ДОКТОР БЛАНШНИНГ МИЖОЗИ

0
959

эссе

Парижда 1893 йилнинг ёзи бошланган бир пайт… Ташқарида унгагина хос бўлган гармсел вақти-вақти билан  юзга ёқимсиз урилар, баҳорнинг майин об-ҳавоси билан хайрлашган боғдаги дарахтларнинг маҳзун қиёфаси саратонда қовжираш учун зўраки тайёргарлик бошланганидан далолат берарди. Дераза орқали кўримсиз хонага тушаётган қуёшнинг заррин нурларини темир каравотида кузатиб ётган Мопассан тирикдан кўра ўликка ўхшар, шу боисданми олдига руҳий хасталар касалхонаси бош ҳакими- доктор Бланш кирганида у қимирлаб ҳам қўймади.

-Азизим,- деди доктор унинг қошига боргач, секин энгашиб.- Мен доктор Бланшман. Танигандирсиз?

Кўзлари бир нуқтага қадалган Мопассан худди чақмоқ чаққандек сесканиб, унга жонсарак бир алфозда тикилди. Лаҳза ўтиб-ўтмай негадир хахолаб кулишга тушди. Кулаётганида чаккасининг томирлари бўртиб чиқиб, кўз ости хунук кўкариб кетди.

-Қаердасан, Дюруа?- бақирди у атрофига алангларкан.- Эшитяпсанми мени,  ёқимтой? Сендан  “азизим” мақомини буткул тортиб олдим, буткул.

Унинг оғзидан оппоқ кўпик тошиб чиқа бошлаганини кўрган доктор безовталаниб, бир муддат ўзини йўқотиб қўйди. Ўзини қўлга олгач,  ўрнидан туришга интилган Мопассанни жойига қайтиб ётқизди. Каравот ёнида турган стол тортмасидан шприц олиб, унга стол устидаги идишда турган суюқликдан етарли миқдорда тортиб, адибнинг томирларига юборди. У тинчланиб, ёстиққа беҳол ва бўшашиб бош қўйгач, ичига ботиб кетган кўзлари тубини астойдил текширди, бош бармоғи билан сертук билагидаги томир уришини эшитди.

-Консилиум қиламиз ҳозир,- пичирлади бақир-чақирни эшитиб, йўлакдан хонага шошилиб кирган ёрдамчисига.- Барча докторларни тўпланг. Аҳволи сиз айтгандан анча оғир.

Мопассан уларнинг суҳбатини тинглаб ётиб, худди уйқусида кулган гўдакдек кўзларини юмган ҳолда сезилар-сезилмас жилмайиб қўйди.

-Яна бир марта азизим деб чақиринг,- деди Бланш туришга чоғланганида унинг қўлидан аранг тутиб.- Куни битган ёзувчини бир хурсанд қилинг.

Доктор унга ачиниб,  ёрдамчисига эса маъноли  қараб қўйди-да,  шартта эшик томон йўл олди.

-Дюруа сендан бу мақомни тортиб олдим,- деди Мопассан шприц орқали юборилган дори таъсирида кўзлари илина бошлагач алмойи-алжойи минғирлашни бошлаб.- Тортиб олдим. Тортиб…

Консилиум пайти докторлар унинг ҳолатини атрофлича ўрганишди. Барча адиб ҳаёти қил устида турганлигини яхши тушунар, таҳлил ва текширув натижалари шуни яққол кўрсатиб турарди.

-Унинг ҳасталиги ирсият билан боғлиқ,- деди Бланш пича ўйланиб туриб.- Бу ўз вақтида унинг онасида ҳам кузатилган. Асаб ҳужайралари таъсирчанлиги меъёридан ошиши натижасида руҳият изидан чиққан. Вазият тобора ёмонлашиб боряпти.

-Менимча, бу ҳасталик,- деди унинг ёрдамчиси ўз фикрини билдириб.- Бир йил олдин қишда мисье Мопассан ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганидан сўнг тез суръатда авж олган. Унгача деярли кўзга ташланмаган.

-Ҳозир унинг ёши неччида?- сўради йиғилганлардан яна бири-  докторларнинг ичида энг ёшроғи.

-Қирқ учда,- деди  Бланш унга гўё “бунинг нима аҳамияти бор” дегандай қараб қўйиб.

-Бу ёш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин,- деди ёш доктор дадиллик билан.- Эркаклар қирқ ёшни хатлаб ўтишгач, уларда руҳий инқироз унсурлари кўзга ташланади. Суицидлар кўп ҳолларда айнан шу ёш атрофида улар билан рўй беришини эндиликда тиббиёт статистикаси ҳам айтиб турибди.

Бланш  икки соат давомида бир тўхтамга келинмаган консилиумдан Мопассан ётган хонага тарвузи қўлтиғидан тушган одамдек шумшайиб қайтиб келди ва бўсағадан ўтиб-ўтмай у ерда ўтирган ҳамшира қизга кўзи тушди. У адибнинг оғзига қошиқда пиёзли шўрва тутарди.

-Меҳрибонсиз жудаям, доктор,- дерди Мопассан шўрвани аранг лабидан ҳалқумига ўтказаркан, унга кетма-кет ташаккур изҳор қилиб.

-У эндиликда барчани доктор деб чақиряпти,- деди Бланш ўзига анграйиб  қараган ҳамширанинг қулоқларига келиб шивирлаганча.

Ҳамшира адибни амаллаб овқатлантириб бўлгач, идишларни йиғиштириб, хонадан чиқиб кетди. Доктор унинг қаршисидаги стулга чўкди.

-Хўш, қачон ўларканман?- деди Мопассан ёнида яна докторни пайқагач, у томонга ҳолсизланиб бошини бураркан.

-Ўлишингизга ҳали эрта,- деди Бланш унга умид бахш этиш учун озғин кафтидан аста тутиб.

-Флоберга ўхшаб кетдингиз шу тобда,- пешонасини тириштириб йўталди у.- Ҳозир ўрнингизда бўлганида, онамнинг болаликдаги дўсти ҳам шубҳасиз шундай дерди. Қўйникига ўхшаган кўзларини сал қисиб, менга боқарди-да: “ҳали эрта бунга” дерди худди бир пайтлар новеллаларимдан камчилик ахтариб топиб, қонимни ича-ича ўттиз ёшимгача адабиётга яқин йўлатмагани каби.

Доктор ундан кўзини олиб, касалхона боғига қараркан, уни яна алаҳсираяпти, деб ўйлади. Унинг боши ёстиққа қаттиқроқ чўкиб, танаси бир қоп гўштдан фарқ қилмай шалвираб қолганди. Биргина лабларининг орада очилиб-ёпилиши ва мўйлабининг кўтарилиб тушиши унда ҳалиям тириклик аломатлари мавжудлигини билдирарди.

-Азизим сўзини қўшмадингиз бу сафар,- ногоҳ унга жиддий эътироз билдирди Парижнинг биринчи рақамли адиби.- “Азизим, ҳали эрта ўлишингизга” демадингиз.

Унинг бирдан жиддийлашгани кутилмаганда эс- ҳуши ўзига қайтганидан дарак берарди. Бланш бундан тўла бохабар, у шифохонага ётқизилганидан бери уч-тўрт марта шу ҳолат унда кузатилган, консилиум пайти бир тўхтамга келинмаганининг бош сабаби ҳам шу эди аслида. Шунга доктор ўзини буёғига сергак тутишга уринди.

-Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми, азизим?

Мопассан унга истеҳзоли қараб қўйди. Пажмурда нигоҳида аламзадаликка ўхшаш нарса ялт этиб балқиди.

-Мен болалигимдан адабиётга роса қизиқардим,- деди сўнг мутлақо соғлом ва эс-ҳуши жойида одамлар каби дона-дона қилиб.- Ўзимча шеърлар тўқирдим. Улар мен туғилиб ўсган диёр- Нормандиянинг гўзал ва фусункор табиати манзаралари ҳақида бўларди. Шу тарзда лицейда ўқий бошлаганимда шеърлар тўқиб анча-мунча қоғоз қораладим. Кейин менда тўсатдан новелла ёзишга қизиқиш уйғонди. Поэзиядан кўра прозага қоним тортиб кетди. Денгиз ишлари вазирлигига ишга кирганимда шеър ўрнига аллақачон новелла ёза бошлагандим.

Вазирликдаги ишимга деярли қизиқмасдим. У ерда хизмат вазифамни ўлганимнинг кунидан бажарар, бир даста қоғозлар орасида завқ олишдан кўра доим зерикиб кунни кеч қилардим. Уйда бўлган пайтларим бўш вақт топишим билан ўзимни адабиётга урар, ёзув столи қаршисига михланганча новелла кетидан новелла ёзардим. Бир томондан, бу менга маънавий-руҳий озуқа берар, ёзиб лаззатни туяр ва ором олардим. Бошқа томондан, уларни ёзиб бўлгач, кимга кўрсатишимни билмасдим. Шу нарса юрагимни хижил қиларди. Ўзим китобларини ўқиб ҳайратланган Стендаль ва Бальзак аллақачон ўлиб кетишган, замонавий адибларни деярли танимасдим.

Бир куни онам менга болаликдаги дўстини тавсия қилиб қолди. Унинг дўсти кимсан Гюстав Флобернинг ўзгинаси эди ( ўша “Бовари хоним” романи муаллифи). Унинг олдига борганимда, у мени илиқ кутиб олди. Роса онамга ўхшашимни гапириб, болаликдаги хотиралари билан ярим соат ўртоқлашди. Қаҳва ичишга таклиф қилиб, олдимга сутли қаҳва ва ликопчада ширинлик қўйди. Шеър ва новеллаларимни қўлига олгач эса бирдан қовоғи уйилди ва менга жаҳл билан ўгирилди-да, юзимга тарсаки туширгандан бери қилиб:

-Булар ҳеч нимага ярамайди,- деди уларни олдимга ташлаб.

Шундан сўнг у менга адабиётнинг миссияси, ёзувчининг жамиятдаги ўрни ва ҳаётий тажрибаси ҳақида узундан узоқ маъруза ўқиди. Стендаль, Бальзак ва Гюгони кўпроқ ўқишимни маслаҳат берди. Унинг олдидан хафсалам пир бўлиб қайтгач, новелла ёзиш ўрнига юқоридаги муаллифларнинг асарларини топиб ўқидим. Айтганини қилиб адабиётни баҳоли қудрат ўргандим, ҳаётни четдан кузатдим, жамиятда бой тажриба тўплашга киришдим. Бу бир неча ой, ҳатто йиллаб давом этди. Бунинг натижасида мен ёзувчи сифатида униб-ўсдим, тажриба тўпладим, кўплаб жаҳон адабиёти намуналарини мутолаа қилдим. Аммо, ҳар сафар янги ёзилган новелламни олиб борганимда, у қўлёзмамни ўқиб кўриб, уни худди биринчи сафардагидек олдимга улоқтирарди.

-Булар ҳеч нимага ярамайди,- ўша гапини такрорларди ҳар гал.-Адабиёт майдонига чиқиш учун ҳали сизга эрта!

Мен ўша пайтлари йигирма беш ёшли йигит эдим. Юқорида айтганимдек,  денгиз ишлари вазирлигида ўртача маошга ишлар, бир қолипга тушиб қолган ҳаётимда шу адабий машғулотим ва унинг маҳсули бўлган новелларларимдан бўлак бошқа бирорта юрагимга таскин берувчи овунчоқ йўқ эди. Шунгами дейман Флобернинг доимий бир хил мазмундаги гаплари кўп ўтмай мени чуқур тушкунликка тушириб қўйди. Улардан зада бўлиб ва юрагим сиқилиб, жон аччиғида бу ҳолатдан чиқиш йўлларини изладим. Энг ёмони, уни излаб-излаб, жамиятнинг енгил-елпи қатламидан топдим. Такасалтанг ва бир тийинга қиммат дўстлар орттириб, енгилтак ва учинчи нав жазманлар билан алоқа қила бошладим. Оқибатда, тасодифан захм касаллигини юқтириб олдим. Касалликдан эсон-омон тузалганимдан сўнг лабларимда табассум билан адабиётга қайтдим ва Худога шукрона айтиб яна  новелла ёзишга киришдим. Уларни олдингилари билан солиштириб, ўзимда баланд ўсиш кузатилганини сезгач, оёғимни қўлимга олиб Флобернинг ҳузурига югурдим. Уларни кўриб, унинг қуруқ юзи бир мунча ёришгандек бўлди. Шунга қарамай новеллаларимни ҳудди аввалгилари каби тағин олдимга улоқтирди.

-Ҳали сизга эрта,- деди бу сафар ҳам рўпарамда сигарасини тутатиб ўтираркан бамайлихотирлик билан.- Нимадир етишмаяпти. Менимча, бадиийлик.

Ўттиз ёшимгача вазият шу тахлитда кечди. Битта сценарий теграмда айланаверди. Бу худди репертуарида бир донагина спектакли бор сайёр театр труппасини эслатарди: мен доим новелла ёзардим ва уни Флоберга кўрсатардим. У  бошини чайқаб, новеллани олдимга улоқтирарди. Сўнгра, ёзувчининг жамиятда тутган ўрни ва ҳаётий тажриба ҳақида соатлаб гапирарди…  Ниҳоят, бир куни унга “Дўндиқ” номли новеллам маъқул келди. Ўшанда календарда 1880 йил май ойи эди. Ўша йили бу ижод намунам “Медан оқшомлари” алманахида Эмиль Золя ва бошқа кўзга кўринган ёзувчиларнинг асарлари билан бирга нашр қилинди.

Доктор уни жимгина эшитарди. Охирги марта эс-ҳуши ўзига қайтганида, Мопассан унга аёллар билан бўлган ишқий саргузаштлари ҳақида гапириб берган, у эса бунга аҳамият бермаганди. Эндиликда қўққис ижодий фаолиятидан сўзлашни бошлаган мижозининг бундай қарорига ўша пайтдаги каби аҳамият бермаса-да, унинг ҳаяжон таъсирида бурун катаклари кенгайиб, кўз қорачиғида аллақандай қизил-оқ доғлар пайдо бўлганидан  у бир оз ҳавотирга берилар ва икки қулоғи унинг ҳасби ҳол мазмунидаги гапларида бўлса, икки кўзини ташқи кўринишидаги фавқулоддаги ўзгаришлардан узмасди.

-Орадан бир йил ўтиб Флобер оламдан ўтди,- давом этди Мопассан бир текисда нафас олиб.-Мен ёлғиз қолдим. Энди ёзган новеллаларимни ҳеч кимга кўрсата олмасдим. Лекин бу мени ташвишга солмасди, чунки ўз йўналишимни ва стилистикамни шакллантириб бўлгандим. Бадиият борасида ҳам муаммом қолмаганди. Кундан кунга бадиий оламимга тобора теранроқ шўнғиб, танаффуссиз новеллалар ёзар, матбуот ва нашриётлар уларни нашр қилиб улгуришмасди. Мен қисқа фурсат ичида қийинчилик ва машаққатлар эвазига қўлга киритилган ёзувчилик мақомим роҳатини бир бошдан кўра бошлаган, бунинг ортидан молиявий аҳволим ҳам яхшиланиб борарди. Шунинг эвазига вазирликдаги зерикарли ишимни ташладим. У ердаги маошга ортиқ эҳтиёжим қолмаганди. Эндиликда мен адабиёт ортидан йилига ўртача эллик-олтмиш минг франк ишлаб топардим. Машҳурлигим Золяникидан кам эмасди. Шундай ижодий парвозим давомида 1883 йилда “Ҳаёт” ва 1885 йилда “Азизим” романларини ёзиб тугатдим. Улар бирин-кетин нашр қилинди. Ҳамма бало шундан бошланди. Тўғироғи, “Азизим” дунё юзини кўргач…

Мопассан бир пайтлар аёллар қаршисида мастона сузилишни зўр уддалаган, энди бўлса киртайиб кетган кўзларини доктордан узиб, шифт томондаги бўшлиққа қадади.

-«Азизим» номли романим нашр қилингач, бир зумда бутун Парижга машҳур бўлиб кетди. Ҳар йили роман ишлаб чиқарадиган фабрикаси бўлган Эмиль Золянинг романлари бир четда қолиб, мазкур романимга Париж аҳлида эҳтиёж кучайди. Нашриёт уни қайтиб-қайтиб нашр қилди. У ҳар сафар охирги ададигача тарқалди ва арзимаган бир неча ой ичида бутун Парижда қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Адабиёт оламида, оқсуяклар даврасида, ишчилар орасида бирдек эътироф-у таҳсинга сазовор бўлди.

Мен ўша кунлари том маънода бахтиёр ва хушнуд эдим. Ахир, қайси ёзувчи бундай муваффақиятдан ўзини сархуш сезмайди?! Шундай бахтиёр онларимда “қанийди, бу кунларни Флобер кўрса эди”, дердим. Энди мени бутун Париж танир, адабий муҳит фақат новеллачи сифатида эмас, романчи сифатида ҳам  тан олиб, аллақачон жиддий қабул қилишни йўлга қўйганини ғолиблик руҳига қоришган ички сезгим билан ҳис қилардим.

Бироқ, вақт ўтган сари битта жиҳат мени ҳайрон қолдира бошлади. Роман бош қаҳрамони бўлган- бузуқ ва енгилтак Жорж Дюруадан бутун Париж, айниқса аёллар ақлдан озишарди. Бу қаҳрамоним қанчалик салбий ва жирканч бўлмасин, Париж аёллари уни ёмон кўришмас, аксинча унга ўзгача мойиллик билдиришарди. Айниқса, оқсуяклар даврасидаги нозиктаъб хонимлардан тортиб исловотхонадаги иркит аёлларгача романда таъриф-у тавсифи келтирилган унинг чиройини, ширинсуҳанлигини, магнитдек ўзига жалб қилиш хусусиятини оғзиларидан бол томганча мақтаб чарчашмасди. Адабий муҳитда бўлса мен қолиб, уни кўпроқ муҳокама қилишар, бу муҳокамалар пайти мен гўё иккинчи планга тушиб қолардим. Ўзим ёлғиз қолган пайтларда у хусусидаги мулоҳазаларга бериларканман, негадир уни кўп нарсага осон эришганини хазм қила олмасдим. Ваҳоланки, уни ўзим шундай қилиб яратгандим. Аммо ўз ўтмишимни кўз олдимда гавдалантирарканман, унинг ютуқлари асабимга тегарди ва бир пасда новеллаларимни кўтариб ўттиз ёшимгача Флобернинг уйига бўзчининг мокисидек қатнаган, унинг қаршисида нима деркин деб ёш боладек юрак ҳовучлаб ўтирган, олдимга улоқтирилган қўлёзмаларимда юзимга туширилган тарсаки таъмини тотган дамларим ўтарди-да, уни кўрганим кўзим, отгани ўқим қолмасди.

Аксига олиб, унинг шуҳрати кун сайин ортиб борарди. Сира камаймасди. Романим Париждаги деярли ҳар бир хонадондан қўним топганди. Париж аёллари ўз суюклиларини, ўғлиларини, куёвларини, ҳатто жазманларини Дюруага ўхшаган абжир, аёл кишини ямламай ютувчи, юлдузни бенарвон урадиган олғир бўлишини орзу қилиб нафас олишарди. Уларга қараб елкамни қисарканман, “ахир у бир бузуқ инсон бўлса, нимаси қизиқ” деб бошим қотарди.

Бу роман атрофидаги вокеалардан вақти келиб шунчалик зерикдимки, бир куни Франциядан ташқарига бош олиб чиқиб кетдим. Аввалига 1886 йилда Англияга саёҳат қилдим, кейин янги ихтиро қилинган  ҳаво шарида дунёни кездим. Жазоирга бордим. 1888 йили қаламҳақларим эвазига  сотиб олган янги яхтамда Ўрта ер денгизини, мафтункор Италияни сайр қилдим. Рембрандтнинг картинасидаги дайди ўғилга ўхшаб Францияга қайтгач, яна қаҳрамонимнинг мислсиз шон-шуҳрати рўпарасидан чиқдим. Бахтга қарши у ҳалиям Париж аёллари орасида урфда эди. Аёллар ҳануз ундан ҳайратланишар ва севишарди.

Бора-бора мен ўз “болам”га ҳасад аралаш ғазаб билан боқа бошладим. Ҳасад  қилишим четдан қараганда эришдек туюлиши мумкин. Аммо ғазабим кенг тасаввуримда асосли эди. Мени адабий муҳитда иккинчи планга тушиб қолганим ёки Дюруани мендан фарқли равишда ўз ютуқларига осон йўл билан эришгани эмас, жамиятни унга ҳаддан ташқари ҳайрихохлиги дарғазаб қиларди. Бу ғазаб таъсирида калламга у билан бемаъни рақобатга киришишдан бошқа нарса келмади ўшанда. Шу тарзда эндиликда кийинишда, ўзимни одамлар даврасида тутишда, аёллар билан муносабат ўрнатишда ундан ўзишга уринар ва кези келганда вақтимнинг зиёдроқ қисмини ёзувчилик фаолиятимга эмас, киприк қоқмай шу каби майда-чуйда нарсаларга сарфлаб юборардим. Шундай бўлса-да, бунинг заррача нафи тегмас, ундаги олқишланган қусурларни ўзимга табиий ёпиштира олмасдим. Масалан, оқсуяклар даврасида ширинсуҳанлик қилишимга уларнинг савиясиз дунёқарашлари кўпинча халал берар ва атрофда сийқаси чиқиб айланаётган кундалик  маиший мавзуларга дарров ғашим чиқар, бунинг оқибатида суҳбатни давом эттиришга бўлган рағбатим йўқолиб, ўзимни уларни берилиб эшитаётган аҳмоқдек кўрсатиш қўлимдан келмай қоларди. Худди шунга ўхшаш ҳолат аёллар билан яқин муносабатимда ҳам кўзга ташланар ва мен қанчалик ўзимни Дюруадан ўтказишни истамай, бирданига икки ёки учта аёл билан кўнгилхушлик қилишдан том маънода жирканардим. Исловотхонада бирор бир аёл билан ёлғиз қолганимда эса ўзимни қони қайноқ ва эҳтиросли кўрсатиб, турли-туман фантазиялар таъсирида ҳиндларнинг шу мавзуга бағишланган эпоси бўлган- “Камасутра”да тавсирланган ишқий лаззатга эришишнинг етмиш икки хил усулини хаёлимда нечоғлик пишитмай, уларни бирма-бир амалга оширганим билан барибир тасаввуримда қаҳрамоним даражасига чиқолмас ва қаршимда қип яланғоч ҳолда ётган, юз-кўзига пардоз воситаларини чаплаб олган – мен ҳатто исмини-да билмайдиган аёл ҳам гўё буни таъкидлаб “Дюруа буни сендан яхшироқ уддаларди” деяётгандек бўларди.

-Ахир, у бузуқ-ку!- дердим шундай кезларда аччиғим чиқиб ўзим билан ўзим олишарканман.- Ҳеч қанақасига у ёқимтой эмас. Унга “азизим” мақоми мос эмас. Романда мен уни кинояли тарзда шундай атаганман. Наҳот, лаънати Париж шуни тушунмаса?

Азизим сўзини унга кинояли тарзда қўллаганимни афсуски, камчилик пайқаган  ва уларнинг аксари адабиёт одамлари экани кундек равшан эди. Адабиёт оламидан ташқарида  у шу тахаллусга айланган кинояли номи билан Парижнинг ардоғида бўлиб, уни тахтдан тушириш борган сари имконсиздек туюларди. Баъзида бу қоронғу лабиринтнинг ичида биргина чиқиш йўли кўзга ташланарди. Бу йўл “Азизим”дан ўтказиб янги роман ёзиш ва шу орқали Дюруани жамиятнинг исқирт хотирасидан ўчириб ташлашдан иборат бўларди.

Мен айнан ўша йўлдан кетдим. Қисқа фурсат ичида кўп меҳнат қилдим, ёзув столимдан деярли турмай қўйдим, уйимдан ҳафталаб ташқарига чиқмадим ва буларнинг самараси ўлароқ,  уч йил ичида учта роман ёздим. Булар- “Монт Ориоль”, “Пьер ва Жан”, “Ўлимдек кучли” романлари бўлиб, ҳар бири ўзига хос бўлишига қарамай, минг афсуски ҳеч қайсиси  “Азизим” эришган ютуқнинг ўндан бирини ҳам такрорлай олмади. Улардаги бош қаҳрамонлар худди мен каби Жоржнинг шон-шуҳрати соясида қолиб кетишди.

Баъзида шундай кунлар бўлардики, мен худди ойпарастга ўхшаб камин олдида соатлаб бир нуқтага тикилиб ўтирардим. Ҳушим ўзимга қайтганида, қўлимга “Азизим”ни олиб, уни энсамни қотириб варақлар, гоҳида ёд бўлиб кетган саҳифаларини қайтадан қизиқиб ўқиб кўрардим. Бундан мақсад ўша сўтакнинг бирор бир ижобий бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда ўзига тортадиган қандайдир хислати борлигини илғаш эди. Аксига олиб, ҳар сафар унинг феъл-атворида фақат бузуқлик ва маънавий қашшоқликка дуч келардим. Китобни ёпарканман, ташқарида одамлар билан тўлиб-тошиб, қозондек қайнаётган Парижга деразадан туриб қараб “ҳам онаси, ҳам қизи билан кўнгилхушлик қиладиган бузуқ сенга ростдан ёқадими”, деб айюҳаннос солишни истардим. Аммо бу ҳатти-ҳаракатим билан кулгули аҳволга тушиб қолишдан қўрқар ва шунга балки тилимни тиярдим.

Бора-бора Дюруани бутунлай жиним суймайдиган даражага бориб, у ҳақида эшитсам асабларим қақшаб оғрийдиган бўлиб қолди. Шу важдан давраларда кам кўриниш беришни йўлга қўйдим, одамовилигим ортди, аёллар билан ёлғиз қолишдан кўнглим безиллашни одат тутди. Гоҳида шунақа лаҳзаларда  “Азизим”ни ҳамма ададини тўплаб, тоғдек уюм қилиб, устига керосин сепиб, ёқиб юборгим келарди. Бироқ, бундай қилолмасдим. У нафақат Париж, балки бутун Франция бўйлаб тарқаб улгурган, “болажоним” француз жамиятининг ёқимтойига айланганди. Шу менга алам қиларди.  

Кучли асабийлашиб яшаш оқибати, албатта ўзидан қандайдир из қолдиради. Ўзимда бир куни буни сездим. Бошимда кучли оғриқ пайдо бўлди ва мен дод деб юбордим. Таниш докторимга мурожаат қилганимда, у кўп ёзаётганимни, ёзувчилик фаолияти билан вақтинча шуғулланмай туришимни маслаҳат берди. Унинг айтганини қилдим. Фойдаси бўлмади. Бош оғриғи кундан кунга кучаяр, бу айниқса Дюруа ҳақида ўйлаганимда ўзининг кульминациясига чиқар ва шу дамда миям қисишни бошларди. Ўзимни йўқотар даражада ғазабланган пайтларим бош оғриғига қўшилиб, эс-ҳушим ҳам мени тамомила тарк этар, хаёлан бузуқ қаҳрамоним билан олишиб кун қандай кеч бўлганини ёки хизматкорим овқатланиш учун исмимни айтиб қайта-қайта чақирганини англамай қолардим.

Ўтган йили онамни кўргани борганимда ҳам шундай бўлди. Унинг олдида кечки овқатни тановул қилиб ўтирарканман, Дюруа эсимга тушиб кетди. У романда айнан мен каби столнинг тўрида ўтирар, хонимлар даврасида қошиқ ва санчқини назокат билан ишлатар, бокалдаги винодан лабларини қимтиб симириб, атрофидаги аёлларга сирли қараб қўярди. Мен ҳам ўзим билмаган ҳолда унга ўхшаб ҳаракат қилаётгандим. Бир пайт шу ўй тепа сочимни тикка қилиб юборди ва ғазабланиб бошимни чангаллаб қолдим. Оғриқдан кўз олдим қоронғулашиб, онамга узримни айтдим-да, ўзимга ажратилган хона сари йўл олдим. Орадан ҳеч қанча ўтмай ўша ерда ўз жонимга қасд қилдим. Бу билан ҳечам тугамайдиган қалб азобидан қутулмоқчи эдим. Аммо пешонамга яна бир оз яшаш ёзилган экан. Ўлмадим. Мана, энди бу ерда ётибман.

Доктор эндиликда уни диққат билан  эшитар, оппоқ кафтидаги бир-бирига чирмашган семиз бармоқлари онда-сонда қалтираб қўярди.

-Сизда руҳий ҳолат кескин бузилган,- деди у ниҳоят Мопассанга бошини кўтариб хўрсинганча.

-Ўз қаҳрамони билан рақобатлашишнинг маҳсули бу,- деди Мопассан лаблари титраб-титраб.-Ахир, уни ўзим яратганман, ўзим!

-Соғайиб кетасиз,-деди Бланш негадир шу сўзларига ўзи ҳам ишонмай.

Дийдаси қаттиқ бўлган Мопассан унга беихтиёр йиғламсираб тикилди.

-Яна Дюруа билан рақобатлашиш учунми?!

…Орадан бир ойга яқин вақт ўтиб, 1893 йил 5 июль куни унинг аҳволи бирдан ёмонлашди. Хонага отилиб кирган  Бланш уни иккита фельдшер йигит қарамоғида кўрди. У каравотида ётганча икки қўлидан маҳкам тутган йигитларга кучли қаршилик кўрсатар, оғзидан кўпик сачраб, кўзлари ола-кула бўлиб, уларни дағал сўзлар билан ҳақорат қилар, эс-ҳуши умуман жойида эмасди.

-Дюруа бузуқ!- дерди у йигитларнинг кийимларидан тортиб.- Асло ёқимтой эмас. Бузуқ, бузуқ!!!

Эртасига доктор ўз хонасида ўтириб, тиббий ҳисоботига қуйидаги сўзларни ёзди: “Ги де Мопассан, таниқли ёзувчи. Касалхонамизда олти ой ётиб даволанди. Сўнгги кунлари иштаҳаси деярли йўқолиб, томоғидан ҳеч нима ўтмай қолди. Эс-ҳушидан вақти-вақти билан айрилди, биров билан гаплашишни истамади ва эрта-ю кеч ўзи ёзган романдаги аллақандай Жорж Дюруа деган тўқима шахс билан  уришиб яшади. Уни даволаш учун қўлимдан келганини қилдим. Аммо кеча аҳволи доимгидан ҳам ёмонлашиб кетди. Бугун бутунлай ақлдан озган одамдек кўзлари косасидан чиқиб, лунжи осилиб, базўр нафас олди ва узоқ давом этган ўткир асаб бузилиши  ҳасталигидан  вафот этди. Жон бераётган пайтида ўзим унинг олдида бўлдим. У фақат битта сўзни такрорлади: “Зулматни кўряпман, зулматни…”. Ўлим вақти: 1893 йил, 6-июль, соат 11-45.”

 2020 йил, май. Марғилон

 Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting