ҳикоя

Ҳали уст-бошларини эплаб кия олмайдиган, қўлидан самурайларининг қурол-аслаҳаларига менгзаб ясалган таёқ-қиличлари тушмайдиган олти яшар қароқчи, бўз болакайман.

Уйқудан тургунимча Саид мактабга жўнар, ҳовлимизда эса менинг “пистирма”ларимга тушадиган ҳеч ким қолмасди. Қўй-қўзиларни ўтлатиб келиш, қўшни қишлоқдан уч ғилдиракли велигимда сув ташиш энди менинг гарданимга тушганди. Кенжа бўлсанг шу-да, ҳамма даҳмаза менга – ҳамма юмуш Муродга!

Кўчамиздан катта ариқ бўйлаб кетган йўл ўрикзорга, кейин узумбоғ, ундан сўнг эса Қатортутга туташади. Қатортут этагида катта жарлик бор, жарлик киндигида ям-яшил кўл – Кўксой ҳарир парда сингари тўлқинланиб туради. Кўксой теграси намчил бўлганлиги учун кузда ҳам ўт-ўланларга тўла бўлади.

Саид билан тугунимизга нон-туз, картошка, жума кунлари тушдан кейин ҳолва-пашмак тугиб, Кўксой сари сурув ҳайдаб борардик. Янтоқзордан шох-шаббларни йиғиб, аламазон олов ёқиб, атрофида ҳинду қабилаларидек айланиб қўшиқ айтардик. Чўғда қарайиб пишган картошкаларни сирк жанглёларидек совитиш учун бир биримизга улоқтириб ўйнардик. Қўйлар ўтлагунча сойдан билагимиздек келадиган зоғора балиқлар тутиб, жабрасига юлғун шохларидан қилинган илмоқ ўтказиб уйга қайтардик.

Энди эса қўйларни подадан айриб, бир ўзим базўр қўрага қамайман.

Баъзан эрта тонгдан уйғониб Саидга эргашиб мактабгача борардим. Дарвоза олдида турадиган қоравулнинг кўзини шамғалат қилганча мактаб биносининг нариги тарафидаги бетон деворга миниб олиб, танаффусга чиққан болаларга рагаткамдан тош отиб қочардим.

Отам ишдан келиши биланоқ бўйнига осилиб, мактабга киргизиб қўйишини сўраб хархаша қилишдан чарчамасдим.

Саиднинг дарс қилаётганини кўриб хасадим келарди ва дафтарларини тасаввуримга келган шакллар билан бежаб ташлайверардим. Бир гал унинг рангли қаламларини олиб ҳамма хонанинг деворларига қушларнинг расмини чизиб чиққандим. Бунинг эвазига яхшигина жазоланишимни пайқаб, қўрқанимдан бир кеча томдаги “қароргоҳим”да тунаганман. Бу қилмишим учун бир кеча онамнинг эртакларини тинглашдан маҳрум бўлганим ҳамон эсимда.

Кенжатойининг инжиқликларидан тоқати тоқ бўлган отам мени мактабга етаклаб бориб директорга мурожаат қилди. Менга обдон разм солиб, тирриқлик қилиб туриб олди директор. Бироқ бутун қишлоққа донғи таралган бобомнинг қўлбола муссаласи ва энг бўлиқ қўчқоримизнинг думбаёғига димланадиган паловхонтўра билан меҳмон қилинишни эшитгач, мўйловини силаб-сийпаб, ҳиринглаганча жон деб рози бўлди.

Қарабсизки, ўқиш бошланганидан сўнг бир неча ҳафта ўтган бўлса-да биринчи синфга қабул қилиндим. Энди саҳармардонлаб мактабга жўнайдиган, кийимларимни ҳам ўзим киядиган, дарвоза олдидаги қоравулга қуюқ салом бериб ўтадиган бўлдим.

Бўйим пастроқ бўлгани учун олдинги қатордан жой тегди. Дарслар бошланди. Бахтимга партадошим – Салоҳиддинова синфдаги энг аълочи қиз экан, мактабга кеч кирганимга қарамай унинг ёрдами билан ўқишни тез ўзлаштириб олдим. Кейинчалик бу фамиля қулоғимга чалингудек бўлса худди тановор тинглагандек бўлаверардим. Унинг исми эса тилимда бувимнинг новвот қантидек тинимсиз айланадиган бўлиб қолди: Маҳина!..

Қишлоқда пахта терими бошланди. Отамни ишхонасидан колхозимизга маъсул табелчи қилиб юборишибди. Аллақандай идорада ҳисобчи бўлиб ишларди, ҳозир бузиб ўрнига ҳашаматли уйлар қуришгани учун номи аниқ эсимда йўқ.

Хуллас, оилавий пахта теримига шўнғиб кетдик. Бу ёқдан бутун бошли мактаб ўқувчилари далаларда жавлон ура бошлади.

Мен ҳар доимгидек Маҳинадан узоқ кетмай, унинг ёнидаги эгатдан тушаверардим. У билан ёдлаган шеърларимиздан баҳрибайт ўйнаб, кечгача вақт ўтганини ҳам пайқамасдим. Ҳаммаси ажойиб!

Қуёшнинг тафти сусайгач Саид билан уйга чопқиллаб бориб, қўйларни ҳам далага ўтлатгани олиб чиқардик. Ахир, ҳаммамиз пахта теришдан ортмасак қўрада марайвериб очидан ўлишашрдида.

Кун сайин қўйлар ғўзапояга кириб бўлиқ кўсакларни паққос туширадиган одат чиқаришди. Буни кўрган отам дарров акам иккимизга дакки бериб, оқибати яхши бўлмаслигини уқтирарди. Натижада якшанба кунлари битталаб қўйларни бозорга обчиқиб сота бошлади. Қолган бўлса учта қўзимиз, битта энабоши ва қашқа қўчқоримиз қолганди. Шу бештагини жонивор ҳам зараркунандалик қилишдан тап тортмай яна кўсакларни кавшайверишди. Мен эса отамга сездирмай кўсак бериб боқишга ўрганиб қолдим. Чунки кўсак тўйимлида, уларни егандан кейин дарров қўйларнинг қорни қаппайиб қоларди ва салқин жой топиб, жимгина кавш қайтариб ётишарди. Шундагина хотиржамликда Маҳина билан бемалол байрибайт айтишиб, этагимни пахтага тўлдириб олардим.

Дала пункитига кечга яқин сафландик. Назаримда яна текширувчилар келишган. Бундай кунлари отам тарози ёнида туриб қанча пахта терганимизни тортиб бўлгач текширувчиларнинг каттасига ҳисобот берарди. Агар план тўлмаган бўлса яхшигина гап ҳам эшитиб оларди. Саид билан жимитдек муштларимизни тугиб, тишимизни ғичирлатиб қулоқ солиб турардик. Отам ҳам ғазабланганнамо бош эгиб тураверарди.

Бошлиқни кимлигини аниқ билмасдим. Ё туман, ёки вилоят ҳокими эди. (Кейинчалик ундан ҳам каттакон бўлса керак деб ўйлаганман.) Бошида қора шляпа, эгнида қўнғирранг костюм. Йўл-йўл бўйинбоғини шунақанги маҳкам боғлагандики, овози ҳиррилаб чиқарди. Бироз қориндор, (менимча эндигина лавозимига сайланган бўлса керак,) бурни қиррали, қулоқлари катталигидан юзи шапалоқдеккина бўлиб кўринарди.

Йиғин тугагач отам бояги бошлиқни олдига бориб охирги терим ҳам тугаганлигини, ортиқ пахта териб бўлмаслиги тушинтирарди. Ҳўжайин бўлса кенг далага қулоч ёзиб: “Қара! Кўрмаяпсанми, Турғунов! Шунча пахта-я! Уволку ахир! Ҳали яна шунча олтин ер билан битта бўлиб ётибди. Буларни териш керак, бир грамам қолдирмайсанлар!” дея ўшқириб берди. Отам бари бефойдагигини тушунди шекили, бирорта ҳам оқ ранг кўринмаётган далага индамай термилиб қолаверди.

Шу пайт очофат қўйларимизга отамнинг кўзи тушди. Улар яна пахтазорда ўтлаётган эди. Дарров акам иккимизга юзланди-да уйга олиб кетишни буюрди. Яланғоч ғўзалар оралаб қўйларни ҳайдаб жўнаб қолдик.

Шомга яқин мушти қонга бўялган ҳолда отам кириб келди. Афтидан кимгадир оғир жарохат етказган. Одатда у бундай оғир кайфиятда бўлса онамни сўроққа тутишини ёқтирмасди. Лекин жонҳолатда нима бўлганини айтиб берди. Воқеани эшитгач онам карахт бўлиб қолди. Дарҳол Саид билан мени етаклаб бувимларникига олиб кетди. Негалигини билмайман. Отам бизни кузатиб қўйди ва ортимиздан боришини таъкидлаб ўзи уйда қолди.

Орадан кунлар, ойлар, ҳаттоки йиллар ўтди. Отам ортимиздан бормади. Бир муддат ўтиб ўзимиз уйга қайтдик. У изсиз ғойиб бўлганди. Ҳозир тирик ё ўлик эканлигиниям билмаймиз. Ўлган бўлса қабри қаердалигидан ҳам бехабармиз.

Нега дейсизми? Барчасига ўша ҳайвонлар – онги йўқ қўйлар сабачи эди. Айнан бизнинг қўйларимиз бўлганлиги сабаб! Ўша мудҳиш кун, отамнинг қўлидаги қон сабаб барчасига!

Қон кимга тегишли эди?  Ўша қора шляпали бошлиққа! Ўшанда Саид иккимиз қўйларни ҳайдаб кетаётган пайт бошлиқ: “Бу кимнинг қўйлари?” деб отамдан сўраган ва отам ўзиники эканлигини айтгач, пахта даласида ҳайвон боққанимиз учун хўжайиннинг қони қайнаган. Жаҳл устида: “Ҳе, онангни…” дея отамни бўралаб сўка бошлаган. Отамнинг ҳамияти қўзғаб, сўкинч сўзлар чиқаётган жағга қараб бир мушт туширган ва шу заҳоти чалқанча йиқилган кимсанинг суробини тўғирлаб уйга қайтган эди, ўшанда.

Шу кундан бошлаб қишлоқдагилар отамни жиноятчи дея эслайдиган бўлишди.

Ҳайриятки бизга ҳеч ким тегмади. Аммо жиноятчининг касри акамга ҳам, менга ҳам урди. Саид отам каби иқтисодчи бўлишни орзу қиларди. На илож, шаҳарда ўқиш насиб қилмади унга. Лекин ҳозир чет элда ўқияпти.

Мен эса ўтган йили ўн биринчи синфни тамомладим. Ўқишни давом эттиришга ҳафсалам қолмади. Ҳозир болалигимдаги севимли машғулотим билан шуғулланяпман, Кўксой ёқалаб пода боқяпман. Айниқса, жар лабида Маҳина совға қилган китобларни ўқиб ўтириш жони-дилим. Ҳаммаси ажойиб!

Айтганча, онам неча марталаб унга оғиз солиб борди, лекин отаси ҳар гал бизнинг оилага берадиган қизи йўқлигини таъкидлайверди. Ахийри, бугун уни бир омади кулганга узатяпти.

У билан кеча тунда хайр-хўшлашиб олдим…

Бахтли бўл, Маҳин! Болаларинг жиноятчи бўлмасин!

2019, ноябр – 2020, июн.  

Муҳаммад Сиддиқ

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting