Мона Лиза табассуми

1
1017

Романдан парча

Бастакорнинг кундалигидан

Йигирма йил ҳам яшамаган қиз ҳақида нима дейиш мумкин? У чиройли, қувноқ, ҳаётга ташна эди. Кўпинча айнан шундай дейилади. Туғрими? Иродага нисбатан ҳам шундай таърифни ишлатгим келади. Фақат у яна Дюмани севиб ўқирди, Бетховеннинг Бешинчи симфониясини яхши кўрарди, Лермонтовнинг шеърларига мафтун эди, оқ атиргулларни ёқтирарди. Шунингдек, Леонардо да Винчининг “Мона Лиза”сидан нусха кўчиришни ҳам… 

Уни сўнгги бор касалхонага кўргани борганимда столининг устида  ниҳоясига етишига оз колган ”Граф Монте-Кристо” романи билан Мона Лизанинг қалам ёрдамида чизилган нусхасини кўргандим. Унинг ўзи эса сил касали тўшакка буткул михлаб кўйганига қарамай радиода янграётган Бетховеннинг Бешинчи симфониясини жимгина тинглаб ётарди.

 Уни илк бор учратганимда-чи? Илк бор учратганимни ҳам яхши эслайман. Кутубхонадан Лермонтовнинг  шеърлари тўпламини олаётганимда, у мендан олдин буни олишга улгурмагани учун хафа бўлиб орқасига қайтиб кетишга тараддудланганди. Ўшанда биринчи марта мен ўзимдан бошқа инсонга нисбатан ачиниш ҳиссини туйгандим. Китобга бир-икки кўз югуртирарканман, кутубхоначи аёлга “буни яхшиси шу қизга бера қолинг” дегандим. Гапларимни эшитиб Ирода тўхтаб, орқасига ялт этиб қараган ва олдимга келиб менга миннатдорчилик билдирганди.

Ўзи доим шундай бўладими? Нега юрагингга яқин бўлган инсонни илк бор учратиш жуда ёқимли бўлиб, сенга шодон кайфият улашиб, сени бахтиёр қилади-ю, уни сўнгги бор кўрганингда кимдир юрагингни нимталаб, суғуриб олаётгандек бўлади?

Бугун шкафдан Иродадан бир умр менга эсдалик бўлиб қолган буюмларни олдим. Уларни Ирода асосан, байрамларда, туғилган кунларимда ва бирорта муваффақиятга эришганимда менга берган. Мана улар: Гейненинг шеърлар тўплами, бир қўлида қилич ва бир қўлида тарози тутиб, кўзларини боғлаб олган Фемиданинг гипсдан ясалган ҳайкалчаси, Тицианнинг таржимаи холи, қизил ҳошияли бўйинбоғ, тимсох терисидан тайёрланган эркаклар ҳамёни, Мона Лизанинг қалам ёрдамида чизилган нусхаси ва бир қанча мактуб.

Ҳа, Ирода мен ҳақимда барча нарсани биларди. Гейненинг шеърларини яхши кўришимни ҳам, қадимги Юнон маданиятига қизиқишимни ҳам, Европа Уйғониш даври рассомларининг ижодларидан ҳайратланишимни ҳам.

Ушбу буюмларни бир-бир кўлимга оларканман, негадир ҳар доим улардан худди Ирода менга қараб тургандек бўлади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тарих, ҳар бири ҳаётимнинг кичкина, лекин ўта муҳим ва оғриқли қисми ва ниҳоят ҳар бири у билан боғлик бўлган хотираларимнинг маълум бир бўлаги ҳисобланади.

Кечагидек эсимда. Касалхонада ётганида уни ҳар куни кўргани борардим. Бироқ, канчалик ачинарли бўлмасин ичкарига киритишмасди. Қанчалик ялиниб ёлвормай шундай бўларди. Бу эса табиийки, менга алам қилар, менга ёқмас, мени асабийлаштирарди. Ҳар куни панжаранинг ортидан юзма-юз тушган иккита тўрт қаватли бинонинг деразаларига қараб-қараб ортимга қайтиб кетардим. Мени ҳар куни кўравериб қоровул билан боғбон ҳам таниб қолишганди.

— Ичкарига кириш мумкин эмас,- дерди қоровул доим бир хилда туриб.

Кейин қаердандир битта ҳамшира пайдо бўлди. Ўттизни қоралаган, озғингина, лекин жозибали жувон. Ана ўша жувон  бир куни олдимга келиб, кўлимга нимадир тутқазиб кетди. Бу Ироданинг биринчи мактуби эди. Шу тариқа унинг қўлидан кунда бўлмаса-да, кетма-кет бир нечта мактуб олдим.  Уларнинг барчасини Ирода ёзганди.

Ўша ҳамшира менга бундан ташқари яна катта ёрдам ҳам қилган. Ироданинг саноқли кунлари қолганини ич-ичимдан ҳис қиларканман, ундан ичкарига киришимга бош врачдан рухсат олиб беришини илтимос қилганимда у йўқ демаган. Уриниб кўраман деган ва рухсат олган. Шу беминнат хизмати ва мактублар учун, ўйлашимча, ундан умрбод  қарздорман.

Мактублардан ташқари қолган барча буюмларни шкафга солиб қўйдим. Мактубларни негадир яна ўқигим келди. Уларни шу кунгача неча маротаба қайтиб ўқиб чиққанман — аниқ билмайман. Ҳар ойда қайтиб-қайтиб ўқийман. Шу сабабданми, улардаги ҳар битта сатр аллақачон менга ёд бўлиб кетган.

Ироданинг биринчи мактуби: “Бугун хамшира сизни панжара ортида узоқ вақтдан бери турганингизни айтди. Дастлаб бунга ишонмадим. Кейин бир амаллаб ўрнимдан турдим-да,  деразанинг олдига бордим. Сиз кўзимга негадир хомуш кўриндингиз. Нега хомушсиз? Агар мендан ҳавотир олаётган бўлсангиз, сизни ишонтириб айтаманки, мен анча яхшиман. Тўғри, ҳамон кўп йўталяпман. Лекин ўзимни тетик ҳис қиляпман. Тонгда, ҳатто анча-мунча қадам ташлаб боғни айланиб чиқдим. Иштаҳам ҳам шу кунларда очилиб қолди. Китоб ўқияпман десам ишонасизми? Бу рост. Китоб ўқияпман. Дюманинг “Граф”ини бошладим. Буни каранг: китоб шу ердаги кутубхонада бор экан. Кутубхоначи Раъно опа илтимосимга кўра олиб келиб берди. Яна  Мона Лизадан нусха кўчиряпман. Ҳар куни тўрттадан. Уларни  беморларга тарқатяпман. Бундан беморларни хурсанд бўлишганини бир кўрсангиз эди. Назаримда, уларнинг кўнглилари роса кўтарилди. Мона Лизадаги бокиралик ва гўзаллик, энг муҳими унинг табассуми уларда кучли таасурот қолдирди. Ажаб эмас шу орқали уларда соғайишга бўлган умид жонланса.

Расм чизаётганим бош врачга ҳам манзур бўлди. Биринчи кунлари у кўрикка кирганида доим тунд кайфиятда ўтирганимни кўрар, шунда худди сизга ўхшаб мени ёлғондакам уришиб қўярди. Энди расм чизаётганимни кўриб хурсанд бўлганча мени “рассом қизим” деб атаяпти. Ана шунақа.

Кеча Дилдора опа (сиз яхши танийдиган ўша ҳамшира) палатага граммафон билан Бетховеннинг симфониялари жамланган пластинкаларни олиб кирди. Ким олиб келганини сўрамадим. Битта кўришдаёк сездим. Буларни сиз олиб келгансиз. Тўғри топдимми? Ҳатто, бир даста оқ атиргуллар ҳам қўшиб юборибсиз. Сиздан бошқа ҳеч ким мени оқ атиргулларни ёқтиришимни билмасди. Шунинг учун уларни сиз панжара ортидан бериб юборгансиз деб ўйладим. Сизга катта раҳмат. Мана энди сиз сабаб бечора Бетховеннинг  бешинчи симфониясини ҳар куни тинглаб ётаман. Ажойиб симфония, тўғрими? Эсингиздами, Бетховенни қулоғи оғир пайтида уни яратгани? Буни сиз ўзингиз айтиб бергандингиз. Кўрдингизми, бу ҳануз эсимда. Нафақат бу, балки сиз айтган ҳар битта гапингиз ҳам.

Дилдора опадан палатада ким билан ётибди деб сўрабсиз. Палатада ўзим ёлғиз ётибман. Шеригим йўқ. Бу ерда мен келишимдан сал олдинрок бир ёшгина қиз ҳам ўзи ёлғиз ётган экан. Унинг кейинги тақдирини сўрагандим, уни соғайгач, кетди дейишди. Демак, буткул соғайиш мумкин экан-да деб ўйланиб қолдим бу гапларни эшитиб. Қанийди, тезрок соғайсам. Университетни жуда соғиндим.

Яна Дилдора опага ичкарига киритишмаёганидан хафаман деб айтибсиз. Бундан хафа бўлмасангиз  бўлади. Кеча ойим билан синглимни ҳам ичкарига киритишмади. Улар ҳам сизга ўхшаб дарвоза олдидан қайтиб кетишди. Синглим  худди сизга ўхшаб  яхши кўрган нарсаларимни ҳамширалардан бериб юборди.

Бугун кутилмаганда деразанинг олдидан узоқлашганимга хафа бўлдингиз, шундайми? Бехос узоқлашдим ва бошқа яқин келмадим. Ҳатто, пардаларни тортиб қўйдим. Агар билсангиз, юрагим эзилиб кетди. Шунга унинг олдидан узоқлашдим. Каравотнинг четига ўтириб роса йиғладим. Ўзимга эмас, сизга ачинганимдан йиғладим. Шундан сўнг, парданинг ортидан яна мўралаб қарадим. Сиз кетмаган бўлсангиз-да, буни сезмадингиз. Сизга қарарканман кўзларимдан яна тирқираб ёш оқиб кетди.

Сиз ҳам менга қўшилиб сўлиб боряпсиз. Кейинги пайтларда кўзимга озиб-тўзиб кетганга ўхшаяпсиз. Ишонинг, менга айнан шундай туюляпти. Яна кўзларингиз маъюслашиб кетгандек. Улардаги қувончни энди кўрмаяпман.  Кеча хайрлашаётиб менга қўл силкимадингиз. Жилмаймадингиз илк марта. Индамай тикилиб турдингиз, холос. Одам ҳам шунақа қилиб хайрлашадими?Ахир, бу ерга илк бор келган пайтингизда хайрлашаётиб жилмаярдингиз-ку. Мен яна жилмайиб хайрлашишингизни хохлайман”.   

Иккинчи мактуб: “Агарда сиз менинг ўрнимга бошқа қизга кўнгил қўйганингизда сиз учун яхшироқ бўларди. Буни сизга ачинганимдан айтяпман, чунки кундан кунга сиздаги ўша мени ўзига мафтун қилган қувноқлик йўқолиб боряпти. Буни сизга деразадан тикилган онларим чуқур ҳис қиляпман. Деразадан сизга тикиларканман, сизнинг нигоҳингизда аввалгидек қувноқлик эмас, ҳавотир ва қўрқув балқиб тургандек бўляпти. Мен учун қадрдон бўлган кўзлар чегара билмас қўрқув ва ҳавотир исканжасида қолгандек таасурот уйғотяпти.

Сиз аввалари қувноқ юрардингиз. Мен касалхонага ётганимдан сўнг тамомила ўзгариб қолдингиз. Бу мени чўчитяпти. Наҳот, аҳволим шу даражада ёмон бўлса? Наҳот, ҳаётим қил устида тургани рост бўлса? Ҳеч ким бу саволларга жавоб бермаяпти. Ҳеч ким. Ҳатто, бир куни жавоб олиш  мақсадида Дилдора опага ҳам вужудимни қийнаётган шу саволларни бердим. У  умидсизликка тушманг деди, холос. Балки, унинг гаплари тўғридир. Тунов куни бу ердан яна бир аёл бутунлай соғайиб яқинлари олдига кетди. Уни бутун касалхона кузатиб қўйди. Мен ҳам деразадан унга қўл силкиб қўйдим. Демак, бу ер унчалик ваҳимали жой эмас.

Тушликдан сўнг ухлаб қолибман. Тушимда сиз билан Римга борибмиз. У ерда Колизейни томоша қилибмиз, муҳаббат фавворасига ният қилиб танга ташлабмиз, устимизга роҳибларнинг кийимини кийиб олиб Ватиканни айланибмиз, карнавалда қатнашибмиз.

Хонамга Дилдора опа киргачгина уйғониб кетдим. Уйғонгач мени тинимсиз йўтал тутди. Буни кўриб у менга онам олиб келган эчки сутини қайнатиб берди. Уни ичдим. Йўталим шундан сўнг бир оз бўлсин тинди. Сил касалига йўлиққан беморларга эчки сутини давоси бор деб тўғри айтишган экан. Уни ичишим билан ўпкам оз бўлса-да дам олди. Йўтал мени тинч қўйди.

Дилдора опа сизни бугун қоровул билан жанжаллашди деб айтди. Сизни ичкарига киритишмаётгани бунга сабаблигини тушуниб турибман. Бирок, бунга у айбдор эмас. Бу ерда тартиб қоида ўзи шунақа. Шундай экан, илтимос у шўрлик билан жанжаллашманг. Биламан, мени кўришни хоҳлаяпсиз. Буни иложи йўқ экан, нима ҳам қилардик, сабр қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Агар мени кўришни истаётган экансиз, ҳар доим турган ерингиздан  деразам томонга қаранг. Мен деярли ҳар беш-ўн дақиқада сизни келдими-келмадими деб унинг олдига келиб- кетяпман. Қолаверса, мактубларим орқали сизга ўзим ва аҳволим ҳақида ёзиб турибман. Шунисига ҳам шукр”.

Учинчи мактуб: “Бугун ҳаётда яшашдан мақсадим нима эканлиги хусусида кўп ўйладим. Кўпчилик шу хусусида ўйлайди. Демак, мени ҳам ўйлашим табиий. Лекин, кўпчилик керак бўлса умр бўйи бу саволга жавоб тополмай, умрини мақсадсиз ўтказади. Мен эса бу саволга жавоб топишга унчалик қийналмадим, чунки яшашдан мақсадим аниқ. Мен Худо хоҳласа соғайиб кетиб университетга кайтсам, у ерда ўқишимни давом эттираман ва яхши ўқитувчи бўлиб етишишга ҳаракат қиламан. Кейин эса мактабда болаларга дарс бераман. Ўйлашимча, мендан тузукроқ ўқитувчи чиқади. Мактабдаги синф раҳбаримиз ҳам шундай дерди. У бошқаларни билмадим-у, лекин ўлай агар сендан росаям қаттиққўл ўқитувчи чиқади , дерди. 

Бугун тушлик қилгани ошхонага кечроқ бордим. Бунга Дюма ва унинг “Граф”и айбдор. Китоб ўқишга берилиб кетганимдан тушлик вақти ҳам эсимдан чиқаёзибди. Уни ҳали ўқиб тугатганим йўқ, лекин бундай ажойиб асар билан хайрлашгим келмаяпти. Жаҳон адабиёти хазинасида  яна қанчадан қанча ажойиб ва ғаройиб асарлар бор-а. Мен уларни мисқолдек келадиган қисмини ҳам ўқиб чиқишга улгурмаганман. Ўқиганларим жуда оз. Насиб қилса уларни ҳам ўқиб чиқарман. Шуни ўйлаб бугун уларнинг руйхатини тузиб чиқдим. Руйхатнинг олдинги қаторида “Жейн Эйр” билан “Анна Каренина” туришибди.

 Кечқурун синглим мени кўргани келди. У билан ҳам худди сиз каби дераза олдида туриб кўришдим. У билан ойимни келмаганларига ҳайрон бўлдим. Худди буни сезиб тургандек синглим бир варақ коғозчага ойим касал бўлиб қолдилар деб ёзиб бериб юборибди. Бу мен учун кутилмаган хабар бўлди. Эҳтимол, ойим мени ўйлаб ғам-ғуссага берилгандилар. Гарчи, синглим бундай демаган бўлса ҳам буни ич-ичимдан ҳис қилдим. Синглим яна менга эчки сути олиб келибди. Бундан ташқари Третьяков галереясининг фото альбомини ҳам. Эчки сутидан кўра альбомга хурсанд бўлиб кетдим. У ердаги картиналарнинг фото нусхаси мени бир лаҳзада ўзига ром этди қўйди. Ҳатто, бир неча дақиқа дардимни унутиб ажойиб ҳиссиётлар оғушида қолдим.

Мен азалдан музейларга қизиқиш билан қараганман. Буни сиз яхши биласиз. Лувр, Прадо, Эрмитаж каби музейлар, Третьяков ва Уффици каби галереяларнинг сеҳри мени болалигимдан ўзига ипсиз боғлаб олган. Шундан бўлса керак, уларни кўриш орзуси билан яшаб келаман. Мана энди синглим сабаб бу ушалмай келаётган орзуимнинг ташналиги оз бўлса-да қонадиган бўлди. Эскпонатларга кўз югуртирарканман у ердаги Репиннинг машҳур картинасидан бошқа барча экспонатларни кўриб қувондим. Иван Грознийнинг ўз ўғлини ўлдираётган картинаси эса туни билан тушимга кириб чифди. Бу даҳшатли асар. Ундаги ёвузлик мени ҳалигача қўрқитяпти.

Тўртинчи мактуб: “Хонада ўзим ёлғиз ётганимга мана бир ҳафта бўлди. Хонадаги суҳбатдошларим  Дюманинг “Граф”и, Бетховеннинг Бешинчи Симфонияси, Мона Лиза ва хотираларим. Уларнинг тўртталаси ҳам менга турлича таъсир ўтказишяпти. Граф Монте-Кристо умид ва сабр қилмоқ кераклигини уқтиряпти, Бетховеннинг Бешинчи симфонияси курашишга чорлаяпти, Мона Лиза мушкул вазиятда ҳам беғуборликни йўқотмасликни билдиряпти, хотираларим эса юрагимни битмас-туганмас соғинч ҳиссига кўмиб ташлаяпти.

Хотираларим мени болаликни ва яқин ўтмишни нақадар соғинганимни қулоғимга шипшитишяпти. Тўғри, болалигим осон ўтмаган. Отам бошқа аёлга кўнгил қўйиб бизларни ташлаб кетгач, онам мени ва синглимни қийналиб катта қилди. Мен эсимни танимай туриб ҳар қадамда отаси ташлаб кетган фарзанд ролини ижро этиб атрофдаги ҳиссиз, юраксиз одамлар томонидан мазах ва хўрликларга гирифтор этилдим. Тенгкурларимга отаси музқаймоқ ёки бирорта ўйинчоқ олиб берганини кўрган пайтимда ичимдан эзилиб кунларни ўтказдим. Лекин, шунда ҳам хурсанд бўлиш учун, бахтли бўлиш учун сабаб топа олдим. Тўғрироғи, онам ана ўша сабаб эди. У бизни нафақат оқ ювиб оқ таради, балки бизни бахтсиз болалик қўйнида эмас, қолган болалар сингари бахтли болалик қўйнида улғайишимизга кўмаклашди. У бизни дам олиш кунлари доим театрга, музейга, кинога, истироҳат боғига олиб борарди. Синглим билан менга кутубхонадан китоблар олиб келиб берарди.

Кундузи у ишда, биз мактабда бўлардик. Мактабдан сўнг мен фортепьяно тўгарагига, синглим бўлса инглиз тили тўгарагига қатнашардик. Кечқурун эса уйимиз тўларди. Ойим бизни ўзи кутиб оларди. Кечки овқатдан сўнг, бизга тикувчилик хунарини ўргатарди, кейин уй вазифаларимизга ёрдамлашарди ва ниҳоят ухлаётганимизда ёнимизда ётиб бизга китоб ўқиб берарди.

Кейинчалик у Санжар амакига турмушга чиқди. Шунда ҳам у кўпроқ вақтини бизга ажратарди. Бунинг натижасида эса у ва ўгай отам ўртасида кунда жанжал келиб чиқарди. Санжар амаки бизни ёқтирмасди. Сабабини билмайман. У доим бизга ётсираб қарар ва совуқ муносабатда бўларди. Онам доим уни хурмат қилишимиз лозимлигини ва у яхши инсон эканлигини бизга айтса-да, негадир ундан мен ҳам, синглим ҳам қўрқардик.  У худди отам каби кўп ичар ва онамга тинимсиз хиёнат қиларди. Онам шўрлик ёмғирдан қутулиб дўлга тутилганди. Бора-бора у онамни урадиган одат чиқарди. Мен бу пайтга келиб юқори синфга ўтгандим. Бир сафар у онамни ураётганининг устидан чиқиб қолдим ва йиғлаганимча милиция инспекторини  чақириб келдим. Санжар амаки милициянинг ортидан қўллари кишанланган ҳолда кетар экан, менга “отанг сенларни бекорга ташлаб кетмаган экан”, деб бақирди. Шу-шу у бошқа остона хатлаб келмади. Онам у билан ажрашди.

Шундан сўнг баъзида онамни кечалари йиғлаётганини кўриб қоладиган бўлиб қолдим. Буни кўриб унга ачинардим. Унга ёрдам бера олмаётганимдан ачинардим. Шу зайлда унга ачиниб кун ўтказдим. Унга ачинарканман, баъзида отамдан нафратланиб кетардим.

Шу кунгача отамдан нафратланиб яшадим. Лекин, бугун, ҳа, айнан бугун отамдан нафратланишим нотўғри эканини тушундим. Сиз доим шундай дердингиз. Отамни кечиришим зарурлигини тинмай таъкидлардингиз. Сизнинг ушбу сўзларингизнинг маъносини бугун тушуниб етдим. У онамни, мени ва синглимни ташлаб кетган бўлса-да, уни кечирдим. Нима бўлганда ҳам у мени отам, мени дунёга келтирган. Фақат ота меҳрига тўймай катта бўлганим юрагимни  ҳалигача хижил қилади, холос. Шундай бўлса-да, мен отамни кечирдим”.

Бешинчи мактуб: “Илк бор бугун сизнинг суратингизни чиздим. Сизга деразадан қараб туриб чиздим. Суратингиз яхши чиқди. Менимча, бир оз ўхшади. Энди сиз кетганингиздан сўнг, хонада у билан суҳбатлашяпман. Ҳар куни тонгда саломлашаман, уйқуга ётиш олдидан хайрлашаман. Шунингдек, сизни олдин хафа килган кунларимни эслаб ундан кечирим сўрайман. Қизиқ, у мени ҳамрохимга айланиб қолди.

Касалхонага дастлабки келган кунларим соғлигим яхшига ўхшаганди. Энди бўлса негадир ёмонлашаётгандек туюляпти. Тинмай йўталяпман. Кеча ҳатто йўталганимдан сўнг оғзимга тутган дастрўмолда қон пайдо бўлганини кўрдим ва қўрқиб кетдим. Билмадим, агар врач келиб тинчлантирмаганида кандай аҳволга тушардим. Бундан ташқари кўксимда хам оғриқ пайдо бўлиб тиним билмаяпти. Уни нимадир қаттиқ босаётгандек нафас олишим гоҳида қийинлашиб кетяпти.

Дардимни унутиш учун  кўпроқ китоб ўқияпман, сурат чизяпман, мусиқа тинглаяпман. Тўғрироғи, ўзимни бепарво тутиш орқали дардим билан курашяпман. Аммо, бу кийин бўляпти. Ўзимни қанчалик бепарво тутмай, қанчалик дардимни эсимдан чиқаришга уринмай, танам ақлимга бўйсунмаяпти ва оғриқ такрорланиб тинкамни қуритиб юборяпти. Яхшиямки, эчки сути бор. Ундан хўплаганимдан сўнг сал булса ҳам камроқ йўталяпман”. 

Шерзод Ортиқов

1 izoh

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting