эссе

Якшанбанинг одатий оқшомларидан бири. Танам чарчоқ билмайдиган, бошим ғувиллаб оғримайдиган ҳафтанинг таниш ва ягона куни. Бу кун мен зерикарли ишим ҳақида ўйламайман, телефон қўнғироқларига жавоб бермайман. Эрталабдан ўзим истаган китобни ўқийман ёки кўнглим тусаган машғулотни қиламан.

Қўлимда ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинган Фуруғ Фаррухзоднинг “Қайғу гули” номли китоби. Уни онам дамлаб берган аччиқ қаҳвадан лоқайд хўплаб, хира чироқ ёруғида, қиш бошлангандан бери мени сира тарк этмаган теран маҳзунлик билан аста варақлайман. Асабларим бўшашгани учун қўлларим илк марта уларнинг таранглашишидан қалтирамайди. Бармоқларим китоб саҳифаларини варақлашдан кўра силаб сийпалагандек туюлади.

Бу сафарги мутолаа ҳафта давомида хориган руҳимга қувват бағишлаётгандек, сўнгги пайтларда китоб мутолаасида менга одат бўлиб қолган бефарқлик аломатлари ҳам саҳифаларга қадалган нигоҳимда сезилмайди. Қанчадан қанча улуғ ва хассос шоирларни дунёга келтирган қадимги Форс ўлкасининг яна бир ўзига хос ва оташқалб шоирининг шеърларини шу оқшом табиатимга сингиб, тобора кучайиб бораётган қизиқиш қучоғида, ташқарида эрталабдан астойдил ёғишда давом этаётган қорнинг деразага урилаётган майда учқунлари тасвирига қараб-қараб бирма-бир кўздан кечираман, мутолаа жараёнида камдан кам ҳолларда руҳимда рўй берадиган энтикиш юзага келади, кўнглимга ўтирган мисраларни кейинчалик ёд этиб туриш учун илдамлик билан хотирамга муҳрлайман.

Гўё кўзгуларнинг нигоҳларида

Ҳаракатлар, ранглар, тасвирлар бари

Тескари кўринар эди

Ва ҳақир

Масхарабозларнинг боши устида

Ва фоҳишаларнинг беор юзида

Ёнарди ўт кетган соябон янглиғ

Муқаддас, нуроний ойнинг қўрғони

Орада китобнинг силлиқ муқовасидаги Фуруғнинг абадий ёшлик ва нозик ҳиссиёт уфуриб турган, сокинлик ва орзумандликка йўғрилган, руҳиятидаги ситамгар безовталик хусусида сўзлайдиган суратига ҳам қизиқиш, ҳам ачиниш билан қарайман. Қизиқишимни  ҳар қандай замон аёлларида айрим ҳоллардагина учрайдиган унинг фавқулодда ҳадсиз латофатига мафтун бўлганим билан изоҳлаш тўғри деб ҳисобланса, ачинишимни уни бор йўғи ўттиз икки йил умр кўргани билан ифодалаш мумкиндек туюлади.

Гоҳида шу ўй-хаёлларим орасида юрагимни зирқиратган унинг мазкур сурати ҳам худди шеър ўқишга чоғлангандек бўлади. Шошилиб, ҳаяжонланиб ёки жилмайиб эмас, сокинликда ва бир нуқтага тикилган ҳуркиш-у ҳайиқишдан йироқ бўлган, пича маъюс кўзларидаги яшашга бўлган майл-у иштиёқни кўз-кўз қилгандек…

Дераза ортида қор ёғади жим,

Дераза ортида қор ёғади жим.

Қалбим жимлигига кимнингдир қўли

Ғусса уруғини экар бетиним…

Туриб-туриб негадир бу аёлни ўттиз икки йил умр кўрганига ишонгим келмайди, аниқроғи шеърларини ўқигач ишонолмайман. Ўйлашимча, шеърларини ўқиган ҳар қандай одам бунга илк дафъа ишонмайди. Чунки, унинг шеърларида фалсафа кучли, мушоҳада кучли… Ҳиссиёт ва бадииятни айтмаса ҳам бўлади. Бундай шеърларни шоир зоти худди қирқдан кейин- камолотга тўлгач ёзиши мумкиндек…Улар жуда гўзал ва мукаммал.

Уни бир марта ўқиб чиққан одам шундай ўйлаши аниқ: “Эй раббим, у яна озгина яшасайди,  яна озгина шеър ёзсайди… яна озгинааа… Лаънати қисмат, лаънати қисмат!” Бу сўзларни у аниқ такрорлайди, бунга ишончим комил. Мен такрорладим-ку! Бошқалар ҳам мендан ортиб қаерга боришарди…

Мен айни пайтда ўттиз беш ёшдаман. Ўйлаб кўрсам ҳаётда ҳали ҳеч нима қилганим йўқ. Ижодда ҳам. Адашмасам, Ларошфуко ўз иқтибосларида- ижодкор яратган томонидан ўлчаб берилган асарларини ёзиб бўлгачгина оламдан ўтади, деганди. Демак, Фуруғ ўттиз икки ёшида хамма асарларини, ўзини фоний дунё ва унинг ажралмас қисми бўлган одам болаларига айтадиган сўзларининг барчасини айтиб бўлган. Наҳот, ростдан шундай бўлган бўлса? Намунча тез, Яратган эгам!

Пушаймон эмасман,

Эй маҳбубим, мен

Ва яна бошқа бир менданки, ҳар гал

Сен уни совуқ тун кўчаларидан

Ошиқ нигоҳларинг билан топарсан,

У билан сўйлашгин

Ва мени ёд эт,

Унинг ўшал ғамгин бўсаси аро

Кўз остингнинг мушфиқ чизиқларида…

Фуруғни кўз олдимга келтириб, у ҳақда мана шу мислсиз осойишта оқшомда тинимсиз ўй сурарканман, унинг латофатли ташқи кўринишига қанча мафтун бўлмай ёки ширали ва фалсафага мўл поэзиясидан қанчалик ҳайратланмай, китобнинг хотима қисмидаги унинг отасига ёзган мактуби бир пайт диққат-эътиборимни кўпроқ тортади.

Бунга сабаб: бу мавзу ўсмирлигимдан бери онгу-шууримни руҳий қийноқларга солиб, кети узилмайдиган саволларни унинг қаршисига кўндаланг қўйиб, мени анча андармон қилгани бўлса керак. Тургеневнинг машҳур “Оталар ва болалар” романини ўқиганимни бунга дахли йўқ, уни  сабаб қилиб кўрсатишга шай турганлар-ҳечам шошилманг. Асло, бу сабаб эмас. Бу мавзуга ўша асарни  ўқишимдан кўп йиллар олдин  дуч келганман.

Ўша пайтлари нима учун ота ва бола ўртасида кўпинча дунёқарашда ҳам, фикрлаш тарзида ҳам катта тафовут бўлишини гоҳида тушунмас, гоҳида бунинг тагига  етиш учун соатлаб охири йўқ мулоҳазаларга берилардим.

Менда ўз пайтида отам билан муносабатларимда муаммолар бўлган, амакимнинг ўғлида ҳам, кўчамиздаги Фуруғга ўхшаб шеър ёзадиган Гулноза исмли қизда ҳам, синфдошларимнинг аксариятида ҳам…Умуман олганда мен билган ва таниганларнинг ҳаммасида бу борада кичкина ва арзимас бўлса-да, муаммолар бўлган: кимнингдир отаси у ўзи истаган инсонлар билан дўстлашишини истамаган, кимникидир ўзи севган касбни танлашида  унга қаршилик қилган, яна кимдир кўнглидаги туйғуларига пешвоз чиқишда ва ўзи истаган инсон билан ҳаётини боғлашида отасидан панд еган.

Китобни ўқиш жараёнида Фуруғни қандай тасаввур қилдим, айтайми? Уни айни пайтдаги кўзларидан бошқа ери кўринмайдиган, бошдан оёқ оммавий ёпинган Форс аёлларига хос бўлмаган — эгнига ёпишиб турган, анорранг ёки бинафшаранг кўйлакда, сочларини чиройли турмаклаган ҳолатда, ёзув столи қаршисида шеър ёзгандан кўра ҳам кўпроқ отасига мактуб битаётган тарзда тасаввур қилдим. Бу тасаввурим зўрма зўраки эмас, уни рўпарамда гавдалантиришни истаган чоғим ихтиёримга терс равишда хаёлотимда шундай тасаввур яралди.

Шу йўсинда уни аёлларнинг кўп вақт ўтказадиган жойи бўлмиш ошхонадами, пўрим кийинган ҳолда меҳмонхонадами, дам олиб ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган ётоқҳонадами, зарурий юмуш билан кўчада таксининг орқа ўриндиғида кетаётганидами — қай ҳолатда тасаввур қилмай, уни фақат отасига мактуб битаётгани кўз олдимда гавдаланаверди.

“Мактуб ёзиб сиз билан дардлашишни истайман, бироқ ният қилганим заҳоти ўз-ўзимдан, нимани ёзай, орамизда пайдо бўлган бўшлиқни нима билан ёпа оламан, деб сўрай бошлайман… Сизга бутун ҳаётим ҳақда, туйғуларим, изтироб-у бахтсизлигим ҳақда ёзгим келади, бироқ ёза олмас эдим, ҳозир ҳам шундай кайфиятдаман. Биз турли давр ва жамият одамларимиз. Ўй-хаёлларимиз турфа. Шундай экан орамизда қандай уйғунлик ярата оламиз?”

У мактуб ёзаётганида кўз олдимда намоён бўлган чексиз ва фантазияга бой хаёлотим ёрдамида саҳналаштирилган манзара жараён давомида ўзгаради. Идиш-товоқлар, қошиқ ва санчқилар, музлатгич ва газ плиталаридан иборат бўлган ошхонани билдирувчи саҳнанинг ўрнини гўёки энди тўқ қизил пианино, ёнғоқ дарахтидан тайёрланган жигарранг стол ва қирралари бурама шаклда ўйилиб ишланган стуллар, деразаларига гулли ҳарир пардалар тутилган, оёқ остига яралиш тарихи минглаб йиллар ва сўнмас анъаналарга бориб тақаладиган Хуросоннинг афсонавий гиламлари тўшалган, деворларига шарқ анъаналарини ўзида равон акс эттирувчи миниатюралар осилган меҳмонхона эгаллайди.

Фуруғ қаддини тик тутиб стулда ўтирганча, нозик оёқларини гилам устида чалиштирганча, ёшига номуносиб бўлган ҳаддан ташқари ўйчан ва жиддий қиёфасини девордаги ойнали ромларга солинган миниатюралардан гоҳ узиб, гоҳ узмай мактуб ёзишда — пероли ручкада оқ қоғозни тўлдиришда давом этади.

“Менинг энг катта дардим-сизнинг мени танимаслигингиздир. Сиз… ҳеч қачон мени билишни истамасдингиз.Эҳтимол ҳозир ҳам мени ишқий романлар мутолаасига муккасидан кетган, Теҳрон Мусаввир журналида чоп этиладиган ҳикоялар таъсирида мияси айниган аёл деб ўйлайсиз. Кошки шундай бўлса… бахтли бўлолсам.”

Мактуб учун танланган қоғоз аста тўла бошлайди. У ярмига етганида Фуруғни энди ётоқхонада — чиройли, лекин қоқсуяк елкаларини очиб турган ялт этиб товланиб кўзни қамаштирадиган тунги кўйлакда, хипча белини дивандаги қизил бахмал ёстиққа салгина тираб ёнбошлаганча, кўзини орада ўзи ёзаётган мактубдан узганча гоҳ девордаги бонг урадиган соатга тикиб, гоҳ дераза ойнасидан тун чўкишга улгурган кўчага назар солиб эри Парвиз Шопурдан  дарак кутган ҳолатда кўраман. У отасига ёзишда давом этади.

“Мен уйда фалсафага оид китоблар ўқиганимда, адабиёт факультетининг фалсафа ўқитувчиси билан Шарқ фалсафаси ҳақида гаплашганимда сиз мени ақлини йўқотган қиз деб ўйлагансиз, сафсата тўла журналлар мени йўлдан оздиришидан чўчигансиз. Ўша пайтлар жуда эзилардим, ўз уйимда бу қадар бегона эканлигимдан кўзларим ёшга тўлар, ҳеч ким билан муомала қилмасликка ҳаракат қилардим”.

У ҳатто кўчага бирор юмуш билан чиқиб, таксининг орқа ўриндиғида кетаётганида ҳам бошини  отасига ёзаётган мактубидан кўтармаётгандек туюлаверади. Қўлида бу сафар пероли ручка ва оқ қоғоз кўринмаса-да, назаримда мактуб унинг хаёлида ёзилаётандек, у бошини эгганича йўл бўйи Теҳронни ҳис қилмай кетади.

“Ўз меҳри билан бизга йўл кўрсатувчи Сиз эдингиз. Бироқ, сиз қаттиққўлингиз билан бизни қўрқитардингиз, холос. Бу эса нозик елкаларимиз билан ҳаётнинг катта муаммоларини ечишимизга, кўп адашишимизга, сабаб бўлар, хатарга йўл очарди. Ора-орада бизга маслаҳатлар берардингиз, фақат бу пайтда биз бошқа иш билан банд пайтларга тўғри келарди. Биз ҳозир шуни қабул қила оламизми, қизиқишларимизга мосми ёки йўқ-бу сиз учун аҳамиятли эмасди.

Жаҳон адабиётида ўз отаси билан муносабатлари ҳақида кўпчилик ёзган. Лермонтов, Достоевский, Кафка, Томас Манн… ҳар бирининг ёзганлари юракни батамом эзади. Уларнинг таъсирида эзилган юрагимга адабиёт Фуруғнинг ҳам изтиробларини қадаҳда майни тутгандек тўлдириб тутаркан, ўзимни “бўлди, етар” деб дод солишга оғиз жуфтлайдигандек сезаман…

Аёл изтиробларига сира бардош беролмайман. Азалдан шундай бўлган.  Бугун ҳам айнан шундай бўлаётгандек. Фуруғнинг изтиробларига ўзимда бардош топишнинг иложиси йўқдек… Сал ўтиб  Герберт Уэллснинг Вақт машинаси бўлса-ю, унда ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қайтсам, деб хаёл қиламан. Тентаклик бу, шундайми? Вақт машинаси – абсурд нарса, Уэллс шунчаки бир хаёлпараст бўлган.

Лекин, шу тобда унинг асаридаги ўша машина қаршимда гавдалангандек бўлади. Кўриниши ажабтовур: тўрт томони  қалин ойна билан ўралган, атрофи турли туман электр симлари билан чирмаб ташланган,  ички қисмига сон-саноқсиз тугмалар ўрнатилган, ўртасида электр стулни эслатувчи курси…

Ҳеч канча ўтмай у орқали ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири ва олтмишинчи йиллари бошларидаги Теҳронга саёҳат қиламан. Ўзимни шаҳарнинг пастак уйлардан иборат, оёқ остига тош ётқизилган, четларига новча симёғочлар ўрнатилган жин кўчаларидан бирида кўраман. Сўраб-суриштириб Парвиз Шопурнинг хонадонини топаман. Уйга яқин келиб, деразадан қараганимда Фуруғ столда бошини эгганича ўтиради. Мени пайқаб, у дераза олдига келади.

-Кимсиз?- дейди деразани ланг очиб.

-Мени танимайсиз,- дейман унга бошимни чайқаб (қизиғи, унга ўхшаб форсча гапира бошлайман ўзимдан ўзим).

-Ҳозир эрим келиб қолади. Сизни бу ерда кўрса у нотўғри тушунади.

-Яна отангга мактуб ёзяпсанми?- давом этаман  дераза олдидан узоқлашишни хаёлимга ҳам келтирмай ва бу гал уни сенсираб.

-Сиз буни қаердан биласиз?- дейди у ҳайрон бўлиб.

Шунда кўзимни олдида бошқа манзара пайдо бўлади. Ўзимни кўҳна Римга келиб қолгандек сезаман. Микеланжелонинг ватанига… Гладиаторлар юртига… Афсонавий ғозларнинг қони тўкилган маконга… Каршимдаги улкан, харобалардан иборат тарихий обида Колизей бўлса керак. Айнан унинг ўзи (суратини кўрганман). Унинг атрофида одамлар бисёр, ҳамма уни кўришга ва ичини бир бор томоша қилишга уринади, шовқин -сурон авжига чиққан, ҳайрат тўла нигоҳлар унга қадалган, турли тиллардаги — итальянча, инглизча, французча, испанча сўзлар тинмай унинг нурашни бошлаган деворларида акс садо беради…

-Яна сизми?- дейди у ердаги тош устига ўтириб мактуб ёзаётган Фуруғ рўпарасида мени кўргач.

Мен унинг сутранг костьюмига, тиззасини очиб турган қора юбкасига суқланиб қарайман. Сочларининг ноодатий турмагидан ва буғдойранг, истарали юзидан кўзларимни узолмайман.

-Нега отангга мактуб ёзаверасан?- сўрайман ундан.

Фуруғ ўрнидан туради. Олдимга яқинлашади.

-Бунча сурбетсиз,- дейди кейин жилмайиб.

-Отангга ёзган мактубингни ўқиганман,- дейман унга жавобан кўзимни девор тирқишидан кўриниб турган Колизей ичкарисига тикиб. — Шеърларингни ҳам. Менга шеър ўқиб бергин. Масалан, “Уни маъзур тутинг” деб бошланадиган шеъринг бор-ку, ўшани.

У бу сафар ёш боладек қиқир-қиқир кулади.

-Бошқа сафар.

У билан Колизейни айланаман. Унга мазкур обиданинг тарихини сўзлаб бераман. У жим эшитади. Орада кўзлари ёшланиб, негадир йиғлайди. Тинчлангач ундан яна шеър ўқиб беришини сўраганимда бошини чайқаб,  доимгидек ширали овозда  “бошқа сафар” дейди. Отаси ҳақида эслатганимда эса маъюлашиб қолади ва костьюмининг чўнтагидаги мактубни тўхтовсиз эзғилай бошлайди.

Бу манзарага энди кўникканимда ўзимни Мюнхенда кўраман. Жануб кишиси чидаши мушкул бўлган Германиянинг изғиринли қиши этимни савалайди, юзимни лавлагидек қизартиради, димоғимга шимол тафтининг муздек нафасини олиб келади. Майдалаб ёғаётган қор остида шаҳарнинг баланд бинолардан иборат кенг кўчаларини, бўёғи кўчиб кетган трамвайларини ва турқи совуқ одамларини ёқалаб кетаман. Шаҳар четидаги арзон кварталларидан бирига бош суқиб, у ердаги деворларига кўмир ва бўр ёрдамида немисча жаргон сўзлар битилган ҳовлига кираман. Ҳовлининг кираверишига “хоналар ижарага берилади” деб ёзиб қўйилган бўлади. Ичкарилашим билан ҳовлининг ўртасида — атрофида товуқлар тўдалашиб юрган иркит қудуқдан сув олаётган Фуруғга кўзим тушади.

-Мени шу ердан ҳам топдингизми?- дейди у қўлидаги челакни ерга қўйиб, менга қизиқсиниб қараркан.

-Шеър ўқиб бер,- дейман унга яқин келиб.

-Бошқа сафар,- дейди у яна.

У челакни кўтариб хонасига кириб кетади. Ортидан кираман.

-Отамга мактуб ёзаётгандим,- дейди у ортидан кирганимни кўргач стол устидаги мактубга ишора қилиб.- Ундан кечирим сўраб, уни нима бўлган тақдирдаям яхши кўришимни айтиб ва ниҳоят озгина пул юборишини илтимос қилиб… ёзаётгандим.

Ҳали сиёҳи қуримаган мактубни қўлимга оламан ва уни қуритиш учун қаттиқ  пуфлайман. Бир марта, икки марта, уч марта. Орада унга кўз ташлайман.

Бугун нима учун бу ердаман? Очлик, саргардонлик, минг бир изтиробга юзма-юз яшаяпман. Аслида мен уйни яхши кўрардим . Эртадан кечгача кўчама кўча дайдиш, йўлимдан чиққан турли миш-мишларга бош эгишни истамасдим. Уйда бегоналигимни сезганим учун, ўзимни оча олмаганим учун, хотиржамлик топа олмаганим учун бу ерга келдим. Озодман, менга беришга қўрққанингиз мана шу озодлик эди… Энди  ҳеч кимнинг нафрат ва таҳқир тўла нигоҳлари менга қадалмайди. Энди ҳеч ким уни қилма, буни қилма демайди. Энди ҳеч ким менга ёш болага қарагандай қарамайди.”

-Ҳозир укам Камрон келади,- дейди у  кўп ўтмай қўлимдан мактубни олиб, икки буклаб камзулининг чўнтагига соларкан.- Илтимос, кетинг. Сизни бу ерда кўрса  у аччиқ қилади. Эрим билан ажрашганимдан сўнг ўзи шундоқ ҳам кўп гап-сўзга қоляпман.

Қудуқни ортда қолдириб, ҳовлидан ташқарига чиққанимда, Мюнхеннинг одамни безитадиган совуқ манзараси ўрнини бир маҳал Теҳрондаги марказий қабристонлардан бири эгаллайди. Унинг ингичка йўлаги бўйлаб, қабрларни оралатиб елкасига тобут кўтарганча кетаётган одамларнинг хомуш кўриниши, шашқатор кўз ёшлари ва ҳасратлари зарби юрагимни эзади.

-Бу кимнинг майити,- дейман улардан йўл-йўлакай.

-Фуруғ Фарруҳзодники,- дейишади улар ва тобутни бир онга ерга қўйишади.

Мен унга яқинлашаман. Биздаги дағал матодан фарқли равишда силлиқ ва юпқароқ мато билан  ўралган кафан ортидан Фуруғнинг мангуга юмилган  чиройли кўзларини кўраман. Қимтиниб турган лаблари эса гўё ваъдасининг устидан чиқмоқ учун пичирлагандек бўлади.

Ва бу менман-

Ёлғиз турган бир аёл

Бир совуқ фаслнинг остонасида

Булғоқ ер мазмунин англаш бошида

Ва жўн, қайғули кўк тушкунлигин

Ва тош қотган қўллар нотавонлигин.

Одамлар қайтадан тобутни елкаларига олишади. Унинг бошида мулзам кетаётган кишини танигандек бўламан. Бу ўша- Фуруғнинг давомий изтироблари сабабчиси, уни чегарасиз қайғу гирдобида қолдирган,  ҳеч бир жабхада тушунмаган, ўз меҳрини қизғонган отаси…

…Якшанба оқшоми якун томон одимлаяпти. Ҳадемай ғира-шира тонг отади, қишда ҳам тиним билмайдиган қўшнининг аҳмоқ хўрози баланд пахса девор устида қичқиради, муаззин масжид равонига чиқиб бомдодга азон чақиради.

Креслодан қўзғалиб Фуруғнинг китобини жавонга — бошқа китоблар орасига  қўяман. Жавонда китоблар кўп. Фуруғнинг китоби ҳам уларнинг орасидан жой олади. Ундан узоқлашишга уринарканман, оёқларим ўзига бўйсунмай тураверади. Муқовадаги унинг сурати мени ўзига чорлайверади.

-Сенга шеър ўқиб бермаганим учун кечир,- дейди у менга маъюс боқиб ва илк марта мени сенсираб. — Мен айбдорман… чунки бир умр отамга мактуб ёзишдан бўшамадим.

2020 йил, февраль.  Тошкент-Бўстонлиқ

*Эсседа Одил Икром таржимасидаги шеърлардан ва Башорат Отажонова таржимасидаги мактублардан фойдаланилди.   

  Шерзод ОРТИҚОВ

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting