Болалик. Митти ҳикоялар.

0
1021

Янги дада

Отаси ўлиб сағир қолди болакай. Онаси йиғлаб-йиғлаб бошқага турмушга чиқди. Бола янги дадасидан хавфсиради. “Ўгай дадалар ёмон бўлади”, дейишганди ўртоқлари. Уни бағрига тортмоқчи бўлган амакини силтаб қочиб қолди. Ертўлага кириб олиб ўз дадасини эслаб кўз ёш тўкди.

—Нега йиғлаяпсан? -уни яширинган жойидан топиб олди янги дадаси.

—Дадамни соғиндим…

—Мен ҳам жуда соғиндим, -унинг елкасини силади янги дада, -отам ўлганида роса йиғлаганман. Ҳалиям қумсайман.

—Сизнинг ҳам дадангиз йўқми? -унга ҳайрон бўлиб боқди бола.

—Ҳа… сен каби ёлғизман, болам. Дўст бўласанми мен билан? -кўзлари намланди янги даданинг.

—Бўламан… -у узатган қўлларни тутди бола.

Ҳамдардлар ҳар куни ачомлашиб бирга ухлайдиган бўлишди.

Нодирабегим

Қариялар уйи

—Мирвосид, болаларни қара, ота-оналари қўлидан тутиб дунёга подшодай ҳис этишади-я ўзларини. Улар ҳозир қандай беғубор, беғам. Аммо ким ҳам ўйлайди дейсан, биз кўриб турган беғубор болалардан бири отаси ёки онасини шу темир дарвоза томон бошлаб келишини. Бола бўлиб қолгинг келади-а, нима дединг!
—Йўқ!
—Тушунмадим, наҳот болалигингга қайтишни хоҳламасанг?
—Йўқ! Ўз болалигимга эмас, болаларимнинг болалигига қайтишни истайман! Балки ана ўшанда ҳаммаси бошқача бўларди. Кўчага эмас уйга, болаларимга кўпроқ меҳр эътибор берганимда, ҳозир кўчада эмас, уйда бўлармидим…

Аржумандбегим

Она меҳри

Етти яшар пайтимда оиламиз билан Хивага боргандик. Музейларни ва осмонўпар минораларни кўриб кўзим қувнарди.
Беихтиёр кимгадир туртилдиму йиқилиб тушдим.
Ўрнимдан туриб устимни қоққунимча ойим ва дадам узоқлашиб кетибди.
Уларни излай бошладим. Кейин ойи деб югурдим. Уларга ахири етганимда у аёл бошқа бўлиб чиқди.
Бўғзимга нимадир тиқилдию йиғлаб юбордим.
Ҳамма нигоҳлардан ойимни қидирардим.
Шу пайт ойим югуриб келдилару, мени маҳкам қучоқлаб йиғлардилар.

Ўғилжон Тохирова

Варракдаги болалик

  -Кел, варрагингни битта учирайлик? — чуғурлашди эски кийимли ўртоқлар.

  -Ҳооо. Бузиб қўясиз. Қочинг! — жеркиди қиз.

  -Қўяверинг, уни ўйинга қўшмаймиз. Ўзимиз ясаймиз варракни. Кетдик!-деди ўғил болалардан бири. Ярим соатда тўртта қўлбола варрак тайёр бўлиб, боғни чуғурлаш босиб кетди. Қимматбаҳо варраги билан ёлғиз қолган қиз қўл силтаб кетди…

  Орадан йигирма йил ўтиб, варрак учган боғлар аеропортга айланди, танноз хоним эса сафарга чоғланди. Авиачипта нархи яхшигина қиммат бўлган тайёрага чиқар экан, нигоҳи тўртта башанг кийинган жанобга тушди. Нечукдир таниш. Стюардессани чақиришга мажбур бўлди:

  -Кечирасиз, анави жаноблар ким бўлади. Жуда кўзга яқин.

  -О хоним, биласизми бу табиий. Улар ҳақида телевидение бонг урмоқда. Улар «Тўрт қанот» авиакомпанияси раҳбарлари. Сиз учаётган манави «Варрак-07 » лайнери лойиҳаси ҳам уларга тегишли.

  Парвоз олдидан бояги стюардесса келиб уни бизнес классда училишини айтганда, англашмовчилик деб ўйлади. Йўқ, компания раҳбари совға қилибди.

  Икки соатлик парвозда махсус бўлим бўлишига қарамай игна устида ўтиргандай тўлғаниб чиқди.

  Қўлбола варраклардан болалик осмондан тушмаган эди ҳали…

Отабек Бакиров

Саҳна

Ёз фасли кунларни чунон қиздирди. Кўчага чиқиб бўлмайди. Янги спектаклга тайёргарлик кўришим керак. Умуман олганда ижара уйда турганимиз учун уйимиз бир хона, холос. Тўғриси, болаларга ҳам таътил вақти. Ҳеч бир жой топа олмайман. Кейин бирдан хаёлимга антиқа фикр келди.

Қаҳрамонимни бошқасига алиштиришларини сўраб олсамчи, дедим ўзимга ўзим. Шундай ҳам қилдим.

Мен болажон қаҳрамонни гавдалантиришим керак эди.

Уйга ўйинчоқларни сочиб ташладим. Аёлимни қўлига китоб тутқаздим-да, «Сен бизга воқеани айтиб турасан» дедим.

Тўғриси, биз шунчалик ўйинга берилиб кетибмиз, ҳатто спектакл саҳнасига анча янги нарсалар қўшиш мумкин экан.

Аёлим менга қараб, «Шунақа саҳналар сизга анча ярашаркан, шу спектаклни бир умр саҳналаштиришда қатнашгим келди» дея кўзларини сузиб қўйди.

Нуриддин Зиё

ПОЕЗД

— Дадаси, ишга кечикасиз. Поезд кетиб қолади.

— Шошма, бироз ўйнай болаларим билан. Вақти келиб қўмсаганимизда поезд кетиб бўлган бўлади.

Аслиддин Мустафо

Чорлов

У ўша лаънат теккан жойга ҳар келганида болалари эсига тушади. Улар шу бехосият  кўл атрофида ўйнашни,  кемалар ясаб, сувга оқизишни жуда яхши кўришарди. Кўл эса унинг фаришталарини  тортиб олди. Ҳар доим соҳилга келса,  уларнинг овозини, қийқириб кулаётганини эшитгандай бўлади.

— Дадаси, болалар мени чақиряпти.

Аёлининг ваҳимали овози хаёлларини тарқатиб юборди.

— Мен бормасам бўлмайди, илтимос,  мени қўйиб юборинг! — аёли унинг қучоғидан қутулишга уринар, илтижоли кўзларини унга тикар, нуқул бир гапни такрорларди. — Илтимос,  мени қўйиб юборинг. Бир марта кўриб келай.

Байрам ОҒА

Аламли нигоҳ

Меҳрибонлик уйи. Ҳамма болалар ўйин билан банд. Фақат у бундан мустасно. У ҳар доим меҳрибонлик уйи дарвозасига мунғайиб қараб ўтиради. Ҳомийлардан, давлат бютжетидан улашилган совғаларга ҳам эътиборсиз қарар, ва керак бўлса ўз совғасини ҳам бировга тортиқ қилиб юборар эди.

— Сенга совға ёқмадими, деди янги келган тарбиячи, меҳрибонлик билан.

— Йўқ, бундай ширинликлар мени қизиқтирмайди.

— Ҳар доим ҳардамхаёл юрасан. Онангни соғинасанми?

-…

— Уни кўришни хоҳлайсанми?

— Ҳа. Уни бир марта кўрсам эди. Армоним йўқ эди.

— Ростан-а?  Менимча, у ҳам сени соғинса керак. Ахир сен жуда ажойиб боласан. Эҳтимол сени олиб кетишга ҳозирча имконияти йўқдир.

— Катта бўлсам албатта уни қидириб топаман.

— Бунга шубҳа йўқ, жоним. Агар онангни топсанг, унга нима деган бўлардинг. Қучоқлаб йиғлармидинг?

-…

— Унга айтадиган гапларинг кўп бўлса керак-а?

— Ҳа. Мени нимага ташлаб кетгансиз, деб сўрардим.

— Кейинчи, онанг билан бирга яшармидинг?

— Йўқ!

Лобар Хайруллаева

         Болалик қувончи

Феруза жуда хурсанд бўлди. Қувончдан юрагига шодлик тўлиб, сакрай бошлади. Доим иш билан банд бўладиган отасини кўпинча кутиб-кутиб ухлаб қолар, эрталаб турганида адажониси яна ишга кетиб қолган бўларди. Отаси уйда бўлса унга эртаклар айтиб беради, одатда бу эртакларнинг қаҳрамони Ферузанинг ўзи бўлади. Энди бу қувончли хабарни дугоналари Моҳира билан Зуҳра айтиши керак. У югуриб кўчага чиқди, дугоналарига яқинлашаркан нафаси тиқилиб суюнчи олди:
—Мани адам энди бир ҳафта уйда бўладилар. Радикулит бўлиб қолдилар…

Феруза Салхўжаева

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting