Меҳриноз Аббосова. Шеърлар.

0
1018

    ***

Хонаки туйғулар тарк этди бу чоғ,

Тоғлик чечакларнинг урилди бўйи.

Баҳорни чизишга Моне ҳам нўноқ,

Майсани тинглайман Моцартни қўйиб.

Илма-тешик бўғзим – чалинмаган най,

Қўшиқ бўлиб янграр олмаган ўчим.

Мен ажиб дарахтман – фасл танламай

Сингган шоҳидан ҳам гуллайвергувчи.

Атлас хотиралар, банорас ҳислар,

Йиллар ёмғирида ўчмас рангингиз.

Эккан ниҳолларим отса илдизлар,

Ортимдан қолдириб кетсам яшил из.

Увв тоғлар, денгизлар қушга айланиб

Учди, учаверди кўкдан ҳам баланд.

Умрбод дунёни кезсам ойланиб,

Озод юрак билан, эркин руҳ билан.

                       ***

Кибор мажлисларнинг ваъдаси улкан,

Гул каби кўринган хас-алафлар бор.

Элнингмас, султоннинг олқишин кутган,

Қуруқ савлатлар бор, қуруқ гаплар бор.

Лек ҳар дам кўнгилда умидим ҳоқон,

Чин халқ бор, халққа хос юксак дардлар бор.

Оналар қорнида ўсар Туркистон,

Оталар пуштида Туронмардлар бор.

                        ***

Учаётган қафас

                    1

Учаётган қафасман, тили чиққан сукунат,

Осмон торайиб борар, дуннинг қулоғи оғир.

Жуссам қалдирғоч мисол, руҳим девдек баҳайбат,

Уззукун кўзларимдан ёмғир ёғир, дўл ёғир.

Найнинг ортидан кетиб, найга айландим ўзим,

Узлатдаги ғордаман, нур тушар аҳён-аҳён.

Соврилдим, тугаб битдим, жонда қолмади тўзим,

Бунда ёлғиз таскиним – “Тазкират-ул авлиё”.

                   2

Бахт билан сийлар тақдир,

Юрагим дардсираган.

Дунё мурғак боламдир

Кўзимга жавдираган

Унга бағишлаб борим,

Раҳмонга яқин бўлдим.

Ерга сингиган сорим,

Осмонга яқин бўлдим.

Ичимдасан: не исминг

Жобирми ё Собирми?!

Аёл билан иблиснинг

Тили ҳам қони бирми?!

Руҳим сочилиб, тўзар,

Ўзгартирма ёзуғим.

Шундоқ ҳам умрим гўзал,

Қудуққа қайт, Юсуфим,

Қудуққа қайт, Юсуфим!

                3

Қадамларим сочиқ, товушим тарқоқ,

Минг бир қиёфага солинган расмим.

Юзимда қатма-қат милёнта ниқоб,

Ҳануз англолмадим – қай бири аслим.

 Озод қулман энди, кетдим ложарам,

Малика эмасман – кўнглим унуққан.

Пайғамбардек излаб, сўқир бўлсам ҳам,

Тушим битсин, нафсим тушсин қудуққа.

Йўқлик

            1

Ой бўрини чақирар аммо,

Жонивордан топилмас дарак.

Икки айро ошиқлар аро,

Тун сочлари тортади сийрак.

Жиловини тутқизмас йиллар,

Асов севги ўжардан ўжар.

Борган сари ой – тиниқ, биллур,

Борган сари бўри улғаяр.

              2

Бу ўйинни тўхтатмоқ мушкул,

Вақт сен бўлиб сочади жаранг.

Югураман. Бўйсунмайди йўл

Итдек эргашади хотиранг.

Зулайҳодек телбаҳол, беруҳ,

Юсуфсиёқ дардга мен қарам.

Учрашамиз тушимда ҳеч йўқ,

Таъқиқламас ҳатто Худо ҳам.

                    3

Бизим Алмийсоқдан кўзимиз ёшлиғ,

Пайғамбар сув ичган коса – кўнглимиз.

Малак ҳам, иблис ҳам Ўзингга ошиқ,

Аввалимиз Сенсан, Сенсан сўнгимиз.

Умрим – ҳаводаги муаллақ бир ўқ,

Аросат домига наҳот лойиқман?!

Бошимни чангаллай десам, бошим йўқ,

Ўзимни лаънатлай десам, ғойибман…

Най қўшиқ

Синган найман, тинган найман, кўнган найман,

Қамишзорда яна қайта унган найман.

Сендан қочиб, Сенга бормоқ не бир шараф,

Қушдек учиб, кўзларингга қўнган найман.

Куйганлардан куй чиқади соғлар билмас,

Чўл сукутин гувиллаган боғлар билмас.

Бирлашмадик мағриб тараф машриқ тараф,

Шоҳдек шоҳсан, вале,  бизлар қулдек қулмас.

Қўлларимни, йўлларимни бойлаюрсан,

Дунёсидан озодалар айлаюрсан.

Рози келдим тақдирингга, ай ишқталаб,

Найлаюрсан, найлаюрсан, найлаюрсан?!

2

Куйим Машрабона, йўлим айлона,

Найга эврилажак бир куни қамиш.

Ҳар тонг уйғонгувчи уйим бегона,

Ҳар кун ўтадиган кўчам нотаниш.

Бир елкамда тақво, бирда шаккоклик,

Қаердан қаерга қочурман халлос.

Сенинг исминг қадар муҳташам шодлик,

Муаззам изтироб истайман холос.

3

Юрмас дунёга юкланиб,

Девоналар Ҳаққа ташна.

Чориғидан шеър тўкилиб,

Кетиб борар Бобо Машраб.

Ошиқ зоти кетмас бадар,

Йўл кўрсатсанг ўзинг, ай Нур.

Бир куй бўлиб сочилсак гар,

Найлар бизни соғингайму?!

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting