(Ҳикоя)

– Дада, қаранг, бойчечак очилибди.

– Зўр-ку, қизим, қани бир кўрай-чи? Қаердан топдинг?

– Жилғадан, Қурисойга ошишда, Қизилқиядан. Чириган янтоқнинг тагига яшириниб олибди.

– И-е, шунақами?! Яширинган жойидан топиб олдим де.

Орзумурод қизи ҳаяжону севинчдан кўзлари порлаб узатган гулни авайлаб қўлига олди. Томоша қилиб, қайтариб берди.

– Жуда яхши, ана қизим, баҳор ҳам оёқ қўйди. Буёғига энди кўпаяди. Далаю қирларни бойчечак қоплайди.

Ҳуснора дадаси қайтариб берган бойчечакни онасига ҳам кўрсатгани югургилаб уйга кириб кетди. Орзумурод узоқ хаёллар гирдобида қолди.

…– Мурод ака, бойчечак очилибди.

Гавҳар бўш челакни сув ёқасига қўйиб, шундоққина оёқлари ёнидаги бойчечакка қараб қолди.

– Қаранг, жуда чиройли-а. Яна бир баҳор ҳам оёқ қўйди. Вақт югуряпти.

Орзумурод бир сойни тўлдириб тошни оқизгудек қутуриб оқаётган сувга, бир узиб олишни кўзи қиймай очилиб турган бойчечакни силаётган Гавҳарга боқиб жилмайди. Сўнг энкайиб кичкинагина ялпоқ кўк тошни олдида энгашиб ёнламасига сувга қараб отди. Тош сув устида уч-тўрт сакраб сўнг кўринмай кетди.

– Ҳа, Гавҳар, кечагина бола эдик. Қара, бир зумда биз ҳам улғайиб қолдик. Отам саҳарлаб уйғотиб олиб, югуртирарди, машқ қилдирарди, шуғуллантирарди. Қадам товуши келиши билан уйғониб кетардим. Сойга тушиб яхдек сувга чўмилиш, икки чақирим югуриб келиш, турникка осилиш, тош кўтаришга мажбур эдим. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ дейиш йўқ эди. Айниқса, кўклам оёқ илганда машқ тамом бўлгач, Орзумурод, отни эгарлаб қирга жўна, бир оёқлари орасидан шамол эстириб кел, дея қатъий тайинларди. Отни миниб бойчечак топиб бориб отамни бир суюнтирай, деб умид билан тошларнинг кавагига кўз тикардим. Қори эриган беткайларни изғирдим. Отамнинг суюнишини ўйлаб, ўша дамдаги ҳолатини кўз олдимга келтириб, топмасдан кетмасдим, кетолмасдим. Илк бойчечакни қишлоққа мен олиб келардим. Отам уни қўлига олиб севинчдан кўзига ёш келарди. Баъзида шундай инсон бўлки, болам, жамиятга нафинг тегсин, эл сени бойчечак каби ахтарсин, деб қўярди. Ширин уйқудан кечиб даштма дашт юриш асло ёқмас, ўлганимнинг кунидан жиллмайиб туришга мажбур эдим. Ич-ичимдан отамни ёмон кўриб кетардим. Аслида падарим ҳаётнинг қақшатқич зарбаларига тайёрлаганини кеч англадим. Энди эса… Отам йўқ. Қанийди ёнимда бўлганда кечаси билан ухламасдан машқ қилишга тайёр эдим. Одамзод ҳар ненинг, айниқса, яқинларининг қадрига йўқотгандан сўнг етаркан.

– Нимасини айтасиз, Мурод ака, Тиловмурод амаким дарё феъл инсон эди. Мени ҳам жудаям яхши кўрарди. Қизим, деб сизга нимаики олиб берса, менга ҳам илинарди.

– Гавҳар, менга нима бўляпти, шу кунларда ўзимга тушунмай қоляпман. Дунёга сиғмай кетяпман. Нима бўлдию кўнглимдагиларни сизга тўкиб солдим, тўғритушунинг.

– Мурод ака, сиқилманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади.

Иккиси бойчечакка тикилганча жим бўлиб қолишди. Сойнинг шовуллаши сукунатни ютиб юборар, ҳафта бурун келган сел чиқариб кетган қора тошга сув шиддат билан урилиб, ҳосил бўлган муздек томчилар атрофга, иккисининг кийимига сачрар, улар буни ҳис этмас, дунёларни унутиб жим туришарди.

Орзумурод билан Гавҳар синфдош эди. Уйлари ёнма-ён. Ёшликдан бирга улғайишди. Мактабга бирга бориб, бирга қайтишарди. Дарсда ҳам бир партада ўтиришарди. Бировлар эгизлар деса, бировлар севишганлар, дея мазахлаб қолишарди. Улар эса бунга парво ҳам қилишмасди. Орзумурод Гавҳарни ҳаммадан қизғонар, жуда-жуда аярди.

Оталари ҳам яқин ўртоқ бўлиб, қўшничиликни ҳам жойига қўйишарди. Ўтган йили Орзумуроднинг отаси тўсатдан омонатини топширди. Яқин ўртоғи, бир оёғи уникида бўлган Гавҳарнинг отаси Ёқуб ака бундан таёғини йўқотган чўпондай гарангсиб қолди. Ҳозир ҳам Орзумуроднинг оиласидан хабардор бўлиб турар, бирор марака қилса бош-қош эди.

Гавҳар еттинчигача уни сенларди. Саккизга ўтганда сизлай бошлади, Мурод ака дейдиган бўлди. Суҳбатлашаётганда уялиб ерга қараб гапирарди. Орзумурод эса уни яхши кўрар, лекин айта олмасди. Мени акасидек кўриб, шундай қилаётган бўлса-чи, дилини оғритиб қўймайманми, деб ўйлаб қоларди.

Мактабни тугатиб Орзумурод улоққа тушадиган бўлди. Баъзида катта-катта совринларга ҳам ташлар, кечқурун уйда тўй бўлиб кетар, Гавҳар ҳам севиниб-севиниб хизмат қиларди. Табриклайман, бундан ҳам каттароғи сизники бўлсин, деди бир сафар той етаклаб келганда шодланиб.

Орзумурод қандай айтиб юборди билмайди, оғзидан бир гап ситилиб чиқиб кетди:

– Ундан каттаси ўзингизда…

Яноқлари қип-қизил тус олган Гавҳар ошхона томонга, ўчоқ бошида куймаланаётган Орзумуроднинг онаси Ойхон опа ёнига чопди.

Шу-шу ундан ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Орзумурод бунга эътибор қилмай, вақт топди дегунча унинг ёнига шошарди. Бугун ҳам дарёга иккита челак кўтариб тушган Гавҳарнинг ёнига елиб борди.

– Совчилар келяпти, Мурод ака.

Гавҳарнинг гапи Орзумуродни ток ургандай гангитди.

– Нима?

– Совчилар…

Орзумурод довдирар, нима деяётганини идрок қилолмасди:

– Ким улар, нимага келади…

– Матёқуб ўртоғингиздан менга оғиз солишяпти.

– Сен нима дединг?

– Ота-онам билади. Сиз нима дейсиз?

– Мен?! Мен-чи? Ахир Матёқуб ҳаммасини биларди-ку!

Орзумурод шундагина ўзига келди.

Гавҳар индамасдан олисларга боқди.

– Сиз? У нимани биларди?

– Ҳа, мен… Ё мени…

Гавҳар жим эди. Орзумурод дадилланиб дилидагина айтиб юборди.

– Мен сени, сени… Яхши кўраман-ку, Гавҳар.

Гавҳар индамасдан дув қизарганча жўнаб қолди. Ҳаяжондан сув олмасдан бўш челакларни бир қўлда тутиб югургилаб кетди.

Диёр почтачининг ўғли Матёқуб иккиси билан тенгқур. Бир синфда ўқишган. Отаси пенсия тарқатар, “хизмат ҳақи” деб яхшигина ушлаб қоларди. Элчилик деб одамлар унинг бу ишига эътибор қилмасди. Кеч бўлса-да уйга келтириб беряпти-ку, дея қўл силкиб қўйишарди. Орзумуроднинг Гавҳарда кўнгли борлигини ҳаммадан кўра Матёқуб яхши биларди. Уни яқин олиб бир сафар айтганди. Матёқуб мактабни тугатгач шаҳарга кетиб, Консерваторияга ўқишга кирди. Қўшиқ айтиб телевизорда ҳам кўриниш бера бошлади. Қишлоқдан оёғи узилган ҳисоб, сочни узун қўйиб онда-сонда келиб қоларди. Ўшанда ҳам синфдошлар даврасига қўшилиб қолса, ўзини баланд тутади. Бундан Орзумуроднинг дили оғрир, ўзига айтишга истиҳола қилар, шаҳар ўзгартирибди-да, деб ўйларди. Бундай ростмана юзига оёқ қўйишини эса ўйлаб ҳам кўрмаганди.

Эртаси куни ҳам сой бўйига челак кўтариб тушган Гавҳар совчиларга рад жавоби берганини айтиб, челакларини сувга тўлдириб қайтди.

– Тегса, менинг ўғлимга тегади. Ундан устунини топа олмайди. Бўйинг айлансин болажонимдек йигит нафақат қишлоқ, оламда йўқ. Телевизордан кимнинг боласи, чиқади, албатта, Хадичанинг. Шаҳарда мана мен деган бойваччалар уни куёв қиламан дебди, боласи тушмагур, олсам Гавҳарни оламан, деб ҳеч бирига розилик бермабди. Начора, кўнгилда бу. Нима ҳам дердик, боламнинг истаги қонун, – дея элга овоза қилишга ҳам улгуриб, совчиликдан қуруқ қайтган Матёқубнинг онаси Хадича момо бошқача бир гап тарқатди. – Ўзини ой кўрсатиб юрадиган Гавҳархон аслида оппоқ эмас экан. Туновмуроднинг ўғли билан ошиқ-маъшуқлиги борлигини билиб қолиб, ота-онаси рози бўлса-да вақтида тўйни тўхтатдик. Бўлмаса, эгри оёқ келиннинг дастидан элда шарманда бўлармидик.

Бу гап кўпнинг дилини оғритди. Эшикма-эшик гап пойлаб юрадиган қўшниси Фароғат янга кўзлари чақнаб гапириб берганда Ёқуб ака очувланиб почтачининг уйига бормоқчи бўлди. Шунда Тошбуви она йўлини тўсди:

– Қўйинг, отаси, ит ҳурар – карвон ўтар. Узумга тумшуғи етмаган тулки пуф сассиқ, деган экан. Эътибор қилманг. Қизингизнинг Муроджон билан тўйини ўтказишни, иккисига ҳам бирдек ота бўлиш масъулиятини ўйланг. Бир тўй қилинг, уларнинг бахтидан кўролмасларнинг аламидан кўзи ўйилсин.

Ўша тўй бўлди. Бутун қишлоқ ҳавас қиладиган тўй бўлди ўзиям. Орзумурод жўралари билан “Волга”да Гавҳарларникига кириб борди. Кўчани машиналарнинг сигнали тутди. Уйга киришдаги поёндозни ўртоқлари талашиб-тортишиб кетишди. Жобирга тенг келадигани топилмади. У шартта юлқиб олдию белига боғлади.

Ичкарига киришди. Ўртоқлари тизилиб ўтиришди.

– Сен ўтирма, Мурод, атаганини беришсин, кейин ўтираверасан, – деди Жобир.

– Энг қимматли бойлигимиз – қизимизни бериб қўйдик-ку, яна нима керак куёвга, ўтираверинг, – деди Гавҳарнинг амакиси Элдор аканинг хотини шоддодгина Муслима янга.

– Йўқ, йўқ, ўтирма, олдин бирор нима ундирайлик, кейин ўтираверасан, – дея Жобир ҳам бўш келмади.

У жим, жойида тек қотганди. Гавҳарнинг онаси Тошбуви она: “Нима гап, чироқларим”, деб кириб келди. Орзумурод Тошбуви онадан тортинмасди. Исмига она сўзини қўшиб айтарди. Бугун илк бор ерга қараб турди. Кўзларига қарамади, қарай олмади.

– Атаганингизни беринг, – чувиллашди йигитлар.

– Оғилдаги болали сигирни бердим, болам, ўтиравер, – деди кулиб Тошбуви она.

Орзумурод шундан сўнггина жойига чўккалади.

Ширин чой тортилди. Ўртоқлари ичишиб, пиёлага пул ташлашди. Биттадан тухумни паққос туширишди. Лаганлардаги мева, егуликларни бир белбоққа тугишди. Бўш идишлар ҳам майда чақа пулларга тўлди. Келинянгалар яна ташланглар, деб қисталанг қилар, ўртоқлари талашиб-тортишиб пул чиқаришарди. Тўш келди. Муслима янга Орзумуродга бир четини тишлатгач тўш ҳам тугилди. У йирик пуллардан бир нечасини янгага берди. Сўнг Муслима янга чопон, дўппи кийдирди, белбоғ ўради. Бежирим қилиб тикилган белбоққа қип-қизил ипакда О.Г сўзлари туширилган эди…

– Куёвни келин боланинг ёнига ўғирлаб кетамиз,– кулди Муслима янга.

Қўшни хонада… Қип-қизил атлас кўйлакдаги келинни аёллар ўраб олган. Турли кашталар билан безатилган чимилдиққа ўғил ва қиз боланинг кийимчалари, туморлар осилган. Икки бурчидаги ипларига қўш қошиқлар тугишган. Икки аёл тутиб, уларни пана қилишди. Орзумурод ўзини йўқотган, полвон келбати титрар, жилмайганча аёллар нима айтса, шуни қиларди. Гавҳар ёнида. Унинг ҳам титраётгани сезилиб турибди. Кўзгуга қарашди. Юзлари қип-қизил, нақш олмадек. Худди ўзи. Орзумуродга шундай туюлди. Янада чиройли бўлиб кетган, уятдан ял-ял ёнаётган кўзларга кўзгу орқали боқиб, пичирлади: “Умрбод сеникиман, Гавҳар, асло ўзгани демайман”. “Ўлгунимча сенга содиқ қоламан”, деган ўйни ҳам дилидан ўтказиб, жилмайди. Гавҳар кўзларини олиб қочди.

Нигор момо:

– Турмушларинг, тилингиздан учган сўзлар шу асалдек ширин бўлсин, – дея пиёлада асал ялатди.

– Этакларинг ўғил қизга тўла бўлсин, – дея Бегмат аканинг эгизлари – жажжигина Ҳасан-Зуҳрани онаси Холбека янга унинг қўлларига берди. Орзумурод уларни юзларидан бир-бир ўпиб, Гавҳарнинг олдига ўтирғизди. Беонасираган, тўдага кўниколмаган гўдаклар чириллаб йиғлашарди.

Оёқ босар бўлди. Гавҳар оёғини тутиб берди. “Куёв босди, куёв босди, энди уйда куёв устун бўлади”, чувиллашди хотин-халаж. Нигор момо Гулсум момони улар орасидан етаклаб чиқди. Иккиси ўзларини тўшанчига ташлаб, ағанашга тушишди. Гулсум момо олд тишлари тўкилган жағлари орасидан гаплари пис-пис этиб чиқиб:

– Биздек қарилик гаштини суйиб юринглар. Чебараларингни ҳам кўринглар, – дея пиқиллаб кулди.

Нигор момо:

– Қани полвон, бир ақчадан чўзинг-чи энди, билсанглар, қўша қариш энг катта бахт аслида, – деди.

Орзумурод уларни ҳам сийлади.

“Кампир ўлди” дан яхшигина сийлов олган Гулсум момо насиҳатга ўтди:

– Энди, бовурларим, бир насиҳат қилиб қўяй сенларга. Олсанглар йўлларингда чечак унади, олмасанглар яхши бўлмайди. Аммо сенлар тушунган одамларнинг болаларисилар. Гапларим зое кетмаслигига аминман. Айтадиганларим қулоқларинг остида бўлсин. Чилла вақтида эҳтиёт бўлинглар. Чилла сизлар учун энг катта эътибор талаб қиладиган пайт. Ёмон кўзлардан йироқ, бахтли-тахтли яшаймиз, десанглар бу пайтда ўзларингни аянглар. Қадамни ўйлаб босинглар. Чиллани оёқости қилиш ярамайди. Бу бахтингизга қўйилган тушов бўлади. Чимилдиққа содиқ бўлинглар. Ҳар хил одам бор. Ўзларингни ўзга нигоҳлардан бу пайтда бироз узоқ тутинглар. Сен, куёв бола, айниқса, кечаси кўчага чиқма. Чиллали уйда ҳамиша чироқ ёниб турсин, келин ёлғиз қолмасин. Билсанглар, чилла аслида ёт кўзлардан ҳимоя қилувчи хазина. Ана шундагина тўла-тўкис бахтга эришасизлар. Гапларимни қулоқларингга қуйиб олган бўлсанглар, энди бир дуо қиламиз.

Топганингиз олтин, олганингиз дуо бўлсин, бовурларим. Олинглару олдирманглар, биздек кексариб сизлар ҳам ёшларга шундай дуо бериб юринглар, омин.

Бир том одам кафтларини юзига тортишди:

– Омин, айтганингиз келсин, момо.

– Омин…

Уйдан чиқишда йиғловчилар кўп бўлди: Гавҳарнинг онаси, синглиси, жиянлари… Даҳлизда бир ўзи холи йиғлаб ўтирган Дилнурага:

– Баҳона қилмай яхшилаб йиғла, – дея гап отди уйдан чиққан Жобир. Тугун тутган, ундирган пирпиракли рўмолчаларини кўйлакларининг олдига ярмини чиқариб солиб олишган куёвжўралар қий-чув билан оёқ кийимларини кийишга тушишди. – Кўзингни тупуклаганинг билиниб турибди. Опам кетди, менга йўл очилди, деб суюнаётгандирсан-а?

– Боринг-э, Жобир ака, сиздан яхши гап чиқармиди, – дастрўмолини юзига босган Дилнура ҳовлига чиқиб кетди.

Кўча дарвозада эркаклар тизилишиб турарди. Кўзларида айланаётган ёшни сездирмасликка уринган Ёқуб ака қизининг пешонасидан ўпди:

– Болам, уйимга фақат кулиб кириб кел. Борган жойингда тошдек қот. У ер сенинг ҳақиқий уйинг. Ҳафа бўлиб келадиган бўлсанг, дарвозадан хатлама.

Дув-дув йиғлаган Гавҳар “Волга”га ўтирди.

Бу пайтда ташқарида қий-чув бошланганди. Қишлоқ болалари “Куёв кўпкари” қилишибди. Жобирнинг бир пой туфлиси йўқ. Куёв жўралар пул йиғиб, бир туфлининг пулига бир пой туфлини “сотиб олишди”. Пулни битта-битталаб санаб олган Ёқуб аканинг жияни еттинчини тамомлаган Келдиёр тандирхонадан пой туфлини олиб чиқиб берди.

Кейин… Келинни олиб айлантиришга туман маркази томон йўлга тушишди.

Машина секин юрар ҳар-ҳар жойда йўлни болакайлар, қизалоқлар қўл ушлашиб тўсиб чиқарди. Уларнинг сони кўп эди. Жуда-жуда кўп. Шофёрнинг олдидан жой олган Муслима янга шарақлаб кулди:

– Гавҳархон, қаранг, сизни болалар жуда яхши кўришаркан. Уларнинг “Болқон тутиш”идан ҳам бу аён бўлиб турибди. Муроджонга беришга кўзлари қийишмаяпти-ёв. Ҳаммасини рози қилишга рўмолчаларингиз етадими ўзи? Муроджон, бу ҳолни яхшилаб эътиборга олиб қўйинг. Гавҳархоннинг қадрини билинг, дейман-да. А, куёв бола?!

Орзумурод жилмайди.

– Албатта, янга, албатта…

Келиннинг улар учун атай чеккасига ипакдан тўқиб тайёрлаган қўлрўмоллардан янга бўлмиш ҳар бирига биттадан ойнадан улашгачгина болқон тутувчилар йўлни бўшатиб, анча жойгача ёнма-ён югуриб боришарди. Қўлрўмол тугагач оз-оздан пул бериб кета бошлашди…

Катта йўлга чиққан машина Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига қўйилган ёдгорлик томон бурилди. Иккиси ёдгорлик пойига гулдаста қўйишди.

Машина марказ томон елди. Боғни айланишди, эсдаликка суратга тушишди. Дор ўйинини томоша қилишди. Тушга яқинлашганда тўйхонага кириб келишди.

Кенг ҳовлига жой қилинган. Шу кунларда ҳавонинг авзойи бузуқ бўлаётгани учун, атрофи гиламлар билан ўралган, устига брезент тортилган. Машина келиб тушиши билан “Келин келди” янгради. Олов ёқилиб, иккисини атрофида айлантиришди. Сўнг келин салом айтилди. Гулсум момо қўлига лаган тутиб, бошини силкитиб, жаранглатиб айта кетди:

– Тоғу тошни гул қилган,

Икки ёшни бир қилган,

Аввало Худойимга салом!

Маҳалла кайвониси,

Элнинг суйган онаси,

Қайнонасига салом…

Салом айтилмаган одам қолмади: куёвнинг опалари, ўртоқлари, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, қишлоқдошлар… Гавҳарнинг эгилавериб бели толиб кетди. Уйга киришда остонада таъзим қилди. Тўшалган поёндозга бош қўйиб ўпди, кейингина ичкарига қадам ташлади.

Овқатланиб олиб, бир оз нафас ростлашгач тўйхона тўрида иккиси учун қилинган жойни “Ёр-ёр” садолари остида эгаллашди. Ортига осилган олачага пахта билан “Орзумурод ва Гавҳаройларнинг никоҳ тўйига хуш келибсиз!” деб ёзилган.

Тиловмурод ака ўғлимга тўй қилсам Тошкентдан машҳур ҳофиз Бекали Дўстовни олиб келаман, дея ният қилган, буни Ёқуб акага кўп бор айтганди. Ёқуб ака дўстининг ниятини амалга оширди. Ҳофиз тўйга келадиган бўлди. Улар саҳнага чиққандан кўп ўтмай ҳофиз тўйхонага кириб келди. Унинг келиши донғи аввалдан элга ёйилган, тумонат одам тўпланган, ҳовлига сиғмайди. Ён қишлоқ, ҳатто қўшни туманлардан тележка-тележка одам келган. Ҳофиз қўшиқни айта бошлагандан ёмғир шаррос қуя бошлади. Шундай қуйдики, жалага айланди. Брезент остига сиғмаган одамлар ўзларини пана-панага ура бошлади. Юришнинг иложи йўқ, ҳовли сувга тўлган, лой-балчиқ қоришган. Ўн дақиқадаёқ ҳамма ёқни тўзитган ёмғир ҳали-вери тинай демайди. Билганлар индашмас, билмаганлар элга ҳоким сайл бераётган бўлса керак, деб ўйларди. Айтилган ҳам, айтилмаган ҳам шу ерда – таниқли артистни кўриш истаги билан келган. Шу тўс-тўполонда ҳам ҳофиздан одамлар қўшиқ сўрар, у бўлса, торни қўлига олиб куйларди. Охири оқсоқоллар келин-куёвни уйга киритиб, йиғилган элни тарқатмоқчибўлишди. Ҳофизга ҳам рухсат берилди. Кўп ўтмай ёмғир ҳам тинди. Шамол туриб қоп-қора булутларни ҳар томонга лопиллатиб тўзғитди. Қуёш ҳам дам улар орасидан мўралаб, дам яширинарди.

Бу орада келин-куёв қайтиб столга ўтиришди. Лекин талатўпда уларнинг олдини безаб турган катта пуштирангдагитортга кимдир қўл ботириб кетибди. Беш панжанинг изи қолган. Буни кўриб Гулсум момонинг кўзи чиқиб кетди. Афсус билан бош чайқади: ишқилиб бирор бола ўйнаб қилган бўлсин-да, дея хўрсинди. Лекин панжа ёш боланики эмасди. Боя шу атрофда ўралашиб юрган Фароғат кўз олдига келиб, атрофга аланглаб, ахтарди. Унинг ўзи тугул қораси ҳам кўринмади. Шу куни уни тўйхонадан топмади. Гавҳар ҳам бу ҳолдан озорланди: “Аллоҳим, бахтимни тўкис қил”, дея кўнглидан ўтказди.

Улар ўзида эмасди. Кўп ўтмай панжа тушган пушти торт ташвишини ҳам унутишди. Тўй қандай ўтди, чимилдиққа қачон киришди, ҳамма-ҳаммаси эртакдай бўлиб, еттинчи осмонда сузиб юришарди. Чимилдиқда бир умр севгига содиқ бўлишга, бир-бирини доим ардоқлашга сўз беришди…

Орзумурод ҳар бир гапирган сўзининг залворини яхши билар, яхшилаб ўйлаб, сўнг сўзларди:

– Гавҳар, менга ишон ва суян. Қувончу қайғуда, ҳар қандай синовда сен биланман. Иккимизни фақатгина ажал ажратади. Бу менинг йигит сўзим.

Айтганлари у учун биргина йигит сўзи эмас, қасам ҳам эди.

Матёқуб ўзи каби санъаткор, телевизордан тушмайдиган шаҳарлик қизга уйланди. Иккиси биргаликда қўшиқ айтиб, клиплар, киноларда ҳам роль ўйнай бошлашди. Ўғилли бўлишганини кўплаб нашрлар ёзди. Сўнг… Сўнг кўрсатувларда у онда-сонда бўй кўрсатар, келин эса фильмларда бошқа актёр билан суратга тушарди. Қишлоқда узунқулоқ гаплар ўрлади: “Ажрашишибди. Ўғил туғилгандан сўнг келин уни уйидан чиқариб юборибди. Ичкуёв экан, қўлидан ҳеч бир иш келмабди. Шундоқ костюмини елкасига ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлибди”.

– Ўғлимга онаси ўпмаганидан олиб бераман, – дебди бир тўйда керилиб Хадича момо. – Келин суюқоёқ экан. Бир режиссёр дегани билан юриб кетибди ер юткур. Илк кўрганимдаёқ турқи ёқмаганди кўзинг ўйилгурнинг. Ўғлимнинг кўнглига қулоқ солмай ҳар бало бўлгур мен ўлай бир адашдим-адашдим-да.

Шундан сўнг миш-мишлар ҳақиқатлиги аёнлашди.

Бу гапларни Орзумурод синфдошларидан эшитди. Яхши бўлмабди, дея бош ирғаб қўйди.

Орзумуроднинг уч қизи бор. Барчасини жонидан ортиқ яхши кўради. Айтган жойларига олиб боради, истаган нарсасини топиб келади. Лекин ўғли – қамчисига эга йўқлигидан оғринади. Буни ҳеч кимга, айниқса, Гавҳарга сездирмасликка уринади. Бунинг уддасидан чиқса-да Гавҳар ҳамма-ҳаммасини ҳис этади. У сезгирликда ер остида илон қимирласа биладиган хотинлардан.

Бўйинсалари даврасида Орзумурод ҳеч ким индамаса-да, маъюс тортиб қолади. Уларнинг ўғилларига бел олиштириб, ҳакамлик қилиб чалғийди. Баъзида ўзи ҳам қўшилишиб кураш тушиб кетади.

У Кўкдўнанни улоққа тайёрлайди. Ем-емишини вақтида беради, миниб совутиб келиш баҳонасида даштга чиқиб кетади. Бу пайтда отнинг жиловини бўш қўйиб, ўзи билан ўзи ёлғиз қолади. Хаёл уммони эса ўтмиш, бугун ва келажакни атрофида учиб юрган мезонлар каби туташтиради.

Ўзларининг буврул биясининг боласи Кўкдўнанни ёшлигидан тарбиялади. Пешонасида оқиб бор, сағрини кенг, отаси номлаб берган отни еттисида улоққа қўшди. Совриннинг олди уники бўла бошлади. Бу орада нечтаси харидор бўлди, сотмади, яп-янги машиналарнинг калитини тутқазишди, кўнмади; ўғилли бўлсам уни миндираман, дея ният қилиб қўйган. Бу орада қизлари туғилди, олдинма кетин мактабга қатнай бошлашди ҳам. Ўғилдан эса… Бешафқат йиллар сурони чархпалакдек айланиб, билагидан қувватни сўриб, донғи узоқ-узоқларга кетган отининг ҳам даври ўта бошлади. Ҳозир ҳам элга ўрнини билдириб қўйиш учун онда-сонда улоққа бош совринлар учунгина қўшади, шунда ҳам қуруқ қайтмайди. Тўртинчим ўғил бўлса кўпкари бераман, охирги совринимни шу куни ташлаб, сўнг оқсоқоллар дуосини олиб, бу касбни йиғиштираман. Насиб этса, ўғлим полвон бўлади, дея ширин хаёл суради.

Учинчи қиздан сўнг кичик опаси серқатнов бўлиб қолди. Бир сафар…

У отхонада эди. Кўкдўнаннинг арпасини бераётганди.

– Шу отга бунча меҳр бермасанг, сен бола. Ундан кўра бундоқ фикр қилишни ҳам ўйлаб кўрсанг бўларди.

Муборак опасининг узиб олган товуши шундоққина ортидан эшитилди.

– Салом, опа. Тинчликми? Эрталабдан бунча гина?

– Бу дейман севиб уйланган хотининг қизни ҳам шунчалик яхши кўрадими-а? Отингни ҳам улар минади шекилли. Эртага шунча дов-дасканг кимга қолади? Чироғингни куёвларинг ёқадими?

– Опа, секин. Гавҳар эшитса, нима деб ўйлайди? Нима бўлди сизга? Чап ёнингиз билан турдингизми нима бало?

– Дард бўлди, бало бўлди. Ҳа, чап ёним билан турдим. Бўлдими? Эшитмаса, ундан нарига. Ичи қизга тўлиб кетганми унингнинг. Биттаю битта укам. Отам шўрликнинг изи ўчиб кетмасин, дейман, укажон. Шунга куяман мен, шунга куяман. Онамнинг аҳволини қара. Ич дарди ичида, жигарим. Келинини яхши кўради, бир оғиз ортиқча сўз айтмайди, лекин ўғил набирани қачон суяман, дея сиқилиб ўзини тамом қилди. Сен аввал яхшилаб онамнинг кўзига қара, шундагина улардаги дардни кўрасан.

– Опа, қўйинг, қиз берган худо ўғил ҳам беради. Ҳали ўғил жиянларни ҳам кўрасиз. Онамнинг ҳам орзуси ушалади.

– Ортингда из қолдиришинг керак, укам, из. Қиз бола бировнинг ҳасми. Эртага эрга тегади-кетади. Уйда сўппайиб хотининг билан қоласан. Сенга шу қисмат керакми? А? Керакми? Буни истамасанг яна бирортасига уйланишинг керак. Гавҳар, Аллоҳга шукур, тушунган аёл, қаршилик қилмайди. Шунда…

– Опа, чегарадан чиқманг, иккинчи бор бу гапни тилингизга олманг дегандим-ку…

– Бўлмаса юравер, сен қайсар. Қизларингни улоқ чопишга ўргат, уларни бел олиштир.

– Опа, дедим…

– Э-сиз, сенга, сендай укага. Шунча гапларим ҳавога учди. Авлодимни давом эттирадиган битта тирноқ қолмаса-я, деб отамнинг руҳи чирқираётгандир. Э, бор-э.

Опа қўл силкиб, рўмолининг учи билан кўзёшларини артиб жўнаб қолди. У эса отнинг қўйнига бош қўйиб, унсиз йиғлади. Йиғлайверди. От ҳам унинг дардини тушунгандек тек қотган, тумшуғига илинган халтада арпа бўлса-да, емасди. Узоқ шундай туришди, туришаверди. Гавҳар келиб “Тинчликми, отаси” дегандан сўнгина Орзумурод ўзига келди. Отнинг сағринига юзини артиб кўзёшларини яширгандек бўлди.

Лекин Гаҳвар ҳаммасини тушунган эди. Қайнопасининг ҳовлидан чиқаётганини кўрган, уйга кирмай ўзи ва қайнонасидан ҳол сўрамай кетаётганидан яна ўша гап бўлса керак, деб дили хира тортиб, тандирга ўт қалашга тушди. Бу орада нонини пишириб олиб, сигир соғишга ҳовлига энди ва Орзумуродни отхонада шу ҳолатда учратди…

Шу куни ётарда у эрига ботиниб илк бор кўзидаги ёшини кафти билан сидириб гапирди:

– Мурод ака, опангиз тўғри айтяпти…

Орзумурод ялт этиб унга қаради. Сўзлари хўрсиниқ аралаш лабларидан учди:

– Дилимни оғритма, Гавҳар. Энди сен ундай дема. Ажалимдан беш кун бурун ўлдирма. Икки дунёдаям сендан ўзгасини демайман. Бундай бўлмайди ҳам. Ҳаммадан ҳам кўра мени сен яхши биласан. Иккинчи бор бу гапни айтма. Шукур қил, қизларимиз бор. Тирноққа зорлар қанча?! Аллоҳимнинг даргоҳи кенг, ўғил ҳам берар.

Гавҳар бу гапни иккинчи бор тилига олмади.

Орзумурод спортнинг барча турлари ишқибози эди. Уйида тўп, тош, бокс қўлпоқ осиғлиқ турарди. Улар янги эгасини кутарди. Ҳар-ҳар замон уларга зимдан қараб қўяди.

Ким ўргатди – билмайди бу орада кенжа Ўғилой бир сафар дастурхонга дуога қўл очишганда:

– Худойим бизга ҳам укача берсин, укачам туғилсин, овмин, Аллаҳу акбар, – дея юзига кафтини сийпади.

Орзумурод қизига ялт этиб қаради, кафтларини беихтиёр юзига олиб борди.

Бу орада Гавҳар тўртинчи фарзандига юкли бўлди. Орзумурод уни еру кўкка ишонмай, оғзидан чиққанини бадастир қилади. Ҳар сафар дастурхон устида Ўғилой кичкина кафтларини туташтириб “Илойим, уйимизда укача туғилсин”, дея дуога қўл очади…

Чақалоқ йиғиси отхонага келди. Юраги дукиллаб кутди. Кўкдўнанни қашлади, емини берди, ёлларини сийпалаб қулоқларига нимадир деди. Узоқ кутди. Ҳеч ким суюнчи сўраб чиқмади. Опаси эшикдан хатлаб оғил томон юрганда юраги бир орзиқди. Чиқмаган жондан умид дегандек умидвор боқди. Бунга жавобан опа бир ўқрайдию ёнидан ўтиб кетди. Орзумурод ҳаммасини тушунди…

Ёлғиз қолишганида кўзига қарай олмаётган, чуқур қайғуга тушган Гавҳарнинг юзини иккала кафти орасига олиб ўзига қаратди, жилмайиб:

– Етказганига шукур, Гавҳар, Гавҳарим, сен менга яна бир дур ҳадя етдинг. Асло оғринма, бундай қилсанг Аллоҳга шак келтирган бўласан. Қиз ҳам фарзанд. Бизнинг давомчиларимиз. Бундан фақат ва фақат суюнишинг керак. Ҳўпми, қани бир кул-чи, – деди.

Шундоғам тўлиб турган Гавҳар унинг кўксига бош қўйиб ўкириб йиғлаб юборди:

– Нега биз, Мурод ака, нега биз? Бошимизда бу қисмат.

– Ундай дема. Қара, қизларинг қай ўғилдан кам, Гавҳар.

Орзумурод унинг сочларини силади.

– Пешонамизга шу ёзилган экан, фақат ва фақат кулиб қабул қилишимиз керак. Ундан кўра болаларинг кўнглига қара. Аҳволингни кўриб, қай ўғилдан каммиз дея, уларнинг дили оғриши мумкин. Қараб тур улар ҳали иккимизнинг порлоқ юлдузларимиз бўлади. Жажживойга Тўмарис деб исм қўймоқчиман. Сенга ҳам маъқулми?

– Сиз нима десангиз шу.

Шу куни иккисининг ҳам кўзига уйқу келмади.

Газеталар Матёқубнинг ўзига ўхшаб турмуши бузилган ўзга бир санъаткор билан оила қурганини ёзишди…

Кунлар, ортидан ойлар ўтди. Йиллар ўтди…

Орзумуроднинг тенгқурлари ўғил уйлади. Қизларини ҳам сўраб дарвоза қоқиб келувчилар кўпайди. Тўмарис ҳам каттарди. Орзумурод ўртоқлари даврасидан ўзини торта бошлади. Икки опаси унга дашном бера-бера чарчашди. Яна бир аёлга уйлан, дея қистовга ола-ола натижа бўлмагач, уйдан оёқларини тортишди.

Гавҳар бошқа ҳомиладор бўлмади. Дастурхонда укача туғилсин, деган ният айтилмай қўйди.

Орзумурод ҳам тақдирга тан берди.

…Қизининг бойчечекни кафтида тутиб Гавҳарнинг ёнидан катта энаси хонасига югуриб кириб кетаркан:

– Дада, энам ҳам роса суюнадиган бўлди, – деган гапидан ўзига келган Орзумурод унинг ортидан эргашди.

Қуёш чарақлаб турса-да тафти йўқ, изғирин қулоқни енгил чимчилайди. Унча совуқ ҳам эмас. Кунчиқардан Айдаркўл шамоли эсади. Атрофни яшиллик қоплаб, табиатга жон инган. Накуртликлар ҳафта бурун чиққан чўпонга қўй-эчкисини қўшиш учун эрталабдан болаларининг олдига солади. Жилғада тўпланган чеганани “бош-чу” дея олдига солган Ҳайдар чўпон битта нон ва идишда сув солинган тўрвасини орқалаб даштга йўл олади. Бугун Ҳуснора молларни кечроқ ҳайдаб чиққан чўпон Қурисойга ошиб бўлган экан. Ҳуснора молни унга топшириб, қайтиб кела туриб Қизилқияда…

Ҳуснора ҳаяжонланиб сўзлаб уйга кирди, тўрда бир маромда урчуқ йигириб ўтирган катта энасига бойчечакни тутди. Кексариб қолган Ойхон момо урчуғини олдига тўшалган этак устига қўйиб, кафтларини бир-бирига ишқалаб қоққан бўлди. Сўнг набирасининг пешонасидан ўпиб, бойчечакни қалтироқ қўллари билан ушлаб, лабларига авайлабгина босди:

– Етказганингга шукур, Аллоҳим, яна бир баҳорга етказганингга шукур.

– Ойи, ҳали бу баҳорнинг кўпини кўрасиз. Узоқ яшайсиз, – Орзумурод онасининг ёнига ёнбошлаб, бошини тиззаларига қўйди.

– Айтганинг келсин, болам. Сизларнинг қувончингизни кўриб юриш мен учун бахт. Лекин энди кеч, болам. Жойим отанг ёнида. Ҳаёт сизларники. Ҳар сафар саждага бош қўйганимда сизларнинг узоқ умр кўришларингизни сўрайман, – Ойхон она унинг сочларини меҳр билан силади.

– Ойи, ундай деманг! Сизни йўқотишни истамайман. Ҳали айтганимдек кўп яшайсиз.

– Яшайман, болам, насиб этса юзга ҳам кираман.

– Ойи, тиззангизга бош қўйиб ётишни жудаям яхши кўраманда. Уришмайсизми?

– Э, болам-а, сен онангга эркалик қиласану мен уришайми?

Шу куни она-бола узоқ дардлашди. Орзумурод Гавҳар билан ҳам очилиб гаплашди. Қизлари катта бўлиб қолгани, тўйларнинг ширин ташвишларидан сўзлади. Гавҳар унинг ўзгача гапларидан ҳайрон бўлди, лекин буни сездирмади. Орзумурод кеча қирқ олти ёшини нишонлаган, яхшигина зиёфат берганди. Қизлари билан яйраб ўйнаб, умрида ичмаган киши божаси Жобир билан тўқиштириб, озгина коняк сипқорганди. Гавҳар яна коняк ичгандирда, деб ўйлади.

Орзумурод тушликдан сўнг кўчага чиқиб, спорт зал томонга кетди. Катта қизининг синфдошлари тўп тепарди. Уларга қўшилди. Икки бор гол ҳам урди. Йигитлар Ҳусноранинг дадасининг бу ишидан ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам элнинг олд полвони ўзлари билан тўп тепаётганидан фахрланиб, ўйинга берилишди. Ётарда зўр кайфиятда уйига келган Орзумурод Тўмарисни эркалатганча уйқуга кетди.

Эртасига жума тонги эди. Тўмарис саҳар туриш одатини илк бор канда қилиб уйқудан туравермаган дадасини бўйнидан қучиб, уйғотмоқчи бўлди. Орзумурод кўзларини очмади. Гавҳар ҳайрон бўлиб ёнига келди-ю… Қотиб қолди.

Докторлар уйқуда юраги уришдан тўхтаган, деб ташхис қўйишди.

Эшитганлар бу жудоликка ишонмас, ёқа ушлар эди:

“Полвонни ҳам йиқитадиган дард бор экан-да”…

“Ўғиллик орзуси уни тамом қилди”…

Жанозага Матёқуб келди. Ичкиликка берилгани ростга ўхшайди; озиб, юзини ажин қоплаган, қисиқ кўзлари қизариб, қовоқлари қорайиб кетган. Энди у экранларда кўринмас, тижорий газеталарда ҳам чиқмасди. Шивир-шивирларга қараганда, у тўртинчи оиласидан ҳам ажрашган. Охирги аёли бор нарсасини тортиб олиб, уйидан ҳам қувиб солган. Жанжал қилиб бораверганидан ишхонасидан ҳам ҳайдалиб, ишсиз қолган. Кимдир пичирлади: “Ҳадича момонинг бурни ҳалиям осмонда, уни бутунлай шаҳардан олиб келиб, қишлоқдан онаси ўпмаганидан олиб бераман деганмиш”.

Бошқаси тўнғиллади:

– Букрини гўр тузатади.

Сал ўтмай ўғли доғида Ойхон момо ҳам оманатини топширди.

Йил ўтгач, элда бир гап оралади: “Орзумуроднинг ўғли бор экан. Оиласига таништиришни ўйлаб юраркан. Лекин журъати етмабди”.

Диёр почтачининг уйидан чиққан Фароғат буви бели букчайиб, ҳассага суянганча қалтироқ бошини силкитиб кузатиб қўйган қудаси Хадича буви билан хўшлашди. Бурноғи ой икки қизи билан қайтиб келган қизи Норимхолни Матёқубга берган, уйдаги бор нарсасини пуллаб ичиб, энди ароққа хотинидан пул сўраб жанжал кўтарадиган куёви билан қизини муросага келтириш учун унинг бир оёғи кунора шу ерда эди. Бугун ҳам уларни яраштириб қайтаётиб, дарвоза ёнида қишлоқ қизлари билан “Оқ теракми кўк терак”ка берилган Ўғилойга сўз қотди:

– Орзумуроднинг қизисанми? Уканг бор эканми-а? Шу ростми, болам?

Қиз йиғлаб дарвозасидан кириб кетди.

Йиллар ўтди. Қизлар турмушга чиқди. Набиралар ўғил бўлди. Ота уйига йиғилишганда уларнинг қий-чуви атрофни тутар, бирлари илиғлиқ турган бокс қўлқопларни тақиб муштлашса, бошқалари тошни ким кўп кўтарар ўйнашар, қолганлари тўп тепишарди…

Яна бир баҳор эшик қоқиб элга меҳмон бўлган, чошгоҳдан болаларнинг овози ҳовлини ларзага солган кунлардан бири. Эллик еттини қоралаган Гавҳар момонинг ёнига кўча эшикдан суюниб тўнғич қизининг ўғли учинчида ўқийдиган Муроджон келди.

– Катта эна, катта эна, қаранг, бойчечак очилибди. Қўзиларни калаз олдиргани Қурисойга ҳайдаб қиққандим. Қайтишда Қизилқиядан ошиб келаётиб, янтоқнинг тагидан топиб олдим. Яширинган жойидан илдиз-пилдизи билан суғуриб сизга олиб келавердим.

Гавҳар момо бойчечакни суюнганча қўлига олди. Кўзларидан сизган ёш ажинлар оралаб йўл излади.

– Катта эна, каттатамнинг қизил эгарини олиб кетиб, отимга солмоқчиман.

Уч йил бурун Муроджоннинг суннат тўйида той олиб боришганди. Ҳозир у бешга кетиб, каттагина от бўлиб қолган.

– Катта эна, мен ҳам каттатамдек полвон бўлмоқчиман. Эгарни берасиз-а, катта эна, сизга гапиряпман, сиз эса эркатойингизнинг гапига қулоқ ҳам осмайсиз.

Гавҳар момонинг жимлигидан эгарни бермай қолишидан чўчиган Муроджон елкасига бош қўйиб ялинишга тушди:

– Катта эна, эгарни берасиз-а? Ҳўп, денг. Ҳўпми? Ўзи мени эшитаяпсизми, катта эна?

Ярасини тирнаган бойчечакдан нигоҳини ололмай жим қолган Гавҳар момо пичирлади:

– Об кетавер, болам, об кетавер. У эгар энди сеники.

Сўнг ўзича гапиринди: “Эҳ, бевафо дунё. Бу кунларни Мурод акам кўрганда эди. Изинг йўқ, дейдиганларга, мана, у кўриб қўйинглар, дея айтган гапини ёқасига ёпиштирарди. Эсиз, бевафо дунё, шафқатсиз ҳаёт”.

Гавҳар момо шундай деб панжа тушган пушти торт кўз олдида муҳрланганча чорпояда ўтириб қолди. Узоқ-узоқларга тикилди, тикилиб тураверди. Кўзёшлари кўз соққаларини қоплаб тортнинг панжа тушган жойлари хиралаша бошлади. Сўнг буткул билинмай, хира туман ичида бус-бутун тортга айланиб, асл ҳолига қайтди-қўйди. Читдан тикилган кўйлаги ёқалари сув қуйгандек нам тортиб кетса-да қилт этмаётган Гавҳар момо бу манзарани юрагига муҳрлаб қўйиш учун ҳайкал каби қотганди.

У кўз узмаётган тарафдан эса… сим тўсиқ билан ўралган қабристоннинг бир чети кўриниб турарди.

Салим АБДУРАҲМОН

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting