ҳикоя

Тонг саҳар телефоним жиринглаб қолди. Ёстиқдан бошимни кўтардиму дераза ортидаги оппоқ манзарани кўриб даҳшатга тушдим. Бундай даҳшатли манзарани умримда бир марта — 2001 йилнинг май ойида гувоҳи бўлгандим. Ҳовли оппоқ қор эди! Қор кеча шомдан сўнг майдалаб туша бошлаганди. Биз ернинг бағри иссиқ, бу қор ҳадемай тинадию, ҳеч бир экинга зиён етказмай эриб кетади деб ўйладик. „Зўр ТВ”да намойиш этилаётган „Шайтанат”ни кўриб, ухлашга ётганимда ер оқарган эди. Шу ётганча энди туришим.
Тонг эндигина ёришган, сийрак туман туғилибоқ ўлган ниҳоллар, куртак ва шоналар ҳамда шохларида беҳисоб митти кафанчаларни кўтариб турган дарахтларда кирчимол яловдай осилиб турарди.
Ким сим қоқаяпти деб экранга қарадим — Асом исмли жўрам экан.
— Алло.
— Уйқудан турдингми? Иссиққина кийиниб кўчага чиқ, тоққа боришимиз керак. Улфат чўпон ҳаммани чақираяпти.
Улфат чўпонга биринчи апрель куни ўнта қўйимни топшириб келгандим, хаёлим қўй-қўзиларга кетди.
— Тинчликми?
— Кўпларнинг қўйи ўлибди. Тирикларни қайтариб кетишсин деяпти.
Апил-тапил кийиниб кўчага чиқдим. Ҳаво совуқ, атрофга баҳор эмас, қиш сеп ёйгандай. Дарахтлар авж гуллаган, мен имкон қадар уларга қарамай ғарч-ғурч қор босиб кетаяпман. Қор залвори айрим теракларни синдирган, айримлари қаҳратонга таъзим бажо келтираётгандай эгилиб турибди. Ҳовли эгалари томорқада, токзорлар орасида телбадай юришибди.
Ток асосий даромадимиз. Кимдир йиғлаган, кимдир сўкинган… Мен йўл-йўлакай кекса кишилардан энди нима бўлишини сўрайман.
— Нима бўларди, яна жухори янчиб еймиз.
— Токдан гапиринг. Совуқ урдими?
— Урди.
Кимдир билоғонлик қилади.
— Нима бўлсаям бугун қуёш чиқмасин. Осмон мана шундай булут бўп тургани яхши. Қор ер тафтидан эриши лозим. Осмон очилиб кетса аёз қисади. Кейин… тамом.
— Фаёз ака кечаси билан токларнинг тагига олов ёқиб чиқипти. Эллик боғ хас ёқибди. Аттанг, биз бехабар қопмизда.
— Бу иш бермайди. 2001 йилда мен ҳам шундай қилгандим, ҳеч нима ўзгармади.
Баъзилар энди-энди куртак ёзган токларни совуқ урмади деган фикрда. Африкада ё Ҳиндистонда турганлар бунга ишониши мумкин, аммо мен сира ҳам ишонмайман! Кўнглим сезаяпти, бу йил ҳосил олишимиз қийин. Совуқ илк куртакларни урган, янагилари балки бизни қийинчлик қордай кўпшиб ётган чоҳга улоқтирмас.
Коронавирус таҳликаси бақрайиб турган бир паллада баҳорнинг ўқрайиши ва ҳатто неча миллионлаб кўзларга ниш санчиши хунук. Кўпчилик деҳқончилик билан тирик-да.
Шомирза тоғанинг уйи ёнидан ўтаётганимда девор ортидан юракни ўртовчи нола эшитилди.
— Бу нимаси? Бу қанақаси? Эй, худо! Вирус деган бало каммиди бизга! Бу нимаси-а? Айтинглар, нимаси бу?
Тақиллаган овоз чалингач, девор оша тоғанинг ҳовлисига мўраладим. Не ҳолки, юпун кийинган тоға бор аламини тошдан олар, қўлидаги муштдек тош билан тошни урарди. Ерга думалаб олгандай қору лойга беланган эди. Енгини шимариб олган. У ўзини аямасди. Тинчлантириш учун ҳовлисига кирдим.
— Тоға…
Уйдан хотини чиқиб келди.
— Ўзингизни босинг. Бу туришда майиб қип қўясиз ўзингизни. Элга келган тўй. Ток ҳали батомом куртак ёзгани йўқку. Худониям бизга атагани бордир.
— Қарааа хотин… қара… 2001 эсла… Тиришиб ўлган қизингни ўйла…
Шомирза тоға йиғлаб юборди. Оёғини судраб босиб ток пуштасига тушди, қўли қалтираб новдаларни ушлаб кўра бошлади.
— Куртаклар қорайган… Тамом.
— Уйга киринг, — зорланди хотини. — Ғам еманг. Олтита қўйимиз борку, бир амаллаймиз…
Жўрам чақириб қолди.
— Ҳозир.
Мен тоғанинг кўнглини тинчлантиришга ожиз эдим. Чунки унинг саккизта фарзанди бор эди. Кенжаси касал, неча йилки тоға шу фарзанди билан касалхонама-касалхона кезгани кезган. Тўнғичи…
— Уввв… — тоға бошини чангаллаб қорга ўтириб олди.
Мен кўчага чиқдим.
— Нима бўлаяпти у ёқда? — сўради Асом.
— Тоға азоб чекаяпти.
— Эҳ!
Улфат чўпонга ким қўй қўшган бўлса ҳамма қор кечиб тоққа кетмоқда эди. Биз бир неча кун олдин ям-яшил майса қоплаган адирдан ошиб ўтдик. Қир-адирлар оппоқ эди. Ғалати ҳисларни туйдик, кечагина баҳор эди, бугун қиш. Тоғлар ҳам оппоқ, арчалар эгилиб турарди.
Чўпоннинг қўрасига келиб, дамимиз ичимизга тушиб кетди — қўйлар тарракдай қотиб, ўлиб ётарди. Чамаси саккизта қўй-қўзи тирик қолган, халос.
— Опқолганим шулар, — деди чўпон хурсиниб. — Мен уларни уйчага киргизиб жонини сақлашга мажбур бўлдим.
Кимдир алам билан:
— Кеча қор соат бешда ёға бошлаганди, қишлоққа сурувни ҳайдамадингми? — деди.
— Тоққа қор дувилаб тушди, кўз очиргани қўймади. Туманда ҳайдаганимда қишлоққа бирорта қўй бормасди.
Мен қўйимизнинг барчаси нобуд бўлганини кўрдим. Қўй зоти дўл тагида қолса ҳам чидайди, аммо совуққа чидамайди.
— Кўпчиликнинг қўйи тирик деб телефон қипсизку, алдабсиз-да? — деди Асом.
— Ҳамма келсин, кўрсин, кўрмай мендан домангир бўп юрмасин дедим-да. Оғайнилар, бошга тушган мусибат шу.
Олим писмиқ шу ерда ҳам ғалва чиқармоқчи бўлди.
— Саккизта қўй ўзингники бўлса керак? Уйчага киритибсан. Инсофинг борми?
— Менинг қўйларим, ана, ўлиб ётибди, — деди чўпон. — Уйчага киритганларимнинг иккитаси Ойдин опаники, бор-буди шу, ёлғиз аёл бўп тўртта жонни катта қилаяпти. Қолган олтитаси Шомирза тоғаники…

Шониёз Мелибоев

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting