эссе

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларини кўп эслайман. Машаққатларга тўла уқубатли йиллар эди. Мустақилликнинг илк даври одамлар бошига ҳақиқий қалтис синовни солган, кенг кўламли бозор иқтисодиётига ўтишнинг илк босқичи уларнинг дунёқараши тугул, ҳаётини остин-устун қилиб юборганди. Ўша пайтдаги кўп нарсаларни, айниқса қишнинг изғиринли кунларида  тонг саҳардан бошлаб пешингача давом этадиган нон дўконларидаги турнақатор навбатларни унутиб бўлмайди. Бу шахсан мени ҳалиям тушларимга кириб чиқади.

Тонг ўша кезлари мен учун росаям эрта отарди. Ташқари ғира-шира бўлиши билан онам синглим иккимизни туртиб, ширин уйқудан уйғотар, бизга тезда чой дамлаб нонушта тайёрлар, сўнг қўлимизга зарур миқдордаги сўм-купонни тутқазарди. Иссиқ кийимларни кийиб олгач, ака-сингил уйқусираб нон дўкони томон йўл олардик. Мен олдинда, синглим орқада. Гупиллатиб ёғаётган қорни ғарч-ғурч эзганча, бошимизни эгиб, кайфиятимиз батамом тушиб… Йўлнинг ярмида совуқ туфайли уйқумиз бутунлай ўчиб, дарҳол ўзимизга келар,  лекин нон дўконигача оғзимизга талқон солгандек индамай кетардик.

Дўкондаги навбатда турган одамларни кўриб юрагим орқасига тортиб кетарди. Навбат икки томонлама-ўнг ва чапдан бошланиб, узундан узун бўларди. Гўё шаҳар аҳолиси ёппасига дўкон атрофига кўчиб келгандек, тасаввуримда бир қур бу ерда қандайдир митинг бўлаётгандек таассурот уйғонар, нон тегармикин бизга ҳам деган безовта ўйдан сиқилиб, ҳўнграб йиғлаб юборгим келарди. Худди Виктор Гюгонинг “Тўксон учинчи йил” романида тасвирланганидек нон учун навбатнинг кети кўринмас, у машиналар юрадиган катта йўлгача чўзилган бўлар, навбатда турганларнинг ичида етти ёшдан етмиш ёшгача барчани — қўлидаги одеколондан хўплаб афтини бужмайтирган ёлғиз рус кампирларини, орден таққан уруш фахрийларини, бўйинбоғли мактаб ўқитувчиларни, лақма ва сергап хотин-халажни, нима учун бу ерга келганини билмай анграйиб, онасининг этагидан тутиб турган етти-саккиз ёшдаги болакайларни учратиш мумкин эди.

Мен жимгина навбатга кўшилардим. Ортимдан синглим ҳам. Навбат узунлигидан бизнинг навбатимиз аниқ тушликкача келмасди. Агар келса хурсанд бўлганимиздан дўппимизни осмонга отардик. Агар келмаса, тушликдан сўнг бошланадиган мактабдаги дарсларимиз қолиб кетарди. Энг ёмони кўпинча навбатда турганларнинг аксар қисмига нон етмай қолар, қўлидаги пулини ғижимлаганча ўша одамлар ноумид ҳолда уй-уйларига тарқалишарди. Башарти етган тақдирда ҳам бир кишига икки буханкадан ортиқ нон берилмас, шунга кўпчилик битта ўзи эмас, боласи ёки бирор яқинини эргаштириб чиқарди.

Катталарни билмадим-у , лекин навбатда бир неча соат қисилиб туриш болалар ва ўсмирлар учун азобнинг ўзгинаси эди. Бундай дамларда олди ва орқангдаги катталар ҳавони тўсиб турар, бошингни кўтарсанг уларнинг кенг елкалари ва ҳиссиз башараларига дуч келардинг, шунда тоза ҳаво етмаётгандек нафасинг бўғилиб- бўғилиб кетарди. Икки буханка нон олиш учун бундан ортиқ даҳмаза йўқ эди ўшанда мен учун. Бунинг устига совуқ баданимни бетиним савалар, осмондан ёғилаётган қор учқунлари бир пасда бош кийимимни хўл қилиб, юзимга шашт билан урилар, натижада сира кўз очтиргани қўймасди. Оёғимдан совуқ ўтиб, товони тешик қўнжили этигимдан сув сизиб киришни бошлар, айнан ўша этигимни иккинчи этигимнинг устига қўйиб, ноқулай бир алфозда турардим. Синглим кўп ўтмай йиғлар, “уйга кетайлик баданимга совуқ ўтиб кетди”, деб хархаша қиларди. Мен уни алдаб-сулдаб навбатда олиб ўтирар, гоҳида қандай тинчитишимни билмай унга шеър ўқиб берардим:

Дераза ортида кезинмас шамол,
Ичкарида эса шамларим ўчди.
Кимдир кириб келди бесас, бемаҳал
Менга яқинлашди, елкамдан қучди.

Қайрилиб қарадим. Фақат осмонга
Шундай тикиламан руҳимда титроқ.
Бурилиб боқади у мен томонга,
Олисдан кўринар вазмин ва қувноқ.

На рўё, на туман эди у дилбар,
Нени англамадим, ё англаб етдим.
У ёнимга келди атай бу сафар  —
Ўшал сирларимиз шивирлаб кетди…
*

-Ака шеър кимники?- дерди у шеърни тинглаб бўлгач, бир пайт тинчланиб.

-Рус шоир Блокники,- дердим унга ўзимни билимдон кўрсатиб.

-Уни қаердан топиб ёдладингиз?- сўрарди у бир оз ўтиб.

-Дадамнинг “ Шарқ юлдузи” журналлари ичидан.

-Уни худди сиз каби ёдласам, майлими?

-Ёдлай олмайсан. Мен зўрға ёдлаганман-ку!

Аммо у қайсарлик қилиб, бошини эгиб ва кўзларини юмиб шеърни ёдлашга киришарди. Менинг вазифам худди суфлёрдек ҳар бир тўртликни қайта-қайта ўқиб, такрорлаб туриш эди. Шу тарзда мен вақтни ўлдирар, синглимни бешафқат борлиқдан оний фурсат чалғитиб, шеъриятнинг руҳга таскин-тасаллини дариғ тутмай берадиган гўзал оламига қўлидан тутиб олиб кирардим. Навбатимиз келгунча, у саккиз ёки ўн икки қатордан иборат бўлган шеърни ёдлашга улгурар, омадимиз келса икки буханкадан тўртта нонни қўлтиғимизга қистириб, уйга қайтарканмиз, энди мен эмас, у Блокни йўл бўйи ўқиб кетарди.

-Адашмадим-а бу сафар?- дерди  йўлда қорни очиб кетиб нонларнинг биридан бир бурда тишларкан.

-Бу сафар адашмадинг,- дердим мен ҳам қўлимдаги ноннинг четидан ютоқиб тишлаб.- Хотирангга қойил!

Уйга келгач, онам тушликка тайёрлаган ва бизнинг севимли таомимиз бўлган гўштсиз карам шўрвага нон тўрғаб ичаркан, синглим шеърлар дафтарига ёдлаган шеърини чиройли хуснихати билан кўчириб ёзарди. Мен бўлсам товонидан сув ўтиб, ичи шилимшиқ бўлиб кетган этигимни ечиб, уни ва қизариб кетган оёқларимни печга тутиб иситарканман, шўрвага дарров қўл теккизмас, негадир анчагача Блокка ич-ичимдан миннатдорчилик билдириб ўтирардим.

Блок ўша пайтларда чиндан қадрдонимга, дардкашимга, биродаримга, йўлбошчимга айланганди. Мен болаларча унга талпинар, мушкул вазиятдан гўё у орқали чиқиб кетганимга иймон келтириб унинг номини зикр қилишни канда қилмасдим. Зеро, ўшанда мен учун уддалаб бўлмас топшириқ-нон учун навбатда турган синглимни овутиш, совқотганига қарамай уни чалғитиш ва унинг ёрдамида оиламиз учун керак бўлган тўрт буханка нонни эсон-омон қўлга киритиш эди. Блок бу борада менга ўз шеърлари билан катта ва беминнат ёрдам берарди. Унинг покиза инсоний туйғулар тараннум этилган шеърлари ёрдамида синглимни совуқдан  ҳар сафар осонгина чалғитар, унга ўша шеърларни ёдлатар, ўзимни эса эртанги порлоқ кунга — нонга бунчалик даҳшатли навбатда турмай ҳам эгалик қилишим мумкинлигига  ишонтирардим.

Қишнинг узоқ кечаларида ҳар гал сандалга оёғимни тиқиб ўтириб, отам обуна бўлган “Шарқ юлдузи” журналининг эски сонларини титкилаб чиқардим. Блокнинг у ерда берилган шеърларини синглимга ёдлатиш учун ўзим биринчи бўлиб ёдлар, шу тарзда кўпинча пинакка кетмай ярим кечагача бошимни қофия ва вазнлардан иборат бўлган шеърлардан кўтармай, шеъриятнинг сеҳрли оламида хаёлан санқиб юрардим. Унга шунчалик берилиб кетганимдан, мактабдаги фанлардан берилган уй вазифалари бир четда қолиб кетар, уларни ўз ичига олган дафтарларимни варақлаб ҳам қўймасдим. Боиси, эрталаб онам яна мени уйғотишини билардим. Онам тонг отиб улгурмай доимгидек мени уйғотиб, ихтиёримга синглимни қўшиб нон дўконига юборарди. У ерда эса синглимни фақат Блокнинг шеърлари билан ушлаб туришим мумкин эди, холос.   

Бу гўзал шеърлар Блокнинг “Латофатли хоним ҳақидаги битиклар” туркумига мансуб эканини катта бўлиб, вояга етгачгина билдим. Аниқроғи талабалик пайтимда шоир бу шеърларида болаликда яқин дўсти бўлган, кейинчалик рафиқасига айланган Любовь Менделеевага бўлган туйғулари ва кечинмаларини ифодалагани хусусидаги маълумотга эга бўлдим. Ўша туркумни қисқа вақтда бошидан охиригача аслиятда ўқиб чиқдим. Ўсмирлигимнинг бир бўлагига айланган шеърлар аслиятда янаям бошқача таъсир қилди менга ва ўтмиш хотиралари оғушида уларни бирма-бир ҳатм қиларканман , ўзимни яна ўша даврга бориб қолгандек ҳис қилдим.  

Рус тилини пухта ўргангач ва адабий дидим шакллангач, Блокка муҳаббатим кучлилигидан, қизиқишим устунлигидан унинг бошқа шеърларини, драмаларини, ҳатто мактубларини мутолаасига керагидан кўп вақтимни ажратдим. Таржимаи ҳолини ҳам ўқидим. Уни яқиндан билганим сари негадир унга боғланиш ўрнига бир муддат узоқлашдим. Менга салбий таъсир қилган нарса шу бўлдики,  ўсмирлигимда ёд олган унинг шеърларидаги покиза туйғулар гўё сатрларда қолиб, шоир ҳаётига кўчмаганди. Назаримда, шундай эди. Ўша бетакрор туркумдаги шеърларнинг ҳеч бир сатридаги улуғланган бокираликни ёки пок муҳаббатни Блок ва Менделееванинг биргаликда кечирган ҳаётини ўқиш-ўрганиш асносида учратмадим.

Унинг қайси таржимаи ҳолини, у ҳақидаги исталган замондоши хотирасини ўқимай, Блок ҳаётда енгилтак ва бир ҳавойи эркак бўлганининг тавсифига гувоҳ бўлардим. Шоир Москвадаги драма театрларининг актрисалари билан кўнгилхушлик қилиб, дон олишиб, Дон Жуанга ўхшаб уларнинг кўнглини овларди. Волохова ва Веригина каби истеъдодсиз актрисалар унинг энг ажралмас жазманлари эди. Шунингдек, шоир адабиётга алоқаси бўлмаган  кўчадаги дуч келган аёл билан осонгина тил топишиб, уни етаклаб исқирт тўшаккача дадил борарди. Менделеева ҳам ундан қолишмас, Андрей Белыйга ўхшаш фақат оқ шеър ёзадиган ўртамиёна шоирлар ва театр актёрларига ноз-карашма улашиб, улар билан ҳаминқадар яқин алоқада бўларди. Шеъриятга таъриф-у тавсифи кўчган латофатли  аёл ҳам, уни  мадҳ этган шоир ҳам маънавий жиҳатдан ўша машҳур туркумдан  анча йироқда, таъбир жоиз бўлса бир мунча пастда — оёқ остида эдилар.

Блок ҳақида кўп маълумотга эга бўлгач, дастлаб унинг янги қиёфасига  (балки асл қиёфасидир) ўзимда кўникма ҳосил қилишим қийин кечди. Мабодо унинг ўрнида Цветаева ёки бошқаси бўлганида киприк қоқмай, кўзимни чирт юмиб, ундан дарров воз кечиб юборардим. Бир неча марта шундай қилгандим. Ўз пайтида Достоевский, Верешчагин, Цветаева, Киплингларнинг шахсиятидан  кўнглим тўлмай, улардан иккиланишларсиз воз кечган ва бунга сира афсусланмагандим. Блок билан ҳам шундай бўлади деб ўйладим. Лекин, ундан негадир воз кечолмадим. Гарчи уни ёлғончилик, иккиюзламачилик ва даъюсликда (Любовь Менделеева битта актёрдан ҳомиладор бўлганини у хотиржам туриб эшитгани алам қилганди) бутун вужудим қақшаб, асабийлашиб, дод деб юборгудек бўлиб айблаган бўлсам-да, ундан юз ўгиришимнинг иложи бўлмади. Менга унинг ишқий зафарлари, арзон ишратлари, ўзини даъюсдек тутиши ҳақида ўқиш чидаб бўлмас даражада оғир кечган бўлса-да, уни барибир кечирдим.

Негаки, унинг ёлғонлари (эндиликда шундай) ниҳоятда залворли ўтган ўсмирлигимни, синглимнинг болалигини талатўплар ва олатасирларга маҳкум этилган ўтиш даврининг темир панжаларида букилиб, синиб, майиблашиб, хароб бўлишидан асраб-авайлаганди. Негаки унинг ёлғонлари менга эртанги кунга ишонч бахш этган, ўғирланган ширин уйқуларим қийматини билинтирмаган, синглимни бўлса шеър дафтарлари ва мурғак юрагидан ўрин олиб, ҳаётнинг рангсиз манзараларидан уни оз-моз чалғитиб, ўзининг беғубор оламида вақти-вақти билан хотиржам яшашига туртки бўлганди. Шунинг учун ундан юз ўгиролмадим, кечиришга ўзимда куч топа билдим.

Ҳозир ҳам бот-бот Блокдан аччиғим чиқади. Шунга қарамай уни ўқишда давом этаман. Вақт топганимда доим уни варақлайман. Чунки уни мутолаа қилсам, хотирам ишга тушиб, йигирма йил нарида қолиб кетган ўсмирлигим кўз олдимда аниқ-тиниқ гавдаланади. Кейин унинг ёлғонлари ёрдамида ўзлари мансуб бўлган даврнинг бутун совуқ нафасини, қўрқинчли кўланкасини, скелетдан фарқ қилмаган панжаларини бир зумга унутган иккита ўсмирнинг суҳбати қулоғим остида жонланади:

-Ака, шеър кимники?

-Рус шоири Блокники.

-Уни мен ҳам ёдласам майлими?…

*Шеър Ойгул Суюндиқова таржимасида берилди.

2020 йил, июнь. Фарғона

Шерзод Ортиқов.

1 izoh

  1. Sherzod Ortiqovning esselarini iloji boricha qoldirmasdan o’qib boraman. Tarjimalarini ham yaqinda o’qib chiqdim. Ajoyib. Ba’zida o’quvchi bo’lish ham insonni zavqlantiradi. Sherzod Ortiqovning kitobi nashr etilsa, ularning barcha esselarini, hikoya va tarjimalarini oq qog’ozda o’qish orzuyim. Sizdan roman va qissalar ham kutib qolamiz.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting