Аҳмет Умит                  

Cалимнинг жасади  икки кечадирки, гуллар орасида ётарди. Чалқанча  узалган, гулларнинг  ортиқча баргларини олиб ташлаш учун қўлланиладиган пичоқ юрагига санчилганди. Уни шанба куни ўлдирилганини англадик.  Қотил уни ўлдиргандан кейин эшикни қулфлаб чиққан бўлса керак. Дам олиш кунлари тугагунича гулчи бир кун шу аҳволда қолган, жасадини бу тонг дўконни очишга келган ёрдамчиси топган.

Фожиа тафсилотларини ўрганарканмиз, орқада бир тўполон кўтарилди. Ўртада бир кекса киши, «охири ўлдирдилар ўғлимни», дея бақириб, ичкарига киришга интиларди. Салимнинг отаси бўлса керак. Қарияни ичкарига қўймасликка уринган хизматчиларга уни ўз ҳолига қўйишларини айтдим. Ота бечора ичкарига кирар-кирмас  ўғлининг ўлимига куйиниб  йиғлашни бошлади. Чалғитиш учун сигарет  ёқиб тутдим. Бир неча нафас тортгандан кейин яна:

 – Ўғлимни ўлдирдилар! – дея бақирди.

 – Ким экан, ўғлингизга қасдлашганлар? – дея сўрадим.

Қариянинг хира кўзлари қаҳр билан ялтиради:

 – Ким бўларди? – деди. – Шу атрофдаги қандолатпаз Рамиз дейилувчи бир паст билан бармен Ориф.

 – Нега ўлдиришади ўғлингизни?

 – Бу дўкон шаҳар марказида, қандолатпаз Рамизнинг ҳам бу ердан илинжи бор, ижарачи бўлиб кириб, ўлгунича шу дўконда қолмоқчи. Аммо бунинг учун олдин бизни чиқариб юбориши керак.  Пул таклиф этди, қабул этмадик, менга таҳдид қилди, неча марта ўғлимнинг йўлидан чиқди. Охири бармен Ориф билан  бирлашиб, ўғлимни ўлдиришган.

 – Бармен Орифнинг  нима қизиқиши бор бу иш билан?

 – Бу Ориф дейилган ит, менинг ўғлимни қиморга аралаштирди. Ўғлим ҳам осон, ҳам кўп пул ишлаб оламан деб киришган ўйинга. Олдин бироз ютқазишган, сўнг ҳийла билан чув туширишган уни. Ориф қарзини қистаб қўймасди.  Рамиз иккисининг орасидан қил ўтмайди, Ориф ҳатто бир марта ўғлимга: «Агар дўкондан воз кечсанг қарзларингдан кечаман», дебди. Хуллас, бизни дўкондан чиқариш учун иттифоқ бўлиб курашишди ўғлим билан.

Кўзи ёшли кекса отани ўғлининг жасади бошида қолдириб, шеригим Али билан қандолатпаз Рамизнинг дўконига жўнадик. Қандолатпазнинг дўкони исловатхонанинг орқасидаги кўчадан жой эгаллаганди. Рамиз калбош, паст бўйли, тўладан келган  бир одам эди. Полициядан эканимизни билиб, бизга қўрқув билан қарарди.

 – Гулчи Салимни танийсанми? – деб сўрадим.

Рамизнинг қўпол юзида бироз йирик кўринувчи кўз қовоқлари асабий бир нотинчлик билан учиб қўйди.

 – Танисам, танимасам ҳам, менинг унинг ўлдирилишига ҳеч бир алоқам йўқ.

 – Сенга алоқанг бор дедикми? – терсланди Али. – Аммо, модомики мавзуни очдинг, айт, шанба куни кечаси қаерда эдинг?

 – Бўйингизга ўлай, бошлиғим,  –  дея минғирлади Рамиз. – Ишонинг, менинг бу ишда иштироким йўқ.

 – Бироқ  саволларимга жавоб беришинг керак, – дея кўтарилди Али. – Шанба кечаси қаерда эдинг?

Рамиз ютиниб, хотирлашга ҳаракат қилди.

 – Шанба… Шанба… Ҳа, эсладим. Шанбада Жингалак  Бадриянинг ёнида эдим.

 – Жингалак Бадрия ким?

Кўзларида ялтоқ бир ифода кезаркан:

 – Жингалак  Бадрия менинг дўстим, унинг ёнида эдим, ишонмасангиз ўзидан сўранг, қуйида ишлайди,  –  деди.

«Қуйи» дегани исловатхона.

 – Яхши,  –  дедим мен. – Бармен Орифни танийсанми?

 – Танийман, гоҳида кафесига кириб тураман.

 – Ориф иккингиз Салимга адоватда эмишсизлар? Унга таҳдид қилганмишсиз, «сени ўлдирамиз»  деганмишсизлар?

 – Умуман ёлғон. Бу Салим қўрқоқ бола. Қимор ўйнаб, қарзини бермасди. Ваъда берарди-ю, сўзида турмасди. Очиғини айтсам, дўконни менга бериши учун дов тикиб, ошиқ отдик, у ютқазди. Аммо дўконни бермади. Орифдан бир дунё пул қарз бўлган, бир чақасини бермаган.

 – Қимор ўйнаш таъқиқланганини билмайсанми? – дея дўқ урди Али.

Ялтоқи бир табассум кўринди Рамизнинг юпқа лабларида.

 – Қимор деганим ўзи  ўзаро кичик бир ўйин, бошлиқ,  –  дея минғирлади.

Бармоқ изининг олиниши, тушунтиришини тасдиқлаши учун Рамизни марказга жўнатгандан кейин Алини бармен Орифнинг олдига жўнатиб, ўзим исловатхонага йўл олдим. Кўчадаги соқчига кимлигимни айтиб, Жингалак  Бадриянинг манзилини сўрадим. Кўчанинг бошида экан. Жингалак  Бадриянинг уйи эшиги ҳам бошқаларники каби тирбанд эди. Ойнаванд эшикдан боққанимда кичик залга, интизор нигоҳларга даъваткор нигоҳлар отгувчи, бу билан ҳам кифояланмай  юзларига  шаҳвоний ифода бериб, кўкрак ва оёқларини кўз-кўзлаган ярим-яланғоч аёлларга кўзим тушди.

Ҳийла кекса бир аёл:

 – Бас, тақсирлар, бас, бу қадар термулишлар етади, энди ишрат вақти,  –  дея мижозларни дадиллантиришга тиришарди.

Мижозлар сафини ёриб ичкарига кирганимда  қирқ ёшлардаги, юзини обдон бежаган бир аёл: «Хўш, менинг султоним, кел, хонамизга чиқайлик», дея менга яқинлашди.

 – Кечирасиз, мен Жингалак Бадрияни излаяпман,  –  дедим мен.

Унинг юзи ҳасад билан буришди.

 – Жингалак  Бадрия бугун ишламайди. Сиз Ёрқин Жалила билан танишинг, пушаймон бўлмайсиз.

 – Менга Бадрия керак!

 – Қандай гап англамайдиган одамсан! Тушунаяпсанми, ишингни мен битириб бераман.

Қарасам гапга тушунадиган эмас, ўзимни танитдим.  Полициядан эканимни билиб хотиннинг ранги ўчди. Турган жойидан ортига тисарилди. Унинг ўрнини камида юз йигирма килолик бир хотин эгаллади:

 – Буюринг,  комиссарим,  –  деди хотин ҳурматни англатувчи хатти-ҳаракат билан. – Булар менинг қизларим. Нима учун сўраяпсиз Жингалак  Бадрияни?

 – Бир-иккита саволим бор, – дея гапни қисқа қилдим.

Шилқим мижозлардан эмаслигимни англаган хотин, бироз олдин мени йўлдан уришга ҳаракат қилган аёлга қараб:

 – Комиссарни Жингалакнинг хонасига олиб бор, Жалила,  –  деди.

Ёрқин  Жалила  бу вазифани истамаслиги авзойидан маълум эди, аммо қарши чиқмади. «Буюринг», дея олдимга тушди. Тор зинапоялардан иккинчи қаватга чиқдик. Йўлакнинг охиридаги хонада экан Жингалак Бадрия. Ёрқин Жалиладан энг камида ўн йилга ёш, жуда гулгун ва тийрак эди. Эшикни очиб, қаршисида мен билан Ёрқин Жалилани кўргач:

 – Бугун ишламаслигимни билмайсанми? – дея танбеҳ берди касбдошига. Ёш аёл ўзига касбдошининг ўз «ҳақини» беришини тушуна олмаётганди. Аммо Жалила паст келадиган хотин эмасди.

 – Биласиз,  –  деди у. – Бу киши мижоз эмас, комиссар. Бошинг балода, қизим. Сени сўроққа тутади.

Бадриянинг кўзларидаги нописандлик ўрнини нотинчлик эгаллади, аммо майдондан осонликча воз кечмади. Юзимга тик боқаркан:

 – Мендан нимани сўрайсан? – деди.

 – Қандолатпаз Рамиз шанба кечаси сенинг ёнингдамиди?

Афтидан ҳеч нимани тушунмай  жавоб берди:

 – Ҳа,  –  деди. – Тонгга қадар бирга эдик. Бу айбми?

 – Айб эмас, аммо ёлғон сўзласанг бошингга офат  келади. Ўртада бир қотиллик бор, бир инсон ўлдирилди.

У менга ишонмаган каби қаради:

 – Ким экан у ўлдирилган?

 – Гулчи Салим.

 – Гулчи Салимми? – дея тўхтаб қолди. Жалила қайтиб келди. Унга:  – У сенинг мижозинг  эмасми? – деди. – Раҳмим келаяпти у болага…

Мен қизиқсиниб Жалилага қарадим.  У қўрқиб кетган эди.

 – Қаердан меники бўларкан? – дея уришди ўртоғини. – Комиссарнинг олдида алай-балай гап қилма.

 – Нега энди? – деди Бадрия. – Ҳафтанинг ҳар етти кунида гул юбормаётганмиди сенга?

 – Вайсама, комиссар ҳам уни менинг дўстим деб ўйлайди.

 – Қандай қилиб бу гуллар масаласи? – дея сўрадим қизиқишим ортиб.

 – Ҳеч нима, комиссарим,  –  деди Ёрқин Жалила кўзини олиб қочиб . Сўнг қўшимча қилди:  –  Мақтанишга ўхшамасин-у, лекин менинг мижозларим кўп, ҳар куни гуллар жўнатишади. Гуллар Салимнинг дўконидан келади-да. Шуни айтаяпти бу хотин.

Бадрия гап отишдан чекинмади:

 – Гулларнинг Салимнинг дўконидан келгани тўғри, аммо уларни мижозларинг йўллаганми ёки бошқа бировми, бунисини  Аллоҳ билади.

 – Унинг гапларига эътибор берманг, комиссар,  –  деди Ёрқин Жалила. – Унга гуллар келмагани учун рашки келаяпти.

Аёлларнинг ғиди-бидисига аралашмадим, бу менинг вазифам эмасди. Қандолатпазнинг кўрсатмалари тўғри чиққани учун ортиқ бу ерда турмай, кетишни лозим топдим. Исловатхонадан чиқиб марказга бордим.  Қотиллик жойида бўлган далиллар лабораторияга юборилган, ҳаракатлар бошланганди. Илк натижа – пичоқдаги бармоқ излари билан қандолатпаз Рамизникига тўғри келмагани бўлди. Али ҳам кўп ҳаялламай келди.

 – Бармен Орифни олиб келдим,  –  деди. – Шанба туни уйда бўлганини айтди. Аммо гувоҳ бўладиган одами йўқ. Вазиятни шубҳали топиб, олиб келавердим.

 – Яхши қилибсан, мен ҳам бир субҳатлашай шу ўртоқ билан.

Бармен Ориф, қандолатпаз Рамизнинг тескариси,  ушоқ гавдали, қалин ва қизил сочлари бор эди.

 – Салимни нега ўлдирдинг? – деб сўрадим ундан.

Юзлари кўкарди-оқарди:

 – Нега Салимни ўлдирарканман?

 – Тўхтат эртак айтишни,  –  дея сўзини кесдим. – Қандолатпаз Рамиз ҳаммасини айтиб берди. Салимнинг сендан қарзи бор экан, пулни беравермагач…

 – Ёлғон! Мен қотилликка қўл уролмайман. Рамиз нега бундай деди, билмайман, аммо Аллоҳ ва Қуръон урсинки, мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ!

 – Яхши, бўлмаса бу қарз  машмашаси нимаси? – дея Али ҳам сўроққа қўшилди.

 – Қарз деганингиз етти юз-саккиз юз миллион пул. Бунинг учун одам ўлдириладими? Ҳам Салимдан англашимча, фоҳишахонадаги бир аёлдан олди-бердиси бўлган, бу ҳафта узилиши керак экан қарзини.

 – Балки,  –  дея менга юзланди Али. – Салимни Рамиз ўлдиргандир, комиссар? Айбни эса бу кишининг устига ағдараяпти.

Ориф умид билан бир менга, бир Алига боқди.

 – Одамнинг гуноҳини айтиш яхшимас, аммо Рамиз у дўконни жуда истаяпти-да,  –  дея ғудранди. Балки ўзини халос этиш учун ўртоғини сотганди у. Али  унинг елкаларидан тутиб, кўзларининг тубига боқди:

 – Балки сени бу ишдан халос этармиз,  –  деди. Товуши анча юмшаганди. – Аммо бизга далил керак. Сен Рамизнинг оғзидан «Салимни ўлдираман» қабилидаги гапларни эшитганмисин?

 – Йўқ, сездим. Аммо…

 – Аммо?..

 – Салимни дўкондан чиқариш учун ҳар усулни қўллаганди Рамиз. Ҳатто бир марта дўконнинг эшиги тирқишидан таҳдидли хатлар ташлаганди. Салим у хатларни яшириб қўйганини менга айтувди. Балки уларни топгандирсиз? Аммо қандай исбот этасиз Рамиз ёзганини?

 – Буниси писанд эмас,  –  дедик.  –   Фақат Салим хатларни ташлаб юбормаган бўлсин.

Гулчи дўконида Салимнинг отаси  хонани йиғишга киришаётганди. Мақсадимизни англагач бизга кўмаклаша бошлади. Столнинг тортмаларига, орқадаги кичик қутига қарадик, ҳисобот дафтаридан бошқа нарса тополмадик. Ориф айтган хатлардан асар йўқ эди. Балки қотил уларни ҳам ўзи билан олиб кетгандир. Столда турган дафтарни варақларканман, саҳифаларнинг бири ҳошиясида Ёрқин Жалила  исмини ўқидим. Хотин саккиз юз миллион қарздор экан. Нима қарз экан бу деб қизиқиш билан  текшириб, аёлга ҳар куни гуллар жўнатилганидан воқиф бўлдим. Миям ғовлаганди, Жингалак Бадриянинг  «гулларнинг Салимнинг дўконидан келгани тўғри, аммо уларни мижозларинг йўллаганми ёки бошқа бировми, бунисини  Аллоҳ билади», деган сўзлари қулоқларимда акс-садоланди. Аёл ҳар куни ўзига ўзи гул юбортирган эди. Шу онда, Жалиланинг полициядан эканимни эшитиши билан қандай ҳадикка тушганини ҳам эсладим.

 – Кетдик, исловатхонага борамиз,  –  дедим Алига. Ёрдамчим нима демоқчилигимни англатмаган юзимга боқди, аммо мени изланишдан  ҳам тўхтатмади.

Мени яна қаршисида кўрган Ёрқин Жалиланинг ранги бўз каби бўлди, аммо ўзини йиғиштириб:

 – Яна Жингалак Бадрияни кўрмоқчимисиз? – дея сўради.

 – Йўқ,  –  дедим. – Бу сафар сенинг ишинг билан келдим.

Қуюқ бўёқли кўзлари қўрқув билан пирпиради.

 – Устингга тузукроқ кийин, гаплашайлик.

 – Кийинишнинг кераги йўқ, бу менинг иш формам. Нима сўрасангиз сўранг.

 – Хилватроқ  жой йўқми, шунча одамнинг орасида гаплашамизми?

 – Шу ерда ҳам гаплашаверамиз,  –  дея тик қаради.

 – Аммо,  –  дедим яқин келиб. – Ўртоқларингнинг гулларни ким юборганини билишларини истамассан?

Юзидаги сурбет ифода ўзгарди, товуши титраб:

 – Тамом,  –  деди.  –  Келинг, юқорига чиқайлик.

Жалила мижозларни қабул қиладиган хонага киргач:

 – Сени Салимни ўлдиришда айблаймиз,  –  дедим. Рад этишга тараддудланганди:  –   Йўқ ердан ёлғон чиқарма,  – дея шаштидан қайтардим. – Пичоқдан бармоқ изларингни топдик.

Режам иш берганди. Инкор этмади, бармоқ изларим сизда йўқ, қандай аниқладингиз деб сўрамади ҳатто. Қўлларини кўкракларида чалиштириб юзимга  қаради. Қаҳр билан, кин билан эмас, ўзига ишонган бир авзо билан боқди. Бу эзилган, хўрланган аёлнинг кўзларидаги куч мени чўчитди.  У нима учун ҳибсга олинаётганини тушунтиришимизни сўради.

 – Чунки сиз ундан гул пули қарзсиз, лекин тўламагансиз, саккиз юз миллион учун уни ўлдиргансиз.

У аччиқ кулди:

 – Уни пул учун ўлдирмадим,  –  деди.  –  Пул учун одам ўлдирмайман мен. Танимни сотаман, аммо пул учун жонга қасдланмайман. Салим обрўйим билан ўйнашишга тушди. Қарзимни икки ҳиссага чиқариб, тўламасанг гулларни ўзингга юбортирганингни исловатхонага ёяман, деди. Шанба туни у билан суҳбатлашгани бордим. «Бундай қилма,  –  дедим. – Мен кексайдим, мижозларим аввалгидай кўп эмас, менга вақт бер, гулларнинг пулини узаман». У қулоқ солмади, унинг ҳам қарзи бор экан.  «Сен бошқасидан ол, бўлмаса банкдан қарз ол», деди. «Бундай қила олмайман», дедим. Аҳамият бермади. «Менга макрларинг ўтмайди, сени бутун ўртоқларингга шарманда қиламан», деди. Мен ҳам  столнинг устидан пичоқни олиб юрагига санчдим…

Туркчадан Ирода Умарова таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting