Ёлғизлик анатомияси

0
1051

ТОМАС ВУЛФ
(эссе)

I

Менинг ҳаётим бошқаларникига қараганда кўпроқ ёлғизлик ва саргардонлик ичида ўтган. Нега шундай бўлди – буни айтиш қийин, аммо шундай бўлди – тамом вассалом. Ўн беш ёшимдан бери, орадаги бир муддатлик танаффусни ҳисобга олмаса, мен ёлғиз яшаб келмоқдаман. Менимча, бу ҳозирги замон кишиси учун унчалик ноодатий ҳол эмас. Таркидунёчиликда кечаётган ҳаётимнинг ҳисоби йўқ – бу зоҳидоналикнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари чексиз, чегарасиздир.

Ўзим бошдан кечирган ёлғизлик тажрибаси ҳақида ёзишга қарор қилар эканман, бу албатта фақат уни бошқалардан кўра яхшироқ тушунаман деган ўйдан эмас. Ёлғизлик баъзи одамлар учунгина хос бўлган алоҳида ҳодиса эмас, балки у борлиқнинг асосий, муқаррар воқелигидир. Мен айнан мана шу ҳақида ёзмоқчиман.

Ҳаётнинг турли вазиятларини – фақат шон-шуҳратга бурканган шавкатли шоирлар шон-у шуҳратини эмас, содда қалбларнинг улкан бахтсизлигини, кўчадаги одамларнинг нафрат тўлиб тошган минғир-минғири, ҳақоратли койинишларини, бадгумон қиёфасини кузата туриб, биз ҳаммамиз ёлғизликдан азоб чекишимизни англайман. Ёлғизлик жамики изтиробимизнинг ягона манбаси. Мендаги ёлғизлик ҳисси моҳиятан бошқаларникидан кўп фарқланмаса-да, у менда ўта қақшатқич кечгани билан ажралиб туради. Демак, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан, шундай экан бизнинг асосий оғриғимиз, азобимиз ҳақида ёзишга энг ҳақли одамман деб биляпман ўзимни. Тўғри, бу такаббурлик ёки манманлик бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай шубҳага боришдан олдин ўйлаб кўринг: узоқ вақт ёлғиз яшаган одам такаббур бўлса, ақлга тўғри келадими?! Бунинг устига, шуҳратпарастлик ва манманликни енгишнинг энг яхши йўли – ёлғизлик. Аслида биз – ёлғизлар ўз-ўзига бўлган шубҳанинг қурбонларимиз. Мутассил танҳоликда яшаш норасолигидан уялиш ҳиссини туғдиради, хавотирнинг шиддатига дош бериб бўлмайдиган тошқини мудом устингга ёприлиб келаверади, қаровсизлигинг, эътибордан олислигинг саломатлигингни емириб, ўзингга бўлган ишончни яксон этади.

Одам ёлғиз яшай олиши учун дилида руҳонийнинг комил эътиқоди янглиғ Худога астойдил ишончи бўлиши лозим. Кўнглида шундай ишончи бўлмаган одамга ёлғизлик лаҳзаларини яшаб ўтиш ниҳоятда оғир. Мен бу даҳшатни ўз бошимдан кечирганим учун айтяпман. Шундай дақиқаларда бирорта тасодифий сўз, одатий воқеа ҳам ҳам шаштимни сусайтириб, қўлимни фалажлар; юрагим тараша қотгандек даҳшатдан сиқилиб, заифликдан ларзага келадиган кулранг титроғ билан тўларди ичим. Исталган нарса – ҳамма нарса ёки ҳеч нарса ҳам – масалан ёруғликдаги оддий бир соя ёхуд август кунларидаги қаттиқ жазирама, Бруклин кўчаларида ўрмалаб юрган ночор аянч ва яланғоч мажруҳлик кўнглимни изтиробга солар, тасаввурда ўтмишнинг доим такрорланадиган манзаралари пайдо бўлиб, ном-нишонсиз тақдир ҳақида чидаб бўлмас азоб уйғотарди. Баъзида эса борлиқнинг кўримсиз реаллиги олдидаги қўрқув, автотураргоҳ майдонларининг ғариб кимсасизлиги, заминга ғазаб билан улоқтириб юборилган инсоннинг мақсадсиз ва сарсон кезишлари, бирор танбеҳ ё дакки, ҳатто машиналарнинг ўқдай визиллаб ўтиши ҳам юракдаги ожизлик ҳиссини зўрайтириб юборишга туртки бўларди. Ҳатто бирор сўз, бирор нигоҳ, бирор ишора бу азобни бошдан кечиришга сабаб бўлиши мумкин. Парк-авенюдаги хушбичим, каландимоғ жаноб сени бармоғи билан нуқиб кўрсатар экан, гўё “Сен ҳечкимсан” дегандек бўлади, обрўли журналдаги истеҳзога тўла фикр-мулоҳазалар ҳам оғриқ қўзғайди. Таниш аёл мактубида нотавон ва нокераклигинг, ёзишдан чиқиб қолганинг битилади, бундан ўзингни ҳеч нарсага арзимас, чорасиз, ҳис-туйғудан маҳрум, эришганлари ҳам саробга айланган одамдек ҳис этасан – қолганлар эса ҳар борада сендан тўкису, бекаму кўст.

Баъзан бу оғриқ вақтида қондирилмаган, энди ғазабга айланган истакларнинг кўнгилда уйғотган мубҳам, эзғин кайфияти таъсирида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Кембрижда кечган қисқа қиш кунлари, якшанбаларда бўладиган қизғин суҳбатлар ва ўша суҳбатларнинг бирида менинг барча болалик орзуларим пучлигини айтишгани, бундан томирларимдаги навқирон жўшқинлик лаҳзага музлаб, юзимда ожизликнинг бетаскин изтироби март кунининг сўнаётган ёғдуси билан акслангани ҳақидаги ногаҳоний хотира ҳам ёлғизликда жуда хавфлидир. Ўтган кунларнинг қиёфаси, об-ҳавоси, манман кимсаларнинг мазахона сўзларини ёдга туширадиган хотиралар ўлган нур янглиғ кунларимни қоронғулаштириб, мен қачондир ўзим кашф этган ва чиппа-чин ишонган ҳақиқатларимни чилпарчин қилиб ташларди. Бундай дақиқаларда фақат ўз ҳиссиётларинггина ҳақиқатлиги, оламда бошқа мутлақ ҳақиқатнинг ўзи йўқлиги, Ер юзи қалби ёпиқ, пушти куйган тирик мурдалар маконилиги ва бу манзаранинг сўнаётган март шоми остида, нурсиз якшанбаларда мангу такрорланишини тушуниб етасан.

Ёлғиз кимсанинг қалби ҳамиша оғир шубҳа-гумонлар, тушкунлик ва саросима исканжасида ўртанади, у эса нигоҳи ва ақлидан яширин қутулиш йўлини тополмай овворайи сарсон бўлади. На партия уни қўллаб ёрдам бера олади, на дин юпата олади, умуман англаган ҳақиқатларидан бўлак бирор эътиқоднинг ўзи қолмайди. Сабаби эътиқод таянчсиз ва таскинсиз қолдирганча уни тез-тез тарк этиб, руҳини ларзага келтиради, ҳолдан тойдиради. Шунда ҳаёт йўқлик аро йўқлик томон ҳаракатланиш эканини туяди; ҳақир ва хароблиги, маҳкумлигига иймон келтиради – унга умидлар ваъда қиладиган халоскор тонг энди ҳеч қачон отмайди.

Ёлғиз одам вақтнинг улкан оқимлари ичидан оқиб ўтаётганини сезиб туради. Тўрт тарафида эса ёлғизликнинг совуқ, соқов девори. Бу деворнинг зилдай босими елкаларини эзади. У ёлғизликнинг шу тўрт девори ичида ҳибс этилган… ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Йўқотилган беҳисоб кунлар ва унутилган юзлаб чеҳралар ёдини яна қайта уйғотадиган хотиранинг хавфли ўсмаси ичини еб битиради. Вақт эса ботинидан дарё янглиғ оқиб ўтаверади, у бўлса каталакдек хонасида мутассил ниманидир кутади… кутаверади… Узоқларда гувиллаётган ҳаётнинг бўғиқ овозини, ғовурларини тинглайди; тинглай туриб тушунадики, тақдир уни унитиб қўйган, қувват тарк этган, ҳаёти эса аллақачон соп бўлган. Қисмат бу кимсани ёлғизлик бағрига мангуга сургун этган. Ўз ёлғизлигининг ҳибсида ўтиравериб, ношуд одамдек ақли гангиган, силлайи мадори қуриган, бор имконлар ҳам аллақачон бой берилган.

Шундай маҳзун кунларнинг бирида унда яна ўз-ўзидан, ҳеч қандай сабабсиз ҳаётга ишонч ва эътиқод пайдо бўлади, томирларида жўшқинлик мавж уради. Бу ҳислар енгиб бўлмас қудрат билан қуйилиб келади, дераза ойнасидан ёприлиб кириб, дунёсини сўнмас нур билан ёритади. Хотиржамлик, уйғунлик ҳислари уйғониб, кўнгли яна ғолибона ташналик билан ижод сари талпинади. Унинг аввалги ишончи боз ҳамроҳига айланади: аввал нимани билган бўлса, ҳозир ҳам билади, у қандай мавжуд бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича…

Энди у ўз ҳақиқати ҳақида сўзлайди; майли, бутун дунё оғзини ёпмоқчи бўлиб, “ёлғон айтяпсан” десин – барибир ўз ҳақиқатини ишонч билан сўзлайверади. Мустаҳкам ишончнинг тантанавор дақиқаларида шуни эътироф этишим керакки, мен Ёлғизликни дунёдаги ҳар қандай одамдан кўра яхши биламан ва теран ҳис этаман. Уни менинг туғишган жигарим деб атамоққа ҳаққим бор, ахир ҳақиқатда шундайку!!!

Ёлғизликнинг асл қиёфасини шу қадар тиниқ тасвирлашга аҳд қилганманки, токи ёзганимни ўқиганлар Ёлғизликка дуч келганда, уни дарров таниб олсинлар.

II

Инсон ёлғизлиги ҳақидаги энг фожевий ва ёрқин таърифни мен Иов китобларида ва фалсафий руҳдаги экклезиаст хутбасида ўқиганман. Шу ўринда теран бир ҳикматга эътибор қаратмоқчиман. Тўғри, бу ҳикмат бошқаларга ёлғиз қолган ғамгин болакай ва борлиқнинг фожевий моҳияти орасида ҳеч қандай мувофиқлик йўқлиги каби зиддиятли туйилиши мумкин. Китобдаги ҳикматга илк марта дуч келганимда ўзимни йўқотиб, дилгир бўлиб юрганман. Унинг исботи нақадар асосли бўлмасин, одамни шубҳага соларди. Ҳикматнинг ўзи эса қоядай мустаҳкамки, унга ҳеч қандай путур ва инкор заҳа етказолмайди. Ҳикматдаги ҳақиқат менинг ҳаётий қарашларимдан қатъий ўрин олган. Мана ўша ҳикматнинг ўзи: ёлғиз одам – аслида трагик одам. У ҳамиша, ҳеч оғишмай, вафодорларча ҳаётни севган, хурсандчиликни севган одамдир. Бундай даъво асло мантиққа зид эмас, зеро, бир шартнинг мавжудлиги яна бир бошқа шартнинг ҳам мавжудлигини тақозо этади.

Инсон трагедиясининг моҳияти театр қонунларига хос бўлган конфликтларда эмас, ёлғизликда жамлангандир. Аниқ биламанки, буюк трагик ёзувчилар (мен трагедия ёзувчилари ҳақида гапирмаяпман. Кўп халқларнинг пешанасига битмаган – жумладан, французлар ва римликларга ҳам насиб этмаган (Вергилий ва Расин бор-йўғи трагедиянинг улуғ усталари, холос) – трагик ёзувчилар хусусида сўзлаяпман. Мисол учун: Иов, Софокл, Данте, Милтон, Свифт, Достоевский) доимо ёлғиз бўлган, улар ҳаётсевар ва бахт қадрини чуқур ҳис қиладиганлардан эди. Шодликнинг ҳақиқий маъноси ва қийматини фақат улуғ трагик ёзувчиларнинг ижодидагина кўриш мумкин. Бошқа манбаларда унинг ҳақиқий ва самимий тасвирини топиш душвор. Исбот сифатида ишончли бир далил келтиришни хоҳлардим.

Болалигимда Иов китобларидаги ҳар қандай фикр мендаги ассотсиатив хотирани уйғотиб юборар, хотирамга нажотсиз ва маъюс туйғуларнинг, ҳодисаларнинг улкан оқимини бошлаб келарди. Бошқаларда ҳам шундай ҳол бўлганига иймоним комил. “Иовнинг тасаллиси”, “Иовнинг матонати”, “Иовнинг мусибати” даги иборалар бизнинг ҳаётимизга шу қадар чуқур сингган эдики, адоқсиз мусибатни бошдан кечираётган, изтиробини узоқ вақт жим ичига ютган одамлар ҳақида гап кетса, беихтиёр ўша иборалар ёдга келарди. Бир-бирини етаклаб келувчи бу хаёллар хотирамда устма-уст тахланиб, кўз олдимда Иов китобларининг қайғули, дилни ғашлайдиган манзарасини пайдо қилади. Бироқ кимки бу китобларни тажрибаси ошиб, ақли расолашган пайтда ўқиса, болаликда англаганидан кўра кўпроқ, тўғрироқ тасаввурга эришади.

Иов Китоблари фақат хазин оҳанг, қоп-қора рангдангина иборат эмас. У буюк поезиянинг ғоят баркамол, ўта ҳиссий ва ёрқин намунаси эканидан ташқари, кўнгилда мангу ғамларнинг дилтортар куйини уйғотиши билан ҳам қадрлидир. Мангу ғамларнинг хазин мусиқаси мангу қувончларнинг кўтаринки куйи бўлиб мавжланади. Бу фикрда ҳеч қандай китобийлик ё нотабиийлик йўқ, аксинча ҳаққонийлик ва муқаррарлик мавжуд. Ўлим ва ёлғизлик ҳисси, мудом зўрайиб борувчи оғриқ, руҳий қийноқларнинг оғир юки инсон учун аслида гўзал ва фожели, ниҳоятда қадрли бир Севинчдир. Гўзаллик лаҳзалардагина содир бўладиган ғанимат ҳодиса. У сеники бўлган онларнинг умри ниҳоятда қисқа, бир умр ёнингда олиб қололмайсан. Йўқотишлар алами етаклаб келган гўзалликнинг аччиқ завққа қоришган, фожеанинг салобати билан оғирлашган лаҳзаларида асл трагик шоир Қувонч қўшиғини ижод этади. Гўзалликни ўзинг билан мангу олиб қололмасангда, гўзалликдан яралган бу қўшиқни мангу асрашинг мумкин. Қувонч қўшиғи кўтаринки эмас, аксинча, маъюсдир. Чунки бахт дегани унга эга чиққан лаҳзангданоқ тугайди. Бироқ ўткинчи бахт айнан уни барбод қилувчи таъсирдан гўзаллик ва улуғворлик яратади – шоирга унинг азизлиги ҳам мана шунда.

Трагик шоир асл севинч ғамдан, ёлғизликдан кўрк олишини яхши тушунади, оғриқ қанча тахир бўлса, қувончнинг юзи ҳам шунча чароғон. Кўнгилдаги севинч ё масрурлик ҳисси ҳамиша ўлим муқаррарлиги, ўлим зулмати билан бирга яшайди. Бахт ҳам фонийлик ва ҳечлик туйғуси билан қоришган. Шу сабаб Иов каби трагик шоир ижод этган ғам куйи алал-оқибат бахт қўшиғи бўлиб жаранглайверади. Бу қўшиқ бошқа қўшиқлардан кўра дилбар ва хазин, машъум ва гўзалдир.

Сенми арғумоққа куч берган?
Сенми бўйнини бўрон билан белаган?
Сенми уни чигиткадай сакратган,
даҳшат билан бурнини пишқиртирган?

Адир аро туёқлари ер тепади шиддаткор,
Вужуддаги куч-қувватдан роҳатланиб, шодланиб,
Ҳали қўрқув нималигин билмасдан,
Ҳали қилич зарбларига беписанд,
Жанггоҳ сари шиддат ила талпинар.

Қаршисида шақиллайди ўқдонлар,
Ялтиллайди қалқон ила найзалар.
Жанггоҳ аро кўтарилган тупроқни
Ичга ютар ғазабу шиддат билан.
Жангсурнайлар саси аро,
Лашкарбоши  ҳайқириғи,
Қўшин  урҳоси аро
Шиддат билан баттар олға талпинар…

(Хуршид Даврон таржимаси)

Бу қувонч ҳам шавқ билан тўлиб тошган, ҳам юракни ўртайдиган қувончдир. У ўзида шикастанафас, мўмин одамнинг улкан борлиқ олдидаги тавозесини, ҳайрат ва қўрқувини ифода этади. Даҳшатли ингроқ ўша тақводор одамнинг лабларидан сирқираб чиқар экан, биз ҳозир ўқиган сатрларга айланади. Шеърни қироат қилар эканмиз, ичимизда яккаш ва ғалат, ёввойи ва мотамзада севинчни ҳис этамиз. Бу севинч ўлимга ўхшаб кетади. Бироқ у Теокрит ва Херрик каби буюк шоирлар куйлаган севинчдан кўра баландроқ ва нафисроқдир.

III

Иов Китоблари, шунингдек, Экклезиаст хутбаси – ҳар бири ўз ҳолича инсоният ёлғизлиги тарихининг улуғ ёдгорлиги сифатида намоён бўлади. Умуман, эски Аҳднинг барча китоблари инсон ёлғизлиги татқиқ этилган теран ва мукаммал асарлар тажассумидир. Уларда ёлғизлик тушунчаси деярли бир хил таъриф этилади. Ушбу муқаддас китоблар, шунингдек, диний қасидалар, муножатлар, ашъор ва кароматлар, солномалар қатидаги ранг-баранг ва шахсий кечинмалар ҳар бири ўз ҳолича ёлғиз қалбнинг турли асрорларини кашф этади. Кашф этилган асрорларнинг бирикувидан ёлғизликнинг умумий полотноси пайдо бўлади.

Қадимги Аҳдда ифодаланган ёлғизлик ғоясининг қамрови жуда кенг. Бу қамров моҳиятини Янги Аҳднни ўқигач, янада кўпроқ тушуниш мумкин. Эски Аҳд борлиқ ёлғизлигининг солномаси бўлса, Янги Аҳд ҳаётга муҳаббат хабари бўлиб аксланади. Мана қаранг, Исо минг марта, минг хил услуб билан фақат бир гапни такрорлайди : “Мен – ўз Отамнинг ўғлиман, сизнинг барчангиз – биродарларимсиз!” Бундай биродарлик ер юзини бир оилага айлантиради, барча одамлар – яратганнинг болаларидир, демакдир бу. Ушбу даъватда инсонларга нисбатан муҳаббат яширин.

Исонинг бош мақсади – ёлғизлик дунёсини таг-туги билан барбод қилиш, инсонлараро уйғунликка эришиш бўлиб, уйғунликнинг асоси муҳаббат бўлиши керак эди. Исо “Фақирлар масъуддирлар, зеро уларга рахмат бор”, “Кўзи ёшлилар масъуддирлар, зеро уларга хурсандчилик бор”, “Марҳаматлилар масъуддирлар, зеро уларга авф бор” деганида азоб тортишни, тавозе ва шафқат кўрсатишни олқишлашни эмас, олийҳиммат кимсаларга мукофот борлиги ҳақидаги хабарни етказишни ният қилган. Мазкур йўналиш Исо таълимотининг асосидир. Чуқурроқ разм солсак, бу таълимот моҳияти ёлғизлик дунёси исталган дақиқада муҳаббат дунёси устидан ғалаба қилиши мумкинлигини назарда тутади. Танҳоликда кечган сўнгги йилларимда мен Исо пандларини ва уларнинг нозил бўлиши сабабларини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Илинжим – улар орқали ўзимга ҳаётий йўл, ибрат, маслак топиш эди. Шубҳасиз, мен тақводорлик важидан, ё вақт ўтказишу, гуноҳларимга тавба қилиш, самовий марҳаматга эришиш учун такрор-такрор ўқиганим йўқ. Мен Исо пандларига ҳам бошқаларни қандай ўқисам – масалан, Гомер, Жон Донн, Уолт Уитмен ёки экклезиаст муаллифини – худди шундай ёндашдим. Тирғалмасдан, енгил ўқиб чиқдим. Бироқ улардан мен топган маъно унчалик ҳам чуқур эмас; ваъзлардаги моҳият, назаримда, бачкана, ўта жўн эди. Шаксиз, мендаги тасаввур миллионлаб одамларнинг бу ҳақдаги тасаввуридан фарқ қилмайди. Қолаверса, нимани кўрган, қандай ҳис қилган бўлсам, шуни тасвирлаяпманки, бунда ҳеч қандай қўшиб-чатиш ё муболаға мавжуд эмас.

Исо ҳаётининг моҳияти меникидан кўп карра аъло эканини англаган ҳолда айтишим керакки, мен унга эргашолмайман. Ёлғиз одам ҳамиша ном-нишонсиз, умидсиз, руҳан хароб; бу оламнинг яширин атоми кабидир – худди Иов, Everyman, Свифтдай. Мен ёлғиз одамни шундай тасаввур этаман ва шундай англайман. Исо муҳаббат таълимоти асосчиси бўлсада, биламанки, у ҳам худди биздай ёлғиз бўлган. Мен бу билан у биродарлик ва севги ғоясини олға суриб хато қилган демоқчи эмасман, у бутун умр ёлғизликда яшагани ва ёлғизликда ҳалок бўлганини айтмоқчиман. Миллионлаб одамлар унга мухлислик даъво қилса-да, барибир, таълимотига эргаша олишмайди. Мен ҳам Исонинг йўлини ўзимники деб қабул қилолмайман. Зеро, ҳаётнинг моҳияти муҳаббатда эмас, ёлғизликдадир. Ахир муҳаббат ўз мазмуни бўйича биз яшаётган дунё иқлимига мос тушмайди. У бир ноёб ва нозик гул. Гоҳ-гоҳ гул ифори бизни сармаст қилиб, умидимизни руҳлантиради, ёлғизликнинг қалин ва қора деворидан тирқиш ясаб, тор хонамизга бостириб кирадида, биродарона кайфиятга, якдиликка чорлайди. Гоҳида эса муҳаббатдан топганинг фақат озор ва азоб, оғриқ ва завол бўлади. Муҳаббат кўнгилни чилпарчин қилиб, охир-оқибат савдойига айлантириши ҳам ҳеч гапмас. Муҳаббат нима учун қалбимизга ташриф буюрмоқда – ҳаёт ё ўлим учунми, бахт ё бахтсизлик учунми?; нимани инъом этади – музаффарият ё маҳрумиятними – афсуски, ер юзидаги инсонларнинг ҳеч бири буни олдиндан айтиб беролмайди. Бироқ бир нарса аниқ: барчасининг якунида, мангу якунда биз чорасиз, беватан, бемакон ва бенаво кимсаларни муқаррар Ёлғизлик кутади. У содиқ дўст мисол ҳорғин ва хайрихоҳона қиёфаси билан бизга пешвоз чиқади.

Ва яна… вақт ўтиб ҳаммаси қайта такрорланади: ёлғизликда кечган кунлар мавҳ бўлади, беруҳ юзимизга яна ҳаёт нуқси қайтади, довдирлик қатъият билан жой алмашади. Ёшлик ишончини, эҳтирос ва иштиёқларини, вужудидаги талантни ўлимнинг ғамҳин руҳини асраш учун қурбон қилганлар – гарчи бунинг эвазига кўнгилнинг буткул вайронлигию, истеъдоднинг заволи билан қолганларига қарамасдан – ёлғизликнинг дардчил тунларида мутассил курашлар билан яна жўшқин ҳаёт руҳини умидсизлик қўлидан тортиб оладилар. Аввал нимага эга бўлган бўлсак, уларнинг бари яна ўзимизга қайтади. Кўз очиб қоп-қора атрофни эмас, чароғон шаҳарнинг кўзни қамаштирадиган нурларини кўрамиз. Тунлари пиёда сайр қилиб, кўприкдан ўтиб борарканмиз, кўз олдимизда ястаниб ётган нур оқими беихтиёр ақлимизни олади. Бу оқим эшилиб-буралиб ўзини ҳар кўйга соларкан, кўприк остидан улкан кемаларнинг дафъатан сескантирадиган чинқириғи эшитилади. Биз эса кўприк бўйлаб бораверамиз – сокин ва ёлғиз; беилтифот ҳамроҳ, ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган ва ҳар доим жим тинглайдиган содиқ дўст биз билан бирга. Ёлғизлик бизнинг мангу йўлдошимиздир. Мана, тингланг, ёлғизлик қасидаси:

“Ёлғизлик абадий, шу билан бирга ўткинчидир. Ай, доғули ўгажон! Сен бор экансан, мен нимадан қўрқаман?! Ай, тун ва зулматнинг боқий қиёфаси! Умрининг ярмини сен билан ўтказган, сўнгги кунигача фақат сенгагина иймон келтириб яшаган инсон қалбига нима ҳам ваҳм солсин?! Ай, ботирим! Кун-тунимнинг тутинган иниси! – биз сен билан не-не йўлларни кечмадик? Дарғазаб тун йўлларида югурган ҳам, қутурган денгиз бўйида кезган ҳам, оламнинг кашфсиз ерларигача бориб, Тун қитъаси узра санғиган, Ер сукутига жим қулоқ берган ҳам биз! Ўзинг айт, оғайни, шундай бўлгач биз билан сен ҳақиқатда довюрак ва ботир эмасмизми? Шон-шавкатга арзимаймизми? Ҳаётнинг бор қувонч ва бахтини, ғалабасини бирга бошдан кечирмадикми?! Наҳотки, сен мени тарк этсанг, наҳотки мен билан бирга қолмасанг?! ЙЎқ, оғажон, қайт! Узун тунларда яна йўқлаб кел мени! Зулматнинг доғули ва безабон қалби билан қалбимга ташриф буюр. Қайт дўстим, ўтган кунларнинг беқиёс кучини, сўнмас умидини, ҳузурбахш қувончини олиб кел! Ва яна оламни забт этишимизга етадиган ишончни ҳам! Қайт!!!”

Рус тилидан Тилланисо таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting