Менинг укам

0
1011

                                                                  Муаллиф: Пак Ин Шик

Укам Темурга.

 Таржимондан

Яна баҳор келди. Ёмғирли кунлар бошланди. Тонг ҳам отибди. Баргларнинг шитирлашидан уйғониб кетдим. Деразадан қарасам, ёмғир ёғяпти. Кўзимга ёш келди. Бундан ўн йил аввалги ҳаётимдаги унутилмас воқеа кўз олдимга келди.

Мактабдан чиққан эдим ҳамки, тўсатдан осмонни қора булут қоплади. Чақмоқ чақиб ёмғир ёға бошлади. Самога тикилдим-да, бўғзимга йиғи тиқилди. Бундан бир йил олдин ёмғирли кунларнинг бирида дадам билан онам автоҳалокатга учрашганди. Мактаб дарвозаси ёнида соябон тутган онам кўз олдимга келди-ю, кўз ёшимни ичимга ютдим. Бунда ёмғирнинг нима айби бор? Аксига жуда енгил кийинган эканман. Ҳеч қанча юрмасимдан оёқ кийимим сувга бўкди. Бир пайт синфдошим ортимдан югуриб келиб “соябонинг йўқми? Юр, бирга кетамиз”, деди. Хурсанд бўлиб кетдим. Бекатгача у билан бирга етиб олсам ҳам катта гап.

У билан суҳбатлашиб автобус бекатига қандай етиб келганимизни билмай қолибман. Дўстим Дуг менга ҳавотирланиб қараб “бу ёғига қандай етиб оласан. Мен бир амаллайман, соябонимни олиб кета қол” деди. Унга жавоб беришга эндигина оғиз жуфтлаган эдим, не кўз билан қарасам, бекатнинг олдида укам соябон ушлаб турарди. Дарси эртароқ тугаган укам кийимлари шалаббо бўлса-да уйга бориб соябон олиб келибди. Опа-ука елкамизни елкамизга босганча анҳор бўйлаб уйга қайтдик. Ёмғирдан унинг суви  янаям кўпайганди.

Кўприкни сув оқизиб кетибди. Ваҳима босди. Қўрқиб кетганимдан не қиларимни билмай қолдим. Туфлимнинг ичи сувга тўлиб кетганидан зўрға келаётгандим. Шу дам укам “Опа, тўхтанг. Ҳеч ҳам хавотирга тушманг. Аввало, мана бу оёқ кийимни кийиб олинг” деб менга пойабзалини ечиб берди.

— Ундай қила кўрма! Ахир ўзинг-чи? Мен каттаман ва масалани ечиш менинг бурчим, — дедим.

У эса мийиғида кулганча, бу ерда мен эркакман ва бутун оғирликни зиммамга олишим керак, деди.

 Унга қараб йиғлагим келди. Қачон улғаяқолдинг. Ота-онасизлик сени болаликдан жудо қилди. Аммо сўзларни овоз чиқариб айта олмадим. Укам оёқ кийимини ечиб берди. Ўзи эса мени опичлаб анҳор кечиб ўта бошлади. Мен эса унсиз йиғлардим. У ҳам. Лекин мени овутиш учун “опа, бироз тўлишибсизми дейман. Ўтган йилгидан оғирроқсиз” дейди ҳазиллашиб. Мен ҳатто унинг ҳазилига ҳам жавоб бера олмасдим. Биз шу ҳолатда уйгача етиб келдик. Масофа яқин эмас эди.

Уйга келишимиз билан толиққан укам учун бирор егулик тайёрлашга киришдим. Шўрвани сузиб келсам у аллақачон ухлаб қолган экан. Устини ёпиб қўяётганимда укамнинг оёқлари эътиборимни тортди. Улар қизариб кетганди. Ахир, тошли йўллардан мени опичлаб келишни ўзи бўлмади. Оёқларини силай бошладим. У эса уйқусираб бирам чарчадим, бирам чарчадим, дерди. Оила устуни бўлишни зиммасига олган бўлса-да мен учун у ҳалиям кичкина, беғубор бола эди.

Укажон! Сен кичкина бўлиб опанг ҳақида ғамхўрлик қила оладиган меҳрибон укасан. Сен ота-онамдан ёлғиз ёдгорсан. Сени Оллоҳ ўз паноҳида асрасин. Сендайин укалар сафи ортаверсин.

Корейс тилидан Тўмарис Аъзам таржимаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting