ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ ФЕВРАЛЬ

1
906

эпистоляр эссе

Сендан оқ атиргулнинг майин ифори тараларди. Димоғимда уни масрур туярканман, бир лаҳзада ҳушимдан айрилаётганимни ҳис қилдим ва ўзимга келиш мақсадида  машинанинг ойнагини секин тушириб қўйдим. Тоза ҳаво ичкарилагач, сен томонга қарамасликка интилиб ундан тўйиб-тўйиб нафас олдим.

— Машинанинг ичи диққинафас бўлиб кетди,- дедим сенга ўгириларканман сир бой бермай.

Қўлингда Эркин Аъзамнинг “Ёзувчининг боғи” китоби ва қора шоколад турарди.

— Булар сизга,- дединг жилмайиб уларни менга узатаркансан.

Эркин Аъзамнинг ижодига азалдан қизиқмаганим учун китобига бефарқ қарадим, аммо ичини очиб варақладим. Китобдаги ҳикояларни бир пайтлар ўқиб чиққандим. Биргина  “Фиделдан салом”ни ўқимаган эканман. Уни дарров ўқишга киришдим. Сен зўраки сабр ва пича безовталик билан мени кузатиб ўтирдинг.

Ҳикоя доимгидек ёқмади, унда конкрет бир ғояни кўрмадим. Ёзувчининг тили ғализлиги ва бўрттирилган миллийлик колорити ҳали ҳам йўқолмаган, стилистикаси доимгидек менга бегона эди. Ундан ўзим истагандек ола билмаган таассурот аламини шоколад билан ювмоқчи бўлдим.

— Бунча аччиқ, — дедим ундан бир бўлак синдириб, оғзимга соларканман афтимни буриштириб.

Дарҳақиқат, шоколад аччиқ эди. Назаримда, суюқ ҳолида уни қалампир билан бирга қайнатишганди.

— Икковларинг бир хилсизлар,- дединг сен нигоҳингни мендан гина аралаш олиб қочиб.

Орага узоқ сукунат чўкди шунда.

— Нега хомушсиз?- дединг бир оз ўтиб барибир ўзинг биринчи бўлиб гап очиб. — Ё олдингизга келганим ёқмадими?

Мен индамадим. Жавоб бериш ўрнига сокин қўшиқ таралаётган машина радиосининг овозини атайин кўтариб қўйдим. Бунга сени хўрлигинг келди, қовоғинг солинди. Йиғламсираб атрофда табиат билан хайрлашишга чоғланаётган қишнинг сўнгги манзарасига тикилдинг ва бир оз ўтиб машинадан тушдинг-да, қисқагина хайрлашиб кетдинг.

Машинанинг тезлигини ошириб йўлда кетарканман, ўзимдан очиғи нафратланиб кетдим. Сенга нисбатан тутган бу муносабатим ўзимга ёқмади. Қўпол муомала қилгандек бўлдим. Лекин йигирма тўққизинчи февралда бундан бошқача бўла олмасдим. Минг уринмай хурсандчилик кўнглимга сиғмас, ўтмиш кўз олдимда қад ростлаб бу хурсандчиликни шафқатсизларча кесиб турарди. Сени бу ерда айбинг йўқ эди, албатта. Балки, ёлғиз айбинг шу куни ёнимга келганинг эди…

Биласанми, Достоевскийни биринчи марта ўқиганимда китоби  уч кун қўлимдан тушмаган ва шу заҳоти уни яхши кўриб қолганман (Бу ҳақида сенга ҳам айтган бўлишим керак). Қўлимга тушган асари — “Телба” романи  эди ва у менда илк саҳифалариданоқ кучли қизиқиш уйғотган, боз устига ўзимни асарнинг бошидан охиригача князь Мишкиннинг ўрнида ҳис қилган ва асардаги ғоянинг таъсиридан бир неча кунлаб чиқиб кетолмай юргандим.

У пайтлар ёш, қизиқувчан ва китоб ўқишга чанқоқ талаба эдим. Адабиётга қизиқишим сарҳад билмаса-да, бу қизиқиш фақат ўзбек адабиёти билан чекланганди, холос. Ўзбек адабиётини кўп ўқирдим. Жаҳон адибларини эса кам, шунда ҳам ҳижжалаб ўқир, чунки тез ўқисам одатда асарларининг ғоясини тушунмай қолардим.

— Гўзаллик дунёни ростдан қутқарармикин? — дедим бир куни “Телба”ни ўқиб тугатгач, асардаги князнинг ўша машҳур гапини ўйлаб.

Гўзаллик ва унинг дунёни қутқариш бўйича олий рутбаси ҳақида шундан сўнг ўйламаган куним бўлмади. Ҳатто, шундай кунлар бўлдики, бу умумбашарий ғоя ҳақида ўй суриб кунлаб институт ётоқхонасидан ташқарига чиқмадим ва бир қанча фанлардан ўқиладиган маърузаларни бесабаб қолдириб, ўқитувчи зотидан озмунча гап эшитмадим. Бошқа томондан тўғриям қилгандим ўшанда, чунки институтда бўйинбоғли ва юзаки устоз мақомидаги зотлар ўқитадиган “Молия ҳуқуқи”, “Давлат бюджети”, “Банк менежменти” каби фанларга сира тоқатим йўқ эди, маърузаларда том маънода зерикар, бир соату йигирма дақиқа ўзимни қўярга жой тополмай, қачон қўнғироқ чалинаркин, деб юрагим безиллаб ўтирардим. Маърузалар тугагач  кутубхона ертўласида жойлашган бадиий адабиётлар бўлимига оёғимни қўлимга олиб чопар ва у ерда Достоевскийнинг навбатдаги жилдини абонентлик картамга расмийлаштириб қўлимга олардим. Шундан сўнг, уни қўлтиқлаб ётоқхонага югурар ва шу бўйи ҳатто кечки овқатга ҳам чиқмай, хира чироқ ёруғида унинг мутолааси билан машғул бўлардим.

Вақт ўтиб “Телба”нинг орқасидан кучли майл натижасида Достоевскийнинг бошқа асарларини ҳам қисқа муддатда ўқиб чиқдим. Бирин-кетин қўлимда унинг китоблари алмаша бошлади: “Жиноят ва Жазо”, “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” , “Ўлик уйдан мактублар”, “ Қиморбоз”, “Иблислар”, “Ака-ука Карамазовлар”…

Мутолаа жараёнида адиб шахсиятини кўз олдимда гавдалантирарканман, унинг асарларидаги гуманизмга очиғи тан бермай иложим қолмасди. Унинг гуманизми мени ақлдан оздирар, турли типаждаги қаҳрамонлари руҳияти юрагимнинг уришини ҳаяжон аралаш тезлаштирар, шу тарзда мен ҳафталаб ёки ойлаб унинг қаҳрамонлари билан бирга-гўё бир том остида яшаб нафас олардим.

Гоҳ Раскольниковга қўшилиб теран виждон азобида қийналасам, гоҳ хаёлан Алексей Ивановичга ўхшаб рулеткада бетиним қимор ўйнардим. Гоҳ Алёша Карамазовга ўхшаб подшоҳ зоти олийлари жонига суиқасд қилишни режалаштирсам, гоҳ князь Мишкинга ўхшаб одамларнинг севишга қодир эмаслигидан изтироб чекиб, гўзаллик дунёни залолатдан қутқарувчи ягона куч эканлигини йигирма тўрт соат ўзимга ўзим такрорлашдан чарчамасдим. 

Князь Мишкин, Раскольников, Соня Мармеладова, Алёша Карамазов — булар менинг яқин дўстларим эди, уларни теграмдаги минглаб тирик одамлардан кўра кўпроқ қадрлар ва севардим, уларнинг инсон тафаккурига сиғмас дардлари ва изтиробларига  ҳайриҳоҳлик билдириб, улар билан бирга қайғуга шўнғиб дунёи дунда умргузаронлик қилардим… Достоевский яхши маънода мени шу кўйга солганди.

Шу тариқа талабалик даврим якунланиб,  Фёдор Михайловичга нисбатан қайноқ муҳаббат ила катта ҳаётга қадам қўйдим. Шубҳасиз, ўша пайтлари у энг севимли ёзувчим эди. Уни ҳатто Камю ва Толстойдан ҳам юқорига қўяр, унинг сурати ойнали ромда шахсий ёзув столим устида мунтазам турар, стол устида бундан ташқари доим унинг бирорта китоби бўлар ва уни бўш қолдим дегунча қайта-қайта ўқир ё варақлардим.

Ўқиш ҳар доим мароқли бўлиш билан бирга, менга ҳар сафар нимадир берар ва бунинг натижасида Достоевскийни ҳеч иккиланмай инсониятнинг улуғ муаллимларидан бири деб ҳисоблардим. Яшириб нима қилдим, шу ёшимда ҳам Достоевский мени тарбияларди. Унинг кўмагида йигирма беш ёшимда  маънавий реабилитацияни бошдан кечирарканман, адиб асарларидаги бадиий ғоялар таъсирида кундан кунга янада улғайиб бораётганимни, шахс сифатида ички зиддиятлардан борган сари холи бўлиб камроқ азоб чекаётганимни, ичимдаги икки хил тусланишдаги инсон ниҳоят биттага айланаётганини сезаётганимни ва қайсидир маънода руҳий-маънавий  балоғатим юқори босқичга кўтарилаётганини тушунар ва бунинг  учун ундан чексиз миннатдор бўлиб, олдида ўзимни тўлақонли қарздордек кўрардим.

Бир куни Достоевскийни янаям яқиндан билгим келди. Ўша куни ҳам йигирма тўққизинчи февраль эди. Бу вақтга келиб адибнинг бадиий асарларини барчасини ўқиб чиққан, шахсий кутубхонамда  аслиятдаги унинг ўттиз жилдлик асарлар тўплами мавжуд бўлиб (уларни букинистдан жуда қимматга олгандим), бу жилдларнинг охирги қисмларидан у ёзган кундаликлар ва мактублар ўрин олганди.

Негадир кўпчилик ёзувчиларни фақат бадиий асарларини ўқишади. Кундаликлари ва мактублари уларга қизиқ туюлмайди ёки уларни ўқишга ўзларида вақт ажратишга эринишади. Менда бошидан бунинг акси бўлган ва мен ҳар гал бирор бир ёзувчининг ижодига қизиқиш билдирсам, албатта унинг кундаликлари ва мактублари ҳам эътиборимдан четда қолмас, уларни иштиёқ билан бошидан охиригача ўқиб чиқишга ҳаракат қилар, гоҳида буни тўлиғича уддалардим.

Достоевский билан ҳам шундай бўлди. Дастлаб унинг кундаликларини, кейин мактубларини ўқиб чиқдим. Бу жараён якунлангач, албатта ҳеч нима ўзгармади. Осмон қулаб тушмади, ер ёрилмади. Бироқ мен ўзгардим. Бу ўзгариш ёруғлик тезлигида рўй берди десам анча муболаға бўлади-ю, аммо тез суръатда бўлди, десам адолатли бўлди. Достоевскийнинг кундаликлари ва мактублари мени ўзгартирди, аниқроғи улардаги қуйидаги тарғибот:

“Европага биз қашшоқ қариндош ва қул бўлиб келдик. Европа йўлларида шапкамизни тутиб тургандан кўра, ўзимизни Шарққа — Туркистонга урганимиз маъқул. Россия ўзи учун Осиёни очса, икки юз йиллик танбаллик ва маҳмаданагарчиликдан қутулади. Агар Европада бизни татар деб билган бўлсалар, Осиёда бизни европалик деб танишади. Осиёни маданийлаштиришга киришсак, охир-оқибатда бу бизнинг руҳимизни кўтаради ва биз ўзимизнинг ким эканлигимизни англаб оламиз. Биз ўзимиз ўз еримизда илмлар соҳасида чаласаводмиз. Осиёга кириб борсак, биз у ерларда арбоб саналамиз, бизда мустақил иш юритиш руҳи уйғонади, биз уддабурон халқ бўлиб қоламиз. Европага дум бўлгандан, Осиёга (Туркистонга) бош бўлган афзал”.

Мен беихтиёр охирги гапларни пичирлаб бир неча марта қайтардим: “Европага дум бўлгандан кўра, Туркистонга бош бўлган афзал”.  Яна қайтардим, яна ва яна… Унинг кундалигидаги мазкур сатрлардан бошимни кўтаргач, биринчи бўлиб ўзимга берган саволим қуйидагича бўлди:

— Ростдан бу Достоевскийнинг кундалигими?

Муқовага қарадим. Тепада унинг исми шарифи турар, ростдан бу унинг кундалиги эди. Бу сўзларни унинг ўзи ёзганди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ўзимни чимчилаб кўришим ёки устимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборишим шарт эмасди. Хаёлим жойида, ҳали паришонхотирлик ёки Алцгеймер ҳасталигига чалинганим йўқ эди.

Бу сўзларни ёзган ўша -гўзалликнинг дунёни қутқаришига мени ишонтирган, гуманизм нима эканлигини чайнаб, ютиш учун тайёр қилиб оғзимга солиб қўйган, ўзининг инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган асарлари орқали мени телбаларча мафтун қилган —  инсоният муаллимларидан бири Достоевский эди (адиб акаси Михаил Достоевский ва генерал Скобелевга ёзган мактубларида ҳам шу тарғиботни оммалаштириш борасида гапирган ва унинг мактубларини титкилаган исталган одам бу ҳақида ўқиши мумкин).

Бу нохуш ўйларим ортидан мозийда қолган Туркистон хаёлимдан ўтди. Уни руслар томонидан оёқ ости қилинган муқаддас тупроғининг ҳиди бир зумда димоғимдан кетмай олаётган нафасимга қоришиб кетди, Верешчагин чизган картиналардаги аянчли ва қонли манзаралар хотирамда жонланди, тарихий китобларда акс этирилган воқеалар ёдимга тушди.

Мана, ҳарбий кийимдаги чўрткесар ва дийдаси қаттиқ генерал Фон Кауфман виқор билан кулиб турибди. Туркистонни харитада менсимайгина айланага оляпти. Оз фурсат ўтиб, уни тантанали равишда Россия империясининг мулки деб эълон қилади. Бу қирғийбурун ва нигоҳи совуқ киши генерал Черняев. У яхши қуролланган, тўплар билан мустаҳкамланган қўшини билан ўтмас қилич, пилта милтиқ ва тўқмоқлар билан қуролланган Туркистонликларни оммавий ўққа тутишга буйруқ беряпти, катта тўплари гумбирлаяпти (динамитни яратган Нобелга раҳмат!). Бу каравотида жон таслим қилаётган қария — генерал Скобелев. Соқоли узун мараз ва пихини ёрган қотил. У қаршисида тавбасига таянтиргани келган руҳонийга қараб кинояли тиржайяпти ва яна кўплаб сартларнинг қонини тўкмаганим учун афсусланаман, деб хириллаяпти. Бу ким? Ие, Верешчагин жаноблари-ку! Империянинг бир тийинга қиммат рассоми. У ёнидаги аскар йигитга русчалаб асирликдаги Туркистонликни дорга ос, уни дорда осилган ҳолатдаги суратини чизмоқчиман, сурат табиий чиқишини истайман, деяпти. Ҳадемай унинг суратини чизади. Яна кўплаб шунга ўхшаш суратлар чизади бу энағар… Бу-чи, ким? Турқи совуқлигидан ва аҳмоқ башарасидан маълум: Бухоро амири — Амир Олимхон. У Петербургдаги оқ подшоҳнинг олдига таомилга кўра бир умрга ўз вассаллигини (оддий тилда — қуллигини) билдириш учун аравада кетяпти. Петербург совуқлиги учун қалин кийимга ўраниб чирманиб олган. Бошида қалпоқ, эгнида пўстин. Орқасида бир дунё совға-салом…. Бу подшоҳ саройи бўлса керак. Подшоҳ, унинг оиласи ва рус киборлари Туркистон ҳукмдорига паст назар билан қарашяпти. Бу сўтак эса уларга қуллуқ қиляпти. Бемаъни манзара! Кимларнинг авлоди эдинг, ҳой сен тентак амир, дегани одам йўқ! Туркистон олдида Россия нима деган гап. Мўғуллар уни оёқ ости қилганда сенинг бобонг уларни озод қилган бўлса, нега сен уларга қуллуқ қиласан? Амир Олимхоннинг оғзи қулоғида. У Николайнинг тантиқ ва оқбилак синглиси Олгага атаб ёзги саройида оврўпоча қаср қурдирмоқчи. Ситораи Моҳи Ҳосада! Кунинг шуларга қолдими, Туркистон? Туркистонда ўзи нима гап? Дукчи Эшон қўзғолони қонли бостирилгач, Мардикорлар қўзғолони ҳам қонли бостирилди. Биринчи жаҳон урушига Туркистондан мардикорлар зўрлаб олиб кетиляпти. Темир йўл қурилишига… Уларга ҳатто қўлига қурол бергани ҳам ирганади руслар. Туркистон болалари фақат мардикор бўлиши керак, фақат мардикор… Бу инсон ким бўлди, энди? Кўзлари ҳориган, юзи ўликнидек оппоқ, пешонаси кенг, мулоҳазали кишилардек ўйчан. У ёзув столида мактуб ёзяпти ёки кундалик. Ҳа, Фёдор Михайлович-ку! Инсониятнинг муаллими! Гуманизм куйчиси! Мана у ёзиб ҳам бўлди. Қани, бир кўз югуртириб кўрайлик-чи. Ёзганларининг бошини ўқиб бўлмайди, ҳуснихати ҳаммабоп эмас экан. Лекин охирги сўзларини ўқишнинг иложиси бўлди. Мана улар: “Европага дум бўлгандан кўра, Туркистонга бош бўлган афзал”…

Кўпга бормай кундаликни ёпиб қўйдим. Бу сўзларни Тургенев ёки нари борса ана Чехов ёзганида ҳам бунчалик ич-этимни емасдим, қийналмасдим, олам кўзимга тор кўринмасди. Чунки уларни ўқисам-да, ижодларига кўнгил қўймагандим, қалбимдаги бор китобхонлик меҳримни бермагандим. Улар бўлишганда эҳтимол шиддат билан авж олиб бораётган кўнгилнинг қолиши шунда азоб бермасди. Раббим, не зиллат бу!

Шундан сўнг, орадан кунлар ва ойлар ўтди. Йиллар ҳам ўтди. Достоевскийни бошқа қўлимга олмадим. Унинг китоблари олдингидек шахсий кутубхонамдаги жавонда турар, мен қўл теккизмасдим. Боиси, уни қўлимга олсам йиғлаётган, ҳору- зор бўлган, русларнинг оёғи остида тупроққа беланган ҳассос ва ҳокисор Туркистон ёдимга тушар ва мен ғазабдан кўкариб китобни дарров жойига қўярдим-да, ўзим билан олишиб, асабийлашганимдан билагимдаги томирларим бўртиб чиқиб, овозимни чиқармай сўкина-сўкина хилватга беркинардим.

…Шаҳарнинг ичига кирганимда, тезликни пасайтирдим. Спидометрга қарадим: тезлик камайган, машина энди секин елиб борарди. Кўп ўтмай сен кўз олдимда намоён бўлдинг-у, машинани четга олдим. Рақамингни териб, қўнғироқ қилдим. Аммо сен жавоб бермадинг. Сенга жудаям гапиргим келди. Ниманидир айтмоқчи бўлдим. Нимани ўзи? Нимаям дердим? Тўрт йил олдин йигирма тўққизинчи февралда Достоевский билан мангуга ажралганимизни айтармидим? Ё унинг исталган асарини мутолаа қилиш учун қўлимга олсам Туркистоннинг бемисл уқубатини танамда ҳис қилишимними? Рости, билмадим. Шунчаки сен билан гаплашгим келди. Шунчаки…  

2020 йил, март, Марғилон

Шерзод ОРТИҚОВ

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting