тақриз

Америка адиби О.Генри жаҳон адабиётида лўнда ҳикоялар (short-story) жанри бўйича устоз сифатида тан олинади. Дарҳақиқат, ёзувчининг ҳикоялари ихчамлиги, қизиқарли тугун ҳамда кутилмаган ечим билан китобхонлар қалбига кириб боради. О. Генрининг машҳур ҳикояларидан бири “Сўнгги япроқ”ни ўқимаган, ҳеч бўлмаса номини эшитмаган ўқувчи топилмаса керак. У 1907 йилда чоп этилган муаллифнинг ҳикоялар тўплами китобидан ўрин олган. Орадан юз йил ўтган эсада, адибнинг ҳикоялари бугунги кунда ҳам севиб ўқилмоқда.

“Сўнгги япроқ” эпик жанрга мансуб бўлган, кичик проза йўналишида бўлиб, асосий ғоя умид ва ишонч ҳақдадир. Ҳикоя бош қаҳрамони рассом қиз Жонси зотилжам ҳасталигига чалиниб ётиб қолади. Шифокор ўндан бир умид борлигини айтганда дугонаси Сью ҳам изтироб чекади. Жонси деразадан ташқарига қараркан, дарахтнинг тўкилаётган баргларини ўз ҳаётига қиёслайди. Яъни сўнгги япроқ тўкилса, ўлимини қарши олишга тайёр туради. Уларга қўшни бўлган рассом қария эса қизнинг ҳаётини сақлаб қолади: дарахтга япроқ суратини чизиб илиб қўяди. Эвазига эса қорли совуқ тунда чизган шох асари бадалига ўз жонини қурбон қилади.

Ҳикояда тугун қизнинг ҳасталаниб қолиши саҳнасидан бошланади. Кулминация эса дарахтда сўнгги япроқ қолганида юзага келади. Ечимга келсак, Сью япроқнинг асл эмас, сохта эканини айтганда очилади. Ҳикоя композицияси ўқувчини доим ушлаб туради. Бу билан муаллиф нима демоқчи бўлган? Санъатнинг кучи бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга қодир, умид эса охирида ўлади.

Ҳикояда пейжаз ва портрет унсурларидан ҳам унумли фойдаланилган. “Шундай қилиб, ажиб маскан бўлмиш Гринвич Виллиж даҳасига шимолга қараган деразалар, ХVIII аср нақшли пештоқлари, голландча қия шифтли болохоналар ва арзон ижара ҳақлари илинжида санъат намояндалари ҳар тарафдан кўчиб кела бошладилар” (пейзаж). “Берман пастки қаватда яшайдиган бир рассом эди. У олтмишдан ошган, Микеланджело ясаган Мусо ҳайкалиники каби жингалак соқоли ихчамгина жуссасига ярашиб турарди (портрет). Қаҳрамонларни ва маконларни аниқ-таниқ тасвирлагани боис жой ва қиёфалар кўз олдимизда осон акс этади. Муаллиф қаҳрамонларининг ҳаётига аралашмайди, ўз қарашларини мажбуран сингдирмайди, шунчаки четдан туриб уларни борича тасвирлайди. Ўқувчини ўзи хулоса қилишига ундайди. О.Генри ҳикоягача нима бўлганию ундан кейин нима бўлишини билдирмайди – зеро ҳикоянинг биринчи қоидаси ҳам шундай. У икки дугона, касаллик ва рассом қўшни учлигини бир нуқтада бирлаштиради.   

Ҳикояда ўша даврнинг оддий одамларининг ҳаёти ҳақда тушунчага ҳам эга бўламиз. Воқеликка асосланган бу асарда рамзий маънолар ҳам йўқ эмас. Бу ерда Жонси – табиат, Сью – Инсоният, Берман – саънатнинг тимсоли бўлиб келмоқда. Воқеалар ривожини икки линияда кўриш мумкин: 1. рассом Берман чизиғи; 2. Жонси, Сью, шифокор чизиғи.  Муаллиф она тилининг барча имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилган. Ҳикоя номи ҳам матнга тўла тўкис мос, оддий ва содда. Муаллиф ёшлик-қарилик, ҳаёт-ўлим, касаллик-соғайиш ҳолатларини қаҳрамонлар руҳияти орқали очиб беришга интилади. Ортиқча чўзишлар ва эзмаликлардан холи ҳикояда яна бир қаҳрамон борлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Бу – Зотилжам. Муаллиф уни гўё тирик шахсдек тасвирлайди:

“Ноябрда эса шифокорлар Зотилжам деб атайдиган кутилмаган совуқ ва бераҳм бир меҳмон ташриф буюрди. У шу турар жойлар атрофида кезиб юрар ва йўлида учраган кимсага раҳм-шафқат қилмай ажал исканжасига тортарди. Шарқий ҳудуд бўйлаб бу ўлим хабарчиси ҳеч нарсадан тап тортмай ортидан ўнлаб қурбонларни қолдириб шахдам қадамлар билан одимлаб борди, аммо бақатўн босиб кетган ўша хароб ва чалкаш “тор кўчалар”га келганда қадами секинлашди.”

Ҳикоя тили ўқувчини зериктириб қўймайди, баёнчилик ҳолатларини ҳам муаллиф сўз бойлиги билан яшириб кетади, муҳими, китобхон маънавиятига ўз улушини қўша қолади. О. Генри ижодида бундай таъсирли ва мазмунли ҳикоялар кўплаб топилади. У ҳамиша адабиёт инсонлар қалбига нур бўлиб киришини истаган. Буни ўлими олдидан айтган ушбу жумлалари исботлаши мумкин: “Олов ёқинг, мен қоронғуликда ўлим топишни истамайман”.

Нодирабегим Иброҳимова
 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting