МАРИНА ЦВЕТАЕВАНИНГ ТАШРИФ ҚОҒОЗИ

0
901

Бадиий китоблар бўлими институт кутубхонасининг ертўласида жойлашганди. Талабалар учун  у ерга киришга фақат тушликдан сўнг рухсат этилар, бўлимни кекса рус аёли Лида хола юргизар, у кирган талабага кўпинча бош оғриғидан шикоят қиларди. Мен у ерга кўп кирардим, бўлимнинг доимий аъзоси эдим десам ҳам муболаға бўлмайди.

 Бир куни рус адабиётининг “кумуш” даврида ( йигирманчи аср бошларида) ижод қилган шоирлардан Владислав Ходасевич ва Константин Бальмонтнинг китобларини олганимни кўриб, Лида хола нега Марина Цветаеванинг китобларини ўқиш учун олмаслигим билан қизиқди. Унга сабабини айтгандим:

-Ижодкорнинг шахсини эмас, ижодини биринчи ўринга қўйиш керак,- деди эътироз билдириб.

-Мен бунинг аксини тарафдориман,-дедим унга сираям бўш келмай.

-Болам, сен ноҳақсан,-деди у оғриқдан пешонасини тириштириб ва иккала қўли билан бошини маҳкам чангаллаб олди.

Ўшанда катта ёшли инсон билан баҳслашишни ўзимга эп кўрмай, унга тушунарли деб бошимни ирғаб қўйган бўлсам-да, ўз фикримда қолган, институтни тамомлагунимгача — матбуотда ўзбекчада кўриниш берган баъзи шеърларини ҳисобга олмаса — Марина Цветаевани асло ўқимагандим.

Кейинчалик Лида хола оламдан ўтди. Мен институтни тамомлаб, қалбим ва қизиқишларимга ёт бўлган даргоҳда, зерикарли ва фикрлаш нима билмайдиган одамлар орасида ўз меҳнат фаолиятимни бошладим. Бу йиллар давомида кўп нарса, кўп одамлар, энг асосийси замон ўзгарди. Аммо, ўша фикрим ўзгармади. Бунинг натижаси ўлароқ,  ўттизга киргунимгача нафақат Цветаевани, балки Британия армияси сафида хизмат қилиб Ҳиндистондаги мустамлакачилик ва хунрезлик ишларида қатнашган Киплингни, бир-бири билан эр-хотин бўлиб яшаган хотинчалиш шоирлар Артюр Рембо ва Поль Верленни, эркакларни пайпоқдек алмаштирган ишратпараст  Жорж Сандни умуман ўқимадим. Чор Россиясини Туркистонни босиб олишга чорлаган Достоевский ва Гитлер бошчилигидаги фашистлар салафи бўлган Кнут Ҳамсунни ўқиганим учун минг марта афсусландим. Табиатида педофиллик хислати устун бўлган Марсель Прустнинг китобини асабим бузилиб ярмида ташлаб қўйдим…

Вақт ўтиб менда анча ғалати, аниқроғи биров ишониши қийин бўлган шундай одат пайдо бўлдики, бирор бир ижодкорни ўқимоқчи бўлсам, биринчи навбатда унинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқар, кечирган ҳаётидан қониқиш ҳосил қилсамгина ижодига бош суқиб эътибор қаратар, ёзган нарсаларини фурсат ажратиб ва хафсала қилиб ўқиб чиқардим. Бунинг акси бўлса, унинг ижоди эътиборимдан мутлақо четда қолиб, уни юзаки билганимча қолаверардим.

Шу-шу бу одатим натижасида, жаҳон адабиётида юқори ўрин тутган ўнлаб даҳо, таниқли ёки мумтоз адиб мақомига эришган ижодкорларнинг ижод намуналари билан бошқалардек чуқур танишиб чиқмадим. Қўшимчасига қайсар тафаккуримда ўз-ўзидан қандайдир ғайритабиий қоида жорий этилди. Унга кўра ижодкорлардаги қусурларни ўзига хос аҳлоқ меъёрларига ажратиб чиқдим. Турли-туман қусурларга тўла ҳаёт кечирган ижодкорларни худди тарозидек шу меъёрларга солиб кўрар, сўнг улардан фақат тафаккурим ўйлаб топган шу аҳлоқ меъёрларига жавоб берадиганларини ўқирдим. Масалан, ижодкор ҳаётда пиёниста бўлган бўлса, унинг асарларини жаҳл билан бўлса-да, ўқирдим. Бу тафаккуримда унчалик аҳлоқсизлик бўлиб туюлмасди. У салгина енгилтак ва ҳавойи бўлган бўлса ҳам бу борада меъёридан ошмаган бўлса, уни  шу руҳда ўқийверардим. Ота-онасини ташлаб кетган, судхўрлик қилган, даҳрий бўлганларни ҳам ўқирдим. Булар гарчи дунёқарашимга зид хислатлар бўлса-да, тафаккуримдаги йўл қўйилган аҳлоқ меъёрларига тўла-тўкис бўлмаса-да, жавоб берарди.

 Лекин, шундай қусурлар бўлардики, уларни ижодкорнинг таржимаи ҳолида учратсам ундан ирганишни бошлардим ва китобини қайтиб қўлимга ушламасдим. Юқорида мен санаб ўтган ижодкорлар ва Марина Цветаеванинг кечирган ҳаётидаги айрим қусурли вазиятлар тафаккуримдаги аҳлоқ меъёрларининг ҳеч бир даражасига мос тушмасди. 

Талабалик йилларим Цветаевани ўқимаганман дея олмайман. Тепада айтганимдек, матбуот орқали унинг рамзларга асосланган поэзияси билан қисман танишганман, шунчаки таржимаи ҳолини ўқигач ундан кўнглим совуганди. Шахсдан кўнглим совуса, ёшлигимга бориб автоматик равишда унинг ижодидан ҳам кўнглим совур, бунинг сабабини ўша кезлари бирорта одамга ҳозиргидек аник-тиниқ қилиб тушунтириб беролмасдим. Кутубхоначи аёл билан эссе бошида тилга олинган суҳбатимиз айнан шу кўнглим совуган кезларда бўлиб ўтган ва ижодкорнинг шахси билан ижоди шу тарзда мен учун оддий мавзудан долзарб мавзуга айланганди.

Кечагидек эсимда. Мен ўқиган Цветаеванинг таржимаи ҳоли кичкинагина китобча эди. У ҳатто Маринанинг синглиси бўлган Анастасия Цветаеванинг “Хотиралар” номли китобидан ҳам ҳажман кичик эди. Китобни ўқиганимда ҳаммаси яхши бошланганди: Цветаеванинг болалиги, илк шеърий машқлари, матбуотда чиқа бошлагани, Эфронга турмушга чиқиши, рус адабий муҳитида кўриниш бериши ва… Софья Парнок исмли аёл билан танишиши. Китоб шу ерга етганида ўша аёлнинг суратига кўзим тушганди. У кўринишидан шахди баланд, эркак сифат, маъсулиятсиз ва бетгачопар бир аёл эди. Бундай тоифадаги аёллар ўзлари ҳақида юксак фикрда бўлиб, роса ўзларига бино қўйган ва кулгули тарзда мағрур бўлишади. Ички сезгимга кўра Парнокнинг феъл-атворида айнан шу хислатлар мужассам бўлиб, у кўнгилчан бўлган Цветаеванинг бутунлай тескариси эди.

 Сатрларга кўз югуртирарканман, бир лаҳзада кўнглим айниб беҳузур бўла бошлагани ҳам эсимда. Иккита аёлнинг бир-бирига севгиси, бир-бирини ардоқлаши, битта ётоқхонада биргаликда, эр-хотиндек ётиб-туриши… Оммавий маданият сабаб буни нималигини ҳозир кўпчилик тушунади ва ортиқча ҳайрон бўлмайди. Бироқ, ўшанда мени оғзим ланг очилиб қолган, шу ҳолатда тахминан ўн дақиқа китобни ушлаганимча қотиб тургандим. 

Цветаева ўз кундаликларида Парнок ҳақида ёзаркан, аёл киши учун фақат эркак кишини севиш жудаям зерикарли, дейди. Фурсат ўтиб, эридан кетади-да, у билан битта уйда яшай бошлайди, адабий кечаларда одамларнинг гап-сўзларига парво қилмай, у билан жазманлардек қучоқлашиб ўтиради, битта сигарани у билан бўлишиб чекади, унга бағишланган шеърлар ёзади. Шу шеърларни у “Дугона” номли тўпламга бирлаштиради. Ўн еттита шеърдан таркиб топган бу тўплам билан танишиб чиққан исталган одам Софья Парнок Цветаеванинг дугонасидан кўра яқинроқ кишиси бўлганини бир лаҳзада тушунади.

Очиғи, ўшанда ҳам, кейин ҳам бирор бир ижодкорнинг шахсиятидан Цветаеванинг таржимаи ҳолини ўқиганимда бўлганчалик ҳеч қачон кучли ҳазар қилмаганман. Унинг ҳаётидаги мазкур қусури назаримда менинг (балки бир тийинга қиммат) аҳлоқ меъёрларимдан ортиб кетган ва шу бўйи ўзимни қанчалик унинг ижодига эътибор қаратишга чақирмай, барибир шахсияти биринчи ўринга кўтарилиб чиқаверганди. Назаримда, айнан Цветаевадан бошлаб бошқа ижодкорларнинг ҳам шахсиятига қатъий тарзда бирламчи унсур сифатида қарашни йўлга қўйганман.

Ўтган йиллар давомида мени қийнаган бу мавзу ҳақида яқинда тағин хаёл суриб қолдим. Зерикарли ишимдан чарчаб келиб ўз хонамда ўтирарканман, бу фикрим тажрибасизлик натижасида юзага келмаганмикин, деб ўйга толдим. Талабалик пайти инсонда шижоат тажрибадан устун бўлади — буни кўпчилик билади. Мен ҳам шуни назарда тутган ҳолда ижодкор шахсияти ва ижодидан қай бирини биринчи ўринга қўйиш борасидаги шахсий муносабатимни қайта кўриб чиқишга тайёр эдим. Ҳар ҳолда энди ўспирин талаба ёки эндигина жамиятда меҳнат фаолиятини бошлаган хизматчи эмас, озми кўпми ҳаётий тажриба тўплаган инсон эдим. Қолаверса, ўзим билган, лекин шунча пайтдан бери аҳлоқ меъёрларим сабаб қайсарлик қилиб ўқимаган, кўзга кўринган ижодкорларнинг қусурларга тўла шахсиятига руҳиятимда кучли иммунитет ҳосил қилишни, шу бақувват иммун тизими орқали улардан жирканмай, ижодлари билан танишиб чиқишни ният қилдим. Бу йўлда биринчи навбатда эътиборимни яна Марина Цветаева тортди.

Бу сафар ўз услубимни ўзгартирдим. Цветаеванинг таржимаи ҳолини қайтадан ўқиб чиқмай, аксинча унинг поэзиясини дастлаб тўлиқ ўқиб чиқишни мақсад қилдим. Бориб шаҳар кутубхонасидан унинг икки жилдлик асарлари тўпламини олдим. Уни аслиятда ўқигим келди, таржималардан кўнглим тўлмади. Чунки, таржималар тўлиқ эмас, бизнинг адабиётда уни уч-тўртта ҳаваскор таржимон енгил-елпи ва сифатсиз таржима қилганди, холос.

Цветаевани ўқирканман, унинг рамзлар орқали ўз кечинмалари ва ҳис-туйғуларини ифодалаши менга манзур бўлди, дея олмайман. Бундай поэзия тўлалигича таъбимга зид эди. Лекин, гап бунда эмас. Унинг поэзияси билан танишишда давом этарканман, кулминация яна унинг “Дугона” тўпламидаги ўн еттита шеъри бўлди. Шу жойга келганимда йиллар чархлаб, силлиқлаган асабим яна дош бермади, бош чайқаганча китобни шартта ёпиб қўйдим-да,  ўрнимдан туриб дераза олдига келдим. Дераза ойналари майдалаб ёғаётган қор учқунларидан хира кўринишга келган, ташқарида момиқ қор гилам каби ерга тўшалаётганди. Табиатнинг бу манзарасига қараб бир оз чалғиш мумкин эди. Бахтга қарши мен чалғий олмадим. Ёзув столимга қайтиб бордим-да, жин урсин шу Цветаевани деб унинг таржимаи ҳолини варақлашга тушдим. Талабалик пайтимдаги каби биттагина муаллифнинг китобини эмас, бу гал Цветаеванинг кўзга кўринган биографлари бўлган Лидия Анускович, Мария Разумовская, Вероника Лосская, Анри Труайяларнинг унга бағишланган  китобларининг электрон вариантларини топиб, кўз нуримни кетказиб уларнинг бу мавзуга дахлдор саҳифаларини кўздан кечириб чиқдим. Бу муаллифларнинг барчасида Цветаева ва Парнок муносабатлари батафсил ёритилган, уларнинг таъкидлашича ҳам бу бемаъни муносабат иккита аёлнинг одатий дўстлигидан анча йироқ, ғаритабиий ишққа асосланган эди. 

-Нима учун мен қандайдир жинсий ориентацияси номаълум аёлнинг ижодини ўрганишим керак?- дедим шунда баттар асабийлашиб.

Ёшим ўтгач, ўтган йиллар таъсирида мен оғир ва вазмин инсонга айлангандим, шунга қисқа вақт ичида икки марта асабийлашишим бошида ўзимга ғалати туюлди. Аммо, лаҳза ўтмай учинчи марта асабийлашдим. Дераза томонга яна бир қур кўз югуртиргандим, кўз олдимда йигирманчи аср бошларидаги Петербург савлат тўкиб гавдаланди. Унинг қорга бурканган тош ётқизилган кўчалари ва Оврўпо меъморчилигининг гултожи бўлган барокко услубидаги бинолари бирма-бир қад ростлаб, атрофда кареталарда ва пиёда кетаётган одамлар кўринди. Тўсатдан эгнига пўстин, бошига қундуз терисидан тикилган аёллар телпаги кийган иккита аёл кўчанинг ўртасида пайдо бўлди. Улар бир-бирини қучоқлаб олган, иккиси битта сигарани шеър ўқиганча навбат билан чекишар, бири иккинчисидан қолишмайдиган тарзда ширакайф эди. Улар шаҳарнинг кўзга кўринган меҳмонхоналаридан бирига устиларидаги қор учқунларини қоқиб-қоқиб кириб кетишди.

Шунда кўз олдимда шаҳар ўрнига улар кириб кетган меҳмонхонанинг  шинамгина ётоқхонаси гавдаланди. Унинг деразаларига тўқ қизил рангдаги парда осилган, ўртасидаги нақшинкор диван устига сув парилари расми туширилган сутранг чойшаб тўшалган, унинг бир бурчидаги жигарранг жавон билан ётоқхона эшиги ранг борасида ўзига хос мутаносиблик ҳосил қилганди.

Бир пайт хонага бояги аёллар кириб келишди: иккиси кўчада бўлгани каби ёнма-ён, бир бирининг пинжига кирганча, лабларида сигарет, ширакайф, шеър ўқиган кўйи… Хонага киргач, улар устиларидаги пўстинни, бошларидаги аёллар телпагини хонанинг дуч келган тарафига ирғитишди ва бири иккинчисининг лабларидаги сигаретни полга улоқтириб, эҳтиросларини жиловлай олмай ундан бўса ола бошлади. Иккинчиси ҳам жим турмади-да, уни туртиб диванга йиқитди ва кўзлари мастона сузилиб ҳамда ҳиринглаб кулганча унинг оёқ кийимини, пайпоқларини еча бошлади…

Кўз олдимда гавдаланган бу манзара менда кучли ижирғанишни юзага келтирди. Кўнглим айнишни бошлаган бўлса-да, ўзимни назорат қилиш хусусиятини бир амаллаб сақлаб, нигоҳимни базўр дераза томондан олдим. Цветаеванинг таржимаи ҳоли ёритилган электрон китобларни ҳам, унинг икки жидлик шеърлари тўпламини ҳам бир пасда унутдим. Хонамдаги басавлат креслога беҳол чўқдим. Нигоҳимни рўпарамдаги телевизорга қадагандим, унинг ўрнида ўша кутубхоначи аёл худди талабалик пайтимда бўлганидек қаршимда менга саволомуз қараб тургандек бўлди.

-Цветаевани ўқимайман барибир, Лида хола,- дедим у томонга қарамасликка тиришиб.

Унинг қиёфаси лаҳза ўтиб рўпарамдан йўқолди. Иккинчи марта қараганимда, қаршимда у йўқ, энди телевизор ўз жойида эди. Ёзув столи устида эса Цветаеванинг икки жилдлик шеърлари тўплами — бири ярмигача очилган, иккинчиси қўл теккизилмаган ҳолатда турарди. Мен уларга бефарқ қарадим. Шу бефарқлик теграсида бир томондан ўзим шакллантиришга уринган руҳиятимдаги иммун тизими майда-майда бўлиб сочилиб кетганини ҳис қилган бўлсам, бошқа томондан негадир энди бир умр Цветаевани кўз олдимга келтирсам, мен учун рамзларга асосланган поэзияси эмас, балки айнан ҳаётидаги ўша жирканч эпизод  унинг ташриф қоғозига айланишини тушундим. Энг қизиғи, бу бир пайтлар бўлганидек йигирма яшар талабанинг хулосаси эмасди.

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting