабиий ва сунъийдек кўринган романнинг ушбу эпизоди реалистик тасвирлигига, ҳаётийлигига ишонгим келмасди.

Мен Толстойга шу саволни очиқдан очиқ берардим: “Нега, граф? Нега шундай?” Бу ростакамига азобнинг ўзгинаси эди.  “Уруш ва Тинчлик”ни мутолаа қилишим давомида бу савол даҳшатли тўлғоқ азобида туғилган, мендан катта энергия талаб қилган мутолаа якунига етгач, у мустаҳкам бир қалъадек мудом хотирамда қад ростлаб турарди. Унга жавоб топиш учун ҳатто роман ҳақидаги ўқимаган тақриз ва мақолаларим қолмади. Аммо қорни катта ва кўзойнакли профессорларнинг, биқиқ адабиётшуносларнинг бирортасиям мени қаноатлантирувчи жўяли жавоб бера олишмади. Натижада, ҳар сафар кўнглим тўлмай, ичимдаги бўшлиқда ҳувиллаб қолавердим.

Толстой реалист ёзувчи эди. Худди Бальзак ва Флобер каби. У ҳар битта асари қаҳрамонларини ҳаётдан олган, бунда унга бой ҳаётий тажрибаси қўл келганди. Мен буни тушунардим. Бу икки карра икки тўртдек гап эди. Фақат Болконский билан боғлиқ эпизодни негадир бутун вужудим билан қабул қила олмас, тафаккуримдаги юзлаб курашлар таъсирида инкор қилардим. Чунки Болконскийдек мукаммал, идеаликка яқин инсоннинг қаллиғини бундай пасткашларча иш тутиши тасаввуримга сиғмасди. Шу ишончга йўғрилган тасаввур оқимида бу эпизод ҳаётий эмасдек, ҳаётда бундай бўлмайди, деб қайсарлик қилиб, икки оёғимни бир этикка дадил тиқиб олардим. Шунгадир балки Толстой ҳам адашиши мумкин экан, деган ўйдан енгил тортган кунларим бўлди. Аммо бу узоққа чўзилмади. Ўртамизда бошланган кўп партияли шахмат партиясида, одатига кўра қора доналарда дона сурса-да, Ясная Поляналик чол бу гал ҳам ютиб чиқди.   

Дарҳақиқат, ҳаётда ҳам шундай эди. Мен буни йиллар ўтиб, бўйим чўзилиб, овозим йўғонлашиб, бир нечта кўйлак эскитиб, соқол-мўйлабим устарада олинадиган ҳолга келиб, тўй-ҳашамларга айтиладиган инсонлар қаторига кирганимда- мана шу катта ҳаётга тобора чуққуроқ кириб борганимда ҳис қилдим. Бахтга қарши катта ҳаёт Толстойнинг романидан-да даҳшатлироқ эди. У ерда Болконскийларни оддий тил билан эмас, аксарият ҳолларда жаргон тил билан аташарди. Ёки кесатиб “жентльмен” дейишар, ёки масхара қилиб “ботаник”.  Айниқса, “ботаник” атамаси қўлланган эркакни соддалигимга бориб илк лаҳзаларда ўт-ўланларга қизиқадиган ўсимликшунос бўлса керак деб ўйлаганим ҳануз асабимга тегади. Қандай бемаънилик, шундай эмасми? Бу атаманинг туб моҳияти кашфиётимнинг илк кунлари қалбимни бир маромда ҳафталаб оғритган, минг бир азобда “наҳот, Болконскийлар кўпчиликка ёқмаса, Курагинларнинг ошиғи олчи бўлса” дегандим базўр тишимни тишимга босиб. Очиғи шунда ҳам бошида Толстойга тан бермадим. Мағрурлигим тутди. Ғурурим телбаникидан кам эмасди-да. Яна бир бор унга ютқазишимни хазм қилолмасдим. Шунга ўзим буни бошимдан кечиришга аҳд қилдим.

Дастлаб Болконскийдек бўлишга уриндим. Қўлимдан келди бу. Қисқа фурсатда бир инсонга керак бўлган тарбиянинг барча жиҳатларини ўзлаштирдим, маданиятли кўринишда энг юқори даражага чиқдим, ўзимни тутишда, дидимни кўрсатишда беназир бўлдим. Ташқи кўринишим сипо ва жиддий кўринишга келди. Кийинишда кўзга ташланмайдиган оддийлик билан расмийликка интилдим. Кўчадаги ва атрофимдаги сон-саноқсиз аёллар билан муносабатларимда шу жиҳатларга урғу бера бошладим. Лекин улар билан масофа сақлаб гаплашишим, доимо вазмин  ва бефарқ мулоқотда бўлишим, уларнинг олдида Гегель фалсафаси ёки Ремаркнинг романлари ҳақида гапиришим, Есенин ёки Блок шеърларини ёддан ўқишим, Ван Гог кунгабоқарлари ёки Клод Моне манзаралари ҳақидаги таассуротларимни баён қилишим, Шопеннинг сил касалидан ўлиб кетганига ёки Моцартдек даҳонинг қабри йўқлигидан афсусланиб хўрсинишим, Микеланжело ёки Роден яратган ҳайкаллар тавсифини келтиришим уларни кўп ўтмай зериктирди. Улар менга худди Марсдан келган меҳмондек муносабатда бўлишга, қаршимда хомуза тортиб ўтиришга, ортиқ мен билан қизиқмай қўйишга тушишди. Ўзимни улар даврасида худди Болконскийдек руҳан ёлғиз сеза бошладим.

Кейин граммафон пластинкасини орқа томони ҳам бўлганидек, ўзимни тескари ракурсдан кўргим келиб қолди. Юрагимдан тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланишни давом эттирдим-да, вақтинча Анатоль Курагин зоти олийларига айландим. У ўз даврида сўнгги урфда кийингани каби мен йигирма биринчи асрнинг сўнгги урфида кийиндим: устимда тиззаси йиртиқ шим (модасидан айланай), тор спорт кўйлаги, қўлимда қимматбаҳо соат, бўйнимда тилла занжир, оёғимда балериналар киядиган енгил пойабзал. Соч турмагимни антиқа кўринишга келтирдим: икки ён томони калта, тепаси қалин ва бир томонга таралган. Иягимдан тортиб жағимни бесоқолбоз турк актёрларидек майин соқол билан бежаб чиқдим. Ўзимни тутишим ҳам Курагиндек бўлди: сарказм ва киноялар орқали ўзини ақлли кўрсатиш, аёлларга ҳаддан зиёд эътиборли бўлиш, бирор бир хурилиқони кўздан қочирмаслик, одамларга менсимай ва оқсуякларча муносабатда бўлиш ҳадисини олдим.

Энг қизиғи, шу лаҳзалик қиёфам атрофимдаги аёлларга ёқа бошлади. Уларга аслиятим севган адабиёт, фалсафа, тасвирий санъат, мусиқа ҳақида гапириш ўрнига исқирт бильярд столидаги муваффақиятларимни, боулингда барча таёқларни уриб йиқитиш сир-синоатларини,  Чорвоқдаги энг қулай дала ҳовлилар тавсифини, Чимёндаги спорт комплексида чанғи учишнинг инсонга фойдали томонларини, чилим  ва спиртли ичимликларнинг аччиқ, ўткир турларини, Versaci дан тортиб Cristian Dior мода брендлари нарх-наволарини баён қиларканман, улар менга маҳлиё бўлиб тикилиб ўтиришар, суҳбатимга интиқ бўлишар, ҳар ердан мени ахтаришар, вақт ўтгач эса эътиборимга сазовор бўлиш учун бир-бирлари билан рақобатлашишарди.

Курагин қиёфасида гўёки ҳамма нарса осон эди бу ҳаётда. Эри бор аёлни ҳам йўлдан уриш, ёшимиз орасидаги фарқ ўн ёш бўлган қизнинг диққатини жалб қилиш, опам тенги аёлларни ясама телба нигоҳим ёки бемаъни суҳбат мавзуларим билан ақлдан оздириш, уларни дил изҳорига мажбурлашдан тортиб ресторан-у дала ҳовлигача етаклаб олиб келиш — ҳамма-ҳаммаси бу совуқ образ билан хамирдан қил суғургандек кечарди.

Бу ҳеч бир актёрнинг олтин репертуаридаги омадли ролидан қолишмайдиган тарздаги ролим Толстойни шу роман фонида англашимнинг сўнгги босқичи эди. Унинг романи ҳаётийлигини, унга учралган мағлубиятимни яна бир бор тан олишдан бошқа чорам қолмаганини тушунарканман, ўзимни абгор бўлгандек, сочилиб майда-майда бўлиб кетгандек ҳис қилардим. Болконскийлар бор экан, Курагинлар яшар, бунга кўнмасдан иложим йўқ эди. Фақат бу мағлубиятнинг тоши доимгиларидан кўра оғир босганди, чунки ўзим истамаган тарзда князь Андрей Болконский кумиримга айланганди.

Ҳозир ҳам Толстой билан баҳсларим тугамаган. Гоҳида вақтим бўлган кезларда ойнаванд жавонимда турган “Уруш ва Тинчлик”ни қўлимга олиб варақлаб қўяман. Онамнинг шеърлар дафтари титилиб, эскириб кетган бўлса-да, ҳали ҳануз шахсий буюмларим орасида бор. У ердаги Бондарчукнинг кинофильми кадридан олинган Тихонов ижросидаги князнинг суратини доим биринчи бўлиб томоша қиламан. Унга тикиларканман, туриб-туриб ўтмиш хотираларим уйғониб кетади ва болалигимда қариндошларимни мен томонга қараб  “ана, Болконский келди” дейишганини дераза олдига бориб хомуш эслайман. Шунда ҳаётим худди икки босқичга бўлингандек бўлади: “Уруш ва Тинчлик” романигача бўлган ва ундан кейинги даврга…

2020 йил, июнь. Фарғона

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting