Йигирманчи асрда инсоният тараққиётида кўп нарсалар ўзгарди. Шу жумладан, ижтимоий ҳаётнинг муҳим бўлаги бўлган адабиёт ва театр санъатида ҳам. Адабиёт аср ўрталарига келиб кўплаб йўналишларни кашфиёт ўчоғига айланди. Аввалига, модернизм ва пост модернизм майдонга келди, шундан сўнг экзицтенциализм ва унинг натижаси бўлган абсурдизм йўналишлари. Бу йўналишларда кўплаб забардаст адиблар ўз дунёқарашлари ва ижодий изланишлари билан омма эътиборини тортишди. Жойс, Пруст, Камю, Сартр, Ионеску, Беккет…

Шу даврда бевосита адабиёт билан боғлиқ бўлган театр ҳам ўзининг ривожланиш дастакларига эга бўлди ва анъанавий театр ҳамда пьесаларнинг саҳна кўринишлари  жадаллик билан ривожланди. Айниқса, ўтган асрнинг ўрталарига келиб Абсурд театри деган ибора театр оламида баралла жаранглай бошлади. Бу йўналишнинг эса иккита забардаст асосчилари бор эди: Эжен Ионеску ва Сэмюэль Беккет.

Сэмюэль Беккет  1906 йилнинг 13 апрель куни Ирландияда дунёга келди. У болалигидан протестанст черковига хос бўлган қатъий тарбия олади. Тўққиз ёшида мактабга боради. 1923 йилда ўша даврнинг обрўли ўқув даргоҳларидан бири бўлган Тринити-Коллежида таҳсил олади. Ўша ерда замонавий европа адабиётини, француз ва итальян тилларини ўрганади. Шунингдек, унда ўша йиллари мумтоз драматургияга қизиқиш уйғонади. У қунт билан Ронсар ва Расин каби мумтоз драматургларнинг ижодини қалбига сингдиради.

1925-1926 йилларда у кўплаб саёҳатлар уюштиради. Франция ва Италияни кезиб чиқади. 1927 йилда эса бакалаврлик дипломини қўлга киритади.  Бунгача Ирландияда шоир Йетс ва ёзувчи Жеймс Жойс каби йирик адиблар билан танишади, дўстлашади, ҳамфикр бўлади ва улар иккиси унинг дунёқараши ҳамда бадиий-эстетик дидининг шаклланишида муҳим ўрин тутишади. 1930 йилда Беккет ўзи таҳсил олган коллежга қайтиб, у ерда педагоглик фаолияти билан шуғулланади. Шу йиллар давомида у педагоглик фаолиятидан ташқари француз реалист-ёзувчилари Бальзак, Стендаль, Флоберларнинг ижоди ҳақида маърузалар ўқийди,  Марсель Пруст ҳақидаги эссесини эълон қилади. 1932 йилдан бошлаб Парижда муқим истиқомат қила бошлайди.

Унинг ижодининг дастлабки босқичини Жеймс Жойс таъсири остида ўтган дейиш мумкин. Шундай дейиш адолатлироқ бўлади ва бу ўша пайтдаги Жойснинг адабиёт майдонидаги ўрни ва сўзининг салмоқлилиги билан характерланади. Жойсга хос сўз ўйинлари, мураккаб метафоралар, интелектуал сўзамоллик Беккетнинг илк асарларида сезилиб қолади, Беккет унинг ижодий фалсафаси нафаси билан яшаётганга ўхшайди. Фақат аср ўрталарига келибгина у ўз йўналишига эга бўлиб, ўзига хос бўлган услубини шакллантиришнинг иложини топади. Бунинг натижаси ўлароқ,  1948 йилда Беккет ўзига оламшумул шон-шуҳрат келтирган ва таъбир жоиз бўлса адабиёт оламида ўзининг “ташриф қоғози”га айланган асарини ёзиб тугатади. Бу ўша миллионлаб одамларни ҳайратлантирган, кези келганда тушунмаслигига сабаб бўлган, асабига теккан, танқидларига дучор бўлган “Годони кутиб” пьесаси эди.

Мазкур пьесанинг премьераси 1953 йилда Парижда бўлиб ўтади ва шундан сўнг, уни Европадаги деярли барча кўзга кўринган театрлар саҳналаштиришиб, омма эътиборига ҳавола қилишади. Уни бутун Европа ўқийди, саҳна орқали томоша қилади.  Буни адабий танқидчилар ва санъатшунослар театр оламидаги ҳақиқий янгилик, новаторлик иши  сифатида баҳолашади.

Шу ерда бир ҳақли савол туғилади. Хўш, “Годони кутиб” пьесаси ва абсурд театри нима ўзи? У биз учун театр санъатидаги инқилобми ёки тушунарсиз оддий пьесами? У бизнинг ўқувчи ва томошабинни ҳам худди европаликлар сингари қалбини ларзага соладими? Унда қарама -қарши фикрларни уйғотиб, қалбида туғёнлар урдира оладими?

 “Абсурд” сўзининг маъноси “сароб”, “маъносизлик” деган тушунчани беради, яъни бирор бир маъно касб этмаслик. Адабиёт луғатида шундай ёзилган ва мен бунга ортиқча тўхталиб ўтмоқчимасман. 

Абсурд фалсафаси Европада йигирманчи асрнинг ўрталарида урфга айланди. Ўша пайтларда Европа иккита жаҳон урушини бошидан кечирган, шу сабабли одамларнинг кайфияти, орзу-умидлари, ҳаётга қарашлари шу урушлар таъсирида бир мунча ўзининг аввалги қийматини йўқотиб, таназзулга юз тутганди. Айниқса, ўша пайтда бирин-кетин дунёга кела бошлаган адабий асарлар шуларни ўзларида акс эттирарди. Омма тафаккуридаги бу ўзгаришлар уни тушкунлик сари етаклар, европа жамияти урушдан қайтиб, ўз ўрнини топа олмаган, урушдан кейинги ҳаёти ва келажагини қура олмаган, руҳан майиб-мажруҳ одамларга тўлиб кетганди. Бу “оммавий тушкунлик” синдроми кейинчалик “завол топган авлод” номи билан адабиётда машҳурликка эришди. “Завол топган авлод” ўша пайтдаги бутун европанинг кайфиятини, ойнадаги аксини ўзида намойиш этарди. Шундан сўнг, Камю ва  Сартрлар орқали экзистенциал олам ва ундаги ғарб кишисининг аянчли аҳволи бўйича фикр-мулоҳазалар жамланмаси бўлган адабиёт европа осмонида юлдуз каби нур сочади. Абсурд фалсафасига ана шу икки йўналиш тамал тоши қўяди.

Беккетнинг ушбу пьесаси жудаям ғайриоддий. Уни қўлга оларкансиз, бирдан маъюс тортасиз. “Кутиб” сўзининг ўзиёқ одамда некбин ҳиссиётларни юзага келтиради. Унда бор-йўғи бешта иштирокчи қатнашади: Владимир, Эстрагон, Поццо, Лакки ва бола. Пьеса айнан шу бешовидан иборат. Аммо тўрттасининг атрофига қурилган (бола айрим эпизодларда кўриниш беради, холос). Кулгули , тўғрими? Бутун бошли драматик асарда фақат бештагина иштирокчи қатнашса, албатта бу кулгули. Ҳатто, қуруқ ва ночор саҳна декорацияси ҳам томошабинни ажаблантиради. Бошқа драматурглар ва анаъанавий пьесалардан фарқли равишда, Беккет ўз пьесасида саҳна декорацияси ҳақида лом-мим демайди, унга юзаки тўхталади холос. Буни кўриб, шунақасиям бўларканми, деб ўйлай бошлайди томошабин. Энг қизиғи — иштирокчиларнинг беш нафари ҳам, саҳна декорациясининг юқоридаги таъкидлангандек аҳволи ҳам, булар томошабинда қандай фикр-мулоҳазалар туғдириши ҳам Беккетни мутлақо қизиқтирмайди, ҳавотирга солмайди. Бу ҳам асарнинг ўзига хослигини билдириб, абсурд ҳақида оғиз очади, гўёки унинг дебочасига айланади.

Лекин бундан ҳам ғайриоддий нарса бор. Унинг олдида юқоридаги новаторлик элементлари ҳолва бўлиб қолади. Асарнинг бош қахрамонидек гавдаланадиган Годо асарнинг бошидан охиригача умуман кўриниш бермайди. Бу ҳақида Беккетнинг ўзидан ҳам сўрашган. Годо ким? Қандай одам? Қаерлик? Қандай дунёқараш эгаси? Ўшанда Беккет агарда Годонинг кимлигини билганимда бу пьесани ёзмаган бўлардим, деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, саҳна қаршисида ўтирган одам Годони умуман кўрмайди. Уни саҳнанинг қай бир бурчагидан (балки орқасидан ҳам) ахтарса-да, кўрмайди. Унга ҳечам кўзи тушмайди. Унда Годо мавжуд эмасдек таассурот уйғонади. Унда нега бундай ном? У кўриниш бермаслиги ғалатимасми? Ахир, бошқа пьесаларда бош қаҳрамон бутун пьеса давомида фаол иштирок этади-ку! Мольер, Шекспир, Гоголда шундай-ку! Асаби бўш томошабин шундай деб бақириб юбориши тайин.

Пьесанинг ўзига хослиги ҳам шунда. Годо ҳам бор, ҳам мавжуд эмас. Уни томошабин қаҳрамонлар билан бирга кутади. Асарнинг асосий моҳияти шунда. Шу ерда у томошабин тафаккурига йўл очиб, унинг дунёқарашини тўзитиб юборади.

 Владимир ва Эстрагон асарнинг икки қаҳрамони. Уларнинг умри ана шу Годо исмли жанобни кутиш билан ўтади. У бу икки қарияга учрашув вақти ва жойини белгилаган бўлади. Бироқ, ҳар куни бу икки қария учрашув белгиланган жойга, белгиланган вақтда борса-да, Годо келмайди,  қариялар уни учратишмайди ва тарқалишади. Эртасига ҳам шу ҳол такрорланади. Индинига хам. Балки, бу бир умр такрорланар, улар жонини парвардигорга топширгунча бу ҳол давом этар. Ким билади дейсиз? Ишқилиб, Годо келмайди. Уларни назар-писанд қилмайдими ё келишни хохламайдими, устиларидан кулиб мазах қиладими бу билан, ишқилиб нима сабаб бўлса-да, у айтилган вақтда ўзи учрашув белгилаган жойга келмайди. Бу икки қария эса уни кутишда давом этишади. Сабр билан, бардош билан. Годо билан учрашиб гаплашишлик, унинг дийдорига бир қур назар солишлик, эҳтимол қўл бериб кўришишлик — жонларидан ўтиб кетган фақирликдаги, сароб ва умидсизликларга лиқ тўла ҳаётларини ва шу орқали пайдо бўлган некбин кайфиятларини тамомила  ўзгартириб юборишига умид қилиб уни кутишади. Бири устидаги жулдир ва исқирт кийимларини, иккинчиси оёғини қисаётган йиртиқ пойабзалини шу  жаноб Годо билан учрашув гўёки янгисига алмашишига, ҳеч нарсага ишонч қолмаган бу оламдан чиқиб ўзлари ҳам янги олам кишиси бўлишларига умид қилишади. Балки, уларнинг шу кийим ва пойабзаллари Годони кутавериб шу ҳолга келгандир. Балки, ўзлари айнан уни кутавериб янги оламдан четга чиқиб қолишгандир. Аммо бу версиялар уларнинг иккисини хаёлларининг кўчасигаям келмайди. Улар сабр билан ўзлари кўрмаган одамни кутишни билишади, холос. Годо қурғур эса келмайди. Эрталаб ҳам, тушда ҳам, кечқурун ҳам. Белгиланган вақт ва жойда унинг қораси ҳам кўринмайди. Шунга қарамай, иккиси ҳечам умидсизликка тушишмайди, бирор марта пьесада бу ҳақида илмоқли сўз ҳам келтирилмайди. Улар шу таназзулга юз тутган абсурд дунёнинг ичида ўзларича умид билан яшашади, эртанги кунга умид билан. Бу ўша пайтдаги европа жамияти ва кишисининг кайфияги тўла мос тушарди.

Владимир ва Эстрагон иккита ўзига хос образ. Беккетнинг абсурд фалсафасининг асосий мурватлари. Уларнинг ҳатти-ҳаракатлари, диалоглари ва репликалари баъзида томошабиннинг асабига тегади, лекин томошабин асарнинг ярмига бориб уларга чин маънода ачина бошлайди, уларнинг бутун дард-аламларини ҳис қила бошлайди, уларга қўшилиб Годони кутади ва чақиради, ўзида уларга нисбатан ҳайриҳоҳлик ҳисларини туяди, бу дунёнинг абсурдлигини, лекин ана шу абсурд дунёда Беккет уларга умид бераётганини, янаям аниқроқ ифода этадиган бўлсак, уларни эртанги кунга умидлантириб, яшашлари учун таскин-тасалли ва туртки бераётганини тушуна бошлайди. Чунки Владимир ҳам, Эстрагон ҳам бир кун келиб белгиланган вақтда белгиланган жойга Годонинг келишига бутун борлиқлари билан ишонишади. Асарни бошидан охиригача саҳна орқали кузатган томошабин ҳам қалбида Годонинг келишига шубҳа қилмайди. Фақат унинг қачон келиши аниқмас. Лекин абсурд дунёда, ҳеч қандай одам орзуси ва идеали қолмаган, улар оёқости ва пайҳон бўлган, барча нарса кунпаякун бўлиб саробга айланган, маънавий таназзул ва ёлғон тантана қилаётган дунёда Годо бир куни келади ва ўзини интизор кутаётганларнинг ҳаётини тубдан ўзгартиради. Менимча, Беккет ушбу асари орқали шуни мақсад қилган бўлса не ажаб.  

Асарда яна бир эътиборга молик жиҳат бор. Бу қолган иккита образ яъни Поццо ва Лакки. Улар орқали Беккет “Эзувчи ва эзилувчи”, “Хўжайин ва қул” ижтимоий категорияларини қаламга олиб, уларни ўзининг абсурд фалсафаси орқали таҳлил қилишга уринади. Поццо ва Лакки бошқа қирғоқ. Улар Владимир ва Эстрагондан фарқ қилишади. Уларни Годонинг кимлиги, қайси табақага мансублиги, қачон келиши, келиш-келмаслиги умуман қизиқтирмайди. Улар айни пайтдаги ҳолатларидан норози эмас. Таназзулга учраган, ёлғон ва маъносизлик ичидаги дунё уларни тўлиқ қаноатлантиради. Беккет Поццо орқали ўша даврдаги давлат арбоблари, сиёсат кишилари, жамиятнинг турли қатламидаги “хўжайин” мақомидаги одамларни тавсирлайди. Уларни таназзулга юз тутган ўз қалблари билан иши йўқ, маъносизлик ўраб олган кундалик ҳаётларига танқидий кўз билан назар солишга улар эринишади, ўзларининг айни пайтдаги ижтимоий мавқеларидан тўлақонли рози ва буни улар шундай давом этишини ҳоҳлашади гўё. Лакки образи ҳам ғайритабиий эмас, айнан ҳаётий образ. Бу ўз хўжайини борлигидан хурсанд, унга ўз хизматини тинмай таклиф этиб юрадиган, унинг тепкилашлари ва ҳақорат қилишларига қарамай ундан ажралишни истамайдиган “қул” образи.

Поццо ва Лакки образи менинг наздимда Беккет томонидан ўйлаб топилмаган. У ҳам инсон сифатида саробга юз тутган ғарбнинг бир бўлаги эди. Иккита жаҳон уруши пайтида миллионлаб одамларнинг бир-бирларини танимаган ҳолда урушганликлари, қўлларига қурол олиб одам ўлдирганлари, уйларини ёққанлари, қон тўкканлари ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаганди. Ўша миллионлаб “Лакки”лар юзлаб  “Поццо”ларнинг талабини, буйруғини бажарганини ким ҳам инкор қила оларди?

Беккетнинг ушбу асари шу билан аҳамиятлики, унда муаллиф дунёнинг инқирозини иккита позициядан туриб кўрсатиб беради. Биринчи, позициядаги тоифадагилар яъни Владимир ва Эстрагон шу манъосизликдан чарчашган бўлишса-да, умид билан яшашади ва Годони кутиб чарчашмайди. Ўзларининг ҳаётларини янги мақомга олиб чиқишни истаб ҳар куни белгиланган вақтда белгиланган жойга боришади ва Годо келмагач, эртасига яна келиш учун тарқалишади. Иккинчи позициядаги тоифалар, яъни Поццо ва Лакки ўзларининг ҳолатларидан норози эмас, уларни Годога эҳтиёжлари йўқ, Годо келадими-йўқми уларга барибир. Уларни ҳатто маънавий таназзул ҳам қизиқтирмайди. Улар шу абсурдлашиб, ўз аҳамиятини йўқотиб бораётган дунёни борича қабул қилиб, ундан айро тушишни истамай,  рози ҳолда яшашади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Беккет ушбу асари орқали бизга сирли иккита ойна тутади. Улар бир-биридан фарқли, гарчи ташқи кўринишидан бир хилга ўхшашса-да. Улардан қайси бирини танлашни у томошабиннинг ўзига қолдиради. Ҳатто, шу ерда ҳам у бошқа драматургларга ўхшамайди.

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting