«Менинг ижодкор дўстим»

0
938

танловида ғолиб бўлган эсселар билан танишинг!

1-ўрин. ПОМУҚЛИК “ДОН КИХОТ»

 Шанба куни эди. Телефоним жиринглади. Олдим.

Гўшакдан қадрдон дўстимнинг қувноқ овози эшитилди:

-Ҳой, ётибсизми, соғлиқ қалай? Мендан сўрасангиз, Қамашининг Қорабоғида юрибман. Совчи бўлиб келдим. Куёв бўлмишнинг уйидагилар илтимос қилишди, бу ёғи элчилик, йўқ дея олмадим. Анчадан бери чўзилиб юрганди бу иш, яна ошиқ йигитга ҳам раҳмим келди. Севги, муҳаббат дегани ҳамманинг бошидан ўтган савдо… қизнинг отаси “узоқдан экан, бўлмайди”, деб кўнмаган экан. Эй, ўзимизга ўхшаган муаллим экан, кўнглини топдим, розилик берди.

-Совчиман, денг?

-Ҳа, мен бу ишнинг ҳадисини олганман, ҳали совчи бўлиб, қуруқ қайтганим йўқ!

-Эй, қойилман! -дедим.                       

***

Шу дўстим бир йили нуфузли танловнинг ғолиби бўлди. Мукофотни олиш учун йўлга отланган дўстимизга аёли, ўғил-қизлари, набиралари нималарнидир “заказ” қилишни ҳам унутишмади.

Аввал тақдирлаш маросими, сўнгра шеърхонлик бўлди. Залда ўтирганларнинг бири ғолибга савол берди:

-Сиз кўпроқ яхшилик, савоб, эзгулик ҳақида ёзар экансиз, ўзингиз ҳам бирорта савоб иш қилганмисиз?

Дўстимиз барига тушунди.

-Яқинроқда бирорта мактаб ёки боғча борми?

-Бор, мен боғча мудирасиман, -деб ўрнидан турди истарали жувон.

Укамиз чўнтагидаги мукофот пулининг тенг ярмини жувонга узатди.

-Олинг, болаларга китоб, ўйинчоқлар харид қилинг.

Залдагилар қарсак чалиб, ёзувчини қутлашди.

Кейин у уч кун пойтахтдаги шоир ва ёзувчи укаларини меҳмон қилиб мукофотни “ювди”. Тўртинчи куни чўнтаги бўшаб қолди.

-Ука, -деди дўстимиз шоир укаларидан бирига,-Эллик минг қарз бериб тур, уйга етиб олай!…

Укаси барига тушунди ва акасига пул берди. Ғолиб кетди.

 Шоир укаси эса ортидан бош ирғаб деди:

-Ана дарвеш, вот чудак…

                                                           ***

Бир таниқли адибнинг саргузашт китоби анчагина шов-шувга айланган йиллар эди. Кунларнинг бирида чўл туманида ёзувчи билан китобхонларнинг учрашуви ташкил этилди. Сўзга чиққан нотиқларнинг бири муаллиф ва унинг асари ҳақида шунчалик кўп мақтов сўзларни айтди-ки, бундан минбарда ўтирган ёзувчи ҳам хижолатга тушиб, қизариб кетди.

Дўстимиз жим туролмади. Сўз олиб асар ҳақидаги ўзининг фикрларини айтди, сўнгра жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан қатор мисоллар келтирди ва бояги нотиққа қараб:

-Биродар, сиз таърифлаган асарнинг ҳали булар даражасига етишига кўп қовун пишиғи бор,-деб жойига ўтирди.

Учрашув тугаб, ҳамма тарқаётган пайт адиб дўстимизни чақиртириб деди:

-Сизга раҳмат, буларга қолса, мени аллақачон буюкка айлантириб, ўтган асрга улоқтиришлари тайин эди.                                                    

                                                             ***

Бир танишим айтиб қолди.

-Анови миришкорлик ёзувчи жўрангиз бор-ку, ўша одам яқинда зўр иш қилди.

-Қандай иш?-дедим қизиқиб.

-Ўн беш йилдан бери юз кўрмас бўлиб, аразлашиб юрган тоға-жиянларни яраштириб қўйди. Бўлмаса, ундан аввал ҳам ман-ман деганлар ўртага тушганди. Дўстингиз бўлса, бир зумда ишни дўндирди.

-Қандай қилиб?

-Бу ёғини билмадим, менимча у кишининг сеҳрими, меҳригиёсими бор-ов… энг қизиғи ўша аразчи тоға-жиянларнинг кўзлари ёшга тўлиб, бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришганини кўрсангиз эди.

-Савоб ишни қилибди.

-Ҳа, савоб ҳам гапми, эзгу иш денг…

Дарвоқе, ёш адиб Жасур Кенгбоев бу ҳақда эшитиб, “Мунг” деган ҳикоя ҳам ёзган.                                           

                                                    ***

Китоби чиққан ёш шоирлардан бири дўстимизга дастхат билан китобини совға қиларкан, илтимос қилди:

-Ака, таниқли ижодкорсиз, шеърларим ҳақида газетага битта тақриз ёзиб беринг.

Дўстим кўнгли бўш одам-да, “Майли, бир ўқиб кўрайин”, деб рози бўлди.

Тўпламни варақлаб кўрди, рости шеърлар унчалик ёқмади. Буни мен унинг юз ифодасидан ўша дамдаёқ англадим. Индамадим.

Орадан кунлар, ҳафталар ўтди, тақриздан дарак йўқ, тақриз ёзилмади. Таҳририятда дўстимизни учратган шоир сўради:

-Ака, тақриз нима бўлди, ёздингизми?

Дўстимиз эса:

-Кечирасиз ука, кундузи иш кўп, қўл тегмайди, тунда эса уйқучиман, кўп ухлайман,-деди.                                                                 

                                                          ***

Дўстим ҳақида қаламкаш укамиз сўзлаб берган эди:

-Кунларнинг бирида чўлдаги хўжаликлар ҳаёти ҳақида газетага қўшсаҳифалик материал тайёрлаш учун йўлга тушдим. Туман газетасининг муҳаррири мени самимий кутиб олди ва дарров адабий жараён, янги китоблар, ёзувчи ва шоирлар, хуллас адабиёт ҳақидаги билимларимни аниқлаш учун роса “имтиҳон” қилиб кўргач, ўзи эшитган, гувоҳи бўлган қизиқ воқеаларни сўзлаб, икки соат вақтимни ўғирлади.

Мен учун акамизнинг гурунги қизиқ бўлса-да, зиммамдаги топшириқнинг юки боис бетоқатланардим. Муҳаррир эса сигарет тутатганча, сўзлашда давом этарди. Ниҳоят телефон жиринглаб, у сўзлашдан тўхтади ва гўшакни қўлга олиб, аллаким билан қисқа сўзлашгач, менга қаради.

-Туринг, меҳмон, обед қиламиз.

Мен истар истамас муҳаррирнинг ортидан эргашдим. Тушлик зўр бўлди. Мезбоним менга қуярда-қўймай бир-икки пиёла ичиришга ҳам эришди. Ичкиликнинг таъсири туфайли ташвишлар унутилиб, ўзимни енгил ҳис эта бошладим. Машина иккаламизни муҳаррирнинг уйига олиб келди. Яна дастурхон ёзилди…

Алламаҳалда кўзимни очсам, ёнимда уй эгаси варанглатиб ҳуррак отарди. Соатимга қарадим, беш бўлибди. Тонг бўзариб келарди. Мезбонни туртиб уйғотдим.

-Ака, мақола нима бўлади, мени ишдан ҳайдашади-ку?

-Қўрқма, биродар,  икки соатда ишингни дўндириб қўлингга тутқазаман.

У ўрнидан туриб чироқни ёқди, ташқарига чиқиб ювиниб келгач, нариги хонага ўтиб, ёзув машинкасини юргиза бошлади.

Мен ҳам унинг ёнига бордим. Муҳаррир оғзида сигарет тутатганча тинимсиз ёзарди.

Тахт бўлган мақолаларни ўқий бошладим. Илғор чўпон, пахтакор, боғбон, фидойи муаллим ҳақидаги лавҳалар тахт эди.

-Яна кимлар ҳақида керак, ука?

-Иложи бўлса, полвонлар, чавандозлар ҳақида ҳам ёзинг.

-Хўп бўлади.

Муҳаррир яна ёзишда давом этди ва ниҳоят еттита ранг-баранг лавҳа тахт бўлди. Эҳ, ўшанда менинг қувонганимни бир кўрсангиз эди.

-Ука, агар мақолаларнинг савияси кўнглингга ўтирса, ўз имзоинг билан чиқар, акс ҳолда хафа бўламан, ахир топшириқ сенга берилган-ку.

Мен бош ирғадим. Сўнг хайрлашдик. Эртасига мақолалар газетада босилиб чиқди. Кунларнинг бирида телефонда акахоннинг гулдиракдек овози эшитилди.

-Ука, ёзганларинг ёмон чиқмабди, яна қачон келасан?

Мен уялиб кетдим, фақат “Насиб бўлса” дея олдим, холос…                                                      

                                                                   ***

      Бир куни ҳажвчи адиб Турсунбой Боймиров хуноб бўлиб деди:

-Эй, ука, нимасини айтасиз, ўша миришкорлик ёзувчи оғайнингиз катта “ўғри” экан-у, билмай юрган эканмиз.

-Қанақа “ўғри”? — дедим ҳайрон бўлиб.

-“Кўпкари гурунглари”ни ўқидингизми?

-Ҳа, ўқидим, зўр ёзибди.

Турсунбой ака менга ажабланиб қаради ва бошини сарак-сарак қилди.

-Аттанг, мен сизни укам деб юрсам, сиз ҳам ўшаларга шерик экансиз-да?

Мен Турсунбой аканинг нимага шама қилганини тушунмадим. Хаёлимда эса наҳотки дўстим Боймировнинг қўлёзмасини ўғирлаган бўлса, деган гумон уйғонди.

-Ака, тушунтириб айтинг, ўзи нима бўлди?

-Эй, дард бўлди, ўша ошнангиз ёзган мавзу, тоғликлару, азалий удумлар, чавандоз ва отбозлар ҳақида кўпдан бери бир нималар қоралаётгандим, бариси куйиб кетди, эссиз меҳнатларим…

-Балки нимадир қолгандир?

-Йўқ, ҳеч нарса қолмабди, ҳатто бобом  Шоймардон оқсоқолнинг машҳур Оқбурун отини ҳам илиб кетибди.

-Йўғ-а?!

-Ҳа, улоқни ҳалоллаб олиб кетишди даштликлар…

Кўп ўтмай дўстимни учратиб Турсунбой аканинг иддаосини айтдим. Дўстим бундан завқланиб кулди ва галдаги режасини ошкор қилди.

-Энди Қамашининг Жонбўзсойига “ўғриликка” бораман! Йўлдошбек Кенжанинг “хазина”сини ураман. Гузардаги почтахона ёнидан Тошпўлат махсумни топиб, бова-момолар билан суҳбат қурмоқчиман.

Айтганидай бўлди, кўп ўтмай унинг “Жонбўзсойлик анойи”си “Ишонч”газетасининг тўрт сонида давомли босилиб чиқди.

                                                                ***

Ижодкор Сайфулла Ал-Мурод ҳайратланиб деди:

-Миришкорлик ёзувчи домла бор-у, исми нима эди, ҳа, ўшанга қойилман, ўзиям тинимсиз ёзади, ёзганда ҳам зўр ёзади, чиқмаган нашри қолмаган, биргина “Шарқ юлдуз”ининг ўзида “Тилсим”, “Ёзғит битиги”, “Муаллақ одам” номли қиссалари  босилган. Ўзи олис қишлоқда яшайди, яна мактабда директор. “Ижодкор ўқитувчи” танловининг ғолиби. 2010 йилда  “Олтин қалам”ни ҳам олган. Яна гурунгбоз, таниш-билиши, ошна-оғайнисининг сон-саноғи йўқ. Ҳатто хоразмлик машҳур ҳофиз билан ҳам борди-келдиси бор, тўй-маъракадан қолмайди. Оиласи ҳам каттагина, ҳар йили тўй қилади, санъатнинг, мумтоз ашуланинг шайдоси, футбол,  кураш,  кўпкарининг ишқибози,  воҳамизда бўладиган барча тадбир ва учрашувларда ҳозиру нозир. Айтинг, бу одам буларга қачон, қандай улгуради?

Аслида дўстимнинг исм-шарифини аён қилишим шарт эмас эди, бугун помуқлик муаллим ва адиб Абдунаби Абдиевни танимайдигандан танийдиган кўп.

Энди айтингчи, дўстим чиндан ҳам Дон Кихотга ўхшамайди-ми? Гоҳ пиёда, гоҳ уловли тоғу-даштларни кезган одам ҳақида бошқача қандай таъриф бериш мумкин?!.                                                                                      

Ўролбой ҚОБИЛ, Қамаши

2-ўрин. КЕЧИНМА ҚОЛДИҚЛАРИ

(Жавлон Жовлиевнинг “Икки қалб учрашуви” ҳикоялар тўпламидан сўнг)

Эпиграф қўлламанг. Негаки эпиграф асар моҳиятини ўлдириб қўйиши мумкин.

Мишель Уэлбек,

“Кундаликлар”

 Охирги пайтларда ўта ярамас одат чиқарганман. Маълум вақтгача ўзим ўқишим шарт бўлган китобларнинг рўйхатини тузаман ва энг ёмони, шу китоблар тугамагунча бошқа китобларга қарамайман ҳам. Режали ишлаш яхши, албатта, бироқ… Ўқилмаган китоблар уволи тутиши ҳам бор гап. Мени бу одатдан бироз четлашга Владимир Набоковнинг эсселаридан биридаги фикрлари мажбур қилди:

 “Дарҳақиқат, бизни “одам қиладиган” китоблар кўп эмас. Фақат уларни топа олиш муаммо. Бундай китоблар ҳеч қачон мутолаа рўйхатларингиздан жой олмайди. Уларнинг муаллифларини ҳам аввал танимаган бўласиз. Ногаҳон қай бир кун кутубхонага кирганингиз пайт жавонда чанг босган китоблар орасидан ўша китобни топиб оласиз ва уни ўқий туриб… ички оламингиз ўзгараётганини сезиб қоласиз. Қизиқ, тўғрими?”

 Афсуски, Набоков ҳақ эди. Мен енгилдим.

 Уюшмага “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган ёш муаллифларнинг китобчалари тақдимотига ўтгандим. Ҳарҳолда танишлар бор… Кетаётганимда кўрдимки, қўлимда бир хил ҳажмли тўрт-беш китоб пайдо бўлиб қолибди. Метрога тушдим. Гарчи ҳеч қандай қизиқишим йўқлиги ва уларни ўқиб, режаларга мос шаклланиб келаётган мулоҳазаларим чалкашиб кетиши мумкинлигидан қўрқсам-да бир кўз югуртирмоқчи бўлдим. Биринчиси бинафшаранг муқовасига Жавлон Жовлиев, деб ёзиб қўйилган кичиккина китоб. Мундарижасига қарадим, деярли ҳамма ҳикоясини ўқиганман. Қай бир ҳикоясининг туркчага таржимасини бошлаб, кейин ташлаб қўйганимни эслаб, бироз сергак тортдим.

 “Бухоро, Бухоро, Бухоро”. Аллақачон ёд бўлиб кетган ҳикоя. Сюжет чизиғида баъзи ортиқча қабариқликлар бор, аммо бироз ишланса, айнан мана шу ортиқчалик ёзувчининг ўзига хослигига айланиши мумкин, дея ўйладим ўзимча.

* * *

 Матн устида тимирскиланиб юрган совуққон нигоҳларимга бирдан жон кириб, илиқлаша бошлади. Ботинимдаги узуқ-юлуқ, чалажон таҳлиллар бирдан ғойиб бўлдию, қаердандир мен қаттиқ соғинган ҳайрат, ҳайрат бўлганда ҳам болалигимда, математика дарсида устоздан дакки эшитиб, ташқаридаги поэзд вагонларини санаркан, мана, биляпман-ку, нега устоз мени урушаверади, деганим пайтдаги ҳайрат оқиб кира бошлади.

 “Бухоро, Бухоро, Бухоро”… Бола ҳеч қайси жиҳати билан менга ўхшамасди. Менинг ҳеч қачон акам ҳам бўлмаган. Аям оддий тикувчи, ўзим ҳам… Йўқ, ўзим… Мен ҳам кунлик ишга чиқиб топган пулларим ҳисобига инглиз тилини ўрганган эдим-ку? Жек Лондон эса бошқа масала. У ҳеч қачон менинг ёзувчим бўлмаган. Чалкашиб кетдим.

 “Отам онамнинг жойларини жаннатдан тиларди, биз Ойша билан онамнинг жойи Бухоро бўлсин, деб дуо қилардик…” Мен матндаги ҳар қандай таъсирли парчага қўл силтай олар ва китобни бир четга ташлаб, рўйхатимдаги китобнинг келган жойидан ўқиб кетишим мумкин эди, аммо айнан шу сўзлар мени тўхтатиб қолди. Бундан кейинги воқеалар бироз чигал. Худди ҳамма нарса ўта силлиқ, худди қийинчилик шу қадар осонликча енгиб ўтиладигандек. Назаримда, муаллиф мен қийналдим, дегани билан ўқувчи унинг қийналганини тўла ҳис қила олмайди. Қаҳрамоннинг ҳеч йўқ бурни қонаши керак. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. Масалан биз қаҳрамоннинг Туркияда матоларни қандай сотгани, пулни олиб Италияга қай йўллар билан кетгани, ҳеч йўқ ўша ҳодисалар содир бўлганда қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини сеза олмаймиз. Эҳтимол, муаллиф сюжетни психологизм билан қориштириш устида бироз тажриба ўтказиши керакдир? Яна билмадим, мен носир ҳам, адабиётшунос ҳам эмасман. Ёзаётганим ҳам эссеми, ё йўқ, аниқ билмайман. Шунчаки фикр.

 Мен кимни кўрдим, деган савол. Йўқ, муаллифнинг шахси муҳим эмас. Бу ерда бироз фикрлайдиган бўлсак, биз кимларни ўқишимиз эмас, қандай асарларни ўқишимизгина аҳамият касб этиши ойдинлашади. Қисқаси, аждодлари бойлардан бўлгани сабаб ўтган асрнинг 1929-1933 йиллардаги мустабид шўро тузуми жамиятнинг ўзига тўқ қатламини синф сифатида тугатиш йўлида олиб борган “қулоқ” сиёсатининг қурбонлари сифатида Афғонистонга қочиб келишган. Бунда ҳолат тасвири матнга сизиб кира бошлайди: қашшоқлик, ҳар қадамда мусибат, замон ва макон ўртасида шаклланиб келаётган қўрғошиндек оғир жараён.

 Боланинг пешонасига қочқин, деган тамға урилганди. У шуниси билан қандайдир… Билмадим, балки бу Голландия тарафлардан яҳудийлиги сабаб қатлиомдан қочиб келган бобомнинг қисматига ўхшаш бўлгани учунми, менга танишдек туюлди. Томиримизда оқаётган яҳудий қони ва паспортимизнинг миллати деган жойига ёзилган ўзбек сўзи  ҳеч келиша олмаслиги мени болага яқинлаштирди.

 Анча бўлди, японларга қизиқиб қолганман. Уларнинг аниме дея аталувчи мультфилмларини кўп кўраман. Улар ичида биттаси бор – “Ялангоёқ Ген”. Гарчи аниме атом бомбаси тушгани сабаб оиласининг ярмидан айрилган, аммо ҳаммасига сабот билан чидаган болакай Ген ҳақида бўлсада, аммо уни “Бухоро, Бухоро, Бухоро”нинг қаҳрамонига ўхшатдим. Иккисида ҳам Ватан соғинчи. Фақат буларнинг қарашлари ўзгача. Шу ўринда савол туғилади. Жавлон Жовлиевнинг мазкур ҳикоясини жаҳоний даражага олиб чиқиш мумкинми?

* * *

 Реал воқеликнинг чиндан реал эканига ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Эҳтимол, атрофимиздаги ҳамма нарса юнон файласуфи Зенон айтганидек, шунчаки биз бор бўлганимиз сабаб мавжуддек кўринган, аниқроғи уйғоқликда кўрганимиз тушлар, галлюцинациялар ҳосиласидир?

 Бормиканмиз? Бу борликни ҳеч қандай фалсафа ишлатмай тасвирлаш қийин. Реаллик шу қадар бешафқатки, унга фақат тахайюл кўзойнаги орқалигина қарай, ҳеч йўқ пойлай олишимиз мумкин. На чегарали, на чегарасиз дунёни тахайюлга сиғдира оламиз. Шу қадар ожизмизки, ўзимиз хаёлан яратган дунёлар ҳам хоссатан яшаб турганимиз оламдан кўчирма бўлади. Чунки у ерда ҳам, бу ерда ҳам ўзимиз бўламиз. Бу ­­­– аниқ кўчирма.

 Жовлиев насрининг менга ёққан тарафи, унинг реалликни реал, аммо бироз романтик тасвирлашида бўлса керак. Негаки, у бир ҳикоясида компютер сичқончасигагина тегинаверганидан бошқа нарсалардан бегоналашиб кетган, энди эса ёмғирнинг илиқ томчиларидан яйраётган қўлларини тасвирлайди. Бундай тасвир бундан аввалги ҳикоясида ҳам бор эдики, унда бола оппоқ ва юмшоқ, оғизга солсанг тил остида эриб кетадиган ширинликни таърифларкан, бу унинг онасига Бухоро ҳақидаги ғамгин хотираларни эслатишини айтиб, воқеалар занжирини бироз бўшатиб юборади. Тўғри, бундай услуб Прустга хос, бироқ нимаси биландир бу нарслар Жавлон Жовлиев қаламидан тўкилганини ҳис қиласан. Чунки унинг хотиралари сенга таниш.

Реаллик ва романтизм. Бироз соғинч, бироз қўмсаш, бироз қайғу ва бироз ички, ўта ички хотиржамлик қўшамиз. Ҳа, яна озгина шошқалоқлик ва бўрттириш ҳам эсдан чиқмасин. Кейин уларга бир чимдим ҳақиқат аралаштириб юборамиз. Қарабсизки, жаноб Жовлиев услуби. Мен шуни тушундим. Мен шуни ҳис қилдим. Ҳарҳолда, аввал шундай ўйладим ва бу ўй китоб охирига қадар мени тарк этмади.

* * *

 Аям оддий аёл. Тикувчи бўлиб ишлайди. Болалигимни эсласам, ўзи томорқамизга экиб парваришлаган бодрингларини бозорга олиб чиқиб сотгани ва пулига мени ўқитгани ёдимга келаверади. Бу ­– шахсан мен учун ўта оддий ҳол. Яхудий ота-оналарнинг бундай заҳматларига ҳеч қачон улкан қаҳрамонлик сифатида қаралмайди. Муаллифнинг “Аёл” ҳикоясини ўқиб тугатгач бир ўта мантиқсиз савол туғилди: Хўш, нима бўпти? Унинг айби ва кўрган кунлари, қилган меҳнатлари, дорили сувдан ичиш ва оғир меҳнатдан тобора ўлиб бораётгани мени қизиқтирмайди. Унинг маиший ҳаёти – менинг муаммойим эмас. Тушуняпсизми, мени қизиқтирмайди у аёлнинг изтироблари. Қизиғи, нима учун уч фарзанди бўла туриб аёлнинг ўртанча, меҳнаткаш ўғлидангина умидворлиги, нима учун эри куйиб бораётган бармоқларига қарамай қўлини ошдан узмаган ҳолда мўмингина хотининг “аччиқ сув” ни ичиб юборишига анграйиб қолиши ва шу кабилар. Айнан шу икки эпизодда реализм романтизмга уруш очади. Ўрталиқдаги барча тасвирларнинг илдизи қурийди ва гарчи мажруҳ бўлсада, биз композиция, дея аташимиз мумкин бўлган ҳикояга жон кира бошлагандек бўлади.

 Саволлардан ҳам безиб кетасан киши. Энди сени саволсиз жавоблар ўзига торта бошлаганини сезасан. Жавлон Жовлидан бошқа ёзувчи йўқми, дейсан ўзинга ўзинг. Туриб-туриб шунча ўрганиб, ҳеч нимани билмаслигимни билдим, деган ҳикмат ҳам жонингдан ўтиб кетади. Ниманидир тан олишни истамайсан. Шу пайт, китобни ёпасану, телефонинг экранига тикилиб турасан-да… Яна “Аёл” га қайтасан. Демак, нимасидир бор.

* * *

Бир ҳолатлар бўлади. Бўладики, бўйла ҳолатлар аллақайси асарлардан сўнг тажалли этади. Асарлар бехосдан йўлакка дўнадию, ушбу йўлакдан сен жавонларига хотираларинг териб қўйилган кутубхонага кириб борасан. Мазкур кутубхонада шундай китоблар борки,  уларни ўқиркан, яралганингдан бери билган, лекин билишингни билмаган ҳақиқатлар сероблигини англайсан ва бояги йўлакдан миннатдор бўлиб қўясан. Кутубхонанинг дарчаларидан кўриниб турган бир парча осмонга боқиб туриб, йўлак асли қаердан бошланганини эслашга уринасан. Уринганинг сари йўлакнинг бошланғич нуқтаси олислаб, теранлашиб бораверади. Сени бундай ҳолатга солган китоблар кўп бўлмайди. Сен у китобларни ёстиғинг остига қўйиб ухламайсан. Улар жимгина жавонингда сарғайибгина тураверади. Эҳтимол, ўзингдан ҳам қизғонарсан уларни?

Менда шундай бўлди. Жавлон Жовлиевнинг ҳикояларини ўқиркан, уларнинг ҳар қандай камчилигига кўз юмган ҳолда ўз-ўзимга ғарқ бўлавердим. Ғарқлик асносида қўлларим сўзлар, тиниш белгилари-ю, турли илтижо ва ҳақоратлар, лаҳзалик қувончу азалий ғуссалар аро ҳаракатланаверди. Ҳолатдан ҳолатга ўтиб борган сари мен билан, шундоқ ёнимда, кўксимга юрагимдан-да яқинроқ жойда жойлашган йигирма йиллик ўлимнинг нафасини туйдим.

Шундай бўлдики, мен барча сўзларнинг устидан чизиб чиқиб, фақат тиниш белгиларинигина ўқидим: ? ! ? … , , . !

Кўнглим ҳеч нимани истамасди. Кўзим гавҳарида аксланган ҳарфлар ибтидосида не изтироб бўлганини билгим келарди, холос. Мен Эгамбердига ҳам, унинг муштипар хотинига ҳам ачинмасдим. Бу уларнинг қисматида бор эди, аммо Тоғага жуда қийин. Мен ҳамон Тоғанинг кейинги тақдири нима бўлганига қизиқяпман. Энг ёмони эса, ёзувчининг ўзи ҳам Тоғанинг асли ким эканини билмайди. Бу, албатта, унинг айби эмас. Балки, қизиқаётганим учун мен айбдордирман.

Тавротда бир оят нозил бўлади: “Агар кимки бир одамни қутқарса, у бутун дунёни қутқарибди.” Тоға кимни қутқарди? Қулаб бораётган оламнинг қўлидан тутиб қололмагани, тутиб қолмоқчи бўлганида оламнинг ўзи ўзини ҳалок этгани ва Тоғанинг номсиз, қолипсиз изтиробларига доир сўроқлар ҳамон ёндафтарим саҳифаларига бир аянч, бир оғриқ саслари ила садо бериб турибди. Жавоб истамайман…

* * *

Ўқиб бўлдим. Чала ишлангандек кўринган якунлар, сунъийликнинг иси уфуриб турган бир-икки персонаж ва яна алланимадир. Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, аслида.

Жаҳон адабиёти назариясига асос солинганидан бери у ҳазрати адибдан биттагина саволига аниқ жавоб сўрайди, холос: ёзганингиз ўқувчига нима беради? Бунда муаллифнинг шахси, асар савияси, касбий орият, ижоднинг илоҳийликка дахлдорлиги, кайфият, сабаб ва натижа, маъно ифодаси, асар услубининг имконият даражаси иккинчи даражали масала.

Юқоридаги саволга жавоб беролмай мулзам турган Жойсни кўз олдингизга келтира оласизми? Шунчаки эрмакка ёзгандим, деб жилмайиб қўйган Шекспирничи?

Бугунги кун ўқувчисини фақат эзгуликкагина бошлаган асарлар билан қониқтиролмайсиз. У Румийнинг ҳикматлари нима мақсадда оққа кўчирилганини ҳали англаб етгани йўқ. Ҳазрат Навоийда “Хамса”ни ёзиш фикри қандай туғилганини, сюжет чизиғи қай манзил томон йўналганини, мазкур туркумдаги достон қаҳрамонлари кимдан прототип қилиб олинганинию, “Иллиада”ни чиндан Ҳомер ёзганми, ё йўқлигини била олмади. У изланяпти. У савол беришига арзийдиган яна бир қаламкаш пайдо бўлганини бугун ҳис қилдим.

Сюжетга эмас, асар ғоясигагина эътибор берадиган авлод шаклланди. Албатта, бемаврид намойиш этилган либоссиз вужуд ҳеч қачон гўзаллик касб этмаганидек, сюжет – воқеликсиз, яланғоч ғоя ҳеч қачон адабиёт бўлолмайди, аммо ғоянинг ҳам ўз адабий шаклланиш силсилалари, изчил фикрий оқим йўналишлари бўлади. Агар сюжет айнан шу оқим ва силсилаларга ҳамоҳанг шаклланиб бораверса, ўйлайманки, у ўзини тўлақонли оқлайди.

“Менга китоб ёқдими?”, “Мен вақтимга ачинмадимми?”, “Ҳеч йўқ вақтимга ачинишга арзирли китобмиди у?” ­– мен жавоб беролмайман, чунки мен… ҳикоялар оҳанги, мусаффо туйғулар шуъласи ва қон ҳиди келиб турган аччиқ изтироб кўланкаси узра сархуш кезиб юрибман.

Испанларда “боккето” деган атама бор. Бу олис кенгликларга бемақсад, ҳеч нимани ўйламай, жимгина тикилиб турмоқ дегани. Мен китобнинг сўнги саҳифасини ёпгач, деразадан ташқарига “боккето” қилдим. Бояги ўлим янада яқинлашди.

* * *

Яқиндан бери ёзувчиларни уч ҳил баҳолайдиган бўлдим:

1. Асарлари таржима ва тарғиб қилиниши керак бўлганлар;

2. Асарлари тарғиб қилиниши керак, аммо таржима қилиш имконсиз, шахсий ва миллий колорит ўта юқори бўлганлар;

3. Ўқилиши шарт бўлмаганлар;

Муаллифи қай бирига тўғри келади, ё тўртинчи мезон яратилиши керакми? Саволнинг шакли ҳам ноаниқ. Таржима қилиниши керак бўлса, масалан, туркларда Жовлиев каби ёзувчилар сероб. Алоҳида деталлар мажбуран тиқиштирилмаган, ҳеч қандай иддао йўқ, демак, ёзганларини баъзи истиснолар ҳисобга олинмаса, таржима ва тарғиб қилиниши мумкин. Ҳарна, арзийди. Таржимага-ку арзир, аммо ўқишгачи? Мен бир сайт топиб олганман: унутилган китоблар кутубхонаси. Каталогларни кўздан кечирарканман, анчадан бери излаб юрганим китобларга кўзим тушади. Маълум бўладики, аслида ҳар қандай буюк ёзувчи кимнингдир “Ўқилиши шарт бўлмаган ёзувчилар” рўйхатида қайсидир ўринни банд қилар экан. Холисанилло айтганда, бугундан мен Жовлиев – мен учун ўқилиши, кузатиб борилиши ва баъзан танқид, баъзан эътироф этилиши шарт бўлган носирлар қаторида.

Китобдан олганларим кўп эмас. Нари борса, бир туздонни тўлдирар хажмда таассуротлар. Улар қўрққанимдек изчил кетаётган мулоҳазаларимнинг тартибини бузмади. Улар астагина, оёқ учида шууримга кириб бордилару, у ердан янги эшик очиб, руҳимга сингиб кетдилар. Уларнинг этагига илашиб қолган саволлар эса алоҳида бўлимга кириб, жавобларини фақат ва фақат вақт беражагини кутиб ўтирадиган бўлди.

Мирзоҳид Музаффар

3-o’rin. RAFIQ SAYDULLOGA MAKTUB

Rafiq, men bugungi jamiyatda, odamlar kayfiyatida, qalbida absurdni ko`raman. Bugun har qanday jangovar ruhdagi she’rni o`qib, odamlar ruhlanib qolmasligini bilaman. Yo romantik she’r ham alangalatmasligini jo`shqinlashtirmasligini bilaman. Nari borsa o`quvchi bunday she’rlar qarshisida bir jilmayib qo`yadi. Ehtimol, bu she’r kayfiyati bilan bir kun yashar ham. Bu kabi she’rlar yozilmasligi kerak demoqchi emasman. Albatta, kerak. Hali o`z o`quvchisini topadi. Ammo hozir tadqiq qilinishi kerak bo`lgan hodisa – odamlar֪ qalbidagi absurd degan o`y kelaveradi. Menga Abdulazizxon “Kuchsiz fikrlarni tashlab yubor” degandi. Kuchsiz fikrligini qanday bilaman desam, “Fikr energiyasiz bo`lsa, xayoldan tez o`chadi. Agar energiyali fikr bo`lsa, boomerang kabi vaqt o`tib ham qayta kelaveradi”, degan. Oxirgi paytda shu fikr tez-tez kelyapti. Absurd o`z-o`zicha zarur, tabiiy va go`zal hodisa. Faqat undan ham foydalana bilishi kerak. Bizga mana shu absurddan yangi quvvat bilan bosh ko`tarishga, chiqib olishga ma’nan tirgak bo`ladigan falsafa, odam qalbida absurd tadqiq etilgan adabiyot lozim. Biz – jamiyat – yetib kelgan ruhiy bosqich absurd deb o`ylayveraman. Absurd hamma narsani qayta ko`rib chiqish uchun, qalbimizdagilarni, qadriyatlarimizni, bilganlarimizni qayta baholash uchun yaxshi turtki berishi mumkin. Ehtimol, shu paytgacha boshqa ko`z bilan ko`rib kelganlarimizning yangi qirralarini ko`ra olarmiz, anglay olarmiz absurd holatida. Adabiyotda So`z, Fikr boshqa bosqichga chiqishi uchun stimul bo`lar absurd. 

Bularning bari subyektiv xulosalar, albatta. Butun jamiyatning butun kishilariga nisbatan absurdda yashayapti deyish bir tomondan to`g`ri emas. Kamyu fojea baxtsizlikka berilgan zarbadir, deydi. Absurd adabiyotining yana bir vakili fojeadan keyin absurd boshlanadi deydi. Baxtsizligimiz, fojealarimiz qachon, qayda va nimalarda boshlangan… 

Oxirgi 3-4 kunlikda bir Shoir bilan ko`p suhbatlashdim. Uning so`zlaridan, ko`rinishidan boshimdan har kun kul yog`ilgani misol Absurd yog`ilardi. Shularni o`ylasam, zamonning Ijodkoridan tortib Mardikorigacha umumiy kayfiyat darajasiga ko`tarilgan Absurd bor degan o`y tark  etmaydi. 

********

Rafiq,  “Jahon adiblari adabiyot haqida” kitobida Aleksnadr Genis G`arb va Sharq adabiyoti haqida mulohazalarini yozarkan, “Xitoy yozuvi inson nutqini qayd etmaydi, balki tabiat tomonidan berilgan belgilarni qayd etadi. Harf – bizning topqirligimizning mahsuli bo`lmish shartli ifodadir. Ieroglif esa belgi emas, balki narsaning ongdagi izidir”, deb yozibdi. Genis “narsaning ongdagi izi” degan fikrni butun Sharq adabiyotiga nisbatan qo`llayotgani tushunarli. She’rlaringizda ham jimitdek narsaning yo hodisaning jimirlab turgan izlariga duch kelaman. She’rlaringiz faqat ongdagi jimirlayotgan izlar emas, balki ongostiga ham bir turtkilar beradiki, ongostida imuquq(assotsiatsiya)lar hosil qilib, ongimiz ostidagi turli holatlarga tutashib, asosiy mazmuni ongostidagi holatlar bilan tutashish orqali ochiladi. Aslida ongostiga ta’sir  ko`rsata olgan she’r, shubhasiz, yaxshi she’r. Genisnikiga yaqin fikrni Yungda uchratganman – biroz chuqur va keskin tarzda. Ya’ni Genis harfni shartli belgi deb bilsa, Yung – so`zni shartli belgi deb biladi. Ya’ni nainki harf, so`z ham bizning topqirligimiz ifodasi. Balkim u atayotgan narsa bilan so`z orasida hech bog`liqlik yo`qdir. Biz faqat uni shartli atab, qabul qilganmiz. Shu sabab men bunday shartli vositani she’rga hech aloqasi yo`q deb bilaveraman, garchi she’r so`z orqali ifodalansa ham. 

 So`zga qo`shimcha ma’no yuklash orqali u ramziy ko`rinish oladi, shundagina u ongning cheklangan sarhadlaridan chiqib, mazmuni  ongostidagi Ulkan Bilim bilan anglashiladi. Ramzlashgan so`zni faqat ong bilan qabul qilamiz desak, asl ma’no ochilmay qolaveradi. Sizning she’rlaringiz ham shunday. Ular so`z orqali ifodalangan, lekin ularda so`z yo`qday, ularni so`z bilan tushintirib bo`lmaydi. Nozik ramzlashgan holatlar bor satrlaringizda. Shunday she’rlaringiz borki, har satrida yaxlit va go`zal holat ramzini ko`raman. Tuyg`uningmi, hodisaningmi, yo ulardan qolgan iz ramzi. Bunday she’rlaringiz o`quvchi ongostida yotgan hodisalar bilan tutashsa, tutasha olsa (ya’ni bu o`quvchining qabul qilish darajasiga ham bog`liq) To`liq, To`g`ri va Katta ma’no kasb eta oladi. (Ehtimol, hozircha hamma she’rlaringizga nisbatan bunday fikrni aytib bo`lmas, ammo shunday she’rlaringiz borligi o`zi quvonarli. Qolaversa, ijodkor haqida fikr aytayotganda faqat hozirgacha bo`lgan ijodi haqida emas, uning intilayotgan ijodiy manzili, shu intilishning chaqmoq kabi ijodida yaltilallab ko`rinishini ham hisobga olib fikrga aytgan durust. Ayniqsa, u yosh bo`lsa)

Dugonam bilan bahslarimizda “She’r so`z orqali yoziladi, ifodalanadi, ammo unda so`z bo`lmasligi kerak” degan xulosaga kelganmiz. Bu xulosa yillar davomida yetishdi. She’rdagi hal qiluvchi narsa So`z emas, aksincha, So`zning orqasida turgan boshqa bir narsa. Men uni holat deb ham, ruh deb ham ataganman. Lekin u bular ham bo`lmasligi mumkin. U qandaydir kuch, qudrat. Qanday so`zni ishlatish, tanlash umuman ahamiyatsiz. Faqat so`z ortida Shoirdan, shoirni qurshagan atrofdan olingan, ajralgan energiya manbayi yuzaga kelsa bo`ldi…

Muhimi she’rda So`zning bor bo`lishiyu, aslida yo`qday bo`lishi she’rni ortiqcha so`zdan qutqaradi. She’rda so`zning, So`zbozlikning mavjud bo`lishi o`quvchi ongostida she’r natijasida tiklanib, butlanib kelayotgan Holatning yaxlitligini parchalaydi. She’r esa yaxshi satrlari bor yozilmaga aylanib qoladi, xolos. 

*********

Shu kunlarda Silviya Platdan bir nechta she’r tarjima qildim. Xabaringiz bor. Ayniqsa, oxirgi tarjima qilganim “Ko`zgu” she’ri chuqur taassurot qoldirdi. Nitshening “Zardusht tavallosi” kitobida ruhning uch evrilishi haqida gap boradi. So`nngida ruh tuyaga evrilardi, adashmasam. She’r shuni eslatdi menga. Ya’ni Ruh avval xudoning ko`zlari timsolidagi Nigohga (1), so`ngra Devorga (2) va keyin Ko`lga (3) evriladi. Bu ko`lga esa bir ayol kelib, engashib, nimanidir qidiradi. Qidirilayotgan narsa asli ko`lning tubida bo`lishi kerak, lekin yo`q – topilmaydi. Keyin ayol umidini uzib (ehtimol, hamma narsadan), nigohini osmonga tikadi. She’r yakunida ayolning bir qizni ko`lga cho`ktirgani, qiz cho`kkach, ko`l tubida bir qari xotinning semirib, ulkanlashib kelayotgani aytiladi. Albatta, shoir nima haqida yozayotgani tushunarli. Ko`l ham, hafsalasi pir bo`lgan ayol ham, cho`kib ketgan qiz ham, qari xotin ham o`zi. Ruh evrilishlari ichidagi ruhiy holatlar. Ehtimol, shoira o`z qalbiga chuqur kirib ketgani uchun o`quvchi uning ortidan borishga, ilg`ab olishga qiynalishi mumkin. Lekin bu so`zlar orasida adashib qolishdan ko`ra yaxshiroq. So`zlarning quyuq va siyqa o`rmonzorida adashib qolgandan ko`ra, ruhiyat tumanzorlarida adashib qolgandan avlo. Ehtimol, shoir adashgan yo`lda shoirni o`quvchi topib olar. 

Gap aylanib yana o`z adabiy kredomga taqalyapti. Sizning she’rlaringiz haqida yozmoqchi bo`lib, qanday she’rni istashim haqida so`zlab ketdim. Xullas, ruhiyatning, inson o`z ruhining turli tomonlaridan mo`ralab ko`rayotgan, mo`ralab ko`rishga urinayotgan She’r yoqadi menga. Albatta, Qalb, Tuyg`u, Holatni ham chetga surayotganim yo`q. Qalb, Tuyg`u, holat haqida pafossiz, rost, inson o`z ichida turib, o`z-o`ziga gapirayotgan kabi yaralgan She’r yoqadi menga. So`z ichida adashib qolish deganda ham pafos, so`zning bo`yoqlari, ohorlari orasida adashib qolishni nazarda tutgandim. Bo`yoqdor, ohangdor so`zlar orasida tez adashiladi. Shu sabab she’r mazmuni ham ochilmay qolishi mumkin. Va yana o`sha so`zlar ortida QUVVAT (energiya) yo yo`q bo`ladi yo juda oz bo`ladi. 

Menga pafossiz; oddiy va tabiiy aytilayotgan (yaratilgan, yaratilayotgan), orqasizda esa qalb tomon, ongostidagi anglamsiz holatlar tomon chorlovchi Quvvat jam bo`lgan sizning she’rlar ham yoqadi. 

**************

Rafiq, har yangi she’ringizni o`qiganimda, tug`ilib borgan taassurotlarim shunday: 

-Qo`l bilan ushlab turilgan nafislik, lekin bu chin ma’noda ushlash emas, qo`lingda sezish (ya’ni she’rlaringizda jimirlab turgan sezim she’rni o`qish davomida mening qo`limda ham jimirlashni, badanim shaffoflashib, yupqalashib, nafislanishni boshlaydi).

— Ko`zga tashlanmaydigan, yorqin bo`lmagan , lekin nozik sezimlar (yapon she’riyatini ham eslatib yuboradi. Genis yuqorida ta’kidlagan Sharq she’riyatiga xos noziklik)

— Yorqin emaslikni kamchilik sifatida ko`rganman. Asosiy o`ziga xosligi ham yorqin bo`lmagan sokinligida shekilli.

— Dunyoni, nimadir muhimroq narsani anglash falsafasi, hayot haqidagi hikmat emas. Go`zallik, narsaning go`zalligi haqida falsafa. (Bizning she’riyatda hayot haqida hikmat aytish, xulosalar qilish ustivor bo`lgan. Lekin sizning she’rlarda boshqacha nigoh, harir tuyg`u, “yupqa hayajon”lar bor. Asosiy yangiligi ham shudir balki)

— Yorqinlikda osoyishtalik yo`q. Yorqinlikda shoshqinlik bor bo`lib tuyiladi menga. Bu fikrga sizning she’rlaringizni o`qib borish, Kavabata hikoyalarining bir oylik mutolaasi va siz ham, men ham yaxshi ko`radigan “Patterson” filmini ko`rish orqali keldim, ehtimol. Rost, sizning she’rlaringizda fikr ham, tuyg`u ham yorqin emasdir. Biroq juda osoyishta. Menimcha, bu hozirgi zamonda she’riyatga yetishmayotgan eng muhim unsur bo`lsa kerak. Faqat she’riyatga emas, umuman olganda, hayotimizga yetishmaydi shunday osoyishtalik. Hammamiz qandaydir jazavadamiz. Yozayotganlarimizda ham isyon-u jazava. Bizga qandaydir ruhiy uyg`unlik yetishmaydi. Osoyishtalikka erishganimizda ham yana nimalardir uchun shoshamiz. Shoshganimiz sari jazavalar ichida chaqmoq yorug`idek charsillab, yonamiz. Sizning she’rlaringizni his qilish uchun, avvalo, osoyishta tempga tushish lozim. Ko`pchilik san’atkorlar ijodini anglash uchun ma’lum bir saviyaga, yuksaklikka chiqish lozim bo`ladi. Sizni anglash uchun esa ichimizdagi jazavaning harorati biroz pasaygan, biroz tushgan bo`lishi kerak. Ya’ni o`z-o`zingga, aslingga tushishing kerak. Jim Jarmush (o`sha, “Patterson” ni ishlagan rejissyor), Terrens Malik kabi zamonaviy kinoning yetakchi ijodkorlari asarning asosiy voqeligiga o`tishdan avval tomoshabin ko`z oldida hayot tempini eng past darajagacha tushiradi. Ehtimol, sokinlashib, barqaror holatga kelgach, tomoshabin Ma’nolarni qabul qilishga tayyor bo`lar. ( Bu zamonaviy san’atdagi asrimiz shiddatiga qarama-qarshi paydo bo`layotgan yangi yo`nalish. Umuman bugun Ma’nodan ham ko`ra san’at orqali ixlosmandalarga shunchaki osoyishtalikni o`zini yetkazib berish muhim bo`lib qoldi.) Xuddi shu kabi sokinlashib, muvozanat holatiga kelgan o`quvchigina sizning she’rlaringizni qabul qilishga, mazmunini ilg`ashga tayyor bo`ladi. Va ma’lum ma’noda ruhiy muvozanatga ham erishgan bo`lishi kerak. Aytmoqchi bo`lganim, aksarimiz she’rlaringizdagi sezimlarni ilg`amayotgan bo`lishimiz mumkin. Sharoitmi, fe’lmi taqozasi, hammamiz, deyarli hammamiz, jazavadamiz hozircha. Osoyishtalik va sokinlikka eishganlar esa she’rlaringiz qarshisida uzoq vaqt qola oladi. 

TILLANISO

Мухлислар эътирофи: ПАРДА ОРТИДАГИ КУЗ

   Шеър хусусида гап кетганда, қай йўсинда кўнгилдан тўкилиб, кўнгил тубига қанчалик етиб боришига қараб даражаларга ажратамиз. Руҳиятимизга яқин бўлган шоирларни ўзгача иштиёқ билан ўқиймиз. Уларни оила аъзосидек, яқин қардош, туғишганимиздек ардоқлаймиз. Албатта, уларнинг ёзганлари шахсий қарашлар, тасаввурдаги шеър ўлчамларига мос келсагина муаллиф билан дўстлик муносабатини ўрнатишимиз мумкин. Бироқ, мен доим дўст танлашда ижодкорларнинг ёзганларига қараб эмас, қандайдир ички ҳазинлигига, руҳан ҳокисорлигига, энг муҳими, мен қандайлигича кўришни истасам, шундайлича шахсиятини намоён этадиганлари билан дўст тутинаман. Ана шундай ички ва ташқи олами бир, ёзгалари менга қандай таъсир қилган бўлса, аслияти ҳам ҳудди шундай кўринадиган ижодкорлардан бири бу – Зулхумор Орифжонова!

  Зулхумор опа билан 2017 йил Бўстонлиқ туманида ўтказилган “Республика ёш ижодкорлар форуми”да танишганман. Дастлаб, ёзганларини деярли ўқимагандим, бунга зарурат ҳам йўқ эди. Чунки, менга унинг қандай шеър ёзиши эмас, қандай инсон эканлиги муҳимроқдек кўринарди. Кеийнчалик ижод намуналари билан тўлиқ танишиб чиққач, унга бўлган ҳурматим янада ортди. Негаки, ҳар шеърида сийрат-у самимияти яққол кўриниб турарди.

“Сиз ўтиб борасиз бепарво,

Хаёлларим кўчасидан ва

Мен ўзимдан сўроқсиз сизни

Ўйлаб қила бошлайман тавба.

Туш кўрмоқлик истайман шунда,

Ёнишини яширган кузман.

Уйғонасиз бир кун биламан,

Кўзингизни ойнадан узмай.”

  Муаллиф асосан кузнинг кўз илғамас суратларини тасвирлайди. “Ёнишини яширган” бу шоира ҳар сатрини хазонларга ўраб ифода этади, ям-яшил гул япроқларига эмас. Ёки айрим шоиралар каби дилсўзларини очиқ-ойдин, ҳаё пардасини йиртиб ошкора этмайди. Айнан шу жиҳати билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг шеърларини ўқиб чиққан устоз Хуршид Даврон ҳам: “Шоира қизимнинг шеърларидаги кайфият, айниқса қўллаган нотабиий қофиялари мени қувонтирди” дея таъкидлайди.

“Мен эса ичкарида…

Деразадан узо-о-оқда сассиз

Тун қамалган деворларимда

Яшаётган муҳаббатмасми?

Мен эмасми кўзгудаги куз,

Мен эмасми…

ўзимдан қочган?

Беркинаман дарпардаларни

Пайпаслаётган қуёшдан.”

  Ким у ичкаридаги? Зулмат асир этган пинҳон муҳаббатини кўзгудаги кузга менгзаб, ҳатто, уни қуёшдан ҳам яшираётган ким? Бу назокат фақатгина Зулхумор опага хос, бу каби шахсиятини қоғозга теран тўкаётган шоирани фақат унинг ёзганларида пайқадим. Ўқиган саринг кузариб, ҳарир оҳанглар қаърига шўнғиб бораверасан киши.

“Кузни тинч қўй,

ўйларингнинг оғриғидан

Елкалари эгилгани кам эдими?

Муҳаббатнинг кўчасидан ўтганларнинг

Бизга атаб кетганлари ғам эдими?..

Дуоларда очилётган гуллар гувоҳ –

йиллар гувоҳ,

нафасингдан чўчиб кетган еллар гувоҳ –

О, айбимиз,

кўзларида чўкаётган юрагимиз,

боши азал хамлигими?”

  Бир қарашда қофиялаш тизими, шаклида хатоликка йўл қуйилгандек туюлади. Оҳанглар атай синдирилгандек. Нега бундай қолип бузилишига дуч келаверади ўқувчи? Зулхумор опанинг тенгдошларидан ажралиб турадиган ўзига хос томони ҳам мана шунда. Шунга қарамай, бу каби ёзиқларни шеър даражасида эмас дея олмайман, албатта. Буни фақат шоирлар тушинади.

  Куз илҳомбаҳш фасл. Кузда ҳаммамиз тўлиб-тошиб ёзамиз. Кайфият ўзгача бўлади хазонрезда. Лекин Зулхумор опанинг тўрт томони ҳам кузак! Шоирага айтгим келади: “Нега кузга қаттиқ боғланиб қолгансиз? Нима учан ҳамма ёзганларингизда куз ёки унга ишора бор? Бу ҳуддики бутун бошли китобда фақат бир хил севги изҳор қилишдек туйилади менга. Ўзингиз айтганингиздек, кузни тинч қўйинг энди!” Унинг дарахтларига мезон ҳам оғирлик қилади. У қанотлари ҳориган қушдек қаҳратондан қўрқмайди. Фақатгина бу боғлардан кузнинг излари ўчгач, кўнгли ўша фаслга хумор бўлиб, унутишдан ҳавотир олади. Қалб майли эса уни излаб келаётган қадамларнинг насибаси куз бўлмаслигини тусайди. Бу қадамларга кузни тарк этаётганини сездирмаган қорлар билан оқ йўл тилайди. Шу йўлларга қуллуқ қилиб, кўзларининг намлигини яширади.

  “Тетар” журналида ишлаб юрган кезларим, иш вақти тугагач кун ора “Китоб дунёси” таҳрирятига кириб ўтардим. Бу ерда яхшигина муҳит ижодкорлари бор эди – Мирзоҳид Музаффар, Раҳмат Бобожон, Дурдона Бобомуродова ва Зулхумор опа. Улар билан ижод борасида қизғин мунозара, кўнгил тусаб қолса мушоира қилиб турардик. У ҳатто, шеър ўқиётган пайтда ҳам ёзаётганида бузиб ўтмаган чегарасидан ҳатлаб ўтмасди.

“Скрипка чалинар, кимдир бегона

Мен каби оламга, кечикар қуёш.

Дардчил куйга,

ва чироқдан ёришган уйга,

Охири йўқ осмон очади қулоч.

Ўйлайман – илинар киприкларимга

тағин менга таниш тушнинг сояси:

Кўринмас қишлоққа элтиувчи йўлнинг

ниҳояси…”

  Олисдаги қадрдон чироқдан таралаётган нурларни ҳар қадамда соғинадиган Зулхумор опанинг ижодига ҳолис фикримни айтадиган бўлсам, (кўп мақтаб юбордим, бу билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди,) ўзим каби унинг олдида ҳали жуда кўп заҳматли чиғириқлар борлигини айтмоқчиман. Балки бу машаққатлардан нозик жуссаси билан ўта олмас, лекин руҳий қуввати етарли эканлигига ишонаман. Шеърларида биз ўқиган-билган катта шоирларнинг нафасини ҳам сезаман баъзан. Яна куз мавзуси ва ўта тушкун руҳиятдан бироз чекиниб, мавзулар ранг-баранглигига эътибор қаратишини хоҳлардим. Зулхумор опа парда ортидаги ҳислатларини ҳеч қачон йўқотмай, ўз йўлини топа олишига аминман.

                                                                             Муҳаммад Сиддиқ  

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting