Англадим — баҳорга аталмаганмиз,
Кузда туғилганман, демакки — кузман.
Энг сўнгги япроғим тўкилгунгача,
Сен кетган йўллардан кўзимни узмам.

Сен ҳам баҳорларни ахтариб юрма,
Бехиштдан қувилган ночор азизим.
Бошқа фаслларнинг борлиги рўё,
Бу дунёда фақат куз бор, азизим…

***

Қирқинчи довонга термулиб,
Ўйлайман: тўрвада нима бор?
Чопқиллаб чиқишга ғайрат йўқ,
Эмаклаб боришга қўймас ор.

Қисматим — тўрт дона суратдир,
Оқ-қора, оқ-қора, оқ-қора.
Товонда хиргойи қиламан,
Бошимда чаламан ноғора…

Қўқондан то Тошканга қадар
Ушоқдек сочилган умрим бор.
Кўнгилнинг энг чуқур ерида,
Чиройли бир соқов қумри бор…

Одамга ўхшайман баъзида —
Одамга бўламан интизор.
Кўз очсам — дунё бор, кўз юмсам —
Уйқу бермайдиган бир қиз бор…

Тупроқдек самимий ҳабиб йўқ,
Булутдек омонат дўстлар бор.
Тишлагим келади бармоғим —
Кўзлар бор, кўзлар бор, кўзлар бор…

Отам бор, онам бор — бутунман,
Бағримда бир бахтли аёл бор.
Яхшиям, яхшиям, яхшиям —
Хаёл бор, хаёл бор, хаёл бор…

Қирқинчи довонга термулиб,
Айтаман: дунёда нима бор?
Бахтли кимсаларни ёнида
Одамдек яшашга қўймас ор…

***
Хуштак овозига ўмбалоқ ошган
Кабутар сингари саросар учдим.
Яна тегрангизда қирқ йил учайми,
Қирқ йил турасизми яна шундай жим?!
Қалайсиз?

Ҳисларим тўзғиди момоқаймоқдек,
Эр ва ота бўлдим исмингиз айта.
Шу дайди қисматнинг ҳаққи-ҳурмати,
Сўрагим келади қайта ва қайта:
Қалайсиз?

Қизларим туғилди сизга ўхшаган —
Нетай, ёриб чиқди қовурғамни сир.
Менга ўхшамабди ўғлингиз… майли…
Барибир сўрагим келар, барибир:
Қалайсиз?

Шу савол баҳона яшаб юрибман,
Биргина саволда кўч-кўроним жам.
Жавобини билмай кетишим маҳол…
Жилмайиб сўрайман ўлим олди ҳам:
Қалайсиз?

Хуштак овозига ўмбалоқ ошган
Кабутар сингари саросар учгум.
Яна тегрангизда қирқ йил чарх урсам,
Илтимос, жим туринг, йиғламай юм-юм…

***

Хиёбонда

Калиш каби намиқди кўнгил,
Мезон гулларига термулиб.
Дилдираб турибди совуқдан,
Боқаверар барибир кулиб…

Ўқраяр қаровсиз фаввора,
Энсаси қотади қарғани.
Киприкдек тўкилар япроқлар,
Фаррош супуради қарғаниб…

Дарвешдек ғудрана бошлайсан…
Ўриндиқ туртади: «Энди кет».
Лаҳзада яратган худойим,
Лаҳзада кетишни насиб эт!

***
Шохда ёлғиз қолган нокдек ғарибман —
Тўкилмоққа келиб бахт ахтарибман…

Сайр этгали келдим бу дунёсига,
Бу олам меники эмас: шарифман.

Асрлар кўзимга кул сочиб ўтди,
Ожизман, юпунман, лекин зарифман.

Миллион кашфиёт ва бунёд қилдим,
Юксалиб, Ўзимни лойга қорибман.

Бир кеча кўнгилга сўзлагил дедим,
Анордек сачради — бекор ёрибман.

Ёр келар дейишди туғилганимда —
Боладек эмаклаб ўзим борибман.

Ёр деди: «Тўнингдан ёр иси келур»,
Ҳорибман, ҳорибман, жуда ҳорибман…

На банда бўлолдим ва ёки одам —
Сиз каби чалкашган Шуҳрат Орифман…

***
Отаётган тонгга термулиб,
Ненидир туясан ғалати.
Аста галстукни бойлайман —
Руҳ эса сибизға чалади…

Ботаётган қуёшга қараб,
Ғалати бўлади юрагинг.
Ботиб қолмасидан, улгуриб,
Келади ненидир сўрагинг.

Кўкда ҳомиладор булутлар
Тинмай ниманидир эслатар.
Ғалати бўласан, ғалати…
Қиқирлар, шивирлар, кесатар.

Бақир-чақир қилади чақмоқ,
Ичиб келган эркак сингари.
Ва жимгина йиғлайди аёл —
Ёмғир ёғар… ғалати бари.

Ўзанларга оёқ узатиб,
Соқовдек ғудранар дарёлар.
Тингласанг, тингласанг, тингласанг…
Ғалати, ғалати дунёлар…

Бир йиғи келади, бир йиғи…
Ичика бошлайсан табиий.
Ғалати кўрина бошлайсан,
Метродаги қаландар каби…

Руҳ тинмай сибизға чалади…
Қизияпти қисматнинг базми.
Бутун умр ғалати бўлиб,
Жим ўлмоқлик ғалатимасми?!

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting