ЭМИЛИО ПАЗ 1990 йили Перу пойтахти Лимада туғилган. Фалсафа ва диншунослик фанидан сабоқ беради. “Сокин сентябрь”, “Айқаш-уйқаш ашъор”, “Ҳайдалганлар ялласи” каби шеърий китоблари нашр этилган. “Каметса” номли журнал муҳаррири.
Шеърият
Назм –
Охирги ҳалқаси
Узун занжирнинг
Занжир –
Инсон маҳкам ушлаган матоҳ
Бўлмасин-чун унут
Унутмоқ –
Сўнгги ҳалқасидир
Узун занжирнинг
Ки ишора қилур
Тангрига мудом.
Ўргимчак
Ўргимчак – бу
Саккизоёқ шеър.
Ҳар оёқ – бир оят
Ҳар оят – бир қурбон
Ҳар қурбон – сукунат.
Дақиқа
Турлича ва махсус
Ҳолатда
Бир бўсага етар
Фурсатда
Бир дақиқа ичинда
Ширин
Мангулик яширин.
Ғайритабиий
Ушбу шеърнинг
Сеҳрли кучи
Тулки оғзидаги
Узунқулоқнинг
Озод бўлмоғига
Теппа-тенг.
Лўливаш
Базм-у жамшид,
Шароб,
Яланғоч замин
Ачом,
Ўпич-ўпич
Баддуо.
Марҳамат –
Бўз йиллар,
Қирмиз шифт.
Бурчакда
Бир хумпар
Аврар бир қизни
Ҳовлида
Чағалай
Қучади йигит.
Бу кун нарёғида
Нима бор ўзи?
Қизил кўйлак кийди
Ваҳоланки
Субҳ.
Инглизчадан Аъзам Обид таржимаси