ЎРИНДИҚ (2 пардали пьеса)

0
1146

Ушбу пьеса ўзининг дилбар, лирик шеърлари билан кўпчиликка таниш Гўзалой Солиҳ қизи қаламига мансуб. Тўғрисини айтсам Гўзалойдан бундайин чуқур, яна ўзбек адабиётида ҳали-ҳамон ўринлаша олмаган жанрда ёзилган асарни кутмаган эдим. Яна бир жиҳати, пьесада фалсафий фикрларга мойиллик яққол сезилади. “Ўриндиқ” тарзида бир оз ғайриоддий номланган бу пьесанинг бошидан охиригача “Гўрўғли” эпосидан айтимлар янграб туради. Воқеалар ривожига қараб оҳанг гоҳ кўтарилади, гоҳ тушади. “Ўриндиқ” ёки ўрин фалсафасини чамамда шу оҳанг таъминлайди. Асарда сценарийлик хусусияти ҳам йўқ эмас. Муаллиф бўлажак режиссёрига саҳна декорациясини мукаммал даражада чизиб бера олади. Турли ашқол-дашқоллар билан тўлган юзлаб ўриндиқ. Уларни оралаб ўз ўриндиғини излаётган қаҳрамон. Асар сўнгида ўз ўриндиғини ясаб бўлган одамнинг “Гўрўғли” достони хоразмча оҳангларига синггиб кетиши. Умуман ёмон ғоя, ёмон асар эмас. Фақат пьеса ўртасидаги воқеалар бир оз чўзилиб кетгани, сериалнамо тус олиб, асарнинг асл фалсафий руҳини бузганини истисно этганда. Ўйлашимча, Гўзалой пьесасини бир оз ишлаб театрга олиб борса, тузукроқ режиссёрга учраса, яхшигина саҳна асари пайдо бўлади.

  Узоқ Жўрақулов, филология фанлари доктори

Қатнашувчилар                                                                        

Собир — 70-75 ёшларда

Наргиза — 45 ёшларда

Шокир — 40 ёшларда

Насиба   — 35 ёшларда

Асила — 75 ёшларда

Нусрат — 70 ёшларда

Нодир — 45 ёшларда

Башорат — 50 ёшларда

Талабалар

Ўткинчи аёл

Меҳмонлар

Харидорлар

1-парда

1-кўриниш

“Гўрўғли” достонидаги юртдан олис кетган ўғлон ҳақидаги айтимнинг мусиқаси элас-элас эшитилади. Саҳнага чироқнинг хира нури тушиб турибди. Хира чироқ ёруғида кўплаб стуллар кўринади. Стулларнинг бирида чўпон таёғи, бирида кетмон, бирида компьютер, бирида синф журнали, бирида сиёҳдон билан қамишқалам, бирида китоб, бирида фуражка, бирида каска, бирида футбол тўпи, бирида дутор ва ҳакозо. Стулларнинг барчаси банд. Орқадаги декарацияда ҳам стуллар тасвирлангани учун томошабинга стуллар юзларчадек таассурот уйғотади. Собир шу стулларнинг орасида ўтиришга жой излайди. Бирига ўтирмоқчи бўлади, бироқ бандлигидан ўтиролмайди, иккинчисига ўтирмоқчи бўлади, унга ҳам ўтиролмайди. Аланглаб ўтиришга жой излайди. Аммо тополмайди. Саросималанади. Жазавага тушишни бошлайди.Унинг ҳаракатларига монанд мусиқа кучайиб,пасайиб туради. Стуллар орасида у ёққа-бу ёққа бориб келади.

Собир. Ўрним, ўрним…. Менинг жойим қани…  (Стуллар оралаб бўш стул излаб, йиқилади. Ҳўнграб йиғлайди.) Йўқ, топаман, ўзим яратаман ўрнимни. Ҳа, яратаман. (Ўрнидан туриб, четроқда турган тахтачалар ва болтани кўтариб чиқади. Болта билан тахтадан курси ясашга киришади). Яратаман, яратаман ўрнимни. (Мусиқа кучаяди. Собирни ҳаракати жазава аралаш тезлашади. Чироқ ўчади).

2-кўриниш

Ҳашамдор уй. Нақшинкор дарвоза. Дарвозанинг олдида бир туп дарахт. Дарахтда бир дона ҳам барг йўқ. Унга тиркалган тахта ўриндиқ. Унинг бир четида Собир дарахтга суяниб, кўзларини ярим юмиб, мудраб ўтирибди. Собир дарахтга қапишиб ўтирганидан уни ўриндиқ ва дарахтдан бир қарашда ажратиб олиш қийин. Худди оғочнинг бир бўлагидек тасаввур уйғотади. Йўлакчадан иккита талаба ўтади.

Биринчи талаба. Ахир тушун, дўстим, мен ўз ўрнимни шу университетдан топмоқчиман. Шу ерда ўқишни бошлаган кунимдан, домла бўламан деб ҳаракат қилганман.  

Иккинчи талаба. Тушунаман сени, дўстим. Фақат ректорнинг ўғли билан талашиш фойдасиз. Ахмоқ ҳам билади суҳбатдан сен эмас ректорнинг ўғли ўтишини. Рақибингни аллақачон суҳбат мазмунидан огоҳлантириб ҳам бўлишгандир.

Биринчи талаба. (ўриндиқ тўғрисида тўхтайди. Мадорсизлангандай ўриндиққа чўкади. Тушкун овозда) унда ҳаракатларимнинг ҳаммаси бекор экан-да?

Иккинчи талаба. (ачингандай қарайди. Унинг олдига ўтиради) Дўстим, яхшиси сен ўрнингни бошқа жойдан қидир. Вақтни бекор ўтказма. Илмий ишингни бошлаб қўйгансан. Уни бошқа университетда ҳам давом эттирса бўлади.  (қўлини дўстини елкасига ташлайди) Энди тур, кетдик. Ўтиргандан фойда йўқ.

Биргалашиб кета бошлайди. Собирга умуман эътибор беришмайди. Собир кўзини ярим очиб уларнинг изидан қараб қолади. Саҳнага тез-тез аёл кириб келади. Бир қўлида хўжалик сумкаси, бир қўлида телефон гаплашиб чиқади.

Аёл. Сен қизга неччи марта айтганман. Ўрнингни бил, қайнонанг билан ўчакишма деб. Ҳозир қайнонанг жимжилоғи билан бир чертса учиб тушасан, билдингми? Яна бижиллайди-я бу қиз. Ўчир! (ўриндиқни олдига келганда сумкасини унга тапиллатиб қўяди. Ўзи ҳам ўтиради. Чолни умуман пайқамайди). Нима ойи, нима ойи? Нима дедим сенга, ўрнингни бил. Шу хонадонга ўрнашиб, ўрнимни топиб кетаман десанг, тилингни қисиб юр. Тушундингми? Бўлди, гап тамом. (Ўрнидан туриб сумкасини олиб кета бошлайди. Ўз-ўзига сўзланади) Қиз бўлмай ҳар нарса бўла-а!

Собир унинг изидан қараб қолади. Оғир хўрсиниб яна кўзини юмади.  Машина овози, келиб тўхтагани, эшикларнинг очилиб-ёпилгани эшитилади. Собир пинагини бузмайди. Пўрим кийинган Шокир кириб келади. Орқасидан пакет сумкалар кўтарган Нодир эргашиб киради. Шокир келиб мудраб ўтирган Собирга қараб туради. Изидан келаётган Нодирга қўли билан дарвозани кўрсатиб, “кираверинг” ишорасини қилади. Нодир мутэлик билан бош эгиб ичкари кириб кетади.

Шокир. (чолга яқинлашади) Ассалому алайкум, дада.

Собир кўзини ярим очади. Шокирга қарайди. Дарахтдан ажралиб, ўрнидан туради.

Собир. Ваалайкум ассалом, ўғлим. Келдингизми?

Шокир. (Собирнинг елкасига қўлини ташлайди. Қувноқ оҳангда) Келдим, дада, келдим. Ўтирибсизми зерикмай? (Чолни қучоғидан бўшатиб) Дада, бугун келмайди, деб ўйлаганмидингиз? Ёки бугун қандай кун экани эсингиздан чиқдими? (Ичкаридан чиққан Нодирга имлайди. Нодир югуриб чиқиб, қўлида сумка билан киради). Дада, наҳотки яна эсингиздан чиқарган бўлсангиз? (Нодирнинг қўлидан сумкани олиб, ичидан тўнни суғуради). Дадажон, туғилган кунингиз билан табриклайман. Доим бахтимизга омон бўлинг. (Тўнни чолнинг елкасига ёпаркан, яна қучади).

Машина овози, эшиклар очилиб-ёпилгани  эшитилади.

Шокир. Мана, опам билан келинингиз ҳам келишяпти.

Наргиза. (кела солиб чолнинг бўйнига осилади). Дадажоним, табриклайман.

Насиба. (Қўлини кўксига қўйганча). Муборак бўлсин, дада. (Гулдаста узатади). Бахтимизга доим саломат бўлинг.

Шокир. Қани энди ичкари кирайлик. Ҳали замон меҳмонлар кела бошлайди. Ҳали дастурхон тузашимиз, меҳмонхонани ясатишимиз керак.

Наргиза. Дадажонимнинг туғилган кунида бугун бир байрам қилайлик. (Дарвоза томонга юради).

Шокир. Айтганча, опа, поччам келмадиларми?

Наргиза. Поччанг эрталаб хизмат сафарига кетган. Бир ҳафтадан кейин қайтади.

Шокир. Аттанг. Бу сафар ҳам поччамсиз байрам қиларканмиз-да.

Наргиза. (Туси ўзгариб, тўхтайди) Шокир кесатма. Байрамни азага айлантирма.

Шокир. (Икки қўлини тепага кўтаради) Бўлди, опажон, сиз нима десангиз шу.

Наргиза. Қани уйга кирайлик. Юринг дадажон. Башорат опа уйдаларми? Сизга яхши қараяптиларми? Биз унинг ҳақини вақтида бериб турибмиз.

Собир. (Бошини қирмирлатади).

Наргиза. Вой, дадажоним-ей. Гапиришгаям эринасиза-а. Ё сизга ёмон қараяптиларми? Бошқа хизматчи топайми?

Собир. (Боши билан йўқ-йўқ, яхши ишорасини қилади).

Шокир. Қўйсангиз-чи опажон, ҳаммаси яхши. Қани ичкарига кирайлик.

Ҳаммаси биргалашиб ичкари юришади. Собир ичкари киргиси келмайди.

Шокир. Юринг, дада. Кирмайсизми?

Собир. Сизлар кираверинглар. Бир пасдан кейин.

Шокир. (Ҳайрон бўлганча) Майли, дада. Фақат кўп қолиб кетманг-а?

 Собирдан ташқари ҳамма ичкари кириб кетади. Собир тунд қиёфада келиб ўриндиққа чўкади. Оғир хўрсинади. Қўлидаги гулдастага тикилади. Уни ўриндиққа қўяди. Узоқ-узоқларга тикилади. Яна ўша “Гўрўғли” достонидан мусиқа элас-элас эшитилади. Ҳассасини тўқиллатиб, мункайганча Асила келади.

Асила. (унинг ёнидан ўтаётиб) Ассалому алайкум, қўшни.

Собир. (Бошини кўтариб унга қарайди). Валайкум ассалом.

Асила. Яхши ўтирибсизми? Болалар келишдими?

Собир. Ҳа, келишди. (Оғир хўрсинади)

Асила. (Чолнинг ёнига ўтиради). Болаларнинг бори яхши. Иссиқ-совуғингдан хабар олишади. Бир лаҳза бўлсаям қалбингга ҳаётнинг қувончини олиб киришади.

Собир. Ҳа. (оғир сўлиш олади).

Асила. Ҳайронман. Бола-чақангиз бўлса, ҳолингиздан хабар олишса, нега бунча хафасиз? Бугун байрамми дейман, гуллар (гулларга имо қилади).

Собир. Туғилган куним экан. Келин олиб келибди.

Асила. (Жилмаяди). Ўзингиз билмайсизми қачон туғилганингизни, кулдирасиз-а. Аммо гуллар чиройли экан.

Собир. (гулдастани олиб Асилага узатади). Ҳа, чиройли гуллар. Парникда ўсган гуллар-да.

Асила. Гулларни ҳаммасини парникда ўстиришади-да, қўшни. Шаҳар жой бўлса. (Ҳидлайди). Вой ҳидларини. Қандай яхши. Болаларингиз гуллар билан келишади. Қани эди, менинг ҳам болаларим бўлганида, бир ўзим катта ҳовлида, ёлғиз бундай шўппайиб ўтирмасдим.

Собир. Нега қариндошларингизни ёнига кета қолмайсиз?

Асила. Э, нима қиламан уларнинг ёнида. Бутун умрим шу уйда ўтган бўлса, қолаверса, раҳматли чолимнинг руҳини чирқиратиб кетолмайман. Чолим жуда меҳрибон эди. Бирон марта туғмас хотинсан, уйингга кет, демаган. Кетаман, деб қанча ҳаракат қилмай, “сени ўрнинг шу ерда, қаёққа кетасан энди”, деб ҳеч қўйвормаганлар. Афсус, фарзанд кўрмай умри армон билан ўтиб кетди. Шу ёшимда чолим белгилаб кетган шу ўрнимни ўзгартириб қаёққаям кета оламан. Қолаверса, ўзимнинг ҳам кетгим йўқ. Менинг ўрним шу ерда. (гулларни ҳидлайди) Мана сиз кетсангиз бўлади.

Собир. (кўзлари ёниб бирданига Асилага қарайди) Қаёққа?

Асила. Қаёққа бўлади, ўғлингизникигами, қизингизникигами, ё қариндошларникигами. Э, қаёққа бўлсаям-да, сизнинг йўриғингиз бошқа. Сиз эркак кишисиз. (Яна гулларни ҳидлайди). Қани энди менинг ҳам болаларим бўлсайди. Майли, гуллар олиб келишмаса ҳам.

Собир оғир хўрсинади. Яна ўша мусиқа элас-элас эшитилади. Ичкаридан Шокир чиқади. Асилага эътибор  бермайди.

Шокир. Дада, кирмайсизми энди? Ҳали замон меҳмонлар келишни бошлайди. Ҳали кийиниб ҳам олишингиз керак. (Шошиб ичкари кириб кетади).

Асила. Майли, мен бора қолай. (гулларни Собирга узатади).

Собир. (гулни олмайди). Сизга қўшни, эркак кишига гул нимага керак?

Асила. Болаларингиз олиб келган….

Собир. Ҳеч қиси йўқ. Яна олиб келишади.

Асила. (жилмаяди) раҳмат қўшни.

Собир ўрнидан туриб ичкарига, Асила ўз йўлига равона бўлади. Чироқ ўчади.

3-кўриниш

Ораста, ҳашамдор ҳовли. Бир чеккада стол-стуллар. Стол безатилган. Сал нарироқда супа. Хонтахта қўйилган. Башорат хонтахта атрофига кўрпача ёзяпти. Шокир ичкаридан шошиб чиқиб келади.

Шокир. Башорат опа, хонтахтага ҳам ноз-неъматлар қўяверинг. Агар ичкари меҳмонхонага одам сиғмай қолса, қолганларни шу ерга ўтқизаверамиз. Фақат жуда эҳтиёт бўлинг, меҳмонлар норизо бўлиб кетишмасин.

Башорат. Хўп.

Ичкаридан ясаниб, пўрим кийинган Собир чиқади.

Шокир. Ў-ў, дадажон роса ярашибди. Келингизнинг диди чаккимас-да ўзи.

Собир. Кераги йўқ эди, болам. Баҳорда туғилган кунингизга деб олиб келган кастюм-шиминг ҳам шифонерда осиғлиқ турибди. Кийилмаган кийимнинг сўроғи бўлади, болам. Момом шундай дегувчи эди.

Шокир. Унда совға қилинган кийимни кийиш керак-да, дада. Бошқалар отасининг туғилган кунини йилда бир марта нишонлашади, сизникини икки марта нишонласак нима қибди. Қайтанга яхши эмасми?

Собир. (Бориб стулга ўтиради). Қайси одам боласи йилига икки марта туғиларкин-а? Раҳматли момом сен гурвак пишганда туғилгансан, дердилар. Гурвак йилига бир марта пишади.

Шокир. Қўйсангизчи, дада. Меҳмон чақиришнинг нимаси ёмон? Бу — иш, бизнес учун керак. Қолаверса, ҳамкор ўртоқлар билан шу баҳона бир отамлашсак, ишимиз бундан ҳам гуллаб-яшнаса яхши-ку.

Собир оғир хўрсинади. Индамайди. Кўзини узоқларга тикканча жим қолади. Яна ўша мусиқа элас-элас қулоққа чалинади. Ичкаридан Наргиза била Насиба чиқиб келади.

Наргиза. Сиз кўпам ақллилик қилаверманг, ўрнингизни билинг, келин. Қурилаётган дўкон ишига келсак, буни Шокир билан поччангизнинг ўзи ҳал қилади.

Насиба. Сизнингча, мен оилада бир қўғирчоқ эканманда, укангиз мен билан ҳисоблашмайдиган?

Наргиза. (тўхтаб унга қарайди) Ия-я…

Шокир. Ия, ия. Шундай кундаям тортишасизларми, опа!

Наргиза. Сен олдин хотинингга қара.

Шокир. (Насибанинг олдига келади. Елкасидан тутади.) Жоним, қўй энди.

Насиба силтанади.

Шокир. Жонииим..

Наргиза. Э, ўл-э, эркак бўлмай, хотингга бунча ялтоқланасан? Ўрнингни биласанми ўзи? Ўрнингни хотинингга бўшатиб берибсан-ку!

Шокир. Опажоним, қўйинг шу гапларни. Хотинга йўл бўлсин менинг ўрнимни эгаллашига. Бу бир…

Насиба. Дадаси. (Товуши зардали чиқади).

Шокир. (Оҳанги ўзгаради). Оилада ҳамманинг ўз ўрни бўлади-да, опа. Нима сизнинг оилангизда ўрнингиз йўқми, поччам сиз билан ҳисоблашмайдими?

Наргиза. Ҳар ҳолда мен ҳалиям хотин ўрнидаман, мен мана бу ойимтиллангга ўхшаб эримнинг бошига чиқиб ўтириб олганим йўқ.

Насиба. Қўлингиздан келса чиқинг. Буни ҳам эплаган қилади.

Шокир. Жонимммм..

Наргиза. Эшитдингми, хотингни гапини, эшитдингми?

Шокир. Опа, гапираверади-да. Шу жиблажибонни гапини гап деб ўтирибсизми? Бир ҳайт десам қўноғига чиқса, тушишни билмайдиган товуқ-ку бу. Буни бизнесга ақли етармиди?

Насиба. Нима-а?

Шокир Наргизанинг орқасида туриб, Насибага ялтоқланади. Шу пайт ташқаридан машиналарнинг овози, сигналлари эшитилади.

Шокир. (шошиб) Қани ҳамма ўз жойига. Дада, туринг, юрақолинг. Меҳмонларни кутиб олайлик.

Ҳамма тараддудланиб, меҳмонларни кутиб олишга чиқишади. Чироқ ўчади.

4-кўриниш

Собир стулда узоқларга кўз тикиб ўтирибди. Ичкаридан мусиқанинг, қадаҳларнинг, тилакларнинг овози эшитилиб қолади. Сўнг бир зум тингандай бўлади. Яна қаҳқаҳа овозлари, мусиқа янграйди. Собир эса бунга эътибор бермайди. Хаёли паришон, нималарнидир хаёл суради. Ўрнидан туриб узоқ-узоқларга тикилади. Яна ўша мусиқа элас-элас қулоққа чалинади. Нусрат кириб  келади. Собир сезмайди.

Нусрат. Ассалому алайкум, қўшни.

 Собир чўчиб унга қарайди.

Собир. Ия, ия, келинг, қўшни. (Собир Шокир билан қўшқўллаб кўришади. Супага хонатхта ёнига ўтиришади).

Нусрат. Илоҳи омин. Ўтганларимизнинг  охирати обод, қолганларимизнинг умри зиёда бўлсин. Аллоҳи акбар!

Юзларига фотиҳа тортишади. Собир унга чой қуйиб узатади.

Нусрат. Ажойиб ўғлингиз бор-да, Собиржон. Жуда ишбилармон. Эрталаб гузар олдида учрашиб қолгандик. Шу гузарни таъмирлашга ёрдам берсангиз, ўғлим, десам, албатта, насиб қилса, ишларим юришиб кетса, қўшимча новвойхона ҳам қуриб бераман деди, барака топгур. Бугун ўтинг, дадамнинг туғилган кунлари, бир чақчақлашиб кетасиз, деганига келавердим.

Собир. Ҳа, яхши қилибсиз келиб. Ўғлимнинг меҳмонлари ҳаммаси ёшлар, тенгқурларимдан ҳеч ким келмади. Жўраларимни кўпдан бери кўрмайман ҳам. Майли, шу болаларимизнинг кўнгли кўтарилса шунинг ўзи етади. Сиз келганингизга эса рости жуда хурсанд бўлдим.

Нусрат. Ҳа, болаларнинг кўнглини  олиш осонмас. Айниқса, улар катта бўлганлари сари, кўнгилларини олиш шунча қийинлашиб бораверади.

Собир. Э, биз болаларимизнинг кўнглини оляпмиз, аммо бизнинг кўнглимизга ким қарайди, қўшни? Кўнгли оғримасин, орзулари ушалсин, деб ўзимизникидан кечамиз, хоҳишларимизни четга сурамиз.

Нусрат. Сиздай тўкис, егани олдида, емагани ортида яшаётган одам бунақа гаплар гапирса ғалати эшитиларкан?

Собир. Шу ғалати эшитилмасин, деб индамайман-да. Бўлмаса-ку дардим ичимда.

Нусрат. Нима дард экан у сизни бунчалик қийнаётган?

Собир. (оғир хўрсинади). Ўрним йўқ.  

Нусрат. (Кулади) Сиздай болаларининг ардоғида бўлган одам бу гапни гапирса, қолганлар нима дейишаркин-а? Уй-жойингиз бошингизда, алоҳида туришса ҳам болаларингиз бор. Улар ҳар куни бўлмаса ҳам кун ора хабар олишади. Қийналиб қолмасин деб хизматчи ҳам ёллашган. Бораман десангиз истаган жойингизга элтишади. Бормайман десангиз ҳолингизга қўйишади.

Собир. (аччиқ кулимсирайди). Шу нарсаларни сиз одамнинг ҳаётдаги ўрни деб ҳисоблайсизми?

Нусрат. Бўлмаса нима?

Собир. Сиз билан кўп йиллардан бери бир маҳаллада, девор-дармиён қўшнимиз. Менинг ёшлигимга ҳам, кейинги ҳаётимга ҳам гувоҳсиз. Отамни ҳам яхши танирдингиз.

Нусрат. Ҳа. Отангиз яхши одам эди. Катта олим эди. Уни бутун маҳалла ҳурмат қиларди. Қанча-қанча одамларга ёрдам қўлини чўзган.

Собир. Ҳа, қанча-қанчаларга ёрдам қўлини чўзган, қанча-қанчаларнинг кўнглини олган, фақат бир марта бўлмасин менинг кўнглимни сўрамаган. (Бирданига сесканиб нимадир эсига тушгандай Нусратга тикилади). Йўқ бир сафар сўраган, фақат бир сафар.

Нусрат унга қизиқсиниб қараб туради.

Собир. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз мендай одамнинг ҳаёти ҳақида. Тўғри, бир қарашда ҳаётимдан камим йўқ. Нолисам ярашмайди. Бироқ мен ҳам одамман-ку, мен ҳам ўзимнинг ўрнимни ўзим белгилашимга ҳаққим бор эди-ку? Аммо мен бундай қилолмадим. Тўғри ўшанда бола эдим. Бироқ ўшанда андиша қилиб айтолмаган бир оғиз гапим сабаб бутун умр азобда яшашимни билмагандим.

Нусрат. Собиржон, тўғриси сизни нима қийнаётганини билмаяпман.

Собир унга илинжга ўхшаш маъюслик билан тикилади.

Собир. Эҳ, Нусратжон. Кошки буни тушунтириб беролсам эди.

Собир жим бўлиб қолади.  Яна ўша мусиқа қулоққа чалинади. Собир ўрнидан туради. Узоқларга тикилади, соғинч билан қўлини чўзади.. Гапирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлайди. Шу пайт ичкаридан Шокир, Насиба, Наргиза, бир тўп меҳмонлар чиқишади.

1-Меҳмон. (Қўли кўксида). Майли отахон, юзларга кириб юринг.

Собир. Раҳмат, барака топинг.

2-Меҳмон. Энди бизга рухсат.

Шокир. Дадажон, дўстларимиз ҳали вақтли бўлишига қарамай, ишлари борлиги учун қўзғалишди. Аммо тез-тез келиб туришга сўз беришди.

3-Меҳмон. Албатта, отахоннинг туғилган кунларини ҳали кўп маротаба бирга нишонлаймиз.

Собир. Раҳмат. Албатта келинглар.

Меҳмонлар чиқиб кетади. Шокир, Наргиза, Насиба уларни кузатиб чиқади. Машиналарнинг ўт олдирилган овози эшитилади.

Нусрат. Энди мен ҳам бора қолай. Сиз кўп ҳам ўйлайверманг. Асосийси болаларингиз ёнингизда. Ҳали бир суҳбатлашгани яна чиқаман.

Собир. Келинг, қўшни. Албатта, келинг. Сизга дилимни ёрмасам, кимга ёраман.

Нусрат. Майли. Майли.

Нусрат чиқиб кетади. Собир уни кузатаркан, изидан тикилиб қолади. Чиқиб кетгач, бориб ўтиради. Ширакайф Шокир, хурсанд ҳолда Наргиза билан Насиба киради. Шокир келиб Собирнинг ёнига ўтиради.

Шокир. Дадажон, ўзимнинг дадажоним. Ишлар беш. Ҳамкорлар билан яна бир келишув қилдик. Худо хоҳласа дўконимиз яна биттага кўпаяди. (Столдан ичимлик олиб стаканга қуяди. Собир ўрнидан туриб чеккароқда турган креслога бориб ўтиради. Башорат чиқиб хонтахта устидагиларни йиғиштира бошлайди).

Наргиза. Ҳа, аммо бу дўкон бошқаларига қараганда икки баравар фойда келтиради.

Насиба. Балки, янаги шу кунларга яна биттага кўпаяр дўконимиз. Нима дедингиз, опа. (кулади)

Наргиза. Вой, ниятларингиздан айланай, келин. Худо хоҳласа ишларимиз юришиб кетса, албатта, шундай бўлади.

Шокир. Шошманглар. Шошманглар. Олдин ҳозирги дўконни очиш учун озгина маблағ даркор. (ўйланиб). Мен ўйлаб кўрдим. Дада, мана шу ҳовлини сотсак, нима дейсиз?

Наргизанинг бирданига туси ўзгаради.

Наргиза. Нима деяпсан, сен бола? Уйни сотсак дейсанми?

Шокир. Нима бўпти? Дадам биз билан яшайверади. Бунинг устига уй жуда катта, дадамнинг бу ерда бир ўзи яшашлари хавфли. Энг асосийси дадам бу ерда зерикадилар, биз билан яшаса эса неваралари билан зерикмай яшайди.

Наргиза. Сен бола, жинни-пинни бўлиб қолмадингми? Бу уйда онамизнинг излари қолганини фаҳминг етяптими? Бундан ташқари дадам бу уйдан, шу ерда қолган хотираларидан қандай кечади?

Шокир. Қўйсангизчи, опа. Уйда хотира нима қилади. Ҳаммаси мана бу ерда (калласига нуқийди) мана бу ерда бўлади. Хотира дейсиз.

Наргиза. Пулни ўйлайвериб эсинг оғиб қолибди. Бизнес деса, пул деса ҳаммадан кечишингни кўрсатиб қўймоқчимисан?

Шокир. (Кинояли тиржаяди) Опа, кулгимни қистатманг. Ўзингиз эмасми, укажон, яна дўкон очмасак бўлмайди. Бизнесимизни янада ривожлантиришимиз керак. Болалар катта бўляпти. Борига барака деб юраверсак, ҳеч нарсасиз қолиб кетамиз, деб қулоқ-миямни еган. Етмаганига, Насибани ҳам гиж-гижлаган.

Наргиза. Ҳа, айтганман. Тан оламан. Аммо мен бунинг учун бу ҳовлини сотамиз демаганман.

Шокир. Унда сиз дўконга пулни қаердан олмоқчисиз? Ёки севимли эржонингизни сейфидан пул олиб бермоқчимисиз? Қани айтинг-чи?

Наргиза. Эримни бунга аралаштирма.

Шокир. Нега? Ахир поччам ҳам бизнесимизга шерик. Дўконлардан тушаётган тушумлардан бу поччангни улуши деб алоҳида ажратасиз-ку. Мен бирон марта бу Насибанинг улуши деб алоҳида ҳақ олганманми?

Насиба. Олиш керак эди, дадаси, олиш керак эди. Доим айтганман сизга.

Наргиза. Сиз аралашманг, келин. Сизга ҳали навбат етгани йўқ.

Насиба. Нега аралашмасканман? Вой…

Шокир. (бас дегандек Насибага қўлини кўтаради). Жоним, сиз аралашманг.

Наргиза. Нима қилсанг, қил. Аммо мен бу ҳовлини сотилишига қаршиман.

Шокир. (мулойим оҳангда). Опа, тушунинг. Агар ҳозир вақтида ҳаракат қилиб қолмасак қуруқ қолиб кетамиз. Ҳозирча ҳовлини сотиб турамиз. Ишимиз юришиб кетгач, бошқа жойдан дадамга ҳовли олиб берамиз. Унгача дадам мана, биз билан яшаб тура қолади.

Наргиза. Йўқ. Бўлмайди. Ахир…

Шокир. Опа-ааа! Мана, дадамнинг ўзидан сўрайлик. (У креслода жимгина, мудраб ўтирган Собирнинг олдига келади). Дада, сиз бу гапга нима дейсиз? Ҳовлини сотамиз. Сиз билан яшаб турасиз. Нима дейсиз бу гапга? Дада-а?

Собир кўзини ярим очиб, елкасини учиради. Оғир хўрсинади. Ўрнидан аранг қўзғалиб супа томонга юради. Супада Собир учун  боя солган ўринни тўғрилаётган Башоратга им қоқади.

Башорат. Кийимингизни тайёрлаб қўйганман.

Собир ичкарига секин юради.

Шокир. Дада, гапимни эшитяпсизми?

Собир ҳеч нима демай ичкари кириб кетади.

Наргиза. Кўрдингми, дадам ҳам норози.

Шокир. Э, опа. Биласиз-ку дадам ҳеч қачон хоҳишларимизга тескари бормайдилар.

Наргиза. Йўқ, барибир мен рози эмасман. Бошқа жойдан топилиб қолар ахир.

Насиба. Опа, нимага керак энди дийдиё. Дадамни кўчага чиқариб ташлаётганимиз йўқ-ку!

Шокир. (Насибага) Ўчир овозингни. Аралашма сен.

Ичкаридан тунги кийимда Собир чиқади. Индамай келиб супага солинган ўринга чўзилади. Шокир унга яқинлашади.

Шокир. Дада, мендан хафа бўлманг, майлими. Шунга мажбурмиз-да биз ҳам. Ахир сиз ҳам бизни яхши яшашимизни, жамиятда ўз ўрнимиз бўлишини истайсиз-ку, тўғрими? Дада, майли бошингизни оғритмай. Эртага сизни уйга олиб кетгани келаман. Дада…. Дада…

Шокирга жавобан енгил хуррак овози эшитилади. Ҳамма унга қараб жим қолади. Чироқ ўчади.

2-парда

5-кўриниш

Ҳовли. Саранжом-саришта. Стол-стуллар жойида. Ўрин йиғиштирилиб, ўрнига хонтахта қўйилган. Хонтахтада нонушта тайёрланган, усти сочиқ билан ёпилган. Шокир қувноқ кайфиятда кириб келади.

Шокир. Дада, қаердасиз? Сизни олиб кетгани келдим.

Ичкаридан Башорат чиқади.

Шокир. Дадам қани?

Башорат. Билмадим. Келсам йўқ. Балки кўчага чиққандурда, деб ўйлагандим. Аммо кўчада ҳам ҳеч ким кўрмабди. Энди сизга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб тургандим.

Шокир. (шоша-пиша қўл телефонидан қўнғироқ қилади) Алло, опа, дадам сизникидамасми?… Йўқ. Билмайдилар. Келса, йўқ экан… Майли. (телефон тугмасини босади).

Тез-тез юриб ташқарига чиқади. Тезда қайтиб киради. Нодир ака унга эргашиб киради.

Шокир. Нодир ака, сиз маҳаллани айланиб чиқинг-чи, катта йўлни ҳам қаранг. Балки дўкон-пўконга чиққандир.

Нодир шошиб чиқиб кетади.

Шокир. Қаерга кетган эканлар-а? Ёки биздан хафа бўлдимикин? ( у ёқдан-бу ёққа бориб келади). Қаерга кетиши мумкин? Ахир опамникидан бошқа борадиган жойи йўқ-ку! Ё кечаси мазаси қочиб, тез ёрдам чақирганмиканлар? (Тўхтайди). Э, йўқ. Мазаси қочганида тез ёрдамга қандай қўнғироқ қила олади?

Телефон жиринглайди. Шокир шошиб гўшакни кўтаради.

Шокир. Алло… Ҳа. Ассалому алайкум…. Ҳа, сотамиз… Бугунми?… Ҳозир келмоқчимисизлар?.. Майли, майли. Қарангки, мен ҳам ҳозир шу ҳовлидаман. Келсангизлар, бир йўла гаплашиб, нархини ҳам келишиб олардик… Майли кутаман.

Шокир. (телефон тугмасини босади. Ўзига ўзи сўзланади.) Кечагина оғзимнинг бир четидан сотаман, деган сўз чиққанди, эрталабдан кўпларнинг пайтавасига қурт тушибди. Чунки бунақа ҳовлининг харидори кўп бўлади. Нархини қанча қиммат айтсанг ҳам пули бор барибир сотиб олади. (Эсига нимадир тушгандай бирданига хушёр тортади) Қаерда юрибди эканлар-а, эрталабдан. Товба, қаерга кетишлари мумкин? Балки Нусрат амакиникига чиққандурлар? (Эшикка қараб юради).

Наргиза. (шошиб кириб келади). Келдими? Қаёққа кетибдилар?

Шокир. Билмадим, опа, билмадим.

Наргиза. Айтдим-а, хафа бўлиб қолдилар деб. Ҳовлини сотамиз деган фикрингдан кейин хафа бўлиб кетиб қолганлар (йиғламсирайди).

Шокир. Опа, хафа бўлсалар кеча индамадилар-ку!

Наргиза. Милицияга хабар қилиш керак. Яна бирор кор-ҳол бўлиб қолмасин.

Шокир. Ҳа, ҳа. (шошиб қўл телефонини чўнтагидан олади). Йўқ, бироз кутайлик. Балки келиб қоларлар. Элдан бурун ваҳима кўтармайлик.

Нодир кириб келади.

Шокир. Топдингизми?

Нодир. (Боши билан йўқ ишорасини қилади). Ҳеч ким кўрмаган.

Наргиза. Милицияга тезроқ телефон қилиш керак.

Шокир. Йўқ, опа, ўртоқларни орасида отасини ёлғиз ташлаб қўйган экан, йўқолиб қобди, деган гапга қоламиз. Шарманда бўламиз-ку. Яхшиси ўзимиз излаб топамиз.

Наргиза. Ахир қаердан излаймиз? Бирон борадиган жойини билмасак.

Шокир. Билмайман, опа, билмайман. Аммо қўл қовуштириб ҳам ўтиролмаймиз. Милицияга ҳам хабар беролмаймиз. Яхшиси излаймиз. Юргандурлар айланиб.

Наргиза. Унда тезроқ бўлақол. Кетдик. (Ташқарига қараб юришади. Ташқаридан кириб келаётган Собирга дуч бўлишади).

Шокир. Дада, қаерларда юрибсиз?

Наргиза. (Собирга қараб талпинади) Хавотирдан ўлдик-ку, дада.

Собир бўйнига осилган қизини елкасидан қоқиб, секин бориб, креслога ўтиради.

Шокир. Дада, нимага индамайсиз? Қаерда эдингиз?

Собир унга жавобан креслога ўрнашиброқ ўтириб олади. Узоқларга тикилганча жим қолади. Яна ўша мусиқа элас-элас эшитилади.

Шокир. Нимага индамайсиз? Эшитяпсизми, дада? Дада..

Собир жим ўтиравергач, Шокир келиб уни рўпарасига тик туради.

Шокир. Дада!?

Собир унга қарайди.

Шокир. Нега бундай қарайсиз, дада. Ахир қаерда эдингиз?

Наргиза. Дада, гапирсангиз-чи? Ёки биздан хафа бўлдингизми уйни сотамиз деганимизга?

Собир ўзини кресло суянчиғига ташлаб, кўзини юмади.

Наргиза. (Шокирга ўқраяди). Кўрдингми, дадам уйни сотамиз деганингга хафа бўляптилар. Шунинг учун бир оғиз ҳам гапирмаяптилар.

Шокир. Опа, бошламанг дийдиёингизни. Кап-катта одам ҳовли учун ҳам хафа бўладими? Ҳовли нима тўртта ғиштдан тикланган бир матоҳ бўлса. Шунга ҳам одамни шунчалик қон қилиш шартми?

Наргиза. Нима? Матоҳ!? Сен қандай ўғилсанки, онасининг излари қолган уйни матоҳ деб атасанг? Ахир дадам шу уйни деб бутун ҳаётини шу ерда ўтказганлар-ку.

Шокир. Нима қибди шунга, опа. Олдин уйни сотишга эҳтиёжимиз йўқ эди, энди бор.

Насиба югурганча кириб келади.

Насиба. Вой опа, ўтакамни ёрасиза, мана-ку дадам. (кулимсирайди). Боя дадам йўқолиб қолибди, деб қўнғироқ қилганингизга қўрқиб кетибман. Ассалому алайкум, дада.

Собир унга жавобан бошини силкиб қўяди. Насиба  ҳолатдан ҳайрон бўлади.

Насиба. (Шокирга) Тинчликми, дадаси?

Наргиза. Тинчликмас, келин. Аслида сизнинг қистовларингиз билан Шокир уйни сотамиз, деб туриб олган. Яна бу ерга келиб ўзингизни билмаганга оласиз.

Шокир. Опа, Насибани бунга умуман алоқаси йўқ. Мен ўзим шу қарорга келдим. Қолаверса, менинг қароримни муҳокама қилишга сизнинг ҳаққингиз йўқ. Чунки чиққан қиз чиғириқдан нари.

Наргиза. Вой-вой. Нималар деяпсан…

Шокирнинг телефони жиринглайди.

Шокир. Алло…Ҳа келдингизларми? Кираверинглар уйдамиз. (гўшакни қўйиб) Харидорлар келишди. Бўлди ғишт қолибдан кўчиб бўлди. (эшикка йўналади. Ташқаридан икки харидор кириб келади. У ёқ-бу ёққа қараб, уйни кўрган бўлади).

Шокир. Ассалому алайкум. Хуш келибсизлар.

1Харидор. Ассалому алайкум. Ҳовли айтганларича бор экан. Бекорга бу уйнинг донғи шаҳарга кетмаган экан. Чиройли, жуда ажойиб.

Шокир. Ҳа, кўриб турганингиздек.

2-харидор. Агар айб қилмасангиз, уйни яна бир марта айланиб чиқсак, дегандик.

Шокир. Албатта. Бемалол-бемалол. Юринглар сизларни ўзим айлантириб, хоналар билан таништириб чиқаман.

Улар ичкари кириб кетишади. Наргиза Собирнинг рўпарасига келиб, чўккалаб ўтиради.

Наргиза. Дадажон, хафа бўлдингизми бизлардан. Агар истасангиз Шокирни ҳозироқ тўхтатаман. Уйни сотишга умуман йўл қўймайман. Истайсизми?

Собир унга жавобан жим ўтираверади.

Наргиза. Нимага индамайсиз, дада? Аммо сиз ҳам тушунишингиз керак, бизнес шундай нарсаки, бугун ҳаракат қилмасанг, эртага қуруқ қолиш ҳеч гап эмас. Кейин бозорда ўрнимизни тополмай қоламиз. Дада, гапирсангиз-чи!

Насиба. (яқинроқ келиб) Дадажон, дилингизда нима гап бўлса айтинг, ўғлингизни ҳам бизни ҳам қийнамасдан. Ахир қаранг, опам бечора ҳам қийналиб кетдилар.

Наргиза. Нега ҳеч гапирмайсиз, дада? Гапиринг.

Ичкаридан Шокир ва харидорлар чиқишади. Наргиза ўтирган жойидан туради.

1-Харидор. Уй бизга ёқди. Айтилган нархга сотиб оламиз.

Наргиза. Кечирасиз, уй сотилмайди.

2-Харидор.  (ҳайрон бўлганча) Нима деганингиз бу? Шокиржон, ахир уйни сотамиз дегандингиз-ку! Агар сотмасангиз шунча оворагарчиликнинг нима кераги бор эди?

Шокир. Йўқ. Уйни сотамиз. Шунчаки, опамнинг бундан хабари йўқ эди.

Наргиза. Нимага керак лўттибозлик Шокир. (харидорга) Уйни сотмоқчи эдик, аммо энди сотмаймиз. Бизнесимизга пул кераклиги учун сотмоқчи эдик. Энди бунга ҳожат йўқ.

Шокир. (Наргизанинг ёнига келади.) Опа, нималар деяпсиз?

Наргиза. Отамни норизо қилолмаймиз.

1-Харидор. Тўғриси уй менга ёқиб қолди. Айтган нархингиздан уч баробар кўп тўлайман. Унга бундан ҳам каттароқ уй олсангиз бўлади.

Шокир билан Наргиза бир-бирига қарайди.

Насиба. Опа, пишиб турган совдони бузманг, илтимос.

Шокир. Опа…

Наргиза. (иккиланади. Охири қўлини силтайди) Ўзинг биласан.

Шокир. (хурсанд бўлиб) мана бу бошқа гап.

1-Харидор. (Шокирга қўлини узатади). Унда келишдик Шокиржон. (Улар қўл беришишади).

2-Харидор. Қачон ҳужжатларни расмийлаштирамиз?

Шокир. Эртагаёқ.

1-Харидор. Унда эртага кўришгунча.

Улар яна қўл олишиб, эшикка қараб юришади. Шокир уларни кузатиб чиқади.

Насиба. Ҳа, шукр-ки бу савдодан ҳеч нарса ютқазмадик. Бу пулга бошқа жойдан ҳам ҳовли оламиз. Қолганига бемалол янги ишимизни юргизсак бўлади. Шундаймасми, опа. (кулади)

Наргиза. Ҳа. Шокир пишиқ. Бундай харидорлар ҳаммага ҳам учрайвермайди. (кулади).

Ташқаридан хуш кайфиятда Шокир кириб келади.

Шокир. Мана, бу ишлар ҳам битай деб қолди. Эртагаёқ янги дўконнинг ишларини йўлга қўямиз. Опа, қалай энди кўнглингиз тўлдими?

Наргиза. Ўзимнинг укажоним. (Шокирни бурнини чимдиб эркалайди). Қандай бўлмасин пул кўпайтиришнинг йўлини топасан-а.

Насиба. (қувониб) дадаси, қандай яхши бўлдия, ишларимиз яна юришишни бошлади.

Шокир хурсанд бўлиб гердаяди. Собирга қарайди.

Шокир. Дада, ҳамма хурсанд. Фақат сизгина жим ўтирибсиз.

Собир. (кулимсирайди) Ўрни йўқ одам нимаям дейди, ўғлим.

Шокир. Нега унақа дейсиз дада?

Собир. Бошқа нимаям дей, ўғлим. Бор нарсани гапираман-да. Ёки сизнинг-ча бундай эмасми?

Шокир. Дада, наҳотки биздан норизо бўлсангиз. Шу уйни дебми? Ахир сизга бундан ҳам ҳашаматлироқ, бундан ҳам қимматроқ уй олиб берамиз-ку, энди. Қолаверса, шу пайтгача ҳам ҳеч ким сизни ташлаб қўйгани йўқ. Есангиз олдингизда, емасангиз изингизда бўлди. Бирда мен, бирда опам хабар олдик. Доим хизматингизда бўладиган одам ҳам ёнингизда тайин қилдик. Сизга яна нима керак, дада?

Собир. (аччиқ кулимсирайди). Сен шу уйни, шу хизматчини, шу еб ичишни одамнинг ўрни деб ўйлайсанми?

Шокир. Бўлмаса нима? Атрофингизга қаранг. Қанча уйсизлар, қанча бенаволар, қанча нонга зорлар. Узоққа бориб нима қиламиз. Шу маҳаллага ҳар сафар келганимда йўлимга қанчаси, ёрдам беринг, деб кўз тикиб туради. Сиз бўлсангиз нолийсиз.

Собир. Ҳа, “бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил”, дейишади. Маҳалладаги йўлингга кўз тикадиганларнинг аҳволига қарабсану, отангни аҳволига қарамабсан-да.

Шокир. Аҳволингизга нима қилибди?

Собир. Ҳар куни дарахт тагидаги ўриндиқда эрталабдан то қош қорайгунча ўтираман. Ҳар куни юзлаб одамлар ёнимдан ўтишади. Улар ҳатто мени сезишмайди ҳам. Нима учун биласанми, улар ўз ўринларини яратиш билан овора. Сен эса эб-ичиш, уй, бизнесдан гапирганинг гапирган.

Шокир. Ўрин, ўрин дейсиз (жазаваланади) ўрнингиз бўлмаганида на опам, на мен, на келинингиз ҳолингиздан хабар олмасдик. Ҳар куни эрталаб кўзимни очганимдан келинингиз “дадамнинг хабарини олинг”, деб эслатишни канда қилмайди. Опам-чи, уйи билан шу уй орасида саргардон. Дадам нима ебди экан, дадам нима ичибди экан, деб. Сиз бўлсангиз…(Насиба келиб Шокирни тинчлантирмоқчи бўлгандай елкасини силайди).

Наргиза. Дада Шокир тўғри гапиряпти. Биздан аразлашга ҳаққингиз йўқ.

Собир. (икки қўлини кўксига қўйиб уларга қараб эгилади) Қуллуқ болаларим, қуллуқ. Едириб-ичираётганингиз учун, ҳолимдан хабар олаётганингиз учун қуллуқ.

Шокир. Дада, нима бу аҳвол. Сиз бизнинг устимиздан куляпсизми?

Собир. Йўқ. Мен эмас, сизлар мени мазах қиляпсизлар. Сизлар мени фақат еб-ичиб уззу-кун ўриндиқда ўтган-кетганни кузатадиган роботга айлантириб қўйдинглар. Ўткинчилар мана шу ҳашамдор уйга қараб, ҳавас қилиб ўтишади, бироқ улар бу уйнинг ичида ўлик сукунат яширинганини билишмайди. Онангиз ҳам шу ўлик сукунатга чидаёлмай ўлиб кетди. Уни сизлар ўлдирдинглар, ҳа сизлар.

Наргиза. (кўксини ғижимлайди) Дада. (Насиба бориб уни қўлидан тутади).

Шокир. Нима… Онамни биз ўлдирдик… Дада, бизга бундан бошқа туҳматларингиз йўқми?

Собир. Бу туҳмат эмас, айни ҳақиқат. Сизлар қачон онангни одам ўрнида кўриб унинг кўнглини сўрадингиз? Тўғри, уни латта-путта, ялтир-юлтурларга кўмдингиз, энг сўнгги русумли машиналарда олиб юрдингиз, охири мана шу кимсасиз уйга итқитиб кетдингиз. Сен одамларнинг наздида яхши ўғилсан, лекин аслида ҳам шундаймикан? Ҳеч бир танангга ўйлаб кўрдингми, онам мендан рози яшадимикан, деб? Онанг ҳам бошқа аёлларга ўхшаб орзу-ҳавасли эди. Ўғил уйлаб, келиннинг қўлидан чой ичаман, дерди. Мана шу ҳовлини қураётганимизда, “дадаси ҳовлини каттароқ қуринг, невараларимиз ҳовлида ўйнашганида бемалол чопқиллаб юришсин, тўйларини қилганимизда уйга одам сиғмай қолмасин”, деб тинмай жавраганди, шўрлик. Сен-чи, ҳатто тўй кунигача келиннинг кимлигини “сьюрприз”, деб айтмадинг. У ҳам майли, тўйнинг эртасигаёқ алоҳида яшаймиз, деб кўч-кўронингни кўтариб жўнадинг. Онангнинг ҳам кайвони бўлиб аёлларни эрагаштириб қуданикига боргиси, маҳаллада тўй-ҳашамларда келинини эргаштириб юргиси, келиннинг қўлидан чой ичгиси, невараларини кўтариб катта қилгиси бор эди. Сен эса онангни булардан мосуво қилдинг. Унга на оналик, на қайноналик ўрнини бердинг. Бечора қафасга қамалган қушдек мунғайиб қолди. Онанг ўтгандан кейин ақлларинг кириб қолар деб ўйлагандим, аммо янглишибман.

Наргиза. (йиғламсирайди) Дадажон, айтинг нима қилайлик. Уйни сотмайликми а?

Шокир. Агар уйни сотмаслик учун шунча айбни бўйнимга қўяётган бўлсангиз, майли уйни сотмаймиз. Ниятингиз шу бўлса, шунча гапнинг нима кераги бор эди?

Собир. (унга тикилади). Шу уй, шу давлат одамнинг ўрнини белгиласа кошки эди. Сенинг онанг ўтгандан кейин ҳам ақлинг кирмади. Ақалли шу уйга кўчиб келиш ҳақида ҳам ўйламадинг. Етмаганига Башоратни мендан бир оғиз сўрамасдан олиб келдинг. Мусулмончилигимизда ёлғиз эркак яшаётган уйга номаҳрам аёлни олиб келиб бўладими? У келгач, уззу-кун дарахт тагида михландимку!

Шокир. Шуни айтсангиз бўлмасмиди? Башорат опанинг ўрнига оёқ-қўли чаққон йигитлардан топардим-ку.

Собир. Ақлинг бўлганида шу уйга кўчиб келардинг.  

Шокир. Қўйинг, дада. Нима кераги бор инжиқликни? Уйни соттирмаслик учун топган баҳонангизни қаранг. Бу уйда яшадик нимаю, бизни уйда яшадик нима? Биз билан яшашни истаркансиз, яшайверасиз биз билан.

Собир ҳолсизлангандай яна бориб креслога ўтиради.

Наргиза. Шокир шу уйга кўчиб келақолинглар, бу уйнинг ўрнига ўзларингни уйларингни сота қолинглар.

Насиба. Йўқ, йўқ, йўқ. Асло розимасман Шокир ака. Асло.

Шокир. Опа, поччам билан гаплашиб ўзингиз кўчиб келсангиз-чи? Сизнинг уйингизни сотамиз.

Наргиза. Нималар деяпсан, поччанг ўла қолса ичкуёв бўлмайди. Ахир “чиққан қиз чиғириқдан нари”, дейишади.

Шокир. Ана энди ўзингизга келдингиз, опажон. Шундай экан менинг қароримни муҳокама қилманг. Қолаверса, аллақачон харидорлар билан ҳам келишиб қўйдик. Энди ортга йўл йўқ. (Бир зум нималарнидир ўйлагандай бўлади. Собирга қарайди. Ёнига келади). Дада, ичингизда шунча гапингиз бор экан. Билмабман, кечиринг мени. Сизни уйимизга олиб кетамиз. Невараларингиз қанотингизда, бирга мазза қилиб яшаймиз. Ўзим сизга қарайман. Башорат опага айтай, нарсаларингизни тайёрласин. (ичкарига қараб қичқиради) Башорат опа, Башорат опа.

Ичкаридан Башорат опа чиқади.

Шокир. Башорат опа, дадамнинг нарсаларини йиғиштирсангиз. Ҳеч нарсаси қолиб кетмасин. Дадамни олиб кетамиз.

Башорат. Хўп бўлади. (кириб кетади).

Собир ўрнидан туради. Бориб супа четидаги яктагини олиб кияди. Ҳассасини қўлига олади. Хонтахта тагидан бўхча олади. Эшикка қараб юради. Эшикка оз қолганда тўхтаб, ҳайрон бўлиб қараб турган болаларига ўгирилади.

Собир. Мендан рози бўлинглар болаларим, мен сизлардан розиман. (Эшикка қараб юради).

Шокир. (бақириб) Дада. (унинг изидан югуради).

Наргиза. (йиғлаб) дадажон. (У ҳам югуради).

Насиба нима бўлаётганини англолмай жойида қотиб қолади.

Наргиза. (йиғлаб) Дадажон, бизларни ташлаб қаёққа кетяпсиз. Жон дадажон, бизни қўрқитманг.

Шокир. Дада. Қаёққа кетяпсиз? Наҳотки, бир уйни деб бизни ташлаб кетаверсангиз?

Собир. Йўқ. Уйни деб кетаётганим йўқ. Асли ўрним ўша ерда деб билган жойга кетяпман. Бобом билан момом илк бор дунёни танитган манзилга. Ҳали инсонлар орасида оқибат, меҳр-муҳаббат бор ерга. Ҳали одамлар қалбини шон-шуҳрат, бойлик, пул, давлат тўла-тўкис эгаллаб улгурмаган маконга. Бир пайтлари мурғак қалбим билан ўрним шу жой эканини англаган, бироқ бу ҳақда айтолмаган еримга. Бутун қалбим, жоним билан муҳаббат қўйган маконимга кетяпман. Чунки менинг ўрним ҳув анави қуриб қолган дарахт тагидаги ёғоч ўриндиқда эмас, қуёшли ер кенгликларида. Мен ўша кенгликлардан кўнгил узолмаганим учун ҳам кетяпман.

Шокир. Нималар деяпсиз, дада. Тушунмаяпман. Қанақа кенглик, қанақа макон? Ахир сизнинг уйингиз шу ерку!

Собир. Йўқ. (Узоқларга тикилиб, саҳнага яқин келади. Яна ўша мусиқа элас-элас эшитила бошлайди). Мен пойтахтдан жуда узоқда, бобомнинг ўтовида, айни гурвакларнинг ҳиди ҳаволарни тутган паллада туғилган эканман. Буни менга момом айтиб берганди. Бобом ўшанда давомчим туғилди, деб қўрасидаги энг семиз қўчқорни олиб чиқиб чўпонларга зиёфат берган экан. Икки ёшимга тўлар-тўлмас шаҳарда илм қилаётган отам онамни ҳам ўзи билан олиб кетган. Мен эса бобом билан момомнинг бағрида, мўъжазгина уйда эсимни танидим. Айвонда туриб сўлга қарасам, ёзда қуёш жизғанак қиладиган, қишда аёз савалайдиган сўнгсиз саҳро, ўнгга қарасам рошлари юлғунлар, тўранғилар билан ястанган Жайхунни кўрардим. Гўё дунёнинг бирлашган нуқтасида тургандек ҳис қилардим ўзимни. Туя уюрларининг кенг саҳрода, арғамчи солган турналардай юришлари, қуёш саҳро ортидан, кескир нурлари билан зулматнинг бағрини тилиб чиққанида, юрагимга қўрқув солган бўрилар увлаши, варанглаган ўқ овозидан дарё бўйидаги қашқалдоқларнинг потирлаб учишларидан завқ олардим. Қиш бўйи музлаб ётган Амунинг эрта баҳорда айқириб, ўкириб, қирғоқларини ўпириб тўлғонишини кўрганимда юрагим ҳам дарёдек кўпирарди. Бобом билан суйлин овига боришларимиз, бургутларни томоша қилишларимиз, момомнинг тайёрлаган қимронларидан бобомга билдирмай тотиш ёқарди. Аммо бўйим чўзилиб қолгач, отам мени шаҳарга олиб кетаман, деб туриб олди. Бобом қаттиқ хафа бўлди. Бобомнинг хафалигидан кўнгли хижил бўлган отам «қоласанми, шаҳарга кетасанми?» деб сўради. Мен эса гоҳ бобомга, гоҳ отамга қараб жим туравердим. Қимтилган лабларимни бир-икки марта “қоламан” дейишга чоғладиму, аммо уддасидан чиқолмадим.  Отам мени олиб кетар куни бобом чўпонларга зиёфат берди. Зиёфатга келган бахшилар тонгача достон айтишди. Бахшиларнинг юртидан олис кетаётган ўғлон ҳақидаги айтимлари ҳали ҳам қулоғим остида янграйди. (“Гўрўғли” достонидан парча янграйди. Бу ҳув ўша воқеа бошидан элас-элас янграётган мусиқа. Энди у баланд пардаларда янграйди).

Ёлғиз болам эшит пандим, юртни тарк этувчи бўлма,

Ўзингнан ғайри номарднинг қуллиғин қилувчи бўлма.

Ўтма яхшини гўрганда, холиннан хабар берганда,

Бир дардли йиғлаб турғанда, ёнинда кулувчи бўлма.

(Собир узоқларга тикилганча жим қолади. Мусиқа пасаяди, бироқ секин янграб туради).

Шокир. Ахир бирон марта ҳам бу ҳақда бизга айтмагансиз-ку!

Собир. (Хўрсинади). Чунки шаҳарга олиб кетишган кундан бошқалар истагандек яшашни бошладим. Отам истагандек ўқидим. Онам айтган қизга уйландим. Онанг истагандек бир қиз, бир ўғил кўрдим. Опангни узатдим, сени  уйлантирдим. Хоҳишингни бажариб қозон-товоғингни бўлак қилиб бердим. Ишладим, нафақага чиқдим. Шундан кейин уззу кун уйга қамалиб ўтирадиган бўлдим. Гоҳ телевизор кўрдим, гоҳ китоб ўқидим. Ҳар ойда почтачи олиб келган нафақасини олиш учун чиқмасам, умуман кўчага ҳатламадим. Хавотирга тушган онанг «Сиз ҳам мундоқ кўчага чиқинг, одамлар билан гаплашинг, ҳадеб уйда ўтириб зерикмадингизми?» – деди. Шундан кейин онда-сонда кўча айландим, қўшнилар билан суҳбатлашган бўлдим. Онанг ўтгач эса дарахт тагидаги  ўриндиққа чўкдим. Шу-шу эрталабдан-кечгача шу ерда — ўриндиқда ўтирганча, ўткинчиларни кузатаман. Эрталаб нонушта, тушлик, пешин пайтида чой, кейин кечки овқатимни ейман. Тунда ҳувиллаган, сукунат қамраган ҳовлида алламаҳалгача тўлғона-тўлғона бедор ётаман. Эртасига яна шу ҳолат такрорланади. Худди дастурлаб қўйилган машинага ўхшайман. Ухлайман, тураман, ейман яна ўриндиққа чўкиб, шу лаънати ёғочларнинг бир бўлагига айланаман. (хўрсинади) Аслида инсон ўз ўрнини топиши бу унинг ўзи истаганидай, қалби буюрганидай, ўзлигига хиёнат қилмай яшаши эмасми? Мен эса ўзлигимга хиёнат қилганим сабаб, бутун умр ўрнимни тополмай, ҳаётдан зерикиб яшадим. Ахир айтинглар шу ҳам ҳаётми? Мен тушундим. Ўз маконини тополмаган руҳ безовталигини маҳшаргача қўймас экан. Мен кетишим керак, бобомнинг маконига кетишим керак. Мендан рози бўлинглар.

Собир эшикка йўналади. Мусиқа кучаяди. Қадамларини шахд, шиддат билан босади.

Наргиза. Дадажон….

Шокир. Дада…

Мусиқа авжига чиқади. Собирни чақириб Наргиза билан Насиба увлаб йиғлайди. Шокир бақиради. Чироқ ўчади.  

6-кўриниш

Собир стул ясаяпти. Ҳаракатлари сокин, мулойим, алоҳида меҳр билан ясаяпти. Ниҳоят стулни ясаб бўлади. Унга меҳр, ғурур билан тикилади. Суянчиқларини силайди. Кейин унга авайлабгина ўтиради.

Собир. Ўрним… менинг жойим. (Мийиғида жилмаяди. Ёнида турган чўпон таёғини олиб тор қилиб черта бошлайди. Юртга қайтган ўғлон ҳақида “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонидан парча хиргойи қилади).

Ничча йиллар юрдим саргардон бўлиб,

Ҳар мардга, номардга сирим билдириб.

Муродга етжаким тушимда гўриб

Мардона қўлингнан тутдимда галдим.

Аста-секин мусиқа кучаяди. Ҳақиқий бахши айтими янграйди. Собир завқ билан чўпон таёғини чертиб қўшиқ айтади. Аста-секин чироқ хиралашиб ўчади. Парда ёпилади.

Гўзалой СОЛИҲ қизи

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting