ҳикоя

Бўм-бўш хона. Нега келдим ўзи? Ахир бу ерда деярли ҳеч нарсам йўқ. Ҳеч вақом қолмаган, ҳа.

Балки қачонлардир шу жойдан одамларнинг иссиқ тафти аримагандир. Ҳиссиётга йўғрилган шовқинлар аро дераза қошида қайсидир кимса илҳақ кўйи дилбандини кутиб ўтирган бўлса ҳам ажаб эмас.

Мана бу шкаф, унинг ичидаги илгак. Унга шу қадар кўп кийим илинганидан дош беролмай, қийшайиб кетганга ўхшайди.

Очилиб ёпилавериб сўнгида синиб кетган эмал тутқич. Бурчакдаги жавон. Унинг ёнидаги этиктахта. Ҳар бир қаватида поябзалдан қолиб кетган излар. Қизиқ, ҳали ҳам унинг излари бормикин? Ўша,  иккинчи қаватида?

Шифтнинг ўртасидаги камтарона қандилдан ҳар томонни ёритиб турадиган чироқ нурлари. Кеч кириши билан хонада изғиб юрадиган соялар ва бурчакдаги жавон.

Хонадан хонага олиб ўтар эшик. Қайси замон қарсиллаб ёпилган ва қайси  вақт оҳиста тақиллаган? Табассум билан очилиб, якунда эса кўзёшлари билан қулфланган эшик.

Ошхонага олиб борувчи йўлка. Унинг устидан тўшалган гилам. Қирғоғида сочилиб ётган буюмлар. Ёмғирпўш, шамчироқ ва сариқ дипломат.

Девордан суғирилган михларнинг излари ва улардан қолган зангори доғлар. Унсиз тўхтаб қарайман деворга.

У ерда ҳам илгак бўлган демак.

Узун плаш билан қора қалпоқ етишмаяпти фақат.

Яна бир, ё икки… Йўқ. Битта девор соат ва иккита портрет бўлган чамаси.

… Ошхона.

Бўм-бўш стол.

Қандайдир ғалати идишлар.

Мўри, ўчоқ, музлатгич ва токча.

Токчада эса туз идиш. Ҳа,  у ерда ҳали ҳамон туз бор, менингча. Ўзи қачон бўш турган билмайман. Идишдаги туз ташвишим бўлмаган ҳеч қачон. Уни асли ким тўлдириб турганини ҳам билмайман. Билганим эса бу ердан дойим таомнинг иси чиқиб турар ва қандайдир овоз овқатланиш учун исмимни айтиб чақирар эди. Ҳозир, кўзларимни юмиб, диққатимни бир жойга жамласам, эсларман балки?!

Йўқ.

Эслай олмадим, ўлай агар.

Балки бу тушимдир.

Тунов куни чала қолган.

Ёки аввалги ҳаётимдаги айтилмаган истакларимдир улар?

Хўш… Энди жиддий қарасак, мана бу стол, устидаги номаълум буюмлар. Ҳа, ёдимга келгандай бўлаяпти улар ҳам. Масалан — мана бу нарсанинг номи пиёла! Фақат у четидан дарз кетган. Қачондир жаҳл билан ирғитилган, йўқ-йўқ униси бошқа эди. Тасодифан, бўлмасамчи, тасодифан ерга тушиб кетган пиёла. Кузнинг алвон япроқлари расми туширилган сиртига. Шунинг учун ташлаб юборилмаган, ҳамон турарди стол устида. Бир қултум кўк чой ичган бўлардим ҳозир, ҳудди аввалгидай, ҳа. Яна…

Бўлди бас. Бу менинг ҳаётим эмас. Нега келдим ўзи? Ҳайрон бўламан. Бу уйнинг қайси четига ўзимни урмай, у ердан бир бўлагимни топаман. Гўё шу деворларнинг жон-жонига сингиб кетгандайман.

Бир деганда минглаб хотираларга дуч келдим. Юрагим эзилиб кетди. Наҳотки, бу ерга келишнинг ўзигина етарли бўлса?

Ҳовли узра кучукнинг акиллаши эшитилди бирдан. Ҳар томон эсанкираб қарайман. Барча тарафдан ғингшир эди тинимсиз. Кўз ўнгимдан сийратлар, тасвирлар ва ғира-шира шарпалар ҳар ёнга ўта бошлади. Негадир уларнинг ичида ўзимни ноқулай сезмадим. На қўрқув бор эди ёки. Мен ҳам қайсидир шарпага кўр-кўрона эргашдим сўнг…

Омборхона.

— Қорнинг очтими, «Мўйноқвой»?

Кучукни эркалатиб бўйнидан силай бошлади шарпа. У ҳам думини ликкиллатиб идишга зорланди. Бу ҳолатни узоқ кўрмадим. Тандир ёнидаги нарвонга кўзим тушган заҳоти, яна итнинг ноласи  ингди қулоққа. Бўйнидаги ип узилган ва турар эди у қаршимда. Ғира-шира ёки қоп-қора бамисли тун бағридан узилган зулмат. Важоҳати аён товушидан. Шу товуш аро ҳукм ўқилгандай қўққисдан, ташланиб қолди у менга…

Ҳаллослаб чиқдим ташқарига. Ит қувгандай бўлса керак кўринишим. Билиб бўлмайди, яна ҳавотир ила ортимга қараб қўйдим. Ҳеч нарса йўқ. Ҳайрият.

 Қайтиб келмайман энди бу ерга. Елкамнинг чуқури кўрсин… Нима? Нималар дедим ўзи ҳозиргина? Нега юрагим ҳапқириб кетди бирдан? Ёки…

— Бу ўшами?

— Ҳа ўшанга ўхшайди-я…

— Йўқ бу аниқ ўша. Ҳа, ҳудди ўзи.

— Анча улғайиптими қўшни, кўркамгина йигит бўлибди, қаранг.

— Эй, нега ундай дейсиз, раҳмингиз келяптими ё?

— Вой нега раҳмим келаркан, ўлибманми унутиб.

— Шунга айтишса керакда «Етим боқсанг оғзу бурнинг қон…», деб.

— Хай қўшни, оғирроқ бўлинг. Ўйлаб гапиринг дейман, эшитилиб турибти ахир. Кейин ҳамма гапни билмасак. Нима қиламиз…

— Ийи, нега билмас экансиз? Сизми, сиз билмайсизми? Кулгимни қистатманг. Хўпми. Нима бўлганда ҳам бечора қўшниларимга раҳмим келади. Ўлганига ҳам ярамади-я. Ҳ-ах эссиз, эссиз. Суф бунақаларга, суф.

— Вой, ўзингизни босинг опа. Қизишманг. Сиз ҳам қоққан қозиқдай туравермай кетсангизчи, ўғлим.

…Ана, яна қандайдир сийратлар қарғаяпти мени. Кўчада бундай сийратлар кўпдан-кўп бўлди аён. Яна қочсамми? Фикр келди миямга. Қочиб бўлармиди ўзингдан? Аҳмоқ. Етар шунча қочганинг. Ахир шунчаки келмадинг-ку бу ерга.

Бўм-бўш хона. Нега келдим ўзи? Эсладим. Ҳа, эсладим. Бурчакдаги жавон…

— Вой қўшни, қаранг у кетяпти.

— Ҳа, кетсин. Кетаверсин, тек қўйинг. Энди фойдаси йўқ.

— Қўлидаги нима бўлди, қаранг. Нимани кўтариб кетяпти?

— Э-эх, ақлингиз етмайди-да бу эски буюмлар, синглим. Портрет у.

— Портрет, қимматбаҳо бўлса керак-а?

— Қайдам, буниси энди унда қандай сурат борлигига боғлиқ.

Фарҳод Эшонов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting