ЮРАКДАГИ ДОҒ

2
965

ҳикоя

У сил бўлиб сиқилдими ёки сиқилиб сил бўлдими, англолмай қолди.

Мана энди, эллик олти кун шу бефайз касалхонада ётишга мажбур. Душанбаларнинг ҳам, шанбаларнинг ҳам аҳамияти йўқ. Ҳар кун дори ютиш керак, осма уколлар мунтазир турибди, кашанда беморлару шанғи фаррошларнинг тунд юзига кўзи тушаверади. Қочиб кетгиси келади, аммо…

Эллик олти кун қачон ўтади ўзи?

Ҳаммаси ўша  шоду хуррам бўлиб ўзига оро берган, юрагига бахтдан туйғу ясаб бўлажак турмуш ўртоғи сари ошиққан кундан бошланди. Ўша куни улар никоҳдан ўтиш учун тиббий кўрикдан ўтишлари зарур эди. Шоҳида йигитга аллақачон ўрганиб қолди, йигит ҳам уни бирор ерга ёлғиз юбормайди. Сарполар бирга танланди, жиҳозлар кўнгилдагидек бўлди, никоҳ узуклар бармоқларга тақилишга шай турибди. Энди эса энг ҳаяжонли юмуш қолди: ФДҲЁдан ўтишлари керак. Бунинг учун ўнлаб тиббий хоналарга мўралашга тўғри келарди. Йигит ўзини кўрсатгиси келдими, барини пул билан тўғирлайман, сиз азият чекманг, деб таклиф қилди. Шоҳида ўзи кўнмади: йўқ, бари рисоладагидек бўлаверсин. Тағин куёвнинг кўнглига бирор шубҳа келмадимикин деб ўйлади. Ҳуддики, йигит бирор касалини яширяптию, қиз уни текширувдан ўтишга ундаяпти. Йўқ, ундай эмасди, қиз шунчаки доим қоидаларга амал қилган: ўқишга ҳам ўз кучи билан кирди, сессияларда домлаларга конверт узатмади, дипломни бировга ёздирмади. Отасига ваъда қилганидек биров билан юрмади, катталар маъқул топган совчиларга розилик билдирди.

Ҳа, шундай қилиб, биргаликда тиббий кўрикдан ўта бошладилар: тери таносил, наркология, руҳий ҳасталиклар диспансери. Навбат сил касалликлари диспансерига етганда Шоҳиданинг рентген қоғозини синчиклаб текширган ўрис дўхтир шундай деди:

–  Ғира-шира доғ бордек, қизим. Энди мундай қиламиз: рақамли аппаратга тушиб келасан. Хусусий клиникага бориб пулини тўласанг ўн минутга чиқазиб беради. Қараб аниғини айтаман, келишдикми?

Ташқарига чиққач қиз ҳижолатомуз йигитга қаради, йигит тамаки тутатди…

Ўша, кезлар Наврўз байрами арафаси эди. Аниқ-таниқ ёдида қолган: ҳаётининг алғов-далғов кунлари ўшандан сўнг бошланди. Кечки пайт қуда томондан қўнғироқ бўлди:

–  Қизингизнинг ўпкаси касал экан-ку…

–  Ундай эмас, қуда. Шунчаки тахминий доғ деб…

–  Йўқ, доғ шунчаки бўлмайди. Менга соғлом келин, соғ набиралар керак, ўзингиз ҳам келин олгансиз, мени тушунарсиз?

–  Тушунаман, лекин…

–  Юкларни жўнатиб юбордим, ҳали замон эркак қудангиз бошчилигида етиб боради. Энди ўз тенги топилар, кўп куйинманг, ўргилай. Биласиз, менда битта ўғил…

Гўшак қўйилди. Ташқарида машина сигнали чалинди…

…Фотиҳа бузилгач, орадан вақт ўтиб кўз ёшлар қуригач, Шоҳида аммасими, холасими топиб берган ўша бўлажак куёв ҳақда харна ўйламай қўйди. Балки ўша доғ бўлгани яхшиликкадир? Йўл ярмида ташлаб кетгандан кўра йўл бошида ажралишган маъқул кўринди. Дарвоқе, доғ! У ҳалиям турибдими? Шоҳида хусусий клиникага текширувга борди: рентгенга тушди, тиббий таҳлиллар топширди.

–  Доғ аниқ кўриниб турибди. Таҳлиллар ҳам шубҳани тасдиқлади. Сиз дарҳол йўлланма олиб сил касалликлари шифохонасига ётишингиз керак. 

“Мен силманми”, ўйлади Шоҳида. “Қўйсангларчи, мен соппа соғман”, хаёлан шифокорларга эътироз билдирди у. “Фақат сал сиқилдим… шунга юракдаги доғ кўриниб қолган. Ёки аввал доғ пайдо бўлиб кейин сиқилгандирману, буни энди яшириб бўлмай қолди… Мен тамаки чекмасам, ёмон йўлларга юрмасам? Мен руҳимни ҳам, жисмимни ҳам пок тутсам?.. Нега, нега менга бундай ташхис қўясизлар? Ахир… мен бунга муносиб эмасдим-ку…”

Касалхонада илк кеча яна кўз ёшларга чўкишга ўзини хукм этди. Тонгда тоза ҳаво истаб деразаларни ланг очди: кўзи қўлтиқтаёқ тутган, озиб чўп бўлиб қолган, билакларига игна билан сурат солинган бефайз одамларга тушди. Қанақа оламга келиб қолдим? Муносибмидим, Худойим, ўзинг айтгин, нима гуноҳим бор эди…

Бирор тузук одам бормикин бу ерда? Шу мақсадда бироз кезинди. Уч-тўрт кун кўнглига мос одам чиқмади. Аёллар кам бўлсада, бор. Улар ҳам чекади. Чекмайдигани қари кампирлар ёки саёқ қизлар. Йўқ, барибир Шоҳида бу ерга нотўғри ташхис билан келиб қолгани аниқ. Аниқ бўлмасада, умид бор. Эллик олти кун ётмайди. Ҳадемай чиқариб юборишади: ойдек равшан-ку, у бу ерга мос эмас, ўтиришмай турибди…

Бешинчи куни муолажа хонасида осма олиб ётса, ёнидаги каравотга бир йигит келиб ўтирди.

–  Хўш, яна глюкозами ё янгичасидан ёзишдими?

–  Кетар олди натрий қуюшади, -ҳамшира унинг билагини уколга тайёрлай бошлади.

–  Демак… оз қолибдида, -йигит жилмайди.

–  Кун санамаяпсизми?

–  Ўттиз бешми, қирқмиди, кейин санамай қўйдим.

– Тўғрисини айтинг, кетгингиз келмаяпти-а?

– Ўрганиб қолибман, -йигит хошуш тортди.

Балки уйида ҳеч ким кутмас, ўйлади Шоҳида. Қандай соз, кетишига ўн кунча қолгандир? Йигитга разм солди: зиёлига ўхшайди. Туппа тузук одам, у ҳам бу ердагиларга ўхшамайроқ турибди. Йигит унинг нигоҳини пайқади.

– Янгимисиз? -гапга тутди.

– Ҳа…

– Қандай, бу… дардни орттирдингиз?

– Қайдам. Баҳорда грипп текканди, оёқда ўтказибман. Шунинг таъсири дейишди. 

– Мендаям шу. Йўтал қилиб, ширин сироп ичиб юраверибман. Қарасам, бир ойдан бери йўталим кетмайди. Беш кило вазн ташлабман. Шундаям эътибор қилмадим, аммо янги ишга ўтаман деб справка қилиб юрганимда… шу доғ чиқиб қолди.

“Доғ” ўйлади қиз. Ҳамма нарсанинг оқибатида қаердадир доғ қоларканда-а?

Йигитни кечки маҳал арча тагидаги ўриндиқда учратди. Тамаки чекувчилардан ажралиб бир ўзи ўтирарди, қўлида рўзнома. Қиз беихтиёр унинг ёнига одимлади. Сабаби, унинг хонасида ҳам ҳудди газетадан бор эди.

– Сиз ҳам шуни ўқийсизми?

Йигит уни кўриб хурсанд бўлганини яширмади, ўриндиққа имлади.

– Ҳа. Сиз ҳам, чоғи?

– Уйда даста-даста йиғиб қўйибман.

– Кимларнинг ҳикояларини кузатиб борасиз?

Шоҳида ўзига маъқул уч-тўрт муаллифнинг исмини айтди. Йигит уларнинг орасида ўз исм-шарифини эшитиб озроқ тўлқинланди, аммо сездирмади.

– Мутолаа албатта, яхши, айниқса шунақа санаторияларда.

– Санатория дейсизми? -қиз ёлғонтакам чимирилди.

– Сиз шундай тасаввур қилингда. Мен барча танишларга тоғда, санаториядаман, деб айтиб қўйганман, ўзим ҳам шунга ишониб қолдим.

Шоҳида кулди. Бу ерга келганидан бери биринчи марта кулиши эди.

– Силман, десам ҳамма юз ўгириб кетади-да, тўғрими?

– Тўғри… -хомушланди қиз.

Йигит унинг ҳолатини илғади.

– Касал эканингизни қандай билдингиз?

– Загс учун тиббий кўрик пайтида, -қиз буни жўнгина айтмоқчи эди, барибир овози қалтиради.

– Тушунарли. Тўй… қолдирилмадими?

– Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

– Бу ердаги ҳаётий тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак… қолдирилиши эҳтимоли кўпроқ. Сиз ётган қаватда бир ёш келин бўларди, исми Назокат. Қорнида боласи бўлсада, эри ажримга ариза берди. Ҳомиласи эса нобуд бўлди. Касалликдан дейсизми? Йўқ, сиқилишдан. Хов нариги бинода оғир касаллар ётади, -йигит орқа тарафга имо қилди. — У ердаям кўп ойлардан буён Насиба деган аёл  даволанади. Аввалига дуппа дуруст эди, агар ўзига қараганида эллик олти кунда чиқиб ҳам кетарди. Ҳозир уни бир йилсиз чиқаришмайди.

– Бир йил? -Шоҳида ҳайратланди. -Нега?

– Доғ кичрайиш ўрнига катталашиб боряпти. Унинг эри ҳам…

– Ташлаб кетди, денг. Нақадар худбинлик… Унинг ўрнида ўзи бўлишинг  мумкин эди-ку, нега эркаклар шуни ўйламайди-я?

– Эркакларни айблашга шошманг, синглим. Рустам деган йигит бор эди. Хотини силга чалингач, уч ой бошида туриб ўзи парвариш қилди, кечаю кундуз касалхонадан жилгани йўқ, шу ерга кўчиб келволди. Ҳамма уларнинг оқибатига ҳавас қиларди.

– Яхши-ку… Тузалиб кетишгандир?

– Афсус. Аёл вафот этди, -йигит хўрсинди. -Менинг шеригим ҳам яқинда томирини кесди. Хотини болаларини олиб кетиб қолибди. Касалингизни бизга ҳам юқтириб адо қиласизми, дебди. Ҳаммаси тиббий маданият етишмаслигидан. Ахир силнинг давоси бор-ку. Ҳалиям, бизники ҳеч нима эмас. Яхши овқатланиб, дамни олсак, сиқилмасак кўрмагандек бўлиб кетамиз.  

– Айтганингиз келсин.

Шоҳида энди тақдирини табиий қабул қила бошлади. Фотиҳаси қайтган, нима бўлибди шунга? Бу ердаги қисматлар олдида уники ҳеч нима эмас. Ҳаётда нималар бўлмайди. Бош омон бўлса, кўравераркан одамзод. Ўйчан руҳда палатага кирган қизни шериги, 60 ёшлардаги Муҳаббат хола қаршилади.

– Ассалому алайкум, яхши келдингизми?

Дам олиш кунлари уйида, неваралари бағрида бўлиб қайтган холанинг ҳам шашти суст эди.

– Бормасам нима эди? Чол тушмагур дастурхон бошида, ҳамманинг кўз олдида қошиғингни лаганга тиқма, алоҳида ликоп ол, деб дакки берди. Бормайман, энди бориб бўпман.

Шоҳида бу дилкаш хотинни бошданоқ яхши кўриб қолганди. Шу сабаб унга чиндан ичи ачиди.

– Ўйламанг. Набираларни аяган-да чолингиз. Келинг, яхшиси чой қўяй.

Муҳаббат хола келини пиширган сомсаларни столга қўйди.

Шоҳида ўзи билан олиб келган ҳамма китобларни ўқиб тугатди. Зерика бошлагач шу атрофдан матбуот шаҳобчаси излади, тополмади. Кейин бояги йигит — исми Собир эди, тўртинчи қаватда ётарди – ўшанинг палатасини қоқди: газета сўради. Собир бир неча кундан бери хонасидан чиқмай ётарди. Баҳонада ҳол-аҳволини суриштирди. Пича беҳол кўринди.

– Энди чиқишимга оз қолганда… руҳим тушди, Шоҳида. Тунов куни уйга бордим. Тўғриси, уйни жуда соғингандим. Хотинимни ҳам… аммо биласизми, у… у мени… -Собир тутилди. -Хуллас, тунда уйдан чиқиб кетдим. Шаҳарни дарбадар кездим.

Шоҳида унинг уйланганини билмасди. Тасалли бермоқчи бўлдию, индамади. Бармоқларини қисирлатди, енгил ух тортди:

– Эътибор қилманг. Соғайиб кетсангиз, бари ўрнига тушади.

– Ғалати-да… сездим, у мендан ижирғанди, Шоҳида. Мажбуран… қандайдир… Уни ҳам тушунса бўлади. Ёш келинчак, чилласи чиқа солиб эри бундайлигини билиб қолса. Сиз айтгандек бари жойида тушиб кетади, аммо барибир юракда шу хотира доғ бўлиб қолади-да.

Тўғри, ўйлади қиз. Юракдаги доғ кетмас экан. Биз бу ерда доғларни йўқотиш дардида юрибмизу, аммо ҳаёт синовлари уларни янада кўпайтириш пайида бўляпти. Энг ёмони, юракдаги доғлар рентгенда кўринмайди. Кўринсами? Санаб адо қилолмасдик…

Шу суҳбатдан сўнг Собир ва Шоҳида ҳар тонг ва оқшом арчазорда сайр қиладиган бўлдилар. Собир ёзаётган ҳикояси ҳақида сўзлар, Шоҳида бўлса фикрини айтарди. “Ҳикояларингиз ҳаётдан узоқ, дерди у. Нега доим қаҳрамонларингиз мурод мақсадига етади? Кейинги тақдири ҳақда ҳам ўйлаб кўринг. Ҳаёт бир текис эмас-ку… йўқ, ёмонлик билан тугатинг, демайман. Балки мавҳум қолгани дурустдир. Хулоса ўқувчининг ўзига қолса: истаса бахтиёр деб ўйласин, истаса бебахт”.

“Аввалроқ қаерларда эдингиз? Қизнинг яшилтоб кўзларига қараб хаёл қиларди Собир. Сал аввал, дейлик, бир йил олдин. Нега йўлимда дуч келмадингиз? Балки сизни топганимда… бари бошқача бўлармиди”.

Энди вақт ҳам тез ўтарди. Тез ўтгани ёмон бўлди: Собирга рухсат беришди. У палатама палата юриб барча билан хайрлашди. Энг охирида Шоҳидага гал келди.

– Айбга буюрмайсиз, шеригингиздан телефон рақамингизни олдим. Бу ердан чиққач, қўнғироқ қиламан.

– Ҳожати йўқ, -қиз сергакланди. Йигит унинг истиҳоласини тушунди.

– Биласизми… балки шошиб оила қургандирман. Рафиқам ҳам отасиникида эмиш.

– Уни олиб келишингиз керак…

– Қайдам. Лекин кўнглим…

– Қўйинг, -Шоҳида дераза тарафга ўгирилди. Юраги тез урарди.

– Кўргани келаман… йўқса яна ўсал бўлиб қайтиб келишим муқаррар. Яхши қолинг, Шоҳида.

Собир кетгач, Шоҳиданинг вақти ўтмай қолди. Ихтиёрсиз телефонига қарарди: номаълум рақамдан қўнғироқ бўлмади. Кунлар ўтди: деразанинг нарёғидан таниш чеҳра кўринмади. Хотини қайтган… ярашган… тинчиб кетган. Майли-да… шуниси яхши.

Кун санаб, эллик олтинчига ҳам етиб келди. Шифокор унга сўнгги таҳлил натижаларини айтди:

– Аҳволингиз яхши. Доғ сўрилиб деярли кўринмай қолган. Буёғига ўзингизни асранг. Муҳими, чандиқ йўқ. Кўрмагандек бўлиб кетасиз.

Муҳими чандиқ қолмапти…

Шоҳида бир-бир қадам босиб ташқарига чиқди. Касалхона тепасидаги ёзувларга қаради: номи ёқимсиз. Лекин гўзал хотираларга бой. Бу ерда доғлар кетди. Изи ҳам қолмади. Ўрнига очилган гуллар эса эгасини кута-кута сўлий бошлади. Уларнинг-да ўрни доғ бўлиб қолмаса эди…

Шоҳида бутунлай янги ҳаёт бошлашга қарор қилди. Назарида, ўзини ҳеч қачон бунчалик кучли ҳис қилмаганди. Дипломини кўтариб бир неча идораларга иш сўраб борди. Кўп ўтмай хусусий клиникага ҳисобчи бўлиб жойлашди. У ўзи истагандек янги ҳаёт бошлаши мумкин эди, аммо тақдир уни Эътибор билан учраштирди.

Аёлни УТТ кўригига олиб келишди. Шоҳида Собирни касса ёнида тасодифан кўриб қолди. Бироз озгандек, рангпар кўринди. Хотиржам алфозда у томон қадам ташлади. Эски танишлардек саломлашди. Аммо Собир хижолатли нигоҳларини четга олди.

– Соғайиб кетганингиздан тўғриси, хурсандман, Шоҳида.

– Бу ерларга қандай шамол учирди?

– Рафиқамни олиб келгандим. УТТга.

– Тинчликми?

Собир айбдорона боқди:

– Касалхонадан чиқсам, уйга қайтди. Лекин мен… яшамоқчи эмасдим. Юрагим ўша ерда, арчазор остида, ёғоч ўриндиқда, сизнинг ёнингизда қолиб кетганини билардим. Бироқ маълум бўлдики… аёлим бошқоронғу экан. Бу аҳволда ташлаб кетолмасдим. Шу ернинг аппаратини яхши дейишди, шу боис…

Шоҳида уни жим тинглади. Энг муҳими, тушунди. Ҳис этди. Кўнглидаги хижиллик ариди. Сиз тўғри қилгансиз, деди хаёлан. Сўнг буни тилига ҳам кўчирди.

– Бари изига тушади, дегандиму…

Собир аёлининг ёнига кетди. Шоҳида унинг ортидан қараб қолди. “Юракда доғ эмас, азиз хотира бўлиб қолинг. Сизни эслаганда бироз симилласин, аммо оғримасин. Пок ҳислар кезинсин, бироқ азият бермасин. Сизни шундай эслайман, Собир ака. Сиз эккан умид ниҳоллари ҳали чинорга айланганда, қалбимда қора доғларга ўрин ҳам қолмайди… унда фақат эзгу ҳислар бўлади, гўзал хотиралар бўлади”.

Шоҳида матбуот шаҳобчасидан рўзноманинг янги сонини ҳарид қилди. Қадрдон муаллифининг саҳифаларини очди.

“Бағишлов. Юрагингда доғ қолмасин”.  Собир Азиз.

Шоҳида ўша бўйи орадан йиллар ўтиб, банкка, фарзандининг боғча пулини тўлаш учун навбатда турганда, Собир ҳақда эшитди. У Эътиборни дарҳол таниди. У бор овози билан барчанинг эътиборини ўзига тортарди:

– Эрим оғир дарддан ўлиб кетган, ёлғиз беваман! Давлат менга навбатсиз уй бериши керак, устингиздан ёзаман ҳали!

Банк ходими уни тинчлантиришга уринар, аёл эса баттар жазавага тушарди. Шоҳиданинг хаёлида эса фақат бир жумла тинмай айланарди: “оғир дарддан ўлиб кетган…” Аёл тўлов ҳақда ҳам унутиб, ташқарига чиқди. Қуёш қип-қизил бўлиб ботарди… Ҳудди юракдаги доғни эслатади. Ёниб-ёниб адо бўлган доғни…

Нодирабегим Иброҳимова, 2018 йил.

2 Izohlar

  1. Юракка яқин олган бундай ҳикоя ўқимаган эдим аввало муаллифга раҳмат лекин биролат мени ҳайратлантирди адиба худди ўзи шу даргоҳда кезиб юргандай ёзган экан.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting