Фируз Аллаев: “Китобда 18+ бор дегани, бу бузуқ китоб дегани эмас.”

0
878

Китоб ва савдо

Ассалому алайкум, суҳбатга розилик берганингиз учун раҳмат. Сайтимизда фақат ижодкорлар билан суҳбат уюштириб келардик, энди навбатни шу ижодкорларнинг китобларини халққа тақдим этиб келаётган инсонларга ҳам бермоқчимиз. Ҳаригордир китоб ортида албатта яхши таҳрирчи, яхши нашриёт, яхши савдо ходимлари ҳам туради. Asaxiy books лойиҳасида қандай китоблар чоп этилади?

— Салом, таклиф учун катта раҳмат. Asaxiy books лойиҳасида асосан жаҳон китоб бозоридаги энг бестселлер китобларни ўзбек тилига таржима қилиб чоп этишга ҳаракат қиляпмиз. Умуман, Asaxiy books лойиҳаси 5 босқичда амалга ошириляпти:

1. Интернет-дўкон орқали китоблар сотиш ва уларни Ўзбекистон бўйлаб етказиб бериш.

2. Жаҳон адабиётининг бестселлер асарларини ўзбек тилига таржима қилиш.

3. Смартфон ва планшетлар учун электрон китоблар сотуви.

4. Aудио китоблар сотуви.

5. Ўзбекистонда янги номларни кашф қилиш.

— Асосан машҳур жаҳон адабиёти намуналарини чоп этиб, халққа тақдим этаяпсизлар, бешинчи босқични эса ҳали кўрмадим. Ўзимизнинг ёш, янги истеъдодларимизни излаш ва ўқувчига тақдим этиш ҳақдаям режаларингиз борми? Чунки ёш ёзувчиларга эътибор қаратадиган ноширлар ҳозир жуда кам.

— Ўзбек адабиёти ва янги номлар учун жуда катта режаларимиз бор. Умид қиламанки, келажакда кўпчиликни янги лойиҳа билан ҳайрон қолдира оламиз.

— Ўз мисолимда айтишим мумкинки, Asaxiy books лойиҳасида чоп этилган таржимам бошқа нашриётлардаги жараёндан тубдан фарқ қилди. Яъни оворагарчиликларсиз ўтди. Барчаси онлайн тарзда: қўлёзмани телеграмдан жўнатдим, қабул қилингани айтилди, кўп ўтмай чоп этилди, ҳатто уйимга китобдан жўнатишди, гонорари ҳам қониқарли эди ва тезда тўлаб берилди. Мен бошқа китобларимни чоп эттириш учун қўлёзмани нашриётларга элтиш, онлайн жавоб ололмаслик, кўп бора қатнаш, чиқишини йиллаб кутиш, гонорарни олишдаги сустликдан чарчаган эдим. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистондаги ноширлик ва китоб чоп этиш тизимида қандай камчиликлар бор ва китоб савдосини ривожлантириш учун қандай таклифлар берасиз?

— Умуман олганда, асосий муаммо ҳамма жойдагидек – яхши кадрлар етишмаслигида ва кейин тўлиқ бозор иқтисодиёти жорий қилинмаганлигида деб ўйлайман. Хусусий нашриётлар ўртасида вазият тез ўзгармоқда ва буни биз сезиб турибмиз. Умид қиламанки, яқин 2-3 йилда китоб бозоридаги ҳолат бутунлай бошқача бўлади.

— Сезишимча, сўнгги пайтларда 18+ ёрлиқли китоблар анча ҳаридоргир. Сизларда ҳам шундай китоблар чоп этиляпти ва яхши сотиляпти. Айрим «қирқилмаган» саҳналар учун кўплаб эътирозлар бўлганини биламан, шунга қарамай сиз таржимонларга цензура қўймадингиз, борича таржима қилишни сўраяпсиз. Умуман, асарни менталитетга мослаб таржима қилишга кўпчилик, ўзим ҳам ўрганиб қолганман. Сизнингча, бунга чек қўйиш вақти келганми?

— Бир асар бу кимнингдир ижоди. У деталлар билан ягона ҳолатга олиб келинган. Уни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Aгар асар контенти қонунни бузмаётган бўлса, уни цензура қилмаслик керак деб ўйлайман. Ўзбекистонда 18+ шартли белги бўлиб, ҳатто “Ўтган кунлар”га ҳам қўйишди. Китобда 18+ бор дегани, бу бузуқ китоб дегани эмас.

Ўзингиз қайси китобларни севиб ўқигансиз? Севимли ёзувчиларингиз ким? Айни пайтда қандай асар мутолааси билан бандсиз?

— Энг севиб ўқиган китобларим Жорж Оруеллнинг «1984», Aйн Ренднинг «Aтланд қаҳри», Уолтер Aйзексоннинг «Стив Жобс», Стивен Ковининг «Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси» китобларидир. Бугунги кунда Тони Шейнинг «Бахт етказиб» ва Жим Коллинснинг «Яхшиликдан буюкликка» китобларини ўқияпман.

— Онлайн китоб бозоридан ҳарид қилишга ҳамманиям кўникмаси мавжуд эмас, кўпчилик китобни дўконда кўриб, варақлаб ҳарид қилишни истайди. Лекин Амазон.сом лойиҳаси бу бозор турини оммалашишини исботлаган. Бунинг қийинчиликлари, ўзига хос томонлари, ижобий тарафлари ҳақда ўқувчига маълумот берсангиз.

— Энг биринчи муаммо — одамлар интернет орқали маҳсулот ёки хизмат сотиб олиш мумкинлигига ишонмаслиги. Кейин, тўлов тизимидаги, етказиб бериш борасидаги муаммолар ҳам тўсиқлик қилади. Баъзи юртдошларимиз, оддий сайт орқали буюртма беришни билишмайди ва шунинг учун операторлар ишлатамиз.

— Асл адабиёт  ва бозор адабиёти намуналари ҳамиша ўзаро курашда дейиш мумкин. Ўрта савияли омма эса зиёлилардан кўра кўпчиликни ташкил этгани учун бестселлар атамаси пайдо бўлди. Сизнингча, барчанинг эҳтиёжига мос китобларни чоп этаверган маъқулми ёки фақат асл ва сараларини?

— Тадбиркор сифатида фикрласам, ҳаммага танлов имконини бериш керак. Чунки юқори савияли адабиётни чоп этган билан, ҳамма ҳам шу заҳоти уни олиб тушиниб ўқиб кетолмайди. Хонтахта адабиётини севиб ўқийдиган одамнинг қўлига шу заҳоти «1984» романини тутқазиб бўлмайди. У инсоннинг онги ўсиши, савияси ўша китоб даражасига кўтарилиши керак. Кўча адабиётини ўқийдиганларга ёки таклиф бериб, уларни аста-секин савиясини ўстирамиз ёки умуман танлов имконини бермасдан умумий китобга бўлган қизиқишни пасайишига олиб келамиз. Шу учун ҳам нашриётлар ҳамма учун ишлаши керак деб ўйлайман.

Суҳбат учун ташаккур. Келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз.

— Катта раҳмат, сизларга ҳам омад.

Нодирабегим Иброҳимова суҳбатлашди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting